Халқаро сиёсатда миннатдорлик тушунчаси йўқ – фақат миллий манфаат бор!


Сақлаш
01:27 / 24.06.2023 1212 0

2003 йил АҚШнинг Ироққа бостириб кирганидан бошланган “халқаро ҳуқуқни поймол” қилиш деб аталган сиёсат 2022 йил 24 февраль куни Россиянинг Украина тупроқларида бошлаган ҳарбий операцияси билан авжига чиқди. Булар ва шунга ўхшаш бошқа воқеалар фонида Иккинчи жаҳон урушидан кейин шаклланган халқаро хавфсизлик тизими ва давлатлараро муносабатларга тубдан дарз кетгандай. Аммо синчков ва воқеалар ривожига ҳар бир давлатнинг миллий манфаатлари нуқтаи назардан қарайдиган сиёсий таҳлилчи учун бу воқеалар янгилик эмас, яъни дунё сиёсатида жуда катта ўзгариш бўлгани йўқ. Кечаётган воқеалар инсоният учун қанчалик фожиали бўлмасин, жараёнлар силсиласи энг қадимги даврлардан ҳозирга қадар бир оқим бўйлаб ҳаракат қилмоқда. Хўш, бу “оқим” нима ўзи ва унинг номи борми? Бор ва у Миллий Манфаат деб аталади!

 

Жуда кўпчилик олимлар ва журналист дўстларимиз Уинстон Черчиллга нисбат бериб келадиган ва аслида эса 1855–1858 йиллар Англия ташқи ишлар министри, 1859–1865 йиллар бош министр бўлиб ишлаган виконт Генри Палмерстон (1784–1865) парламент мажлисида 1858 йил 1 март куни айтган: “Англиянинг абадий иттифоқчилари ва доимий душманлари йўқ – унинг манфаатлари абадий ва доимийдир” деган қанотли сўзи барча даврлар учун ўз аҳамиятини йўқотмай келаётгани кўп нарсадан дарак беради. У бу фикрни давом эттириб, “Бизнинг бурчимиз манфаатларимизни ҳимоя қилишдир”, деган. Палмерстоннинг гапига диққат қилинга: бизнинг абадий иттифоқчиларимиз ёки доимий душманларимиз йўқ, манфаатларимиз абадий ва доимийдир. Бу нима дегани? Айтмоқчики, ким бизнинг манфаатимизга хизмат қилса, манфаатимизга жавоб берса, ўша иттифоқчимиз ва дўстимиздир, манфаатларимизга мос келмай қолган кундан эса душманимиздир, демоқда. Жаҳон тарихига бир қур назар назар ташласак, бу “қадрият” беками-кўст ишлаганининг гувоҳи бўламиз.

 

Ҳар бир давлат иқтисодий, сиёсий, ҳарбий салоҳияти ва қудрати ҳамда географик жойлашувидан келиб чиқиб миллий манфаатларини белгилайди. Миллий манфаатлар ҳақида гап кетганда халқларнинг этник бирлиги, диний эътиқоди ёки дўстлигию содиқлиги унутилади. Ўша давр ва вазиятда ким миллий манфаатга жавоб бераётган бўлса, ўша қўллаб-қувватланади. Халқаро муносабатларда яна бошқа янглиш тушунча бор: бир давлат бошқа бир давлатни қачонлардир қўллаб-қувватлаган бўлса, энди бир умр олдимизда қарздор ва биздан абадулабад миннатдор бўлиб юради, деган ширин хомхаёлга бориши; халқларнинг диний ёки этник келиб чиқишига қараб иттифоқчи бўлиши. Мана шу илгари сурилган иккала версияни бири ХИХ аср, иккинчиси Антик даврга оид қўш мисол орқали назардан ўтказсак.

 

Гапни майда-чуйда қилмасдан, кимсан дунё тарихини тадқиқ қилишда халқаро ном қозонган, 12 жилдлик “Тарихни англаш” китоби муаллифи Арнолд Тойнбига юзланамиз: «1877-1878 йиллардаги рус–турк урушидан кейин турк қўшинларидан қутқарганим учун Сербияга, Добруджани берганим учун Руминияга, фақат рус қуролига таяниб ташкил қилингани учун Болгарияга асосий сиёсий таъсир ўтказаман, деб Россия олдиндан завқлана бошлади. Бироқ кейинги воқеалар, умуман олганда, тарихда бошқа жойларда ҳам кўп марта содир бўлган шундай воқеалар кўрсатадики, халқаро сиёсатда миннатдорлик тушунчаси йўқ. Бир қарашда “черков славян” тили рус, румин, болгар, серб православ черковларининг ибодат тили ва православия Россиянинг давлат дини бўлиб турган пайтда рус бўлмаган православ давлатларида русларга қарши кайфиятнинг пайдо бўлиши жуда ажабланарли ҳол. Усмонлилар қуллигидан халос қилишдек самарали ёрдам кўрсатган Россиянинг бу халқлар билан панславизм ва панправославияга асосланган муносабатлари нега бунчалик яроқсиз бўлиб чиқди? Кейинчалик эса “эзилган христиан халқлари”нинг ҳимоячиси сифатида ном қозонишга интилган Россия Усмонлилар империяси ички ишларига аралашишни кучайтиргани сайин ва ўша “эзилган христиан халқлари” руслар характерини янада яқиндан билганлари сари бу обрў тушиб борди”. Чунки, халқаро сиёсат муносабатларида фақат миллий манфаат бор – миннатдорлик туйғуси эса бор-йўғи миллатчи ва ақидапарастларнинг риторикаси ва “лирика”си, холос.

 

Энди иккинчи воқеага эътибор қаратсак. Давлатларни ҳам худди одамлардек миннатдор бўлишга мажбурлаш имконсиз. Улар “кимнингдир олдида қарздор, муттаҳам бўлиб, мудом миннатдорлик билдириб юришни елкадан улоқтириб юбориш керак бўлган оғир юк”, деб билади деб ёзади америкалик машҳур сиёсатшунос Роберт Грин. Энди ушбу муаллифнинг “Ҳокимиятнинг 48 қонуни” китобида баён этилган ва биз танлаган мавзуга дахлдор, алалхусус, ўзимиз таржима қилган бир воқеага эътибор қаратсак.

 

Милодга қадар 431 йили Пелопон уруши арафасида Керкира (кейинчалик Корф номини олган) ороли билан Коринф шаҳар-давлати ўзаро жанг остонасида турарди. Иккала томон ҳам иттифоқ тузиш мақсадида Афинага элчилар жўнатади. Довга жуда катта нарса тикилган: Афина билан иттифоқчи бўлиш урушда муқаррар ғалаба эришишни англатади. Мағлубият эса ҳамма нарсадан бутунлай маҳрум бўлиш билан тенг.

 

Биринчи бўлиб Керкира элчиси сўз олади. У икки давлат ўртасида авваллари дўстлик, иттифоқчилик алоқалари бўлмагани, аксинча, Керкира Афинанинг душманлари билан дўстлашганини айтиб, ҳозирги шароитда мамлакати тақдири учун қўрқувга тушгани боис юкуниб келганига урғу беради. Биз сизга фақат келгусида икки томон учун ҳам манфаатли бўлган иттифоқ тузишнигина таклиф қила оламиз, дейди элчи. Ўша пайтда Керкиранинг флоти қудрат ва сон жиҳатидан фақат Афинадан ортда эди. Бу икки давлатнинг флоти бирлашса, Афинанинг душмани Спарта учун даҳшатли кучга айланарди. Керкира элчиси бундан бошқа ҳеч нарса таклиф қила олмайди.

 

Иккинчи бўлиб сўзга чиққан Корфин элчиси моҳир нотиқ эди. У ўз сўзини икки давлат ўртасида узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган мустаҳкам дўстликни эътироф этишдан бошлайди. Корфиннинг Афинага қилган хизматлари, ёрдамларини бир-бир санаб ўтади. Кейин биз билан эмас, мабодо душманимиз Кекира билан иттифоқ тузсангиз, Корфин Афина билан барча дўстона алоқаларини узади, деб бироз таҳдид ҳам қилади ва охирида биз сизга доимо ёрдам бериб келганмиз, энди қарзингизни узадиган пайт келди, дейди.

Икки томон элчиларини тинглаб бўлишганидан сўнг Афина вакиллари муҳокамага ўтишади ва қарор қабул қилиш муҳлати етганда ўзларига дўст бўлган Корфинга қарши Керкира билан иттифоқ тузиш учун якдиллик билан овоз беришади.

 

Қадимги Юнонистонда афиналиклар энг соғлом фикр юритадиган одамлар сифатида тилга олинади. Улар учун дўстлик хусусидаги ҳаяжонли гаплардан, Афинанинг қудратини оширадиган таклиф афзал эди. Корфин элчиси ўз мамлакатининг Афина олдидаги хизматларини пеш қилиб эришгани бор-йўғи афиналикларнинг ғазабини қўзитиш бўлди. Чунки кимгадир олдингизда қарздорлигини эслатиш ҳамиша тескари натижа берган. “Одамларга сизнинг манфаатларингизни илгари суриш ўз манфаатларига хизмат қилишини яққол кўрсатиб беринг – бу ғалабага олиб келадиган қисқа ва мақбул йўлдир”, деб ёзади Жан Де Лабрюер (1645–1696).

 

Замонавий дунёда эса миллий манфаатлар курашида қадим даврлардан ҳодис бўлиб келаётган воқеалар сирасига “янги қадрият” қўшилди. АҚШнинг 1981–1989 йиллардиги 40-президенти Роналд Рейган тили билан айтганда, “ҳа у итвачча, аммо бизга тегишли итвачча”. Бу қанотли ибора халқаро сиёсатда мазмунан бир, аммо ёндашув икки хил бўлган воқеликни акс эттирадиган бўлди. Очиқроқ айтганда, қудратли давлатнинг миллий манфаатларига ўша вазиятда хизмат қилиб турган бўлсангиз, сизнинг барча айбларингиздан кўз юмилади, аксинча бўлса – тамом: барча айблар гарданингизга ағдарилади. Бундай “сиёсат”нинг урчишига “лоббистик гуруҳлар” ҳам фаол хизмат қилади.

 

Халқаро миқёсда “икки хил стандарт” қўлланаётганига мисоллар керагидан ҳам ортиқча бўлсада, биргина воқеани эслаш билан чекланамиз: 2020 йил 27 сентябрда Озарбайжон қарийб 30 йилдан буён Арманистон босқинида қолган ҳудудларини озод қилиш учун “Ватан уруши”га киришади. Жанглар Озарбойжоннинг халқаро доирада тан олинган қонуний ҳудудларида кечади. Аммо “коллектив Ғарб”нинг айрим “демократик доиралари” агрессия қурбони бўлган Озарбойжонни агрессияда айблай бошлади. Ҳатто санкциялар жорий қилишга уринишлар кузатилди. Ўша кунлари бошқа давлат ҳудудини босиб олган Арманистонга қарши 30 йил дамини чиқармаган Ғарбнинг баъзи сиёсий гуруҳлари оҳу фарёди оламни тутди.

 

Жанубий Кавказ воқеалари бугун ҳар қачонгидан ҳам миллий манфаатлар учун кураш кескин тус олганини яна бир бор намойиш қилиш билан бирга бу курашда “Ахборот уруши” олд қаторга чиққанини ҳам яққол кўрсатиб қўйди. Беш аср аввал Алишер Навоий ҳазратлари айтган огоҳ бўлсанг, дунё ҳукмронлигига эришасан, деган мўътабар фикр бугун шундай бир аҳамият касб этдики, унинг миқёси одам боласи ақл-шуурига сиғмаяпти. Жаҳон афкор оммасига таъсир кўрсатиш, халқаро жамоатчилик фикрини ўз манфаати ўзанига қараб буриш ва бу орқали зарур қарорлар қабул қилинишига эришишда жаҳон ахборот маконида кимнинг овози баландроқ ва асослироқ янграётган бўлса, ўша ғолиб келмоқда. Шу нуқтайи назардан малакали журналистлар, блогерлар, сиёсатшунослар, экспертлар давлат ва унинг миллий манфаатлари учун қанчалик зарурлигини Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги иккинчи Қорабоғ уруши яққол кўрсатди.

 

Воқеалар ривожини кўздан кечириб ва таҳлил қилиб бир нарсага амин бўлдик: Озарбойжон урушга нафақат иқтисодий, сиёсий-дипломатик ва ҳарбий-техникавий жиҳатдан, шу билан бирга, халқаро медиа ресурсларда Озарбойжоннинг нуқтайи назарини жаҳон жамоатчилигига етказувчи ва ҳимоя қилувчи журналистлар, сиёсатшуносларнинг катта бир авлодини ҳам тайёрлаб қўйган экан. Уруш вақтида воқеаларни холис таҳлил қилиш ва ҳозиргача икки давлат ўртасида бўлиб ўтаётган тинчлик музокаралари (Брюссел, Вашингтон, Москва, Сочи, Тбилиси), чегарада содир бўлаётган провакацияларни ўз вақтида, оператив шарҳлаш, халқаро жамоатчилик фикрининг бир томонга оғиб кетишига йўл қўймаслик учун Расим Мусабеков, Ризван Гусейнов, Фархад Мамедов, Рамиз Юнус, Али Гаджизаде, Элдар Намазов, Агил Рустамзаде, Тофик Зулфугаров сингари таниқли сиёсатшунослар жонбозлик кўрсатишмоқда. Ваҳоланки, биринчи Қорабоғ уруши даврида (1991–1994) Озарбойжон нафақат фронтда, шу билан бирга ахборот урушида ҳам ютқазган эди. 20-25 йил ичида Озарбойжонда юксак малакали, халқаро миқёсда тан олинган сиёсатшуносларнинг янги авлоди пайдо бўлди.

 

Қиссадан ҳисса шуки, атрофимизда ва дунёда содир бўлаётган воқеалардан хулоса чиқаришимиз, бу хулосалар ичида эса миллий сиёсатшунослар, халқаро экспертлар, сиёсий шарҳловчиларнинг замонавий дунёда кечаётган жараёнларни теран англайдиган янги авлодини (“Янги авлод” деганда фақат ёшларни назарда тутаётганим йўқ) шакллантиришимиз Ўзбекистон миллий манфаатларининг янги архитектурасида энг асосий ўринлардан бирини эгаллаши лозим.

 

Хуллас калом, халқаро муносабатларни Миллий Манфаат бошқарган ва бундан кейин ҳам бошқаради. Бошқача бўлиши мумкин эмаслигини кўҳнаю янгидан-янги тарихлар кўрсатиб турибди. Миллий манфаатларни аниқ тасаввур қилиб, тўғри белгилаб олиш эса ҳам тактик, ҳам стратегик салоҳият, зеҳн ва тафаккурни талаб қилиши кундек равшан.

 

Жалолиддин САФОЕВ.

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//