Шу йил июнининг 14 санасида америкалик машҳур ёзувчи, “Йўл”, “Қонли меридиан”, “Тангри фарзанди”, “Ажойиб тулпорлар”, “Чегара бўйлаб”, “Йўловчи”, “Стелла Марис”дек асарлари билан жаҳон адабиётига ҳисса қўшган Кормак Маккарти 90 ёшида вафот этди. Умри сўнгигача қатъий принциплари: оломонга аралашмаслик, шуҳратдан қочиш, ғариб турмуш, бойликдан нафратланиш, фақат китобларга содиқлик Маккартини замонасининг “мўъжиза”сига айлантирди. Аксар ўзбек китобхони бундай адиб борлигидан бехабар. Чунки унинг асарлари ўзбек тилига ҳали ўгирилмади, яна аслиятда китоб ўқийдиган ўқувчи ҳам кам. “Oyina.uz” романларида келажак ҳақиқатини тасвирлаган, “замонасининг Фолкнери” дея алқанган Кормак Маккартининг умр йўли ҳақида ҳикоя қилади.
Туғилганида “Чарлз” деб аталган болакай китобларни юҳоларча ўқиши, афсона-чўпчакларга ошнолиги, хаёлларида болаларча асарлар ёзавергани, рассомчиликка тузуккина иқтидори борлигини кўрганлар унинг вақти-соати етса, ёзувчи бўлишига кўникиб қолади. Ақлини танигач, афсонага айланган ирланд қироли Кормакнинг номи хуш ёқади, шекилли, исмини ўзгартиради. Бунга яна бир сабаб Ирландия Маккартининг бобо юрти ҳам эди.
Илк ҳикоялари талабалик пайти газеталарда босилиб чиққач, ёш ёзувчи бирдан оғизга тушади. 1961 йили ўзидек талаба Ли Холлиман билан турмуш қуради ва ўғли Каллен Маккарти туғилгач, университетни ташлаб, оиласи билан Чикаго кўчиб ўтади. Бу ерда автомобилсоз уста бўлиб ишлаш баробарида илк романини ёзишга киришади. Бироқ бу китоб чиққунича оилавий муносабатлар дарз кетади – хотини билан ажрашиб, сўққабошга айланади. Аммо Маккарти хотин зотидан айро яшашни тасаввур этолмас, сафарларда албатта ҳамроҳ топиб, маълум вақт бирга яшар, оч-тўқ кунларига шерик қиларди. Замондошлари эса бундай “қашшоқ, ейишга бурда нони йўқ қаламкаш”га нега ҳадеб аёллар ошиқ бўлавериши, ғариблигига чидаб-чидаб, охири ташлаб кетишини кулгига оларди.
1965 йили Америка санъат ва адабиёт академиясининг махсус стипендиясини қўлга киритган ёзувчи устачиликни батамом йиғиштиради ва бобо юрти Ирландияга йўл олади. Бу ерда янги романига қаҳрамонлар излаб, “хомашё”ларни битталаб саралайди. Очиғи, Маккартига пул, мол-дунё, обрў, шон-шараф деган тушунчалар ёт эди. Романларига тўланадиган қалам ҳақи, мукофот пуллари, грант-стипендияларни у ҳар доим илмий тадқиқотларига, бўлғуси асарларига мавзу-манзара излаб саёҳатларга сарфлайверган. Умр бўйи мотел, арзонгаров ҳужраларда кун ўтказиб, қоғоз қоралаган. 1965 йили чоп этилган илк романи “Боғ қўриқчиси” Фолкнер мукофотига, келаси йили эса Рокфеллер фондининг грантига лойиқ топилганида ҳам ҳамкасбларидек еб-ичиш, дастхат кунларида қўр тўкиб, савлатини кўзкўзлашни эмас, янги саргузаштларни излаб хорижга кетади. 1976 йили ёзилган “Боғбоннинг ўғли” сценарийси эса 1981 йили “даҳолар мукофоти” саналмиш 236 минг долларлик Макартур стипендиясига муносиб топилгач, бор пулини Мексиканинг энг хавфли, қонли чегарасига икки марта сафар қилиш учун харжлайди. Кейинчалик ушбу саёҳат таассуротлари “Қонли меридиан”га асос бўлиб, муаллифга кутилмаган шуҳратни келтиради.
Маккартининг ёнида узоқ вақт суҳбатдош бўлиб юрганлар унинг болаликда расм чизишга муккасидан кетгани, уй ва динозаврлар асосий фигураси бўлганини айтади. Ҳатто саккиз ёшида илк шахсий кўргазмасини ташкиллаштиргани (айни шу кўргазмадан фақат битта сурат сақланиб қолган), меъморчиликка ўқигани, бир нечта уйнинг хомаки режасини чизганини ҳам эслашади. Машҳур меъмор, органик архитектура асосчиси Фрэнк Ллойд Райтнинг ёрқин, аниқ, мукаммал геометрик шакллари, табиат ва иморат уйғунлиги акс этган услубига астойдил қизиқиб, айни шуни асарларига олиб киради.
Маккартининг ҳаёт ва адабиётдаги ягона аъмоли: ортиқча тафсилотга ўрин йўқ, ҳар бир сўзу ҳаракат зарурат туғилсагина айтилади ва қилинади. Буни унинг романларини ўқиган, ёзувлари қатига шўнғиган ўқувчи яхши билади. Тарихчи, Шарқий Англия университетида associate professor бўлиб ишлаётган Шерзод Мўминов адибнинг “Йўл” романини “ҳамма нарсани унутиб” ўқиганини эслайди: "Мени сюжет кескинликларидан кўра романнинг ажойиб тили, Маккартининг иншо услуби ром қилди. Баъзи гапларни қайта-қайта ўқиб, ёзувчининг дарҳақиқат буюкликка даъво қилса арзигулик даҳо эканини ўйладим. Инглиз тилида кўп йиллардан бери роман ўқисам-да, “Йўл”ни ўқиётиб жуда кўп сўзларни луғатдан қидиришимга тўғри келди. Китобга шунчалик берилиб кетганимни ўзим ҳам бир-икки кундан кейин, университетда иш билан машғул пайтимда тезроқ хонамга қайтиш, тезроқ яна китобни очиш ҳақида ўйлаётганимни пайқаб қолганимда билдим”. Мунаққид Лиза Бергер ҳам унинг услубини: “Маккартининг романларини ўқиган ҳар қандай ўқирман муаллифнинг сўзга хасис услубини фаҳмлайди. Жумлалари мисоли атов гапдек”, дея алоҳида таъкидлайди.
Адиб асарлари ўқувчисини топиб, айрим китоблари кинога айланиб, мақтов-алқов, мукофот ёмғирида қолса ҳам, серсавол журналист, телевизион шоуменларга интервью беришдан қочади. Мамлакат бўйлаб қиммат ҳақ тўланадиган маърузалар ўқишни рад этади, тадбирма-тадбир юриш, китобхонлар олдида таржимаи ҳолини бўрттириб, ҳаёт йўли ҳақида тўлқинланиб сўзлашни ўзига эп кўрмайди. Ҳаётнинг ялтир-юлтиридан кўра ғарибона турмуш, илм билан шуғулланиш, ёзув-чизувни ҳаммасидан устун қўяди. 1991 йили “The New York Times”да илк ва катта суҳбат босилади. Ушбу суҳбатда адиб адабиётдан бошқа қолган ҳамма мавзуда: қўнғир айиқлар, заҳарли илону билярд ўйини ҳақида сўзлайди. Энг сўнгги катта интервью эса 2022 йили оммага ҳавола этилади. Ёзувчининг узоқ йиллик қадрдони, дўсти, Санта Фе мустақил тадқиқот институти президенти Давид Кракауер замондошларига ўхшамайдиган, ўзига хос характери билан машҳур Маккартини бир соатдан ошиқ гапиртиришга муваффақ бўлади. Анчадан бери дилида йиғилганларини сўзлагиси келганми ёки умри поёнидаги хулосаларини очиқлашни истаганми, ҳартугул, Кормак ёзувчилик машаққати, илм-фан, меъморлик, охирги пайтлари адибни лол қолдираётган физика ва унга ортаётган иштиёқи ҳақида бамайлихотир сўзлайди. Кракауэр суҳбатдошидан келажак ҳақида сўраганида Маккарти кутилмаганда: “Одамзот эртами-кеч олдидаги тўсиқларни албатта енгиб ўтади”, дея умидбахш жавобни беради. Дилни равшанлаштирадиган бу калом узоқ йиллардан бери мутлақ ёмонлик, ваҳшийлик ҳақида ёзиб келаётган ёзувчининг қизиқ иқрори эди.
Ўтган асрнинг 80-йилларигача Маккарти адабий устози Уилям Фолкнер услубини эслатадиган “жанубий готика” – инсон руҳиятининг қоронғи пучмоқларини асар ўртасига қўядиган жанрда романлар ёзади. Аммо ҳамма асарларидаям Фолкнерга кўр-кўрона эргашган дегани эмас бу. Реал воқеаларга асосланган “Тангри фарзанди” (“Child of God”) ва “Ташқаридаги зулмат” (“Outer Dark”)да расизм, педофилия, қотиллик, инцест, некрофилия, жамики руҳий эврилиш, таназзулларни бир ерга жамлайдики, буни Фолкнер ҳам хаёлига келтирмаган бўларди дейди мунаққидлар. Кормакдан “The Wall Street Journal” мухбири “Сиз қайси аудитория учун ёзасиз?” деб сўраганида адиб очиқ-ойдин: “Камина маълум аудитория учун ёзмайман. Хаёлимдаги ўқувчи бу – ўзим. Кимдир мен ёзган китобларни ёзолганида, голф ўйнаб юраверган бўлардим”, деб жавоб қайтаради.
Маккартининг бош романи ҳисобланмиш “Қонли меридиан” (“Blood Meridian”)ни америкалик адабиётшунос Ҳаролд Блум “Уилям Фолкнернинг “Мен ўлганимда” романидан кейинги энг буюк асар” деб юқори баҳо беради. Романда Малец лақабли шафқатсиз қотил кечмиши ҳикоя қилинаркан, муаллиф 14 ёшиданоқ “маънисиз зўравонликка иштиёқи кучайиб, бунинг таъмини тотишни истаётган болакай”ни “инсоният отаси” деб таништиради.
Орадан маълум вақт ўтиб ёзилган иккинчи йирик роман – “Йўл” адибга ўзи кутмаган шараф, машҳурликни келтиради. Тарихчи Шерзод Мўминов асарни таржимадан кўра аслиятда ўқишни тавсия қилади: “Йўл” ота-ўғил орасидаги меҳр устига қурилган роман. Ота ва ўғил ўлаётган сайёра оралаб босиб ўтган йўл ҳақида. Айни пайтда, романда инсониятнинг асл юзи тўлиқ акс этган. Она Ерни еб битириб, бир-бирини еб бошлаган инсониятнинг юзи. Романда шунчалик даҳшатли саҳналар борки, уларни таърифлаш қийин – шунчаки ўқиш керак. Аммо ҳар қандай энг даҳшатли вазиятда ҳам инсонийлигини сақлаб қололган инсонлар борлигини ҳам ишончли тасвирлаган. “Йўл”га қизиқиб қолган бўлсангиз, сизга маслаҳатим: Кормакнинг барча романларини фақат ва фақат инглиз тилида ўқинг. Ҳеч қандай таржимон унинг буюклигини етказиб беришига кўзим етмайди”.
Тайинли ишнинг бошини тутолмаган адиб фақат қалам ҳақи ва соврин пуллари билан кун кечиради. “Йўл” романини ҳам хотини ташлаб кетгач, ўғли иккиси мотелда шумшайиб қолганида ёзишга киришади. У уй-жой қилишдан кўра дўстлари таклиф этган хонадонларда, катта-кичик кулбаларда яшаб, фан ва адабиётдан иборат камтарона турмушни танлайверади ҳар сафар. Ўтган асрнинг 90-йилларигача Маккартининг китоблари ҳеч қачон беш минг нусхада нашр этилмаган ва журналистлар уни “Американинг энг номаълум буюк ёзувчиси” деб аташган. Романларини ўқиган китобхон зўравонликнинг даҳшатли манзарасидан қўрқиб кетар, ҳатто айримлар ақлга сиғмас воқелик, фантастика дея китобни четга улоқтирарди. Бироқ вақт ҳукмини айтади: ҳаётдаги зўравонликлар ҳадди аълосидан ошаверганидан Маккартининг буюклиги, келажакни кўра олиши, инсон ақл бовар қилмас жиноятларга усталигини сеза олишига тан беришади. Зулматда нур яширинлигига китобхонни моҳирона ишонтиролганини санъаткорлик дейди кўпчилик.
XXI асрнинг дастлабки ўн йиллигида киночилар аллақачон классик даражасига кўтарилган Маккарти асарларига бирдан диққат қаратиб, пайдар-пай кинолар суратга олишни бошлайди. “Тулпорлар, тулпорлар...”, “Қарияларга бунда ўрин йўқ”, “Йўл” каби филмлар чиққач, нуфузли мукофотлар берилади. Австралиялик режиссёр, “Йўл” филмини суратга олган Жон Ҳилкоут “The Guardian”да хотираларини эълон қиларкан, Маккартининг бетакрор характерига баҳо беради: “Йўл”ни суратга олишни бошлаганимдан бир ҳафта ўтиб у билан илк даъфа телефонда гаплашдим. “Китоб ўз номи билан китоб, филм эса филм”, дея Кормак бўйнимдаги оғир юкдан соқит қилди. Ўз асаримни яратишга қўйиб берди – ҳатто сценарийга кўз ташламади. Суратга олиш майдончамизни кўриб, Американинг фалокат ҳудудларини ҳаққоний тасвирлаганимиз учун миннатдорлигини яширмади”.
"Йўл" фильмидан кадр
Ёзувчи “ҳаёт ва ўлим масалалари билан қизиқмайдиган” ижодкорларни жини суймаган. “Бу адабиёт эмас мен учун”, дея Ҳенри Жеймс, Марсел Пруст номини тилга олган. Севимли китоби ҳақида сўралганда Ҳерман Мелвилнинг “Моби Дик” романини эътироф этган.
2007 йили Опра Уинфри Маккартининг “Йўл” романини ўзининг “Китоб клуби”га тавсия этгач, адиб илк маротаба телевидиениеда интервью беришга рози бўлади. Тўғридан-тўғри трансляция қилинган кўрсатувда Кормак замондош ёзувчиларни танимаслиги, улардан кўра олимлар даврасини хуш кўриши, айни шу жамиятда ўзини эмин-эркин ҳис этишини яширмайди. Гап орасида умр бўйи бошидан ўтказган қашшоқлик, очин-тўқин кунларни ҳикоя қилиб, бир нечта воқеаларни мисол сифатида келтиради. Яна оталик тажрибасидан сўз очиб, “Йўл”ни ёзишга айнан 8 яшар ўғли туртки бўлгани, ғояни пишитишига илҳомлантирганини тан олади. Ёзиш асноси диалогларга қўштирноқ ишлатмаслиги, жимжимадорликдан кўра жўн жумлаларни афзал билиши, нуқта-вергулни жини суймаслигини ҳам қистириб ўтади.
Гарчи тақдири оз-моз Жером Селинжер, Томас Пинчоникига ўхшаса-да, Маккарти ёзувчи турмушига ўхшамаган ҳаётни яшаб ўтди. Ўзидан аввалги машҳури жаҳон ҳамкасбларига эргашмади, улардан фарқли равишда “The New Yorker”га эмас, балки илмий журналларга (тил тузилиши ва онгости ҳақида) мақолалар ёзди, ҳатто оч кунларида ҳам Америка университетларида ўқилажак маърузаларни бирваракайига рад этди. “Ҳамма гапимни асарларимда айтиб қўйганман”, дея ўзи яратган қоидаларни бузмаган Кормак буюкликдан қочиб классикка айланган ижодкор бўлди.
Чарос НИЗОМИДДИНОВА.
Oyina.uz
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ