Дунёни титратган йўлбарс юракли болаларинг қани? – Фитрат қайғуси


Сақлаш
17:50 / 09.04.2026 31 0

Қатағон номи остида ўзбекнинг не-не забардаст ўғлонлари жисмонан йўқ қилинган. Тарихимизнинг суронли йилларида шаҳид бўлган шундай маърифатпарвар аждодларимиздан бири Абдурауф Фитратдир.  

 

Абдурауф Фитрат 1886 йил май ойида Бухоро шаҳрида савдогар оиласида туғилади. Дастлаб гузар мактабида ўқиб, сўнгра Бухоро мадрасаларида таълим олади. Садриддин Айний Фитратни “бухоролик очиқ фикрли ёшлардан бири эди, у қобилиятли фозиллардан ҳисобланар эди” деб ёзади. Фитрат 1910 йил баҳорда Эрон орқали Истамбулга ўқишга боради. У ерда “Бухоро таълими маориф жамияти”нинг фаол аъзоларидан бирига айланади. Истамбулда ўқиш билан бирга, асар ёзишга ҳам киришади. Унинг содда ва равон тилда ёзилган биринчи асари “Мунозара” Бухоро халқида катта таассурот уйғотади. Моддий қийинчилигига қарамай, ўз маблағидан асарини Истамбулда нашр эттириб, Бухорога юборади. Асарнинг бир қисми йўлда рус цензорлари қўлига тушиб йўқотилган бўлишига қарамай, Бухорога етиб келганлари турли туман ва қишлоқларга тарқатилади. Биргина маърифатпарвар мударрислардан  Абду Қодир Маҳдум асарларни хуржинга солиб, Шахрисабз, Китоб, Яккабоғ, Чироқчи ҳудудларига тарқатган. “Мунозара”да жадид ва қадим (янгилик ва эскилик) орасидаги баҳс-мунозаралар очиқ тасвирланади. Бухоролик мударрис билан фаранг донишманди ўртасида Бухоронинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маънавий соҳалари хусусида баҳслар бўлиб ўтади. Мунозара сўнгида Бухоро мударриси фаранг донишмандига тан бериб, “бизда аввал нажот берувчи нарса бу илмдир. Янги усул мактабларимизда ҳозир фан ва билимларни ўрганишга киришмоқдамиз” деб жавоб қайтарган.

 

С.Айний “Мунозара” хусусида, “асар ўз замонида яхши таъсир ўтказиб, кўпгина мухолифларни ғафлат уйқусидан салгина бўлса ҳам уйғотиб қўйган эди. Халқни, айниқса ёшларни янгилик томонга жалб қилди, афкор оммани инқилобга келтирди” деб ёзади.

 

Фитратнинг иккинчи асари саналмиш “Сайха”да “Ватани ман” радифли шеъри орқали инсонпарварлик ғоялари тараннум этилган:

 

Бинамо шаҳри азим тавоф ватани ман,

Ах, ах чи Ватан, саждагоҳи жони тани ман.

Ҳам мўмину, осойишу, узви шарафи ман,

Ҳам қиблайи ман, Каъбаи ман, ҳам чамани ман.

 

Таржимаси:

 

Менинг Ватаним бўлган азим шаҳримни зиёрат қил.

Бу гўзал Ватан менинг жону таним ва саждагоҳимдир,

Ҳам мўмину, осойишу, менинг шарафимдир,

Мени қиблам, Каъбам, ҳам ҳам чаманимдир.

 

Фитрат таржимонлик соҳасида катта маҳоратга эга бўлган. Жадидчилик йирик арбобларидан Исмоил Гаспиралининг “Мусулмонони дурул роҳат” (Дурул роҳат мусулмонлари) асарини тожик тилига таржима қилади. Бу асар 1915 йилда Бухоро “Маърифат кутубхонаси ва жамияти” маблағи билан Петроградда нашр қилинади.

 

А.Фитрат “Раҳбари нажот” (Қутқарув йўли) асарида “Ислом дини бутун фанларни, шунингдек, дунёвий фанларни ўрганишга ва уларнинг тараққиётига ҳеч қачон монелик қилмаган” деган хулоса беради. У дунёвий фанларга қарши бўлган мутаассиб руҳонийларни қаттиқ қоралайди. “Кейинги асрларда Туркистон, айниқса, Бухорода фан ва техникани орқага қолишига сабабчи мутаасиб руҳонийлар бўлганлар. Чунки улар каломи шариф, тафсир илмлари, Пайғамбар ҳадисларини яхши билмаган эдилар” дейди.

 

Фитрат мадрасаларни ислоҳ қилиш, дарслардаги турли хил ҳошия шарҳларини қисқартириш, улар ўрнига замонавий фанларни ўтиш, айниқса, Сахихи Имом Бухорий, Ат-Термизий каби ҳадис олимларининг асарларидан фойдаланишни илгари суради.

 

Айрим мутаасиб руҳонийлар мадрасаларда дунёвий фанларни ўтиш ислом динига зид деб қарши чиққанда, Фитрат қуйидаги ҳадис орқали жавоб қайтарган: “Ҳазрат Расул ўз ҳадиси шарифларида оламнинг низоми ва интизомлари билим ва ахлоққа боғлиқдир, агар билим ва ахлоқ ўртадан кўтарилса, олам ҳам хароб бўлади”.  Фитрат ўз асарида дунёда жуда кўп илмлар бор, албатта инсон қайси илм унинг учун зарур ва керакли бўлса, ўша илмни кўпроқ ўрганиши лозим деган хулосага келади.

 

Фитрат “Раҳбари нажот” асарида Ватан ва миллат равнақи ва уларнинг тараққиёти ҳақида гапириб, шундай ёзган эди: “Биз туркистонликлар бошқа ислом давлатларидан паришонлик ва қолоқлик гирдобига гирифтормиз. ...Ватан ва миллатимизнинг хароб, жуда орқада қолиши йўлларини бартараф қилишнинг бирдан-бир чораси биз туркистонликларнинг муқаддас китобимиз, бизнинг раҳнамомиздир, шу китобдан низом ва дастур оламиз. Биз энг аввало шу муқаддас китобимиз бўлган Қуръони Каримга, пайғамбаримиз Расулуллоҳнинг ҳадисларига мурожаат қилишимиз керак. Фақат улардан нажот, қутулиш йўлини топа оламиз”, деб ёзган эди.

 

Шунингдек, жадидчилик ҳаракатига фаол қатнашиб, ҳатто, ҳаваскорлик театр труппасида спектакллардаги ролларда чиқар ва маҳорат билан театрдаги ролини бажарар эди. Лекин жадидларнинг “Дастлаб нажот илму урфонда” деб айтган ғоялари 1917 йил апрель воқеаларидан кейин “Нажот миллий истиқлолда” шиорига айланади.

 

Фитрат Ватан, она тупроқни эъзозлаш, ота-боболардан қолган бой меросни ардоқлаш ва сақлаш, мустақил давлат барпо этиш каби ғояларни илгари сурган олим, адиб, тарихчи арбоблардан бири эди. У юрт учун қайғуриб шундай ёзган эди: “Эй улуғ Турон, арслонлар ўлкаси, сенга не бўлди? Ҳолинг қалайдир. Нечук кунларга қолдинг? Эй Темурларнинг, ўғузларнинг анъаналарининг шонли бешиклари! Қани учиқдиғинг юксак ўринлари. Қуллик чуқурига нечун тушдинг! Дунёни “урҳо”лари билан титратган йўлбарс юракли болаларинг қани? Ер тупроғини кўкларга учира билган тоғ гавдали ўғлонларинг қани? Нечун товушлари чиқмайди? Ер юзини  бир неча полвонлари бўлган ботир туркларинг қани? Нечун чекиндилар? Нечун кетдилар? Кураш майдонларини нечун ўзгаларга қўйдилар? Нечун, нечун... нечун? Гапир менга, эй улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Сенга не бўлди?”

 

Абдурауф Фитрат 1917 йил август ойида ёзган асарида бир ўзбек йигити тилидан қуйида жумлаларни келтирган эди: “Ётсам тушимда, уйғонсам ёнимда, кўз юмсам миямда, кўз очсам қошимда мунгли бир хаёл келиб туради. Бу бир хотин хаёли... Бир хотинки эгнида ипакли, лекин тиртиқ ва эски бир кўйлакдан бошқа кийими йўқ, бош оёқлари яланғоч, тирсакларигача қоп-қора лойга ботган, бақирарга товуши, қутиловга кучи келмаган. Қарайман: кимсасизлик юкидан ориқлаган танида золимона урилган қамчиларнинг яраси бор...

 

Эй мунгли хотин, сен кимсан? Оҳ... билдим... билдим... англадим! Сен менинг Ватанимсан, Ватанимнинг мунгли хаёлисан. Эй муқаддас Туроннинг хаёли, кетмай тур айрилма ёнимда, кўзларимда, юрагимда, виждонимда қол, кетма, юртим Туроним, сендан айрилмоқ – менинг ўлимим. Паноҳим, саждагоҳим, умидим! Ётларинг сени шу кунгами солдилар! Тилагим, истагим, саодатим! Болаларинг сени шу ҳолдами қўйдилар. Суюнчим, овунчим, ўчоғим! Золимлар сени кимсасизми кўрдилар! Йўқ сен кимсасиз эмассан, мана мен борлигим билан сенга кўмак қилишга ҳозир... Қоф тоғлари йўлимга тушса, томуғ оловлари қаршимга чиқса, яна сен сари кетарман.

 

Устимга инсонлар эмас, шайтонлар қўшини келса, оёғимга занжирлар эмас, жаҳаннам илонлари сорилса, яна сен сари чопарман. Дунёнинг бутун балолари бошимга тўкилса, зулм чўлининг темир тиканлари кўзларимга кирса, яна сени қутқарарман. Мен сенинг учун тирилдим, сенинг учун яшарман, сенинг учун ўлурман. Эй туркнинг муқаддас ўчоғи! Ўлим сени ўзлигингни истаганларга, нафрат сени кўмгани келганларга!”

 

Маърифатпарвар бобомизнинг Ватан озодлиги йўлидаги собитқадамлигини Амир Темур сағанаси қошида айтган ўтли сўзларидан ҳам теран англаш мумкин: “Бағрим ёниқ, юзим қора, кўнглим синиқ, бўйним букик. Сенинг зиёратингга келдим, султоним... Юз йиллардан бери жафо кўриб, ғам чекиб келган туркнинг қонли кўз ёшларини этакларингга сурма олгали келдим. Номусини  ёт кишиларнинг оёқлари остида кўриб, турклик қони қайнағай, мусулмонлик жамияти тошғай, омуғ оловлари каби сачрагай. Лекин ўз кучсизлигини англаб, қайтиб ўтирган ва қон йиғлаган туркнинг ҳолини арз этарга келдим, хоқоним! Улуғ хоқоним! Турк шарафи таланди. Турк учун қўйдиғиқ давлат битди... Турк номуси, эътибори, иймони, виждони золимларнинг оёқлари остинда қолди. Туркнинг юрти, улоғи, Турони ёт қўлларга тушди. Туркнинг белгуси, онги, ўйлови, зийраклиги жаҳолат ўлжасига кетди”. ... Эй арслонлар арслони! Менинг ёзуқларимдан ўт, мени қўлимни тут, белимни боғла, муқаддас фотиҳангни бер! Сенинг дунёда сиғмаган ғайратингга онд ичаманки, Туроннинг эски шараф ва улуғлигини қайтармасдан бурун оёқда ўтирмасман”.

 

Нақадар ёниқ, дардли ва даъваткор сатрлар. Мустақилликни қумсаб айтилган оташин даъватлар узоқ яшамади.  XX асрнинг 30-йилларида бошланган қирғин Бухоронинг оташқалб фарзанди Фитратни ҳам халқни ёруғ кунлар учун курашга чақирган миллатимизнинг кўплаб илғор зиёлилари қатори шаҳид этди.

 

Ўзбек халқи азалдан ўз Ватанига эга бўлган. Турон, Туркистон, Ўзбекистон. Ҳеч қачон беватан бўлмаган. Лекин ҳаёти ҳамиша ҳам осуда кечавермаган. Унга гоҳ бахт кулиб боққан, гоҳ толеи забун бўлган. Ўз эрки ўз қўлида бўлган, яъни мустақил давлатли давронларида халқимиз бошини мағрур кўтариб, дунёга довруғ солиб яшаган. Тобелик замонларида, яъни юрт ўзгалар қўлида қарам бўлган чоғларида унинг қадр-қиймати топталган. Аммо, ўз қадр-қиймати учун, мустақиллик сари кураш туйғуси халқимиз юрагида мудом устувор бўлган. Бу жараён очиқ ва ёпиқ тарзда, бирдам бўлсинки тўхтаб қолмаган.

 

А.Фитрат ҳам юзлаб бухоролик зиёли, маърифатпарварлар билан бир сафда туриб, Ватан, халқ, аждодлар, ўтмиш, қадриятлар, мерос, бугун ва келажак ҳақида ўз асарларида ёниб айтган.

 

Бухоролик зиёлиларнинг раҳнамолари бўлмиш – Аҳмад Дониш, Шарифжон Маҳдум – Садр Зиё, Абдуқодир Хўжа Савдо, Шамсиддин Шоҳин, Абдулвоҳид Мунзим, Садриддин Айний, Муҳаммад Сиддиқ Ҳайрат, Аҳмаджон Хамди, Мирзо Ҳайит Саҳбо, Мирзо Азизи Сомъе – Бўстонилар  зулм-истибдоддан қутулиш учун халқни маърифатли қилишга чорлашган, миллий уйғонишни даъват этишган,  нажот йўлини эса бирлик ва ҳаракатда деб билишган.

 

Фитрат ҳам Бухоро зиёлилари каби ҳаёт ғояси, илми ҳадис, илми таворих, жуғрофия, санъатшунослик, мусиқашунослик, илми табобат каби муҳим фанларни ўзлаштирган, инсонлар ўртасидаги дўстлик, нифоқ, қаноат, оила вазифалари, ахлоқ тарбияси мавзуларида қалам тебратган.

 

Абдурауф Фитрат 1938 йилда Сталин даврининг қатағон сиёсати сабаб Ўзбекистоннинг кўплаб гуноҳсиз зиёлилари каби “халқ душмни” деган айблов билан шаҳид қилинди. У жисмонан йўқ қилинган бўлса-да, маънан барҳаёт. Келажак авлодларга қолдирган илмий-маърифий мероси, ибратли панд-насиҳатлари, Ватанни севиш йўлидаги улуғ инсоний фазилатлари яшайверади.

 

Шавкат БОБОЖОНОВ,

Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос

илмий-тадқиқот институти бўлим мудири,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 33322
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//