– Аёлга муносабат ҳар қандай илғор тафаккур ва мафкуранинг ажралмас таркибий қисми, таъбир жоиз бўлса, маърифат ва маданият мезони саналади. Аёлини эъзозлаган халқ ҳам, инсон ҳам кам бўлмайди. Биз дунёвий, демократик жамият ўлароқ шу кунларда аёлнинг ҳақ-ҳуқуқи масаласини чуқурроқ идрок этяпмиз, муҳокама қиляпмиз; аёл киши раҳбар бўлса, жамият жадал равнақ топади дея бошқарувда уларнинг салмоғини оширишга уриняпмиз. Лекин... ҳокимликка тайинланган бир-икки арбоб опахоннинг сиёсату дағдағада ҳаддидан ошиб, “интернет қаҳрамони”га айланганидан ҳам хабарингиз бор. Нима бу: сиёсий-бошқарув тизим табиатининг воқеланишими ёки аёл табиатининг?
– Аёллар орасида Сенат раиси, вазир, элчи, университет ректори, аэропорт директори... хуллас, турли даражадаги раҳбарлар бор. Эркаклар орасида ҳам шундай, албатта. Аммо негадир эркак-аёл “интернет қаҳрамонлари” фақат бир тизимдан чиқяпти. Бундан гап жинсда эмас, тизимда деган хулосага келиш мумкин. Умуман, “Аёлларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллиги нима учун муҳим?” тарзида конструктив савол қўйилса, жамият бундан ютади дея дадил жавоб берса бўлади.
Кузатувларга кўра, аёллар маърифатли, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан фаол бўлган жамият тинчроқ, фаровонроқ ва тараққийпарварроқ келади. Чунки аёл киши ресурсларни қуролланиш, хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот соҳаларидан кўра кўпроқ таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фанга йўналтиришни истайди. Бу унинг табиати ва оналик инстинкти билан боғлиқ бўлса керак. Демак, аёлларни маърифатли қилиш, ҳуқуқий билимини ошириш, моддий таъминотини яхшилаш, касб-ҳунар ўргатиш, жамият аъзолари онгига “аёлга муносабат – тараққиётга муносабатдир” деган тушунчани сингдириш, аёлларни ижтимоий қўллаш тизимини ривожлантириш каби яна талай амалий чора-тадбирлар келажак ва тараққиёт билан боғлиқ долзарб масалалардир.
Сиз айтган мисоллар эса дориларнинг ножўя таъсири каби гоҳи-гоҳида учраб туради, аммо бу ҳол асло бугун гендер сиёсати жабҳасида олиб борилаётган чора-тадбирларни тўхтатиш ё ортга қайтариш зарурлигини англатмайди.
– Физика ва кимё соҳасида – икки марта Нобель мукофотига сазовор бўлган олима Мария Кюрининг танаси шу қадар нурланиб кетган эканки, тобути эшигига 2,5 сантиметрли қўрғошин қоплашга тўғри келибди... Аслида аёл зоти раҳбар, олим, журналист, ижодкор, санъаткорликнинг юкини аёллик масъулияти устига олади; баъзида ҳаётини касбу корига қурбон ҳам қилади. Айниқса, йиллаб кутубхоналар чангини ютиб, лабораторияларда колбаю микроскопларга термилиб ўтиш зебо қавмнинг иши эмасдек...
– Агар менга бирон соҳада истеъдод берилган бўлса-ю, унинг юкини аёл бўлганинг учун кўтара олмайсан, уйда жимгина ўтир дейилса, бу адолатсизлик деб бонг урган бўлар эдим. Истеъдодни берган – Оллоҳ, уни рўёбга чиқармасликка бандаси аллақандай стереотиплар, даққи қарашлар билан тўсқинлик қила оладими? Бу илоҳий ҳукмга, қадарга қаршилик эмасми?
Ёки мана сиз, аёл ижодкор сифатида айтинг, ичингизда ёниб-тошиб турган салоҳиятни рўёбга чиқармай хотиржам яшай оласизми? Бу худди тўлғоқдек гап, ҳосилани дунёга келтириш учун ҳамма нарсага тайёр бўласиз, шундай эмасми? Сираси, аёлдир-эркакдир, ҳар бир инсоннинг жавҳарига жойланган мазмун-моҳияти бор. Аёлни Худо фақат бола туғиш, рўзғор юмушлари учунгина яратганида, унга истеъдод, иқтидор, ақлий салоҳият бермаган бўлар эди. Илмий салоҳият билан туғилган аёл олималик қилмаса, унинг ҳаёти енгиллашиб қолмайди. Бундан ўзи ҳам, жамият ҳам ютқизади. Жамиятнинг ютқизгани шуки, у мавжуд инсоний потенциалдан тўлиқ фойдалана олмайди. Инсоният ярми эркак, ярми аёл қилиб яратилган. Демак, илмий, маърифий, маданий ва ҳоказо салоҳият ҳам жинслараро тенг тақсимлаб берилган. Ана шу салоҳиятнинг тенг ярмини истифода этмай тўрт девор ичига қамаб қўйишдан инсоният қанча нарса йўқотишини ҳисоблаб кўриш қийин эмас. Бу худдики, икки қўли бор одам фақат бир қўлини фаол ишлатиб, иккинчисини овқат ейишга сақлаб юргандек гап.
Мария Склодовская-Кюрини яхши мисол келтирдингиз. Нодир истеъдодли бу аёл Карпат тоғларининг энг баланд қисмида альпинизм билан шуғуллангани, хотин-қизлар орасида биринчи бўлиб ҳайдовчилик гувоҳномаси олгани, умрининг охиригача она тилига садоқат ўлароқ илмий мақолаларини икки тилда (поляк ва француз) эълон қилиш орқали поляк илмий тили ва тафаккури ривожига буюк ҳисса қўшгани, Эйнштейн таъбири билан айтганда, “шуҳрат айнитмаган ягона инсон” бўлгани, оламшумул кашфиётларга қўл урса-да аёл бўлиб қолгани, Биринчи жаҳон уруши йиллари аскарлар учун пайпоқ тўқигани, икки фарзандни катта қилганию эрининг ўлимидан сўнг бошқа турмуш қурмай, 28 йил бева яшаганини билсангиз керак, албатта. Мария Кюри шунча иш-юмушларни эплаш мумкинлигини бутун дунёга исботлаб, мавжуд стереотипларни йўққа чиқарган аёл! Тасаввур қилинг, у илмий фаолият билан шуғулланмаганида, инсоният неларни йўқотарди! Албатта, Мария Кюри кашфиётларини бир кун келиб бошқа эркак олим ҳам қилиши мумкин эди. Лекин бу қачон ва қай тарзда рўй берарди? Илмий тараққиёт занжирида айнан шу аёл бир ҳалқа сифатида белгиланган ва бу инсоният тақдирини ўзгартиришга хизмат қилган экан, бунда фақат ҳикмат мужассамдир.
Мен илмнинг “аёлнинг иши”, “эркакнинг иши” дея жинсларга ажратилишини тўғри деб билмайман. Агар биз бундай янглиш йўл тутсак, шу вақтгача аёллар ҳуқуқлари борасида эришган натижаларимизни бекор қилишимиз ва тараққиёт шиддатини сусайтиришимиз керак бўлади. Чунки аёл ҳуқуқлари борасидаги асосий ғоя аёл ва эркакнинг ақлий қобилияти тенглиги тамойили устига қурилган. Аёл фаоллиги эса тараққиёт ғилдирагини янада жадалроқ айлантирувчи муҳим омилдир.
– Гап ўзбек аёли, унинг жамиятдаги ўрни, тараққиётга таъсири ҳақида экан, “Ўткан кунлар”ни эслайлик. Оилада рўй берган фожиалар, йўқотишларда Ўзбекойимнинг айби алайноаён. Ҳатто давлат бошқарувида ўз сўзига эга Юсуфбек ҳожидек тадбирли зот-да унинг қарорига таслим бўлади. Ўзбекойим деган ном ҳам рамзийдек. Ҳаётнинг пасту баландини хўб кўрган бир онахондан “Аёл кучли, ўктам бўлса, эр-ўғиллар бўшроқ келади, руҳини бой бериб қўяди” деб эшитганман... Тўй-маъракаларимиз жадид боболаримиз давридан буён эпга келмаяпти; маиший турмушимиз болохонадор ҳашамлару, лузумсиз жиҳозларга тўлиб-тошган; сарпо-суруқ тортишувлари тинмаётир... Шулар барида воқеланган мешчанлик – хонаки можарога ўхшаб кўринса-да – ижтимоий хавфи ҳазилакам эмас. Яхшилаб мулоҳаза қилсак, бугун давлат сиёсатининг муҳим қисмига, элу халқнинг шўрига айланган оилавий ажралиш, коррупция, меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларининг поймол этилиши каби фожиалар илдизи, бир жиҳати, хотинларнинг орзу-ҳаваси, ўзаро пойгасига бориб тақалмайдими? Нима қилсак, қонимиздаги бу кўринмас балони енга оламиз?
– “Ўткан кунлар”даги сюжет чизиғида яна бошқа айбдорлар ҳам бор, аммо сиз фақат Ўзбекойимни ажратиб кўрсатяпсиз. Ўзингиз таъкидлаганингиздек, “унинг қарорига таслим бўлган” – эркаклар-ку барибир. Умуман, Қодирий биз каби масалани аёл-эркак дея жўн талқин этмаган. У фожиалар сабаби сифатида жаҳолатни кўрсатади. Асарда жаҳолатнинг Ўзбекойимдан ташқари Азизбек, Худоёрхон, Мусулмонқул, Ҳомид, Мингбоши, Содиқ каби ўнлаб номлари борки, бири мустабидлик, иккинчиси иродасизлик, учинчиси тамагирлик, тўртинчиси зулм, бешинчиси қотиллик каби иллатларни ўзида тамсил этади.
Албатта, мен аёлларимизнинг жоҳиллигини оқламоқчи эмасман, сиз тилга олган муаммолар мавжуд ва уларнинг миқёси катта. Аёл ўқитилмай, кўпроқ “уй қизи” қилиб тарбиялангач, ундан жоҳилона одатлару жоҳил фарзандлар туғилади-да! Ўн олти-ўн етти ёшли қизини узатадиган ҳам, шу ёшдаги қизга уйланадиган ҳам – эркаклар. Бу вазиятда на ота ва на эр қизнинг таълими ҳақида ўйлайди. Тўрт девор ва латта-путтадан бошқасини кўрмаган аёл эса маиший орзу-ҳаваслар билан андармон бўлиши табиий ҳолдир.
Мен қизларни эрта турмушга беришга қаршиман. Қизларимиз ўқиши, билим, ҳунар эгаллаши, оқу қорани таниши – бу муаммонинг биринчи ечими бўлса, иккинчи ечим оилада адолатли муносабатларни йўлга қўйишдир. Аёл илмли ва оилада адолат пойдор бўлса, ажралишлар ҳам, бемаъни орзу-ҳаваслар ҳам, моддиятнинг маънавиятдан устунлиги ҳам йўқолади.
Бир интервьюда Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова айтган эди: сеплари олиб кирилганда қўшнилар қўша-қўша оғир сандиқларни кўриб, “Оҳ, роса бадавлат келин экан!” дейишибди. Лекин сандиқлар тўла китоб эканини кўриб, ҳафсалалари пир бўлибди... Бугун бизда шунақа сандиқ-сандиқ китоб билан келин бўлиб борадиган қизлар борми? Шундай келинга орзуманд қайнона ё куёвлар-чи? Афсуски, бизнинг илмга боғлиқ қадриятлар тизимимиз издан чиққан ва бунда аёлу эркак бирдек айбдор.
– Юксалишни истаган халқ мактабга куч беради – бу аксиома мустақиллик йилларида тилдан тушмади-ю, лекин рақамлар кўп, сифат эса кам ўзгаргандек. Таълим тизимининг ҳамма бўғинларида – мактаб, лицей, олий ўқув юртида ишлаганман, узоқ йиллар репетиторлик ҳам қилдим. Энг асосий омил – ўқувчининг ўзи экан деган хулосага келдим: болада истак бўлмаса, таълим натижа бермайди! Аслида бу таълим тўғрисидаги янги қонунда ҳам белгилаб қўйилган: ўқувчи энди таълимнинг объекти эмас, субъектидир. Сўнгги йилларда давлат ушбу соҳага жиддий эътибор қаратяпти-ю, лекин ичимиздаги жаҳолат, маърифатга муносабат эскичасига қолаётгандек. Дарсликни янгилаш, ойликни ошириш, қоғозбозликка барҳам бериш, мактабни таъмирлаш, четдан муаллим чақириш... каби ислоҳотлар билан иш битмаётгандек. Ўйлаб қоласиз: хўш, ўқитувчи аввалгидан кўп изланиб, муносиб тарзда ишлаяптими? Ота-она боласини суриштириб, мактабга кўпроқ боряптими? Ўқувчи мактабга муносабатда ўн йил аввалги тенгдошидан бошқачароқми?
– Саволингиз яқиндагина рўй берган аянчли, уятли ва айни чоқда сабоқ чиқаришимиз лозим бўлган воқеани эсга солди. Жанубий Кореядаги олий ўқув юртида таҳсил олаётган юртдошларимиздан бири онлайн дарс чоғи ўқитувчисига ўзбек тилида ҳақоратли сўзларни ёзган. “Гугл таржимон” орқали талабанинг ёзгани сўкиниш эканидан воқиф бўлган ўқитувчи уни жинсий зўравонликда айблаб судга берган. Талабанинг ёнини олиб орага тушган деканнинг устидан ҳам даъво киритиб, уни жинсий зўравонлик таҳдидини хаспўшлашда айблаган. Даъво исботланса, талаба 5 йилга қамалиши, декан барча илмий унвонларидан маҳрум этилиб, ишдан бўшатилиши мумкин эди. Ўзбек тилшунос мутахассисларининг лингвистик экспертиза хулосаси асосида талаба жинсий тажовуз таҳдиди қилмагани, шунчаки сўкингани исботланди. Пировардида у ўқишдан ҳайдалиб, Кореядан бадарға қилинди, бир неча минг доллар жаримага ҳам тортилди; деканга эса жиддий огоҳлантириш берилди.
Бу бизда ва хорижда ўқитувчига муносабатнинг ер билан осмончалик фарқини кўрсатувчи ҳолатдир. Мутараққий дунёда ўқитувчининг обрў-мавқеи вазиру вузаролардан юқори эканини яхши биламиз. Айни чоқда, ўқитувчи бўлиш ҳам, бу мақомда туриш ҳам катта меҳнат талаб қилади. Номзод бир неча йиллар ёрдамчи, иккинчи ўқитувчи лавозимларида ишлаши, қанча-қанча талабларни бажариши керак. Бошқа томондан, ўқитувчига муносиб муносабат ҳам кўрсатилади: катта ойлик, маънавий ишонч ва ҳурмат, ижтимоий имтиёзлар... Биздагидек ўқитувчини уриш, сўкиш мумкин деган фикрда улғаймайди болалар. Шунинг учун ҳам улар тараққиётда илғор!
Тан олиш керак, биз кам ўқийдиган, таълимга муносабати ҳаминқадар халқмиз. Хўш, “ўқиб шаҳар олиб берасанми”, “бир кун кейин олим бўларсан” каби ибораларимизни қандай изоҳлаш мумкин? Лекин эсласангиз, “Икки эшик ораси” асарида Ҳусан дума Робиянинг отасини “маълим” дея айрича ҳурмат қилади. Демак, ўқитувчининг обрўси баланд бўлган даврлар ҳам ўтган тарихимизда. Аммо кейин нимадир ўзгарди, қаердадир хатога йўл қўйилди...
Лондон, Амстердам, Ҳаага, Москва... Бу шаҳарларда мен ҳавас қиларли даражада кўп китоб дўконларини кўрдим. Уларда санъату адабиёт ҳам илғор ўринда, жамоатчилик фикрини шакллантириш, бошқариш ва тарбиялашда етакчиликни бой бермаган. Бадиий асарлар асосида мунтазам равишда сериаллар, фильмлар суратга олинади, спектакллар қўйилади. Ижодий эркинлик эса тафаккурни янада ўстириб, китобга ва илмга иштиёқни орттиришга хизмат қилмоқда. Тафаккур, тарбия ва тарғибот пишиқ асарлар устига қурилмоғи даркор. Бизда пишиқ-пухта асарга таяниб кино ё сериал олинганини эслолмайман. Ҳатто тарихий шахслар тўғрисидаги сериаллар ҳам тайёр бадиий асарлар эмас, йўл-йўлакай ёзиб-ўзгартириб бориладиган қораламалар асосида ишланяпти.
Коррупция, фирибгарлик, ёлғончилик ва бу иллатларга нисбатан бефарқликнинг бир томони адабиёт (адаб) заифлиги, бошқа томони таълим инқирози билан боғлиқ. Адабиётга, китобга қизиқиш деярли сўнган жамиятда яшаб, таълим муаммолари фақат ўқувчиларга тегишли дейиш тўғрими? Таълим мактабдангина иборат эмас, таълим бу – ҳаёт тарзидир! Ҳаёт тарзимиз ҳар доим ҳам ақлий мезонлар асосига қурилмайди, мазмунан бой, серғоя ҳам эмас. Илм бефойда бир соҳа деб қаралади, интернет лаҳжасида айтсак, трендда эмас. Шундай ҳолда ўқувчилар кўзида сиз кутган иштиёқ бўлиши мумкинми?
Танганинг иккинчи томонида эса – мавжуд таълим шароити ва стандартлари... Ўн тўрт яшар ўғлим “Ойи, нега “History” каналида тарих қизиқ, тарих дарсида эса зерикарли?” деб сўрайди. Ҳужжатли фильмларни жон деб томоша қилади-ю, дарсликни очиб ўқигиси келмайди. “Ойи, сиз саволларимга қизиқ жавоб берасиз, ўқитувчимнинг гапларига тушунмайман”, дейди. Мактабга оёғи тортмайди, “YouTube”дан чиқмай ҳужжатли фильм кўради. Аксар синфдошлари ҳам шундай. Нега?
Биз болаларимизнинг эмоционал интеллектини ўстириш билан деярли шуғулланмаймиз. Биз уларнинг онгини фақат ахбороту тафсилот билан тўйинтирамиз, аммо зарур бўёқларни бермаймиз. Мактаб боланинг олтин даврини совурмаслиги керак. Бу кечирилмас хатодир.
– Бугун илғор зиёлиларимиз ўй-хаёлини “мутараққий халқлару давлатлар сафида турсайдик”, оддий одамларникини эса “биз ҳам фаровон яшасайдик” деганга ўхшаш орзу банд қилган. Жамиятнинг ҳамма қатламида турли таклифу ғоялар айтиляпти, қизғин мунозараю баҳслар кечяпти, қонун лойиҳалари муҳокама қилиняпти. Дунёни фақат таълимотлар, шиорлар, тортишувлар ўзгартирмайди; улар турмуш воқелигига айланмаса бари бекор – буни яхши биласиз. Эски ҳақиқат шу: сўзнинг кучи амал билан! Бу гап қонунларга ҳам тегишли. Жамиятдаги муаммоларга бефарқ бўлмаган, ижтимоий фикр уйғотаётган, ҳуқуқий масалаларда ҳам ўз фикрига эга зиёлилардан бири сифатида айтинг-чи, туб ўзгаришларга тўсиқ бўлаётган сўз ва амал, қонун ва ижро тафовути барҳам топиши учун тепадагилар нима қилиши керагу оддий одамлар нима қилиши керак?
– Одамларда қонуний яшаш ноқонуний яшашдан маъқулроқ, деган ақида шаклланмоғи лозим. Масалан, мен қонуний йўл билан тегишли тўловларни тўлаб ер майдонига эга бўлсам-у, қўшним шу ишни ноқонуний йўл билан, яъни пора бериб осонгина ҳал қилса, қонунга асосан яшаш кераклигига ким ҳам ишонар эди? Уддабуронлар ишини шу йўсинда битириб кетаверса, жамият парокандаликка юз тутмайдими?
Давлат бунинг учун коррупцияни жиловлаши, имтиёзлар механизми очиқ-ошкора бўлиши ҳамда қонунбузарларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш керак, мансабдорлар эса қонунга итоатда халққа ибрат кўрсатмоғи лозим. Жамият қонунга итоатсизликка муносабатини тубдан ўзгартирмоғи даркор. Ҳозир одамларнинг “эти ўлиб”, бефарқ, кўникувчан, ҳатто ҳуқуқбузарликларни оқлайдиган ҳам бўлиб қолган. Аслида жамият ҳуқуқий нигилизмга асло тоқат қилмаслиги керак. Кимдир йўл қоидасини бузяптими, ўзбошимчалик билан дарахт кесяптими, бировни уриб-сўкиб қийнаяптими, пора оляптими – индамай ўтманг, қонунсизликка асло бефарқ бўлманг!
Биз миллат ва давлат сифатида қонуний яшашни ўрганишимиз керак. Баъзилар қонун иккиламчи масала, инсоф, диёнат биринчи ўринда дейди. Лекин инсофу диёнатнинг ўлчови-меъёри борми? Боз устига, юзта одамда инсоф даражаси юз хил. Шунинг учун қонун асосий мезон бўлмоғи лозим.
Хабарингиз бор, яқинда йўллардаги қоидабузарликлар ҳақида рағбатлантириш эвазига тегишли ташкилотларга хабар бериш масаласи ижтимоий тармоқларда кўп ва хўб муҳокама қилинди. Кўпчилик бу ишни “хоинлик”, “сотқинлик” деб баҳолади; давлат қоидабузарликларга қарши ўзи курашсин, фуқаролар орасига тафриқа солмасин қабилидаги гаплар айтилди. Бироқ масаланинг бошқа томони ҳам бор: давлат ҳамманинг ортидан назорат қилиб юрса, биринчидан, маъмурий бошқарув идоралари баттар катталашади, харажатлар кўпаяди, давлат ва жамиятда кучлар мувозанати бузилади (кучли ижро ҳокимияти ва заиф жамият модели номақбул экани аён); иккинчидан, фуқаролик жамияти ривожланмайди, жамоатчилик назорати сусайиб, бефарқлик ортади.
Ривожланган давлатларда қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги тамойилига кўра, қоидабузар ким бўлишидан қатъи назар, жавобгарликка тортилади; демак, хабар етказувчи адолатнинг юзага чиқишига ёрдам беряпти деб қаралади. Бизда эса аксинча: хабар бериш – ўзиникиларни сотиш деб баҳоланади. Яъни қонунларга амал қилиш эмас, ўзиникиларга ёки айнан бир шахсга содиқ бўлиш, унинг айбини яшириш кўпроқ қадрланади. Умум қабул қилинган тартибларга садоқат эмас, маълум бир гуруҳ ё шахслар манфаатларига, уларнинг ёзилмаган қонунларига садоқат муҳимроқ. Бундай шароитда, табиийки, на коррупция ва на бошқа қоидабузарликларга қарши жамоатчилик назорати асосида курашиш самара беради.
Амалда кўпроқ ёзилган қонунлар эмас, ёзилмаганлари ҳисобга ўтади. Қоидалар ва одатларга муносабат тахминан мана бундай: “Ёзилган қоидалар давлатники, ёзилмаган қоидалар, анъаналар – халқники. Ёзилган қоидаларни бузиш мумкин, ёзилмаганларига албатта амал қилиш керак. Акс ҳолда, одамлар нима дейди?” “Ўзиники” ва “улар” деган тушунчалар ана шу негизда шаклланган: биз ва давлат, бизникилар ва давлат одами, халқ ва амалдорлар. Эҳтимол, муаммоларимиз илдизи ривожланган мамлакатлардаги каби фуқаро – давлат хизматчиси, сайловчи – номзод, халқ – етакчи тарзидаги таснифлаш онгимизга етарлича сингмаганидадир...
Хўп, нима қилмоқ керак?
Бунда давлатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам ўзига яраша масъулияти бор. Давлат зиммасидаги масъулият қонунларнинг ҳаммага бирдек татбиқ этилиши, жазо муқаррарлигини таъминлаш, адолатли қоида ва тартибларни яратишдан иборат.
Жамият аъзолари эса бу жараёнда ўзини томошабин эмас, иштирокчи ва ташаббускор сифатида тутиши керак. Давлат тузилмалари ҳамманинг қонунга тўлиқ риоя этиб яшашини таъминлаб бера олмайди, фуқароларнинг ҳам барчаси бирдек қонунга итоаткор эмас. Шу сабабли мутараққий дунёда жамоатчилик назорати деган тизим шакллантирилган. Бу худди ички аудит, ўз-ўзини назорат қилиш кабидир. Жаҳонга боқиб амин бўласизки, фақат кучли фуқаролик позициясига эга одамлари бўлган жамиятларгина равнақ топмоқда.
– Баҳсу мунозара уйғотган яна бир мавзу – китобхонликка оид савол. Таассуфки, биз юқори минбарлардан янграган олижаноб даъватни даста-даста китоб улашишу тадбирбозлик кампаниясига айлантириб юбордик. Олмонларда эса “Бир марта китобга қарасанг, ўн марта ҳаётга қара” деган мақол бор экан...
– Китоб мени одам қилган. Шу сабаб доим китоб ҳақидаги саволларга жон деб жавоб бераман.
Болалигимда онам “Бўлди, ухла, эрталаб мактабга тура олмайсан!” дея чироқни ўчириб чиқиб кетганларидан сўнг ҳам китобимни кўрпа остига яшириб, кўча чироғи ёғдусида ўқишни давом эттирардим. Болалигимиз ана шундай китобхонлик асрига тўғри келган эди.
Онам мен ўқиётган китоблар мазмун-мундарижаси билан деярли қизиқмасди. Китоб ўқиётганимнинг ўзиданоқ хурсанд эди у. Тўққизинчи синфда ўқиб юрган кезларим “Қўрқинчли Теҳрон” асарига муккадан кетдим. Бир куни босмахонада ишлайдиган онам аллақаердан романнинг мазмунини эшитиб қолиб, китобимни яшириб қўйдилар. Шундан кейин ҳар бир ўқиётган асарим ҳақида ҳисобот берадиган бўлдим. Яъни энди қанча ўқиётганим эмас, нимани ўқиётганим муҳимроқ эди.
Бугун – китоб ўқиш камёб ҳодиса бўлиб бораётган бир даврда фарзандларимизга уни эмас, буни ўқи, дея оламизми? Балки китоблар бутунлай ўтмишга айланиб бораётгандир-у, фарзандларимиз буни биринчи бўлиб англаётгандир? Замон болалари онгига қизиқарли ахборотнинг аксари телевидение, компьютер ва ижтимоий тармоқлар орқали кириб келмоқда. Аммо жамиятдаги ҳар қандай ўзгаришлардан қатъи назар, бола болалигича қолади. Демак, уларнинг қўлига сифатли китоб тутқазиб, мутолаа завқини англатишга ҳаракат қилаверишимиз керак.
Ўтган йил охирида Тошкентда ёшлар форуми ўтказилди. Ёшларга ҳаётий рағбат бериш учун бир қанча ижтимоий фаол инсонлар форумда маъруза қилдик. Журналист ва блогер Никита Макаренко ёшларнинг китоб ҳақидаги саволига жавоб бературиб, “Фақат бадиий китоб ўқинг, қолган барча китобларни улоқтиринг” деган бир оз кескин, аммо рост тавсияни берди. Нега айнан бадиий адабиёт ўқиш керак? Унинг шахсий ривожланишга оид турли китоблар, қўлланмалар, газета-журналлар, интернет сайтларидан афзаллиги нимада? Бадиий адабиёт дунёқарашни кенгайтириб, нутқни бойитади, тасаввурни ривожлантиради, айнан адабий қаҳрамонлар болага маънавий сабоқ бериб, нима яхшию, нима ёмонлигини англатишга қодир. Қолаверса, у ўқувчига мислсиз завқ бахш этади. Яъни бадиий китоб мияни ҳар томонлама ривожлантириб, “мегамия”га айлантиради.
Аммо боғчага борар-бормас смартфонни дўст тутаётган болаларимизни бир жойда ўтириб диққат билан китоб ўқишга жалб қила оламизми? “Ўқиш – зерикарли” деб турган болага нима деб уқтирган маъқул? Менимча, бунда шахсий ибрат муҳим. Бола ота-онаси қўлида китоб кўрса – китоб, гаджет кўрса – гаджетга ошно бўлади. Болаларимизни сўзимиз эмас, амалимиз тарбиялайди. “Мен сенинг ёшингда фалон ишларни қилардим”га ўхшаш қуруқ насиҳатлар замон болаларига таъсир қилмайди.
Президентимиз илгари сурган бешта муҳим ташаббуснинг тўртинчисида китобхонликни кенг тарғиб қилиш орқали ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш назарда тутилган. Аммо бугун билим, ахборот, хусусан, ҳуқуқий ахборот тарқатишнинг муҳим воситаларидан бири бўлган босма маҳсулотлар – китоб, газета ва журналларни чоп этиш ҳамда аҳолига етказишда баъзи муаммолар мавжуд. Аввало, китобхонликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг тизимлилиги ва изчиллиги, қолаверса, уларнинг самарадорлигини баҳолаш тизими мавжуд эмас. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига қараганда, 2016–2019 йиллар оралиғида мамлакатимизда чоп этилган китоб ва брошюралар бирлиги қарийб 600 тага, адади эса 7 млн нусхага камайган. Газета-журналларнинг йиллик адади шу муддатда қарийб икки баравар қисқарган. Бу кетишда яна ўн йиллардан кейин китоб музей экспонатига, биз эса маҳдуд фикрли одамларга айланмасак бўлгани!
Китоб бу – ғоя дегани, ғоясиз тараққиёт, умуман, ҳаёт бўладими?
“Биз қоронғи дамларда ҳам ёруғ келажакка боқа олишимиз керак” деган эди Арасту. Бугунги қийинчиликлар ҳам ўтар, китобу китобхонликни ёруғ келажакка эсон-омон олиб чиқолсак бас!
Нодира ОФОҚ суҳбатлашди.
“Tafakkur” журнали, 2022 йил 2-сон.
“Сўзнинг кучи амал билан” суҳбати
Тарих
Тарих
Адабиёт
Санъат
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ