Фаровонликдаги депрессия, қашшоқликдаги ишсизлик – истеъмолчи жамиятига айланаётган оломон


Сақлаш
01:17 / 22.06.2023 746 0

Одамзод турмуши тобора фаровонлашиб бораётганидан шоду хуррам. Қад ростлаётган муҳташам иморатлар ақлни шоширади; янги-янги автоуловлар манзилни яқин қилади; супермаркетлар “е, ич, хурсанд яша” дея ўзига чорлайди. Инсоннинг бахтиёр яшаши учун жамики шарт-шароит муҳайё гўё. Бироқ инсон дилини ваҳима, ўй-хаёлини таҳлика чулғаб олгани-да рост. Дунё негадир нотинч, ҳаёт серғалва. Фалак остида қандайдир фалокат ваҳимаси кезади, у барчани ўз домига тортиб кетадигандек. Интернет ҳам қўрқув уйғотадиган хабарларга тўла.

 

Инсон ўзини ўзи хавф-хатарларга дучор қилмоқда. “Қуш гриппи”, “чўчқа гриппи” каби ваболардан кейин инсоният ҳаётини қил устига келтириб қўйган коронавирус офати пайдо бўлди. Нажот қаерда экани ҳозирча номаълум. Гўё қиёмат яқиндек. Наҳотки, барча орзу-умидлару саъй-ҳаракатларимиз тушга, рўёга айланса? Наҳотки, ақлу идрок, ирода, узоқ асрлар ва курашлар натижаси бўлмиш тарихий-маданий тажрибалар ожиз бўлса?

 

Инсониятни кўп йиллардан бери учинчи жаҳон уруши хавфи безовта қилиб келади. Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари қандай фожиалар олиб келгани ҳали унутилгани йўқ. Шу сабаб яна бир муҳораба ҳақидаги ҳар қандай сўз инсон қалби ва идрокини жунбушга келтиради. Таассуфки, инсон юрагига, ўйига инган таҳлика беҳуда эмас...

 

* * *

Шарқ кишиси қадриятлар мустаҳкам қарор топган ижтимоий маконда яшашга ўрганган. Бу этноанънанинг моҳиятини биринчилардан бўлиб Конфуций англаган эди. У инсон ва инсоният ҳаётига дохил зиддиятни аждодлар қолдирган урф-одат ва анъаналарни асраш орқали бартараф этмоқ мумкин деб ҳисоблаган. Дарҳақиқат, низою ихтилофлар Осмон билан Ер ўртасидаги уйғунликни идрок этмайдиган, уни асрашга интилмайдиган ва аждодлари тажрибасини унутган элда авж олади (Конфуций. Мысли, изречения, афоризмы. Минск, 1999. Стр. 32-38). Бу, аслида, Шарққа хос барқарорлик, ворисийлик тамойилидир. Кўп ўтмай Хан Фэйнинг конфуцийликни инкор этувчи, барқарорлик эмас, балки ўзгаришларни ёқловчи “ҳуқуқий қадриятлари” пайдо бўлади; конфуцийлик тарафдорлари қувғин қилинади, пандномалар оловга ташланади. Бу ҳол милодий учинчи асрда фуқаролар урушига ва қисқа вақтда миллионлаб хитойликларнинг қирғин этилишига олиб келади. Жамиятни тинмай ўзгартиришга, илмий ибора билан айтганда, модернизациялашга интиладиган ислоҳотчилар ушбу фожиадан сабоқ олишлари зарур. Зотан, ҳар қандай ўзгариш, модернизация этноанъаналарни рад этиш ёки ўзгартириш эвазига рўй беради.

 

Этноанъаналар – аждодларнинг тарихий-маданий тажрибасидир. Айнан улар туфайли диахрон (авлодлараро) алоқалар яшайди, жамиятни тадрижийлик қонунияти бошқаради; айнан улар туфайли ҳаёт – барқарор, осойишта ва инсон ўйи – беғалва. Шунинг учун ҳам этноанъаналарга тажовуз – халқ ва миллат ҳаётига тажовуз, этноанъаналарни унутиш – халқ ва миллатни ассимиляциялаш ўлароқ қабул қилинади. Бугун жамиятимизда ҳам уларни ғарбона моделларга мувофиқ модернизациялашга уриниш мавжуд. Бу ҳол ассимиляциялашувнинг бошланиши эмасмикан, деган хавотир уйғотади.

 

* * *

Бир қараса, турмушидан норозилар кўпдек. Лекин ҳаёт ижобий томонга ўзгариб бораётганини кўрмаслик мумкин эмас. Бугун биз биргина маошга қараб яшашдек ғайриҳаётий тартибдан йироқмиз; югурсак, ишласак ва яратсак истаганча пул топишимиз, тўкин-фаровон яшашимиз мумкин. Шунга қарамай, ҳаётдан нолийдиганлар нега ҳамон учрайди? Бу норозилик аввало ғайриқонуний хулқ-атворда, ортиб бораётган жиноятларда акс этмаётирми? Олий Мажлис Сенати маълумотларига қараганда, мамлакатимизда 2020 йилда умумий жиноятчилик 34,7 фоизга; оғир ва ўта оғир жиноятлар 49 фоизга; қасддан одам ўлдириш 13,1 фоизга; қасддан оғир шикаст етказиш 13 фоизга; номусга тегиш 27,7 фоизга ва босқинчилик 18,5 фоизга кўпайган.

 

Жамиятдаги норасолик ривожланган давлатларда ҳам жиноятлар ёки руҳий касалликларнинг ошишида намоён бўлмоқда. Масалан, АҚШда аҳолининг 1015 фоизга яқини стресс ва депрессия ҳолатида яшайди, ўз жонига қасд қилувчилар кўрсаткичи ҳам юқори (Соломон Э. Демон полуденный. Анатомия депрессии. Москва, “Добрая книга”, 2016. Стр. 21). Руҳий касаллар ошиб бораётгани боис собиқ президент Дональд Трамп улар учун янги махсус муассасалар қуришни таклиф этган эди. Қўшма Штатларда 2009 йили тиббиёт соҳасига 2,5 триллион доллар ажратилган; унинг 12 фоизи руҳий шифохоналарга йўналтирилган (World Psychiatry, 2012, 2. P.47).

 

Германияда ҳам 20 фоизга яқин аҳоли турли руҳий касалликлар туфайли тиббий клиникаларга мурожаат этиб туради. Мамлакатда руҳий хасталар сони 1995 йилга нисбатан сезиларли даражада ошган (ўша манба). Агар аҳвол етакчи давлатларда шу даражада бўлса, улар сафига қўшилмоқчи бўлган ўлкаларни нималар кутаётганини тасаввур қилиш қийин эмас.

 

* * *

Этноанъаналар ва тарихий-маданий қадриятлар бизни фақат ўтмишга боғлаб қолмай, сирли қўллари билан келажакка етаклайди, адашиш ва фожиалардан асрайди. Улар туфайли биз ҳаётни қадрлаймиз ва эъзозлаймиз. Нитше таъбири билан айтганда, “Биз тарихга занжирбандмиз, қаерга чопмайлик, тарих занжири биз билан бирга чопади” (Ницше Ф. Избранные сочинения. Том 2. Москва, “Мысль”, 1991. Стр. 6).

 

Бинобарин, ҳаёт этноанъаналар воситасида ўзгаришга юз тутади; агар модернизация уларга таъсир этолмаса, ислоҳотлар кутилган натижа бермайди. Бу ҳолатда мавжуд тартиблар билан новация, авлодлар ўртасида зиддиятлар, бир-бирини тушунмаслик кайфияти юзага келиши муқаррар. Янгиланиш – ижтимоий борлиғимизнинг атрибути ва мағзидир. Янгиланиш ва ўзгаришларга мослашар экан, инсон ҳаётдан завқ олади, умридан маъно топади. Уларга мослашмаганлар эса тараққиёт ғанимига; тушкунлик, норозилик бандисига айланади.

 

Этноанъаналар ўзгаришида икки жиҳат бор: 1) уларнинг ўзгармайдиган, авлоддан авлодга ўтарак барқарор тус олган ядроси; 2) кундалик талабларга (савдо-сотиқ, мода, ахборотлар таъсири) мувофиқ турланадиган, таҳрирга учрайдиган устки қисми. Масалан, тил, дин, турмуш тарзи, менталитет, этнопсихология – ядрога тааллуқли. Уларни ҳатто ижтимоий инқилоблар ҳам ўзгартиролмайди. Тўғри, революциялар ва ислоҳотлар баъзан ана шу ядрога ҳам тажовуз қилади; тан олиш керакки, бу борада маълум мақсадларга эришилади ҳам. Лекин бу ўзгариш халқ, миллатга жуда қимматга тушади. Этноанъаналар ядросининг ўзгариши халқнинг, миллатнинг ассимиляциялашувига олиб келади; азиятларга, йўқотишларга сабаб бўлади. Кишилар қалби, руҳиятидаги норозилик сабабларидан бири ҳам шудир.

 

* * *

Инсон мияси улкан ҳажмдаги ахборотни қабул қилиш имконига эга. Мутахассислар фикрича, ҳозирги пайтда одамзод шу имкониятнинг атиги 35 фоизидан фойдаланади. Бироқ ақлу идрокнинг қуввати турли халқлар кесимида фарқланади. Дейлик, Шарқда кейинги асрларда илмий-техник тафаккур хийла заифлашган. Демак, ақлу идрок имкониятининг этноменталитет билан боғлиқ жиҳати мавжуд.

 

Ташқи борлиқни, ён-атрофни ўзгартириш муаммо эмас, аммо этнотафаккурни ўзгартириш мудом мушкул кечган. Этноанъаналарнинг ўзгартирилиши фақат тарихга, маросимларга муносабат эмас, балки одамларнинг ҳаётга, турмушга, оилага муносабатлари инъикоси ҳамдир. Бизда бу муносабатлар ҳали чуқур тадқиқ этилмаган. Модернизацияни қўллаб-қувватлаяпмиз, демократия истилоҳи тилимиздан тушмайди. Лекин уларнинг этнотафаккур ва этноҳаётга акс таъсири ҳам борлигини пайқамаймиз, бу муҳим жиҳатга эътибор бергимиз келмайди. Эҳтимол, автократик бошқарув даврида этнотафаккурда шаклланган санохонлик, мадҳиябозлик ҳанузгача оқни оқ, қорани қора дейишга имкон бермаётгандир. Модернизация ва демократия, кези келганда, Шарқ халқлари ҳаётидаги барқарорлик илдизига болта ураётир. Мутлақ эркинлик, чегарасиз ҳақ-ҳуқуқлар этноҳаётга салбий таъсир этаётганини оилавий муносабатлар мисолида кўришимиз мумкин. Кейинги йилларда юртимизда ёш оилалар ажрими тобора кўпаймоқда. Бу ажримлар ташаббускорлари асосан аёллар бўлаётгани этноҳаётдаги ноанъанавий ўзгаришдир. Ўсиб бораётган иқтисодий жиноятларда хотин-қизлар иштироки ошаётгани, матбуотда ўз фарзандини пулламоқчи, ўлдирмоқчи ёки ташлаб кетмоқчи бўлган аёллар ҳақида бот-бот хабарлар чоп этилаётгани вазиятни теран нигоҳ ила таҳлил этишни тақозо қилади.

 

Янги давр бизга ислоҳотларда кенг қатнашиш, ўзлигини намоён этиш имконини берди. Лекин айрим замондошларимиз долғали жараёнлар этноанъаналарга беписанд қараш, оилавий қадриятларга тупуриш “ҳуқуқ”ини ҳам берди, деб ўйлашяпти, шекилли? Бу, аслида, инсон қалбидаги юқорида тилга олинган ҳаётга қарши исён, норозиликнинг бир кўринишидир.

 

Одамнинг ҳаётдан норозилигини фақат шахсий психологик ва ичкин кечинмалар билан боғлаш тор ёндашувдир. Унинг ижтимоий сабаблари ҳам мавжуд, албатта. Гоҳида ишсизлик, фикр эркинлигининг поймол этилиши, адолатсизлик, тамагирлик, саводсизлик ва бемеҳрлик каби иллатлар кишини ҳаётдан бездириши аён.

 

Ишсизлик, таъбир жоиз бўлса, миллий фожиамиз. Баъзи ҳудудларда ёшлар ўртасидаги ишсизлик 80 фоизгача боради. Шаҳарлардаги мардикор бозорлари ҳамон иш қидираётган қишлоқ ёшларига тўла. Хўш, ўша ёшларни ҳаётдан мамнун этиш учун нима қилмоқ керак?..

 

Фикр эркинлиги демократиянинг тамал тоши саналади. Юртимизда кейинги йилларда бу борада силжишлар кузатилмоқда. Президент халқ қабулхоналари, бош прокуратура ва вазирлар виртуал қабулхоналарининг очилиши халққа муайян масалалар бўйича ўз фикр-қарашини билдириш имконини берди.  Шу кунгача Президент қабулхоналарига бир неча миллион мурожаат ва таклифлар тушган, уларнинг салмоқли қисми ижобий ҳал этилган. Айни чоқда, ўз турмуш даражасидан норози тадбиркорлар ҳам кўп топилади. Президентимизнинг тадбиркорлик муаммоларига бағишланган исталган видеоселекторини олиб кўринг, фикримизни тасдиқловчи рақамларга дуч келасиз. Олган ҳосилидан қишу ёз меҳнат қилган деҳқону фермер эмас, яккаш бозорларни мулкига айлантирган кимсалар даромад кўрса, миришкорларимизни ҳаётдан мамнун дейиш мумкинми?

 

Ҳаммамиз супермаркетларга кириб турамиз. Маҳсулотлар нега уларда бозордагидан анча-мунча қиммат? Нега бутун республика бўйлаб ун, шакар, ёғ нархи бир кунда ошади-қўяди? Агар монополияга қарши кураш тартиби ўрнатилган бўлса, нега бу ҳол доим такрорланади? Ахир, бу аҳолининг турмуш даражаси ва иқтисодий сиёсатга муносабатига салбий таъсир қилади-ку! Давлат аҳоли қашшоқлигини камайтириш учун қайғураётган бир пайтда монополистларнинг хатти-ҳаракатини қандай баҳолаш мумкин?

 

Ҳаётдан мамнунлик, розилик, иқтисодчилар фикрига кўра, истеъмол саватига боғлиқ. Тоталитар тузум давридаги танқислик, истеъмол товарларининг чеклангани, шукрки, ортда қолди. Ғарбдагидек тўкин-сочин яшамасак-да, лекин биз ҳам истеъмолчиликни ҳаёт тарзига айлантираётган жамиятга айланиб боряпмиз. Ўзбекистонда қанча эканини билмадим-у, аммо дунёда ҳар куни 5 мингдан зиёд янги маҳсулот, истеъмол моли сотувга чиқарилади. ХХ аср ўрталаригача эса бир йилда ҳам шунча эмас эди. Француз файласуфи Жан Бодрийяр фикрига кўра, тўкинлик, истеъмолчилик жамиятни, кишини бахтиёр қилмас экан. Буни қарангки, у охир-оқибатда “толиқиш муаммоси”ни келтириб чиқариши мумкин. Бугун аксар постиндустриал жамиятлар асрнинг янги офати – истеъмолчилик касалига йўлиққан. Буни “жаҳон толиқиш муаммоси” деб аташ мумкин (Бодрийяр Ж. Общество потребления. Москва, “АСТ”, 2020. Стр. 289). Ғоят таажжубли ҳол – инсон тўкин-сочин, фаровон яшаш учун ишламаса, туну кун нима учун меҳнат қилади, тинмай янги-янги меҳнат қуролларини яратади? Фаровонлик, тўкин ҳаёт саодат, мамнунлик ато этмаса, уни нима рози қилиши мумкин?

 

Беихтиёр даҳо адиб Лев Толстойнинг ҳаётдан маъно-мазмун излаши ёдга тушади. У “Иқрорнома”cида ёшлигида турли маъсиятларга қўл ургани, ҳатто одам ўлдирганини тан олади. “Мен қилмаган гуноҳ қолмади”, деб ёзади адиб. Эллик ёшигача у қандай яшаш керак, деган саволлар исканжасида эзилади ва ниҳоят жавобни исавийликдан топади. Ҳаётий саволга у ҳаётий жавоб топиши керак эди, аммо у жавобни ғайриҳаётий трансцендентдан қидирди. Зотан, ҳаёт унинг саволларига қалбини тинчитадиган жавоб беролмаган эди. Бу – даҳо ижодкорларга хос парадокс. Бугун инсоннинг динга қайтаётгани ҳам шундай парадокс эмасмикан? Дин инсон қалбига, руҳига таскин, ҳаётдан қониқиш берадими? Наҳотки, инсон илк аждодларидек “идроки ожиз” (Б.Рассел) бўлгани учун ҳаёт муаммоларига жавобни ғайриҳаётийликдан қидирса?

 

Ҳаёт айрим шахс, ҳатто этнос истаклари асосида қурилмайди. Унинг англаш қийин, априори – тажрибадан хориждаги қонуниятлари бор. Айнан ушбу қонуниятлар инсон даркини ташвишга, изтиробга солади. Одамга фақат ушбу қонуниятлар доирасида, фақат уларга мослашиб яшаш имкони берилган. Ҳа, бу – инсон тафаккури ёқтирмайдиган қисмат. Ақлу идрок вақти-вақти билан мутеликка қарши Прометейдек бош кўтариб қолади. Аслида, Прометей исёни   –   инсон ақлу идроки учун бетакрор сабоқ (А.Камю), одамзод борлиғини ўзгартиришга қаратилган ўгит. Ундан ижтимоий инқилоблар учун ғоявий асос қидирмаслик керак, у шунчаки афсона. Аммо ақлу идрокни, иродани, ҳаётни янги мазмун билан тўлдирадиган афсона! Ҳаётнинг ўзи ҳам маълум бир маънода эртак, асотир. Биз уни қанчалик улуғламайлик ва эъзозламайлик, шууримиз тубида “ҳаёт – гўзал ва бетакрор афсона” деган фикр яшайди. Ҳаётдан розилигимиз ёки норозилигимиз гоҳо ушбу афсонага ишонишимиз туфайлидир. Инсон ҳаётни гўзал афсонага монанд қура оладими – мана, муаммо ва ҳикмат қаерда...

 

Виктор АЛИМАСОВ

 

Tafakkur” журнали, 2021 йил 4-сон.

“Ҳадсиз хавотирлар” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10786
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//