Бирор молни “насия”га сотиш ёки сотиб олиш, мусулмон киши тилла тиш қўйдириши мумкинми – қалтис саволларга нозик жавоблар


Сақлаш
02:36 / 28.06.2023 849 0

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази директори ўринбосари Ғуломиддин ХОЛБОЕВ жавоб берди.

 

Савол: Ҳозирги кунда “насия” савдо оммалашди. Бирор молни “насия”га сотиш ёки сотиб олиш мумкинми?

 

Жавоб: Ҳа, мумкин. Насияга сотиш (олиш)да пулни тўлаш муддати аниқ белгиланиши (масалан, фалон ойнинг фалон кунида пулини берасиз, дейиш) лозим. Акс ҳолда савдо фосид – бузуқ бўлади. Валлоҳу аълам.

 

***

Савол: Дорихонада ишлайман. Айрим мижозлар: “Менга фалон касалимни тузатадиган дори беринг” дейди. Менимча, бу ширк бўлмоқда (Аллоҳ асрасин). Шу каби ҳолатларда қандай йўл тутайлик?

 

Жавоб: “Бу дори мени тузатади” дейиш ширк ҳисобланмайди. Бундай вазиятда дори касалликни тузатадиган восита экани назарда тутилади. Аслида касалликларни ёлғиз Аллоҳ таоло тузатишини ҳамма билади. Бу каби ҳолат Қуръони каримда ҳам келган. Масалан, Аллоҳ таолонинг Ўзи ўлим фариштасига ўлдириш феълини нисбат бериб: “Айтинг: “Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Раббингиз ҳузурига қайтарилурсиз” деган (Сажда сураси, 11-оят).

 

Ваҳоланки, аслида ўлдириш ҳам, тирилтириш ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг феъли ҳисобланади. Ўлим фариштаси эса худди дарднинг тузалишида дори каби воситачи холос. Валлоҳу аълам.

 

***

Савол: Баъзан эркаклар тилла тиш қўйдириши жоиз эмас деган гапларни эшитиб қоламиз. Мусулмон киши тилла ёки кумуш тиш қўйдириши мумкинми?

 

Жавоб: “Мўътабар тўрт мазҳаб фуқаҳолари ҳам зарурат бўлганда тилла ва кумушдан тиш қўйдириш ёки қимирлаб қолган тишни мустаҳкамлашни жоиз деб билганлар” (“Қувайт Фиқҳ энциклопедияси”).

 

Кумуш тиш қўйиш дурустлигига мужтаҳид имомларимиз иттифоқ қилишган. Тилла тиш борасида Имоми Аъзамдан икки хил (яъни, дуруст ва дуруст эмас деган) ривоят келган (Имом Таҳовий, “Мушкилул осор”).

 

Имом Ҳоким “Мунтақо” китобида бундай дейдилар: “Агар бир кишининг тиши қимирлаб қолса ва уни тилла ёки кумуш билан мустаҳкамлаб қўйса, Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуф наздида зарари йўқ” (Фатавои Ҳиндия).

 

“Имом Муҳаммад қимирлаб қолган тишни тилла ёки кумуш билан мустаҳкамлашни жоиз кўрган” (Раддул муҳтор).

 

Бу масаланинг ечими борасида мазҳаб ичидаги мужтаҳид даражасига етган олим Имом Кархий, тишларни тилла билан қотириб қўйишни жоиз деб билганлар (Бадоеъус саноеъ).

 

Машҳур олим Зафар Аҳмад Усмоний бундай дейди: “Тилла тиш қўйишнинг жоизлиги биз мойил бўлган ишдир. Имоми Аъзам ҳақида, (иккинчи сўзларида) шу фикрга қайтганлар деб биламиз”. Қолаверса, салафи солиҳлардан Кўфа амири Муғийра, Ҳасан Басрий, Муса ибн Талҳа, Басра қозиси Абдуллоҳ ибн Ҳасан, Абу Ҳамза, Абу Навфал, Язийд Ришк раҳматуллоҳи алайҳим ва бошқаларнинг тилла тиш қўйдирганлари ва тишга тилла қоплаганлари ҳақидаги ривоятлар бор (Эълоус сунан).

 

Демак, зарурат бўлганда (яъни, фақат зийнат учун эмас, балки тишлар касалланганда) эркаклар ҳам тилладан тиш қўйдириши мумкин.

 

Тишлар қопланганда остига сув тегмай қолади деган эътирозга олимлар: “Тишларнинг усти қопланиши “жабира” (жароҳат устига боғланган латта) ҳукмида бўлади ва остига сув тегмаса, зарари йўқ. Киши қоплама тиш қўйдираётган пайтда таҳоратли бўлса, ҳар хил шубҳа ва мулоҳазаларга ўрин қолмайди”, деб жавоб берадилар. Таҳорат ва ғуслда қоплама тишнинг усти ювилса, остини ювгандек бўлади. Валлоҳу аълам.

 

***

Савол: Ижтимоий тармоқларда кармин E120 моддаси қўшилган маҳсулотлар ҳаром экани ҳақида хабар тарқалди. Бу хабар қанчалик асосли?

 

Жавоб: Кармин – қизил рангли бўёқ моддаси бўлиб, Е120 рақами остида озиқ-овқатга қўшимча сифатида ишлатилади. Ушбу модда ярим қаттиқ қанотлилар гуруҳига мансуб бўлган кошенил ҳашаротидан олинади. Тўрт мазҳаб уламоларининг наздида чигирткадан бошқа ҳашаротларни истеъмол қилиш қатъий ман қилинган. Лекин ҳашаротлардан олинадиган моддалар, шу жумладан, кармин Е120 моддаси ҳам муайян кимёвий жараён ва ишланмалардан ўтиши билан ҳолати ўзгариши соҳа мутахассислари ва уламолар томонидан айтилган. Бу боради Иордания фатво ҳайъатининг 3240-сонли Фатвосида қуйидагилар баён қилинган:

 

“Ҳашаротлардан олинадиган моддалар кимёвий йўллар билан бошқа моддага айланади. Бу жараённи Ислом шариатида “Истиҳола” яъни бир модданинг бошқасига ўзгариши дейилади. Натижада нопок нарсалар ўз сифатларини йўқотиб бошқа нарсага айланади”.

 

Ҳанафий мазҳабининг машҳур алломаси Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул-Қодийр” китобида бундай деганлар: “Шариат (бирор нарсанинг) нажосат бўлишини муайян моҳиятга боғлаган. Нажосатнинг баъзи сифатлари йўқолиши билан нажосатлик моҳияти йўқолади. Агар нажосатнинг барча сифатлари йўқолса, нажосатлик моҳияти ҳам тўлиқ йўқолган бўлади. Бунинг шаръий масаладаги мисоли: узум суви пок саналади. (Вақт ўтиши билан) хамр (маст қилувчи ичимлик)га айланиб, нажосат бўлади. (Яна вақт ўтиши билан) хамр сиркага айланиб, пок бўлади”.

 

Кармин моддаси ҳақида Фатволар ва тадқиқотлар бўйича Европа Кенгаши ўзининг 19-сонли фатвосида қуйидагича қарор қилган: “Carmine E120 моддаси гарчи келиб чиқиши ҳайвонлардан бўлса ҳам, кимёвий ишловдан ўтади, натижада ўз тузилишини ўзгартиради ҳамда асл хусусиятларини йўқотади”.

 

Демак, кармин – E120 моддаси қўшилган маҳсулотларни истеъмол қилиш жоиз. Ушбу фатволар уламолар томонидан эълон қилинган бўлса-да, замонамиздаги айрим аҳли илмлар мазкур масалада эҳтиёт йўлини тутишни тавсия этган.

 

Хулоса қилиб айтганда, уламолар рухсат берган тарафни олиб баъзи одамлар кармин моддаси қўшилган маҳсулотни истеъмол қилса, тақво ва эҳтиёт йўлини тутганлар уларни маломат қилмаслиги керак. Валлоҳу аълам.

 

***

Савол: Баъзи вилоятларда аёллар “Мушкулкушод” ва “Бибисешанба” маросимларини ўтказади. Бу ҳақида динимиз нима дейди?

 

Жавоб: Мушкул кушод – (“мушкул” – қийин, “кушод” – очувчи) қийинчиликларни очувчи, мушкуллик ва чигалликларни ечувчи маъносини билдиради. “Мушкулкушод” ва “Бибисешанба” – мушкулларни осон қилиш мақсадида қилинадиган хурофот амаллардан ҳисобланади.

 

Аслида, мўмин-мусулмон одамнинг ҳаётидаги ҳар бир жабҳаси Қуръони карим ва суннати набавия кўрсатмасига мувофиқ бўлмоғи лозим. Ушбу икки манбага зид келган ҳар қандай эътиқод ёки урф-одат рад этилади.

 

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгидан пайдо қилса, у рад этилгандир”, деганлар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

 

Мушкулни кушод яъни банданинг бошига тушган қийинчиликни енгил қилувчи Зот ягона Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Шунинг учун “Мушкулкушод” ёхуд “Бибисешанба” деган маросимларнинг динимизга мутлақо алоқаси йўқ.

 

Бошига оғир иш, мушкул тушган мўмин-мусулмон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган саҳиҳ ривоятлар асосида Қуръон оятларидан ўқиб, салавотлар айтиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзидан мушкулини осон қилишни сўрамоғи лозим. Валлоҳу аълам.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 2-сон.

“Қалтис саволларга нозик жавоблар” суҳбати

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10333
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//