Турон заминидаги бутпарастлик, оташпарастлик ва ислом динининг илк тўқнашуви


Сақлаш
22:37 / 02.06.2023 911 0

Турон тарихи Турк хоқонлигидан ўнлаб аср аввалги даврга бориб тақалгани каби ўрта асрларда Исломнинг қалқонига айланган туркларнинг ушбу динга хизмати ҳам уни қабул қилишларидан олдинроқ бошланган эди.

 

“Турон” атамаси уч минг йил аввал зардуштийларнинг “Авесто” китобида тилга олинган. Боқий обида яратмоққа бел боғлаган Абулқосим Фирдавсий ўз “Шоҳнома”сида Турон юрти халқини “турклар” деб атайди. Маҳмуд Кошғарий қаламига мансуб “Девону луғотит турк” қомусида Турон салтанати ҳукмдори Алп Эр Тўнга “Шоҳнома”даги Афросиёб билан бир одам экани қайд этилган.

 

Кейинги даврда ҳам турк хоқонларидан бобурий подшоҳларга қадар бўлган сулолалар, Соҳибқирон Амир Темурдан Абулғозий Баҳодирхонгача бўлган тождорлар, Маҳмуд Кошғарийдан Маҳмудхўжа Беҳбудийгача бўлган шоиру олимлар ўз тили ва миллатини турк деб атади. Шунга кўра ушбу мақолада барча туркий халқларнинг умумий номи сифатида “турк” истилоҳидан фойдаланилди.

 

“Сўйласин Афросиёбу...”

 

ХХ аср тарихчилари туркларнинг жаҳон саҳнасига чиқишини VI асрнинг ўрталарида тузилган Турк хоқонлиги билан боғласа-да, қадимги манбалар Турон тарихи бир неча минг йил аввалдан бошланганига шоҳидлик беради.

 

Туркларнинг аждодлари бўлган саклар ва ҳуннлар ҳам Туроннинг соҳиблари эди. Византиялик тарихчи Феофан “Хронография” асарида буни тасдиқлайди: “Шу вақт биз ҳуннлар деб атайдиган турклар аланларнинг ери орқали Юстиннинг ҳузурига элчи юборди” (Theophanes Bizantius. Fragmenta. HGM, Lipsias, 1870, v.I, p.446–449). Туркларнинг илк элчилик карвони Византияга милодий 558 йилда борган эди.

 

568 йилда Византиядан турк хоқони ҳузурига элчи бўлиб келган Земарх сафарига бағишланган солномада туркларнинг тили скиф (сак) тили деб аталган.

 

Ҳуннларнинг авлоди ва ворисларидан бири Ҳазар хоқонлиги ҳақида Хитой солномаси “Таншу”да “Боси (форс) ва Фолиннинг (Византия) шимолий қўшниси дулгасларнинг (турк) авлоди кэсалар (ҳазар)” деган қайд мавжуд.

 

Византия манбаларида эса туркларга бундай тавсиф берилади: “Турклар оловни ҳамма нарсадан устун қўядилар, сув ва ҳавони улуғлайдилар, ерга мадҳиялар куйлайдилар, осмон ва ернинг ягона яратувчисига ибодат қилиб, уни Тангри деб атайдилар. Унга от, буқа ва майда ҳайвонларни қурбонлик келтирадилар” (Феофаннинг “Хронография”сидан).

 

Таниқли рус туркологи Лев Гумилёвнинг эътирофи-да диққатга молик: “Истами ва Қора Чурин моҳир саркардагина бўлиб қолмай, истеъдодли ишбошилар ҳам эди. Улар истило этган мамлакатларда “modus vivendi” (мухолиф томонларнинг тинч-тотув яшаш ҳақида келишуви – А.Ю.) вужудга келди. Уларга қадар тарқоқ ҳолда яшаб, бор кучини ўзаро урушларга сарфлаган қавмлар тинч ҳаёт ҳузурини татиб кўришди, кўчманчи чорва хўжалигини ривожлантириш имконига эга бўлишди. Буларнинг барчаси кишилар онгида бирлик, яхлитлик тушунчасини ҳосил қилди. Мана шу яхлитлик ўша чоқдан “турк” деб атала бошлади” (Гумилёв Л. Қадимги турклар. Тошкент, “Фан”, 2007. 163-бет).

 

Туркларнинг шуҳрат ва омад қозонгани сабаби нимада деган саволга жавоб берар экан, XII аср муаррихи Фахриддин Муборакшоҳ Марварудий аксар қавмлар киндик қони тўкилган маконда обрўга эга бўлиб, ажнабий элларда эътибордан қолиши, туркларда эса бунинг акси экани, улар ўз чодири ва мамлакатидан қанча олислашса, қудрати ва эътибори шунча ошиши,  амиру сипоҳсолар бўлиши ҳақида ёзади. Марварудий ўз фикрини Афросиёбнинг гапи билан қувватлайди: “Турк денгиз чиғаноғи ичидаги дурга ўхшайди: дур ўз маконида қийматга эга бўлмайди, аммо у чиғаноқдан чиқар экан, қиймат касб этади, шоҳлар тожию келинлар қулоғини безайди”.

 

Жазира узра балқиган ҳилол

 

Ислом дини ёйилиши арафасида минтақадаги вазиятни таҳлил этсак. Довруқли саркарда Истами Ябғу бошчилигидаги турклар милодий 560 йилда сосонийлар билан иттифоқ бўлиб, Оқ ҳуннлар (Эфталийлар) салтанатини бўлиб олади. Шу тариқа Ислом пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.) таваллуд топган 571 йилда Ўрта Осиёни тўлиқ эгаллаб, Туроннинг қадимий шаҳарларини қўлга киритадилар. Турклар ғарбда шимолий Кавказни эгаллаб, Византия билан ҳам қўшни бўлади. Туркларнинг, айниқса, Буюк ипак йўлининг фаол тужжорлари ва дипломатлари бўлган сўғдлар билан бирлашуви Туроннинг янги иқтисодий ва маданий тараққиётига йўл очади. Савдо йўлидаги рақобат Эрон ва Турон ўртасидаги азалий адоватни янгидан қўзғайди. Турклар форсларга қарши иттифоқдош излаб, сўғд элчиси Маниахни Румга юборади.

 

Ҳидоят пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.) Арабистон яриморолидаги элатдошларини муқаддас Ислом ғояси атрофида бирлаштиргач, атрофдаги салтанатлар ҳукмдорларига ҳам мактуб йўллайди. Мактубда Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни тавҳид динига даъват этади. Манбаларда Рум қайсари Ҳерақл илоҳий даъватга хайрихоҳ бўлса-да, руҳонийлар эътироз билдириб, уни қароридан қайтаргани, Эрон шоҳи эса пайғамбар исми ўз исмидан олдин ёзилгани важидан кибрланиб мактубни йиртиб ташлагани баён этилган.

 

Туркларга Расулуллоҳ (с.а.в.) номаси етиб келмаган эди. Аммо улар араб мушриклари каби ўз қўли билан ясаган тошларга, форслар каби оловга топинмас, Тангрига фарзанд ва шерикларни минбаъд раво кўрмас эди.

 

Милодий VII аср бошларида Европанинг катта қисмида, Осиёнинг ғарбидан марказий минтақаларигача бўлган ҳудудларда ҳамда   Африканинг   шимолида Византия (Рум) ва  Сосонийлар (Форс)  давлати  ҳукмронлик қиларди.  Икки салтанат  ўртасидаги  чегаралар  тинимсиз муҳорабалар натижасида  ўзгариб  турарди.

 

Туроннинг жануби-ғарбдаги қўшниси форслар билан шимоли-ғарбдаги ҳамсояси ва ашаддий душмани аварлар ўзаро иттифоқ эди. 628 йилгача давом этган форс-авар иттифоқи Византия империясига кучли таҳдид солиб турган.

 

Ўз навбатида, Византия ҳам форсларга қарши қудратли иттифоқдош излаётган эди. Шимолдаги антлар, аланлар каби қабилавий тузилмалар мустаҳкам давлат шаклига эга бўлмагани сабаб улар билан келишувлар мунтазамлик касб этмас эди.

 

Янги илоҳий динни дунёга ёйиш орзусида яшаётган, пайғамбар муждасидан бўлак қувонадиган ҳеч нарсаси: на ҳокимияти, на тарафдори бўлган мусулмонлар ҳамда Ироқ-Шом йўлидаги савдо карвонларининг муҳим манзилгоҳи, бутун арабларнинг муқаддас маъбади саналадиган Каъбага эгалик қилувчи Қурайш мушриклари бу икки салтанат рақобатининг ўртасида эди. Мусулмонлар ва мушриклар урушлар натижасига таъсир этадиган даражада куч-қувватга эга бўлмасалар-да, ўзаро беллашаётган томонларга тарафдорлик қилишарди.

 

Милодий 613 йил. Ислом нубувватининг бешинчи йили. Рум ва Форс салтанати ўртасида йирик тўқнашув юз беради. Ўша кезлар Форсга Хусрав, Румга Ҳерақл (Ираклий) подшоҳлик қиларди. Фаластин, Сурия, Миср, Ироқнинг бир қисми ва Кичик Осиё Румга тобе эди. Форслар Румга икки томондан ҳужум қилади: Дажла ва Фурот дарёлари бўйлаб Сурияга, Озарбoйжон ва Арманистон тарафдан Кичик Осиёга бостириб кирадилар. Форс лашкари Рум қўшинини икки жабҳада ҳам енгиб, денгизгача таъқиб этиб боради. Суриядаги насороларнинг барча муқаддас шаҳарлари эгалланади. 614 йилда бутун Фаластин, жумладан, Қуддус ҳам форслар назоратига ўтади. Уруш давомида ибодатхоналар хароб этилади, минглаб яҳудий ва насоролар қиличдан ўтказилади.

 

Жанг сурони Мисрга ҳам етиб боради. 616 йилда форслар Нил водийсини ишғол этиб, Искандарияга юриш қилади. Бошқа томондан эса, бутун Кичик Осиёни қўлга киритиб, Рум пойтахти Константинополь остонасига қадар етиб келадилар. Форслар қаерни босиб олса, у ерда оташпарастлик ибодатхонаси қурар, шу йўл билан христианлик ўрнига ўз динини жорий қилар эди.

 

Аламли мағлубиятдан сўнг Рум салтанатига қарашли бир қанча вилоятларда марказий ҳукуматга қарши исён кўтарилади. Африка ва Европадаги ўлкалар, ҳатто пойтахтга яқин баъзи ҳудудлар мустақиллик эълон қилади. Қисқаси, шарқий Рим империяси парчаланиб, лашкар тарқалиб кетади. Император Ҳерақл пойтахтни тарк этиб, Қартажга қочади. Ғалабадан сархуш бўлган форслар бир қанча шартларни қўядилар. Рум салтанати рақибнинг барча талабларини сўзсиз қабул қилади ва ўзаро шартнома имзоланади.

 

Румликларнинг мағлубиятидан хабар топган Макка мушриклари қувониб, “Сиз ва румликлар аҳли китобсиз, биз эса форслар каби аҳли китоб эмасмиз. Бизнинг шерикларимиз сизнинг шерикларингизни енгди, энди биз ҳам сизларни енгамиз”, дейди мусулмонларга. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Ҳадис ва ҳаёт” туркумининг 21-жузида ёзишича, ўшанда Оллоҳ таоло “Рум” сурасининг аввалги оятларини нозил қилади: “1. Алиф. Лаам. Мийм. 2. Рум мағлуб бўлди. 3. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. 4. Саноқли (бизъу) йилларда. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Оллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар. 5. Оллоҳнинг нусратидан. У хоҳлаганига нусрат берур. Ва У азизу роҳиймдур”.

 

Бундай қирғинбаротдан кейин Византиянинг аҳволидан бохабар бўлган хом сут эмган банда “Рум ғолиб бўлажакдир” дейишга журъат эта олмас эди. Буни фақат Қодири якто Оллоҳ айтиши мумкин эди.

 

Воқеаларнинг давоми улуғ муфассир ва тарихчи Имом Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарийнинг Абдуллоҳ ибн Аббосдан қилган ривоятида баён этилган. Ушбу оят нозил бўлганидан кейин мушриклар “Эй Абу Бакр! Сенинг оғайнинг, Рум саноқли йилларда Форсдан устун бўлади, демоқда-я?!” деб сўрайди. “Тўғри айтади”, дейди Абу Бакр. Мушриклар гаров таклиф этишади. Етти йил муддатга тўрттадан туяга гаров ўйнайдилар. Етти йил ўтади, аммо ғалабадан дарак йўқ эди. Бундан мушриклар шодланиб, мусулмонлар маҳзун бўлишади. Абу Бакр Муҳаммаддан (с.а.в.) маслаҳат сўрайди.  У зот гаровни зиёда қилиш ва муддатни икки йилга чўзишни тавсия этадилар.  Икки йил ўтмай Рум Форс устидан зафар қозонгани хабари келади.

 

Мусулмонларнинг бу ҳодисадан шодланиши табиий эди. Улар Робби ва Расулининг сўзига шубҳа қилмай, мушриклар билан баҳсга кирган ва гаров орият масаласига ҳам айланган эди. Мўминлар илоҳий башоратнинг амалга ошишига шубҳа қилмасди, фақат бунга ғайридинлар ҳам ишониши, шу воқеа сабабидан диннинг янада кенг ёйилишини истардилар. Аммо боя таъкидлаганимиздек, мўминларда воқеликни ўзгартириш тугул, унга аралашмоқ учун ҳарбий куч йўқ эди. Образли айтганда, улар мазкур урушлар сели олдида хасдек эди. Хўш, унда илоҳий ҳукмни ким ижро қилди? Каломуллоҳнинг башоратини ким рўёбга чиқарди?

 

Илоҳий мужданинг ижрочилари

 

Турк хоқонлиги ҳудуди шарқда Тинч океанига ёндош Сариқ денгиздан ғарбда Атлантика океанига туташ Қора денгизгача, шимолий Сибирь кенгликларидан Ҳиндистонгача ёйилган эди. Салтанатнинг шарқий қисмини Улуғ қоғон (хоқон), ғарбий қисмини Ябғу қоғон бошқарарди. Салтанат асосчиси Буминнинг укаси Истами Ябғу ғарбий ўлкаларнинг фотиҳи сифатида ҳукмронлик бошлаган эди. Истами ва унинг ўғли Қора Чурин ҳокимияти даврида империянинг ғарбий сарҳадлари кенгайди. Узоқ вақт ҳукм сурган Қора Чурин ўз улусидан ташқари Шарқий хоқонлик бошқарувида ҳам катта таъсирга эга бўлди.

 

Қора Чуриннинг ўлимидан кейин баъзи уқувсиз арбоблар даврида салтанат кемаси бир оз чайқалган бўлса-да, унинг набираси Тўнг Ябғу хоқон (618–630) ҳокимиятга келиши билан ишлар ўнгланди. Тўнг Ябғу давлат бошқаруви ва дипломатик муносабатлар бобида қобилиятли эди. Янги ҳукмдор Византия ва Сосонийлар ўртасидаги тўқнашувлардан фойдаланиб, Буюк ипак йўли тижоратидан катта даромад олишни кўзлайди.

 

У ўз салтанати марказида – Чоч (ҳозирги Тошкент) воҳасидан шимолдаги яшил яйловда қароргоҳ барпо этади. Бу ҳудуд шимолдаги кўчманчилар, Хитойда янгидан бўй кўрсатаётган Танг империяси, жанубдаги форслар ва ғарбдаги Византияни назорат қилиш учун стратегик жиҳатдан қулай эди. Ҳукмдор ипак ва зарҳалга бурканган қурви чувач (қуббали чодир) ва олтин тахтда шарқу ғарбдан келган элчи-ялавочларни қабул қиларди.

 

VII асрнинг иккинчи чорагида хитойлик будда роҳиби Сюан Цзан ҳозирги Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳри яқинида ов қилиб юрган Тўнг Ябғу хоқон билан кўришади. У ҳукмдорни бундай тасвирлайди: “Хоннинг эгнида яшил атлас тўн, у бўрксиз (бош кийимсиз) эди. Пешонасига танғилган энсиз ипак тасма узун, елкасига тушган сочларини тўзғитмаслик вазифасини ҳам ўтайди. Хонни парчадан чопон кийган икки юз суворий ўраб олган эди. Уларнинг сочлари ўрилган. Бошқа жангчилар туя ва отларга миниб олган бўлиб, кийимлари мўйна ёки газламадан тикилган эди. Узун, байроқчали найзалар, тўғроли ёйлар билан қуролланган эдилар. Жангчилар сон-саноқсиз бўлиб, қўшиннинг охири кўринмас эди” (“Қадимги турклар”, 179-бет).

 

Турк хоқонлиги раияти масрур яшаётган бир паллада Яқин Шарқда вазият чигаллашиб борарди. Азалий рақиблар (Византия ва Сосонийлар) савдо йўлидаги фойданинг асосий улушига эга бўлиш, унумдор экинзор ва баракали яйловларни қўлга киритиш, ўз динини кенг ёйиш орқали ҳукмронлигини янада мустаҳкамлаш каби стратегик мақсадлар йўлида муҳорабани давом эттирар эди. Эроннинг қўли баланд келиб, византияликлар хонумонидан айрилади. Яқин фурсатда Румнинг қўли баланд келиши ҳақидаги илоҳий башоратдан на ғолиблар, на мағлубларнинг хабари бор эди...

 

Воқеалар тадрижини туркларнинг ёрдамига муҳтож ва муштоқ бўлган византияликлар манбасидан ўқиш мантиқлироқ бўлади. Патриарх Никифор “Мухтасар тарих” солномасида ёзишича, 622 йили император Ираклий турк хоқонига элчи юбориб, форсларга қарши иттифоқ тузишга ундайди. Хоқон ҳадяларни қабул қилиб, ҳарбий ёрдам ваъда этади. Ираклий бундан хурсанд бўлиб, унинг ҳузурига йўл олади. Хоқон ўз аъёнлари билан императорга пешвоз чиқади. Ираклий ўзига кўрсатилган юксак иззат-икромдан мамнун бўлиб, тожини ечиб, хоқоннинг бошига кийдиради. Боз устига, иттифоқни мустаҳкамлаш мақсадида қизи Евдокияни турк хоқонига беришга аҳд қилади. Шу тариқа Ираклий турклар билан бирга Эронга ҳужум қилиб, шаҳарларни вайрон, оташкадаларни яксон этади (Nicephori archiepiskopi Constantinopolitani opuscula historica / Ed.C.de Boor. Lispae, 1880).

 

Дастлабки ғалабага қарамай, сосонийлар тамомила енгилмаган, Византия хавфдан батамом фориғ бўлмаган, хоқон ҳам кўзлаган мақсадига тўлиқ етмаган эди. Рум солномаларига кўра, 625 йилда Византия императори Ираклий Андрей деган ақлли ва эпчил мулозимини кўп бойликлар ваъдаси билан ҳазарларга (Турк хоқонлигининг вассали) элчи қилиб жўнатади. Кейинги йили Ябғу хоқоннинг ҳарбий кўмагида Агвания ва Атрпатакан эгалланади.

 

Бу ғалабалар сосонийларни шарқий чегаралар бўйлаб ўраб олиш имконини беради. Эрон билан ипак савдосидаги рақобат туфайли сўғд тижоратчилари Тўнг Ябғу хоқонни Каспий ғарбидаги ҳудудларни эгаллашга ундайди. Турк ўрдуси Дарбанднинг мустаҳкам ва баланд тош деворларини ошиб ўтиб, Гуржистон ва Арманистонни забт этади. Хоқон 627 йилда Тбилиси қалъасини эгаллаб, қолган шаҳарларни забт этиш учун ўғли Бўришадни қолдириб кетар экан, “Агар ҳокимлар ва акобирлар ўғлимни кутиб олиб, тобеликни бўйнига олса, биз ҳам уларга тинч яшаб, бизга хизмат қилишларига изн берамиз”, дея баёнот беради.

 

Алҳол, турклар Византияни муқаррар ҳалокатдан қутқарди. Қўшнилар кўмагида румликлар мудофаадан жадал ҳужумга ўтди. 628 йилга келиб улар Ктесифон атрофидаги шоҳнинг қасрига ҳам ўт қўядилар. Ғалабадан умидини узган аъёнлар Хусравни тахтдан тушириб дорга осадилар.

 

Тарих – улуғ мураббий, дейдилар. Биз ҳикоя қилган ҳодисалар буюк олим ва ҳукмдор Мирзо Улуғбекнинг Лондон музейида сақланаётган яшил нефрит косасига битилган “Карами Ҳаққа ниҳоят йўқдур” деган ҳикматини ёдга солади. Илоҳий башоратнинг турклар томонидан рўёбга чиқарилиши ҳам на муслим, на тарсонинг хаёлига келган эди.

 

Турклар бу омонсиз урушга яккаш моддий манфаат важидан кирган дейиш, бизнингча, тарих ҳақиқатига тўғри келмайди. Муҳорабалардан Буюк ипак йўли тижоратида устунликка эришиш кўзлангани рост. Аммо жанг майдонида жон олиб жон берадиган оддий халқни руҳлантирмоқ учун кучли мафкура ҳам керак эди. Хўш, қандай мафкура эди у? Иккинчи Турк хоқонлигининг атоқли шаҳзодаси ва саркардаси Кул Тегин шарафига қўйилган битиктошдан ушбу парча саволимизга жавоб бўла олади: “Юқорида кўк осмон, пастда қўнғир ер яратилганида иккисининг орасида киши ўғли (инсоният) яратилган. Инсон болалари устидан (ҳукм юритиш учун) улуғ оталарим Бумин хоқон ва Истами хоқон тахтга ўтирган”. Демак, Турк хоқонлиги асосчилари ва уларнинг ворислари ўзларини ер ва осмон ўртасидаги бутун инсониятнинг ҳимоячиси ва ҳукмбардори деб билган, турли қавм-элатларнинг осуда ҳаёти учун ўзини масъул санаган. Турк эрлари дини таҳқирланган, ўлкаси хароб бўлган, иззати ва номуси топталган одамларни қутқариш мақсадида майдонга чиққан.

 

Кетма-кет мағлубиятлардан кейин Эронда бошбошдоқликлар даври бошланди. Аркони давлат шоҳларнинг бирини ўлдириб, бошқасига тож кийдирарди. Урушлардан тинкаси қуриган Византия ҳам иқтисодий таназзул ёқасида эди. Ҳар икки салтанат ўз ҳудудларини бирин-кетин янги дин, янги маданият ва янги тамаддун олиб келаётган давлатга бўшатиб берди. Мусулмонлар, Ислом пайғамбари башорат қилганидек, Эрон пойтахти Мадоинни, Яман ва Шомни фатҳ этдилар. Шиддат билан кенгайиб борган халифалик давлати тез орада Франция чегараларидан Хитой сарҳадларига, Кавказ тоғларидан Ҳинд воҳаларига қадар ёйилди.

 

Туркларга келсак, хоқонлик ворислари ислом динини қабул қилибгина қолмай, унинг ишончли ҳимоячисига айланди. Қорахонийлар, ғазнавийлар, салжуқийлар, мамлуклар, темурийлар, усмонийлар сингари сулолалар улкан давлатлар барпо этди. Кейинги асрларда турклар Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Форобий, Бурҳониддин Марғиноний, Ал-Хоразмий ва Ибн Сино билан ислом ақидаси, ҳикмати, фалсафаси, ҳуқуқи, риёзати ва табобатига асос солдилар. Аҳмад Ал-Фарғоний – замин, Абу Райҳон Беруний – уммон, Мирзо Улуғбек эса само сирларини очди...

 

Анвар ЮСУПОВ

Tafakkurжурнали, 2023 йил 1-сон.

“Чиғаноқдаги дур ёхуд Турон ва исломнинг илк учрашуви 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10349
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//