
Ёмонлик қаршисида қўрқувга берилсанг,
қўрқувнинг ёмонлигини ичдан сеза бошлайсан.
Бомарше
Шавкат Раҳмоннинг бизнинг мавзуга дахлдор шеъри бундай бошланади:
Титроқ сездингми ҳеч
бир шум лаҳзада –
хатар-ла юзма-юз турган чоғингда?
Тубсиз жар лабида оний ларзадан
титраб келганмиди жонинг оғзингга...
Инглиз адиби Жорж Оруэллнинг “1984” романи бош қаҳрамони Уинстон Смит бу “шум лаҳзадаги оний ларза”ни Океания аталмиш салтанатнинг ер остидаги жазо макони – 101-хонада бошдан ўтказади. У шунга қадар жисмоний қийноқ ва хўрлов, очлик ҳамда ташналикларга дош берган, ҳатто кўзга кўринмас Катта оға сиёсатини бекаму кўст юритувчи О’Брайен билан юзма-юз тортишишга ҳам ўзида куч топган эди. Бу тузум фуқароларнинг нафақат зоҳирий ҳаёти тафсилотлари, балки энг яширин сирларидан ҳам тўлиқ воқиф бўлмоқ йўлларини кашф этган ва Уинстоннинг нозик ерини – нимадан қўрқишини яхши биларди. Ва уни айнан шу жойидан тутадилар. Натижада, агар қафасдан чиқариб юборилса, озғин ва рангпар юзини ҳаш-паш дегунча тишлаб-узиб еб ташлаши тайин бўлган оч каламушлар қаршисида тақдирга тан бермоқдан ўзга чораси қолмайди унинг. Ана шу қўрқув – “оғизга титраб келган жон” талвасаси уни инсон ўлароқ тутиб турган руҳий умуртқасини синдириб, мажақлаб ташлайди: Уинстон қалби тубида севиб асрагани Жулияни ўзининг ўрнига очофат каламушлар ҳукмига берилишини сўрашга мажбур бўлади...
Ҳолбуки, у шу кунга қадар ақлининг таслим бўлганини тан олса-да, қалбини дахлсиз сақламоқдан умидвор эди. Бироқ мухтор вакили О’Брайен бўлган ҳукмрон партияга бу етарли эмасди: улар фуқароларнинг Катта оғага нафақат сўзсиз итоат қилиши, балки уни сидқидилдан севишларини истар эди. Уларнинг назарида, “Ҳокимият кейин ундан воз кечиш, бировга бериш учун эгалланмайди. Ҳокимият – восита эмас, ҳокимият – мақсаддир. Индивиднинг индивидуаллиги ўлгандагина ҳокимият соҳиби бўла олади. Ҳокимият одамлар устидандир. Вужудлар ва, энг асосийси, онг устидан ҳукм юритмоқдир. Ҳокимият – одамларнинг онгини парчалаб, яна ўзингизга мақбул тарзда тикламоқдир”. Ўзини ана шундай чексиз ваколат соҳиби ҳисоблайдиган О’Брайен учун Уинстоннинг ақли ва жисмини таслим қилишдан муҳимроқ масала – унинг қалбидаги жавҳарни маҳв этиш, бу қалбни ҳам худди унинг ҳилвираган жисмию жони сингари абгор ҳолга солиш эди. У айни ҳукмни қатъий оҳангда эълон қилади: “Биз сизни шундай букиб қўямизки, аввалгидек бўлолмайсиз. Сиз билан шундай нарса юз берадики, минг йил яшасангиз ҳам ўзингизга кела олмайсиз. Сиз ҳеч қачон оддий инсоний туйғуларни ҳис этишга қобил бўлмай қоласиз. Ичингиздаги ҳамма сезгилар ўлади. Муҳаббат, дўстлик, ҳаёт қувончлари, табассум, завқу шавқ, жасорат, ҳалоллик – булардан заррача қолмайди. Сиз ғовакка айланасиз. Биз ичингизни бўшатиб, кейин ўзимиз билан тўлдирамиз”. Ва улар мақсадга тўлиқ эришадилар (Жорж Оруэлл. “1984”. Тошкент, “Ниҳол” нашриёти, 2020).
* * *
Золимлик ва қўрқув бир-бирининг
қўлини сиқишади.
Бальзак
Афсуски, мустақил фикрдан қўрқадиган мустабид ҳукмдорлар ҳар қачон халқни қаёққа етакласа ўша ёққа кетаверадиган пода ҳолига солишни ўзининг бош аъмоли деб билган. Франц Кафканинг “Жазо колониясида”, “Эврилиш”, Дино Буццатининг “Тақиқ” ҳикояларида ҳам; Габриэль Гарсиа Маркеснинг “Мустабиднинг паймонаси”, Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романида ҳам; Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Оромкурси” қиссасида ҳам айни шундай мақсад-муддао эгаларининг қилмишлари ва бу кирдикорларнинг аянчли оқибатлари турли ракурслардан талқин этилади.
Чингиз Айтматов бир суҳбатда шўроча бошқарув табиати хусусида қуйидаги мулоҳазани айтган эди: “Сталин халқни худди тириклай пати юлиб олинган товуққа ўхшатиб қўйган эди. Давлат ва жамият бошқарувини тўлиқ ўз ихтиёрига олган “доҳий”нинг бир қўлида севимли трубкаси бўлса, бошқа қўлида товуқ очдан ўлмаслигининг кафолати – дон бўлар эди. Ҳар қандай хавфдан қўрқиб-титрайдиган товуқ ҳам чангалида дон тутган кимса қай томон бурилса, ўша ёққа юрарди. Ҳамманинг назарида ғоят забардаст, миллионларнинг бошини силайдиган марҳаматли бу қўл обдан зориқтиргач, товуқ очликдан ўлмаслиги учун, кейинги манзилларга олиб борадиган йўлларга учта-тўрттадан дон сепиб қўярди. “Хўжайин”дан (Сталиннинг югурдаклари орасидаги машҳур лақабларидан бири – “Хозяин” эди!) узоқлашишга бўлган ҳар қандай ҳаракат очлик ва совуқдан, эгасизлик ва ҳимоясизликдан келадиган ҳалокатдек қўрқинчли туюларди...” Сталин ўлган кунлари миллионлаб одамларнинг чин дилдан қайғуга ботиб йиғлагани, ҳатто “Энди нима бўлади?” деган ўй уларни ваҳима ва қўрқувга солгани ҳам тарихий факт!
Мутахассислар постсовет давлатларидаги аҳоли табиатига ўрнашган сиёсатдан қўрқув ҳиссини Ленин ва Сталин томонидан ҳадди аълосига чиқарилган сиёсий террор натижаси деб ҳисоблашади. Бунинг исботи учун бири биридан даҳшатли кўплаб ҳаётий мисоллар, ҳужжатларни келтириш мумкин. Жумладан, шўровий тузумнинг “тонготари”даёқ унинг “кўчада етишган” мафкурачиларидан бири Мартин Лацис ГПУчиларга (Бош сиёсий бошқарма) шундай кўрсатма берган: “Ишда айбланувчининг шўро ҳукуматига қурол ёхуд сўз билан қарши чиққан-чиқмагани тўғрисидаги маълумотни излаб ўтирманг. Биринчи навбатда сиз ундан сўрашингиз керак: у қайси синфнинг вакили, келиб чиқиши қандай, унинг маълумоти қанақа ва касби нима? Мана шу саволларнинг ўзи айбланувчининг тақдирини ҳал этиш учун етарлидир” (“Красный террор” газетаси, 1918 йил 1 ноябрь).
Рус ёзувчиси Борис Лаврёнев шу хил кўрсатмалар орқасидан рўй берган хунрезликлар, жумладан, Туркистон фронтида ўз кўзи билан кўрган ваҳшийликларга чидай олмай 1923 йилда компартия сафидан чиқиб кетган эди. Максим Горькийнинг “Бемаврид мулоҳазалар” (1918), Иван Буниннинг “Лаънатланган кунлар” (1919), Владимир Короленконинг “Луначарскийга мактублар” (1920) асарларида келтирилган фактлар сталинизмнинг қонли пойдевори аслида ленинчилар томонидан қўйилганини яққол исботлайди. Бу зиёлилар нафақат кечаётган даҳшатларни қоралаган, балки бундай тузум ва унинг ишбошилари юзига тупуриб, юртни тарк этишга мажбур бўлган. Бироқ бундай мисоллар ҳар қанча кўп бўлмасин, одам ич-ичдан ҳис қиладики, ўзбекнинг “Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан” деган мақоли шўро даври маҳсули эмас, бу ҳикматга асос бўлган ҳиснинг илдизлари анча чуқур. “Шум бола”да Ҳожи бобо томонидан ташкил этилган такяхонадаги “портлаш” ёки “Ўғри”, “Бемор”, “Даҳшат” ҳикоялари, “Ўтмишдан эртаклар” қиссаси воқеаларини олайлик – уларнинг ҳар биридан миллат руҳиятидаги мутелик ва қўрқув ҳисси сузманинг сариқ зардобидек сизиб, чакиллаб томиб туради. Ахир, бу даврларда шўровийлар давлат тепасига ҳали келмаган эди-ку! Демак...
Қўқон хонлигининг чор қўшини томонидан босиб олиниши даврига бағишланган китобда хон саройидаги тадбир-тамойиллар қатори гуноҳкорлардан кўрсатмалар олиш, айбини бўйнига қўйишнинг турфа усуллари ҳам санаб ўтилади (Юдин М. Взятие Ак-Мечети в 1853 году как начало завоевания Кокандского ханства. Москва, 1912). Уларнинг энг “беозори” – одамнинг қўл тирноғи ва гўшти орасига зирапчалари арча новдасидек сачраб турган ёғоч понани тиқиш бўлган. Бухоро амирлари, Хива хонлари ўйлаб топган “гап олиш” усуллари, масжиду мадрасалар қаторида, очиқ майдонларга қурилган жазо ускуналарини ҳам эслайлик. (Омон Матжоннинг “Қирқ биринчи хотинликка, Асилжон, Сени келтирдилар Исфандиёрга...” деб бошланувчи шеъри ёдингиздами?) Буларнинг бари одамлар руҳиятининг ич-ич қатламларида ўзгариш ясамаслиги, давлат, сиёсат ва бу сиёсатни юритувчилардан қўрқиш ҳиссини уйғотмаслиги мумкин эмас эди, албатта.
Адабиёт аҳли бу ҳиснинг маънавий, ахлоқий, руҳий жиҳатларига кўпроқ урғу берса, файласуф ва жамиятшунос олимлар унинг вужудга келишида ижтимоий-сиёсий омиллар таъсирига эътибор қаратади. Жумладан, Эрих Фромм “Инсон қалби. Унинг эзгулик ва ёвузликка мойиллиги” номли тадқиқотида одамга хос бўлган бирбирига зид икки хил табиат ҳақида ёзади: биофилия (ҳаётсеварлик) ва некрофилия (ўлимсеварлик). Файласуф ҳар икки хил феъл-атвор эгаларининг дунёқараши, юриш-туриши, қизиқиш ва қадриятлар оламини батафсил баён этар экан, тарихда ўтган ва замонавий ҳаётда янгича шаклларда ўзини намоён қиладиган барча тиранлар, яккаҳокимликка даъво қилган диктаторлар айнан некрофил – ўлимсеварлар эканини кўплаб далиллар билан асослайди (Фромм Э. “Душа человека”. Москва, изд. “Республика”, 1992. стр. 14–108).
* * *
Қул бўлиш осон, озод бўлмоқ эса
қийинлиги учун ҳам кишилар қулдирлар.
Николай Бердяев
Албатта, ҳамма замонлар ва маконларда ҳам некрофил “доҳий”нинг ўзи сингари ўлимсевар тарафдорлари кўплаб топилган. Улар ўз ичидаги қўрқувни даф этиш (тўғрироғи, унинг таъсиридан қочиш) учун “халқлар отаси”ни, “доҳий”ни, “фюрер”ни, “дуче”ни, “улуғ йўлбошчи”ни ўзларидан кечиб олқишлайдилар, унинг хизматига ошиқадилар. Ҳаёт мазмунини тўлиқ шу фаолият ташкил этади, шундан келадиган даромад эвазига кун кўришади, ўзларини овутгучи руҳий рағбатлар – қўрқув, қуллик, мутелик ўрнини тўлдирувчи товон тизимини ўйлаб топишади. Уларнинг бошқача фикрлайдиганлар, ҳар кимнинг етовидан халос бўлишни хоҳлайдиганларга қарши қўядиган важлари ҳам, бундоқ қараганда, мантиқли ва тўғридек туюлади: “Нима етмаяпти ўзи сизларга? Очликдан ўлмаяпмиз-ку! Уст-бошимиз бут бўлса, дунёда шунга ҳам ета олмаётганларнинг сон-саноғи қанча! Борига шукр қилиб, йўғига қаноат қилсак бўлмайдими? Сиёсатга аралашиб, ким нима фойда кўрди? Шунча кариллаб, нимани ўзгартира олди? Зарар қилса, фақат ўзига, болаларига зарар қилди. Сиёсат ҳеч бир изини қолдирмай йўқ қилиб ташлаган Киров, Троцкий, ака-ука Кеннедилар, она-бола Гандилар олдида сиз билан биз ким бўпмиз? Мана, оч қорним – тинч қулоғим, деб биз кам бўлмаяпмиз-ку!..”
Бироқ Шоир аввало ўзига, қолаверса, сизу бизга ҳам мана бу сингари оғир саволларни беришда давом этади:
Нопоклар покларга қилганда туҳмат,
Титрамай айтдингми кескир сўзингни?!
Болангнинг ёдига не қилдинг туҳфа,
Асраб қололдингми ўзинг ўзингни?!
Бундай саволлар қаршисида менинг ёдимга, хоҳлайманми-йўқми, беихтиёр турли архивларда ўқиганим, саҳифалари сарғайиб кетган тарихий ҳужжатларнинг гувоҳликлари, ижодий уюшмаларда ўтган йиғилишларнинг стенограммаларидаги гап-сўзлар тушаверади. Дейлик, ҳали қирқ ёшга бормаган Абдулла Қодирий шаҳарнинг Самарқанддарвоза депарасидаги ҳовлисида экинлар тагини юмшатиб, ёввойи ўтлардан тозалаш асноси яқинда ёза бошлагани “Амир Умархоннинг канизи” асари воқеаларини хаёлида жонлантириб турган бир вақтда, ўша ҳовлидан беш-ўн чақирим нарида жойлашган Ёзувчилар уюшмасида унинг қачон, ким билан, нима ҳақда гаплашганини ўз қавмдошлари – қаламкашлар жиддий муҳокама қилишади, бир-бирларини сўроқ-саволга тутишади. Қозон шаҳрига сафари давомида унга ҳамроҳ бўлган қаламкашлардан ўзаро суҳбатлар чоғида адиб қайси ёзувчи ҳақида нима гап айтганигача сўраб-суриштирилади. Ва бу жараёнда Қодирийнинг хаёлига ҳам келмаган гаплар унга нисбат берилади, ёзувчининг синфий душманлигига “далиллар” йиғилади. Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романи муҳокамасида миллат ва мамлакат ғамида бошини кундага қўйган Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов сингари “халқ душманлари ва уларнинг думлари” номига айтилмаган туҳмат қолмайдики, залда ўтирган бирор кимса юрак ютиб қарши сўз айтса, ҳечқурса, уларнинг олдини олишга ҳаракат қилса! Аксинча, йиғилиш иштирокчиси “Энди билаётибсизми уни?..” дея сиёсий ҳушёрлигини намойиш этади. (Булар ҳақда батафсил қаранг: Раҳмон Қўчқор. “Мен билан мунозара қилсангиз”. Тошкент, “Маънавият”, 1998. 43–45-бетлар.)
Осмондан келганда тубан одамлар –
бири чиноркесар,
бири кесар тил.
Бутун қилмишларин қарасанг жамлаб,
Намоён бўлади суврати қотил.
Нега шундай? Нега ягона тур, ягона зот вакили бўлатуриб одам болалари бирбировини маҳв этмоққа, бири иккинчисини эзиб-янчмоққа бунчалар иштиёқманд? Ахир, биз йиртқич деб номлаганимиз йўлбарс, сиртлон, бўри, илон, ҳатто чиябўрилар – шоқоллар муҳитида ҳам аҳвол бундай эмас-ку! Улар бир-бировига шундай муносабатда бўлмайди, бири иккинчиси олдида титраб-қақшамайди-ку! Ё бу ҳол одам зотининг ўзгармас яшаш тарзи, пешонасига то қиёмат битган тавқилаънатми? (Чингиз Айтматовнинг “Кассандра тамғаси”ни эслайлик!) Бу саволга жавоб беришдан аввал, энди очиғига кўчиб, бошқа бир саволни ўзимизга бериб кўрайлик: ҳамма замон ва маконларда омма орасида ҳақ гапни айтишга ўзида журъат топадиганлар кўп бўлганми ёки “фақир киши панада”, “кўзни юмсанг – бой бўласан” сингари “ҳаётий қоидалар”га амал қилганларми? Бу саволга, ҳеч бўлмаганда, ўзимиз ҳозирга қадар қатнашганимиз энг тинч тадбирлар – катта-кичик анжуману мажлисларни кўз олдимизга келтириб жавоб айтайлик. Назаримда, агар виждонга хилоф иш қилмай очиқ тан оладиган бўлсак, ҳар қачон ва ҳар ерда панадаги фақирлар кўпчиликни ташкил этгани – аччиқ ҳақиқат! Демак, узоқ замонлар мобайнида бошқа туйғуларнинг бош кўтариши, “намойишга чиқиши”га йўл қўймаган қўрқув ҳисси одамзоднинг табиатида доминант бўлган – ҳукмронлик қилган. Қанчалик парадоксал эшитилмасин, бу ҳис кўпчиликнинг яшаш учун курашида бош омил, жон сақлашнинг асосий шарти бўлиб келди. Бизнинг миллий тарихимиз ва тақдиримизда кўп кузатилган бу аламли ҳақиқатни теран англаган Эркин Воҳидов ҳам, таассуфлар бўлсинки, ўзининг мана бу саволларига жавоб кўрмай дунёни тарк этди: Ғофил халқим! / Тингларманми сенинг наъра – унингни, / Кўрарманми зулуклардан озод бўлган кунингни?..
Хўш, бугунги дунёнинг ҳамма жойида ҳам аҳвол ҳамон шундайми?
Бу саволга кўнглимизнинг бир четида умид учқунларини ёқгувчи ЙЎҚ деган жавобни айтсак бўлади, назаримда. Чунки инсониятнинг ўз тақдирига бефарқ бўлмаган бир қисми, аксарият илғор Ғарб жамиятларидаги аҳоли давлат бошқарув тизими, сиёсат ва сиёсатчилар қаршисидаги қўрқув ҳиссидан деярли қутулган дейишга асослар етарли. Албатта, у ўлкалардаги одамлар ҳам ўлим, бедаво касалликлар, турли офатлар қаршисидаги табиий қўрқувдан халос бўлган эмас. Бироқ инстинкт билан боғлиқ бу ҳислар ўлимига қадар инсон руҳиятида қолиши аниқ. Ҳатто, айтиш мумкинки, бу табиий ҳислар одам боласини жуда кўплаб нафсий қутқулар, пала-партиш ҳаёт ортидан келадиган турфа хил балолардан ҳимоя қилади. Зеро, донишманд Арасту бекорга “Агар киши ҳеч нарсадан қўрқмаса, у эҳтимол қутурган ёки тентакдир” демаган. Бироқ сиёсат ва раҳбарлар қаршисидаги ожизлик, сиёсий тузумга мутелик сингари орттирилган қўрқув ҳиссини биз эслаётган жамият аъзолари деярли унутган. Ҳолбуки, у халқлар ҳам император, қирол ва подшолар ҳукмронлиги кезлари Шарқдагидан-да ваҳшийроқ, қўрқинчлироқ ва ноинсоний сиёсий тузумларни, зулму истибдодни бошдан ўтказган. Биргина инквизиция даври ваҳшатлари эркин фикрлашга мойил кишилар бошига не-не азобларни солмаган, сиёсатдан қўрқув ҳисси улкан майдонларда уюштирилган қатллар намойишига ҳайдаб чиқилган одамлар қон-қонига, онгостига қадар атай сингдирилган. Бу хусусда гувоҳлик берувчи тарихий манбалар, бадиий ва публицистик асарларнинг сон-саноғи йўқ. Айни ўринда, ҳечқурса, Шарль де Костернинг “Тиль Уленшпигель қиссаси”, Виктор Фереалнинг “Инквизиция” асари, Виктор Ҳюгонинг “Париж Биби Марям ибодатхонаси” романини ёхуд Жордано Бруно, Галилео Галилей ҳамда фарангларнинг жасур қизи Жанна д'Арк қисматини эслаш кифоя. Қарангки, айни даҳшатли ҳодисалар юз берган, шулар орқали аждодлари қон-қонига ҳукмронлардан, давлат сиёсатидан қўрқув ҳисси асрлар оша сингдирилган халқлар руҳиятидан бу ҳис деярли ўчиб бораётир. Демак, орттирилган ўша машъум туйғудан нафақат бир-икки индивиднинг, балки бутун халқнинг ҳам халос бўлиш имконияти бор экан-да! Хўш, бунга эришмоқнинг не йўл-йўриқлари бору бу жараён қанча вақтни талаб қилади?
* * *
Хулқларни ўзгартириб миллатни
улуғламоқ ёки обрўсизлантирмоқ
ҳукуматга боғлиқдир.
Вольтер
Биз бугун ҳавас-ла қараётган илғор Ғарб жамиятлари чинакамига юксак инсоний мавқега, аввало, демократик қадриятлар, эркинликнинг энг муҳим меъёр ва талабларини турмуш тарзига айлантириш орқали кўтарилган.
Демократиянинг бош талаби – раҳбарларни сайлашдир. Фақат шу йўл билангина “демос” – халқнинг “кратос”и – бошқарувига ростакамига эришиш мумкин. Демократик мамлакатларда энг қуйи амалдорлардан тортиб президенту бош вазир, губернатору парламент аъзоларига қадар – барчасини сайлаш деганда уларни саралаб танлаш тушунилади. Яъни масъул лавозимга даъвогарларнинг маълумоти ва меҳнат фаолияти, илгари сураётган ғоя ва режалари, эришган ютуқларидан тортиб оилавий ҳолатига қадар синчиклаб ўрганиш, уларнинг “сиёсат майдонига қилган юриши”ни анча аввалдан кузатиш имкони яратилади. Сайловга қадар бўлган фаолиятида недир шубҳали ҳодисаларга аралашиб қолган номзодлар саралаш-танлов жараёнининг муайян босқичида рўйхатдан тушиб қолишлари аниқ. Мабодо, кимдир ўтмишига доир шундай тафсилотларни оммадан яширишга уринса, унинг янги лавозим тугул, аввалги иш жойида ишлаши ҳам катта сўроқ остида қолиши тайин.
Жараённинг ошкора кечишида муҳим восита ўлароқ эркин, мустақил оммавий ахборот воситалари майдонга чиқади. ОАВга бирор номзод ёки унинг командасидан недир босим, таъсир ўтказишга уриниш бўлса, бу ҳол ҳам дарҳол ошкор қилинади: номзод, ўзбекча айтганда, “ўзига ўзи қилади”, марафондан чиқиб кетади. Бу жараёнларнинг ҳаммаси тўла ҳуқуқий маконда, қонун талабларига қатъий амал қилинган ҳолда кечади.
Энди айтинг: мана шу шароитда, шунча талаб ва танловлардан сўнг масъул лавозимга (бу ерда вазифага десак ўринлироқ бўлади) сайланган одам ўзини сайлаган одамларнинг юзига оёқ қўйиши, улардан ўзини юқори тутиши, халқни менсимаслиги мумкинми? Қўл остидагиларни ҳақорат қилиш бир ёқда турсин, бировни сенлаб гапиришга журъат этадими? Энг муҳими, жамият аъзолари ўзи саралаб сайлагани бу одамлардан, ўзлари сингари инсонлар ва улар юритадиган сиёсатдан нега қўрқишлари керак? Модомики, сиёсат деганлари халқ тақдирига дахлдор қонунлар, қарорлар, низомлар, буйруқлар ва ҳоказо ҳуқуқий ҳужжатлар орқали амалга оширилар экан, сайланган одамлар ўзларини хизматчи сифатида танлаган кишилар манфаатига зарар етказадиган, айниқса, уларни қўрқув ва ваҳимага соладиган ҳужжатлар қабул қилиши, кимларгадир шу руҳдаги топшириқ ёки буйруқ бериши соғлом ақлга қанчалик мос келади? Ёхуд ошкоралик, ОАВ тезкорлиги шароитида ҳар қандай ноқонуний ҳаракат, инчунин, инсон ҳаёти ва эркинлигига таҳдид қилиш зумда ошкор бўладиган муҳитда қайси амалдор шундай кирдикорни ўзига эп кўради? Айниқса, бундай ҳаракат, биринчи навбатда, ўша амалдорларнинг ўз тақдирига салбий таъсир қилишини ҳамма жуда яхши билса! Бу давлатларда, ҳар қанча катта мансаб эгаси бўлмасин, якка шахс қош-қабоғига қараш, ички ва ташқи сиёсатни унинг истакларига мослаш, бир сўз билан айтганда, волюнтаризм иллатига мутлақо йўл қўйилмайди. Барча муаммолар ечими коллегиал тарзда, кўпчиликнинг фикри ва таклифи инобатга олинган ҳолда ҳал этилади. Мамлакат келажаги ва миллат тақдирига дахлдор масалалар юзасидан эса бутун халқ фикрини сўраб – референдумлар ўтказиш орқалигина бир тўхтамга келинади.
Агар Ғарбнинг жиддий мавзулардаги бадиий ва ҳужжатли фильмларига эътибор берсак, полициячи бўладими ёхуд махсус хизмат ходими бўладими, бирор кишининг эркинлигини чеклашга ҳаракат бошлагани заҳоти аксар фуқаролар уларга қарата “Жаноб (ёки хоним), лутфан, менинг сайловчи ва солиқ тўловчи эканимни ёдингиздан чиқарманг!” дея огоҳлантириб қўйишига гувоҳ бўламиз.
Бу нима дегани?
Бу шу деганики, “Билиб қўйинг, парламент аъзоларию вазирдан тортиб президентгача ўз лавозимига мен берган овоз туфайли сайланган ёки мен сайлаган одамлар уларни шу ишга тайинлаган. Бунга қўшимча, уларнинг барчаси ва сизларнинг маошингиз мен тўлайдиган солиқлардан шаклланадиган бюджетдан берилади. Шундай экан, мен билан обдан ўйлаб, қонунга мувофиқ муомалада бўлишингизни талаб қиламан!”
Асосан меҳнаткаш халқ тўлайдиган солиқлар ҳисобига вужудга келадиган бюджет маблағлари сарфи ҳақида ҳам бу мамлакатларда тийин-тийинигача халққа мунтазам ҳисоб бериб борилади. Бу борада узоққа бормай, яқиндагина ижтимоий тармоқларда эълон қилинган бир фактни эслаш кифоядир: коррупцияга барҳам бериш борасида дунёда энг олдинги ўринда бораётган Даниянинг бош вазири Метте Фредериксен хоним давлат бюджетида кўзда тутилмаган бир чиқим хусусида парламент олдида ҳисоб бермоқда. Гап шундаки, бир йил аввал Данияда циркларда экзотик ҳайвонлардан фойдаланиш ман қилиниши муносабати билан филларни эгаларидан бюджет ҳисобидан сотиб олишга қарор қилинади. Иттифоқо маълум бўладики, бир циркдаги Рамболине лақабли урғочи фил Али лақабли туя билан қалин дўст экан. Мутахассислар уларни бир-биридан айириш ҳар иккисига зарар келтиришини айтишади ва ҳукумат филга қўшиб бояги туяни ҳам сотиб олишга мажбур бўлади. Бир йиллик ялпи ички маҳсулоти ҳажми қарийб 350 миллиард долларни ташкил этадиган давлатнинг бош вазири бюджетдан сарф этилган ана шу арзимаган маблағ хусусида ҳам парламент ҳузурида ҳисобот беришни ўз лавозим вазифаси деб билмоқда...
Бизнингча, ҳам катта-кичик мансабдорлар, ҳам фуқаролар оммавий тарзда шу даражага етганида – ўзининг давлату жамият бошқарувидаги бевосита ва билвосита иштироки ва масъулиятини теран англаб етганидагина одамлар сиёсатдан қўрқиш ҳиссидан халос бўлиши мумкин.
* * *
Подадаги энг намунали қўй бўлиш учун
энг аввало қўй бўлиш лозим.
Альберт Эйнштейн
Ана энди мана бу савол ўртага чиқади: бизда ҳам сайловлар амалиёти жорий этилган-ку, биз ҳам қонун чиқарувчи органлар аъзоларини, маҳаллий кенгашларни мустақил сайлай бошлаганимизга қарийб ўттиз йил бўлди-ку, натижа-чи, натижа қани? Бу саволга жавобни яна биргаликда, ҳақиқатнинг юзига тик боқиб излашимизга тўғри келади. Агар демократик, эркин фуқаролик жамиятларидаги сайлов жараёни билан биздаги ҳолат солиштирилса, анча-мунча нарсага ойдинлик киради.
Аввало, биз ўзимиз сайлашимиз лозим бўлган депутатлар ҳақида нималарни биламиз? Сайлов комиссиялари ва номзодларнинг ўзлари томонидан тайёрлаб тарқатиладиган, сайлов участкаларига қўйиладиган сайловолди ташвиқот варақаларида уларнинг қачон, қаерда туғилгани, ўқиган ва ишлаган жойлари, илмий даражасию олган унвонлари хусусидаги маълумот бўлади, холос. Сиз билан бизнинг ҳаётимизга дахлдор қарорлар қабул қилинишида камида беш йил бевосита иштирок этадиган (айни талаб кўпинча идеал ҳолида – хомхаёллигича қолади!) бу одамларнинг реал билими, тафаккур даражаси, интеллектуал қуввати, ҳаётий ва касбий кўникмалари, характер хусусиятлари, инсоний фазилатлари сайловга қадар ҳам, сайланганидан кейин ҳам аксар ҳолда номаълумлигича – қоронғилигича қолади. Беистисно барчаси ўз низомларида илмилиқ гапларни бошқачароқ шаклу шамойилда ўнлаб йиллар давомида такрорлайверадиган партиялар томонидан кўрсатиладиган бу номзодларнинг аксари сиёсат деганлари ўзи нима; давлат ва жамият бошқарувининг қандай усул-услублари бору уларнинг қай бири замон синовидан қандай ўтган; ҳар бир конкрет давлат тузумида сиёсатга бош қўшаётган одамдан қандай фазилатлар талаб этиладию уни не йўқотишларга мажбур қилади... сингари юзлаб саволларнинг жавобини билиш у ёқда турсин, дунёда мана шунақа масалалар борлигидан ҳам бехабар бўлади.
Гоҳ бевосита, кўпинча эса телевидение орқали намойиш этиладиган турли даражадаги мажлислар, йиғилишлар, тадбирларни кузатиб, сомеларнинг аҳвол-руҳиясига боқиб, хаёлга беихтиёр Ҳамза Ҳакимзоданинг 1917 йилнинг биринчи ярмида – Туркистон халқлари олдида истиқлолга эришишнинг ноёб имконияти пайдо бўлган кунлари ёзган “Мухторият ёки автономия” пьесасидаги манзаралар келади. Адибнинг чексиз нафрат ва ғазабини қўзғагани учун ҳам инсоний исмга лойиқ кўрилмай, “Т. домла”, “Ж. домла”, “С. домла” сингари номлар билан аталган, мухторият билан ҳафтабил – автомобилнинг фарқига бормайдиган, миллат ва мамлакат тақдири муҳокамасидан кўра Абдурасулбойникидаги уламо ошини афзал биладиган “эл пешволари”нинг шиори ҳам якранг: “Биз нима хаёлда-ю, фалак қандай хаёлда, нима бўлса бўлаверсин!”
Бу вазиятда эътибор талаб қиладиган жиҳат шуки, ҳамма замонларда халқ ноибларининг айни шундай бўлмоқларини ҳар нарсадан кўра кўпроқ хоҳлайдиган кучлар ушбу манзара ўзгармай қолмоғидан манфаатдордирлар. Улар бу майдонда бирон бир “оқ қарға” пайдо бўлиб қолишининг олдини олиш учун не усулларни ўйлаб топмайди дейсиз?!
* * *
Агар уни сақлаб қолиш учун кишиларнинг терисини шилиш зарур бўлса, ундай цивилизациянинг манфаатига, ҳатто унинг ўзига ҳам лаънатлар ёғилсин!
Фёдор Достоевский
Кўпчилик биладиган бир гап бор: ҳар бир халқ ўз ҳукмдорларига лойиқ бўлади. Агар масалага сал бошқачароқ ракурсдан қарасак, ҳукмдорлар рисоладагидек бўлмоғи учун ўша халқ даражаси ҳар томонлама юксалмоғи даркор. Демак, муаммо ечими, хоҳлаймизми-йўқми, ўзимизда, ўзимизнинг саъй-ҳаракатимизда экан. Зеро:
Қалтис лаҳзалар йўқ,
қалтис умр бор,
мўр-малах ном аро ёлғиз номинг бор.
Лаҳзада титроққа айланиб турсанг,
демакки, ичингда битта хоин бор.
Ўлдир,
ичингдаги хоинни ўлдир,
волида кўзига боқишдан аввал,
маъшуқа қўйнида ётишдан аввал,
зулмат уммонига ботишдан аввал.
Йўлдир бу,
нафснинг ботқоғи эмас,
қиличнинг дамидай чақнаган йўлдир.
Бу йўлга юзингни буришдан аввал,
Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир.
Дарҳақиқат, аввало ўзи, ҳеч бўлмаганда, келгуси насллари бу дунёда ҳур ва эркин ҳаёт кечириши ҳақида қайғурадиган ҳар бир инсон бутун умрини, ҳар қанча қалтис бўлмасин, ҳаётни яхши томонга ўзгартиришдек олижаноб кураш жабҳасига бахш этмоғи лозим. Шундагина унинг номи зулмат уммонига ботмайди. Бунинг дастлабки ва муҳим талаби эса ичдаги хоинни – ҚЎРҚУВ ҲИССИни ўлдирмоқдир. Зеро, шу аянчли, ғоят уятли ҳисдан қутулган қалбдагина бошқа жамики инсоний ҳислар, озод туйғулар бор таровати билан бош кўтаради. Улар ўз соҳибини руҳий юксакликларга олиб чиқади.
Раҳмон ҚЎЧҚОР
“Tafakkur” журнали, 2022 йил 2-сон.
“Ичимиздаги хоин” мақоласи
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ