Етти юз ёшли устун
Хоразм – рўйи заминдаги қадим ўлкалардан бири. Унинг қудрати ва улуғворлигини мўъжиза туфайли бугунги кунларгача сақланиб қолган нодир иншоотлар, санъат асарлари орқали тасаввур этса бўлади.
Биргина “темир дарахт” дея ном олган гужум ўстириш ва ундан ҳам қадимийроқ ёғоч ўймакорлиги мактабини айтинг! Кўҳна устунлар, дарвозаю эшиклар ва бошқа ёғоч буюмларнинг бизгача етиб келгани мустаҳкамликда пўлатдан қолишмас гужум шарофатидан. Асрлар оша қуёш олови, ёмғиру қорлар остида қойим турган, тинкани қуритадиган саратону қаттол аёзларга дош бериб келаётган ёғоч устунлар, айниқса, эътиборга молик. Мен бир меъморий обида ҳовлисидаги устунлардан бирини суратга олдим – энг қадимийси 700 йиллик экан!..
Черков олдидаги оғочлар
Самарқанддаги илк рус православ черкови қурилганига 140 йил бўлибди.
Авлиё Георгий ибодатхонаси нималарни кўрмади дейсиз: шон-шараф ва мутаассиблик, байрам ва мотам маросимлари... фожиаю таъқиб, таҳқир ва хўрлик... Меҳроблар мурдор этилди. Кўзга кўринган неки бор – гумбаз, қўнғироқхона, хоч, иконалар... вайрон қилинди. Самолёт макетлари, янги “яримхудо”лар, қўлбола авлиёю ўткинчи муқаддас оталарнинг портретлари ўрнатилди...
Ҳаммасини ўз ўрнига қўйиш фурсати етди, бино маънавият ва таълим-тарбия ўчоғига айланди.
Иншоот атрофидаги боққа беш туп оққайин ўтқазиб, иҳоталаб қўйилибди. Бу ниҳоллар ўтмишдаги каби оғир синовлардан асрасин дея ният қилинган бўлса не ажаб...
“Artisane” оқшоми
Нукуслик Жўллибой Изентаев (1943–2009) менинг жон дўстим, фикрдошим, сафдошим эди. Ўзбекистон халқ рассоми унвонини биринчи бўлиб олган қорақалпоқлардан, илк академик, рассом, тасвирий санъат устаси, қорақалпоқ тарихи жонкуяри.
Ортида уч ўғил ва уч қиз қолди. Неваралари бир этак.
Ўғилларига пойтахт номларини берган: Тошкенбой, Нукусбой, Жарлиқоғон.
Кенжа ўғли Италия Тасвирий санъат академиясини тамомлади, рассом, узоқ йиллар Тошкент суратгирлар уйида директор бўлиб ишлади.
Нукусбойнинг ҳам фитратида мусаввирлик бор, у бўш вақтларида наив усулида амалий санъат намуналарини яратади. Шаҳар марказида “Artisane” номли ажойиб ресторан ҳам очган. “Artisane” қорақалпоқчада “ўз ишининг устаси” деган маънони билдиради.
Аминманки, ўртанча Изентаев она шаҳрини янада кўркам қилиш ҳамда Нукусбой деган номни оқлаш учун бор куч-ғайратини аямайди. Қорақалпоқлар эса бобо тарих мезони билан ўлчаганда навқирондан навқирон шаҳар бўлмиш Нукус билан ҳамиша фахрланиб келганлар ва бундан кейин ҳам шундай бўлажак.
Кун келиб Нукусга йўлингиз тушса, асло эринманг – албатта “Artisane”га кириб ўтинг. Пушаймон қилмайсиз. Иккиланмай “Нукус ғелаклари”га буюртма беринг. Кейин кўрасиз, “Artisane” тилингиздан тушмай қолади!
Ўйламангки, ресторан рекламага муҳтож деб. Асло! Тамаддихона мудом гавжум, унда ҳамиша турнақатор навбат. Биз ҳам ресторан соҳиби билан суратга тушиш учунгина ўн беш дақиқа кутиб туришимизга тўғри келди.
Бетховеннинг мусиқий сўзанаси
Бу оқшом Катта театр залига одам сиғмайди. Меҳмонлар қомусий олим, дўстим ва сафдош акам Абдулла Аъзам даъвати билан ҳозир бўлган. Оқшом олмон бастакори яратган дурдонадан, баайни унинг оҳангларидан, ундаги тимсоллардан бунёд бўлди... Симфония яратилганидан буён бугунга қадар дунёнинг қай бурчида ижро этилган бўлса, оқшомнинг мусиқий сўзанаси ўша бари ижроларнинг овози, акс садоларидан “тўқилган” эди гўё.
Мусиқа сеҳру жозибаси туғдириши мумкин бўлган шундай ҳиссиёт мени бир гал Мисрда – Жузеппе Вердининг “Эҳромдаги Аида”сини тинглаганимда асир этган эди...
Раҳмат сизга, Мавлоно!
“...Ҳаёт завқу сафоларидан / Фақат севги қаршисида мусиқа банда...” (Александр Пушкин. “Тош меҳмон”дан, Ҳамид Ғулом таржимаси).
Ҳайратомуз таносуб
Бозор ва мозор – ўзбеклар учун дахлсиз ва айрича икки макондир. Уларга тегиб бўлмайди – хосиятсиз дейишади. Чорсу ҳақида ҳам шундай деса бўлади. Нақл қилишларича, ҳатто бадқаҳр Чиғатой ҳам ўрдаси аҳлига Мовароуннаҳр, жумладан, Шош бозорларига дахл қилмасликни буюрган экан. Тошкентнинг энг қадимий бозорларидан бўлган Чорсу минг йиллик тарихга эга; Чиғатой ҳам, Ҳубилай ҳам кезган уни. Ўтган асрда Тошкентни истило қилган рус аскарлари кўп жойни вайрон қилган-у, Чорсуга тегмаган. Ажабки, шаҳардаги қарийб барча муқаддасот ва рамзий обидаларни бузиб ташлаган большевиклар-да бозорларга, Чорсуга ҳатто бармоғини теккизмаган. “Эски дунё”га ўт қўйган, черковларни портлатиб, масжид ва синагогаларнинг ғиштигача ерга қорган худосизлар, янги коммунистик таълимот байроқдорлари ҳам Чорсуни обод этса этдики, бир тошини-да нари-бери қилмади.
Ўзбекистоннинг эски бозорларидаги гумбазлар – қадимий тимларнинг чўнг акс садосидир. Замонавий гипермаркет ва mallлар ўз тузилишини юз йиллар мобайнида меъморий мумтозлик касб этган тимлар – ўша савдо мажмуаларидан олган.
1966 йилги ер силкинишидан кейин, шоирлар таъбири билан айтганда, “Шарқнинг олтин дарвозаси” – Тошкентни тиклашга кўплаб республикалардан талантли меъморлар жалб этилди. Архитекторларга зилзила хароб қилган шаҳарнинг шарқона қиёфасини сақлаб қолган ҳолда, уни қайта тиклаш топширилган. Тошкентга келганлар орасида Андрей Косинский ҳам бор эди; у тим ва гумбазларнинг мислсиз таносубидан ҳайратга тушди. Меъмор ўз топилмасини талабалари билан биргаликда амалга оширган бир қатор лойиҳаларида муваффақият ила қўллади. Ўша йиллари кўпгина меъморий ёдгорликлар таъмирланди. “А ля Восток” (“шарқона”) безаклари урфга айланди. “Сталинча услуб”га тўйинган Тошкент шарқона мовий-ферузаранг жилоларда янгича қиёфа касб этди. “Мовий гумбазлар”, Эскишаҳардаги ҳаммом (кейинчалик бузиб ташланди), Чорсунинг етти тоқи каби иншоотларда майоликадан (икки қават сирланадиган сопол) дадил фойдаланилди. Чорсу гумбазлари шу тариқа Ўзбекистон пойтахтининг “ташриф қоғози”га айланди.
Айтишларича, гумбазларнинг тарҳи сопол косадан олинган экан. Кимдир-биров хоразмлик машҳур кулол Раҳимберди Матчонов ясаган косалардан бирини тушиб синмасин дея тасодифан стол устига тўнкариб қўяди; бу ажойиб манзара меъморнинг тасаввурини созлайди ва шу тариқа Чорсунинг етти гумбази кашф этилади. Коса нақшу нигори кобальт ва феруза рангларининг матчоновча уйғунлашуви туфайли айрича манзара касб этган. Қирқ йиллардан буён шарқнинг оловли офтоби остида турган бу улкан мозаикавий паннонинг на ранги ўчди, на нураб тушди – ҳали-ҳануз яп-янгидай турибди. Мана сизга муҳаббату виждон билан қилинган ишнинг натижаси!
Косинский раҳбарлик қилган ва Тошкент Политехника институти битирувчилари В.Азимов ҳамда Л.Нефедов тайёрлаган лойиҳа ўша кезлар “СССР архитектураси” журналида эълон қилинган (1970 йил, 12-сон). 1980 йилда эса Одилов ва Азимов лойиҳаси асосида Чорсу гумбазларини қуриш бошланган...
Ферузаранг етти гумбаз – Тошкент бренди, уни бус-бутун ҳолда асраб, авлодларга етказиш – бурчимиз.
Амир Темур дарвозаси
Жиззахга боришда Сангзор дарёси бўйида ғор бор. У Амир Темур дарвозаси деб аталади. Маҳаллий аҳоли ва гидлар сўйлаб юрадиган афсонага кўра, Темур ҳали навқирон йигит эканида мағорани аскарлари билан бир кечада қазган ва мўғул лашкарининг орқа тарафидан чиқиб, янчиб ташлаган экан.
Обида билан боғлиқ муҳим артефактлар ҳам сақланиб қолган; улар бу ғорнинг улуғвор тарих учун нақадар аҳамиятли бўлганини кўрсатади. Мана улар: XV асрда Амир Темурнинг суюкли невараси Мирзо Улуғбек ўша қояда ўйма ёзувлар қолдиради; XVII асрда Бухоро ҳукмдори Абдуллахони соний ҳам ғалабасини шу жойга муҳрлайди; XIX асрда эса император Николай Иккинчининг сўзлари битилган металл лавҳа ўрнатилади... Бу ёдгорликларнинг айримлари бугунги кунларга қадар етиб келмаган эса-да, мавжудлари тарихий қимматга эга эканига шубҳа йўқ. Бугун дара-ғор ёнидан тезюрар поездлар, минглаб автолар у ёқдан-бу ёққа елиб ўтади. Қанийди, туризм идораси шу тарафга ҳам бир назар ташласа, мағора сайёҳлик “макка”сига айлантирилса... Ўша устунлару ўйма ёзувларнинг нусхасини тиклаш учун катта маблағ шарт эмас. Боз устига, кейинроқ даромад ҳам ўзи оқиб келаверади.
Таассуфки, юртимизнинг бу мўътабар манзилида – дарвоқе, уни умуминсоний десак ҳам бўлади – гоҳида вандализм, манқуртлик ва хўжасизликни кўрамиз...
Сиздан миннатдорман, Маэстро!
Ўрта Осиё рассомлиги, Ўзбекистон санъати тарихига дахлдор кўп воқеалар, янаям чуқурроқ кирганда эса, замонавий ўзбек тасвирий санъат мактабларидан бирининг таваллуди шу инсон номи билан боғлиқ.
Менинг оилам, дўстларимнинг тақдири ҳам шу исм билан вобаста.
Мен Беньков номидаги Республика рассомлар мактабида таҳсил олганман, бўлажак умр йўлдошимни ўша ерда учратганман, фарзандларим ҳам шу даргоҳда ўқиган. “Қайта қуриш” йилларида ўқув даргоҳи инқирозга юз тута бошлади, бошқа юртлардан келган ва “Беньков мактаби” довруғини оширган устозлар ҳам уни тарк этди. Ўша кезлар “Беньков”га раҳбарлик қилиш менинг зиммамга тушди. Уч йил директор бўлиб ишладим. Бошқа ёққа ўтиб кетганимдан кейин ўқув муассасаси номи ҳам ўзгарди.
Йиллар ўтди, таълим даргоҳининг шон-шарафи ҳам, ўзига хос мактаби ҳам йўқликка юз тутди. Сўнгроқ довруқдор Беньков номи қайтарилди, аммо мақоми оддий мактаб даражасига тушди.
Татарларнинг олис Қозон шаҳрида туғилган рассом Беньковнинг шарафли номи ва ишлари эса йилдан-йилга улуғворлик касб этаётир. 2009 йилда таваллудининг 130 йиллиги муносабати билан илк бора рассомнинг тўлиқ асарлари кўргазмаси ташкил этилди, бу тадбирга бош қўшганимдан фахрланаман.
Ҳаммаси учун Павел Петровичдан миннатдорман, унинг ёрқин хотираси олдида бош эгаман...
Юбилей муборак бўлсин, Маэстро!
Улуғхон қурдирган улуғвор обида
Дунёнинг турли шаҳарларида не-не масжидларни кўрганман. Мана буниси эса мени лол қолдирди!
Ислом меъморчилиги услубини Бенгалияга XV асрда саркарда Улуғхон Жаҳон келтирган. Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан анча йиллар олдин Улуғхон Жаҳон узоқ Мовароуннаҳрдан бу ўлкаларга келган ва 1442–1959 йилларда уни бошқарган султон Насриддин Муҳаммадшоҳни ўзига бўйсундирган. Улуғхон салтанат пойтахтини кўчиради ва янги бошкентда улуғвор бир масжид қурдиради. Мазкур иншоотда Византия, Самарқанд ва ҳинд меъморчилиги услуби уйғунлашиб кетган. Энг қизиғи, унда ўнта меҳроб мавжуд. 77 гумбазни эса 33 та устун кўтариб турибди.
Бангладеш аҳолисининг 168 миллиони мусулмондир; уларнинг аксари Бухоро зиёратини орзу қилар экан. Бинобарин, Бангладешда она заминимиздан борган зотлар барпо этган ўрта аср ислом меъморий обидалари ҳам талайгина.
Демократия қурбонсиз бўлмас
...Сайлов қурбонларсиз ўтмади. Ўндан зиёд одам ҳалок бўлди. Демократия шу қадар қимматли қадриятки, уни қарор топтириш ва ҳатто сақлаб қолиш ҳам қурбонларсиз бўлмас экан. Қарангки, дунёдаги энг фақир мамлакатлардан бирининг халқи фикран қанчалар етук ва жасоратли!
Шайх Ҳасина хоним тўртинчи марта бош вазир этиб сайланди. Дарвоқе, унинг отаси – Бангладеш мустақиллиги асосчиси Шайх Мужибур Раҳмон 1973 йилда Ўзбекистонга келган. Эрксевар, ўз келажагига ишончи собит, инсондўст, айни чоқда, бизга ва юртимизга хайрихоҳ Бангладеш халқи давлат бошқарувини тўртинчи маротаба оқила аёл қўлига топширди. Биз ўзбеклар ҳам бангладешликларга айрича ҳурмат билан қараймиз, шундай эмасми?
Олма – олам мўъжизаси
Олма – инсоният тарихидаги азалий ва серқирра рамзлардан биридир. Тақиқ меваси, Ньютон олмаси, Стив Жобснинг “Apple”и, Наманган олмаси...
Ҳамкасбим Азиза мени Паркент тоғларидаги далаҳовлисидан олиб келган олма билан сийлади. Унинг ранги ва нақшларини ҳайрат ила томоша қилар эканман, хона муаттар ҳидга тўлди. Ўзимни тутиб туролмадим: олмани қарс этиб тишладим. Роҳатижон!
Рўйи заминда бу меванинг етти ярим мингдан ортиқ нави бўлиб, 175 мамлакатда олмазорлар мавжуд экан. Ўзбекистон олма етиштириш бўйича жаҳонда 11-ўринда туради. Башарти, олмалар мусобақаси ўтказилганда, Азизахонимнинг Паркентдаги боғида етиштирилган олма ҳиди, таъми ва бежиримлиги билан албатта бош соврин соҳибига айланарди. Бу санъат одами – рассомнинг анчайин муболағаси деб ўйлаяпсизми? Унда Азизахонимдан илтимос қилинг, зора, сеҳрли олма сизга ҳам насиб этса... Ахир, каминангиз ҳам ўша олма тимсолида олам мўъжизасига дуч келмадими?..
Айтматов автобуси
Наманган шаҳридан узоқроқ қишлоқ ва маҳаллаларда яшайдиганлар бу эски автобусни – буюк туркий адиб Чингиз Айтматовнинг ранги унниқиб кетган сурати туширилган кўчма кутубхонани сабрсизлик билан кутадилар. Нодир китоблар кони, фильмлар макони! Кутубхоначининг айтишича, қишлоқ аҳли кўпинча Айтматовнинг ўзбекча китобларини сўрар экан.
Ўйлашимча, адибнинг байналмилаллиги қишлоқ одамининг туйғулари, ўй-ташвиши, дарду изтиробларини қаламга олганида; айнан унинг тилида сўзлаб, унинг тимсолини яратганида! Ўқувчининг миллати ёки тилининг аҳамияти йўқ, муҳими, у – қишлоқ одами. Яшаш жойи, ҳатто кўнгил дунёси-да бир хил, руҳияти муштарак. Шунинг учун қишлоқ одами – у ўзбек ё қирғиз бўладими, тожик ёки русми, буюк Айтматовни севиб ўқийди.
Дўппига лойиқмизми?
Дўппини диний маросим тимсолига айлантирдикми дейман... Тушунча ва қадриятлар қоришиб кетса, шундай бўлади одатда. Болалигимни эслайман: дўпписиз юриш айб саналарди. Энди эса дўппи кийсангиз, “Нима, таъзия бўлдими?” деган саволга рўбарў келасиз. Ҳа, бир қолипга солиш амалиёти кундалик дўппини маросим кийимига айлантирди-қўйди. Саудиялик араб музокара ёхуд учрашувга миллий кийимида келса, ғалати туюлмайди; яҳудий сиёсатчилар кипада чиқса – ҳурматга лойиқ деб биламиз. Ўзбек дўппи кийсин-чи, аввал-бошлаб ўзимиз сўроққа тутамиз, ҳайрон бўламиз, ўнғайсиз сезамиз ўзимизни...
Бир раҳбар ўз идорасида дўппи кийишни жорий қилибди – вазирона иш, дадил қадам. Ишқилиб бу кампаниябозликка айланиб кетмаса бўлди. Ҳа-да, шу заҳоти “чопонбозлик” бошланиши, қай бир “ватанпарвар” “нимчапўшлик” таклифи билан чиқиши ҳам ҳеч гап эмас. Барибир, тушунмайди одам – араб БМТга галабея, дишдаша ва ғутрада келса нега биров савол бериб безор қилмайди, яҳудий кипада юрса таажжубланмайди-ю...
Камина ўн беш йиллардирки, кузда Бельгия сувости денгизчилари кепкасини кияман. Қишда XVIII-XIX асрга хос қалпоқда юраман; Абдулла Қодирийнинг Отабеги кийган бош кийим эсингиздами – ўшанда. Қишда хизмат сафарига боришга тўғри келса, русларнинг барратери қалпоғини бошга иламан. Биров сўроқ-савол қилмаган. Лекин ўзбек миллатига мансуб вазир дўппи кийса, дарров ҳайронпазлик бошланади, баъзиларнинг ҳатто аччиғи чиқади денг...
Тарҳи тоза, тарихи бой
Наманган маданий, меъморий ёдгорликларга бой. Уларнинг ҳар бири бетакрор шакл ва мазмунга эга. Мустақиллик йилларида шундай бўлдики, масжиду сарой қурилиши дейсизми, тарихий мақбараларни таъмирлаш дейсизми – ҳаммаси бир қолипга солинди. Наманганда эса манзара мутлақо бошқача. Ҳар бир иншоотда холдеккина бўлса-да нуқта борки, меъмор ул нақш ё хусусни бошқа жойда ишлатмайди. Шундай усталардан бири – Мулла Қирғиз меъмор. У асли Наманганга таҳсил олгани келади. Талабалигида бўш вақтлари бир устага шогирд тушади. Сўнг эса машҳур бинокор Исматулла Охунд мураббийлигида меъморлик алифбосини ўрганади. Йигитча ўқимишли, ақлли, Қуръонни ёд билар; ҳам эскичасига, ҳам янгичасига саводли эди. Шунинг учун уни ҳурматлаб “мулла” дер эдилар. Бинокорлик соҳасидаги таҳсил тез орада маҳсулини берди, йигит бирин-сирин тарҳи ниҳоятда уйғун, гўзал иморатлар барпо эта бошлади. Мулла Қирғиз яратган иншоотлар кўзгусимон-симметрик нақшлар туфайли улуғвор кўринади. У катта-кичик гумбазлар қуришда моҳирга айланди. Атоуллохон тўра, Мулла Қирғиз, Ғойибназар қори, Мавлоно Лутфуллоҳ масжидлари, шунингдек, Наманган кўприги ва бошқа кўплаб иншоотлар ана шу меъмор томонидан барпо этилган. Устози Исматулла Охунд касбнинг жамики сирларини унга ўргатади ва ҳатто кўзюмар чоғида дангаса ўғлига эмас, талантли ва саботли шогирдига оқ фотиҳа бериб кетади.
Меъморнинг асл исмини ҳеч ким билмайди. Қачонки ундан исмини сўрашса, “Қирғиз деяверинглар, қирғизлар қандай истеъдодли эканини билиб қўйишсин”, дер экан ҳазиллашиб.
Олисларга етаклар хаёл...
1957 йилнинг ноябри. Рим кинотеатрларида машҳур кинорежиссёр ва сценарийнавис Марио Моничелли суратга олган фильм намойиш этилади...
Ўғлим менга тушлик жўнатибди.
Хаёл узоқларга олиб кетди. Болалигим эсимга тушди.
Урушдан кейинги йиллар. Отам мактаб директори ўринбосари бўлиб ишларди. Мактаб уйимиздан 12 км узоқда эди. У эрталаб саҳармардонда велосипедда ишга кетар, бизга нонушта қилиб олинглар деб тайинлашни сира унутмас эди.
Йиллар ўтди. Отам урушда яраланган эди, шу сабаб оламдан эрта ўтиб кетди.
Бирин-кетин фарзандларим туғилди. Қизларим-ку ёшликданоқ нонушта тайёрлаб, эрталаблари дастурхон тузашни билади. Бироқ ўғлим... ҳар қанча тайинлашимга қарамай, тамадди қилмай мактабига кетиб қолар эди.
Йиллар ўтди... Энди ўғлим мендан олдин ишга отланади ва “Отажон, нонушта қилмай ишга кетманг, кардиомагнил ичишни унутманг...” деб смс юборади.
Тунов куни ота-ўғил жумага чиқдик. “Тушлик қиламизми?” деб сўрайди ўғлим. “Соат 2 да йиғилиш бор... Оқшомгача, соғ бўл, болам!” дейману ишга югураман.
Юқори қаватга чиқарканман, ёшгина йигитча “Сизга овқат опкелдим, совимасдан еб оларкансиз, тайинлаб юборишди”, дейди.
Ўғлимнинг ҳам ўғли бор – Темур Малик Турсуналиев. Ўғлим, дейман пичирлаб, сенинг зурриётинг ҳам шундай меҳрибон бўлсин! Илоё, ҳамма болалар ота-онасининг тириклигида қадрига етсин, вафотидан кейин эса ҳаққига дуо қилсин!
Дарвоқе, Моничелли кинематография тарихида ўзига хос рекорд ўрнатган: 1933 йилда фаолиятини бошлаган режиссёр 2006 йилда 41-фильмини намойиш этган! Киночининг “Нишонга хато урма, Асунта” фильми бизда айниқса муваффақият қозонган. 2010 йилда саратон дарди билан касалхонага ётқизилган режиссёр 95 ёшида ўзини деразадан пастга отган...
Унинг фильмлари эса айнан бизнинг кечмишимиз, ҳаётимиз ҳақида сўйлаган каби ҳамон яшаётир.
Италиялик муаззин
Бахмал тумани марказида хайрия ҳисобига жоме масжид қурилди. Кексалар худди ўша жойда юз йиллар бурун мавзенинг энг кўркам саждагоҳи бўлганини эслайдилар. Даҳрийлик талотўплари замонида Бутуниттифоқ худосизлар жамияти фаоллари уни бузиб ташлаб, ўрнига “болалар уйи” қурган экан. Ҳолбуки, худосизлар келгунга қадар маҳаллий халқ “болалар уйи” нималигини билмаган, ҳеч ким фарзандини ташлаб кетмаган... Хаёлда бир ёруғ умид уйғонади: бу масжидда қилинажак дуолар жамият зеҳниятини яна тоза ўзанга буради, энди одамлар фарзандини ташлаб кетмайди, “болалар уйлари” буткул барҳам топади... Зора! Шояд!
Масжид очилиши арафасида қурбонлик қилинди, юз қирққа яқин қурувчига эҳсон тарқатилди, Қуръон тиловатидан кейин хайрли ишга бош қўшганларнинг барчаси ҳаққига дуо қилинди. Маросимда олис Италиядан келган Массимо Амброзини ҳам иштирок этди. Меҳмоннинг исломга муҳаббати ва динимизга оид кўп нарсани билиши маълум бўлгач, имом “Масжиднинг илк муаззини ўзингиз бўласиз”, дея лутф қилди унга. Жаноб Амброзини таклифни бажонидил қабул қилди ва қисқа фурсатда иймон келтириб, муаззин вазифаларини ўрганишга, 52 метрли минорага чиқиб азон айтишга сўз берди.
Турсунали ҚЎЗИЕВ
“Tafakkur” журнали, 2023 йил 1-сон.
“Қадриятлар қоришганда” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ