Турон ҳудудида қадим-қадимдан инсонлар ва ҳайвонлар биргаликда яшаб келган. Айниқса, бу ерларда йиртқич ҳайвонлар жуда кўп бўлган. Уларнинг баъзилари фақатгина шу минтақада учрагани учун ҳаттоки ўлка номи билан аталган. Шундай йиртқич ҳайвонлардан бири ва фақатгина Турон ҳудудигагина хос бўлган ва афсуски яқин ўтмишда йўқолиб кетган миллий хазина – Турон йўлбарсларидир.
Эътибор берсак, йўлбарс сўзининг келиб чиқиши борасида ҳам тадқиқотчилар ўртасида турли хил назариялар мавжуд. Баъзи бир олимларнинг фикрича, “Йўлбарс” сўзи қадимги эроний “тигра” сўзидан келиб чиққан бўлиб, унинг маъноси “ўқ” деганидир.
Турон йўлбарси (Panthera tigris virgata) алоҳида кенжа турга мансуб бўлиб, унинг жуни юмшоқ, нисбатан узун ва очроқ рангда бўлган. Туркистон ўлкасида яшаган Турон йўлбарсини тана узунлиги (думидан ташқари) икки метрдан ҳам ошганлиги ва у қонхўр, ниҳоятда бақувват ва хавфли ҳайвон эканлиги тўғрисида манбаларда бир қатор маълумотлар учрайди. У ҳақида қадимги юнон-рим олимлари ҳам бир қанча маълумотлар ёзиб қолдиришган. Масалан, Птолемей уни “Гиркания шери” деб атаган. Чунки, асрлар давомида кғпчилик ёзувчилар Турон йўлбарсларини “шер” деб аташганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.
XIII аср сайёҳи Марко Поло эслатмаларида Талихон ҳудудидаги “шерлар” ҳақида ёзади. Аммо бу ерда ҳам аслида йўлбарслар назарда тутилган бўлиши мумкинлигини олимлар кўп бор ўз асарларида таъкидлашган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкин-ки, милоддан аввалги 328 йилда Самарқанд яқинидаги Александр Македонский томонидан ўлдирилган йирик мушуксимон йиртқич ҳам аслида йўлбарс бўлган. Шунингдек, VII асрда суғд ҳукмдорлари томонидан элчилик совғаси сифатида узоқ Хитойга юборилган ҳайвонлар ҳам, XV асрда тарихчи Ҳофиз Абру ёзишича, Термиз яқинидаги Амударё кечуви – Бурдагуй атрофидаги катта қамишзорлар орасида яшаган “шерлар” ҳам аслида туркистон йўлбарслари бўлган.
Бундан ташқари, тарихий даврлар давомида йўлбарсларнинг ўзи ва ҳаттоки номидан ҳам турли хил мақсадларда фойдаланилганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Масалан, ўрта асрларда қисман қўлга ўргатилган йўлбарслардан ҳукмдорлар қўриқчи сифатида ҳам фойдаланишган. Ҳаётига суиқасд бўлишидан хавфсираган айрим ҳукмдорлар йўлбарсни ўз ётоқхоналари яқинига занжир билан боғлатиб қўйишган. Маълумки, Сомоний ҳукмдори Наср I (Аҳмаднинг ўғли, Исмоилнинг набираси) кечаси ётоқхонаси олдига занжирбанд йўлбарс боғлатган. Агар кимдир ухлаётган ҳукмдор ҳузурига киришга уринса, йўлбарс уни дарҳол парчалаб ташлаши керак эди.
914 йил 23 январь кечасида Наср Амударё бўйида ов вақтида чодирда тунаб қолади. Ўша кечаси хизматкорлар унутганиданми ёки атайлабми, йўлбарсни чодир ёнига келтирмайди. Натижада сарой гвардиясидаги ғуломлар орасидан чиққан фитначилар ҳукмдорни ўлдиришга муваффақ бўлишади.
Баъзи манбаларга кўра, туронлик баҳодирларга жангдаги жасурлиги учун “Йўлбарс” деган фахрий лақаб берилган. Баъзан хонларнинг фарзандларига ҳам шу исм қўйилган-ки, бу орқали болада келажакда ҳукмдорга хос бўлган шоҳона фазилатлар шакллансин, деб ишонч билдиришган.
Ёзма тарихий манбаларга кўра, қадимда Турон йўлбарсининг яшаш ҳудуди жуда кенг бўлган. Улар асосан яшаш жойи сифатида қамишзорлар ва зич, ўтиб бўлмас тўқайларни ёқтирган. Манбаларга кўра, йўлбарслар Туроннинг қуйидаги ҳудудларида яшаганлиги маълум: Атрак, Сумбар, Тажанг ва Мурғоб дарёлари бўйида (Мурғобда, Марвдан 3 фарсах шарқда, Х асрда “Ширнахжир” – яъни “йўлбарс ўлжаси” деган қишлоқ ҳам бўлган), бутун Амударё бўйлаб – Панж, Вахш, Кофирниҳон ҳудудларидан тортиб Хоразм ва дарё делтасигача, Зарафшон водийсида, Сирдарё бўйлаб – Фарғона, Ангрен ва Чирчиқ водийларидан то қуйи оқимигача, Талас ва Чу дарёлари атрофида, Жунғор Олатоғида, Балхаш бўйларида, Или водийсида – ҳатто Қулжагача.
Кейинчалик инсонларнинг катта ҳудудлардаги ёввойи ўсимликзорларни ўзлаштириб, экин майдонларига айлантириши, қамишзорларни ёқиб юбориши, натижада йўлбарсларнинг асосий озуқаси бўлган ёввойи чўчқалар сонининг оз қолиши ҳамда йўлбарсларнинг бевосита қириб ташланиши бу йиртқичларнинг аста-секин камайиб боришига олиб келган.
Мўғул хони Хулаку Қорақорумдан Кеш ва Шопурғон орқали Хуросонга тантанали юриш қилаётиб, 1265 йил 1 январда Амударёни Келиф яқинида махсус қурилган понтон кўприк орқали кесиб ўтади. Эртаси куни у ҳордиқ чиқариш учун дарёнинг чап соҳили бўйлаб сайрга чиқади. Тўсатдан қалин тўқай ва қамишзор ичидан йўлбарслар пайдо бўлади. Хулаку уларни ўраб олиб, ов қилишни буюради. Отлар йўлбарслардан қўрқиб кетгани сабабли, овчилар туяларга миниб олишади. Натижада бир кунлик ов давомида ўн дона йўлбарс ўлдирилади. Бу рақам ХIII аср ўрталарида, мўғуллар истилосидан кейинги даврда Амударё бўйида йўлбарслар анча кўпайганини кўрсатади.
XVIII аср охири – XIX аср бошларида турон йўлбарсларини йўқ қилиш муҳим вазифага айлана бошлайди, бироқ бу иш унчалик муваффақиятли кечмаган. Айнан шу даврда Туркистонда рус босқини кетаётгани туфайли, руслар ҳам энди Турон йўлбарсларини ўлдиришни бошлайдилар. Чунки, уларнинг ҳарбий қалъалари атрофида бу турдаги ҳайвонлар жуда кўп учрар эди.
Бу даврга келиб уларни овлашни турли хил йўллари қўлланилади. Масалан, якка тартибда йўлбарсларга қарши курашда овчилар шундай йўл олиб борган: одатда йўлбарсни ўлдириб, бир мартада еб тугатмаган ҳайвон жасади ётган жойга тузоқлар, ўқ-дориси тайёр милтиқлар, ҳатто эгилувчан узун таёқларга маҳкамланган пичоқлар ўрнатилган. Йўлбарс йўлига тортилган ипни босиб юборса, милтиқ ўз-ўзидан отилган. Ёки махсус механизмни қўзғатиб юборса, эгилувчан таёқ тезда тикланиб, унга ўрнатилган бир ёки икки пичоқ ҳайвонга санчилган. Бироқ айрим овчилар йўлбарс билан юзма-юз чиқишга ҳам журъат этган. Йиртқични кўриб қолган овчига секин, аммо қатъий оҳангда шундай дейиш тавсия қилинган: “Шир-падша! Мард, мард”, яъни: “Йўлбарс подшоҳ! Бу – одам, одам”. Натижада халқ орасида, айниқса, йўлбарсга атайлаб якка ўзи чиқадиган овчилар катта шуҳрат қозонган. Масалан, ХIХ асрда Фарғонада бир ўзбек баҳодири яшаган бўлиб, у Балиқчи ёки Мингбулоқ атрофида йўлбарсни найза билан ўлдирганлиги тўғрисида қарашлар мавжуд.
ХIХ асрда Россия Туркистонни босиб олгач, йўлбарсларга қарши кураш анча кучаяди. Шунга қарамай, 1860–1880-йилларда айрим ҳудудларда йўлбарслар ҳали ҳам яхши қуролланмаган маҳаллий аҳоли учун жиддий хавф туғдирарди. Рус маъмурияти расмий маълумотларига кўра, 1882–1883-йиллар қишида Чирчиқ водийсида, Саъдиркул деган жойдаги қамишзор орқали ўтувчи йўлда жойлашиб олган бир жуфт йўлбарс қўшни овуллар ва бозорларга қатнаб юрган 20 нафар кишини ўлдирган. Бу ҳужумлар фақат баҳор келгач тўхтаган. Натижада, йиртқичлар ва ёввойи чўчқаларни йўқ қилиш учун ҳарбий қисмлар таркибида махсус ов отрядлари тузилган. Улар итлар ёрдамида ҳайвонларни қувиб, милтиқлар билан отиб ташлашган. Шунингдек, хусусий ташаббуслар ҳам рағбатлантирилган. Йўлбарс ўлдирган ҳар қандай овчига 25 рубл мукофот берилган. Кейинги ҳар бир ўлдирилган йўлбарс учун мукофот 5 рублга ошириб борилган.
Туркистонга кўчириб келтирилган ёш Урал казаклари орасида жасоратини кўрсатмоқчи бўлганлар ҳам топилган. Улар узун дастали болта ва пичоқ билан йўлбарсга якка ўзи қарши чиққан. ХIХ аср ўрталарида “Сирдарё чизиғи” деб аталган ҳарбий ҳудудда йўлбарс овчилари орасида Оренбург казак қўшинининг оддий аскари Мантиқ (Мантйк) жуда машҳур бўлган. У 1858-йилда Форт Перовский (Қўқон хонлигига тегишли Оқмачит қалъаси, ҳозирги Қизилўрда) яқинида ўзининг навбатдаги – ўн учинчи йўлбарсини овлаш пайтида йиртқич томонидан тилка-пора қилинган.
Бундан ташқари, ХIХ аср охирида Тошкентда нафақага чиққан аскар Гамов машҳур бўлган. У кичик бўйли, озғин бўлишига қарамасдан, бир неча ўнлаб йўлбарсларни ўлдирган ва ҳаттоки бир маротаба яраланган йиртқичнинг қўллари орасида қолиб, унинг даҳшатли қучоғида ярадор бўлишига қарамасдан йўлбарсни ўлдиришга эришади.
Аммо, ХХ асрда Турон йўлбарсларининг сони кескин камайиб кетади. Маълумотларга кўра, Сирдарё вилоятида 1910–1915-йилларда саккиз йўлбарс ўлдирилган. Бу даврда Турон йўлбарслари асосан, Амударёнинг юқори оқимлари, Панж ва Вахш дарёлари бўйидагина қолади. Бошқа ҳудудларда, масалан, Оҳангарон водийсида охирги йўлбарс 1920 йилларда ўлдирилиб, унинг ўқлар билан тўлдирилган териси узоқ йиллар Тошкентдаги Овчилар уюшмасида ноёб экспонант сифатида сақланган. Чирчиқ водийсида эса 1920 йилларнинг ўрталарида бир жуфт йўлбарс мавжудлиги ҳақида маълумотлар мавжуд, холос.
Умумий жиҳатдан айтганда, Туркистон ҳудудидаги Турон йўлбарслари миллий хазина бўлиб, инсоннинг табиатни ўзлаштиришга нисбатан кескин ҳаракатлари туфайли бу тур ер юзидан йўқолиб кетди.
Шоҳруз ШАРИПОВ,
Тошкент халқаро молиявий бошқарув ва
технологиялар университети доценти,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Фалсафа
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ