Алиевни асраб қолган озарлар, рус раҳбарга кўнмаган қозоқлар ва Шароф Рашидовни ҳимоя қилолмаган ўзбек халқи


Сақлаш
16:53 / 07.06.2023 1415 0

“Тарих – бу ҳамиша ўтмишга қаратилган сиёсатдир”, дейди тарихга доир кўплаб китоблар муаллифи, ёзувчи ва драматург Эдвард Радзинский. Ўтмиш воқеалари муқим ва ўзгармас бўлса-да, ҳар бир авлоднинг унга муносабати ўзгариб туриши ҳам бор гап.

 

Ўзбекистоннинг 1917–1991 йиллар оралиғида кечган собиқ совет замонидаги тарихи ҳамон энг оғриқли ва холис таҳлилга муҳтож давр бўлиб қолмоқда. Назаримда (буни тарихни севувчи бир ўқувчининг фикри деб қабул қилинг), бу давр тарихи ҳамон бир ёқлама қарашнинг қурбони бўлиб келмоқда. Янада очиқроқ айтсак, мустақилликка эришган дастлабки йилларда собиқ иттифоқ замонини буткул қора бўёқларда тасвирлаш ва унинг миллатимиз тақдирида тутган ижобий жиҳатларини рад этиш сиёсати шундоқ тарих фанига кўчиб ўтган. Бундай муносабатда энг аввало, холислик йўқ, меъёр чегаралари бузилган. Шу боис бўлса керак, бугунги ёшларимизнинг тарихимизнинг ким учундир “энг кир ва қоронғи” кунлари бўлган 70 йилдан зиёд  даври ҳақидаги тасаввурлари хира ва ўта жўн. Айни шундай дунёқараш бир нарсадан дарак бермоқда: тарихни буткул “оқлаш” ёки “қоралаш” билан иш битмайди. Тарихни холис ўрганиш, англаш, таҳлил қилиш, таққослаш зарурати бор.

 

Бугун тарих ҳақида сўз очсангиз гапингиз ўзанига қараб пешонангизга образли қилиб айтганда, океан бағрида эгасиз қолиб кетган кемалардек сузиб юрган ёрлиқлар ёпиштирилади: “советпараст”, “миллатчи”, “ўрисқул”, “туркпараст”, “халқлар дўстлиги душмани” ва ҳоказо. Шундай пайтда бир мақол эсга тушади: “Мен нима дейману, қўбизим нима дейди”.

 

Дарвоқе, юқорида тарихга ёндошувимизда ҳамиша меъёр чегараларини бузамиз деб иддао қилдим. Шунга ҳам қисқа бир мисол ёрдамида кичик изоҳ бериб кетсам. Маълумки, совет даври тарих фани ва сиёсатида буюк бобомиз Амир Темур ҳазратлари босқинчи, қонхўр, шафқатсиз ва маърифатсиз ҳукмдор тимсолида тамсил этилди. 1991 йилдан бошланган янги тарихимизда эса шонли ва суронли ҳамда мураккаб тақдир эгаси бўлган бу зот – ўта мулойим ва меҳрибон, фақат сокин боғларда ўтириб, туну кун донишмандлик қиладиган файласуфга айлантирилди. Гўёки у ҳеч қачон қўлига қилич тутмаган. Мана шу икки қарашда ҳам меъёр чегаралари бузилган. Аммо қуйида муҳокама майдонига тортадиган мавзу бу эмас – шу боис мазкур масалада чуқурлашмаймиз.

 

Яқинда ижтимоий тармоқда собиқ совет даврида Ўзбекистон ва ўзбеклар: ерини, сувини, миллат ўлароқ соғлиғини абгор қилиб ва уйининг томигача пахта экиб бўлса-да 6 миллион тонна “оқ олтин” топширишдек қуллар меҳнатини зиммасига олганлиги атрофида қизғин баҳс-мунозара кечди. Айримлар ўзбекларни бошқа совет республикалари халқига қараганда қисмати шўр, энг хўрланган миллат сифатида ҳам тақдим этишди. Баҳс ўлароқ собиқ иттифоқ таркибида бўлган 15 та республика биринчи раҳбарларининг ўз халқини марказ зулмидан ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида ҳам гап кетди. Табиийки, бу мунозараларда Шароф Рашидов шахси атрофида ҳам турли фикрлар билдирилди. Ҳозир бу беназир инсон хусусида юртдошларимиз билиб-билмай билдирган фикрларини қўя турайлик, хўш, биз бошқа халқларга нисбатан “энг эзилган” халқ бўлсак бунга ким айбдор? – деган анъанавий савол-сўроқни ортга суриб, бир ўй сурайлик, баъзи фактларга эътибор қаратайлик.

 

Шу ўринда тарихчи, советшунос олим, АҚШ ҳарбий академияси профессори Абдураҳмон Автархоновнинг мавзуга дахлдор бир фикри мазмуни келтириб ўтсам. У собиқ иттифоқнинг республикалари раҳбарларининг Кремльда ўтирган хўжайинлари билан муносабатини таҳлил этиб, Болтиқбўйи республикалари (Латвия, Литва, Эстония) раҳбарлари Москва билан ҳар қандай хушомаддан холи, ўз ғурурини сақлаб, Кавказорти республикалари раҳбарлари (Озарбайжон, Грузия, Арманистон) эса хушомад қилишар, аммо шу билан бирга ғурурларини топташга йўл қўймасликлари, Ўрта Осиё ва Қозоғистон (Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон) раҳбарлари фақат хушомад ва маддоҳлик қилишини таъкидлайди. Балки бу гап анчайин баҳслидир, бироқ, 70 йиллик совет даври воқеалари олимнинг бу иддаоси ҳақиқатдан йироқ эмаслигини кўрсатди.

 

Муаммонинг илдизларига бир қур назар ташлайдиган бўлсак, гапни чор Россиясининг босқинидан бошлашимиз жоиз. Бу ўринда ҳам барча тафсилотлар мухтасар мақоламиз мазмунига сиғмайди. Фақат айрим фактларга эътибор қаратайлик. Ўрта Осиёни забт этгунга қадар “оқ подшо” қўшинлари Кавказорти халқларини ҳам бўйсундирган. Бироқ бу ўлкаларда улар маҳаллий аҳолига нисбатан ҳаддидан ошиб, уларнинг миллий ғурурини топташга жазм эта олмаганлар. Бизда эса: юртимизни ишғол қилиш – ёппа қирғин, камситиш, хўрлаш, топташ, қадриятларни оёқ ости қилиш билан биргаликда кечган. Бу ўринда ҳам бир мисол билан чеклансак: чор Россияси армияси сафида бўлган рассом Василий Верешчагин (рус тилида Верещагин) миллатимиз “қусурлари”ни санар экан, қўрқоқликни такрор-такрор тилга олади. Бир ватанпарвар инсон сифатида унга эътироз билдириш мумкин, аммо тарихий фактлар... Дарвоқе, мен рассом хотираларини ўқиб (1990 йилда нашр қилинган) 1991 йилда “Верешчагиннинг икки қиёфаси” сарлавҳали мақола ёзганман ва бу мақола “Халқ сўзи” газетасида нашр қилинган. Шу мақолада орадан юз йилдан зиёд вақт ўтган бўлса-да баҳоли қудрат рассомнинг ҳақоратларига жавоб беришга уринганман.

 

1977 йил. СССР янги конституцияси қабул қилинади ва шу конститутция асосида 15 республика ҳам ўз конституциясини янгилайди. Иттифоқдош республикаларнинг “янгиланган” конституциясида рус тили давлат тили сифатида белгиланади. Грузия пойтахти Тблисида ўн минглаб одамлар кўчаларга чиқиб митинг қилишади: Грузияда грузин тили давлат тили бўлиши керак! Халқ иродаси олдида Москва ҳам ночор қолади ва Грузиянинг ўша пайтдаги раҳбари Э.Шеварнадзега, майли, грузин тилига давлат тили мақомини беравер, деган топшириқ берилади.

 

1988 йил “Правда” газетасида Арманистон раҳбариятининг коррупция ботқоғига ботганлиги ҳақида мақола чиқиши биланоқ, эртаси куни Ереван кўчаларида норозилик намойишлари бошланиб кетади. Алал-оқибат, Арманистон ҳақида марказий нашрларда танқидий мақолалар тўхтайди.

 

1986 йил Қозоғистон биринчи раҳбарлигига Д.Кунаев ўрнига рус Колбин тайинланганда Олма-отада қозоқ ёшлари “Қозоғистонга қозоқ раҳбарлик қилиши керак” деган шиорлар билан оммавий намойишлар қилишади.

 

Хўш, энди ўз аҳволимизга бир назар солайлик. 19831990 йиллар оралиғида машъум “пахта” ва “ўзбек” иши доирасида 25 мингдан зиёд юртдошларимиз зиндонбанд этилганида, марказий нашрлар ҳар куни ўзбек халқи устига мағзава ағдариб турганида ва юртимизга чорак аср раҳбарлик қилган Шароф Рашидов майитини гўрдан олиб гўрга солганимизда бирор ўзбек миқ этдими?

 

Халқимизда жуда ажойиб мақол бор: “Ёв қочса ботир кўпаяди”. 1990 йилдан кейин ва, айниқса, мустақилликнинг дастлабки йилларида эринмаган банда борки, енг шимариб Москвадан юборилган “десантчилар” ҳамда Гдлян ва Иванов бошчилигидаги терговчилар гуруҳи кирдикорларини енг шимариб фош эта бошлашди. Тарихий ҳақиқатни тиклаш учун бундай мақола ва суҳбатлар, китоб ва тадқиқотлар зарурлигини тушунамиз. Аммо бундай “фош этувчи” мақолалар муаллифларининг аксарияти куни кеча айни қатағонларни қўллаб-қувватлаб нутқ ирод этган ёки адолатсизликларга томошабин бўлиб, оғзига мум тишлаб, унсиз бош эгиб турган одамлар эдида. Қалбида “ватанпарварлик” жўш урган бу кимсаларнинг самимийлиги ҳам шубҳа уйғотади: ўша пайтда бу мавзуга қўл урганлар дарров “назарга тушиб” мансаб пиллапояларидан шитоб билан кўтарила бошлашди. Балким уларни халқимиз фожиасидан ҳам манфаат топиш, “бир нималик” бўлиб қолиш васвасаси қўлига қалам олишга унданган бўлса ажабмас...

 

Шароф Рашидовнинг шахс сифатида ўзига хос фазилати, ватанпарвар инсон сифатида жасорати, айниқса, Марказ билан муносабатда чўнг бир ғурурни сақлай билгани, Ўзбекистонни оёқ ости қилишга мутлақо йўл қўймагани (1970-йиллар бошида Андропов бошчилигидаги “десант” 1983 йилдан кейин амалга оширган “пахта” ва “ўзбек” ишини ўшандаёқ амалга оширишга уриниб кўришган) сингари ҳал қилувчи воқеалар ҳамон халқимиз кўзидан панада қолмоқда. Шу ўринда собиқ КПСС Марказий комитети бош секретарлари (Брежнев, Андропов, Черненко, Горбачев) ёрдамчиси бўлиб ишлаган Андрей Александров-Агентов, СССР Министрлар совети раиси ўринбосари, Давлат режа қўмитаси (Госплан) раиси Байбаков, 1974–1979 йиллар Ўзбекистон КГБси раиси Эдуард Нордман сингари раҳбарларнинг мемуарларида Шароф Рашидовнинг жуда катта шахс сифатидаги ҳақиқий қиёфаси намоён бўлган. Айниқса, Андропов тахтни эгаллаб, Рашидовга босимни кучайтирган 1983 йилда КПСС МК ташкилий-кадрлар бўлими бошлиғи, кейинчалик МК секретари Егор Лигачёвни қайириб ташлагани, Ўзбекистон ва ўзбек халқини Москвага сотган Ўзбекистон КГБ раиси Мелкумовнинг хоинлиги маълум бўлгач, ўзи ниҳоятда қийин аҳволда қолган бўлишига қарамасдан уни раис лавозимида олиб ташланишига (1983 йил август) эришиши – Рашидовнинг сиёсий таъсири ва обрўси Москвада баланд бўлгани, Шахс сифатида мустаҳкам ирода эгаси эканлигини кўрсатадиган воқеалар сирасига киради. Унинг ҳаётида бундай таҳликали ва мардона воқеалар жуда кўп бўлган.

 

Шароф Рашидов халқимиз ҳимояси учун бунда-да катта ишларга қодир бўлган. Аммо бу донишманд инсон раҳбар сифатида уни ҳам зарур пайтда ҳимоя қила оладиган халқни кўрмаган! Ва унинг бу иштибоҳини ўлимидан кейин халқимиз ўзининг зулмга унсиз бош эгиши, ўз ҳуқуқларини худди грузин ёки арману қозоқлардек ҳимоя эта олмагани билан юз фоиз исбот этди. Раҳбардан талаб қилиш тўғри, аммо такрор бўлса-да айталик: энг таҳликали пайтда раҳбар ортида туриб юртни мардона ҳимоя этадиган Халқ ҳам бўлиши керак!

 

Бу гап давомида ҳам бир факт зарур бўлиб қолди: 1987 йил октябрь ойида КПСС марказий комитети сиёсий бюросининг аъзоси, СССР Министрлар совети раиси биринчи ўринбосари, Озарбайжоннинг собиқ биринчи раҳбари Гейдар Алиев ишдан олинади. Ўша пайтдаги мамлакат раҳбари Михаил Горбачев Алиевни бадном қилиш орқали Озарбайжонни ҳам худди бизда бўлгани каби жазолашга қарор қилади. У ёрдамчиларига “Алиевга қарши шундай компроматлар топингки, “ўзбеклар иши” бунинг олдида ҳолва бўлсин” деб топшириқ беради. Дастлаб Озарбайжондан “социалистик қонунчиликни” бузилиши ҳақида уч-тўртта “сигнал” уюштиришга муваффақ бўлишади. Бироқ халқ ва жамоатчилик бундай кампанияга қарши тура олади ва Горбачевнинг авантюраси амалга ошмайди. Бизда эса куни кечагача Шароф Рашидов устидан Москвага биринчи бўлиб ким хат ёзганлиги устида ҳатто академикларимиз қизғин баҳс олиб боришди.

 

Охирги мулоҳаза: ҳар бир иш ўз вақт-соатида бўлгани афзал, дейишади. Майли, ўтган асрнинг 30–40-йиллари қатағонларини қўя турайлик, ҳеч бўлмаганда ўша машъум “пахта иши” вақтида қатъият кўрсата олмаган, қабоҳат билан курашга ўзида жасорат топмаган “миллатнинг илғор” вакиллари юқорида айтганимиздек истиқлолнинг дастлабки даврида собиқ советларга қарши нафратни Россияга нафрат тусида ифода этишдики – бу мустақиллик йўлида эндигина тетапоя қилаётган давлатнинг миллий манфаатларига зид эди. Шу ерда ҳам бизга фаросатимиз панд берганди. Совет замонида собиқ марказга қарши курашган республикалар эса, мустақиллигини қўлга киритгач рус халқи билан “тарихий дўстлиги”ни рўкач қилиб Россиянинг иқтисодий қудратидан максимал даражада фойдаланиб қолишди. Бундай воқеларга гувоҳ бўлиб – ким дўст, ким душман эканлигини ҳам баъзан ажрата олмай қоласан киши.

 

Хуллас, ҳамма нарса ўзимизга, халқ бўлиб шаклланишимиз, миллий манфаатларимиз чегарасини аниқ англаб етишимизга боғлиқ. Энг муҳими эса ҳар қандай даврда миллий Ғуруримизни сақлай ва асрай билишимизда.

 

Жалолиддин САФОЕВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 51
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10439
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//