Oyina.uz таҳририят “эшиг”ини қоқувчилар учун информатив ижтимоий лойиҳа тақдим этади: “Эшик қоққан ким бўлди?”
– Тақ-тақ!
– Ким у?
– Мен ўқитувчиман...
– Қандай саволингиз бор?
– Олис ва чекка ҳудудда ишламоқчиман...
– Хўш?
– Меъёрлар қайси ҳужжатлар асосида тартибга солинган?
– Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги “Олис ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритаётган педагог ходимларнинг меҳнатини янада рағбатлантириш тўғрисида”ги 471-сонли қарорига кўра, олис ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган педагог ходимларнинг базавий тариф ставкаларига устамалар тўланади.
– Жуда зўр-ку! Олис ва чекка ҳудуд деганда ўзи қайси ҳудудлар тушунилади?
– Бундай ҳудудлар рўйхати қарорда илова қилинган.
– Устама ҳақида гапирдингиз, устамалар миқдори барча учун бир хил бўладими? Ёки иш стажига кўра белгиланадими?
– Устамалар албатта, ходимнинг иш стажига нисбатан белгиланади. Мисол учун:
6 ойдан – 3 йилгача иш стажига эга бўлган ўқитувчига 10 %;
3 йилдан – 5 йилгача иш стажига эга бўлган ўқитувчига 20 %;
5 йилдан – 10 йилгача иш стажига эга бўлган ўқитувчига 30 %;
10 йилдан – 15 йилгача иш стажига эга бўлган ўқитувчига 40 %;
15 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ўқитувчига эса 50 % устама тўлаб берилади.
– Тушунарли, яна қандай имтиёзлар бор?
– Олис ҳудуддаги мактабга бориб ишламоқчи бўлган ўқитувчиларни янада рағбатлантириш учун 2021 йил 11 январда Президентнинг ПҚ-4940 сонли қарори ҳам имзоланган.
Унга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган ўқитувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаб бериш йўлга қўйилган.
– Олис ҳудуддаги мактабга бориб ишлаш ниятида бўлган педагог ходим олий ёки биринчи тоифали ўқитувчи бўлиши керак, тўғрими?
– Албатта. Эндигина олий таълимни тамомлаган ўқитувчиларга бундай имконият мавжуд эмас. Қолаверса, педагог ходим бериладиган имтиёзлардан фойдаланиши учун, албатта, бошқа ҳудуддан келган бўлиши керак. Янада тушунарлироқ қилиб айтадиган бўлсак, ўқитувчининг ўзи шундоқ ҳам олис ҳудуддаги манзилда яшайдиган бўлса, уларга бу имтиёзлар берилмайди. Ўқитувчи бошқа туман ёки вилоятдан келиб ишлаган тақдирдагина, устама тўланиши мумкин. Шунингдек, олис ҳудуддаги мактабга бориб ишлаш учун жалб қилинаётган педагог ходим ўзининг иш жойида камида бир йил ишлаган бўлиши керак.
– Мен айнан олис ҳудуддаги мактабда ишламоқчиман, фанлар кесимида дарс соатлари бўйича маълумотларни қаердан топсам бўлади?
– Бу маълумотлар ish.mehnat.uz сайтида берилган ва бу манбада вакант дарс соатлари ҳам эълон қилиб борилади. Шу сайт орқали ариза билан мурожаат қилсангиз ҳам бўлади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 январдаги ПҚ-4940 сонли ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 октябрдаги 646-сонли қарорида олис ҳудуд ва паст кўрсаткичли мактабларга малакали ходимларни ишга жалб этиш нормативлари кўрсатилган.
Олис ҳудудларда ишлаш учун ПҚ-4940 сонли қарор бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотлари ва (ёки) тиббиёт муассасаларида олий маълумотли мутахассис ва (ёки) тиббиёт ходимига бўлган эҳтиёж бўйича бўш иш ўринлари юзасидан маълумотлар ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 5-кунига қадар расмий веб-сайтларида жойлаштириб борилади. Зарур маълумотларни шу манбалардан кўриб бориш мумкин.
– Таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатини қаердан оламан?
– Бу рўйхат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан шакллантирилади ҳамда ҳар йили 1 сентябрга қадар вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
– Олис ҳудуд ёки паст кўрсаткичли мактабларга келган ходимларнинг аввалги иш жойларидаги лавозимлари ва дарс соатлари сақланиб қолса яхши бўларди ёки аввалги иш ставкаси ва дарс соатига тенг даражада иш таклиф этишса ҳам ёмон бўлмасди...
– Ҳар икки қарорда бу жиҳатлар назарда тутилмаган. Шунинг учун расмий веб-сайтларда эълон қилинган лавозимлар ва дарс соатлари бўйича ишга жойлашганингиз маъқул.
– Тушунарли... Ҳамма саволимга жавоб олдим. Сизга катта раҳмат, Oyina.uz!
– Ёрдамимиз теккан бўлса хурсандмиз!
Ушбу лойиҳани тайёрлашда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Инсон ресурсларини ривожлантириш бошқармаси мутахассислари кўмагига таянилди.
Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ тайёрлади.
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ