Дукчи Эшон даъвати билан кўтарилган ғалаён, миллат болалари юрагига экилган қўрқув, Марҳаматга айланган Мингтепа, ўзини тишлаб ўлдирган сотқин – Андижон қўзғолонига 125 йил тўлди


Сақлаш
20:19 / 09.06.2023 834 0

 

1898 йил 18 майда Дукчи Эшон даъвати билан бошланган халқ ғалаёни “Андижон қўзғолони” номи билан тарихда қолди. Ушбу ҳодиса ўша йиллардаёқ тадқиқ этилиб, турлича фикр-мулоҳазалар билдирилган. Мазкур мақолада биз икки муаллифнинг нуқтаи назарини таҳлил этиб, уларга баҳо беришни сизларнинг ҳукмингизга қолдирдик.

 

Истибдод исканжасида

 

Мустамлакачилик чоҳига тушган Туркистонда чор амалдорларининг зулм ва тазйиқи зўрайиб кетди. Маҳаллий халқни эзиб, хўрлаш, масалан, кўчадан миршаб ўтиб қолса, ўрнидан турмаган мусулмонларни калтаклаш, қамаш одатий ҳолга айланди. Тарихчи-адиб Фозилбек Отабек ўғли 1926 йили чоп этилган “Дукчи эшон воқеаси” китобида “Шаҳар халқи золим ҳокимлар зулмидан безор бўлиб кўчага чиқолмай қолгандек тоғлардаги қирғизлар ҳам от, мол, қўй, эчкиларини бемалол боқолмай, бир тарафдан: чўп, оғиз пули деб жарима солиб, пулларини олса, иккинчи тарафдан “туёқ пули” деб қўйларини тортиб олди. Учинчи ёқдан рус мужиклари “экинимга кирди” деб молларини “штраф” қилиб олиб қўярди”, деб ёзади.

 

Пичоқ суякка етган кунларда тоғлик қирғизлар Дукчи (йикчи) Эшон номи билан танилган мингтепалик Муҳаммадали халфа Собир ўғлига “Ижозат берсангиз, ҳамма қирғизлар йиғилиб, мужиклар устига ҳужум қилиб, барини оёқ остида бостириб юборамиз. Бутунлай жонимиздан тўйдик. Бу юрганимиздан ўлганимиз яҳшироқ. Ғазотга рухсат беринг”, дея мурожаат қилишади. Ўша пайтда Фарғона музофотида камида 20 минг муриди бўлган Эшон улардан шошмай туришни сўрайди.

 

Исён Андижон, Ўш ва Марғилонда бир пайтда бошланиши керак эди. Режа ўхшамай, Андижон уездига қарашли Мингтепа, Тожик, Қашқар қишлоқлари кутилмаганда кўтарилиб кетди. Ушбу ҳудудларда яшовчи жами фуқаролар, хусусан, ўзбеклар, тожиклар ва қирғизлар Эшон истиқомат қилувчи Мингтепага тўпланди. Дукчининг ўшанда халққа қилган мурожаатида мусулмонларни кофирлардан халос этиш вазифаси ўз зиммасига тушгани айтилиб, ҳамма ғазовотга даъват этилди.

 

“Ўлсак шаҳид, ўлдирсак ғозий”

 

“Эй, муҳтарам мусулмонлар! Эй, биродарлар! Ҳаммангизга маълумки, юртимиз мусулмон юрти, эл мусулмон, халқ мусулмон, шариатнинг ҳукми жорий, амри нофиз эди, – дейилади мурожаатда. – Ҳукуматни Оллоҳ таоло ўзи биладур, кофирларни мусаллат қилди, юртимизга ўрус келди. Худоёрхон ўрнига Кауфман, Умархон тахтига Черняев ўтирди. Ўрус Ватанимизни, сўнгра тилимизни истило қилди. Аста-секин динимизга истило қилмоққа бошлади. Мусулмонларнинг ахлоқи бузилди. Ўрус келганига 30 йил тўлмай, мусулмонлар рибога айланди, ҳалол-ҳаромни фарқ қилмас бўлди. Қозиларимиз бўйнига бут тақадиган бўлди. Хулоса (шулки), шариатимиз хор, мусулмончилик ғариб бўлди. Ҳурриятимиз ғойиб бўлди, истиқлолимиз маҳв бўлди, ўзимиз ўтмас, сўзимиз кесмас бўлдик.

 

Эй воҳ...

Эй, мусулмонлар, эй, худонинг бандалари, эй, пайғамбар уммати! Чин мўмин бўлсангизлар, сизларга жиҳод лозимдур, жиҳод эътиқод, Оллоҳ йўлида жиҳод қиламиз, ўлсак шаҳид, ўлдирсак ғозий бўламиз, жиҳод қилмагунча елкамизга минган бу рўдапо ўрусдан қутулиш йўқ”.

 

Рус муаллифи В.Салков 1901 йили Қозонда чоп этилган “1998 йилдаги Андижон қўзғолони” китобида қўзғолончиларни каллакесарлар шайкаси деб атайди. Миллат озодлиги йўлида шаҳид кетганларга муаллиф берган ушбу ҳақоратли таърифга нима ҳам деймиз? Бир ўринда В.Салков Дукчи Эшонни танигани ва бир неча марта кўрганини айтиб, у доим нимадандир норози, хафа кайфиятда юрарди, дея таъкидлайди. Билиб-билмай чоризмнинг босқинчилик сиёсатини фош этиб, ўзи ўзига қуйидаги саволларни беради: “Руслар унинг диндошларини қийнаётгани учунми, одамлар ахлоқан бузилаётгани ёки ҳажга бориш, закот бериш тақиқлангани учунми, урф-одатлар, оилалар барбод бўлаётгани учунми?”

 

Исённинг бошланиши

 

1898 йил 17 май кеч соат 8 да Мингтепадан чиққан оломон Андижонга йўл олди. Эшон оқ отга миниб, Қутчи, Барғон, Қорақўрғон, Оқчи, Кулла, Чиғовул, Хаканд, Работ, Дархон, Сарикўй, Кўкча қишлоқларидан ўтди. Бу қишлоқларнинг бир қисм аҳолиси ҳам исёнчиларга эргашди. Минг нафар пиёда ва минг нафар отлиқ ҳарбий гарнизонга ҳужум қилди. Шиддатли жанглардан сўнг солдатлар ғолиб келиб, исёнчилардан кўпи ўлдирилди ва ярадор қилинди. Чиндан ҳам, 111 нафар яхши қуролланган солдатга болта, ханжар ва калтаклар билан қуролланган оломон бас кела олармиди? Қўзғолончилар томонидан 22 нафар рус солдати ўлдирилди ва 24 киши ярадор қилинди.

 

В.Салковни ўлдирилган минглаб тубжой аҳолиси қизиқтирмайди. У 24 нафар рус солдатига ачиниб, ўзбекларни ҳақоратлашга ўтади: “Биз ўлка тарихига оид маълумотларга кўра ҳамиша мавжуд бўлган ва ўз-ўзидан йўқ бўлмайдиган, нари-бери ўчирилган олов кули ҳали узоқ вақтлар чўғланиб туришини унутдик. Натижа тезда кўрина қолди. Бу жаноблар 11 йил мақтовлар оғушида бу ёввойи подани тараққиёт йўлидан ҳайдаб юрди. Ниҳоят, ўн иккинчи йилда бу тўда рус солдатларини ўлдириш учун Мингтепага етаклаб келинди”.

 

1898 йил 19 майда Фарғона вилояти ҳарбий губернатори Чайковский 250 нафар қўшин билан Андижонга етиб келди ва жазо отрядлари уезд бўйлаб кезиб, қўзғолонга дахлдор кишиларни ҳибсга ола бошлади. Эшонни тутиш учун Мингтепага, унинг ҳовлисига бир тўп солдатлар жўнатилди. Улар хонақоҳдаги ҳамма нарсани талаб, эшикларни муҳрлади ва Мингтепада уч соат отишма қилди. Бу уч соат ичида ҳовлима-ҳовли ўтиб, ким кўринса отиб ўлдирди.

 

Сотқин Қодирқул

 

Дукчи Эшон Кетмонтепа, Элатия тарафларга қочиб, уч-тўрт кун тоғларда юриб, охири ёнида уч кишидан бошқа одам қолмади. Уни тутиб келтирганга мукофот тайин этилгани боис, Қўқон қишлоқ мингбошиси Қодирқул ва бозор саркори Яъқуб қўрбоши Дукчи Эшонни излаб, шу тарафга чиққан эди. Улар Арслонбобга яқин Тошкўприк деган жойда турганида Эшон ўша ердан ўтиб қолди.

 

Яъқуб қўрбоши: “Эй, тақсир! Ман сизни кутиб турибман, ёрдам қилмоқ учун”, деб отдан ўзини ташлаб кўришмоққа югурди. Эшон ҳам отдан тушиб, йиғлаб қучоқлашиб кўришган вақтда уни кўтариб тагига босиб, одамларини чақириб, боғлаб олган. Орқасидаги уч одамни ҳам тутиб, тўртовини боғлаб қўйганлар. Қодирқул мингбоши дарҳол етиб келиб, Эшонни кўриши билан: “Хотин-талоқ! Ҳаммани хонавайрон қилдинг-ку!” деган. Эшон буларга: “Икковинг ўлар вақтда жинни бўлиб ўлгин! Бизни русга тутиб берган қўлларинг билан ўзингни уриб, сўккан оғзинг билан ўзингни тишлаб ўлгин!” деган гапни айтган, холос.

 

Бу ишидан сўнг Қодирқул сийланиб, Андижон эски шаҳарига мингбоши бўлади. Яъқуб қўрбоши эса Қўқон қишлоққа мингбоши тайинланиб, неча йилдан буён халқ фойдасига ишлаб келган Холбаҳодир мингбоши ишдан олинади. Эски шаҳар Қодирқулга буткул топширилиб, у фуқароларга беҳад зулм ўтказади. Биров энгашиб салом қилмаса, тутиб тўхтатмоқни одат қилади. Бундан ўрганиб рус амалдорлари ҳам халқни “руку” билан салом ва “сажда” қилдирадиган бўлади.

 

Қодирқул юртга сиёсат ўтказиш учун “ур” дардига гирифтор бўлган ва ким рўпара келса, урдирмай қўймас эди. Охири бир дўкондор арманини уриб қўяди. Ажнабий бой унинг устидан арз қилиб, судга беради. Сотқин амалдор истибдод учун қилган шунча хизмати эвазига хорлик билан мансабидан ажралади. Қўқон қишлоққа бориб амал ҳасратидан мажнундек бўлиб, ўзини ўзи уриб, жароҳатлаб ўлади.

 

Дор остида

 

Исён баҳонасида шаҳар ва уездлар (шимолдан Еттисув, ғарбдан Ёзёвон, жанубдан Водил, шарқдан Қашқар довони ўртаси)дан икки минг киши қамалган. Оқпошшо буйруғи билан тўполонларни тинчитиш учун Сирдарё ва Фарғона вилоятларига қўшимча ҳарбий отрядлар ҳамда 2 сотня казаклар ва 1 та пиёдалар батальони ташланади. Шаҳар ва қишлоқлардаги рус аҳолиси ва темир йўл хизматчилари берданка билан қуроллантирилади. Мана шундай фавқулодда чоралар билан исён аланга олмасдан тўхтатиб қолинади. Бундан буён ғазовот кўтаришга минбаъд уринишлар бўлмаслиги учун Фарғона халқига 300 минг рубл жарима солинади.

 

“Қўлга тушганларнинг анчаси калтакланиб, уриб ўлдирилди ва бир қанчасини осиш учун 8 та дор тикланди. Бу дорлар ердан 8-9 газ баланд бўлиб, тепасига ғалтак ўрнаштирилғон ва ўшандан қора арғамчи ўтказилиб қўйилғон эди. Бир куни “Тамом фуқаро янги шаҳарга чиқсун, Эшоннинг сўфиларидан 8 киши осиладир”, деб, ҳаммани мажбурий ҳайдаб чиқдилар. Муддао фуқароларнинг юракларида қўрқинч қолдирмоқ ва истибдод салтанати тахтида узун замонлар беташвиш барқарор қолмоқ эди”, дейди Фозилбек Отабек ўғли.

 

Одамларни қўрқув исканжасида ушлаб туриш борасида В.Салков шундай дейди. Ҳарбийларга ҳужум қилганларни тергов қилиш, маҳаллий аҳолининг ақлини киргизиб қўйиш, оммавий тартибсизликларнинг айбдорларини жазолаш учун учун Тошкентдан Туркистон генерал губернатори вазифасини вақтинча бажарувчи генерал-лейтенант Н.И.Королковнинг шахсан ўзи келди.

 

Соат саккизда янги шаҳардан тахминан 8000 киши ва 2000 нафар мактаб боласи олиб чиқилиб, Тупроққўрғон олдида, дорлар атрофига одамлар сафлаб қўйилди. Ҳоким ёш болаларни ҳам дорнинг бир тарафига қатор қилиб қўйдирди. Мингбоши ҳокимга “Ёш болалар қўрқармикан? Одамлар орқасига қўйсак, қалай бўлар экан?” деган экан, “Қўрққани яхшироқ. Эсидан чиқмайди. Дорга яқин қўйилсин”, деб буюрибди.

 

1898 йил 12 июнда рўй берган бу даҳшатли “томоша” гувоҳларидан бирининг айтишича, губернатор фармойиши билан миршаблар томонидан бозордан ва маҳаллалардан тахминан 500 киши шаҳар крепости (қўрғон) тагига ҳайдаб борилди. Турмага 50 га яқин солдат қўшиқ айтиб кириб, 6 нафар мусулмонни ҳайдаб чиқди. Бечораларнинг ранги-рўйига асти қараб бўлмасди. Дарҳол оқ сурупдан қилинган 6 та халта олиб келинди. Бир мутакаббир “тўра” қўлига ярим тахта қоғозни олиб, қовоғини солиб ҳукмни ўқиди: “Сизларнинг подшоҳи аъзам, императур муаззам аскари борасида қилғон ҳамла, ҳужумларингиз ва бу исёнга сабаб бўлғон Муҳаммад Али Эшоннинг императур аъзамнинг улуғ сиёсатидан қўрқмай қилғон феълига шерик бўлиб, ёрдамда бўлғонларингиз сабаб бўлди. Сизларнинг ҳаммангизни ҳарбий суд осиб ўлдирмоққа ҳукм қилди. Алҳол, сизларга шу ҳукм жорий қилинадир”, деган ҳамон солдатлар қиличларини суғуриб, пешоналарига тутиб, ярим соатга яқин ноғораларини чалиб турди.

 

Маҳбуслар бошига халта кийдирилиб, дор тагига қўйилган курси устига чиқарилди. Бўйинларига арқон солиниб, оёқ остидаги курсилар тепиб юборилди. Бу олтовидан иккиси бир-икки буралиб, оёғини уруб қимирламай қолди. Бошқалари пириллаб айланиб, буралиб, икки томон дорнинг ёғочига урилиб, кўп овора бўлди. Ёш болалар бу манзарадан қўрқиб: “дод, ота, она!” деб йиғлаб юбордилар. 4-5 таси ҳушидан кетиб йиқилди. Болалар турган тараф тўполон бўлиб кетди. Одамлар: “Қўрқди, қўрқди! Болаларни орқага олинглар, юзига сув сепинглар!” деб бақиришди.

 

Губернатор эса атайлабдан дор атрофида турган халқни “Яқин келинглар”, деб, чақирди. Ҳамма яқин келганда “Болалар қани, болаларни ҳам чақиринг”, деб буюрди. Унга болаларнинг қўрқиб, беҳуш бўлиб, юраги чиққанларини, уч аравага солиб, шаҳарга жўнатиб юборилгани айтилганда губернатор қутуриб, “Кимнинг ижозати билан жавоб бердинглар?!” деб сиёсат билан одамларни ҳақорат қилди.

 

Императорнинг “марҳамати”

 

Исён бўйича жами 777 киши ҳибсга олиниб, тергов қилинади. Калтак ва қийноқ зарбидан ўнлаб инсонлар жон таслим этади. Терговдан кейин 415 киши суд қилинади, улардан 32 киши оқланади ва 380 киши ўлим жазосига ҳукм этилади. Бир киши умрбод қамоқ жазосига ва уч киши тарбиявий лагерга тортилади. Кейинчалик императорнинг “ҳиммати” туфайли ўлимга маҳкум этилган 380 кишидан 18 нафари (бошқа бир маълумотга кўра 21 киши) осиб ўлдирилди. Қолган 362 кишидан 3 киши умрбод каторгага, 147 киши 20 йилга, 41 киши 15 йилга, 1 киши 13 йилга, 1 киши 8 йилга, 47 киши 7 йилга, 4 киши 4 йилга кесилди. 15 киши Сибирга сургунга ва 3 нафар ёш бола тарбиявий қамоққа ҳукм этилди.

 

Исён баҳона бўлиб, солдатлар кўча ва майдонларда 25 кунгача қимирлаган жонни қўймай отиб турди. Ишлашга ва мардикорчиликка, айниқса, пилла тутиш вақт бўлгани учун барг кесишга борган бечораларни тутдек тўкиб, ўликларини ит, қушларга ем қилишди. Ҳатто қатиқ ва сут сотмоққа кетиб турган масъум болалар бераҳмлик билан отиб ўлдирилди. Уларнинг ота-оналари ўзлари кўчага чиқа олмай ёки болаларининг жасади устига бора олмай, кечалари солдатларни чақириб, кўп миқдорда пул бериб, фарзандларининг ўлигини топиб олдирар эдилар.

 

Биз фуқаронинг бегуноҳ ўлганларимиз етмай, жасадларимизга ит, қуш тегиб, қайсиси қўлсиз, қайсиси оёқсиз ва қайси бирисининг юз-кўзи йиртиқ ҳолда сотиб олинган, дейди Фозилбек Отабек ўғли. – Бундан бошқа қалам билан таҳрир қилиб бўлмаслик даражадаги ҳақоратлар тирикларимизгагина бўлмай, ўлган оға-иниларимизга ҳам теккан эди. Бу каби ҳақорат ва хўрликларға моддий зиёнимиз ва чор ҳукуматининг Туркистон деҳқонлариға қилған моддий ва маънавий адовати ва золимлиғи деб ном берсак, ёлғон ёзмағон бўламиз.

 

“Шарқлик киши ниқобда туғилади ва ўлади, дейди В.Салков маҳаллий аҳолига нафрат билан. Унда бошқа дин вакилларига меҳр-шафқат бўлмайди ва бўлиши мумкин эмас. Ҳукуматга уларнинг итоати ва тобелиги ўз бурчларини англашидан эмас, балки рус қудрати олдида буткул ожизлигидандир. Ҳукуматимиз қонунлари ва тартиботларига бўйсунишларининг сабаби битта, 30 минг милтиқ, казаклар ва замбараклар уларни тўхтатиб турибди. Ушбу қуролларни бу ердан олиб кетинг-чи, нима бўлишини ўшанда кўрасиз.

 

Зулм, истибдод ҳукмрон тузумда бундан бошқача бўлиши мумкинми? Уйингга бостириб кирган душманга қучоғингни очиб бормайсан-ку, ахир.

 

Вайрон этилган қишлоқлар

 

Чор жаллодлари қўзғолончиларни бешафқат жазолаш билан бирга, Тожик, Қашқар ва Қутчи қишлоқларидаги хонадонларни тамомила вайрон этиб, барча оилаларни Қақир деган чўлга ҳайдади. Тубжой аҳолини қириб ташлаш ёки сургун қилиш ҳақида ҳам фикрлар бўлган эди. Оқпошшонинг “раҳм-шафқати” ва “марҳамати” билан одамлар ўша даштда қўним топди. Улар ўрнашган жойлар шундан эътиборан Марҳамат дейила бошланди. Бундан ташқари, рус маъмурияти Мингтепа ва Андижон шаҳри оралиғидаги қўзғолончиларга қўшилган 29 та қишлоқни вайрон этишга қарор қилган эди. Оқибатда Хаканд бўлисидаги 5 та қишлоқ бузиб ташланиб, 700 та хонадон йўқ қилинди. Тожик, Қашқар ва Қутчи қишлоқларидаги унумдор ерларга эса Россиядан кўчириб келтирилган 400 та рус оиласи жойлаштирилди.

 

Андижон исёни мустамлакачиларни нега бунча таҳликага солган, уларнинг қаҳр-ғазабини қўзғатган эди? Фикримизча, шу пайтгача ёввойи, пода саналган, одам ўрнида кўрилмаган инсонлар илк марта ўз қадр-қиммати, ори-ғурури учун майдонга чиққани, бошларини кундага қўйишдан тап тортмагани босқинчиларни шошириб қўйган.

 

Абдумажид АЗИМОВ,

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//