АҚШ Марказий разведка бошқармаси федерал агентлиги [CИА – Cэнтрал интеллегенcэ агенcй] очиқ маълумотлар порталида ташкилот фаолиятига оид қуйидаги иқтибос келтирилган: «Дунёдаги етакчи хорижий разведка агентлиги сифатида, Марказий разведка бошқармасида бажарадиган ишимиз АҚШ миллий хавфсизлиги учун жуда муҳимдир. Биз хорижий разведка маълумотларини тўплаймиз, таҳлил қиламиз ҳамда махфий ҳаракатлар олиб борамиз. АҚШ сиёсатчилари, жумладан, Америка Қўшма Штатлари Президенти, биз тақдим этган маълумотлар асосида сиёсий қарорлар қабул қиладилар».
ХХ асрнинг 2-ярмида АҚШ ва СССР ўртасидаги совуқ уруш сабаб икки қутбликка даъво қилаётган мамлакатлар бир-бирининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, моддий ресурслари ва ички ҳолатини ўрганиб бориши лозим эди. Ўтган юз йиллик давомида АҚШ Марказий разведка бошқармаси федерал агентлиги (қисқартмаси: МРБ) томонидан СССРнинг ички салоҳиятлари, демографияси, иқтисодиёти, саноати, ташқи алоқалари ва бошқа шу каби муҳим маълумотлари йиғиб борилган.
АҚШ МРБ федерал агентлигининг интернет базасида тўпланган совет даври, шу билан бирга, Ўзбекистон ССР тарихи билан боғлиқ айрим маълумотлар ва архив материаллари интернетда очиқ тарзда оммага эълон қилинган. Бугунги кунда дунё миқёсида бир қатор олимлар, тадқиқотчилар ушбу ҳужжатлар асосида илмий ишлар ва мақолалар эълон қилиб боради.
Сизга тақдим этилаётган мақолада МРБнинг 1947 йил май ҳолатига кўра, Ўзбекистон ССРнинг корхона ва фабрикалари, конлари ва электр станциялари тўғрисида CИА-РДП82-00457Р00060060014-7 рақамли 2006 йилнинг 31 январида очиқ юклашга рухсат этилган 6 саҳифали архив ҳужжати таҳлил қилинди. Ҳужжатда кўрсатилган разведка ҳисоботи ким томонидан тайёрлангани ва бошқа айрим махфий кўрсаткичлар яширилган.
Ҳужжат 40 даража шимолий кенглик, 69 даража шарқий узунликда жойлашган Бекобод шаҳри иқтисодий объектлари, жумладан, Фарҳод ГEСи ва металлургия заводи таърифи билан бошланган. Унда келтирилишича, «Бекободда Сирдарёдан 8 км юқори оқимда жойлашган Фарҳод ГEС мажмуасини қуриш 1942 йилда бошланган. Қуввати бўйича СССРда иккинчи ўринда бўлиши мўлжалланган дамба 1946 йили ишга туширилиши режалаштирилган. 1946 йилнинг 1 июлида иккита гидроқувурлар ўрнатилган ва яна иккитаси Канададан олиб келиниши кутилмоқда». Ҳисоботда берилган ГEСнинг жойлашуви ва қурилиши ҳақидаги маълумотлар тўғри, Фарҳод ГEСи учун гидроқувурлар ҳақиқатда Канаданинг 1882 йилда ташкил қилинган ҳамда асосан саноат машиналари ишлаб чиқарувчи «Доминион Энгенеринг wорк» фирмаси томонидан тайёрланган. 1948 йилнинг 15 февралида эса станциянинг биринчи навбати ишга туширилган.
«Бекободдан 3 км узоқликда жойлашган 1942 йилда қурилган металлургия заводи ҳам Канададан келтирилган ускуналар билан жиҳозланган». 3 та мартин печлари ва очиқ ҳолдаги темир рудаларидан чўян оладиган шахта печлари – домна печлари ҳам 1946 йилнинг май ойида ўрнатилиб, ишга туширилиши натижасида 1500 киши ишга ёлланган.
Ҳужжатнинг давомида Бухоро вилоятидаги иқтисодий иншоотларга тўхтаб ўтилади. Унда Харков трактор ва велосипед заводлари ҳақида сўз юритилган: «Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистонга кўчириб келтирилган Харков трактор заводига украиналик Дученко раҳбарлик қилган. Харков велосипед заводи эса уруш якунлангандан кейин пахта тозалаш заводига айлантирилган. Унинг барча замонавий ускуналари Харковга қайтиб олиб кетилган. Эски ускуналар эса Тожикистон ССРдаги Сталинобод (Душанбе) шаҳрига олиб бориб берилган».
Тошкентдан 20 миль шимолий-шарқда жойлашган Чирчиқ шаҳридаги Сталин кимё комбинати ҳудуди 6 кв кмни ташкил қилган. Ҳисоботда келтирилишича, «Завод ҳудудида нима тайёрланиши ва ишлаб чиқарилишини билиш имкони бўлмаган. Завод ҳудуди атрофида чекиш тақиқланган ва МВД (Ўзбекистон ССР Ички ишлар вазирлиги) ходимлари томонидан қўриқланган». Чирчиқ электрокимё комбинатининг қурилиши тўғрисидаги қарор 1932 йили қабул қилиниб, 1940 йилда азотли ўғитлар ишлаб чиқариш тўлиқ ишга тушган. Уруш йилларида ҳарбий мақсадларда маҳсулот етказиб бергани учун комбинат кучли муҳофазаланадиган иқтисодий объект саналган. Урушдан кейин бошқа турдаги электрокимё маҳсулотларини ҳам ишлаб чиқарган.
Шунингдек, Фарғона ҳудудидаги пахта тозалаш заводи, Киров номли консерва заводи, 2 000 нафардан ишчига эга бўлган Каттақўрғон ҳамда Бухородан 8 миль шарқда жойлашган пахта тозалаш, ёғ ишлаб чиқариш заводлари ва бошқа корхоналар ҳақидаги маълумотлар разведкадаги ҳисоботда акс эттирилган: «Киров консерва заводининг юк машинаси ҳайдовчиси солиқ имтиёзи билан ойига 400 рубль, иш бошқарувчи менежерлари, 2000 рублгача маош оладилар». Ушбу маълумотларни ўрганишдан мақсад саноат соҳасида ишчиларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини кўрсатиш бўлган.
Жосуслик ҳисоботида кончилик марказлари фаолиятига ҳам алоҳида урғу берилган: «Помир тоғлари ҳудудига тўғри келувчи Фарғонадан 40 км жанубда жойлашган 600 нафар ишчиси бўлган Қадамжой конидан ва 70 км жанубда жойлашган Ҳайдаркондан симоб қазиб олинган. 1945 йили совет геологлари Ҳайдарконда симобдан ташқари уран конини ҳам аниқлашган. Қадамжой ва Ҳайдаркондан (Ҳозирги Қирғизистон Республикаси ҳудудига тўғри келади) олинган симоб Фарғонадан 2 км шимолда жойлашган Марғилон темирйўлидан олиб кетилган». Ҳужжатда конлар ҳақидаги маълумотлар давомида Зирабулоқ яқинида жойлашган ишчиларига юқори маош ва имтиёзлар бериладиган вольфрам ва молибден конлари, Косонсойдан 60 км жанубда жойлашган 800 нафар киши ёлланган Помир тоғларидаги олтин, кумуш, вольфрам ва уран шахталарига тўхтаб ўтилган. Шунингдек, шахталар яқинида жойлашган Қизилсув дарёсида рудалар ХХ асрнинг 40 йилларида ҳам ибтидоий усулларда ювиб олингани айтилади. Бунда дунё миқёсида саноат тараққий этиб, ҳар бир жабҳада янги технологиялар вужудга келаётган бир даврда совет давлатида тоғ-кон соҳасида етарлича ислоҳотлар амалга оширилмаганлиги ва қолоқ тизим сақланиб қолгани кўринади. Ушбу фикрнинг далили сифатида разведка ҳисоботида яна бир факт келтирилади: «Самарқанд вилояти Хатирчи туманидаги Лангар кони жуда ёмон жиҳозланган. Ўртача ҳар 24 соатда бир вагонгина вольфрам ва молибден ювиб олинган».
Ўзбекистон ССР иқтисодий иншоотларининг 1947 йил май ҳолати акс этган разведка ҳисоботидан ишлаб чиқаришнинг бошқа турларига тегишли бўлган маълумотлар ҳам ўрин олган: 500 ишчига эга бўлган Самарқанд яқинидаги «Красний двигатель» заводи, уруш даврида ипакдан парашют етказиб берган, ҳар ойда 240 минг метр ипак маҳсулотларини ишлаб чиқарган Марғилон ипак фабрикаси, 700 ишчига эга Наманган консерва заводи, 1943 йил қурилиши бошланган, аммо 1946 йилда ҳам якунланмаган ҳарбий хомашё тайёрловчи Фарғонадаги Скобелев заводи шулар жумласидан.
Ҳисоботни шакллантиришда Тошкент вилоятида жойлашган ҳарбий-иқтисодий объектларга алоҳида эътибор қаратилган. Масалан, танк ва трактор қисмларини ишлаб чиқарувчи 50-60 минг ишчига эга 5-сонли, икки двигателли юк ташувчи ва йўловчи самолётларини ишлаб чиқарувчи 5 минг ишчига эга 84-сонли, кичик турдаги қурол ишлаб чиқарувчи 179-сонли, қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқарувчи Ворошилов номидаги 702-сонли, уруш даврида Ростовдан кўчирилиб, тури аниқланмаган портловчи миналар, урушдан кейин комбайнлар ишлаб чиқарган «Росселмаш» номидаги 708-709-сонли заводлар, уруш даврида (тури номаълум) бомбалар ишлаб чиқарувчи 724-сонли, қамрови жиҳатида энг катта – 18 та қисмга ажратилган, ҳарбий қуроллар, мина ва бомбалар, қишлоқ хўжалиги машиналари ва комбайнлар ишлаб чиқарган «Оқсой» номидаги 735-сонли, 3-4 минг кишилик ишчиларга эга бўлган уруш йилларида портловчи миналар, урушдан кейин қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган, аммо ҳисобот даврида фаолияти сустлашган 783-сонли завод; «Каганович» локомотив ва вагон таъмирлаш заводи, савдо мактаби, полиграфия комбинати; хомашёси Андижон ва Ленинск (Асака) туманларидан темирйўлда олиб келинадиган «Вановская» керосинни қайта ишлаш заводи; пахта ёғи ва совун ишлаб чиқарувчи Янгийўл заводи ҳақида келтирилган маълумотлар ўрин олган.
АҚШ МРБ федерал агентлигининг интернет саҳифасида 2017 йилдан бошлаб 1940-1990 йилларга тегишли бўлган 12 млн саҳифадан иборат 1 млнга яқин архив ҳужжатлари очиқ базага фойдаланиш учун жойлаштирилган. Ушбу мақолада эса Марказий разведка бошқармасининг Ўзбекистон ССР иқтисодий объектларига тегишли биргина ҳужжат ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, биз очиқ интернет базасидаги ЎзССРнинг иқтисодий тарихига оид, пахтачилик ва ирригация тизимлари, ҳарбий, қишлоқ хўжалиги саноатига тегишли 2 мингдан ортиқ ҳужжатлар Ўзбекистон совет даври тарихини ўрганишда зарур манба бўлиб хизмат қилади.
Мавлуда РАҲМОНОВА,
Ўзбекистон ФА Тарих институти кичик илмий ходими
Адабиёт
Ватандош
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ