Оммавий таъсир ёхуд “Вертер эффекти”


Сақлаш
11:26 / 11.10.2021 1122 0

“Вертер синдроми” ёки “Вертер эффекти” деб матбуот ва телевидениеда, қайсидир фильм ёки бадиий асарда ёритилган ўз жонига қасд қилиш ҳолатидан сўнг оммавий равишда суитсид тўлқини юзага келишига айтилади. Мазкур синдромни биринчи марта 1974-1975 йиллари Калифорния университети социологи Девид Филлипс XVIII аср охирида бутун Европа бўйлаб тарқалган шундай ҳодиса устида изланиш олиб бориши жараёнида аниқлаган. Бунга Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” романи туртки бергани боис синдром номи ҳам айни асар қаҳрамони исмига қўйилган.

Девид Филлипс ва Линди Карстенсен 1973–1979 йиллари ўсмирлар орасида содир бўлган 12 585 та суитсиднинг матбуот ва телерепортажлар билан боғлиқлигини ўрганар экан, ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги ҳар бир янгилик, мақола ва телерепортаждан кейин бундай мудҳиш воқеалар сезиларли даражада кўпайганини аниқлайди. Кузатувлар натижасида ўғил болалардан кўра қиз болалар Вертер синдромига кўпроқ мойил экани маълум бўлади.

“Ёш Вертернинг изтироблари” асарини кенг китобхонлар оммаси илиқ кутиб олади, ҳатто ёшлар вертерча услубда кийина бошлайди. Аммо китобга энг кўп шуҳрат олиб келган нарса оммавий суицид тўлқинининг юзага келиши бўлди. Асарда севгисига эриша олмаган Вертер якунда ўз жонига қасд қилади. Роман шаклан эпистоляр, руҳан сентиментал мезонларга асосланиб ёзилган.

Асар бош қаҳрамони Вертер эри бор аёл – Лоттага кўнгил қўяди, севгисига ўзи хоҳлагандек жавоб ололмагач, ўзини отиб ташлайди.

Романни маълум бир маънода автобиографик романлар қаторига киритиш мумкин. Сабаби, Гётенинг ўзи шу каби ҳолатнинг гувоҳи бўлган. Адвокатлик амалиётини ўтаб юрган Гёте Шарлотта Буфф билан танишади, – бу асардаги Лотта эди. Вертернинг ўлими прототипи бўлиб Гётенинг яқин дўсти бўлган Карл Вильгельм Иерузалемнинг эри бор аёлни ёқтириб қолиши ва якунда ўз жонига қасд қилиши хизмат қилади.

Асар чоп этилгандан сўнг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпаяди, шу сабаб баъзи давлатларда нашр тақиқлаб қўйилди. Асар мутолаасидан кейин муҳаббатда омадсизликка учраган ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кескин кўпайган. Бунга сабаб нима эди? Сабаб шуки, асарда ўз жонига қасд қилиш маълум бир маънода оқланади. Яъни, асарда омадсиз муҳаббатнинг тугамас азобларидан қутулишнинг ягона чораси сифатида ўз жонига қасд қилиш варианти ўртага ташланади. Бу эса “ўтиш даври”да бўлган, ҳаётнинг кескинликларига мослашишга қийналаётган, жавобсиз севги азобидан халос бўла олмаётган ўсмирлар учун энг афзал йўл бўлиб кўринади. Оммадан бундай муносабатни кутмаган Гёте “Вертер синдроми”ни тўхтатиш учун асар бош қаҳрамонининг қилган иши нотўғри эканлиги ҳақида сўзбоши ёзишга мажбур бўлади. Асарни ёзишдан асосий мақсад Гётени турмуш қурган аёл – Шарлоттага нисбатан бахтсиз муҳаббат қийнайди. Муаллиф ўз сентиментал характери ва дунёқарашидан келиб чиқиб мазкур романни ёзар экан, бу орқали Шарлоттага бўлган туйғуларидан қутулишни мақсад қилади. Лекин асар кутилмаганда юқорида айтиб ўтилганидек салбий эффект яратади ва кейинчалик “Вертер эффекти” деб номланувчи атаманинг юзага келишига сабаб бўлади.

1980 йилда Германияда “Талабанинг ўлими” сериали намойиши вақтида талабалар орасида ўзини поезд тагига ташлаш ҳолатлари кўпаяди. Талабалар суициднинг айнан шу вариантини танлашига сабаб “Талабанинг ўлими” сериалининг ҳар бир қисмида бир талабанинг ўзини поезд тагига ташлаш саҳнаси бўлган ва бу намойиш ортидан ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолати 175% га кўпайган. Австрияда айни турдаги кўнгилсизлик кўпайгандан сўнг, Вена метрополитени ўзига хос тажриба қилиш фикрига келади: ўзини поезд тагига ташлаб жонига қасд қилиш ҳолатларини матбуотда ёритмаслик ёки бундай ҳолатларга катта эътибор қаратмаслик. Натижада поезд билан боғлиқ суицидлар Австрияда аввалги кўрсаткичдан уч мартага камаяди. Шундан бери Австрия матбуотида шунга ўхшаш трагедик воқеаларни ёритишга тақиқ қўйилган.

Яқинда Россия ҳудудида бўлиб ўтган ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини ҳам “Вертер синдроми” билан боғлаш мумкин. 17 ёшли қиз ижтимоий тармоқдаги жонли эфир вақтида “ЛСП” гуруҳининг “Номера” қўшиғи остида баланд бинонинг томидан ўзини пастга ташлади. Қўшиққа тўхталадиган бўлсак, у 2014 йилда яратилган бўлиб, “ўзида суицидга чорлайдиган маъно жамлаган” дея 2018 йилда тақиққа учраган эди. Қўшиқ мазмунида суицидни тарғиб қиладиган қаторлар бор ва айни шу қаторлар янграётган вақтда қиз ўз жонига қасд қилади.  Қизнинг бу фожеавий қарорига сабаб сифатида ҳар хил важлар кўрсатилди, бизга айни вазиятда сабабдан кўра бу ҳолатдан кейинги оқибатлар муҳимроқ. Россияда ушбу “эски сценарий” яна такрорланди. Бу сафар 19 ёшли йигит ижтимоий тармоқдаги жонли эфир вақтида айни шу қўшиқнинг айни ўша қаторлари янграётган вақтида ўзини баланд бинонинг балконидан ташлади. Бу икки суицид намойишидан сўнг ўсмирларнинг ёлғондакам ўз жонига қасд қилиш видеолари ижтимоий тармоқларда кўпайди. Бунда ижрочи ўз жонига қасд қилмаса-да, томошабинда шундай кайфият уйғотади. Яъни, оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилган суицид ҳақидаги хабар шу кўринишда “Вертер синдроми”ни келтириб чиқарди.

Юқоридаги ҳолатлардан сўнг “ЛСП” гуруҳининг менежери интернетда ўз саҳифасидан қўшиқни ўчириб юборишга қарор қилганини маълум қилди. Аммо “ўргимчак тўрининг” қайсидир бурчакларида қўшиқнинг сақланиб қолиши турган гап.

Юқоридаги таҳлиллардан кўринадики, оммавий таъсирга тушувчиларнинг асосий қисми ёшлар ва ўсмирлар. “Касалликни даволашдан кўра олдини олган афзал” дейилганидек, маълум бир ресурсларни чеклаш орқали кутилган натижага эришиш қийин. Оммавий таъсирга берилиш ҳолатлари кузатилмаслиги учун ҳар бир ўсмир ва ёш ўз дунёқарашини кенгайтиришга, вақтини фойдали нарсаларга сарфлашга ҳаракат қилиши керак. Ҳеч қайси сабаб инсоннинг ўзини яшаш неъматидан маҳрум қилишига арзимайди.

Мироншоҳ ҲАСАНОВ 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

14:09 / 24.09.2024 0 24
Ажиниёз образига бир назар





Кўп ўқилган

Барчаси

//