Илмий тадқиқот: Чиройда тенгсиз Юсуф алайҳиссалом неча пулга сотилган?


Сақлаш
17:03 / 02.06.2023 711 0

“Юсуф ва Зулайхо” қиссаси Ислом Шарқида гўзал қисса эканлиги таъкидланади. Бу ҳақда Қуръони каримнинг “Юсуф” сурасида ҳам “аҳсан ул-қасас” дея марҳамат қилинади. “Қисаси Рабғузий”да “аҳсан ул-қасас”нинг ҳатто 10 та афзал жиҳати ҳам таъкидланади.

 

Ҳозир мазкур қиссанинг бошқа бир томони, композициясига тегишли ўринлар ҳақида, янаям тўғрироғи, қисса тугуни ва унга ечим бўлган сюжет линияси ҳамда туркий тилли адибларимизнинг Юсуф алайҳиссаломга берган “сотувдаги баҳоси” ҳақида мулоҳаза юритмоқчимиз.

 

Қиссаларга кўра, Юсуф алайҳиссалом ниҳоятда кўркли бўлган. Кунларнинг бирида у кўзгуга қараб “Агар сотилсам, ким менинг баҳоимни бера оларди?” дея кибрга кетади ва шу ерда қисса тугуни бошланади. Бунинг оқибатида “Ҳақ таоло ғайрат кўргузиб” (Навоий таъбири) Юсуф алайҳиссалом арзимас чақаларга сотилади.

 

Юсуф алайҳиссаломнинг акалари томонидан неча пулга сотилгани тўғрисида Юсуф қиссаларида турлича қайдлар учрайди (Равшанов Ф. Холис ва унинг адабий мероси: филол. фанл. номз. ... дисс-я. – Самарқанд, 1997. – Б. 73.). Фазлиддин Равшанов диссертациясида Холиснинг “Юсуф ва Зулайхо” достони Дурбекнинг шу номдаги достони билан қиёсий таҳлил қилинган:

 

Оғолари сотай деб тилга олди,

Баҳоси ўн саккиз тангага (қолди) (Холис).

Молики Тожирким эди муштарий,

Берди йигирма дирамини бори (Дурбек).

 

Сайқалийнинг “Равзат уш-шуҳадо” достонида эса бундай дейилади (Собир Сайқалий Ҳисорий. Равзат уш-шуҳадо. – Т.: Мовароуннаҳр, 2004. – Б. 62):

 

 

Ани(нг)дек подшоҳи рўйи олам,

Баҳоси бўлди чун ўн етти дирҳам.

 

“Қисаси Рабғузий”да шундай дейилади: “Кунлардин бир кун Юсуф (алайҳиссалом) қузуғға боқди, ўз юзини кўрди, тонглади. Кўнглида кечди, бу кўрк била қул бўлсам эрдим, баҳомни ким бера олғай эрди. Ўз кўркига куванди эрса, қул теб ўн саккиз пул ярмоққа сотдилар”. Қуйироқда акалари Юсуф (алайҳиссалом)ни тожирга сотганлари ҳақида хат қилиб берадилар. Унда жумладан шундай дейилади: “...Юсуф отлиғ қулумузни Молик Заърга ўн етти оғри ёрмоқға сотдимиз(Рабғузий. Қисаси Рабғузий. Биринчи китоб. – Т.: Ёзувчи, 1990. – Б. 110.).

 

“Аҳсан ул-қисас”нинг туркманча нашрида эса Молик Заър Юсуф (алайҳиссалом)нинг акаларига от ва туя бермоқчи бўлганда “Биз мундан кўп зериккандурмиз, сал нимарса бериб рози қилсангиз бўладур” дейдилар. Моликда эса майда тангадан “ўн саккиз пўчак танга бор эди, ани берди. Яна топиб бермоқ бўлиб эди, “Ушбу бўлур” деб олдилар. Савол: Ҳазрати Юсуф (алайҳиссалом) мунча камбаҳо била сотилмоқда, сабаб не эрди? Жавоб ул, ки Юсуф (алайҳиссалом) бир тун ойнага боқиб айтдиким: “Агар мен қул бўлуб сотилсам, ҳеч ким пул ва мол бериб ололмас. Мени(нг) баҳомга ким етар?” деб эрдилар. Ул боисдан ўн саккиз пўчак ярмаққа сотилдилар(Якуп пыгамбер ве Юсуп алейх-эс-салам (Түркменистан мусулмаңларының казысы Насруллах ибн Ибадуллахың дүзедишлари). – Ашгабат: “Берекет-Бина” неширяты, 1993. – Б. 32).

 

Юсуф (алайҳиссалом)нинг баҳоси “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарида ўзига хос навоиёна бадиият билан ифодаланган: “Бир кун ўз юзин кўзгуда кўруб, андоқки, ҳусн истиғною ғурурға муқтазодур, кўнглидин кечтиким, оё, агар мен қул бўлсам эрди, менинг баҳомни ким бера олғай эрди. Чун бу хаёл далолати бемислликка қилур... Ҳақ таъоло ғайрат кўргузуб, андоқ қилдиким, оғолари Юсуф (алайҳиссалом)ни ўн ети қалб (қалбаки маъносида. – С.Х.) дирамға соттилар(Алишер Навоий. Тарихи анбиё ва ҳукамо // Мукаммал асарлар тўплами (XVI жилд). – Т.: Фан, 2000, – Б. 122-123.).

 

XIV асрга оид бир туркий “Қисас ул-анбиё”да Юсуф (алайҳиссалом)нинг баҳосини кўрамиз: “Ул карвонбоши Молик ибн Заър айтди: “Қаму айби ила манга сотинг, олайин. Аммо менда ҳозир нақд йўқдур, илло қўмошим кўб”. Айтдилар: “Ҳар неки бўлса ҳам сотурмиз”. Молик айтди: “Ҳозир менда ўн етти эски Миср ақчаси бор, ортиқ йўқдур, берурмисиз (14. Yuz Yila Ait Bir Kisas-i Enbiya Nushasi Uzerinde Senteks Incelemesi. Çevriyazi: Dr. Ismet Cemiloglu. – Ankara: 1994. – S. 100.).

 

“Равзат уш-шуҳадо” достонида Сайқалий Юсуф (алайҳиссалом)нинг акалари томонидан неча пулга сотилгани ҳақидаги бобнинг аталишидаёқ ҳақиқий туркона сўзлар ва бадиият билан қўллаган: “Молик Зағар келиб Юсуф алайҳиссаломни чоҳдин чиқорғони. Оғолари анда ҳозир бўлиб, ўн етти ўтмас тангаға сотганларини баёнидур(Собир Сайқалий Ҳисорий. Равзат уш-шуҳадо. – Т.: Мовароуннаҳр, 2004. – Б. 61.).

 

Юсуф (алайҳиссалом) баҳоси ҳақидаги баҳс тўғрисида Навоий давом этиб шундай ёзади: “... оти Молик бинни Зиъар, хазоий эрди, ўн ети, ё йигирма дирамға соттилар(Алишер Навоий. Тарихи анбиё ва ҳукамо. // Мукаммал асарлар тўплами (XVI жилд). – Т.: Фан, 2000. – Б. 123). Навоийнинг ушбу ўриндаги иштибоҳи ўринли. Чунки асарлардан юқорида келтирилган парчаларда 17, 18 ҳатто 20 дир(ҳ)ам сингари вариантларга дуч келамиз.

 

Юқорида тилган олинган туркманча “Аҳсан ал-қисас”да мазкур масаланинг ечими берилгандек: “Нақлдурким, Расул (саллаллоҳу алайҳи васаллам) вақтларинда бир ийд бўлди. Расул (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ийдгоҳдин келур эдилар. Ўшал болалар тутуб, “Бизга ҳайитликка ёнғоқ олиб беринг” дейдилар. Кўп танг бўлдилар. Охир айттиларким, “(Мени) сотинглар, бир киши ёнғоқ бериб олур” дейдилар. Ул гўдаклар этакларидин тутуб эрдилар. Умар (разиёллоҳу анҳу) кўруб, болаларга ҳайбат қилдилар. Расул (саллаллоҳу алайҳи васаллам) айттиларким: “Бу болалар ёнғоқ тиладилар. Мени ёнғоққа сотадурлар”. Ҳазрати Умар (разиёллоҳу таоло анҳу) олти ёнғоқ бериб олдилар. Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи васаллам) айдиларким: “Ҳазор раҳмат биродарим Юсуф (алайҳиссалом)га: Ағолари йигирма дирҳам баҳо қўюб, ўн саккиз дирҳамга сотибдурлар” деб, шукрлар қилдилар(Якуп пыгамбер ве Юсуп алейх-эс-салам (Түркменистан мусулмаңларының казысы Насруллах ибн Ибадуллахың дүзедишлари). – Ашгабат: “Берекет-Бина” неширяты. 1993. – Б. 33.). Демак, акалари Юсуф (алайҳиссалом)ни 20 дирҳамга баҳолашган бўлса-да, Молик Заър савдо-сотиқ қонун-қоидаларига кўра, бор барака қилиб, 17 (ёки 18) дирҳамга сотиб олгани маълум бўлади. Бу савдо-сотиққа иши тушган ҳар бир кишига маълум азалги қонуниятдир.

 

Қуръони каримда Юсуф (алайҳиссалом)нинг неча пулга сотилгани ҳақида айтилмаган бўлса-да, арзон баҳога сотилганига ишора қилинган: “Вашаравҳу бисамани бахси дараҳима маъдудати ва кану фиҳи мина-з-заҳидийн”. Таржимаси: “Уни (Миср бозорида) арзон – саноқли дирҳамга сотдилар ва (бу ишда гўё улар) тарки дунё қилувчилардан бўлдилар (“Юсуф” сураси, 20-оят). Мазкур сура тафсирида қайд қилинишича, Юсуф (алайҳиссалом)нинг ўн етти ёшида харид қилинган экан (Қуръони карим (Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур). – Т.: Тошкент ислом университети, 2004. – Б. 240.). Мана шу ўн етти ёш мумтоз адабиётда кўчма маънода “ўн етти дирҳам” тарзида бадиий талқинини топган бўлса, ажаб эмас.

 

“Юсуф” сурасининг 20-ояти, Уни арзон баҳода – бир неча тангага сотиб юбордилар, чунки, улар Юсуф (алайҳиссалом)га қизиқмаган эдилар, – тафсирида ибн Жарир аввал улуғ муфассирларнинг Юсуф (алайҳиссалом) баҳоланган “бир неча танга”нинг миқдори тўғрисидаги ихтилофларини келтириб, кейин ўз фикрини баён қилади: “Энг тўғри гап шуки, Аллоҳ таоло Қуръонда Юсуф (алайҳиссалом)нинг бир неча тангага сотиб юборилгани ҳақида хабар беради. Мазкур тангаларнинг сони ҳам, вазни ҳам на Қуръонда, на ҳадисда айтилган. Эҳтимолки, тангалар сони йигирматадир, йигирма иккитадир, қирқтадир, эҳтимолки озроқ ёки кўпроқдир. Қандай бўлса ҳам арзимас бир неча тангадан (таъкидлар бизники. – С.Х.) иборат. Унинг миқдорини билишдан фойда йўқ, билмасликдан зарар ҳам. Энг муҳими, ўша пайтда Юсуф (алайҳиссалом)нинг қадрсизлангани, акалари томонидан ҳам хўрлангани, мана шу хўрликка сабр қилгани эвазига Аллоҳ унинг мартабасини баланд кўтаргани, ҳақиқат рўёбга чиққани ҳақидаги хабарга ишонмоқликдир. Бундан ортиқчаси такаллуфдан ва гумондан иборат (Ибн Жарир ат-Табарий. Жомиъ ул-баён фий тафсир ул-Қуръон. // http://www.shera.ucoz.ru/publ/6-1-0-40).

 

“Равзат уш-шуҳадо” нашрида худди шу воқеа сюжети билан боғлиқ байт бор (Собир Сайқалий Ҳисорий. Равзат уш-шуҳаро. – Т.: Мовароуннаҳр, 2004. – Б. 69):

 

Ки, куйи ишқ эрур – куйи маломат,

Тушар бул куя ҳар ким қилса тоат.

 

Нашрга кўра, “мелодика”, “оҳанг”, “наво” маъносидаги “куй” тарзида берилган. Мазкур байтда гап ишқ кўйи – ишқ кўчаси ҳақида кетяпти. Шунингдек, байтда “ҳар ким бу ишқ кўчасига тоқат (тоат эмас) қила олсагина тушиши мумкин” дейилмоқда. Бу жиҳатдан “Равзат уш-шуҳадо”нинг қўлёзма нусхаларида келадиган байт мантиқан тўғри (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти Ҳамид Сулаймонов фонди, № 1815 қўлёзма, 19а саҳифа; № 1057/VII қўлёзма, 98б саҳифа):

 

Ки кўйи ишқ эрур – кўйи маломат,

Тушар бул кўя ҳар ким қилса тоқат.

 

Мазкур ўринда шунга диққат қилиш керакки, Юсуф қиссаси фақат ибодатни – тоатнигина эмас, балки сабрни, тоқатни васф этувчи қисса ҳамдир. Юсуф пайғамбар (алайҳиссалом) барча маломатларга сабр қилиб охирида юқори мартабага эришган эди. Бу ҳодиса соҳибқирон Амир Темур фаолиятида ҳам бевосита ўз аксини топган. “Муҳим қарор қабул қилишдан олдин Соҳибқирон Амир Темур Қуръонда фол очган ва оятларнинг умумий маъносидан келиб чиқиб иш юритган. “Темур тузуклари”да, жумладан, шундай дейилади: “Лекин бирон ишни қилмоқчи бўлсам, кенгашиб олиб, кейин Қуръондан фол очар эдим. Туғлуқ Темурхон олдига боришдан аввал Қуръондан варақ очсам, “Сураи Юсуф алайҳиссалом” чиқди ва Қуръони мажид ҳукмига амал қилдим” (Темур тузуклари (Форсчадан Алихон тўра Соғуний ва Ҳабибулло Кароматов таржимаси). – Тошкент: 1991, – Б. 17-18.)... Темур тузукларида “Юсуф” сурасининг башорати билан Соҳибқирон ўз саъй-ҳаракатига ишонч ҳосил қилгани таъкидланади. Аммо не сабабдан мазкур сура Амир Темурга мадад бергани шарҳланмайди. Бунга ҳожат ҳам йўқ эди, чунки аҳли ислом учун “Юсуф” сурасининг мазмуни равшан бўлиб, Амир Темур тақдири Юсуф (алайҳиссалом) тақдирига муқояса қилиниши орқали чуқур мазмун ва маъно касб этарди. Юсуф (алайҳиссалом) акаларидан таҳқирлар кўриб, қудуққа ташланади, қутқарилиб, арзимаган пулга қулликка Мисрга сотилади. Қамоққа тушиб, азиятлар чекади. Барига сабр-тоқат қилади ва охир-оқибат улуғ мартабага эришади, акаларини ҳам кечиради. Эсланг, соҳибқирон Темур тақдири орасидаги ўхшашликлар Қуръондан фол очганида келажакда улуғ мартаба башорат қилинади. Шу сабабдан ҳам Соҳибқирон Туғлуқ Темурхон олдига тап тортмай йўл олади ва, натижада, Мовароуннаҳрда ҳукмрон бўлади. Шу билан Амир Темурнинг зафар юлдузи юқорига кўтарила бошлайди” (Кароматов Ҳ. Қуръон ва ўзбек адабиёти. – Т.: Фан, 1993. – Б. 17-18).

 

Яна бир эътиборга олиниши лозим бўлган жиҳат: Қуръони карим таржимасида “Юсуф (алайҳиссалом)ни (Миср бозорида) арзон баҳога сотилди” дейилган. “Қисас ул-анбиё”ларда тасвирланишича, акалари Юсуфни ҳали ўз юртларида – Канъондаёқ арзон баҳода сотиб юборишади. Миср бозорида эса Миср азизи (Зулайхонинг эри) Юсуф (алайҳиссалом)ни катта пулга сотиб олади. Мазкур ўринда илоҳий калом – Қуръони каримнинг таржимаси изоҳидаги мазкур ўринлар баҳсли ҳолатни юзага келтирганини кўриш мумкин.

 

Саидмурод ХОЛБЕКОВ,

Чирчиқ давлат педагогика университети тадқиқотчиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 49
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10436
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//