Амир Темур кўп йиллик жанг-у жадалларда қўлга киритилган Туронни янада кучайтириш, тартиб ўрнатиш учун Чиғатой авлодларидан Суюрғатмишхон (1370–1388), сўнгра унинг ўғли Маҳмудхон (1388–1402) “бошқаруви”ига юзланади. Натижада у биргина Турон – Туркистонда эмас, унга қўшни Олтой-у Кунгай Сибир, Дашти Қипчоқ, Қора денгиз бўйлари, Эрон ва Яқин Шарқ, Кашмир-у Кобул теграларида 150 йилдан бери давом этиб келаётган турк-мўғул негизли чингизийлар бошқарувидан яхши хабардор бўлгани, сиёсий муҳит талабларидан келиб чиққан ҳолда иш юритгани учун ҳокимиятини янада кучайтиришга эришади.
Шу ўринда савол туғилиши табиий: “Амир Темурдек буюк қўмондон чингизийлар бошқарувини тугатиб, ўзини Турон ва теграларининг бош ҳукмдори деб эълон қилиб қўя қолса бўлмасмиди, нега у бошқарувда Чингизхондан фойдаланди?” Ҳа, бир қарашда у шундай қилса бўларди, бироқ бундай деб ўйлаш ўша кезлардаги муҳитни билмаслик, ижтимоий-сиёсий вазиятни оддий, жўн тушуниш, тушунтириш бўлиб қолади. Деярли ўн минг чақиримлик жўғрофий кенгликларда минг йиллардир яшаб келаётган, турли тилларда сўзлашиб келаётган эл-улуслар бошини бир байроқ остида бирлаштириш фақатгина юз минглаб қўшинларга эга бўлган хон-у хоқонларга насиб қилган. Минг йиллар кесимида тахтга келиб-кетган юзлаб ҳукмдорлар орасида бир нечасигина бу бахтга эришган эди: милоддан олдинги чоғларда Хунларда Маодун шанюй (Баҳодур ябғу), Аттила, Кушонларда Канишка, Турк хоқонлигида Бумин хоқон ва Истами ябғу, Билга хоқон, Сомонийларда Исмоил Сомоний, Қорахонийларда Сотуқ Бўғрахон, Ғазнавийларда Султон Маҳмуд, Салжуқийларда Алпарслон, Султон Санжар, Хоразмшоҳ-Ануштегинийларда Алоуддин Текиш, Жалолиддин Мангуберди ва бошқалар.
Ушбу сулолалар бошқарувчилари бир-биридан фарқли элатлар бошини бириктириб, давлат жиловини қўлда тутиб туриш учун кўплаб йўл-йўриқлар ишлаб чиққан, турли мафкуравий усуллардан фойдаланишган. Масалан, улардан бири келиб чиқиши билан боғлиқ “ҳокимият асосини яратиш” бўлиб, Турон элларида тахтга келган янги хон-у хоқонлар “Тангри томонидан берилган ҳокимият”ни бошқаришга фақатгина унинг хонадони ҳақли эканини, “Тангри томонидан ёрлақаланганликлари”ни тушунтириб беришлари, эл-улус эса буни қабул қилиши керак эди. Шу йўсинда Евросиё кенгликларидаги барча уруғлар янги ҳокимиятни тан олишар, уларнинг “Тангри берган қут (ҳокимият)”га эга кишилар эканига ишониб, ўз келажагини “хоқон” мансуб бўлган уруғ вакилларига топшириб, улар билан бирга узоқ ўлкаларни эгаллаш учун отланишар, бу йўлда жамиятнинг қўлига қурол олишга қодир эркакларигина эмас, бутун уруғдошлари қўшилар эдилар. Бир сўз билан айтганда, “қўлга киритилган ўлкалар нечоғлик кенг бўлса, хоқон ва унинг хонадонига бўлган ишонч шунчалар теран” бўларди.
Туронда минг йиллар кесимида ўнлаб сулолалар, юзлаб ҳукмдорлар ўтган бўлса-да, улар орасида бир неча уруғ вакиллари, тўғрироғи, бир неча хонадон ўз ҳокимияти “қутлуғ” (Тангридан берилган)лигига ишонтира олган: Хунлар – Ашина турклари – Чингизийлар. Хун шанюйлари бошқаруви 500 йилча яшагани, Турк хоқонлигида Ашина хонадони ундан ҳам кўпроқ – 552 йилдан 1212 йилгача чўзилгани (Қорахонийлар), Чингизийлар бошқаруви эса 1206 йилдан 1783 йилгача давом этгани (Қрим хонлиги) ушбу хонадонлар бошқаруви “қутланган” экани билан боғлиқ қарашларнинг нечоғлик чуқур илдиз отганини кўрсатади. Улар орасида сўнггиси – Чингизхон хонадони бошқаруви шундай характерда эканига бўлган ишонч биргина Туронда эмас, унинг теграсидаги ўнлаб ўлкаларда давом этди. Бошқарувининг Тангридан берилганига урғу берган хонадон “Тангри ярлақаган ҳокимият”ни ҳам сўзда, ҳам амалда кўрсатиб бера олди, бир-биридан кучли ўнлаб “порлоқ шахслар” – Жўчи, Тули, Боту, Ҳулогу (Элхон), Қубилай, Ўзбекхон ва яна ўнлаб хоқонлар орадан бир неча юз йиллар ўтишига қарамасдан, улкан салтанат байроғини тик тутиб тура олди. Бу эса турк-мўғул эл-улуслари орасида “хон” бўлишга Чингизийларгина ҳақли экани тўғрисидаги қарашлар қаттиқ ўрнашиб қолишига олиб келди.
Ана шундай бир ижтимоий-сиёсий муҳитда Амир Темурнинг ўртага чиқиши ўз-ўзидан бўлмади, фақатгина юксак стратегияси туфайли у ўз ҳокимиятини, давлат ва давлатчилик билан боғлиқ тушунчаларни бирмунча ўзгартира олди, турли эл-улуслар онгида “Тангридан берилган қут (ҳокимият)” бўйича мавжуд кўзқарашларда “иккиланишлар”га бошланма берди. Шунда ҳам у бирданига ўзини “бош бошқарувчи” – “хон ёки хоқон” деб эмас, “хонлар буйруғини бажарувчи” – “амир” деб эълон қилди: Амир Темур. Турк-мусулмон бошқарув анъанасига кўра, “амир – иш бошқарувчи, ҳукмдорнинг буйруқларини бажараувчи”, эски турк давлатчилик анъаналарига кўра эса “бек” эди. Аслида Турк хоқонлиги бошқаруви чоғида “бек” – ҳукуматнинг энг юқори мансаб эгаларини билдирувчи унвон бўлиб, “юксак мақомдаги амалдор” англамидаги бу атама ўрни келганда хоқон учун ҳам, қўшин бошлиқлари, вазирлар, давлат кенгашчилари учун ҳам ишлатилар эди. Қорахонийлар-у Чиғатойлар бошқарувида ҳам илк англамини сақлаб қолган бу сўз Темурийлар чоғида янада кенг қўлланилгани, Турк хоқонлиги бошқарувидаги каби бош ҳукмдор учун ҳам ишлатила бошлангани кўзга ташланади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур буюк бобосини “Бобурнома”да деярли барча ўринларда “Темурбек” деб тилга олгани бунинг ёрқин ўрнагидир. Шу билан бирга, Амир Темур ўзи бостирган кумуш тангаларда кўпинча “Амир Темур Кўрагон” деб ёздиргани кузатилади. Бу ҳолат унинг набираси Мирзо Улуғбек томонидан чиқарилган тангаларда ҳам учрайди. Қуйида бу тўғрида бироз тўхталиб ўтамиз:
Амир Темур Чиғатой сулоласининг сўнгги вакиллари отидан танга чиқариб, улардан “ёрлиқ олган” англамида “Суйурғатмишхон ёрлиғи”, “Султон Маҳмудхон ёрлиғи” деган сўзларга урғу берган эди. 1402 йили Маҳмудхон вафот этгач, Амир Темур бошқа хон сақламай, ўша Маҳмудхон номидан танга бостиришни давом эттиради. Тангаларнинг олд юзасига (Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ) деган иймон келтириш калимасини, тўрт бурчагига эса тўрт халифа — Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али отини ёздиради. Танганинг орқа юзасига
(Суюрғатмишхон ёрлиғи Амир Темур Кўрагон акмону) деб ёзилар эди [Савельев 1885: 159: Тўхтиев 2006: 43]. 1386 йилда зарб қилинган кумуш “мири”ларда ҳам Суюрғатмишхон ва Амир Темур номи битилган. Султон Маҳмудхон ва Амир Темур номидан зарб қилинган кумуш танга ва мириларнинг олди томонига
(Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ), тангаларнинг орқа юзасига
(Султон Маҳмудхон ёрлиғи Амир Темур Кўрагон акману) деб ёзилган [Тўхтиев 2006: 43]. “Бизнинг сўзимиз” англамидаги мўғулча “акману” ўрнида туркча
“сўзим” ибораси ёзилган ҳолатлар учраб, улар қуйидагича эди:
(ас-Султон Маҳмуд... Амир Темур Кўрагон сўзи/м/ халдоллоҳ муликиху, зарб Басра) [Тўхтиев 2006: 45].
Бу ибора Мирзо Улуғбек (1409–1449) тангаларида қуйидагича кўринишда учрайди: – Темур Кўрагон имматидин Улуғбек Кўрагон сўзим. Зарби Самарқанд, 853 [Тўхтиев 2006: 64].
Қуйидаги тангалар ёзувларидан ҳам англашилишича, Амир Темур ва Мирзо Улуғбек тангаларида “йарлиғи”, “сўзим” каби эски турк сулолалари иш юритишига тегишли ҳужжатларда кўп учрайдиган сўзларнинг ўрин олиши бир томондан Темурийларнинг давлат бошқарувида Чингизхон ясоғига таянилиши билан боғлиқ бўлса, иккинчидан, ҳар иккаласининг эски турк тўра-тузукларига айрича аҳамият берганликларини кўрсатади (қаранг. 1–2 тангалар).
1-танга
“Йарлиқ” (ёрлиқ) ва “сўзим” тўғридан-тўғри эски турк давлатчилик тизимига тегишли сўзлар бўлиб, улардан биринчиси Уйғур хоқонлиги тангаларида ва Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк”ида айнан турк хон ва хоқонлари билан боғлиқ тилга олинган бўлса, иккинчиси илк бор VIII юзйиллик бошларига тегишли Муғ тоғи суғд ҳужжатларида swzwn “сўзин” (сўзи билан) кўринишида учраб, изланувчилар бу сўзни суғдчага туркчадан ўзлашган деб қарайдилар [Лившиц 1962: 29].
Негизида эски туркча “йарлықа – (Тангри томонидан) ёрлиқланмоқ, ёрлақланмоқ, қўллаб-қўлтиқланмоқ” феъли ётадитган “йарлиқ” сўзи илк бор шу англамларда VIII юзйилликнинг илк ўнйилликларига тегишли Ўрхун битиктошларида учраб, Темурийларгача бўлган деярли барча туркий сулолаларга тегишли ҳуқуқий ва дипломатик ҳужжатлари бошламасида ўрин олгани кўзга ташланади. Бироқ кўплаб турк-ислом сулолаларидан фарқли Амир Темур тангаларида “(хоннинг) буйруғи” англамида “йарлиғи” кўринишида учраши бу сўзнинг Соҳибқирон бошқаруви чоғида янада кенгроқ маънода ишлатилганини кўрсатади. XI юзйилликда Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк” асарида “йарлық – хоқоннинг хати, фармони (чигилча). Буни ўғузлар билмайдилар” деб очиқланган бу сўз юқорида ўрнак келтириб ўтилганидек, илк бор Уйғур хоқонлиги тангаларида учраб, орадан тўрт юз йилча ўтиб, Амир Темур тангаларида ўрин олишининг негизида қандай тарихий воқеликлар ётишини аниқлаш керак бўлади [қар. Кошғарий 1963, III: 49].
2-танга
Темургача Турон – Марказий Осиё турк-мусулмон тангаларида деярли учрамайдиган “йарлиқ” сўзи Чингизий Жучи авлодлари томонидан бошқарилган Олтин Ўрда давлатида – Дашти Қипчоқ ва унга қўшни ўлкаларда бостирилган тангаларда учраши эски турк давлатчилик анъанасининг ушбу давлат бошқарувида анча чуқур ёйилгани билан боғлиқ эди.
Чингизийлар чоғида иш юритиш, ёзишмалар олиб бориш, буйруқлар чиқариш, ёрлиқлар бериш каби давлат бошқаруви билан боғлиқ юмушлар турк тилининг чиғатой тармоғида олиб борилар эди. Илк чингизийлар – Жучи, Боту бошқаруви йилларида бу каби юмушлар кўпроқ турк ва мўғул тилларида олиб борилган бўлса-да, орадан кўп ўтмай, Жучининг ўн учинчи ўғли Туқай Темур (1242-1262) бошқаруви даврида зарб қилинган тангаларда араб ёзувида “йармақ”, “ўн олти данги”, “қутлуғ бўлсин”, “қама бўлсун” (ёруғ бўлсин), “қирқ сакиз бир йармақ” сўзлари учрай бошлаши диққатни ўзига тортади. Тўғри, Олтин Ўрданинг мўғул тилли тангаларида мўғулча ёзувда “дўчин найман ниген йармақ” (қирқ саккиз – бир йармақ), “неред ун пул ину” (аталган пул) сўзлари ҳам учраса-да, улар турк тилида зарб қилинган тангаларга қараганда бирмунча оз чиқарилган[Сидоренко 2023: 464, 471].
Чингизийлар ҳокимиятининг кенг ўлкаларга ёйилиши Евросиёнинг илк салтанати – Турк хоқонлигига “тақлид” бўлиб, буни Чингизхон ва ўғиллари бошқаруви чоғида йўлга қўйилган кўплаб йўриқлар кўрсатиб турибди: Ашина турклари билан боғлиқ тарихий хотираларда давом этган “улкан чегаралар”нинг янада кенгайиши, ўзларини “Кўк-турклар” деган Ашина хонадони сингари Қиёт уруғининг Бўр-чигин (эски туркча “Бўри-тегин”, “бўри теги, бўри авлодлари”) тармоғи ўзларини “Кўка-мўнғул” деб юритганликлари, ўз бошқарувчиларини “қаған”, “қаан” деб атаганликлари, “кўрагонлик (хон куёви) тизими” ва бошқалар.
Энди, Амир Темурнинг чингизийлар хонадони куёв – кўрагон бўлгани масаласи билан танишиб чиқсак. Олтой тил оиласи тармоқлари орасида эски туркча “кудагу”, мўғулчада “кўраган” сўзлари ётувчи, ҳар иккала сўзнинг негизи битта эди: “кузатмоқ, боқмоқ”. Бу тизим аслида Турк хоқонлиги чоғида, чамаси, ундан ҳам олдинроқ турк-мўғул бошқарувларида юзага келган. Энг кўп билгилар Турк хоқонлиги билан боғлиқ ёзма манбаларда учрашидан келиб чиқиб, “куёв (кўрагон)лик тизими” хоқонлик чоғида йўлга қўйилган, ё бўлмаса, янада тизимлаштирилган эди, деган қарашни кучайтиради. Ашина хонадонидан чиққан хоқонлар Қора денгиздан Узоқ Шарққача, Кунгай Сибирдан Шимолий Ҳиндистонгача бошқарувини ўрнатаркан, ерли сулолалар ҳокимиятини сақлаб қолиб, уларга қиз бериб, куёв қилиш орқали жойлардаги назоратни кучайтирар, хоқон қизлари “хотун” (малика) унвони билан турклар бошқарувининг яна-да берк (мустаҳкам) сақланишига улуш қўшар эди. Бошқа томондан йирик кўчманчи уруғлар билан қуда-андачиликни йўлга қўйган хоқонлар “қуда уруғлар бирдамлиги” орқали қўшинлари сонини орттириб, узоқ ўлкаларни қўлга киритган, улар устидан бошқарув ўрнатган эди. Айниқса, ўзининг таянч ерлари – “давлат улуси” ва қуда уруғлар – “қанотлар бошқаруви” тизимини йўлга қўйган Турк хоқонлиги кунчиқарда – Ўрхун водийси(Мўғулистон)да, кунботарда – Еттисув ва теграларида қўшинини сақлаб, ўрни келганда шу ерлардан туриб, чегарасини қўриқлаб, кўтарилган қўзғолонларни бостириш учун қўшинлар жўнатган эди.
Бу тизим аслида янгилик бўлмай, илк бор Хун империяси даврида йўлга қўйилган ва ундан кейин Турк хоқонлигигача яшаб ўтган бир қатор кўчманчи асосли давлатларда у ёки бу даражада давом этиб‚ ниҳоят хоқонликда ўзлашганди [Mori 2004: 80–81]. Хоқонликнинг бошқарув тизимида йўлга қўйилган энг мақбул усуллардан бири – ҳукмдор сулола мансуб бўлган уруғ билан бирорта етакчи уруғ орасида никоҳ алоқалари йўлга қўйилиб, ҳокимиятни бошқаришда уларнинг кучига таяниларди. Бунда аҳдлашувга кўра, ҳокимиятнинг хавфсизлигини таъминлашда хотун уруғи фаол қатнашарди. Марказий Осиё кўчманчи давлатларида қадимдан узоқ вақт давом этган бу анъанани изланувчилар “қуда уруғлар”, “уруғ қудачилиги” ёки “кўрагонлик тизими” деб аташади. Келишувга кўра, қиз берган уруғ ҳокимиятни бошқаришда фаол қатнашиб, юқори амал ва мансабларга эга бўлади. Хоқоннинг бошқа уруғлардан кўплаб хотинлари бўлиши билан биргаликда, бош хотун доимо “анъанавий қуда уруғ”дан бўлар, унинг фарзанди бош меросхўр ўлароқ билинарди. Турк хоқонлигида, айниқса, II Шарқий Турк хоқонлиги даврида хоқон мансуб Ашина ва хотун мансуб Ашида қабилалари орасида шундай “қудачилик” анъанаси йўлга қўйилган бўлиб‚ ҳар иккала қабила вакиллари ҳокимиятни биргаликда бошқаришган. Яъни “ҳамҳукмронлик” тизими йўлга қўйилган.
Ушбу анъана Турк хоқонлигидан кейинги туркий давлатлардан ташқари, мўғулларда ҳам давом этгани маълум. Жумладан, Уйғур хоқонлиги (744840) даврида хоқонлар туркий Яғлақар уруғидан, хотунлар эса Адиз уруғидан бўлишган. Чингизхон ва унинг авлодлари даврида эса турк-мўғул аслли Қиёт ва Қўнғирот уруғлари орасида «қудачилик» йўлга қўйилган [Торланбаева 2004: 29-30].
Никоҳ муносабатлари орқали вассалларни бошқариш
Турк хоқонлиги ва унга тобе ҳукмдорликлар, яъни 560-йиллардан бошлаб хоқонлик таркибига кирган, бироқ ўзининг анъанавий ички бошқарувини сақлаб қолган воҳа давлатлари орасида ҳам никоҳ муносабатлари йўлга қўйилган эди. Хусусан, хоқонлик вассалларидан бири бўлмиш Самарқанд ҳукмдорлиги бошқарувчиларидан икки нафарининг Ғарбий турк хоқонларининг қизларига уйлангани хитой йилномаларида тилга олинади. “Бэй ши” ва “Суй шу”да Кан (Самарқанд) ҳукмдорларидан Шифубининг хотини турк хоқони Даду (Тарду; 576–603) хоқоннинг қизи экани айтилса, “Тан шу” йилномасида яна бир Самарқанд ҳукмдори Кюймучжининг Суй сулоласи (581–618) чоғида Ғарбий турк хоқони Шеху кехан (Ябғу-хоқон)нинг қизига уйлангани эслатилиб, “у шу вақтдан эътиборан туркларга бўйсунди” дея урғуланади [Бичурин 1950, II: 311; Chavannes 2007: 305].
Изланувчилар ушбу Ябғу-хоқонни машҳур Ғарбий турк хоқони Тун ябғу-хоқон билан тенглаштиришади. Шунингдек, VI–VII асрларга тааллуқли Суғд (Самарқанд) тангалари орасида қўшалоқ портретли – ҳукмдор ва малика тасвирли тангалар учрайдики, чамаси, улар ерли бошқарувчи ва унинг хотини – турк хоқонининг қизи номидан бостирилган [Babayar 2007: 33, 162-164]. Айниқса, ушбу тангаларнинг орқа томонида туркий х’ttwn – “хотун” унвонининг учраши диққатни ўзига тортади.
Бу каби мисолларни хоқонлик ва Сосонийлар Эрони орасидаги тортишувли бўлган‚ бир сира хоқонлик таркибига кирган Марв ҳукмдорлигида ҳам кўриш мумкин. Араб тарихчиси Диноварий келтирган билгилардан VII юзйиллик ўрталарида Марв ҳукмдори Маҳуя турк хоқонининг куёви бўлгани ва хоқонликка бўйсунгани англашилади. 650 йилда сўнгги Сосоний шоҳи Марвга сиғинган пайтида Маҳуя уни шаҳарга киритмаслик учун турк хоқонига юзланиши ҳам унинг бўйсунганини кўрсатади.
Ўрхун битиктошларида ҳам никоҳ муносабатлари билан боғлиқ бир қатор билгилар бор. Кул Тегин битиктошида хоқонликка бўйсунувчи қирғизлар ҳукмдори тўғрисида сўз борганда қуйидагича ёзилади: “Барс бек эди. Хоқон [деб] бунда биз унвон бердик. Синглим хоқонзодани бердик”. 735 йилда ўрнатилган Билга хоқон битиктошида эса хоқонликка бўйсунган тургашлар билан йўлга қўйилган никоҳ тўғрисида қуйидагича маълумотлар учрайди: “Мен Тургаш хоқонга қизимни . . . бениҳоя улуғ маросим билан узатдим. Тургаш хоқоннинг қизини бениҳоя улуғ маросим билан ўғлимга олиб бердим”.
Хоқонларнинг вассалларга қиз бериб‚ уларни тобе қилиш анъанаси негизида муайян бир тизим ётади. Бунинг ёрқин ўрнагини Чингизхон империяси мисолида кўриш мумкин. Юқорида айтиб ўтилганидек, Чингизий сулолалар вассал ҳукмдорларга қизларини узатиш орқали кўрагон‚ яъни куёв қилиб олиб‚ уларга махсус имтиёзлар берган. Мўғуллардаги бу анъанани изланувчилар “кўрагонлик тизими” деб аташади.
Хоқонликдаги мазкур анъаналарни ҳам ушбу тизим билан билан боғлиқ дейиш мумкин. Хоқонлар шу тариқа қўл остидаги ҳукмдорларга гўё Ашина хонадони “аъзоси”га айланиш ва баъзи “имтиёз”ларни қўлга киритиш имкониятини яратган. Бироқ “имтиёз”и кўшин бошлиғи ва ҳоказо каби марказий бошқарувда қатнашишдан иборат бўлган Чингизийлардан фарқли ҳолда‚ хоқонликда “кўрагон”лар ўз маҳаллий бошқарувларида қолган. Яъни улар хоқонликнинг марказий бошқарувида иштирок этмаган. Боиси‚ вассаллар масаласида хоқонлик ва Чингизхон империяси моҳиятан фарқ қилган: Ашина хонадони эгалланган ҳудудларда воҳа ҳукмдорликларининг маҳаллий бошқарувчиларни ўз ўрнида қолдирган ва кейинчалик уларни куёв – “кўрагон” қилган‚ мўғуллар эса қизларини, асосан, бўйсундирилган кўчманчи уруғ ва қабила бошлиқларига бериш орқали бу тизимни жорий қилган. Тўғри‚ Чингизхон қизини Турфон Уйғур давлатининг идиқут унвонли ҳукмдори Барчуққа узатаркан, куёвини ўғли сифатида кўришини таъкидлаб‚ унинг маҳаллий бошқарувда давом этишини таъминлаганига доир билги учрайди [İzgi 2000: 30]. Шу билан бирга‚ Барчуқ идиқут ўз қўшини билан мўғулларга қўшилиб‚ уларнинг ғарбий ўлкаларни истило қилишида иштирок этгани ҳам маълум. Фақат бу ҳолат истисно бўлиб‚ мўғуллар одатда воҳалардаги маҳаллий сулолаларга барҳам бериб‚ бошқарувга ўз хонадон мансублари ёки ҳамкор уруғ вакилларини тайинлашган. Чингиз хонадони ўз қизларини кўпинча етакчи туркмўғул уруғ вакиллари – амирларга турмушга узатган ва улар хонадоннинг яқин аъзоси ўлароқ билиниб, давлат бошқарувида қатнашган.
Қисқаси, Амир Темур ва Мирзо Улуғбек тангаларида уларнинг исмига “кўрагон” (куёв) сўзининг қўшилиб келиши эски турк-мўғул давлатчилик анъаналари билан боғлиқ бўлиб, Чингизийлар чоғида такомиллаштирилган бу тизим аслида илк бор Турк хоқонлиги бошқаруви чоғида, балки ундан-да олдинроқ йўлга қўйилган анъана эди. Бу тизим минг йиллар бўйи Евросиёдаги улкан дашт элларининг тинч-тотувлигини сақлаш, давлат бошқарувини юксалтиришга хизмат қилган йўл-йўриқ сифатида тарихда қолди.
Ғайбулла БОБОЁР,
тарих фанлари доктори, профессор
Тарих
Санъат
Таълим-тарбия
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ