“Файзулла Хўжаев хотинимнинг акаси бўлгани учун жиноятчи бўлиб қоламанми?” – Шўро отувга ҳукм қилган қоракўлчи монополларнинг айби нима эди


Сақлаш
23:54 / 07.06.2023 1056 0

Тарихий манбаларга кўра, VIII асрда араб ва маҳаллай қўйларнинг чатишиши оқибатида қоракўл қўй зоти вужудга келган. Бу қўйлар гўштининг лаззати, жунининг майинлиги, терисининг енгил ва юпқалиги, пишиқлиги билан асрлар давомида қадр топган эди. XVII аср бошларида савдо-сотиқнинг ривожланиши билан жаҳон бозорига жингалакли мўйна учун Бухоро қўйларининг қоракўл терилари ҳам кириб борди. XVIII асрнинг ўрталарида Бухоро амирлиги ҳамда Хоразм хонлигида Эрон ва Россия савдо алоқаларида мўйна сифатида қоракўл терисининг ўрни ортиб борди. Бухородан Астрахань, Қозон, Сибирга, Эрон, Хитой, Ҳиндистон улар орқали Европа мамлакатлари бозорларига юборила бошланди.

 

XIX асрнинг охирларида Европада мўйна бозорининг ташкил этилиши билан қоракўл терисига бўлган талаб тўхтовсиз ўсиб борди. Қоракўл терисидан нимча, палто, папаха, телпак, ёқалар тикилиши унинг довруғини дунёга ёйди. Дастлаб Намибияда ўз фермалари бўлган немис қўйчилари қоракўл қўйларини урчитиш, уларни маҳаллий қўйлар билан чатиштиришга киришдилар. Бир дона қоракўл терисининг баҳоси бир от нархигача етди. Натижада Россия жануби, Қрим, Украина, Европа, Жанубий Африка, ҳатто Лотин Америкаси мамлакатларига урчитиш учун қоракўл қўйларини олиб кетадилар. Албатта, бу бозорнинг ташкил этилишидан 1930 йилларгача Бухоро савдогарлари мазкур бозорда мутлақ монорол мавқени ҳеч кимга бермадилар. Амирликнинг Чор мустамлакачилиги зулми остида қолиши билан Зарафшон дарёсининг суви йилдан йилга камайиб борди. Оқибатда яшил боғлар, пахта далалари қисқариб чўллашиш авж олди. Бухоро амири махсус фармон билан қоракўлчилик соҳасининг ривожига чексиз имтиёзлар жорий қилиб, ўзи энг катта қоракўл териси савдогарига айланди. Қисқа муддатда бу йўналишдан амирлик хазинасига миллионлаб доллар оқиб кела бошлади. Бугун эски суратларда нафақат Россия шаҳарларидаги, Берлин, Лондон, Париж шаҳарларидаги Бухоро зардўзлари, ипакчилик маҳсулотлари, гилам ва қоракўл терилари билан тўла дўконларга кўзимиз тушади. Бунда бухоролик уддабурон савдогарларнинг хизмати айниқса таҳсинга сазовордир. Қуйида Файзулла Хўжаевнинг ота дўстлари ва содиқ сафдошлари Нуриллахўжа Тўрахўжаев, бухоролик миллионер Аминжон Сулаймонов, Қиличхўжа Хўжаев ва бошқаларнинг аччиқ қисматлари ҳақида ҳикоя қиламиз. Бу қаҳрамон шахслар Бухоро Халқ Жумҳурияти истиқлолни қўлга киритиши билан унинг иқтисодий асосини таъминлаши керак эди. У вақтгача қоракўл териси савдосини давом эттириб, Файзулла Хўжаевни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб туриши кўзда тутилганди. 1937 йилнинг бошида ҳукуматга сайланмай қолган Файзулла Хўжаев юрак хасталигини ўтказади. Бундан хабар топган Асадбой Ғафуров (ўша вақтда Каркидаги совет-афғон савдо идораси ходими бўлган) Файзулла Хўжаевни зудлик билан, яширинча Афғонистонга чиқариб юборишга киришади. Шу мақсадда Афғонистонга Бухородан юборилган Мизроббек, Эшон Жунайдуллохўжа Ҳаққонийлар билан музокара олиб боради. Афсуски, у Тошкентга етиб борганида Файзулла Хўжаев аллақачон касалхонадан чиқиб, Москвага йўл олган эди. Изидан тушган НКВД ходимлари эса бу ўн нафар таниқли қоракўл савдоси вакилларини ҳибсга олади...

 

Нуриллахўжа Тўрахўжаев 1873 йил кўҳна Бухоронинг Ғозиён мавзеси Абдуллахўжа гузарида дунёга келган. Нуриллахўжа акаси Ғайбуллахўжа Тўрахўжаев, Файзулла Хўжаевнинг отаси Убайдуллахўжа, унинг амакилари Бўрихўжа, Отахўжа, Жўрахўжа Латифхўжаевлар билан ҳамкорликда Бухоро амирлигининг халқаро қоракўл савдосини амалга оширишарди. Биргина Нуриллахўжа Тўрахўжаев 1920 йилгача ҳар йили Москвага 4000 гача қоракўл тери олиб бориб, ҳар бирини 7–9 олтин рублдан пуллаб, 32000 рублгача даромад кўрган.

 

1920 йил, Бухоро инқилобидан сўнг БХР ҳукумати раҳбари Файзулла Хўжаевнинг тавсияси билан Нуриллахўжа Тўрахўжаев ўзининг қоракўл тери, пахта маҳсулотлари ва ҳаракатдаги пулларини Бухоро давлати ҳисобига ўтказади. “Қуввати жамият” савдо уйини очиб, етиштирилган қоракўл ва пахта маҳсулотларини Туркияга Абдуллабек Болтабековга, Германияга Аминжон Сулаймоновга етказиб бера бошлайди. 1922 йилда Аминжон Сулаймонов СССРга чақириб олингач, Германия билан савдо ишини Берлиндаги БХР вакили Юсуфбой Муқумбоев билан давом эттиради. Юсуфбой бу даромад ортидан Германияда таҳсил олаётган туркистонлик талабаларнинг яшаш, ўқиш харажатларини таъминлар эди. Нуриллахўжа Тўрахўжаев 1923 йил ўз пулини БХР давлати пули сифатида кўрсатиб савдо қилган деган айблов билан суд қилинади. Шу йили шўро ер ислоҳоти баҳонасида 200 таноб хусусий ерини тортиб олади. Шундан сўнг Тўрахўжаев Нурулло қоракўл ва пахта савдосини “Равнақ” савдо ўртоқлик жамияти орқали амалга оширади. У 1928 йилгача Афғонистондаги асли бухоролик савдо ҳамкорлари Эшон Жунайдуллохўжа Ҳаққоний ва мирзо Зайниддин Бобожоновларга маҳсулот юборган. Нуриллахўжа Тўрахўжаев Эшон Ҳаққоний билан савдода олтин, АҚШ доллари, Англия фунтларидан фойдаланар эди. 1932 йил олтин ва олмос савдосида айбланиб ҳибсга олинади, 11 ой давом этган қамоқдан сўнг озодликка эришади.

 

Нуриллахўжа Тўрахўжаев 1937 йил 19 августда аксилинқилобий ташкилот аъзоси деган айблов билан яна ҳибсга олинади. 1937 йил 20 август куни тўлдирилган шахсий анкетасига кўра оила аъзолари турмуш ўртоғи Файзулла Хўжаевнинг синглиси Саида Убайдуллаева, фарзандлари Сиддиқа, Махфира, Муслима, Сайфиддин ва Мунавварлардан иборат бўлган...

 

Аминжон Сулаймонов 1885 йил кўҳна Бухоронинг Ислоҳот гузарида дунёга келган. Мактаб ва мадраса таҳлилидан сўнг аввал қозиликда котиб, сўнг қози вазифаларида иш олиб борди. Сўнг ота касби – қоракўл териси савдосига киришиб, қисқа муддатда амирликнинг халқаро қоракўл териси савдосида кўзга кўринган шахс бўлди. Эрон ва Афғонистон орқали Буюк Британияга, Чор Россияси ҳудудидан Германияга чиқиб, кенг миқдорда қоракўл териси халқаро савдосини муваффақиятли йўлга қўяди. Россия, Лондон ва Берлин банкларига жойлаган капитали билан “бухоролик миллионер”га айланди.

 

Аминжон Сулаймонов 1918–1922 йиллар Берлин шаҳрида яшаб, жаҳон бозорида қоракўл териси савдосида аввал амирликнинг, сўнг БХРнинг мутлақ монополиясини таъминлашга ҳаракат қилди. Европа банкларига катта миқдорда пул киритди. Унинг обрўсидан хавотирга тушган шўролар давлати “бухоролик миллионер”ни куч билан қайтаришга ботина олмади. Уйи ёнгани ва фарзандлари ҳибсга олингани ҳақидаги ёлғон хабарни йўллаб Аминжон Сулаймоновни зудлик билан қайтаришга эришади. Бухорога келгач эса СССРдан чиқа олмайдиган қилиб қарор чиқаришади. У БХР ҳукумати кўмагида қоракўл тери ва пахта савдоси билан шуғулланувчи “Иқбол” савдо ўртоқлик ширкати очиб, 1922–1928 йиллар унга раҳбарлик қилади. Аминжон Сулаймонов 1930 йилдан Москва шаҳри яқинида НКВД назоратида уй қамоғида сақланади. 1937 йилнинг бошларида Бухоро шаҳрига қайтиб келади.

 

Аминжон Сулаймонов 1937 йил 20 август куни Бухоро шаҳри Ислоҳот гузари 87-уйдан аксилинқилобий ташкилот аъзоси сифатида қамоққа олинади. Бу вақтда оила аъзолари турмуш ўртоғи Ҳамро Саиджонова, фарзандлари Аюбжон, Яқубжон, Нурулхудо ва Сурайёхонлардан иборат бўлган. Аминжон Сулаймоновнинг ҳашаматли уйидан фарзандлари кўчага қувиб солиниб, уй НКВД малъунлари томонидан эгаллаб олинади...

 

Аминжон Сулаймонов 20 август куни илк сўроқда: “Аввал Эроннинг Машҳад шаҳрида уй сотиб олиб, қоракўл териси савдосини бошладим. Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳарларида уй ва катта боғ сотиб олиб, Англия билан қоракўл савдосини йўлга қўйдим. Ҳозирда бу уйга иккинчи хотинимнинг амакиси Мирза Муҳаммад Али қараб туради. Сўнг Германиянинг Берлин шаҳрига бориб, бир уй сотиб олиб, қоракўл териси савдо уйини очдим. Кейинги йиллар 8 миллион маркага 2 та ҳовли олдим. Германиядан қайтишимда уйларимдан бирини Германиядаги иш юритувчимга хусусийлаштириб бердим. Қолган иккита катта уйимни НКВД Берлинга одам юбориб олиб қўйди. Мен уларни совет ҳукуматига топширишга мажбур бўлдим. 1937 йил августда афғон хотиним Тамара-Шамсия 3-4 кун Керкига бориб келган эди. Аммо амакиси Мирзо Муҳаммад Али билан учрашиб, Афғонистонга ўтиб кетмоқчи бўлганидан хабарим йўқ” дейди. Шундан сўнг терговчи Аминжон Сулаймоновни “Совет ҳукумати қароқчилардан иборат. Улар нафақат мени алдади, хориждаги пулларимни ҳам ундириб олди. Улар оддий халқни ҳам талаяптилар” деган гапи юзасидан сўроқ қилади...

 

Қиличхўжа Хўжаев 1896 йил Бухоро шаҳрининг Абувакил гузарида йирик қоракўл савдогари хонадонида дунёга келган. Қиличхўжа 5 йиллик мактаб таълимидан сўнг бир муддат мадраса таҳсилини олади. Шундан сўнг “Ёш бухороликлар” партиясига кириб, унинг сиёсий тадбирларида фаол иштирок этади. 1920 йил Бухоро Халқ Жумҳурияти ташкил этилганидан кейин Қиличхўжа Хўжаев Бухоро ҳукумати Марказий Ижроия Қўмитасида фаолият бошлайди.

 

(Қиличхўжа Усмонхўжа ўғли)

 

1921 йил Қарши шаҳар инқилобий қўмитаси раиси вазифасида, 1922–1928 йиллар Бухоро ҳукумати томонидан ташкил этилган қоракўл савдоси идорасида масъул лавозимларда иш олиб боради. Қиличхўжа Хўжаев 1929–1931 йилларда Бухоро шаҳар бозор ишлари қўмитаси раиси, 1931–1933 йиллар “Иқбол” ўртоқлик жамиятига тегишли савдо дўкони мудири бўлди. 1932 йил афғонистонлик қоракўл тери савдогари Ғани оқсоқол билан олтин ва 30000 рубль пул билан қўлга олинади. Бир муддат ҳибсда бўлиб, ўзининг айбсизлигини исботлаб озодликка эришади. 1933-1934 йиллар Бухоро қоракўл заводида бош йўриқчи, 1935 йилдан Иттифоқжун марказида мудир бўлди. 1936 йилдан Бухоро марказий паркида маданият бўлими мудири вазифасида иш олиб боради. Бироқ, қоракўл териси савдосини ҳам бутунлай тарк этмайди.

 

(Бухоро Халқ Жумҳурияти мулозимлари)

 

1937 йил 27 август куни Хўжаев Қиличхўжа Усманович Абувакил гузари 35-уйдан аксилинқилобий ташкилот аъзоси деган айблов билан ҳибсга олинади. Оила аъзолари сифатида турмуш ўртоғи Раҳима Атаева, фарзандлари Мўмина, Сидиқа, Мунира, Умар, Абубакр, Ҳайдар ва Ҳабибаларнинг номлари келтирилган. Шунингдек, яқин қариндошлари деб укалари ипакчилик корхонаси ишчиси Отахўжа, шаҳар таълим бўлими чойхонаси ғазначиси Яҳёхўжаларнинг, сингиллари Зуҳрахон, Офтобхон ва Махфиратхонларнинг исмлари қайд этилган. 1937 йил 27 август куни сўроқ давомида БХР ҳукуматининг раҳбарлари Файзулла Хўжаев, Муинжон Аминжонов, Саттор Хўжаев, Ота Хўжаевлар билан яқин дўстлиги унинг асосий айби сифатида талқин этилди. 28 август куни сўроқда Қиличхўжа Хўжаев 1933 йилдан Каркидаги совет-афғон савдо уйи ходими Асадбой Ғаффоров орқали Афғонистон билан қоракўл тери савдосини йўлга қўйганини, қоракўл териси асосан Карки, Кушка, Термиз ҳудудларидан чиқарилганлигини, 1933 йил ўзининг Афғонистоннинг Андхўй шаҳри бозорига 500 та қоракўл териси, 1935 йил 18000 сўмга 4000 қоракўл териси, 1936-1937 йиллар ҳам Афғонистонга турли йўллар орқали қоракўл териси чиқарганлигини тан олади...

 

(Қиличхўжа Хўжаевнинг уйи. XIX аср охирида қурилган)

 

Ғиёсиддин Ҳасанов 1886 йил кўҳна Бухоронинг Усмонхўжа гузарида мударрис хонадонида дунёга келган. Отаси кейинроқ Ульянов губернаси, Буин шаҳрига бориб муллалик қилади. Ғиёсиддин Ҳасанов 1902 йил Бухоро мадрасасини битириб, бир йил ўқитувчилик қилади. 1904 йил онаси билан Буин шаҳрига отасининг олдига кўчиб боради ва 1906 йилгача Буиндаги жадид мадрасасида ўқийди. Ғиёсиддин Ҳасанов 1906–1910 йилларда Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўқитувчилар институтида, 1910–1912 йиллар университетда ўқийди. 1912 йил Буин шаҳрига келиб география, тарих, физика фанларидан дарс бера бошлайди. Бироқ, кўп ўтмай яна Бухорога қайтиб келади. Амирликда “Бухорои Шариф” ва “Турон” газеталари очилишида бош-қош бўлиб, муҳаррирлик қилади. 1914 йил газеталар ёпилгач, яна Буинга қайтиб кетади. 1921 йил Бухорога келган Ғиёсиддин Ҳасанов Бухоро Халқ Жумҳуриятида Маориф нозири ўринбосари ва Нозир, 1922 йилдан Ички ишлар нозири ўринбосари, 1923 йил Молия нозири, солиқ раҳбари, 1924 йилдан Бухородавлат савдо идораси раиси бўлди. 1924 йилдан 1931 йилгача Ўзбекдавлат савдо идораси раиси, 1932 йил Ўзжунсаноат идораси директори ўринбосари, 1933 йилдан эса Ўзбекқоракўл идорасида иш олиб боради.

 

1937 йил 29 август куни Ғиёсиддин Ҳасанов Усмонхўжа гузари 38-уйдан аксилинқилобий ташвиқотда айбланиб ҳибсга олинади. Шахсий анкетасига биноан оила аъзолари турмуш ўртоғи Робияхон, фарзандлари Нозика, Холида ва Аҳроржонлардан иборат бўлган.

 

Асадбой Ғафуров 1872 йил кўҳна Бухоронинг Ислоҳот гузарида дунёга келган. Асадбой узоқ йиллар Файзулла Хўжаевнинг отаси Убайдуллохўжанинг қоракўл савдосини бошқарган. БХР тузилганидан сўнг ҳам қоракўл савдосини давом эттирди. 1922 йил бир гуруҳ собиқ ҳамкорларини жамлаб хориж давлатлари билан қоракўл териси савдосини йўлга қўйиш учун “Иқбол” савдо ширкатини тузади. 1933 йил майдан Керки шаҳрида яшаб совет-афғон савдо идорасида иш олиб боради.

 

Асадбой Ғафуров 1937 йил 14 август куни Ислоҳот гузари 35-уйдан қамоққа олинганида оила аъзолари турмуш ўртоғи Муаттар Саидмуродова, ўғли Бахшулло, қизи Бўригуллардан иборат бўлган...

 

Шарафиддин Саидов 1875 йил Бухоро шаҳрида туғилган. Амир замонида энг машҳур қоракўл савдогарлардан бўлган Шарафиддин Саидов эл ичида “Махсум почча” номи билан танилган эди. БХР даврида “Иқбол” савдо ширкатида қоракўл териси савдосини олиб борди. Аввал Аминжон Сулаймонов, 1922 йилдан Юсуфбой Муқимбоевлар воситасида Германия билан қоракўл тери савдосини йўлга қўяди. Бироқ, совет мамлакати бухороликларнинг Европага мол келтириш имкониятларини муттасил қисқартириб борди. Юсуфбой Берлиндан Афғонистонга келади ва 1926 йил Бухородан укаси Мўминбой Муқимбоевни ҳам Афғонистонга чақириб олади. Ака-ука Муқимбоевлар Афғонистоннинг Андихўй шаҳрида Ўзбекистондан келтирилган қоракўл териларни дунёдаги талаб катта бўлган бозорларга етказиб берар эдилар. Шарафиддин Саидов 1932 йил ноҳақ бўҳтон билан қамоққа олиниб, икки ой ҳибсда сақланади. Кейинчалик Бухорода дўкон мудири бўлиб ишлаган. 1937 йил 29 август куни қамоққа олинганида оила аъзолари турмуш ўртоғи Мумина Аҳмедова, фарзандлари Муқаддас, Каромат ва Рофеълардан иборат бўлган...

 

(Пастда чапдан: қоракўл савдогари Усмонхўжа Фозилхўжа ўғли, ёнида набираси – Қиличхўжанинг ўғли Рофеъхўжа, унинг тепасида Қиличхўжа Хўжаев)

 

Аҳмаджон Камолов 1889 йил кўҳна Бухоронинг Говкушон мавзеси, Пўстиндўз гузарида дунёга келган. Мадраса таҳсили вақтида “Ёш бухороликлар”, 1918 йил эса Когон шаҳрида Фитратнинг тавсияси билан “Шўрои Ислом”га аъзоликка қабул қилинган. 1920 йилдан “Равнақ” савдо ўртоқлик ширкати қоракўл териси савдоси билан машғул бўлган. 1922 йил БухЧК раиси Муинжон Аминов Аҳмаджон Камоловни Шарқий Бухорога йўллайди. Улар махфий топшириқ асосида қизил армияга қарши истиқлолчилик курашчиларини қўллаб-қувватлаши керак эди. Бироқ, 1923 йил унинг Бойқаро қўрбошига курашни давом эттириши ҳақида ёзган хати чекистларнинг қўлига тушиб қолиб, ҳибсга олинади. БХР ҳукуматининг аралашиши эвазигагина қамоқдан эсон-омон қутилиб чиқади. Аҳмаджон Камолов 1926 йилдан Бухоро қоракўл заводида иш олиб борган.

 

Аҳмаджон Камолов 1937 йил 28 август куни қамоққа олинганида оила аъзолари турмуш ўртоғи Мубoракхон, фарзандлари Раҳматжон, Муаззамхон, Мисбоҳ ва Муҳаббатлардан иборат бўлган...

 

Бурҳон Мўминов 1895 йил Бухоронинг Қоракўл беклигида туғилган. Катта ер эгаларидан бўлиб, 1923 йилгача деҳқончилик билан шуғулланган. Хусусий ер эгалигига барҳам берилгач, 1927 йилгача “Қўшчи иттифоқи” аъзоси бўлган.

 

Бурҳон Мўминов 1928 йилдан қоракўл савдоси билан шуғулланган. 1937 йил августда аксилинқилобий ташкилот аъзоси сифатида ҳибсга олинганида оила аъзолари сифатида турмуш ўртоғи Муҳибахон, фарзандлари Зайниддин, Садриддин, Саида, Ҳалима ва Насриддинларнинг номлари қайд этилган...

 

Ғулом Муҳиддин Юлдашев 1895 йил туғилган. Ғулом Муҳиддин Юлдашев аввал “Иқбол” савдо ширкатида, сўнг Бухоро Давлат савдо бошқармасида масъул вазифаларда ишлаган. У ҳибсга олинганида оила аъзолари турмуш ўртоғи Саидахон, фарзандлари Маҳдия, Фахриддин, Фирдавс ва Шавкатлардан иборат бўлган.

 

Мулла Рўзи Жумаев 1891 йил Бухорода туғилган. Оила аъзолари хотини Холлихон Бобоева, фарзандлари Музайянахон ва Раҳимжонлардан иборат эди...

 

Муттасил таҳқирлар ва қийноқ остида ўтган терговда ҳеч кимга ўзини ҳимоя қилиш имконияти берилмади. Аксинча, бўҳтон ва туҳматлар билан тўла сўроқ баённомаларига уларнинг имзосини тушириш учун инсон боласи чидай олмайдиган жисмоний қийноқлар қўлланди. Қарийб икки ойдан ортиқроқ чўзилган даҳшатли сўроқлардан сўнг, 1937 йил 5 ноябрь куни машъум “учлик” Аминжон Сулаймонов, Ғиёсиддин Ҳасанов, Аҳмаджон Камалов, Ғулом Муҳиддин Юлдашевларни отувга ҳукм этади. Аминжон Сулаймонов, Ғиёсиддин Ҳасанов, Ғулом Муҳиддин Юлдашевлар 1937 йил 2 декабрь куни, Аҳмаджон Камалов эса 1938 йил 5 январь куни Тошкентдаги махсус объектда отиб ташланади. Нуриллахўжа Тўрахўжаев, Қиличхўжа Хўжаев, Асадбой Ғафуров, Шарафуддин Саидов, Бурҳон Мўминов, мулла Рўзи Жумаевлар эса қўйилган ҳеч бир айблов исботини топмаганига қарамай 10 йилдан меҳнат тузатиш лагерларига ҳукм этилади. Аслида 10 йилдан концлагерга ҳукм этилган зотларнинг бирортасига соғ-омон ватанга қайтиш насиб этмади...

 

Ноҳақ жазо бир томон бўлди, уларнинг Бухорода қолган фарзандларига оталари ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмагани бир томон бўлди. Натижада йиллар давомида советларнинг турли бошқарув идораларига оҳ-фарёд битилган юзлаб хатлар йўлланди. Ишлар қайта-қайта “кўрилди”. Эски ҳукмлар кучда қолдирилаверди. Оила аъзоларига эса ҳеч қандай жавоб берилмади.

 

1939 йил 12 май санаси билан Нуриллахўжа Тўрахўжаев ёзган шикоят аризасида ўзининг устидан чиқарилган ҳукмни лагерга келганидан сўнг эшитганини маълум қилади. “Файзулла Хўжаев хотинимнинг акаси. Хўш, шунда мен жиноятчи бўлиб қоламанми ёки бутун умр савдо иши билан шуғулланганман, шу жиноятми, ўзи менинг айбим нима?” деб масала қўяди.

 

1940 йил 4 июль куни Саида Ходжаева турмуш ўртоғи Нуруллахўжа Тўрахўжаевни Зангиотада деб эшитганини, ёши аллақачон 68 дан ошгани ва доимий ўпка туберкулезидан азият чекишини айтиб, қарилиги ва касаллигини инобатга олиб фарзандларига қайтаришларини ўтиниб, мурожаат этади.

 

Раҳима Атаева 1939 йил 10 май санаси билан ёзган шикоят аризасида турмуш ўртоғи ҳеч бир айбсиз қамоққа олиниб, ҳозирда Улан Удедаги концлагерда эканлиги, ўзининг аёл боши билан етти нафар мактаб ёшидаги болаларини улғайтириши жуда оғир кечаётганини маълум қилади. Шу фарзандларининг тирик қолиши ва тарбияси учун ҳам бўҳтон билан қамоққа олинган Қиличхўжа Хўжаевнинг ишини қайта ўрганиб, холис баҳо беришларини сўрайди. 1940 йил 28 июлда Қиличхўжа Хўжаевнинг фарзандлари Мўмина, Сиддиқа, Умар, Мунира, Абубакр, Ҳайдар, Ҳабибаларнинг ҳар бири имзо чекиб, оталарининг гуноҳидан ўтишини сўраб “халқлар доҳийси”га ёлворадилар. Улар отамиз эмас, уни ноҳақ бўҳтон билан қамаган Волин ҳақиқий халқ душманидир, деб ёзадилар.

 

1939 йил 20 июль санаси билан Бухородан Саида Юлдашева ҳам СССРнинг масъул идораларига хат йўллаб, ўзининг беш гўдак фарзанди номидан турмуш ўртоғи Ғулом Муҳиддин Юлдашевнинг қисмати ҳақида сўрайди. Афсуски, бу сон-саноқсиз мурожаат ва аризаларнинг бирортасига жавоб бўлмади. Аксинча, бегуноҳ инсонлар қони ва кўз ёшлари устида қад ростлаган зулм салтанати ўзининг илк кунларида мазлумлар устида бошлаган қатағон сиёсатини сўнгги онларигача бир зум бўлса-да тўхтатмади. Ҳатто 1957 йил улар номига оқланганларидан кейин ҳам бу маълумот оила аъзоларидан дариғ тутилди...

 

1991 йил Аминжон Сулаймоновнинг қизи Сулаймонова Анна Аминжоновна отасининг уйини қайтаришини сўраб мурожаат йўллайди. Шу муносабат билан сўроққа чақирилган гувоҳлар уларнинг жиноят ишларида қайд этилмаган бутунлай бошқа тарих ва воқеликлар ҳақида сўзлайдилар. Жумладан, 1991 йил 12 март куни 1909 йилда туғилган Маҳбуба Авазжонова: “Аминжон Сулаймонов менинг отамнинг акаси эди. Икки уйи бўлиб, бирида ўзи оиласи билан яшарди. Иккинчисида идора ишларини юритиб, доимо меҳмонлар бўларди. Қоракўл терилари омборида ишчи-хизматчилар молни саралаб савдога тайёрлашар эди”, дейди. Бошқа бир гувоҳ Муҳтарама Саиджонова: “Аминжон Сулаймонов менинг болалик хотираларимда қолган. Жуда нурли, калта кузалган соқоли ўзига ярашган, келишган киши эди. Юзида ҳар доим табассум, қўли кўксида инсон эди. Кўплаб инсонлар у кишидан кўрган яхшиликларини эслашарди. Қоракўл териси билан савдо қилгани учун тез-тез хориж давлатларига сафарга кетарди. Келганида албатта тўй бериб, маҳалламиздаги ҳамма болаларни совғалар билан хурсанд қиларди. 1924 йил болалар уйларидан 40 нафар болани келтириб, ўзининг ўғлига қўшиб суннат тўйини ўтказиб берганди. Бу хабар бутун шаҳарга ёйилиб кетган эди. Аминжон Сулаймоновни бутун шаҳар танир ва жуда ҳурмат қилар эди. Халқ Москвага нега олиб кетилиб, ярим қамоқ ҳолатида яшаганининг сабабини билмасди. Аммо Москвадан қайтиб келганида яна байрам бўлиб кетган эди. У кишини сўраб уйига бутун эл келганди. Орадан бир неча ой ўтмасдан яна қамоққа олинди ва шундан сўнг изсиз кетди. 1953 йилгача ҳеч бир гап-сўз бўлмади. Болалари бошқа ерларда қийинчилик билан улғайди. Унинг уйида эса Капилов, Сольнцев, Арслонов, Дадаян каби НКВДнинг мулозимлари, полковник ва майорлари оилалари билан яшадилар”, дейди.

 

Баҳром ИРЗОЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10349
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//