Бу воқеа олис 1956 йилда рўй берган. Ўша йиллар шўролар империяси тепасига келган Никита Хрушчёв мусулмон олами билан алоқани яхшилашни ўйлайди. Унинг асл мақсади бу борада рақобатчи АҚШни ислом оламидан сиқиб чиқариш эди. Сираси, “мусулмон олами билан дўстлик” шиори ҳар икки империя учун шунчаки ниқоб эди, холос. Икки зўравон салтанатни араб минтақасидаги нефть конлари чандон қизиқтирарди.
СССР раҳбарининг буйруғидан кейин араб давлатлари билан яқин дипломатик робиталар ўрнатиш жараёни бошланди. Давлат хавфсизлик қўмитасининг (КГБ) тавсиясига амал қилган Ташқи ишлар вазирлиги советларга анча хайрихоҳ ҳисобланган Ливан (Лубнон) давлатига алоҳида эътибор қаратди. Маълум “борди-келди”лардан кейин Ливаннинг таниқли арбобларидан бири, парламент депутати, газета ношири Шайх Надим ал-Жиср Совет Иттифоқига ташриф буюришга розилик билдиради.
Шайх Надим ким эди?
Шайх Надим ал-Жисрнинг насаби ҳам арабий, ҳам туркий илдизларга бориб тақалади. 1897 йили Ливаннинг Триполи (Тароблус) шаҳрида эътиборли оилада туғилган Надим дастлабки таълимни отасидан олади. Кейин Хумс ва Байрутда ўқийди. Триполига қайтиб, илмий ва адабий ижод билан шуғулланади. 1922 йилдан суд тизимида ишлайди, йиллар ўтиб судья, прокурор мақомига кўтарилади. Кейинчалик барча мансабларидан истеъфо бериб, отамерос илм билан шуғулланади, адвокатлик қилади. Надимнинг акаси Муҳаммад ал-Жиср 1932 йили ўша кезлар Франция протекторати ҳисобланган Ливан президентлигига номзодини қўяди. Қонун бўйича давлат раҳбари парламент томонидан сайланиши керак эди. Парламентда Муҳаммад алЖиср тарафдорлари кўплиги аниқ бўлиб қолгач, мусулмон кишининг мамлакат раҳбари бўлиши олдини олиш учун французлар конституцияни бекор қилиб, парламентни тарқатиб юборишади. Шу воқеадан кўп ўтмай Муҳаммад ал-Жиср вафот этади.
Акаси ўлимидан кейин бутун хонадон ташвиши ва отаси томонидан ташкил этилган диний марказ ва газетани бошқариш, сулола эгаллаб келган мақом-мавқени муҳофаза этиш Шайх Надим елкасига тушади. Ислом фалсафаси ва қонунчилигига оид ўнлаб асарлари туфайли нафақат Ливанда, бутун араб оламида шуҳрат қозонади. Ҳатто Марокаш қироли 1955 йили уни ўз мамлакатига таклиф қилади. Шайх Надим парламент депутати, Триполи ва Шимолий Ливан муфтийси этиб сайланади. Ушбу нуфузли сулоланинг яна бир вакили Тожиддин ас-Солиҳ 1973 йилда мамлакат бош вазири бўлган. Кўриб турибмизки, бу оила Ливанда юксак мавқени эгаллаган. Шўро ҳукумати шу сабаб ҳам Шайх Надим ал-Жиср номзодини танлаган эди.
Совет ҳукумати тузган режага кўра, лубнонлик меҳмон Москвадаги олий таълим даргоҳларига, шунингдек, Киев, Ялта, Сочи шаҳарларига бориши керак эди. Дастурга Ўрта Осиёдаги бирон бир совет республикасига ташриф киритилмагани кишини ажаблантиради.
Тез кунларда Москвага учиб келган Шайх Надим ал-Жиср меҳмонхонада ташриф режаси билан танишар экан, сафар дастурига Имом ал-Бухорий қабри зиёратини ҳам киритишни сўрайди. Аммо ўша заҳоти рад жавобини олади. Унга ташриф дастури совет ҳукуматининг олиймақом раҳбарлари томонидан тасдиқлангани, бинобарин, ўзгартириш киритиш мумкин эмаслиги айтилади. Аммо Шайх Надим бўш келмайди. “Агар дастурга Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиш киритилмас экан, мен ҳозироқ Байрутга қайтиб кетаман”, дейди. Вазиятдан СССР ҳукумати раҳбари Николай Булганин хабардор қилинади; у Хрушчёв билан маслаҳатлашгач, меҳмоннинг ҳар қандай талаби қондирилсин, дея фармон беради. Бу орада хавфсизлик қўмитаси вакиллари СССР Фанлар академияси билан боғланиб, Имом Бухорий ҳақида қисқа маълумот олади. Ана шундан кейин ташрифга масъул шахслар Шайх Надим зиёрат қилишни истаган мақбара жойлашган Ўзбекистон раҳбарлари билан боғланишади.
Бухорий қабри қаерда?
Тошкентдаги ҳукумат вакиллари имомнинг нисбаси Бухорий бўлса, демак, қабри ҳам ўша шаҳарда бўлса керак, деб ўйлашади. Кўп ўтмай Бухорийнинг қабри Самарқандда экани аниқланади. Имом Бухорий мангу қўним топган Хартанг қишлоғига шошилинч махсус гуруҳ жўнатилади. Аммо... аммо бутун Ислом оламида мўътабар саналган мақбара ҳам, унинг ёнидаги масжид ҳам ташландиқ аҳволда экани маълум бўлади. Қадамжони қисқа муддатда ҳурматли меҳмон зиёрат қилишига лойиқ ҳолга келтириш амримаҳол. Қолаверса, турбат атрофидаги қишлоқ ҳам хароб аҳволда эди. Самарқанд Тошкентга, Тошкент эса Москвага мавжуд аҳволни тушунтиради.
Москва Тошкентни қаттиқ тергайди. Аммо, наилож, бирон бир чора ўйлаб топиш зарур эди. Хавфсизлик хизмати вакили “Меҳмонни самолётда эмас, поездда жўнатиш керак” деган таклифни ўртага ташлайди. Яъни самолёт Ўзбекистонга бир неча соатда учиб борса, поезд Москвадан Самарқандгача 4 кунда етиб келади. Ушбу муддат ичида мақбара зиёратга шай қилиб қўйилиши керак. Москва топшириғини олган Тошкент Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний идораси раҳбари, муфтий Зиёвуддинхон Бобохоновни ҳам бу ишга жалб этади. “Тезлик билан бориб, ўзингиз бу ишга бошчилик қилинг”, деб уни Самарқандга жўнатишади.
Хартангда кечани кеча, кундузни кундуз демай вайрона ҳолдаги мақбарани эпақага келтиришга киришилади. Аммо барибир мақбарани меҳмонга кўрсатишга лойиқ аҳволга келтиришнинг иложи йўқ эди. Самарқанд нима қилишни билмай Тошкентга қўнғироқ қилади. Бирон йўли топилмаса, эртага Москва Тошкентниям, Самарқандниям қаттиқ партиявий жазо билан “сийлаши” тайин эди. Тошкент Шайх Надимни бир кун пойтахтни кўрсатиш баҳонаси билан олиб қолишини айтади. “Уёғига сизлар жавобгар”, дейилади Самарқанд раҳбарларига.
Самарқандлик “маслаҳат устаси”дан бошқаларнинг назарида ақлли бир таклиф чиқади. “Меҳмонни дарров Хартангга олиб бормай, кун давомида Самарқандда олиб юриш керак”, дейди у. Демак, тонгда тайёрада учиб келадиган Шайх Надимни куни билан Самарқандда айлантириб, қоронғи тушганда Хартангга олиб бориш керак. Тошкент ҳам бу режани маъқуллайди.
Бир кун олдин Ўзбекистон пойтахтида бўлган Шайх Надим тонгда Самарқандга учиб келади. Энди уни қадимий шаҳар томошасига таклиф қилишади. Шайх Самарқанднинг Ислом ва Шарқ тамаддунида қандай салмоқли ўрин тутишини яхши биларди. Шу сабабдан, бир замонлар олис боболарининг изи қолган Туркистоннинг гавҳари бўлмиш шаҳарни завқу шавқ билан зиёрат қилади. Шоҳизинда мажмуида узоқ йиллар қоровуллик қилган қариянинг эслашича, ливанлик меҳмон Ҳазрат Қусам ибн Аббос турбатида узоқ вақт қолиб, Қуръон тиловат қилади.
Чокардиза қисмати
Бобур Мирзо ўз ҳасби ҳоли баён этилган китобида бу заминнинг Ислом тарихидаги ўрни ҳақида фахр билан ёзган эди: “Ҳазрати Рисолат замонидин бери ул миқдор аиммаи исломким (яъни шунча миқдор ислом олими), Мовароуннаҳрдинким пайдо бўлубтур, ҳеч бир вилояттин маълум эмаским, мунча пайдо бўлмуш бўлғай. Шайх Абумансурким аиммаи каломдиндур (калом илмининг олимидир), Самарқанднинг Мотрид (Мотурид) отлиқ маҳаласидиндур. Аиммаи калом икки фирқадур, бирни мотуридия дерлар, бирни ашъария дерлар. Мотуридия Шайх Абумансурға мансубдур. Яна соҳиби “Саҳиҳи Бухорий” – Хожа Исмоил Хартанг ҳам Мовароуннаҳрдиндур. Яна соҳиби “Ҳидоя”ким, Имом Абу Ҳанифа мазҳабида “Ҳидоя”дин мўътабарроқ китоби фиқҳ кам бўлғой. Фарғонанинг Марғинон отлиқ вилоятидиндур, ул ҳам дохили Мовароуннаҳрдиндур”.
Не тонгки, Имом Бухорийдек табаррук зотнинг мозори нечоғли хароб аҳволда бўлса, Бобур Мирзо тилга олган икки улуғ аллома – Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ва Шайх Абу Наср Марғиноний турбатлари ундан-да баттар ҳолда эди. Агар Шайх Надим ҳамроҳларидан бу мўътабар зотларнинг мозорларига олиб боришни сўраб қолганида, улар меҳмонни қаерга бошлаб боришни ҳам билмай саросимага тушган бўлардилар. Чунки ул зотларнинг мозорлари рус босқини ва шўро тузуми даврида унутилган, топталган, бир даврлар уларнинг қабри бўлмиш қадимий Чокардизанинг катта қисми 1947 йили аҳолига берилган эди.
Аслида, Чокардизанинг фожиавий қисмати Бухоро амири Насрулло даврида бошланган. 1840 йилларда амир Самарқанддаги исломни қабул қилган ва халқ орасида “чала” деган ном олган яҳудийларга кўҳна мозорнинг бир чеккасини ажратиб, яҳудий маҳалласи ва қабристонини барпо этишга рухсат берган эди. Бу нодонлигу жаҳолат оқибатида қанчадан-қанча азиз уламолар хоки яҳудийлар тиклаган ҳовли-жойлар остида қолиб кетади. Ўша кезлар ҳатто айрим ҳовлиларнинг саҳни машҳур уламоларнинг қабртошлари билан ёпилгани тарихдан маълум. 1878 йили “чала”ликни аллақачон унутган қавм Чокардизада девор тиклаб, ўз қабристонларини алоҳида қилиб олади. Бу ерда “Канесои калон” – синагога ҳам тикланади.
Ҳарбий қалъа – Чокардиза яқинида жойлашгани сабаб қабристон кейинчалик шу ном билан атала бошлаган. Шарқ оламида 99 қатли мозор деб номланган Шоҳизинда каби Чокардиза ҳам юртимизда етишиб чиққан буюк инсонларнинг сўнгги манзили сифатида қадрлидир.
Самарқанд тарихига оид “Қандия”, “Самария”, “Китоб ул-ансаб”, “Фасл ул-хитоб” ва бошқа китобларда, вақфномаларда Чокардиза тарихи ҳақида жуда кўп қимматли маълумотлар мавжуд. Хусусан, Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг “Самария” китобида мозорнинг пайдо бўлиши ҳақида бундай ёзилган: “У ер тубда (яъни аввал) имоми зоҳид Абу Исҳоқ бин Иброҳим бин Саммоси Мутаваъийнинг боғи экан ва ўзи ҳам ўша ерда кўмилган экан”. Имом фарзандсизлиги сабабли ўлими олдидан боғини садоқатли шогирди, кейинчалик буюк фиқҳ олими даражасига етган Имом Абу Лайс Самарқандийга васият қилиб қолдиради. Оллоҳ берган муддати етиб ҳазрати Абу Лайс қазо қилганда ҳам унинг сўнгги манзилгоҳи шу боғ бўлади. Айни шу буюк инсонлар ётган боғдан Чокардиза тарихи бошланади.
Нишопурдаги маломат
Ҳазрати Имом Бухорий қандай қилиб Самарқандга келиб қолган, нима учун бундай қутлуғ зот Бухоро ёки Самарқанд каби улуғ шаҳарларда эмас, бир чеккадаги Хартанг қишлоғида дафн этилган? Бу саволларга жавоб топиш учун Ҳазрати Имомнинг Бухорога қайтиши ва у ерда содир бўлган воқеаларга назар ташлайлик.
Исми Муҳаммад, куняси Абу Абдуллоҳ, лақаби имом ал-муҳаддисийн (муҳаддисларнинг имоми, пешвоси) ва насаби Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ибн Бардазбеҳ ибн Базазбеҳ бўлмиш Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи она шаҳрини 16 ёшида онаси ва акаси Аҳмад билан ҳаж ниятида тарк этган эди.
Бухорода 194 ҳижрий сана, шаввол ойининг 13-кунида (810 милодий сана, 21 июлда) дунёга келган Муҳаммад отасидан эрта айрилиб, диёнатли, оқила ва фозила аёл бўлмиш волидаси қўлида тарбияланган. 9-10 ёшидан бошлаб Бухоронинг таниқли муҳаддисларидан, аввало, донишманд ад-Дохилийдан сабоқ олган. 16 ёшида Ҳижози шариф томон йўлга чиққан. Ҳаж ибодатини адо этгандан сўнг онаси ва акасини Бухорога қайтариб юбориб, ўзи Маккада қолган. Кейинчалик Мадина, Басра, Шом ўлкаси, Хуросон ва унинг Марв, Балх, Ҳирот, Нишопур, Рай, Жибол каби шаҳарларида машҳур олимлардан сабоқ олади. Ниҳоят, орадан узоқ йиллар ўтиб, она юртига қайтиш ниятида йўлга тушади. Бутун сафар давомида қаерда тўхтамасин уни ўлкалару шаҳарларнинг олимлари, эътиборли кишилари қарши олади. Муҳаддиснинг юксак иззат-икром билан кутиб олинаётганидан норози бўлган ҳасадгўйлар ҳам топилади.
Нишопурда кўнгилсиз воқеа юз беради. Хуросонда катта шуҳрат қозонган Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳлий ҳасад йўлини тутади. Бу ҳақда ровий Муҳаммад ибн Жобир бундай ҳикоя қилади: “Бухорий Нишопурга келганда Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳлий бизларни Бухорий ёнига боришга ундаб “Солиҳ киши келдилар, ундан ҳадис тингланглар”, деди. Бухорий даврасига одамлар оқиб кела бошлади. Муҳаммад ибн Зуҳлий давраси бўшаб қолди. Шундан кейин Зуҳлий Бухорийга ҳасад қилиб, у ҳақда иғво гапларни айта бошлади”.
Бошқа бир ровий Абу Аҳмад ибн Адий: “Бухорий Нишопурга келганда жуда кўпчилик унинг атрофига жамланди. Бухорийнинг мухлислари кўпайганини кўролмаган баъзилар унга ҳасад қилишди. Бухорий Қуръонни лафзи махлуқ, деяпти, у билан гаплашиб қўйиш керак. Савол бериб уни бир синаб кўриш керак, дея ташвиқот юрғизишди”, деб хабар беради.
Яна бир ровий Заҳабий ёзишича, Бухорийнинг мухлислари унга “Баъзилар сизга туҳмат қилмоқда” деганда, Бухорий ғамгин ҳолатда “Мен ўз ишимни Оллоҳга топширдим, албатта Оллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир” оятини ўқийди, сўнгра дуо қилади: “Эй бор Худоё, албатта Сен билурсанки, мен Нишопурга ёмон ниятда келган эмасман. Кибр, манманликдан йироқман. Бу диёрларга мансаб ва обрў талабида келганим йўқ, мухолифлар зўридан ватанга бормаётган эдим. Бу ерда эса мана бу одам, Оллоҳ менга берган инъомига ҳасад қилиб менга озор берди”. Сўнгра менга деди: “Аҳмад, мен эртага кетурман, унинг гапларидан қутулурсизлар”.
Дарҳақиқат, эртаси Имом Бухорий она юртига йўл олади.
Ватанга қайтиш
Амударёдан ўтиши билан, Имом Бухорийнинг келаётганини эшитган бутун воҳа ва шаҳар аҳли унинг истиқболига чиқади. Буюк фарзандини кутиб олган Бухоро байрам тусига киради. Болаликдан билган, таниган қариндошлари, дўстлари, сабоқдошлари уни қучоқлаб йиғлашади. Шариф шаҳарнинг машҳур олимлари саф тортиб эҳтиром кўрсатишади. Аммо орадан кўп ўтмай буюк муҳаддис она шаҳрини иккинчи марта, бу сафар иложсизлик туфайли тарк этади.
Ровийлар бу воқеаларнинг турли сабабларини келтиради. Жумладан, Имом Бухорийнинг Нишопурда орттирган ашаддий ғанимлари ёки уларнинг талаби билан халифанинг Хуросондаги ноиби томонидан Бухоро ҳокими Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳалийга “Сизларга борган киши суннатга хилоф иш юргизади” деган мазмунда мактуб юборилган. Ривоятларга кўра, ҳокимнинг буйруғи билан мактуб катта майдонда тўпланган одамларга ўқиб берилади. Тўп ичидан норози бақириқлар эшитилади. Ўн бир ёшида етмиш минг ҳадисни ёдлаган, бутун ҳаёти ва фаолиятини Расули Акрам (с.а.в.) ҳадислари хизматига бағишлаган инсон суннатга хилоф иш юритиши мумкинлигига бухороликлар ишонмасди. Лекин такаббур ҳоким бухороликлар норозилигидан баттар ғазабланади. У Имом Бухорийдан шаҳардан чиқиб кетишни талаб қилади.
Ровийлар бошқа сабабларни ҳам кўрсатишади. Хусусан, Бухоро ҳокими Холид ибн Аҳмад таниқли муҳаддисни саройга келиб фарзандларига илми ҳадисдан сабоқ беришга таклиф этади. Бунга жавобан Имом Бухорий “Мен илмни султону амирлар эшигига олиб бормайман. Агар амирга илм керак бўлса, болаларини уйимга ёки масжидимга юборсин” дейди. Алломанинг кескин жавоби ноибнинг қаҳрини келтиради.
Хуллас, иғво, бўҳтон сабаб Имом Бухорий Бухорони тарк этишга мажбур бўлади. 62 ёшга тўлган кекса олим бир хабарга биноан, Самарқанд уламолари таклифи; иккинчи хабарга кўра, қавм-қариндошлари даъвати билан Зарафшон воҳасининг иккинчи қадимий шаҳри томон жўнайди.
Нега Хартангда?
“Самария” асарида саволларимизга муайян маънода жавоб берадиган қуйидаги маълумотлар бор: “Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий мозори. Суғди калон туманида, Хартанг деган ўриндадир. Шу мозорнинг сабабидан ҳозирда ўша қишлоқ “Хожа Исмоилий” номи билан машҳурдир. Имом Муҳаммаднинг мозори устида, унинг шимоли-шарқий тарафида, унга яқин бир ўринда, бир масжид яқинидадир. Самарқанд шаҳридан Хартанг қишлоғигача икки тошлик (16 чақирим) йўл.
Имом Муҳаммад (“Саҳиҳи Бухорий”) китобининг муаллифидир. Бу китоб минг олти юз ҳадиснинг жамидир. 256 да (870 йили 30 сентябрь) рамазон ҳайитининг кечаси хуфтон намозидан кейин вафот этди. Оғиз очар куни туш намозидан сўнг юқорида айтилмиш ўринда кўмилди. Унинг қабридан анча муддатгача мушкдан ҳам хушбўйроқ (ис) келиб турди, кейин йўқолиб кетди. Нақл қилишларича, Бухорода турган вақтда “Икки ёш бола бир онани эмса, ўрталарида эмизаклик собит бўлади” деб фатво берган. Бухоро имомлари бунга эътироз билдириб, уни Бухородан сургун қилганлар. Самарқандга келгандан кейин, (бухоролик олимлар қутқуси билан) Самарқанд уламолари ҳам унга қарши турдилар. Ночор Хартангга келиб турди. Шу ерда Ҳақ раҳматига восил бўлди.
Тажрибада кўрилганки, кимки “Саҳиҳи Бухорий” китобини бошига қўйиб, шаҳар ва маҳаллаларни айланиб чиқса, албатта ўша шаҳар ва маҳалла аҳлини офатлардан сақлаб қолади. Илгарилари ҳам ҳар қачон Самарқанд шаҳрига бирор офат келса, шаҳар хослари йиғилиб дуо қилсалар, дуолари ижобат бўлиб, у бало мусулмонлар бошидан даф бўларди”.
Имом Бухорий вафоти ҳақида Хартангда яшаган Абу Мансур Ғолиб ибн Жибрилдан ёзиб олинган яна бир ҳикоят бор: “Абу Абдуллоҳ бизникида бир неча кун турдилар. Сўнг оғир бетоб бўлиб қолдилар. (Шунга қарамай) Самарқандга кетишга ҳозиргарлик кўрдилар. Маҳсиларини кийдилар, саллани ўрадилар, от томон йигирма қадамча юрдилар. Мен ва яна бир киши икки қўлтиқларига кириб келаётган эдик. “Бас, мени ичкарига олиб киринглар, мадорим йўқ, тинкам қурияпти” дедилар. Ичкарига олиб кирдик. Бухорий ўринларига ётиб дуо қилдилар. Бир оздан сўнг дуо қилаётган лаблар ҳаракатдан тўхтади”.
Кўп манбаларда ёзилишича, Имом Исмоил ал-Бухорий Хартанг қишлоғида бетоб бўлиб, ҳижрий 256 йили рамазон ойининг охирги куни (милодий 872 йил 1 сентябрь) 62 ёшида вафот этади ва шу ерга дафн этилади. XVI асрда Имом Бухорий хоки устида мақбара ва унинг ёнида масжид барпо этилади.
1956 йил. Самарқанд...
Яна 1956 йилга, Самарқандга, Шайх Надим ал-Жиср ёнига қайтамиз.
Кун бўйи шаҳар айланиб толиққан шайх саёҳатдан кўзлаган асосий мақсади – Имом Бухорий мозорини зиёрат қилишни бир дақиқаям унутмаган эди. У кеч тушаётганидан безовталаниб “Ҳазрати Имом мозорларига қачон борамиз?” деган саволни кўндаланг қўяди. Ўйланган режалари амалга ошаётганидан мамнун мезбонлар меҳмонни автомобилга ўтқазиб, Хартанг томон йўлга тушишади.
Шаҳардан чиқиб, Зарафшон дарёси устидаги кўприкдан ўтишлари билан атрофни қоронғилик чулғайди. Шайх Надим йўлнинг икки четида ўсган дарахтларнинг бир-бирига уланган қора шарпаларига тикилиб бораркан, “Ғалати дарахтлар эканми?” деб ўйларди. Бу ғалати дарахтлар пилла қуртини боқиш учун каллакланган тутлар эканидан у бехабар эди. Шайх бу ўлкада яшаган зиёлилар ҳам ҳар замон-ҳар замон шўролар томонидан худди мана шу тутлардек каллакланиб турилишини билмасди.
Ҳайдовчи тезликни пасайтириб, автомобилни катта йўлдан ичкарига буради, қора Лимузин эски асфальт йўлдан чайқалиб-чайқалиб юради. Ниҳоят, олдинги ўриндиқда ўтирган масъул мулозимнинг ишораси билан автомобиль тўхтайди. Машинадан тушган Шайх Надимни ҳаяжон босади. Толиққан тиззалари қалтирайди. У таржимондан “Етиб келдикми?” деб сўрайди. Таржимон машинани тўхтатган одамдан “Имомнинг қабригача қанча қолди?” деб сўрайди. У таржимонга эмас, шайхга қараб “500–600 метрча” деб жавоб беради. “Қайси томонга бориш керак?” деб сўрайди шайх. Шериклари бараварига қўлларини олдинга чўзишди: “Мана бу томонга!”
Шайх Надим йўл бўйи қийнаган чарчоғини унутади. Сув сўрайди. Ҳайдовчи тутган сув тўла бидон билан четга чиқиб, таҳоратини янгилайди. Унгача мезбонлар гангур-гунгур суҳбат қуришади. Лубнонлик меҳмон ҳамроҳларини анграйтириб тиз чўкиб, ер ўпади ва Ҳазрати Имом мозори томонга тиззалаб юра бошлайди. У шиддат билан, аммо шошилмай юради. Шу кезгача сукунат қуршаган маконни тиззалаб юриб бораётган одам эҳтирос билан ўқиётган Қуръони карим оятларининг жаранги тўлдиради.
Қабр қошига етгач, Шайх Надим яна бир карра ерни ўпади-да, кўзидан ёш қуйилганча Каломуллоҳ ўқийди. Шу ўтиришида шайх тонггача тиловат қилади. Тонггача ўн йиллар ичида бу атрофда бирор марта янграмаган оятлар жаранглайди. Фақат кун ёришгач, ўрнидан туриб атрофга назар ташлар экан, нима учун Ҳазрати Имомнинг сўнгги манзилига уни тунда олиб келишгани сабабини тушунади. Шайх Надим қабр ва масжиднинг хароб аҳволини кўриб, ўкириб йиғлаб юборади, юзи қаҳру ғазабдан уфқни қизартирган шафақдек товланади.
Тошкентгача Шайх Надим ҳеч ким билан гаплашмайди. Пойтахтга етиб келгач, Ўзбекистон раҳбари билан учраштиришни илтимос қилади. Оғиздан оғизга ўтиб бизга етиб келган хабарга кўра, шайх ўша раҳбарга (бу раҳбар ўша кезлар Ўзбекистон ССР Президиуми Олий кенгашининг раиси Шароф Рашидов ёки Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Собир Камолов бўлиши эҳтимоли бор) қарата бундай дейди: “Имом Бухорий хоки туробини олиб кетишга рухсат беринглар, мақбара атрофидаги тупроқларигача беринглар, эвазига ўша тупроқнинг оғирлиги қанча бўлса ўшанга тенг ҳажмда тилла олиб келишга ваъда бераман!” Аммо меҳмоннинг бу илтимоси рад этилади...
Ватанига қайтган Шайх Надим алЖиср яна узоқ йиллар муфтий бўлиб хизмат қилади, талай китоблар тасниф этади. У Имом Бухорий марқадига қилган сафари ҳақида бирон нима ёзганми-йўқми, афсуски, бехабармиз. Шайх Надим 1980 йилда оламдан ўтди. Бугун Триполи кўчаларидан бири унинг номи билан аталади. Мамлакат парламенти ва бошқа эътиборли ташкилотларда унинг фарзанду набиралари фаолият юритади.
* * *
Мақоладан мақсад битта: кечаги кунимизни эсдан чиқармайлик, бугунги кунимизнинг қадрига етайлик. Унутмайлик, биз учун Имом Бухорий хоки туроби олтин хазиналаридан қимматлироқдир! Алҳол, фақат мустақилликдан кейингина бу улуғ зотнинг мақбараси тикланди. Бугун улуғ бобокалонимиз ҳақига дуою тиловат қиладиган манзилимиз борлигига шукроналар айтайлик.
Хуршид ДАВРОН
“Tafakkur” журнали, 2022 йил 2-сон.
“Сукунатни бузган сас” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Sherzod
12:01 / 01.01.1970
Ассалому алайкум! Мақола учун раҳмат, тарихимизни ёдга солганингиз учун раҳмат.