Ўзбек репининг бугунги қиёфаси II: мазмунли, савияли, ижтимоий юки бор, муаммоларни очиқ танқид қилувчи ва... рубоийлар асосида


Сақлаш
21:25 / 05.06.2023 758 0

Бир муддат аввал “Эстрада ўрнини репга бўшатиб беряптими? Маиший мавзулардан узоқ, ижтимоийлашиб бораётган ўзбек репининг бугунги қиёфаси” номи билан мақола эълон қилган эдик. Репнинг келиб чиқиши, тарихи, ўсиш динамикаси ҳақида сўзланган ушбу мақолада ўзбек репи ҳақида кўп ўрин ажратилган, у замонавий санъат сифатида ривожланиб, ўз шаклига, сўзига эга бўлиб бораётгани таъкидланганди. Қуйидаги мақолада ҳам худди ўша мавзу кўтарилган бўлиб, ўзбек репининг “треш” даври, қандай қилиб мумтоз адабиётни ёшларга яқин қилиш мумкинлиги ҳақида маълумотга эга бўласиз.

 

Oyina.uz таҳририяти

 

Илгари оила даврасида телевизордан реп мусиқаси янграса, катталар бошқа дастурга олишга ҳаракат қилар эди. Маълум вақт давомида ўзбек репида кўча руҳиятидаги, сўкиш ва ҳақоратлардан нарига ўтмайдиган треш мусиқалар ҳам мавжуд бўлиб, ёшлар орасида тарқалишга улгурди. Эсимда, мактабда ўқиб юрган пайтларимиз 20132014 йилларда маҳаллий кўча “репперчалари” орасида бир-бирини ҳақорат қилиш, сўкиб жавоблар (кўча репперлари тилида “diss” ёки “ответ”) қайтариш урфга кирган эди. Ким кўпроқ ва “чиройлироқ сўкиб, ҳақоратлар билан реп куйласа, рақибларига жавоб берса, унинг обрўси баланд бўлиб, кучли реппер саналар эди. Бундай “треш” контент ёшлар орасида маълум муддат давомида оммабоп бўлиб турди. Кўп ўтмай ўзбек репида янги ва умидли ижодкорлар пайдо бўла бошлади. Ёшлар аллақачон бақир-чақир, ҳақорату сўкишлардан иборат репдан чарчаган эди. Мазмунли, муаммоларни очиқ танқид қиладиган, меҳнат ва ҳаракат қилишга ундайдиган репга бўлган талаб кучайди. Маҳаллий репперлар мана шундай талабга жавоб берадиган сифатли ва мазмунли треклар яратишни бошлади.

 

Бугунги кунда юртимизда Конста, Шокир, Шака, Тимур Алихонов, Аббос Сулаймонов, Масса, Asl Wayne ва бошқа кўплаб таниқли реперлар ижод қилишмоқда. Уларнинг барчаси ўзига хос куйлаш услубига ва кўп сонли мухлисларига эга.

 

Тан олиш керак, Конста тахаллуси билан ижод қилувчи Шариф Абдуллаев ижодининг сермаҳсуллиги ва мухлислари сони кўплиги билан ажралиб туради. Бунинг сабаби, унинг қўшиқларида ҳар биримизни қийнаётган ижтимоий, ҳаётий муаммолар рўйи-рост тилга олинади. Жумладан, Констанинг яқинда оммага тақдим қилинган “Ўзбекистонлик” треки барчага бирдек манзур бўлди десак адашмаган бўламиз. Дунёнинг турли бурчакларига ўз омадини синаш йўлида йўл олаётган, у ерларда ўзининг муносиб ўрнини топаётган жасур юртдошларимизга бағишлаб айтилган бу қўшиқ ҳар қандай тингловчига маънавий озуқа бўлиш билан бирга унинг руҳини ҳам кўтаради. Бу трек айниқса, хорижда ўқишни мақсад қилган ёшларга катта мотивация вазифасини бажариши билан аҳамиятлидир. Қўшиқда жумладан, қуйидаги тўртликлар учрайди:

 

Ўзинг ҳам ишонмасанг, орзуларинг ушалмайди,
Ўзингга ўзинг ишонмасанг, ҳеч ким ишонмайди.
Хоҳласанг уча оласан, сени ҳеч ким ушлолмайди,
Ўзинг кўтарил, юлдузлар олдингга тушолмайди!

 

Сен ёлғизмассан, орзуйинг бор сени,
Бекорчимассан, ўз мавзуйинг бор сени.
Аниқ мақсад ва маконинг бор сени,
Ҳаракат қилсанг, олов каби қонинг бор сени.

 

Констанинг Тимур Алихонов билан дует шаклида айтилган “Одамлар нима дейди” номли қўшиғи ҳам ёшлар орасида анчайин танилишга улгурди. Унда бугунги ёшларни қийнаётган муаммолардан бири доим ўзгалар фикрига қулоқ солиб, маълум бир қолиплар доирасида яшаш танқид остига олинади:

 

Одамлар нима дейди?
Индама, гапирма, кўтарма бошни
Қаттан бўсаям топиш кере тўйга
Нима дейди қўни-қўшни? Зўр қил ошни!
Одамлар нима дейди?
Тенгдошми? Келин қимиман синфдошни!
Одамлар нима дейди?
Қилма кўз ёшлар, қизим жойингда қолгин тошдай

 

Ушбу қўшиқ ярим йил ичида YouTube видеоҳостингида 2,4 миллионта кўришлар сонини йиғишга улгурди. Бу эса бугунги ўзбек репининг жамиятдаги таъсир кучи, оммабоплиги юқори эканлигини яна бир бор тасдиқлайди. Яна бир шов-шувларга, катта қизиқишларга сабаб бўлган ўзбекистонлик репперлардан бири Шакадир. Унинг реплари ўзига хос йўналишга, услубга эга. Дубайда яшаб ижод қилувчи Шака ноодатий услубдаги чиқишлари билан, қўшиқларидаги кинояга йўғрилган, яширин маънога эга жумлалари билан бошқа ҳамкасбларидан ажралиб туради. Унинг реплари орасида мумтоз шеъриятни ҳам, севги-муҳаббатни ҳам, ватанпарварлигу ижтимоий муаммоларни ҳам учратишингиз мумкин. Умар Хайём рубоийларидан фойдаланиб айтилган “Май” трекини унинг ташриф қоғози дейиш мумкин. Қисқа вақт ичида бу қўшиқ ёшлар орасида машҳурликка эришди. Қувонарли жиҳати шундаки, “Май” қўшиғи сабабли Умар Хайёмнинг фалсафий мушоҳадага чорловчи, теран маънога эга тўртликлари бугунги виртуал ахборот маконида яшовчи, мумтоз адабиётни кўп ҳам хушламайдиган ёшлар томонидан илиқ қарши олиниб, ҳатто ёдлаб олинмоқда. Жумладан, мен ҳам Умар Хайёмнинг олдин ўзим эшитмаган рубоийларини шу реп орқали ёдлаб олдим. Унда қуйидаги каби ҳар қандай инсонни ўйга толдирувчи рубоийлар мужассамланган:

 

Мен келдиму, дунё кўрдими фойда?
Кетсам мартабаси ошарми? Қайда!
Ҳеч ким тушунтириб бера олмади:
Келишим-кетишим сабаби қайда.

 

Бундай мумтоз адабиёт матнларини реп оҳангига солиб куйлаш катта тарбиявий аҳамиятга эга. Замонавий руҳ ва мусиқалар билан куйланган ғазал ва тарбиявий сўзлари мавжуд рубоийларни шу йўсинда ёшлар орасида оммалаштириш мумкин. Бу орқали ёшлар дунёқарашини ва маънавий оламини ижобий томонга ўзгартириш имконияти мавжуд. Буни биринчилардан бўлиб бошлаб берган Шака ҳар қандай таҳсинга лойиқ.

 

Шака ижодида ижтимоий муаммолар ҳам кўп бора тилга олинади. Жумладан, ёшларнинг асосий вақтини ютиб юбораётган қора ўпқон ижтимоий тармоқларга бағишлаб айтилган “Ижтимоий тармоқлар” треки ҳам ёшлар орасида анча машҳур бўлиб, муҳим тарбиявий аҳамиятга эга. Унда бир эшитишда хотирага ўрнашиб қолувчи қуйидаги жумлалар мавжуд:

 

Телефондан бошни кўтар, миянгга тушмасдан қурт,
Youtubu Facebook узра бўлиб қолмагин манқурт.
Тур ўрнингдан, қадам бос, юр, тирил, уйғон, югур,
Бадантарбия бу кони фойдадур.

 

Ижтимоий тармоқлар бу ихтиёрий қамоқдир,
Мубтало бўлган – ўлар ! Тубсиз жарлик, сўқмоқдир.

 

Юқоридаги каби савияли, ижтимоий юки бор реп мусиқаларини бугунги замонавий ўзбек репперларимиз ижодидан етарлича топишимиз мумкин. Муҳими, бугунги ўзбек репи вакиллари жамиятда кечаётган жараёнларга, мавжуд муаммоларга бефарқ эмас ва ёшларни қийнаётган масалаларни, муҳокама қилинмайдиган мавзуларни очиқ-ойдин куйламоқда. Маиший мавзулардан узоқ, реал вазиятга объектив баҳо бера олаётган ўзбекча реп айни пайтда нафақат ёшларни, балки ёши катталарни ҳам уни эшитишга ундамоқда.

 

Авазбек ШЕРМАТОВ,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти
кичик илмий ходими

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//