Энди Беҳбудий билан чатлашаман, Ибрат IELTS га тайёрлашда америкаликларга ҳам дарс берарди, Фитрат – энг зўр мотиватор – ёшлар жадидлар мутолаасидан кейинги хулосалари билан бўлишдилар


Сақлаш
03:11 / 20.06.2023 840 1

Ҳал қилувчи куч, эртамиз эгалари, бизнинг авлодларимиз – катта авлод ёшлар ҳақида шундай сифатлар билан гапиради. Ёшлар-чи?  Эрта эгалари бўлиш учун тайёрми? Нималар ҳақида ўйлашади? Келажак орзулари, бугун учун режалари қанақа?

 

Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ ёшлар “ота-оналари орзу қилган серчиқим тўйлардан”, “эскирган стереотиплардан” нолиган,  “замонавий билимлар олишни”, “эркин бўлишни” хоҳлашини, “ота-она билганни фарзанд билмайди, ота-она фарзанди учун энг яхши нарсани беради” деган тушунчалар бугунги кун ёшлари учун тўғри келмаслигини таъкидлайди.

 

100 йил олдин яшаган жадид боболаримиз ёшларнинг бу қарашлари, фикрлари борасида нималар деган? Қандай жавоб қайтарган бўлар эди? Қуйида Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан чоп этилган жадид боболаримизнинг митти китобчаларини Ўзбекистон Миллий университети талаба ёшлари мутолаа қилиб, ўз саволларига қандай жавоб олганини билиб оламиз.

 

 

Асилбек Турғунов:

 

– Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ёшларға мурожаат”  кичик тўпламини ўқиб чиқдим. Тўғриси, ҳайрон қолдим. Мен доим “Ёши катталар бизни тушуниши қийин, замонавий фикрламайди”, деб ҳисоблардим. Лекин китоб орқали 100 йил олдинги боболаримизнинг қарашларини ўқиб, кўп саволларимга жавоб олдим. Беҳбудий ота-оналарга қарата, келаётган замонга мос тарзда болаларингизга илм ва фан ўргатинг, деqlb. Ҳозирда кўп ёшларнинг ИТ, чет тилларини ўрганишга қизиқиши баланд, сабаби бу замон талаби. Замонга қараб соҳаларга қизиқиш ҳам ўзгариб бормоқда.

 

Аксар дўстларимнинг ота-онаси ўғлининг орзу-ҳавасини кўриш деганда унга дабдабали тўй қилиб беришни тушунади. Мен орзу-ҳавас деганда замонавий билимларни эгаллаб, ўз шахсий бизнесим, қўлимда маблағим бўлишини, дунё кўришни тушунаман. Жадид бобомиз ҳам ўғил тўйига сарф этадиган “ақчалар”ни илм йўлига сарф этинг, ўғлингизга илм ва тарбия мерос қолсин, дейдилар.  Чунки, менимча ота-онанинг орзуси ҳам илмли ва тарбияли фарзанд бўлиши керак, фақатгина савлат тўкиб ўтирган куёв, тиллага бурканган келин эмас.  

 

Беҳбудий илк театрни ташкил қилган, бепул кутубхона, зиё масканлари... Шуларни ўқиб, ўйлаб қолдим. Мени бугун кетаётган, бораётган манзилим қаер? Университетда ўқияпман, нималардир ўрганяпман, ижтимоий тармоқларда фаолман... Лекин қай бири мени ҳақиқий инсон даражасига олиб чиқади? Шу ҳақида фикрлай бошладим...

 

Беҳбудий назарича, маърифат учун биргина мактаб кифоя қилмайди, замон ва дунё воқеалари билан танишиб бормоқ, миллат ва ватаннинг аҳволидан, кундалик ҳаётидан огоҳ бўлмоқ керак. Бинобарин, жадид бобомиз миллат аҳволи учун бир ойна керак, унда ўз қабоҳатию малоҳатини кўра олсин, дея қайғурган ва “Падаркуш” саҳналарда қўйила бошлаган. “Падаркуш” фожиаси ҳозир ҳам долзарб. Мен ўйлайманки, бугун ҳам китоб ушламаган қўллар ота-онасини қайсидир маънода пичоқсиз “сўядиган” ишлар қилмоқда.

 

“Миллатни кемирувчи иллатлар” мақоласи жуда ёқди. Беҳбудий тўй ва азани шундай иллат қаторига қўшган. Орадан 100 йил ўтса ҳам бу фикрларнинг биронтаси эскирмаган. Ўйлайманки, бу китобчани ўқиб чиққач, ёшлар “Беҳбудий” билан жуда яхши  тил топишишлари, фикрдошга айланишлари мумкин. Масалан, энди мени кўп масалаларда “чат”лаша оладиган дўстим бор. 

 

 

Шаҳло Йўлдошбоева:

 

– Мўжазгина бу китоб қўлимга тушганидан жуда хурсандман. Жадидлар ҳаётига қизиқаман, шу сабаб китобни тилла топгандек қувонч билан ўқидим. 

 

Ибратнинг ота-онаси Жунайдуллахўжа ва Ҳурибиби даврининг ўқимишли кишиларидан бўлган. Унинг онаси Ҳурибиби мактабдор бўлиб, фақат ёдлатиш билан чекланмай, қизларга ёзишни, ҳуснихатни ҳам ўргатган. Ибратнинг ўзи ҳам биринчи устози онаси эканлигини кўп бора таъкидлаган. 

 

Мен инглиз тилини яхши биламан, тил бўйича билимларимни яна кўтариш учун доим ҳаракат қиламан, ўқийман. Ҳозир IELTS имтиҳонларига тайёрланмоқдаман. Бунинг учун барча шароитларим бор. Лекин Ибратнинг ҳаёт йўлини ўқиб чиқиб, агар Ибрат ҳозир тирик бўлганда, бунақа имтиҳонларга тайёрлашда дунёда етакчи бўларди, деб ўйлаб қолдим. Чунки ўз даврида кўп адабиёт ва луғатлар етишмаслигини кўрган Исҳоқхон Ибрат бу талабни қондиришга ҳаракат қилган. Масалан, унинг “Луғати ситтати алсина” луғатини яратиб, икки жилдда тақдим етгани миллат олдида катта хизматларидан биридир.. Луғат олти тиллик, ўзбекча сўзлар араб, форс, турк, ҳинд ва рус тилларидаги таржимасини ўзида жамлаган. 

 

Жадидлар ҳаётини ўрганишни ўз вазифам деб биламан. Яқин кунларда бу масала бўйича ҳам бир қатор мавзуларни олиб чиқмоқчиман. Ҳар бир ўзбек, албатта жадидлар ҳақида билиши, ўрганиши шарт. Давр ўзгараверади, миллат тараққий этиши учун эса, албатта,  ҳар бир авлод жадид бўлиши керак.

 

Робия Абдуғофурова:

 

– Бир халқнинг юксалиши, тараққий этиши учун унга етакчи(лар) керак. Ривожланиш йўлида халққа йўл кўрсатадиган, зулматда нур бўладиган ойдинларга доим эҳтиёж сезилган. Жадидларнинг шиорини биласизми? Уларнинг шиори “Жасорат. Маърифат. Фидоийлик” эди. Халқ маърифатини юксалтириш, ижтимоий-сиёсий онгини ўстириш, қарамликдан чиқиб мустақилликка эришиш каби бир қатор ишларни ўзларига мақсад қилиб олишган эди. Aна шундай ойдинлардан бири Муннавар қори Aбдурашидхоновдир.

 

Мунаввар қорининг менга энг кўп таъсир қилган ҳикояси бу “Қандай қуллик тушди”дир. Унда муаллиф халқлар қандай қилиб қарам бўлиб қолишгани, ўз эркинини қандай қўлдан бой бергани образли тарзда оддий усул билан ёритиб берилган. Бу уни ўқувчига тушунишига қийинчилик туғдирмайди, энг асосийси эса моҳиятни англашига сабаб бўлади. Маърифатпарвар бобомиз яна шундай дейди:

 

Ёвинг кимдир, биласанми?

Нодонликдир, ялқовликдир,

Ёвга қарши курашмаслик –

Қўрқоқликдир, анқовликдир!

 

Ҳозир ёшларда баъзан ялқовлик, дангасалик устунлик қилиб, мақсадларига, орзуларига етишида тўсиқ бўлади. Бобомиз бу иллатни йўқ қилиш учун курашмасликни — қўрқоқлик, демоқда. Мунаввар Қори Абдурашидхоновнинг “Хитобномаси” биз ёшлар учун яхши устоз вазифасини ўташига ишонаман. 

 

 

Нодирбек Эркинов:

 

– Абдулла Авлонийнинг “Сўйласанг сўйла яхши сўзлардин” номи остидаги китобни ўқиб чиқдим. Авлоний фаолияти билан таълим жараёнида танишган эдик. Лекин бу сафар маърифатпарвар бобомизнинг мақолалари, фикрларидаги иқтибосларни катта ҳаёжон билан ўқидим. Ҳар сўзда, насиҳатда ўзим ва тенгдошларим кўз олдимда гавдаланди.

 

Ҳозир ижтимоий тармоқда, дўстлар даврасида, баъзан ҳазил, баъзан чин деб ўйламай кўп гапларни айтиб юборамиз. Интернет олами-ку, ҳозир “сўзлар қабристонига” айланиб бўлган. У ерда она тилимиздаги чиройли сўзларни бузиб ёзиш ҳайратланарли бўлмай қолган. Бобомиз:

 

“Сўйласанг сўйла яхши сўзлардан,

Йўқса жим турмоқинг эрур яхши”, деб хитоб қилади.

 

Авлоний жисм, фикр ва ахлоқ тарбияси ҳақида гапирар экан, улар ўзаро бир-бири билан боғлиқлигини англаб етдим. Масалан, жисмини нопок нарсалардан (ичиш, чекиш ва б.) сақламаган инсоннинг фикри ҳам тиниқ, мазмунли бўлиши қийин. Руҳ, фикри пок инсон билан ахлоқ ҳақида гаплашиш ўринли. 

 

Тан олиш керак, биз ҳаммаси тез бўлишини истаймиз, насиҳат баъзан ёқмайди. Лекин мен қуйидаги сатрларни ўқиб, анча хушёр тортдим:

 

Насиҳат бўлса холи гар ғараздан

Ач(ч)иғ дору каби сақлар мараздан.

 

Ҳақиқатан ҳам, ўринли, фойдали насиҳат одамга тўғри йўл топишга, ортиқча вақт сарфлаш, зарарлардан сақланишга кўмак берар экан. Мен бу китобчани қайта-қайта ўқиб чиқмоқчиман. Чунки китоб орқали Авлоний бобомиз бизга демоқчи бўлганларини ҳали яхшилаб англаб олишимиз, мағзини чақишимиз лозим экан.

 

 

Насибахон Аҳрорхўжаева:

 

– Фитратнинг “Нажот йўли” китобини ўқиб чиқдим. Энг катта олган таассуротим – Фитратнинг ёшларни илм олишга, юрт қайғуси билан яшашга, ҳаракатдан тўхтамасликка чорлаши бўлди. 

 

Тенгдошларимиз орасида ижтимоий тармоқлардан турли мотиваторларни эшитиш ҳозир “мода”. Лекин биз учун 100 йил олдин яшаган Фитратнинг ғоялари, шеърлари жуда катта мотивация вазифасини бажара олар экан. Қаранг, Фитрат “Ўгут” шеърида шундай демоқда:

 

Турма – югур, тинма — тириш, букилма — юксал, 

Ҳуркма — кириш, қўрқма – ёпиш, йўрилма — қўзғал.

 

Бугун кўп ёшлар катталарни олдига бориб мақсадим, орзуларим, фикримни айтсам, улар барибир тушунмайди, деган ҳадик билан яшайди. Фитрат эса “қўрқма – ёпиш”, демоқда. Яъни, мақсад учун шубҳаланиб, қўрқиб, иккиланиб турмасдан дадил қадам ташлашга ундамоқда. Яна шундай сатрлари бор:

 

Ел йўлини тўсиб турган эски булутларни

Ёндириб қўй, йиртиб ташла, барчасин йўқ эт.

 

Тўғриси, шу китобчадаги ҳар бир сўз мен учун бугун ижтимоий тармоқларда юзлаб семинарлар қилаётган, онлайн курсларини қимматга пуллаётган “мотиватор”лардан минг карра устун таъсир кучига эга бўлди.

 

У “Оғир йигит, сенинг гўзал, нурли кўзингда, Бу миллатнинг саодатин, бахтин ўқудим”, дейди. Баъзан бундай сўзларни  “патриот”ликми деб, кулгуга олишга одатланган эдик. Лекин ўйлаб қарасак, чет элга кетамизми, бошқа элда ўқиймизми – фарқи йўқ, барибир ота-онамиз томон талпинамиз. Қаерда бўлмайлик “Миллатинг нима?”, “Кимлардансан?” деб сўрашади. Шундай экан, бу миллат, бу ватан эгаси сифатида бугун ҳар бир ҳаракатимизни мақсадга, мақсадларимизни амалга айлантиришимиз лозим. Бунда бизга жадид боболаримиз босиб ўтган йўл катта мактаб вазифасини ўтайди.

 

Ситора БАРЛИБОЕВА ёзиб олди.

 

1 Изоҳ

Jumayev Avazbek

12:01 / 01.01.1970

Maqola sarlavhasi va promotioniga gap yo'q.Yuqoridagi slogandan meni ham maqolani o'qigim kelib qold.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//