ХХ аср Туркистон халқлари учун эрку диёнат бой берилган, асрий урф-одат ва анъаналар қадрсизланган, тафаккур қолоқлик ва жоҳилликка юз тутган давр сифатида тарих саҳифаларига муҳрланди. Бироқ ана шундай оғир шароитларда ҳам ўзбек халқи ичидан етишиб чиққан тараққийпарвар зиёлилар сабот ва матонат билан яшаб ўтдилар, юрт ва элнинг илмий ва маданий нуқтаи назардан юксалишига жидду-жаҳд қилдилар. Миллатнинг тараққийпарвар қаҳрамонларидан бири Холид Саиддир.
Холид Саид 1888 йилда Тошкент вилоятининг Қўшқўрғон қишлоғида туғилган. Дастлабки таълимни Қўшқўрғон қишлоғидаги мулла мактабида олган. Ўқишнинг кейинг босқичини Тошкентда, мадрасада давом эттиради. Мадрасадан сўнг Холид ўқишни Истанбулга давом эттирмоқчи эди. Бироқ моддий аҳволи бунга имкон бермади.
Холид Саиднинг отаси Саид Али Қўшқўрғон қишлоғида имомликка қўшимча тарзда хўжалик ишлари билан ҳам шуғулланган. Саид Алининг ўзи диндор шахс бўлганлиги сабабли фарзандларининг ҳам ўзига ўхшаган художўй, ҳалол ва ҳаромнинг фарқига борадиган, диний илмларни эгаллаган комил инсонлар бўлишини истар эди. Шу боисдан у ўғли Холидни эски мактабга ўқишга берди. Кейинчалик Холид Саиднинг ўзи диний (эски) мактаблар тўғрисида қуйидагиларни ёзган эди: “Болалар масжидлар ёнидаги мактабларда ўқитиларди. Таълим берувчи мактаблар икки қисмга бўлинар, уларнинг биринчисида фақат бошланғич таълим бериларди. Ўқитиш услублари жуда ҳам ёмон бўлиб, аввал болаларга доскага ёзилган 36 ҳарф ва белгилар ўқитилган. Сўнгра Қуръондан кичик суралар ёдлатилган. Бу суралар жамланган китоб “Ҳафтияк” дейиларди. “Ҳафтияк” ўқиб тугатилингандан сўнг Қуръон ўқитиш бошланарди. Қуръондан кейин “Чор китоб”, “Сўфи Оллоёр”, “Ҳожа Ҳофиз”, “Бедил”, “Маслакул-муттақин” номли китоблар ўқитиларди. Бу китоблардан фақатгина Сўфи Оллоёрнинг китоби туркча, қолганлари форсийча эди. Бола мактабга кирган кундан бошлаб ҳеч нарсани тушунмасди. Китоблар орасида “Софи Оллоёр” китоби туркча эди, лекин ҳатто у ҳам болалар тушунадиган китоб эмас эди. Ёзув илми ҳам худди шу тарзда бўлган. Бошланғич таълим 5–7 йил, базан эса 10 йилгача давом этарди… бироқ шунда ҳам мактабга кирганларнинг 10 фоизигина саводли бўлиб чиқарди”.
Холид Саиднинг 1934 йил 26 апрелда ёзган таржимайи ҳоли ҳам унинг таълимга бўлган иштиёқи нақадар кучли бўлганига далил бўлади: “Мен 1888 йилда Тошкент шаҳридан 25 км узоқликда жойлашган Қўшқўрғон қишлоғида туғилганман. Қишлоқ мактабини тугатгач, мени Тошкент шаҳридаги мадрасага беришди, чунки у пайтларда рус мактаби халқ орасида “кофирлар мактаби” сифатида салбий баҳоланар эди. Мадрасада беш-олти йил ўқидим. 1905 йилда инқилоб бўлди. Бутун ўлкани қамраб олган инқилобий руҳ менга ўз таъсирини ўтказди ва ҳаётимни тубдан қайта бунёд этиш фикри менда уйғонди. Лекин муҳит ҳали ҳам контсерватив (эскича) бўлгани учун рус-тузем мактабларида ўқишни давом эттиришнинг иложи бўлмади. Натижада мен бошқа бир йўлни қидира бошладим. Бу орада атрофимдаги дўст-ёрларимдан Истанбул ҳақида шунчалик кўп ва ҳайратланарли ҳикояларни эшитдимки, охир-оқибатда бу шаҳарга боришни орзу қила бошладим, лекин орзуйимни амалга ошириш учун менда молиявий имконият мавжуд эмас эди. Бироқ тақдирнинг ўзи менга имконият берди. Яқин атрофдаги қишлоқлардан бирида ҳукумат томонидан ер тақсимлаш ишлари бошланиб, уларга малакали ва ер-ўлчов ишларини биладиган одам керак бўлиб қолади. Мадрасада ўқиб юрган кезларимда арабча китоблардан ер ўлчаш техникасини ўрганганлигим сабабли, ташкилотчиларга хизматимни таклиф қилдим. Натижасида ишлаб, беш-олти ойга етадиган пул топдим. Етарлича пулни топган бўлсам-да, бироқ яна бир тўсиқни енгиб ўтишим керак эди. Ўша даврда туркистонликларга генерал-губернатор буйруғи билан чет эл паспортларини бериш тақиқланган эди. Кейин бир танишимнинг маслаҳати билан тўрт-беш манатга Хитой паспортини сотиб олдим, унда на сана, на шахснинг исми-шарифи аниқ ёзилган эди. Мен ушбу паспорт билан Истанбулга келдим. Истанбулга келгач бироз вақт ўтиб менда Миср ва Сурияга саёҳат қилиш истаги туғилди. Лекин университетда газетачиликка доир икки йиллик тайёргарлик курслари очилиши ҳақидаги эълон менинг ушбу ниятимни ўзгаритиришга мажбур этди. Ушбу курсга 430 нафар киши синов тариқасида қабул қилинди. Уларнинг ичида мен ҳам бор эдим”.
Холид Саид Тошкентда Убайдулла Хўжаев муҳаррирлигидаги “Садойи Туркистон” газетасининг 1914 йилги сонларида ўз мақолалари билан иштирок этади. Жумладан, “Фасод ахлоқ қачон бошланди?”, “Менга нима керак?”, “Хайрлик умид” каби мақолалари унинг бадиий иқтидори анча эрта бошланганлигини кўрсатади. Негаки, ушбу мақолаларда ватан ишқи билан ёнган қаҳрамон миллат ва жамият дардига даъво излаган.
Ёш Холид 1914 йилда Туркияга бориб, тиббиёт факультетига ўқишга киради. Кейинчалик эса адабиётга бўлган қизиқиши устун келиб ўқишини тиббиёт факультетидан тарих-филология факультетига кўчиради ва 1918 йилда тамомлайди. Яна шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Истанбул университетининг талабаси Холид Саид Истанбул матбуотида, шунингдек, Қримда Исмоил Бей Гаспирали томонидан чоп этиладиган “Таржимон” газетасида ўз мақолалари билан иштирок этади. “Таржимон” газетасининг 1914 йил 23 февраль кунги сонида Холиднинг “Тошкентдан мактуб” мақоласи босилади. Истанбул ва Қрим матбуотида эълон қилинган мақолаларда Холиднинг беғубор ёшлик йиллари, самимий туйғулари ва ёрқин келажакка нисбатан порлоқ орзулари акс этган.
1918 йилда Нурий пошо бошчилигидаги ҳарбийлар билан Озарбойжонга келган Холид Саид Ганжадаги гимназияда дарс бера бошлайди. Кейинчалик у, яъни 1920-1921 йиллар ўқитувчилик фаолиятини Тошкентда давом эттиради.
Шунингдек, Холид Саид “Янги алифбо йўлларидаги эски хотираларим ва туйғуларим” асарида 1921 йилда Тошкентдаги ўрта мактабда директор сифатида фаолият кўрсатганини қайд этиб ўтган.
Холид 1924 йилда “Янги алифбо қўмитаси” фаолларидан бири сифатида Тошкент, Қрим, Симферопол, Оренбург, Уфа, Қозон ва бошқа шаҳарларда тузилган делегация таркибида янги алифбо тарафдорлари ва мухолифлари билан ўтказилган учрашувларда фаол иштирок этади.
Холид Саид 1926 йилда Бокуда бўлиб ўтган “I Туркшунослар Қурултойи” иштирокчиси сифатида янги алифбони қабул қилишнинг фаол тарғиботчиларидан бири бўлди.
Турли олий мактабларда педагогик фаолият билан шуғулланиб, ёш авлодни тарбиялаш ва ўқитишда муҳим ўрин тутаётган Холид Саид ўз илмий фаолиятини СССР Фанлар академияси Озарбойжон бўлимида давом эттиради.
1924 йилдан бери бирга ишлаган ва янги алифбони қабул қилишда яқиндан ҳамкорлик қилган, СССР Фанлар академиясининг Озарбойжон бўлими директори Вали Хулуфлуга Холид Саиднинг 1934 йилда ёзган қуйидаги аризаси айниқса муҳим аҳамиятга эга: “Мен асосан Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида яшаганман, ўрта ва олий таълимни Истанбулда олганман. 1918 йилдан ҳозиргача Озарбойжондаги ўрта ва олий мактабларда турк тили ва адабиётидан дарс бериб келдим. Ҳозирда Миллий ижтимоий-иқтисодиёт институти, Турк тили ва олий педагогика институтининг ҳуқуқ факультетида араб ва форс тилларидан дарс бераман. Мен Озарбойжон Илмий-тадқиқот институти билан ҳам ҳамкорликда фаолият олиб борганман. Мен ҳозирда Академияда луғатшунослик тадқиқотлари билан шуғулланаяпман. Бироқ мен Фанлар Академияси билан яқиндан ишлаш ва чуқур тадқиқотлар олиб боришни истайман. Шунинг учун, 16 йиллик хизматимни эътироф этган ҳолда академиянинг асосий ходими сифатида ишга қабул қилишингизни сўрайман. Шу билан бирга мен ҳозирда нашрга тайёрлаб қўйилган еттита асарим борлигини айтишни зарур деб биламан. Холид, Боку, 1934-йил 26-март.”
1934 йил 14 апрель куни Вали Хулуфлу Холид Саиднинг ушбу аризасига қуйидаги жавоб мактубини ёзди: “Мен директорлар кенгашидан биринчи даражали илмий ходимни (яъни Холид Саидни) ишга қабул қилишни сўрайман. Ойлик маоши уч юз манат бўлиши мақсадга мувофиқдир. Вали Хулуфлу”. Шундай қилиб Холид Саид Хўжаев Академиянинг тарих секторига биринчи даражали илмий ходим сифатида ишга қабул қилинади.
Орадан бир йил ўтиб, 1935 йилда атоқли турколог олим Бакир Чўбонзода Холид Саиднинг илмий фаолиятини юксак баҳолаб, ҳеч қандай диссертация ёзмасдан, ҳимоя қилмасдан унга илмий даража бериш ташаббуси билан чиқади. “Холид Саид юксак савияли тилшунос олимларидан биридир. У турк, араб, форс, рус... тилларини мукаммал билади. Холид 10 йилдан буён талабаларга турк тилининг услуби ва грамматикаси, қадимий ёдгорликларни ўқиш ва бошқа фанлардан муваффақиятли дарс бериб келмоқда. Буларнинг барчасини ҳисобга олиб, Холид Саидга диссертация ҳимоясисиз илмий даража бериш вақти келди” деб ёзган эди Бакир Чўбонзода. Афсуски, Бакир Чўбонзода икки йилдан сўнг Холид Саидга берган бу илмий таърифи ва юксак баҳоси ўзига қарши қўлланилиб, иккаласини ҳам пантуркист-миллатчилик ташкилотига аъзоликда айблашларини билмас эди.
Холид Саиднинг “Янги алифбо йўлларида эски хотиралар ва туйғулар” (1929 йилда нашр этилган) асари янги турк алифбосида ёзилган биринчи китобдир. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Холид Саиднинг қўлёзма асарлари унинг нашр этилган асарлари ва китобларидан анча кўп эди. Афсуски, ўша қўлёзма ва китобларнинг катта қисми Ички ишлар халқ комиссарлиги (НКВД) ва унинг ходимлари томонидан олиб кетилди ва йўқ қилинди. Филология фанлари доктори, профессор Булудхон Халилов Холид Саиднинг илмий фаолияти ҳақида гапирар экан, унинг “Стилистика назарияси”, “Синтаксис”, “Турк тилларининг тарихий грамматикаси” номли китоблари ҳам борлигини таъкидлайди. Бироқ бу асарларнинг барчаси йўқ қилинган. Бакир Чўбонзода Холид Саиднинг 14 бет ҳажмдаги “Синтаксис” номли асарига муҳаррирлик қилган. Бу асар ҳам таҳрирдан кейин нашр қилинмасдан йўқ қилинади. Холид Саиднинг 1936 йил ўрталарида нашрга тайёр бўлган “Услуб назарияси” ва “Турк тилларининг тарихий грамматикаси” асарлари ҳам йўқотилади.
Шунингдек, Холид Саид томонидан “Ўрхун битикларини изоҳли ўрганиш”, “Турк тилининг тарихий грамматикаси”, “Чиғатой адабиётидан маърузалар”, “Туркистон тарихига қисқача шарҳ”, “Муфассал синтаксис” ва бошқа қатор асарлар ёзилган. Айниқса, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит-турк” асарини Холид Саид озар тилига таржима қилгани катта тарихий ишлардан бири бўлган.
Қуйида унинг баъзи асарлари хусусида қисқача тўхталиб ўтиш зарур:
1) “Усмонли, ўзбек, қозоқ тилларининг қиёсий сарфи” – 1926 йилда “Озарбойжонни ўрганиш жамияти” нашриёти томонидан чоп этилган, асар 108 саҳифадан иборат (Холид Саиднинг айтишича, ушбу асар Бакуда бўлиб ўтган туркшуносларнинг I қурултойи иштирокчиларининг таклифи билан ёзилган).
2) Муҳтасари услубият – “Қисқача услуб” – 1937 йилда Озарбойжон Педагогика институти Тиллар кафедраси мудири Абдулла Тоғизода билан ҳаммуаллифликда ёзилган (Китоб Бокуда икки маротаба – 1933-1934 йилларда Бакир Чўбонзода муҳаррирлигида “Азернашр” ўқув-педагогик бўлими томонидан нашр этилган). У 91 саҳифадан иборат.
3) “Туркий мактаблар учун рус тили” – 1934 йилда Бокуда нашр этилган. Муаллифнинг эътироф этишича ушбу дарслик, оргинал асар бўлиб, Озарбойжон Маориф халқ комиссарлигининг кўрсатмасига кўра ёзилган.
4) “Чиғатой адабиёти бўйича маърузалар” – асар қўлёзма ҳолда бўлиб, 5-6 босма варақдан иборат. Асар Холид Саиднинг Озарбойжон давлат университетида “Ўрта Осиё адабиёти” фанидан ўқиган маърузалари асосида тайёрланган. Тасаввуфнинг Ўрта Шарқ адабиётига, жумладан, чиғатой адабиётига таъсирини ёритиб берувчи асар “Муқаддима”, “Араб адабиётига умумий назар” ва “Араб адабиётининг Чиғатой адабиётига таъсири” каби бўлимлардан иборат.
5) “Турк тилининг тарихий грамматикаси”. Муаллиф китоб ҳақида қуйидаги маълумотларни беради: “У 12 босма варақ ҳажмдаги қўлёзма шаклида. Бу китоб ХI аср умумтуркий тилининг тарихий грамматикаси тўғрисида маълумот беради. Китоб Маҳмуд Қошғарийнинг тарихий асари асосида тайёрланган”.
6) Холид Саид моҳир таржимон ҳам бўлган. У Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини озар тилига таржима қилади ва бу адабий жамоатчилик ичида катта резонансга сабаб бўлган. Таржимоннинг ўзи шу хусусда тўхталиб: “Бу роман Ўзбекистонда ҳар бир саводли одам томонидан севиб ўқилмоқдадир. Бу асар Ўзбекистон давлат нашриёт идоралари томонидан уч дафъа нашр этилмишдир. Шунинг учун Ўзбекистон ва Озарбойжон меҳнаткашларини бир-бирининг ҳаёти ва турмуши билан яқиндан таништириш мақсадида ушбу асарни таржима қилиб, нашр этиш лозим топилди. Айни пайтда бу роман ўзбек халқи ҳаёти ва маданияти билан яқиндан танишишга ёрдам беради” деб ёзган эди.
Бироқ Холид Саиднинг илмий фаолияти 1930 йил бошидан “аксилинқилобий пантуркистик-миллатчилик ташкилоти аъзоси сифатида” совет хавфсизлик органлари томонидан диққат билан кузатила бошланди. Даврий матбуотда унинг ижтимоий ва илмий фаолияти қораланган буюртма мақолалар чоп этилди.
Холид туркий тилли халқлар ўртасида умумий алифбо билан бирга “барча туркийлар бир-бирини тушуниши учун умумий адабий тил бўлиши керак” деган ғояни илгари сурди ва умум туркий адабий тилини яратиш зарурлигини қайд этди. У туркий тилли халқларнинг ирсий қариндошлигини, умумий маданият ва этнографияга эга эканлигини илмий далиллар билан исботлаб, муштарак турк алифбоси билан бирга муштарак адабий тилни қурултой даражасида муҳокама мавзусига айлантириш ташаббусини кўтариб чиқди. Албатта бундай ташаббус совет ҳукумати томонидан ғазаб билан кутиб олинди.
Холид Саид 1937 йил 3 июндан 4 июнга ўтар кечаси ҳибсга олинди. Худди шу куни Озарбойжоннинг атоқли адиби Ҳусайн Жовид ҳам қамоққа олинади. Ўша кечаси большевиклар Холиқ Саиднинг уйида тинтув ўтказади. Терговчилар томонидан ўтказилган тинтув пайтида Холид Саиднинг паспорти, унинг Озарбойжон Фанлар академиясининг ходими эканлигини тасдиқловчи №59 гувоҳномаси, Туркияда нашр этилган 5 та журнал, 1933 йилда Туркияда нашр этилган “Жумҳурият” газетаси, 2 та фотосурат, “Алифба” китоби, 27 та турли номдаги китоблар ва кўп сонли қўлёзмалар мусодара қилинди.
Холид Саид ҳибсга олинганининг эртасигаёқ СССР Фанлар академияси Озарбойжон филиали Тарих, тил ва адабиёт институти раҳбарининг 1937 йил 4 июндаги буйруғига кўра, унинг номи институт илмий ходимлари рўйхатидан ўчирилади.
1937 йил 5 июнда Холид Саид биринчи тергов сўроқларига жалб қилинади. Биринчи сўроқда у дадил ҳолда аксилинқилобий миллатчилик ташкилотига аъзо, шунингдек, халқ душмани эмаслигини айтиб, барча айбловларни рад этади. Масалан, Холид Саид биринчи сўроқ пайтида терговчининг саволларига қуйидагича жавоб берган:
Савол: Сиз талабалар ўртасида аксилинқилобий, миллатчилик тарғиботини олиб борганингиз учун ётоқхона мудирлигидан ҳайдалганмисиз?
Жавоб: Менга ҳеч қачон бундай айблов қўйилмаган.
Савол: Сиз атайин саволга жавоб беришни истамаяпсиз. Терговга маълумки, сиз аксилинқилобий пантуркистик ташкилот аъзосисиз. Тан оласизми?
Жавоб: Мен ушбу айбловни мутлақо рад этаман.
Аммо 1937 йил 21 июнь куни ўтказилган иккинчи сўроқда Холид Саид биринчи сўроққа зид равишда: “Ҳа, тан оламан, 1916 йилдан то қамоққа олингунимга қадар пантуркистик ғоя тарафдори бўлганман” деб таъкидлайди. Албатта, унинг ушбу “иқрори” қаттиқ қийноқ ва босимлар остида янграган эди.
Холид Саид қамоққа олинганидан сўнг унинг турмуш ўртоғи Сора Хўжаева ҳам 1937 йил 13 октябрда қамоққа олинади. НКВДнинг қонхўр терговочилари уни сўроқ қилишади, жасур Сора эрини оқлаб, унинг ҳеч қандай аксилинқилобий фаолият олиб бормаганлигини айтади. Бироқ совет тузумининг эски сценарийсига биноан Сора Ризо қизи ҳам ҳибсга олиниб, 1941 йилгача СССРнинг турли лагерларида минг бир азоблар ичида жазо муддатини ўтайди. Озодликка чиққач, Сора эрининг қаердалиги “сўраб” турли “манзиллар”га мурожаат қилади, аммо Холид Саид тўғрисида совет органларидан ҳеч қандай маълумот ололмайди. Унинг 1941 йилда Озарбойжон ССР ҳарбий прокурори номига ёзган қуйидаги аризаси Соранинг изтиробларини ўзида жамлаган: “Менинг эрим Хўжаев Холид Саид 1888 йил туғилган, миллати ўзбек, Озарбойжон Ички ишлар органи томонидан 1937 йил 3 июнда ҳибсга олинган. У Озарбойжон ССР Фанлар Академиясида илмий ходим бўлиб ишлар эди. Эримнинг мутахассислиги шарқшунос эди ва, шу билан бирга, педагогика фанлари номзоди илмий даражасига эга эди. Сиздан ўтиниб сўрайманки, эримнинг ишини қайта кўриб чиқсангиз ва менга у ҳақида маълумот берсангиз. Менинг эрим ҳеч қачон халқ душмани бўлмаган”. Мактуб манзили: Баку шаҳри, “Қизил аскар” кўчаси, 16-мавзе, 141-хонадон.
Холид Саид Сора Хўжаева қамоққа олинган кунда, яъни 1937 йил 13 октябрдаёқ отиб ташланган эди.
И.В.Сталин вафотидан кейин Сора хоним яна турли совет органларига мурожаат қилади. 1955 йил 16 апрелда Сора ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ва сиёсий арбоблардан эрининг ишини қайта кўриб чиқишни қатъий равишда талаб қилади. 1955 йилда ёзилган шикоятга ниҳоят 1957 йилда расмий жавоб берилади ва Холид Саид СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг 1957 йил 16 майдаги қарорига биноан тўлиқ оқланади.
Муслимбек АЛИЖОНОВ,
Қатағон қурбонлари хотираси давлат
музейи катта илмий ходими
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ