Эстрада ўрнини репга бўшатиб беряптими? Маиший мавзулардан узоқ, ижтимоийлашиб бораётган ўзбек репининг бугунги қиёфаси


Сақлаш
11:11 / 30.11.2022 1220 1

Ўзбек тили байрами куни Шоҳрух реппер 15 йиллик юбилей концертини берди. Ўн–ўн беш йил аввалги хотираларни қўмсаганлар «Ҳумо арена»га ошиқди. Бир тарафи, бу бекорга эмасди, деган хаёлга бордим – концерт учун танланган кунни айтмоқчиман. Яна бир ёш реппер Шака эса ўша байрам куни ғалатироқ табрик (эътироф, сўз ўйини, мулоҳаза – буни айнан қандай аташ кераклигини билмайман) йўллади. Фейсбукдаги шахсий профилига қўйилган бир неча сониялик видеолавҳада тилла топгандек икки ёнга қараб олиб, «Бу кимнинг тили? Бу менинг тилим!» деди у. Бу билан улар нима демоқчи эди?..

 

Ҳар тил байрами арафасида тармоқда Афғонистон шимолидаги ўзбек қизчасининг шеъри тарқалади: Бобурлар тили бу, султонлар тили бу, хоқонлар тили бу... Инжа талаффуз билан урғуларни биздагидан бошқачароқ қўяётган қиз ҳеч тўхтамай ўзбек тили кимники эканлигини санаб кетаверади. Шакага эса бу тилнинг «хоқонлар тили» эмас, ўз тили – репперники экани муҳим: «Бу менинг тилим!» Буни реппердан эшитиш сизга эриш туюлиши мумкин, бироқ бу нормал ҳолат. Чунки «реппер билан шоирнинг фарқи йўқ» (қўштирноққа олинган гап ўзбек реппери Массанинг Асл Вайн билан ижро этган «Бу йўл» трекидан) ва демакки, реппер шу тилни бошига кўтариши зарур ва шарт.

 

Реп нисбатан ёш жанр, унинг қачон, қаерда, ким томонидан ва қай ҳолатда яратилганини аниқ айтиш мумкин: 1973 йил 11 август, АҚШ – Нью-Йоркнинг Бронкс қисми, ди-жей Кул Ҳерк. Услуб айнан қора танли америкаликларга хос эди. Африкадан келтирилган қуллар асрий анъаналарига кўра барабан каби чолғу ёрдамида жамоавий маросимлар ўтказган, ритм матнга эргашган. Демакки, Кул Ҳерк Американи қайта кашф этмаган, қонида оқаётган қадимий оҳангни замонавий жанр сифатида синтез қилган. У бошлаб берган йўналиш матн устига қурилганди, сўзлар эса минг йиллар давомида Африка қабилалари аъзоларини маросимлар, ов, йиғим-терим кабиларда бирлаштиргани, зерикарли ва эзгин вазифани осонлаштиргани, руҳ бергани каби кайфиятда эди. Кўп ўтмай магнит тасма Американинг қора танли аҳолиси учун ҳам қўл етадиган матоҳга айлангач, реп оммалашиб борди.

 

Кўпчилик Ҳип-Ҳоп субмаданиятини (реп шунинг бир қисми сифатида кўрилади) Америка жиноий оламига боғлайди. Бу танганинг бир тарафи холос. Ҳа, Озодлик ҳайкалининг ватани, ер юзига демократия уруғини сочиш билан шуғулланувчи (эрк экспортёри) Американинг қора кўчаларидаги қора фуқароларининг қорамтир қисматидан ўсиб чиққан жанр бу. Тўппонча, отишмалар, қора танли одам қисмати, хору зорлик, йўқотилган болалик, кўча қоидалари, кайф-сафо, енгилтак аёллар, енгил ҳаёт, енгил пул, енгил машина, қисқа айтганда, гангста реп шу мавзулар ва номақбул лексика орқали ўзини ер юзига танитди ва машҳур бўлди.

 

Айниқса, 90 йиллар репперлари мусиқа саноатининг мисли кўрилмаган машҳур кишиларига айландилар. Улар даврнинг идеаллари сифатида телевизорларда – мусиқа каналларида тинимсиз узатиларди. Notorious B.I.G., Тупак Шакур, Ice Cube, Dr. Dree, JayʼZ, Snoop Dog, Coolio, Eminem, 50 cent ва бошқалар ўз матни, мусиқаси ва қиёфаси билан одамларни репга «касал» қилишди. Ўша 90 йиллар хитлари репни бутун дунёга, хусусан, Ўзбекистонга ҳам ёйди. Илк ўзбек репперлари пайдо бўла бошлади, бу бошланғич тўлқин бўлгани туфайли уларнинг қўшиқлари Америка ва рус репперларига тақлид эди. Масалан, Радиус 21нинг илк трекларини бунга мисол келтириш мумкин.

 

Аммо Радиус 21нинг кейинчалик яратган «Шекспир монологи», «Тунги капалак», «Драма» каби қўшиқлари унинг замон кайфиятига чизгилари, профессионал ижод эди. У билан елкама-елка чиққан Шохрух, Шаҳриёрнинг ҳам давр нуқтаи назаридан мавзу бўла оладиган треклари кўп, қизиғи, репперлар ўзбек эстрадаси мавзулар доирасини кенгайтирди. Яъни олиб чиқиш учун севги-муҳаббатдан бошқа нарсалар ҳам бор экани, реал дунё, шундоққина бурнимиз тагидаги дунё ўзбек эстрадаси куйлагани каби оппоққина-юмшоққина ва осон эмаслигини, ранг-баранг, хусусан қорамтир ранглардан иборат эканини англатишди.

 

Шохрухнинг «Баландда», «Болалигим», «Хато», Шаҳриёрнинг «Кел моней», «Дўстмисан» треклари билан тили чиққан болакайлар ҳозир ўспирин. Худди ўша болакайлар каби ўзбек репи ҳам ўзининг ўспиринлигини ортда қолдириб навқирон ёшга ўтмоқда.

 

Бир сафар Кулионинг «Гангстерлар жаннати» (Gangsta Paradise) треки мазмунига қизиқиб, матнини ўқигандим, ўшанда интеллектуал одамгина кузатиб ёзиши мумкин бўлган ҳолатларга дуч келиб лол қолгандим: уни (репперни) кўча тарбия қилди, телевизор қаршисида улғайди ва энди у орзулари кетидан тиним билмай югурадиган одамга айланган, шу боис унинг ўрни ўзига ўхшаган такасалтанглар орасида. Реппер ўзининг 23 да экани, 24 ёшдан умиди йўқлигини айтаркан, унга ачинасиз. Ачиниш баробарида, у сизнинг қаҳрамонингизга айланади: оч-яланғоч, ёввойи кўча фарзанди, ўта кескин ва бераҳм жамиятда (бу жамиятда ўрмон қонуни устувор) ўрнини топиш ва ҳаққини айириб олиш учун ҳамма нарсага тайёр, жон олиб жон берувчи баҳодир. Дарвоқе, Кулио ўзи айтганидан анча узоқ вақт яшади ва шу йили, эллик тўққиз ёшида вафот этди.

 

Ҳозирги болаларга эътибор қилинг, улар Кулио айтганидек телевизор томонидан тарбия қилинмаяпти, балки қўлларида смартфон бор: энди уларга эртакни ҳам, аллани ҳам, мультфильмни ҳам YouTube жуда катта танлов имконияти ва чекловларсиз кўрсатади. Хусусан, замонавий репперлар ҳам ўз ижодини давлат, хусусий телеканалларга элтиб мусиқий муҳаррир нима дейиши ҳақда ўйлаб бош қотирмайди. Масала интернет, ижтимоий тармоқлар, асосан YouTube орқали оддийгина ҳал этилади. Худди шу каби ўзбек репперлари ҳам асосан, шу йўлни танлашган. Ва бугун минглаб ёшлар уларни эшитяпти. Хўш, бугун кўпчилик томонидан эшитилаётган нечта ўзбек реппери бор, улар қайси мавзуларни тилга оляпти? Мавзу майдони аввалгиларидан кенгайдими, матнга урғу қандай?

 

Шаҳриёр бир кўрсатувда ўзбек репи ишончли қўлларда дейди. Бу гап икки реппернинг исми саналганидан сўнг айтилгани ҳолда у қадар таҳрир талаб қилади деб бўлмайди. Ёш ўзбек репперлари кўп ва эркин, уларни ўзидан бўлак ҳеч нарса тўхтата олмайди, бу ҳол одамга умид беради. Улар орасида Конста, Шокир, Масса, Тимур Алихонов, Аббос Сулаймонов, Шака кабилар таниқлироқ.

 

Мисол учун Масса мавзу ва имиж жиҳатидан гангста реппер. Клиплари ёрқин: «спортивний» муаллиф, дискалари олтинранг нексия, миллий атмосфера – нақшинкор бино, чопон, патқалам, тинимсиз ҳаракат қилаётган йигитча. Матн қўпол ва дангал: «ё ҳамма нарса, ё ҳеч нарса», «орзуга эришиш учун тинимсиз ҳаракат қил», «шоир ва реппернинг фарқи йўқ, демак реппер ўз матнини ўзи ёзиши керак», «мен ўзбек тилини ривожлантираман». «Бой бўл, ё шу йўлда ўл» (Get Rich or Die Tryinʼ) деб таржима қилинувчи илк альбоми муқовасида бўйнига занжирга илинган хоч осиб олган «качок» Фифти (50 cent) брутал қиёфаси билан сайёра одамлари тасаввурида ҳақиқий реппер, омади чопган гангстер қандай бўлади, деган савол ўрнини босадиган тасаввур берганди. Ўша қиёфа нуқси Массада ҳам кўринади. Масса – «кўча боласи», фикрни ҳеч қандай қолип ва гулқоғозга ўрамай айтиб қўя қолади. Ўзининг ижодини эса «ўзбек кўча шеърияти» деб атайди.

 

Бола,

Қайси иш қилсанг ҳам

Меҳнат танлама

Лекин ақлий меҳнатни жисмонийдан

Устун қўйма

Тўққиздан олтигача ишлашга

Бўлма обуна

Ўзгартиргинг келса ҳаётни

Бўламан намуна.

(Масса, «Ҳаммаси»)

 

Шеър адабий нуқтаи назардан бироз тартибга келтирилди ва бу у қадар муҳим эмас. Чунки, реппер ўз диалектидан келиб чиқиб реп ўқиши норма сифатида кўп мамлакатларда қабул қилинади ва буни ҳурмат қилиш керак. Юқоридаги матн мотивацион руҳда. Ё ҳамма нарсага эриш, ё ҳеч нарсага. Ҳеч ниманг йўқ, демак тинимсиз ҳаракат қилишга мажбурсан. Меҳнат қил. Йўл оч. Орзу билан эмас, натижа билан юксаласан. Трекдан тахминан шундай хулосалар қилиш мумкин.

 

Кўзим олдидан ўтди май,

Кўзим олдидан ўтди ёз.

Ҳаракат қилдим тинмай,

Лекин эришганим оз.

Етти куним бирдай, афсус,

Ҳаётим оддийроқларидан-эй.

Нима йўқотсам ҳам

Йўқотмадим иродамни.

(Конста, Шокир «Чумоли»)

 

Ўзбек репперлари орасида кашф қилиниши ва ҳурмат қилиб эшитилиши зарур бўлгани – Шокир. Эшитган сари овозининг зўр экани, мусиқий билими борлигига амин бўласан киши. Услуб юзасидан ҳам ўзига хос, бироқ бизга муҳимроқ бошқа ҳолат – матн томонлама тафтиш қилсак: «Ёмон» деган треки Youtubeда бир ой давомида деярли 50 минг кўришга етгани унинг ёмонмаслигидан далолат. Нақорат қисмида кимга мурожаат борлигини одам англамай қолиши мумкин, аммо асосий қисмда ҳолат ойдинлашади:

 

Эй,

ўртоғинг

ким эканлигини

тушунволгин.

Шошилиб,

югуриб юр,

ўзингни босволгин.

Эрталабдан

тоза хаёл билан

уйқудан туриб

Яхши ният билан бошла

ҳаётнинг янги дастурин.

 

Қизиғи, бунда ҳаётга ростмана, тик ва оптимистона қараш бор, бундан ташқари ўн беш яшар ўспирин ўзлаштириши зарур бўлган тарбия ҳам: ҳар куни ҳаётни қайтадан янги қувват билан бошлаш лозимлиги, нигилистликни четга суриш ва суянишга ҳеч нарса изламаслик керак экани.

 

Ўзбек репидаги муҳим хусусиятлардан бири бу вульгар сўзларнинг кам қўлланилиши – трекларда бировни ҳақорат қилиш, нафсониятига тегадиган сўкишлардан тийилиш сезилади (ҳатто Массада ҳам), аслида бу репнинг хусусияти ўлароқ кўп миллатларда қабул қилинган. Демак, бу ҳолатни ҳурмат қилиш ва ишлатилган жаргонларга имкони борича эътибор бермаслик лозим. Жаргон – кўча тилини ифодалайди, кўчадан олинган сўз кўчада тез ҳазм бўлиб кетади, аммо, рости, ғирт адабий тильдаги шеърларни ҳам репга айлантириш тажрибалари кўп. Масалан, рус реппери 43ai нинг Есенин, Бродский, Рождественский шеърларининг реп талқини доимий айланади. Бу треклар лирика билан тўйинган, матн жиҳатидан мағзи бутун, тилга нисбатан профессионал ёндашувга эга. Шокирнинг «Кабутар» трекида ҳам лирик ҳис (!) бор:

 

Юрагимни босиб

оғритар,

Хаёлимга роса ҳам

келар,

Лекин абадий унутар

Учиб кетган мандан

кабутар.

(Шокир, «Кабутар»)

 

Шокирнинг реплари худди бадиий фотографнинг ишлари каби – лаҳзани тутиб қолиш биринчи ўринга кўтарилган. Унинг қаҳрамони, мавзуси ичидан ўтаётган ҳислар ва улар чин шоир шууридан ўтади. Аслида репдан лирик қаҳрамонни излашнинг кераги йўқ. Репда ижтимоийлик кучли, муаммоларга урғу бериш жанрнинг асосий белгиларидан ҳисобланади. Реп жамият юзига ойна тутади, масалан, эстрада учун ғирт бегона бўлган ўзбек гастербайтери ҳаёти кескин, шафқатсиз ифода, аламзадалик ва агрессия билан очиб берилиши мумкин, аммо бунда лирик қаҳрамон бўлмайди. Дарвоқе, Конста ижодида ўзбек гастербайтерининг ҳаёти ифодаси жуда кўп. Констанинг кўпчилик севги ҳақида деб ўйлайдиган «Гулим» треки аслида Гулистонга, Ватанга аталган.

 

Энди она ватанга

танга

ташиб чарчадим

дангал,

Чангга

ботиб тер тўкаман,

лек ҳамон

дангасаман

отангга.

Соғиндим овозингни,

бу болалигим оҳанги,

ҳар нарсанинг ўз гали бор дейишаркан,

демак,

ҳали кўп кутаман гал...

 

Констанинг яна бир қўшиғи бор – «Чекиш ўлдиради». Трекда реппер чекиш унга зарур эканини айтади ва бунга сабаб қилиб қуйидагини келтиради:

 

Бу шаҳарим қотил,

Орзуларимни ўлдирмоқчи.

Миямни бўш қилиб,

Ошқозонимни тўлдирмоқчи.

Тўрт тарафинг қибла, лекин

Учта йўлда соқчи.

 

Трекда турғун одамнинг абсурд дунёси бор ва тан олиш керак, кўпчилик шундай ҳаёт кечирмоқда. Орзулар кетидан эргашиш, ўша йўлда тер тўкиш ва нималаргадир эришиш ўрнига мияни бўм-бўш қилиб, моддий эҳтиёжларни қондириб яшаш тарзи – бу ҳар қандай уйғоқ одамни ларзага келтиради, бироқ минг чирансанг ҳам, яъни «тўрт томонинг қибла» бўлишига қарамай битта йўлинг очиқлиги чеккага ўтиб чекишга мажбур қилади.

 

Технология ривожи репперлар селекциясини анча тезлаштирди. Мусиқа яратиш, трекни ёзиб олиш ва оммага етказиш осон ва қулай. Бундан ташқари, энергия қабули ҳам, ўз мусиқангни саҳифангда эълон қилдинг ва зум ўтмай мухлисларинг топилади: ё олқишга кўмилиб, росмана реппер ҳаётини бошлайсан, ё хатоларингни эшитиб, матн ва техника устида ишлайсан. Аммо бир муҳим нарса бор: истеъдод истеъмолчи (оддий халқ)ни эргаштиради.

 

Реп нафақат бошқа мусиқий жанрлардан устун, балки бўлак санъат турларининг қўлидан келмаган вазифаларни бажара олади, унинг имкониятлари кенг ва бундан тўлиқ фойдаланиш зарур. Ватан ҳақидаги, ҳаётий принциплар, ахлоқ, ота-она, ўзлик, англаш ҳақидаги самимий, гўзал ва айни пайтда реал мулоҳазаларга, идеяларга одамлар муҳтож, буни эса бемалол реп орқали бериш мумкин. Демак, ҳали бу мавзудаги муносабатлар ҳам кўпайиб боргуси.

 

Алишер ФАЙЗУЛЛАЕВ,

Oyina.uz

1 Изоҳ

Avazbek

06:01 / 01.01.1970

Ajoyib maqola. Rahmat muallifga. P.S. Tell me why are we so blind to see ? That the ones we hurt - are you and me ! (Shox satrlar)

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси