Заминдан юқорида ёзувчи шоир – Абдували Қутбиддин шеърлари таҳлили


Сақлаш
06:19 / 21.06.2023 860 0

МЕН: Бугунги ёшлар шеърияти ҳақида нима дея оласиз?

 

У: Янги ҳайратлар, янги мўъжизалар, янги шеърлар… булар кўнгилга фақат завқ бағишлайди. Лекин ёшлар ва кексалар шеърияти деган тушунчани хаёлдан қувинг. Ҳазрат Навоий болалигида ёзган ва Лутфий бутун асарларини алмашмоқчи бўлган мисралар ёдингиздадир? Хўш, ўша бир байт ёшлар шеъриятига мансубми, кексалар шеъриятига?..

 

МЕН: Аммо «Хазойинул маоний»да ҳазрат инсон умрининг йигирмадан ўттиз беш ёшгача бўлган даврини ёшликка нисбат берган эканлар. Назарда тутганим – ижодкорларнинг ёши шу фаслга мансуб. Уларнинг шеърлари бундан 20–30 йил муқаддам ёзилган шеърлардан руҳи, ташбеҳлари, хаёл қамрови билан фарқ қилади…

 

МЕН: 80-йиллар адабиётга кириб келган ёш шоирларнинг ҳаммаси ҳақида бирваракайига суҳбатлашиш имконсиз. Шунинг учун уларнинг биттаси ҳақида, ҳеч кимникига ўхшамайдиган ўз йўли, ўз оҳанглари, ўз хаёлот дунёси, ўзига хос ғайриоддий ташбеҳлар силсиласи билан шеъриятга кириб келган Абдували Қутбиддин ҳақида суҳбатлашсак.

 

Абдувалининг «Найсон» китобига ёзилган сўзбошида Рауф Парфи шундай дейди: «/У/ манзаралар, ташбеҳлар, рўёлар аралашувида фикр юритади. Оҳангларнинг турланиб туриши билан тасвир этилаётган воқеа руҳий ҳолатни ҳаракатга келтиради». Ҳақиқатан ҳам унинг шеърларини ўқир экансиз, баъзан ташбеҳ ва истиораларни тасаввурингизга сиғдиролмай ҳаприқиб қоласиз. Мутолаа давомида нурли бир завқ юрагингизни тўлдиради, оёғингиз остида ерни ҳис қилмай қоласиз, бутун дунёни, шахсий ўй-хаёлларингизни унутиб сирли тасаввурлар ва манзаралар оламига парвоз қиласиз. Асосийси, у гўё сизнинг орзу-армонларингизни, қувонч ва ҳасратингизни, хаёлларингизни куйлаётгандек бўлади. Муҳими шундаки, «Нима демоқчи» деган савол дафъатан шуурингизга келмайди. Гўзал хаёллар, гўзал сўзлар, гўзал оҳангдан сархуш бўлиб қоласиз, шундай ҳолат бўладики, «нима демоқчи?» деган саволга жавоб топишни ҳам истамайсиз. Балки истаган тақдирида ҳам кўпчилик ўқувчилар жавоб тополмас.

 

У: Унинг шеърларини кўпчилик тушунмаслиги масаласига келсак, буни ҳаммадан талаб қилиш гўдаклик бўлур эди. Гўзалликдан завқланиш, уни мушоҳада қилиш учун нозик дид, таъсирчан қалбдан ташқари қобилият ҳам бўлиши лозим.

 

МЕН: Фикрингизга қўшилишга тўғри келади. Немис файласуфи Кантнинг ўлимидан сўнг 76 йил ўтгач эълон қилинган ишларида шундай бир гап бор: «Биз ҳайвоний, руҳий ва инсоний ҳаёт кечирамиз. Биринчиси туфайли қувонч ва оғриқни ҳис қиламиз, учинчисининг шарофати билан ҳиссиёт орқали мулоҳаза қилиб роҳатланамиз, иккинчиси туфайли – фаҳмлаймиз ва завқланамиз.» Дарҳақиқат, инсон табиатида шулардан фақат биттасига устиворлик ато қилинган бўлади-ку.

 

У: Кантнинг хулосалари ўзимизнинг Шарқ файласуфлари фикри билан деярли ҳамоҳанг экан. Буларнинг таърифича инсонда уч сифат жамулжам: шайтоний, ҳайвоний, малаконий, яъни руҳоний. Юраги ва онгида учинчи сифат тантана қилганлар жуда озчиликни ташкил этади. Шунинг учун жамики юксак санъат асарларини ҳамма тушунмаслигидан, қадрламаслигидан беҳуда изтироб чекманг. Энди мавзуга қайтайлик.

 

МЕН: Абдувалининг шеърларини бир бошдан ёхуд ёзилган йиллари тартибида таҳлил этиш, менимча, мақсадга мувофиқ эмас. Унинг шеърларини руҳий, маъновий, мажозий унсурларига, ифодасига кўра мен ўзимча бир неча гуруҳга бўламан: лирик шеърлар, фалсафий-руҳий шеърлар, мусиқий шеърлар, заминий шеърлар…

 

У: «Заминий шеърлар» деганингизга тушунмадим.

 

МЕН: Бу шартли номлаш, ўзим учун. Менда шундай бир таассурот бор, Абдували шеърларини руҳан заминдан ажралиб, жуда юксакка чиқиб ёзгандай туюлаверади, чунки у ўз ҳиссиётларига ҳам, сўзларига ҳам, ташбеҳу истиораларига ҳам, қолаверса, сизга ҳам хаёли қанчалик парвоз қилиб билса – шунча юксакдан назар ташлаётгандай. Лекин шундай шеърлари борки, уларда у заминга тушади, ифодалаётган туйғуларига ана шу заминдан туриб назар ташлайди. Мана улар «Дарс», «Ҳақберди ва Мадина…», «Сўроқ», «Анонимкачи хусусида Маяковскийга мактуб», «Айнийни эслаб», «Севилмаган аёл», «Шоҳизинда», «Энгрнинг Одалиска асарига», «Тун», «Мен, Баҳодир ва балиқлар», «Гоя», «Тошлоқчалик Мастура биби ҳикояти», «Дарўом», «Армон», «Бобур», «Латифа». Мен Абдувалининг «Найсон» ва «Ҳумо» номли иккала китобига кирган барча заминий шеърларини санадим.

 

У: (китобни олиб ўқийди)

 

Юрагимнинг ёмғири –

Найсон.

Нурим, қорачиққинам,

Ерим, онажонгинам!

Умидимни етаклаб келдим,

Остонада турибмиз бирга…

 

МЕН: Доим сўнгги икки сатрни ўқисам – овунчоғини ипидан тутиб етаклаб олган, остонада маъсумгина жилмайиб турган болакайнинг сурати кўз ўнгимга келади.

 

 

У: Бу сурат шеърдаги самимият ва сизнинг таъсирчанлигингиз ҳосиласи. Шоирнинг қўйнида «битта тонг» – демак ёруғлик ваъда қиляпти, дилидан ашула қуйиляпти, завқ ваъда қиляпти. «Юрагимнинг ёмғири – Найсон» – найсон, бу баҳор ойларидан бири, афсонага кўра шу ойда ёққан ёмғир томчиларидан марваридлар ҳосил бўлармиш. Ана шундай ваъдалар билан Остонада турган шоир билан батафсилроқ танишсак.

 

МЕН: Ундай бўлса «Автопортрет» шеърини ўқисак…

 

У: Авто – мен, портрет – сурат, дегани, шундай экан буни шарқона қилиб «Шарҳи ҳол» деб номласа ҳам бўларди.

 

МЕН: (ўқийман)

 

Мен жуда ёлғизман,

Гўё қудуқда

Қовурғамгача сув, баданим оғу,

Билагим увушиб типирчилайди –

Мисли сўнгги нола, охирги ёҳу.

Мен жуда ёлғизман –

Қудуқдир жойим,

Безиллар, яшринар мендан чувалчанг,

Қурбақа, сен балки малаксан асли,

Не бўлар аслингга қайта олсанг.

Мен жуда ёлғизман –

Қўлимда нина

Тиламан, қазийман чуқурдан-чуқур.

Тепадан тош тўла пақир ташларлар,

Сўрарлар қилиб бер дея жавоҳир.

Мен жуда ёлғизман,

Азобим чексиз,

Қўлимда занглаган қадимий тақа.

Бўйнимга ёпишиб этар тавалло,

Аслига қайтолмай ётган қурбақа.

Мен жуда ёлғизман,

Тепадагилар

Кенгликда от суриб овлашар гуноҳ.

Мени тушунмаслар (фаҳм шарт эмас).

Аждарман

Ва исмим «Оҳ»дир менинг

«Оҳ».

 

У: Бу шеър армон ва изтиробнинг, ўзликни ифодалашнинг санъат даражасига кўтарилган намунаси. У ўз вужудида яшаётган икки одам – инсон ва шоир ҳақида гапиряпти. Тўғрироғи, вужуд ва руҳ ҳақида.

 

МЕН: Сиз даставвал кўз ўнгингизга келадиган суратни тасввур қилинг: чуқур қудуқда ёлғиз одам, яна қўлидаги нина билан ковлаб ҳам ётибди, қовурғасигача сув, атрофида чувалчанглар, бўйнига қурбақа ёпишган, ҳар замон тепадан тош тўла пақир ташлашади. Қандай фоже манзара. Рассом учун ноёб мавзу.

 

У: Бу зоҳирий сурат. Сиз ботиний суратга назар ташланг. «Мен жуда ёлғизман, Гўё қудуқда»: қудуқ – бу ҳаёт, дунё, қолаверса шоирнинг хаёлидан, руҳидан айро ҳолда одамлар орасида кечираётган умри, «қовурғамгача сув» – тириклик ташвишлари, «баданим оғу» – нега «вужудим» эмас деб сўранг, «бадан» – бу ерда вужуднинг ўзи, аммо шоир ундан нафратланади ва вужуд дегиси келмай, нисбатан қўпол сўз билан номлайди. Чунки у оғу, руҳга, хаёл эркига оғу. «Билагим увушиб типирчилайди» – тирикчилик учун типирчилаб елиб-югуриш шоир учун «сўнгги нола»дай изтиробли, чунки «билак»да турли маънолар билан биргаликда «меҳнат воситаси» деган ишора бор. Дастлабки бандда у «гўё қудуқда» деган бўлса, иккинчи бандда «қудуқдир жойим» деб аламли ишонч билан таъкидлаяпти. Бу таъкидда ана шу қудуқ – ҳаётга маҳкумлик изтироби бор. Шоир тақдирини ушбу қисматдан ажратолмаслигига иқрор. «Безиллар, яшринар мендан чувалчанг» – унинг наздида вужуди, ҳаёти шу қадар афтодаҳолки, ҳамма ундан қочади.

 

МЕН: Балки у одамлар ўртасидаги муносабатлардан ҳасрат қилаётгандир, ўзаро меҳру шафқат, ҳатто ишонч йўқлиги туфайли энг беозор одамлар ҳам – яъни чувалчангда беозорлик маъноси ниҳон – бир-биридан безиллаши, яширинишини айтаётгандир.

 

У: Шоир ўз шарҳи ҳолини ўз-ўзига изҳор қилаётганини унутманг, у ҳеч кимга ҳасрат қилаётгани йўқ. У сиз айтганингиздай юксакдан туриб ўз ҳолига назар ташлаяпти, холос. «Қурбақа, сен балки малаксан асли» – «қурбақа» совуқлик, хунуклик, эврилиш рамзи, шоир атрофидаги ўзига боғлиқ нарсаларни хаёлидагидай кўришни истайди, ҳарорат ва гўзалликни армон қилади. Ёхуд бир пайтлар руҳини тарк этиб, тирикчилик майлларига айланган латиф туйғуларининг аслига қайтишидан орзуланади. У осон умр кечираётгани йўқ – нина билан қудуқ қазишга ва шу билан ҳаёт қудуғига чуқурроқ ботишга мажбур. «Тепадан тош тўла пақир ташларлар» – «тепа» – ҳаётнинг қудуқ эканлигини ҳис қилмайдиганлар дунёси, аслида тепа йўқ, «тош тўла пақир» эса шоир имконсиз бўлган ҳаёт муаммолари, уларни жавоҳир қилишга на инсон, на шоир Абдувалида қодирлик ҳам, майл ҳам йўқ. Атрофдагилар тошни жавоҳир – қимматли фаҳмлайдилар. Ахир, жавоҳир ҳам моҳиятан тош-ку. Энг ёмони шоир буни билади ва изтироби ортади. Ёхуд бу мажозни вужуд истаги билан номатлуб туйғу ва майлларнинг эркка, покликка интилаётган руҳга тажовузи, деб тушуниш мумкин.

 

МЕН: Сиз ўз тасаввурларингиз ва мулоҳазаларингизни ушбу мисраларга мажбур тиқиштира бошламадингизми ишқилиб?

 

У: Гап мажбур тиқиштиришда эмас, гап ташбеҳлар, умуман шеър менда мана шундай шарҳни туғдирганида, сиз бутунлай бошқача фикрлашингиз мумкин.

 

МЕН: Ҳа, Кант: «Шеърият – фикрлар ўйинидир» деганда ҳақ экан.

 

У: У худди шундай деб хато қилган. Аммо «Мулоҳаза қобилияти танқиди» асарида хатосини «Шеърият тасаввурларнинг эркин ўйини санъатидир» деб тузатган. Эътиборингиз учун «Шеъриятдаги ташбеҳлар шакл ёхуд нимарсаларни аниқлаштиришга эмас, балки тасаввур туғдиришига ва уни ҳаракатга келтиришига хизмат қилиши лозим», деган сўзлар ҳам Кантники.

 

МЕН: Майли, таслим. Энди бу файласуфни тинч қўяман. Шеър ҳақидаги фикрларингиз чала қолди.

 

У: Тўртинчи бандда шоир ўз ҳолатига янада аниқроқ назар ташлайди. «Қўлимда занглаган қадимий тақа» – бу эрк орзуси, руҳнинг ҳаракат, фаолият орзуси, руҳ ёхуд хаёл отга миниб йўртиши лозим, унинг қўлида эса фақат тақа – хаёл отининг орзуси, «занглаган» – бу вақт рамзи, балки шоир умр бўйи умидвордир, бу орада орзу ҳам занглайди. «Тепадагилар кенгликда от суриб овлашар гуноҳ» – энди шоир атрофига назар ташлади, тепадагилар – қудуқда эканлигини ҳис қилмайдиганлар шоир наздида эмас, балки ўзларининг фикрича «кенгликда от суряптилар», бу аслида дунёнинг ёлғон алдовига учиш, чунки улар «гуноҳ овлашяпти». Гуноҳ – руҳ такомилига зид бўлган барча фаолиятлар. Ёхуд инсон Абдували шоир Абдувалига хиёнат қилишини қўймаётир. Чунки «мени тушунмаслар» – вужуд руҳни тушунмайди. Ёки атрофдаги одамлар шоирнинг ким эканлигини, изтироби, қайғуси, армонлари, умидларини англамайдилар. Ниҳоят, у юрагини ёради, ким эканлигини ҳайқириб айтади – «Исмим «Оҳ»дир менинг «Оҳ» – қийналаётган руҳнинг, хаёллар парвозининг, орзу умидларнинг исми. Нега «Аждарман»? Аждар – қудрат рамзи, у ўт-олов пуркай олади. Демак, ўша «Оҳ» беқиёс қудратга эга, кучли, агар бирор қалб унга бағрини очса, тушунса, у куйдира олишига ҳам ишонч ҳосил қилиши мумкин.

 

МЕН: Агар шеър қурилиши нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, «Аждар» ва «қудуқ»да узвий боғлиқлик бор. Халқ эртакларида қудуқда яшайдиган ёхуд баҳодирлар томонидан қудуққа қамаб қўйиб тошни жавоҳирга айлантириб беришга мажбур қилинган аждар тимсоллари бор. Шоир шу манзарадан фойдаланган бўлиши ҳам мумкин. Қурбақага эврилган малика ҳақида ҳам эртак бор.

 

У: Бу афсоналарнинг ҳаммаси армон, орзу, хаёл ҳосиласи эмасми, шоир шулар билан яшаса, нафас олса нима дейсиз. Асосийси, бу манзараларни у сизга янада гўзалроқ, янада сирлироқ, завқбахш қилиб тортиқ қилмаяптими?! Шоир талмеҳ санъатидан ҳам яхшигина хабардор экан.

 

МЕН: Талмеҳ – эртак, афсона, тарихий воқеа, қисса, машҳур қаҳрамонларга бевосита, мажозий, рамзий ишораларни ўз ичига олган шеърий санъат…

 

У: Биласизми, асосийси булар эмас, шеърда бошқа бир нарса бор. Эътибор қилинг: шоир ўз-ўзини, вужудий ва руҳий борлиғини тафтиш қиляпти, баданининг, ташқи оламининг афтодаҳоллигини айтяпти, кўнгил озодлигини орзу қиляпти, ўзлигини излаяпти, ҳали топмади ва фақат «Оҳ» деб номлади. Булар тасаввуф таълимотида комилликка етишишнинг бош йўли.

 

МЕН: Энди бутунлай ошириб юбордингиз. Абдували тасаввуф таълимоти йўналишидаги адабиётнинг рамз ва ташбиҳлари ҳақида ҳам махсус таълим олмаган. Шўро мактаблари буларни ҳали бери ўргатмайди. Тасаввуф ҳақида вақтли ва даврий матбуотда узуқ-юлуқ тушунчалар чоп этилган, холос.

 

У: Шундай бўлса ҳам шеърларини ўқиб кўрайлик:

 

Соҳибдилим – дилоро,

Аййит тўхтасин карвон.

Най пуфлаган қуюннинг

Энасими биёбон.

Соҳибдилим – дилоро,

Қайда у чашма гирён.

Жилға бўлган кўнглимни

Қуритиб бўлди мижгон.

 

Соҳибдилим – дилоро,

Кўзим менинг қулфмидур?

Очиб нигоҳим чиқса,

Чопган қилич зулфмидур?

 

Соҳибдилим – дилоро,

Қақнус гулхани қани.

Бор бўлса юзга суртай,

Ўтини ё кулини.

 

Соҳибдилим – дилоро,

Кўп риёзат чекдим-ку.

Ўзим кетдим. Йўлингга

Тоқатимни экдим-ку!

 

Соҳибдилим – дилоро,

Васлинг саробми, рўё.

Ҳофиз эмасман ишқда

Абдувалиман гўё…

 

Соҳибдилим – дилоро!

 

МЕН: Гўзал шеър, шундай эмасми. Яъни «Ҳеч қандай изоҳсиз ҳаммага ёқадиган нарса гўзалликдир».

 

У: Яна Кантми?

 

МЕН: Узр. Юқоридаги таърифлаганим – фалсафий-руҳий шеърларидан бири шу. Шеърдаги оҳанг руҳни аллалайди, фироқ ва дард эса қалбга лаззатли оғриқ бахш этади. Шоир ўз ёрига тўғридан-тўғри Ҳофизнинг «Эй карвон, оҳиста рон, ороми жонам меравад» деб бошланувчи ғазали таъсирида мурожаат қилган. Шунинг учун шеър аввалида «Ҳофизга» деб бағишлов қўйган.

 

У: Тўғри, Ҳофиз ғазалининг бевосита турткиси бор, аммо шоир сиз ўйлаётган дунёвий «ўз ёрига» эмас, ҳақиқий ёрига – Худога муножот қиляпти. Аслида шеърни мажозий маъносида ҳам, ҳақиқий маъносида ҳам тушунавериш мумкин. Аввалига мен «Соҳибдилим»ни ўқиб, Ҳофизга мурожаат қиляптими, деб ўйладим. Чунки филология фанлари доктори Нажмиддин Комилов таърифига кўра: «Соҳибдил – тариқатда юқори даражани эгаллаган, огоҳ, дард-ҳолли, қалби, дийдаси ҳамиша уйғоқ одам». Абдували тасаввуф ҳақида махсус таълим олмаган, дедингиз-а, бўлиши мумкин, демак у табиатан шу руҳга мойил экан.

 

МЕН: Ҳар ҳолда сиз яна бир марта ўйлаб кўринг, ХХI аср бўсағасида яшаётган, яна дунёдаги энг атеистик жамият фарзандининг шеърларини тасаввуфга боғлаяпсиз. Бундай ҳолларга бизда сиёсат кўзи билан қаралади.

 

У: Балли, мана сиз ҳам темир чорчўп ичида тарбия топганлигингизни исботладингиз. Айтинг-чи, муҳаббатнинг вақтга, жуғрофий ўринга, сиёсатга алоқаси борми? Шеъриятни сиёсат заррабини орқали таҳлил қилиш – юмшоқ айтганда жоҳиллик-ку. Фаранг ёзувчиси Стендал «Қизил ва қора» романида «Сиёсат – бу адабиёт бўйнига боғланган тошдир, орадан ярим йил ўтмасданоқ у бадиий асарни ғарқ этади» деган сўзларини сизга ўхшаган «эҳтиёткор»лар учун айтган.

 

МЕН: Энди бу, сиёсатни тўғридан-тўғри мавзу қилиб олган асарларга нисбатан айтилган.

 

У: Йўқ, адабиётга муносабат масаласига ҳам тааллуқли. Шундай муносабатлар оқибатида «сиёсий бадиий асарлар» пайдо бўлади ва бу бадииятнинг ҳам, инсон маънавиятининг ҳам таназзули. «Интернационализм, партия раҳбарлиги, ишлаб чиқариш, ишчи образи, деҳқон образи, кураш» – шуларми сизнинг адабиётни ўлчайдиган мезонларингиз?

 

МЕН: Шундай эди, энди ўзгаряпти.

 

У: Кўриниб турибди қандай ўзгараётгани, худо, тасаввуф, деган сўзларни овозингизни чиқариб айтишга қўрқяпсиз, десам ҳақорат бўлар – истиҳола қиляпсиз. Ахир булар виждонни соф сақлашга, дилни поклашга, илмга, комилликка, меҳру шафқатга, эзгуликка даъват-ку.

 

МЕН: Нима, шуларга менинг фаҳму-фаросатим етмайди, деб ўйлаяпсизми? Фақат сиз ўз нуқтаи-назарингиздан келиб чиқиб Абдували кўзда тутмаган маъноларни талқин этаётган бўлманг яна, деб андешамни билдирдим.

 

У: Сиз шу гапни иккинчи бор такрорлаяпсиз, бу шеърни орифона руҳда эканлигини англамаслик учун бола бўлиш керак. Мана, қаранг: шеърдаги «соҳибдилим» юқорида таърифи келтирилган «соҳибдил» эмас, дилимнинг эгаси, яъни – юрагимни забт этган дегани. Ушбу сифат билан чекланмай яна қайта мурожаат қиляпти – «дилоро» – дилимни номақбул ҳислардан тозаловчи, тўғри йўлга солувчи, яъни – Худо. «Аййит тўхтасин карвон» – бунда Ҳофиз ғазалидаги дунё карвонига ишора бор – карвон бевафо дунё сингари ўтади-ю кетади, у доим ҳаракатда, шоир «айт тўхтасин» деяпти – худодан бошқа ким дунёни, ҳаётни бир лаҳза бўлсин тўхтата олади? Энди шоирнинг дунёнинг тўхташидан нима ғарази бор, нимани англамоқчи, нимани излаяпти, деган саволлар очиқ қолади. «Най пуфлаган қуюннинг энасими биёбон» – бу ерда мажозий маъно: найдан таралган англаб бўлмас қуюн биёбоннинг фарзандими, яъни най – дардни изҳор қилиш воситаси, қуюн – қора ва англаб бўлмас кучли дард, биёбон – кимсасизлик, ҳамма нарсасидан ажраган сарҳадсиз, соҳибсиз юрак. Хуллас, бу дунёда эшитилаётган нола (яъни шоирнинг ўз овози, худога мурожаати) юракнинг ўз соҳибини топмаганидан эмасми, деб тушуниш мумкин. Энди ҳақиқий маъноси: най билан киритилган бу қийналган, саргардон қуюн янглиғ жонни ато қилган худоми (биёбонда чексизлик маъноси бор, худода ҳам), яъни сенмисан? Ҳаёт карвонини тўхтатишдан мана шоирнинг биринчи мақсади нима экан – ўз-ўзини англаш, юрагига назар ташлаб, у Тангрига тегишлими йўқми эканлигини англаш.

 

МЕН: Ҳар ҳолда бу руҳий ҳаракатларнинг Абдувалига нисбат берилаётгани менга ғалати туюляпти. Балки у ўз лирик қаҳрамонининг кайфиятига тушиб олиб шундай ёзаётгандир.

 

У: Лирик қаҳрамон деган нарса йўқлигини, сохта, бачкана атама эканлигини яхши билсангиз керак. Шоир шеърида ўзини ва фақат ўзини изҳор қилади. «Лирик қаҳрамон» тушунчасини алломаларимиз шоирнинг шахсига тегмаслик учун, айрим ҳолларда уни турли-туман сиёсий гумонлардан ҳимоя қилиш учун ўзга адабиётлардан ўзлаштириб олишган. Илтимос, мени чалғитманг.

 

МЕН: Қулоғим сизда.

 

У: Шоир яна савол беряпти: «Қайда у чашма гирён» – сиз «чашма гирён»ни интизорликдан кўзлари ёшга тўлган ёр деб тушунишингиз ҳам мумкин, чунки «чашм» – кўз, «гиря» – йиғлаш.

 

МЕН: Менимча, бу ерда «чашма» – ўз маъносида, яъни сув чиқадиган чашма, «гирён» – чашмадан чиққан сув тинимсиз айланади, шу ҳаракатга ишора бор бу сўзда, аммо мисранинг маъноси учун бирламчи аҳамиятга эга эмас.

 

У: Тўғри топдингиз, лекин «гирён» чашмадан чиққан сувнинг гир айланишига эмас, чашманинг ўзига тегишли, чашма – гирён, демак, у саросар айланиб юрибди, нега? Балки ер юзига чиқиш учундир, чиқса тинчгина оқаверади-ку. Шундай қилиб, у ҳали ер остида. Хуллас, «гирён» ҳам муҳим аҳамиятга эга экан. Энди шундай савол қўямиз: нега шоир ер остидаги чашманинг қаердалигини сўраяпти, у чашмада қандай ҳикмат бор?..

 

МЕН: Бунга Нажмиддин Комиловнинг «Тимсоллар тимсоли» мақоласидан жавоб топиш мумкин. «Ҳайвон суви деб гўё одамзод ичганда абадий умр топадиган афсонавий ер ости мамлакатининг чашмасини атаганлар. Тасаввуфда у ишқ-муҳаббат булоғи, ҳақиқат нурининг манбаини англатади».

 

 

У: Ана, энди ойдинлашди: демак, шоир «ҳайвон суви»ни қаердалигини сўраяпти, мақсади худога бўлган ишқ булоғидан симириш, вужудининг эмас, руҳининг ташналигини қондириш, ҳақиқат нурининг манбаига етишиш. Шоирнинг шу мақсад соғинчидан сув бўлган, «Жилға бўлган кўнгли»ни «Қуритиб бўлди мижгон» – сенинг йўлингда йиғлайвериб кўз ёшларим қуриди ёки киприкларим ичиб қуритди, деяпти. Мижгон нима? Бу дунё худонинг жамолидан иборат, барча жонли жонсиз, суратли, суратсиз нарсалар тангрининг зарраларидир. Изтироб, ранж, соғинч, ҳижрон, алам, қайғу ҳам шулар жумласидан – демак, Худони ёр десак, бу кечинмалар ўз-ўзидан ёр жамолининг безакларига айланади: қош, мижгон, хат, соч, зулф ва ҳоказо. Чунки уларнинг ҳам, буларнинг ҳам қиладиган иши битта – азоб бериш, яралаш, поралаш, кесиш, адо қилиш, шайдо қилиш. Энди аёнки «мижгон»дан – ҳаққа етиш йўлидаги ҳижрон, ранждан шоир кўнгли адо бўлган. «Кўзим менинг қулфмидур?» – бу мисра ҳам савол, ҳам жавоб – мен сенинг жамолингни кўрмаяпман, ҳали кўрман, сенга етишганим йўқ. Ёки даргоҳинг эшигидаги қулф – кўзимми, яъни дилимдаги кўзимми, шу орқали етаманми сенга? Яна бошқача англаш мумкин: менинг кўзим, дил кўзим, руҳ кўзим қулфланганми? Нима қулф вазифасини бажараётганлигини биз ўзимизча мулоҳаза қилишимиз ҳам мумкин: ҳали англанмаган ўзлик, дунёнинг ялтироқ, ёқимли неъматлари ва ҳоказо.

 

МЕН: Ташбеҳ ҳам гўзал. Юмуқ кўз, қабоқ – қопқаси ёпилган, бирлашган жуфт киприклар – қатор қулфлар, найзадор қулфлар. Англиялик файласуф Томас Карлейлнинг бир фикри бор: «Янги ташбеҳлар яратиб, уларга фалакдан Прометей янглиғ олов узиб жо эта оладиган илҳомли шоирларни биз, дунёнинг маърифат тарқатувчилари деб атаймиз».

 

У: Ҳақиқатан ҳам шоир тасаввурингизга берган ана шу гўзал манзара, қалбингизга бағишлаган завқ маърифат, деб аталади. Навбатдаги мисраларни ўқиймиз: «Очиб нигоҳим чиқса, Чопган қилич зулфмидур»; «нигоҳ» – ҳаққа, комилликка етишиш йўлидаги ҳаракат, «зулф»ни юқорида таърифладим, сени англай деб интилсам, шундай зуҳуротларинг борки, уларга шайдо бўламан (чунки зулф чиройли) ва охир оқибатда бу изтироб бўлиб ҳаракатимни қирқади. Ўзликка етишиш нақадар қийин. Бу ўхшатишга санъат сифатида назар ташласак: зулф ва қилични чоғиштириш анъанавий рамз. Аммо шоир бу ерда сурат эмас, гўзал ҳаракатни ифодалаяпти. Кўздан нигоҳ чиққани заҳоти зулф чопиб ташлайди. Устига устак нигоҳ кўринмайди – бевужуд, сезилмайди – беэпкин, чиққан заҳот чопиб ташланиши…

 

МЕН: Кейинги банднинг «Қақнус гулхани қани» мисрасидаги «қақнус» энди кўпчиликка таниш рамз. У тумшуғида уч юз олтмиш тешиги бор ва ҳар биридан ўзгача куй тарата оладиган афсонавий қуш. Минг йил умр кўргач, инида ўтириб сайрайди, ўз овозидан ўзи маст бўлади ва ёниб кетади. Сўнгра унинг куллари устига илоҳий бир қудрат билан ёмғир ёғади, кулдан тухум пайдо бўлади ва у шу тухумдан қайта дунёга келади. Менимча, шоир ёр ишқида, сизнингча илоҳ ишқида куйишга ҳам тайёр, куёлмаса ҳам шу йўлга кириб қақнуснинг «ўтини ё кулини» юзига суртмоқчи.

 

У: Шоир ўзлигини англашга, комилликка етишишга ёки ҳақ висолига етишга олиб борадиган йўлни сўраяпти. Бу ерда яна бир нозик маъно бор: қақнус ёнгач яъни ўлгач, қайта ҳаётга, янги ҳаётга восил бўлади. Тасаввуфда ҳам киши ўлгач, яъни ўз табиатидаги ғайрируҳий нопок майлларни ўлдиргач, қайта дунёга келади – покланади, комил инсон бўлади, дунёдаги барча ашёларга янги кўз билан, гўё янгидан туғилган одамнинг кўзи билан қарайди. Ўлиш ва қайта туғилишнинг маъноси шу. Шоирнинг «Қақнус» сўзини ишлатишдан шу ҳолатга ишора қилиш мақсади ҳам бор. Навбатдаги бандда тортаётган азобларини, шунингдек бу йўлда сабрли эканлигини тўғридан-тўғри муножот қиляпти. Сўнгги бандда ахийри «Васлинг саробми, рўё» деб шу йўлдаги барча риёзату ҳаракатлари самарасиз бўлганлигини нола қиляпти. Бошида «Соҳибдилим»ни ёрми, пирми, худоми деб бироз тараддудланувдик. Мана «Соҳибдил»га ниҳоят «Васлинг» дейилиши билан барча мурожаатларнинг ҳаққа, олий руҳга нисбатанлиги ҳам ойдинлашди. «Саробми, рўё» сўзлари шоирнинг шу хулосага келгани эмас, балки сўровдир. Чунки сенинг ишқингда Ҳофиздай, пирлардай даражага етолмасман, аммо бу йўлда мен бошқачаман, дегач, яна мурожаат қиляпти: «Соҳибдилим – дилоро!»

 

МЕН: Биласизми «Ҳофиз эмасман ишқда» мисрасини ўқиб менда шундай бир фикр туғилди: балки Абдували ёзишни орзу қилган гўзал шеърларига, умуман шеъриятга мурожаат қилаётгандир, балки у ифодалаган азобларини шеърият йўлида чекаётгандир, балки юрагининг эгаси – «соҳибдили» шеъриятдир, шеъриятга шайдодир, балки унинг ошиғлиги шеърият ишқи туфайлидир, балки шеърият йўлида қақнусдай куймоқчидир, балки сўнгги мисралари билан «шеъриятда Ҳофиз даражасига етолмасман, аммо мен Абдувалиман, бошқаман, менинг ўз йўлим, ўз овозим бор» демоқчидир.

 

У: Бундай: асосийси, шеърда ишқ бор. Шарқ шеъриятида ишқ сўзи икки маънога эга бўлиб келган. Адабиётшунос Иброҳим Ҳаққуловнинг шарҳ беришича: «Бири – мажозий, иккинчиси ҳақиқий ишқ. Мажозий ишқдан мақсад, одамга, мавжуд борлиқ ва табиат гўзалликларига йўналтирилган, шуларга доир дунёвий севгини акс эттириш бўлса, ҳақиқий ишқдан мурод худога бўлган илоҳий муҳаббатни баён қилишдир».

 

Сиз шеъриятга ишқ, дедингиз – тўғри, монеълигим йўқ, мен худога ишқ, дейман – бу ҳам тўғри бўлиб чиқади, сиз Ҳофизга, унинг шеъриятига ишқ, денг – қабул қиламан, мен шоир хаёлидаги, етолмаган ёрига ишқ, дейман – буни ҳам рад этолмайсиз, сиз фуқароси бахтиёр олий бир жамиятга ишқ денг – ишонаман, мен ҳақиқатга, адолатга ишқ дейман – имоним комилки сиз ҳам қўшиласиз. Шеърга ҳаёт бахш этиб турган иккинчи унсур – дард. Дард эса, Навоий таъбири билан айтганда қалб чироғини ёқади ва ғафлат уйқусини қувади. Маърифат ана шу…

 

1989 йил.

 

Азиз САИД

 

“Ғойибдан дўст билан суҳбатлар” китобидан.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//