Адабиёт
Бу йил инсоният тафаккури, дунё илмфанига улкан ҳисса қўшган аллома Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний таваллудининг 1050 йиллиги нишонланади.
Берунийни ўрта мактабданоқ китоб-дафтарлар муқовасидаги сурати орқали таниган бўлсам-да, унинг ижодига илк бор ошно тутинмоқ ўтган асрнинг 90-йилларида насиб этди. Ўша кезлар қўлимга жаҳоншумул адиб Хорхе Луис Борхеснинг “Гулистон” журналида босилган “Марвлик ҳаким ёхуд ниқобли бўёқчи” ҳикояси тушди. Уни ўқигач, адиб келтирган маълумотлардан мутаассир бўлиб, Муқанна ҳақидаги тарихий манбаларни излашга киришдим. У маҳаллар “Шарқ юлдузи” журналининг наср бўлимида кичик муҳаррир бўлиб ишлардим. Таҳририятга келиб-кетиб юрадиган тарихчи олимларимиздан бири буюк аллома Беруний “Осор ул-боқия” рисоласида у ҳақда ёзганини айтгач, ўша асарни излаб Алишер Навоий кутубхонасига бордим.
Берунийнинг битиклари мени ниҳоятда лол қолдирди, тасаввурларимни остин-устун қилиб юборди. Асарнинг ўша қисмини кўчириб олдим, бироқ қолган бўлимлари ҳам беихтиёр ўзига тортиб кетаверди. Собийлар, ҳарронийлар, қуршлар, маздакийлар, монийлар, қарматийлар, зардуштийлар ва бошқалар ҳақидаги маълумотларга илк бор дуч келган эдим.
Табиийки, у даврда улғайган бир йигитчанинг ақли Абу Райҳон Беруний закосининг қамровини тасаввур ҳам этолмасди. Шундай бўлса-да, қалбимда у муҳтарам зотга нисбатан ихлос уйғонди, алломанинг мероси бир умрлик ҳамроҳимга айланди, вақт-соати билан бошқа асарларини ҳам ўқиб чиқишга, ҳаётини ўрганишга имкон туғилди.
Алқисса, исми Муҳаммад, отасининг исми Аҳмад бўлмиш у зот Хоразмнинг Қиёт шаҳри яқинидаги қишлоқлардан бирида туғилган. Замонавий манбаларда у Кот ёки Кат деб аталади.
Илмдаги мақом
Берунийнинг ўсмирлик, ёшлик ва етуклик даври ҳақида бир қанча қимматли манбалар бор, бироқ унинг қандай инсон бўлганини энг аввало ўз асарларидан билиб оламиз. У китобларида илмий рисолаларга хос бўлмаган ажойиб услуб қўллаган: рўй берган воқеалар тафсилоти, фикр-мулоҳазаларини ҳам битиб кетган.
Берунийнинг таъкидлашича, отаси у эсини танимасидан бурун вафот этган, онаси эса ўтинчилик билан кун кечирган. Ёқут Ҳамавийнинг “Иршод ал-ариб ила маърифат ал-адиб” асарида олимнинг ўзи ёзган шундай мазмундаги шеър келтирилади: “Оллоҳга қасамки, мен ўз сулоламни, ўз бобомни билмайман. Қандай қилиб билардим, агар отамни ҳам кўрмаган бўлсам? Мен – Абу Лаҳаб, тарбия кўрмаган шайх ва волидам – “хамма латол хатоб...” (Крачковский И. Избранные произведения. Том 4. М.Л., Издательство АН СССР, 1957. Стр. 245). Қуръони каримнинг “Масад” сурасида келган “хамма латол хатоб” ибораси “ўтин орқалаган” деган маънони билдиради.
У ўсмир ёшида ўз даврининг буюк олими – “Батлимуси соний” (Иккинчи Птоломей) деб ном олган Мансур ибн Ироқ назарига тушади. Тақдирнинг унга илк совғаси эди бу. Мансур ибн Ироқ офриғий ҳукмдорлар сулоласидан бўлиб, иқтидорли ўсмирнинг закоси уни шунчалар мафтун этадики, кейинги йилларда ёзган бир қанча асарини Абу Райҳонга бағишлайди. Ёқут Ҳамавийнинг нақл қилишича, Беруний ҳам “Сўнгги Маъмун назар солди ҳолимга, / Бошим кўкка етказди ул султоним” дея устозига чексиз ҳурмат изҳор қилган.
“Мен болалик чоғимданоқ, – деб ёзган эди Беруний, – ёшим ва шароитимга қараб, имкон қадар кўпроқ билим олишга интилдим. Бунинг далили сифатида қуйидагини келтириш кифоя: биз турадиган қасабага бир юнон кўчиб келган эди. Мен ҳар хил донлар, уруғлар, мевалар ва ҳоказоларни олиб бориб, унга кўрсатиб ва бу нарсалар унинг тилида қандай аталишини сўраб, номини ёзиб қўяр эдим” (Абу Райҳон Беруний. Танланган асарлар. 4-том. “Фармакогнозия”. Тошкент, “Фан”, 1973. 139-бет). Шу тариқа, у юнонча ва сурёнийчани ўрганади. Сурёнийни билиш – иброний ва аъромийни билиш демакдир. Демак, ул юнон Абу Райҳон учун тақдирнинг иккинчи совғаси бўлиб чиқади.
Ўсмир ёшида у Батлимуснинг “Ал-Мажистий”, Арастунинг “Мантиқ”, “Мобаъд ат-табиат” ва “Ал-хаботот”, Ҳабаш ал-Ҳосибнинг жадвалларини ёд олади (Ҳабаш ал-Ҳосибнинг асл исми Абу Жаъфар Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Марвозий бўлиб, математикада параллакслар фаразининг янги усулини кашф этган, бу усул кейинчалик Кеплер тенгламаси деб номланган). Бодғис тепалигига чиқиб Хоразмнинг Ер юзида жойлашган ўрнини аниқлайди, глобус ясаб, ўша кезлар маълум бўлган шаҳар ва қишлоқларни белгилайди.
“Тураржойлар орасидаги масофани текшириш учун жойларнинг охирги чегараларини аниқлаш китоби”да бундай ёзади: “Мен Батлимуснинг “Жуғрофия”сида баён қилинган усулни ал-Жайҳоний ва бошқа олимларнинг “Йўллар ҳақида китоб”идаги усуллар билан бирлаштиришга кўп уриндим, бу ҳақдаги тарқоқ фикрларни йиғдим, ноаниқ нуқталарни изоҳлаб, бу соҳани тўлдирдим. Жой ва шаҳарлар номини, улар орасидаги масофаларни ўша ерларни кезган ва кўрган кишилар оғзидан эшитганларига асосланган ҳолда аниқладим. Йўловчилар, сайёҳлар, карвон эгалари ва йўлбошловчилар билан сўзлашиб, билиб олганларимни таққослаб, уларнинг қай бири ишончли эканини текширардим. Бу мақсадга етиш йўлида ўзимни сира аямадим. Натижаларни ёдда сақлаш билан бирга, ёзиб ҳам бордим. Ўйладимки, мамлакатда тинчлик ҳукм суриб, хавф-хатар бўлмас дея. Лекин қўққисдан фалокат содир бўлиб, барча хулосаларим ва ёзганларимни нобуд қилди...” (“Танланган асарлар”. 3-том. “Геодезия”. 1966. 91-бет).
Аллома “фалокат” деб атаган ҳодиса – Амир Абулқосим Симжурийнинг хоразмшоҳ Али ибн Маъмунни мағлуб этиб, мамлакатни қўлга олиши бўлиб, ҳар ким ўз жонини қутқаришга тушади. Мансур ибн Ироқ Журжонга, Абу Райҳон эса Райга йўл олади. Бу фалокат ҳам у учун хайрли бўлиб чиқади. Рай ўша кезлар бувайҳийлар сулоласи измида эди. Ёш йигит у ерда бирмунча вақт қийналиб яшайди. “Осор ул-боқия”да райлик бир киши астрономияга доир масалада у билан баҳслашгани, илми саёз бўлса ҳам, ўзини олимдан юқори тутгани, ҳатто ҳақорат қилишгача борганини ёзади: “Ваҳоланки, орамизда бойлик ва мақтовни ёмонликка, фахрни айбга айлантирувчи камбағаллик бор эди, холос. Чунки мен у вақтда ҳамма томондан қийинчиликларга учраб, паришонҳол эдим” (“Танланган асарлар”. 1-жилд. “Осор ул-боқия”. 400-бет).
Райда у етук олим Абу Маҳмуд Ҳамид ал-Хўжандий билан танишади, у барпо қилган тенгсиз “Фахр ул-сулс” устурлобини кўради. Кейинчалик Мирзо Улуғбек Самарқандда қурдирган расадхона ўша устурлобнинг бир ярим баравар катталаштирилган нусхаси эди.
Машаққат кезлари яна саховатли Мансур ибн Ироқ ёрдам қўлини чўзади: уни Журжонга, Шамсулмаолий ҳузурига чорлайди. Журжон зиёрийлар давлатининг пойтахти эди. Шамсулмаолий лақабли Қобус ибн Вушмгир қаттиқфеъл, шафқатсиз ҳукмдор бўлган. У “...ҳеч бир кишининг гуноҳини афв қилмасди. Унинг бу феълидан қўшин зада бўлиб, амакисининг ўғли Фалакулмаолийга қўшилди. У Шамсулмаолийни ҳибс қилди ва Хаёник қалъасига жўнатди. Қоровуллардан бири Абдуллоҳ Жаммазабон деган киши эди. Шамсулмаолий унга деди: “Эй Абдуллоҳ, шунча улуғлигим билан бу ҳолга тушмоғимнинг сабабчиси ким бўлди?” Абдуллоҳ беш кишининг отини айтиб, “Шулар сабаб бўлди ва мен ҳам уларнинг орасида эдим. Лекин сен бу ишни ўзингдан кўргин”, деди. Шамсулмаолий сўради: “Нима учун?” Абдуллоҳ жавоб берди: “Халқнинг қонини кўп тўкканинг учун бу ҳол сенинг бошингга тушди”. Шунда Шамсулмаолий деди: “Сен ёлғон айтяпсан. Бу иш менинг бошимга киши ўлдирганим учун тушмади, балки киши ўлдирмаганим учун тушди. Негаки, мен сени ва ўша беш кишини ўлдирсам эди, бу ҳолга гирифтор бўлмас эдим” (Кайковус. “Қобуснома”. Тошкент, “Ўқитувчи”, 1986). Бироқ Оламлар Парвардигори бу қаҳри қаттиқ кишининг кўнглини олимларга ҳомийлик учун мойил қилиб қўйди. Халифа ат-Тоий лиллаҳ унга айни шу фазилати учун “Шамсулмаолий”, яъни “Маънолар қуёши” унвонини берган эди.
Тақдир яна кулиб боқади: билим ва тадқиқот учун тўкис шароитга эга бўлган Беруний, шоҳ буйруғига кўра, машҳур “Ал-осор ул-боқия ан ил-қурун ил-холия” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”) асарини ёзиб, уни Шамсулмаолийга бағишлайди. Аллома “келгуси авлодга мендан мерос бўладиган фахр либосини кийишга, шу асарни ёзишга мени журъатлантирди” дея ҳукмдорга эҳтиромини изҳор этади.
“Осор ул-боқия” – қадимги Хоразм халқлари, яҳудийлар, насронийлар, маъжусийлар ва мусулмонларнинг урф-одатлари, анъаналари, байрамлари, тақвимлари, динлари, пайғамбарлари, муқаддас китоблари, ҳукмдорлари ҳақидаги қимматли маълумотлар жамланган кенг қамровли қомус эди. 27 яшар йигитнинг закосидан ҳайратда қолган Шамсулмаолий унга вазирлик рутбасини таклиф қилади. Беруний ўта юксак одоб билан шоҳ таклифини рад этиб, Гурганжга бормоққа рухсат сўрайди.
Бу вақтга келиб мағлуб хоразмшоҳ Али ибн Маъмуннинг иниси Абул Аббос Маъмун яна Хоразмни қўлга киритган эди. Ўз юртига қайтган Берунийни шоҳ иззатикром билан қаршилаб, “Дор ул-ҳикма”га раис этиб тайинлайди, шу билан бирга мамлакат бош мироблигини топширади.
Бу – тақдирнинг Берунийга навбатдаги ҳадяси эди. Абу Райҳон Абул Аббос Маъмунни “ўта юксак хулқли киши, бирон марта оғзидан ножўя сўз чиқмаган эди” деб таърифлайди. Ҳатто ҳукмдор бир масалани сўрагани уйига келганини ёзади.
Беруний камҳосиллик сабабини мироблар ўз ишини масъулият билан бажармаганида деб билади. Эски суғориш йўллари, ариқларни излаб кезади, Жайҳун сувининг миқдорини аввалдан билиш учун шоҳдан ёрдамчилар сўрайди (улар гулхан ёқиш орқали дарёдаги сув сатҳини билдириб туришлари керак эди). Шу тариқа у тоғларга ёққан ёғин ва қор-музнинг эриш даражасига қараб, Хоразмга етиб келадиган сув миқдорини аниқлашга уринади.
Берунийнинг Абу Али ибн Сино билан ёзишмалари сақланиб қолган бўлиб, икки ёш олимнинг фалсафа, фалакнинг жойлашуви ва ҳаракати, моддалар хусусиятлари ҳақидаги баҳслари ўта қизиқарли ва ҳозиргача ўз қийматини йўқотмаган. Беруний бутун олам тортишиш кучини айнан навқиронлик чоғида кашф қилган, бугун “3D” деб аталадиган уч ўлчамли фазо тушунчалари ҳам унинг ҳисобларидан ўрин олган эди.
Беруний Гурганжда ўн беш йилдан зиёдроқ қолиб кетади. Кейин эса олим ҳаётининг Ғазни даври бошланади. Тарихнинг шу даври бир оз чалкашроқ. Баъзилар “Султон Маҳмуд Хоразмга аввалдан кўз тиккан эди, шу сабабли босиб олди”, дейдилар. Аслида воқеа бошқачароқ бўлган.
Гап шундаки, Маҳмуд Ғазнавий Хуросон ва Мовароуннаҳрда “султон” унвонига сазовор бўлган илк ҳукмдор эди. Ўша давр таомилига кўра, мамлакатларни забт этиш учун халифанинг рухсати лозим эди. Халифа ал-Қодир биллаҳ султон Маҳмудга Мовароуннаҳрни беришга кўнмагани ҳақиқатга яқинроқ. Буни султон ва халифа ёзишмалари тасдиқлайди.
Мовароуннаҳрни ўз ҳукми остига олиш ўйи султон Маҳмудда кўпдан буён бор эди. Бу ишни амалга ошириш фурсати келгач, султон Маҳмуд халифа ал-Қодир биллаҳга шундай нома юборади: “Мовароуннаҳрни менга бергин, йўқса қилич билан олурман ва раият менга муте бўлади. Агар сен Мовароуннаҳр тасарруфининг ёрлиғини юборсанг, мен у ёрлиқни халойиққа кўрсатурман, токи раият сенинг фармонинг билан менга муте бўлсин”. Халифа элчи орқали бундай жавоб йўллайди: “Оламда менга Мовароуннаҳр раиятидан итоатлироқ қавм йўқдир, ҳаргиз бермасман. Аммо сен мендан фармон етмай туриб уларга қасд қилсанг, бутун оламни сенга душман қилгайман” (“Қобуснома”, 130-бет).
Султон Маҳмуд Хоразм ҳукмдори оиласи билан қариндошлик ришталари ила боғланган бўлиб, аввалги хоразмшоҳ Али ибн Маъмун унинг синглисига уйланган эди. Сўнгроқ тахтга келган Абул Аббос Маъмун шаҳзода отасиз қолмасин, деб оғасининг хотинига уйланиш учун султон Маҳмуддан рухсат сўрайди. Рухсат бўлгач, уни никоҳига олади, шу тариқа, султон Маҳмуднинг жияни унинг ўғлига айланади. Султон Маҳмуд ёшининг улуғлиги, ўртадаги иттифоқ ва қудачилик урфига кўра, Хоразмшоҳга мактуб юбориб, барча йирик шаҳарларда номига хутба ўқитишни талаб қилади. Хоразмшоҳ Маъмун сарой киборлари ва обрўли ҳарбий бошлиқлар кенгашини чақириб, уларни нома мазмунидан хабардор этади. Аъёнлар Маҳмуд Ғазнавий истагига қатъиян қарши чиқади. Абул Аббос Маъмун кўнгилчан киши эди. У султон Маҳмуд элчисига кенгаш фикрини тушунтириб, муҳлат сўрайди. Шу билан бирга, айрим шаҳарларда Ғазнавий номига хутба ўқишга буйруқ беради. Хоразмшоҳнинг бу қарори сарой киборларига хуш келмайди. Улар “Қўшин пухта ҳозирлик кўрган. Султон Маҳмуд черигига бемалол қарши тура оламиз. Хутба ўқитиш ва пул зарб этиш эса мағлубиятдир. Мамлакат ҳур экан, биз сенга садоқат билан хизмат қиламиз. Мабодо сен туфайли эркимизни қўлдан берсак, қиличларимизни яланғочлаймиз ва сени ўлдириб, салтанатни бошқа кишига топширамиз” дея ғала-ғовур кўтаришади. Бу сўзлар султон Маҳмуд қулоғига ҳам етади. Лекин орадан бир оз вақт ўтгач, хоразмликлар қўрқув ва хавотирга тушиб қолишади. Улардан бири – Хоразм қўшини лашкарбошиси Инолтегин эди. Хиёнаткор аъёнлар фитна йўлини тутиб, хоразмшоҳ Маъмунни (айрим маълумотларга кўра, Султон Маҳмуднинг синглисини ҳам) заҳарлаб ўлдиришади. Бошқаларга эса, “Эрталабки салом учун саройга кирганимизда, шоҳ вафот этганидан хабар топдик” деб айтишади. Маъмун ўрнига унинг ўғли, султон Маҳмуднинг жияни Абу Алини тахтга ўтқазишади (Абу Наср Утбийнинг “Тарихи Яминий” китобидан).
Ҳукмдор оиласига суиқасд қилиниши кечириб бўлмас ҳол эди. Султон Маҳмуд Ғазнидан қўшин билан Балхга, у ердан Хоразмга йўл олади. Хоразмни забт этгач, барча айбдорларни тутиб жазолайди. Мамлакатга Амир Олтинтошни волий тайинлаб, йиллик ўлпон тайин этади. Бир қанча кишилар, шунингдек, олимлар устози Абдуссамад Аввал ал-Ҳакимни қарматий ва кофирликда айблаб, ўлимга буюради. Шубҳа сиртмоғи бўйнига тушганлар орасида Абу Райҳон ҳам бор эди. Айтишларича, султон уни ҳам қатлга буюрмоқчи бўлади, лекин бир аъён “Абу Райҳон деганлари юлдузшуносликда ўз замонининг пешвоси, подшоҳларнинг ундайларга эҳтиёжи зўр бўлади” дея уни қутқариб қолади. Ҳибсга олинган лашкарбошилар ва уларнинг бола-чақаси, уста ҳунармандлар билан бирга “Дор ул-ҳикма” олимлари ҳам Ғазнига йўл олади.
Тақдир Маҳмуд Ғазнавийдек қаҳри қаттиқ фотиҳни ҳам Абу Райҳонга мойил қилиб қўяди. Айнан шу ҳукмдор изни билан олим йигитлик чоғида ўзи турли асарларида тадқиқ этган Ҳинд диёрига сафар қилади, маҳаллий халқнинг урф-одатлари, таълимотлари ва билимларини ўрганиб, “Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш китоби”ни битади. “Ҳиндистон” деб ном олган ушбу рисола бугунги кунда ҳам ўта қимматли, тенгсиз асар деб эътироф этилади.
У даврда Ҳинд ўлкаси “дор ул-куфр” ёки “дор ул-ҳарб” деб аталар, ҳиндлар ботил эътиқодда деган тушунча собит эди. Беруний ҳиндлар эътиқод қиладиган динлар моҳиятини очиб беради, уларнинг илм-фани юнон илм-фанидан баҳра олгани, бироқ замонлар ўтиши билан ортда қолиб кетганини асослайди.
Олимнинг “Китоб ал жамоҳир фи маърифат ал-жавоҳир” (“Қимматбаҳо тошларни аниқлаш китоби”) асари ҳам муфассаллиги билан кишини ҳайратга солади. Муаллиф уч юздан зиёд қимматбаҳо тошнинг қаттиқлиги, солиштирма оғирлиги, ранги, қирралари тузилиши, таркиби, сув ва оловга чидамлилиги каби асосий хусусиятларини тушунтириб берган. Китоб Қобус ибн Вушмгир саройида ёзиб тугаллангани айтилади, бироқ унда келтирилган ҳаётий воқеалар асар йиллар давомида тўлдирилиб борилганини кўрсатади. Ушбу парчага диққат қаратайлик: “Мисол учун, атиргулни оладиган бўлсак, аввалбошда тоза оқ атиргулни, сўнг бир оз қизил тус аралашганини, қизиллик орта боргани сайин ол ёноқлар рангига кирганини, янада қизаргани сайин шақойиқ ва ҳатто қора тусга яқинлашганини кўрасиз. Энди уларнинг номланишини санаб ўтсак: руммоний – анор уруғи ранги, баҳрамоний – заъфарон гулли, уржувоний – мовий аралаш қизил, усфурий – қирмизи, банафсожий – бинафша, жимрий – ланғиллаган кўмир чўғи ранги, шамий – ёнаётган шам алангаси ранги, лаҳмий – янги сўйилган қўй ёки оҳу эти ранги, вардий – пушти, гулнорий – анор гули ранги. Шунингдек, уйқаш туслар ҳам бор. Сариқнинг тусларига келсак, қобидий – жигар рангида, тамий – қуритилган хурмо, радбий – шохдаги хурмо, мишмиш – ўрик, утружий – пўртахол, тибний – сомон, асалий – бол ранги. Шаффоф бўлмаган сариқ тошлар учун ақрабий – чаён ранги, афсурий – эшак тишининг ранги, фалфалий – қалампир ранги. Яшил ва мовий тошлар энг оз тусланишга эга. Зулмоний – тўқ яшил, райҳоний – райҳон барги туси, силкий – лавлаги барги ранги, алас – сули унганидаги ниҳоли ранги, зайтуний – зайтун, ринед – дафна япроғи ранги.
Лекин энг қимматлиси – турли ранглар уйғунлашган лаълдир. Мисол учун, буқаламун тусли лаълда сариқ, яшил ва само ранги тажассум этади. Уни нурга тутиб айлантирилса, нур ёки соя тушишига қараб турли рангларда товланади, мана шу хусусияти кишини маҳлиё қилади. Бир киши менга қизил, яшил ва сариқ туслар бир-бирига аралашиб, ўзига хос яхлит ранг пайдо қилган улкан ёқут ҳақида сўзлаб берган эди...” (Абу Райхан Бируни. Избранные произведения. “Минералогия”. Ташкент, “Фан”, 1963. Стр. 297).
Ғазнавий ва Беруний муносабатлари ҳақида сўз борар экан, аллома кези келганда ҳукмдорга танбеҳ ҳам берганини қайд этиш жоиз. Мана бунинг тасдиғи: “(Султон Маҳмуд) Меҳржон байрами кунлари Хоразмдан қайтиб келгандан сўнг мунажжимларнинг башорати тўғрисида сўз кетди. Унинг ўн йилдан ортиқроқ умри қолган деб эмишлар. (Султон Маҳмуд) Шу гапдан сўнг бундай деди: “Менинг қўрғонларим бойликлар билан шунчалар лиқ тўлиб-тошганки, уларни кунма-кун тақсимлаб чиқиб, тўлиқ сарф этмоққа эҳтиётли киши ҳам, исрофгар ҳам ожиздир”. Бир сафар (шу сабабли Маҳмуд менга доим танбеҳ берар, койир эди) журъат қилиб унга бу сўзларни айтдим: “Худога шукрлар қилинг ва ундан тилангки, у бойликларингиз манбаини, бахтли тақдир ва ютуқларингизни асрасин. Сиз фақат унинг марҳамати билан хазиналарингизни топгансиз. Агар омад кетиб, бу тақдир ўчгудек бўлса, бойликлар бетартиб сарф бўлиб, бир кунга ҳам етмайди. Мақтанчоқликдан парҳез қилинг” (“Танланган асарлар”. 5-жилд. “Минералогия”. Тошкент, “Фан”, 2017. 28-бет). Шоҳ билан олим орасидаги муносабат, ҳарҳолда, айрим олимлар ва адиблар талқинидагидек бўлмагани кўриниб турибди. Берунийнинг бу журъати сабаби эса, унинг ҳаётий қоидаларига ҳамоҳанг эди: “Подшоҳлар олдида рост сўзни айтар экансиз, уларнинг савлатидан ҳайиқманг, улар жисмингизга ҳукмронлик қила оладилар, аммо қалбингизга дахл эта олмаслар” (“Танланган асарлар”. 2-жилд. “Ҳиндистон”. Тошкент, “Фан”, 1965. 26-бет).
Ҳаётий маслак
Буюк алломанинг кишилик сиймосини илмдаги сиймосидан ажратиб тасаввур қилиб бўлмайди. Шаҳразурий деган олим бундай ёзган: “Абу Райҳон ўзига энг керак нарсалар билан кифояланди. Молу сарватни назарига илмас, кундалик ташвишларга вақт сарфламай, тамомила билим денгизига шўнғиган, қачон қараманг, букчайиб ёзиб ўтирганини кўрардингиз. У олий билимлар дарвозаларини очиб, муаммоларнинг ечимини топиб, бошқалар тушуниши учун осон қилиб қўйди. Унинг қўли қаламдан сира узилмади, нигоҳи мудом чақнаб, қалби тафаккур ила банд бўлди. Фақат икки кун – Наврўз ва Меҳржон байрамида тирикчилик ишларига эътибор қилиб, хизматкори билан либос ва егулик ғамлашга чиқарди. Бошқа вақт эса, бундай икир-чикирларни хаёлига ҳам келтирмасди”.
Олимнинг ўзи битган хотираларга қулоқ тутамиз: “Тўрт юз тўққизинчи йил, жумодул охир ойининг сешанбасида (мил. 1018 йил 21 октябрь) мен Кобул яқинидаги Жайфур қишлоғида эдим. Фикру зикримни бу жойларнинг жуғрофий кенглигини ўлчаш истаги эгаллаб олган эди, бироқ у кезлар шунчалар қийинчиликда эдимки, худо раҳмат қилгур Нуҳ ҳам, Лут ҳам буни кўрмаган бўлса керак. Юксакликни ўлчаш учун бирон асбобим, уни ясаш учун воситам ҳам йўқ эди. Шунда мен ҳисоб тахтасининг орқа томонига ҳар даражаси олти бўлимга бўлинган ва ҳар бири ўн дақиқани билдирувчи ўлчов ёйи чизиб, уни осиб, кенгликни осма тошлар ёрдамида ўлчадим...” (Избранные произведения. Том 3. “Геодезия”. Ташкент, “Фан”, 1966. Стр. 144).
Умрини олам сирларини очмоққа сарфлаган, илмнинг ибодатга тенг эканини қоида билган ва бу қоидадан чекинмай яшаб ўтган буюк зотнинг нафақат кашфиётлари, балки ҳаёти ҳам дунё аҳлига ўрнак бўла олади. Фақиҳ Абул Ҳасан Валволижий нақл қилган воқеа ҳам ғоят ибратлидир. Жон бераётган Беруний Валволижийдан “Сен менга “Ал-жаддат ал-фосида” ҳақида нима деган эдинг?” деб сўрайди. “Шундай ҳолатда-я!” деб таажжуб билдирган суҳбатдошига “Дунёдан ўша масалани билмай кетганимдан кўра, билиб кетганим яхшироқ эмасми?” деб жавоб қилади. Мерос ҳисоблаш усули ҳақидаги у масала тушунтириб берилгач, хаста олим хотиржам тортади ва ўзи ҳам ваъда қилган нарсасини Абул Ҳасанга ўргатади. Кўп ўтмай йўлда кетаётган Абул Ҳасан йиғи товушини эшитади. Абу Райҳон жонини Ҳаққа топширган эди...
Салафлар ва ҳалафлар
Беруний “Дор ул-ҳикма”да Абу Али ибн Сино, Мансур ибн Ироқ, Абу Саҳл Масиҳий, Абу Фатҳ ал-Хурмузий, Абу Мансур ас-Саолибий, Абу Али ибн Муҳаммад ибн Мискавайҳ, Абулхайр ибн Ҳаммор, Абу Али ал-Ҳасан ал-Ҳубубий каби замонанинг етук кишилари билан ҳамнафас бўлган. Ғазнида бундай кишилар давраси янада кенгайган: султон Маҳмуд саройида Унсурий, Фирдавсий, Манучеҳрий, Фаррух Сейистоний, Абул Ҳасан Мусофир каби ўнлаб шоир ва алломалар жамланган эди. Ҳар бирининг ҳаёти бир китоб бўлишга арзийди.
Шу ўринда Берунийнинг яна бир улуғ замондоши Ибн Синонинг ажаб тақдирига эътибор қаратсак. “Дор ул-ҳикма” олимлари Ғазнига йўл олар экан, Абу Али ва Абу Саҳл Масиҳий у ёққа бормай, чўл-биёбонлар орқали Журжонга қочиб кетишади. Журжон ва Гурганж ораси минг чақиримдан зиёд бўлиб, йўл икки чўл орқали ўтади. Уловсиз, озуқасиз сафарга чиқиш ақлга сиғмайди. Устига-устак, икки олим катта қишлоқлардан четланиб-яшириниб йўл босишга мажбур эди. Нақл қилишларича, Маҳмуд Ғазнавий Ибн Синонинг қирқта суратини чиздириб, работларнинг доруғаларига тарқатган ва уни қўлга олиб, Ғазнига келтиришни буюрган экан.
Хўш, Ибн Синони биёбон оша қочмоққа ундаган сабаб нима эди?
Гап шундаки, султон Маҳмуд “Ер юзида биронта исмоилийни қолдирмайман” дея уларга қарши уруш очади. Исмоилийлар, бошқа манбаларга кўра қарматийлар ёхуд тоҳирийлар ким эди? Бу саволга жавобан Абу Райҳоннинг таърифини келтира қоламиз: “Биз баён этган ҳодисадан кейин қарматийлар иши кучайди ва Абу Тоҳир Сулаймон ибн Абу Саид ал-Ҳасан ибн Баҳром ал-Жаннобий қўзғолиб, уч юз ўн саккизинчи ҳижрат йили Маккага борди, тавоф қилаётган одамларни ўлдирди ва жасадларни Замзам қудуғига ташлади. У хонаи Каъбанинг пардасини тортиб олди, тилласини ўғирлаб, тарновини кўчирди, қоратошни синдирди. Кейин уни Куфа масжидига осиб қўйди ва ўз шаҳрига қайтди...” (“Осор ул-боқия”, 248-бет). Баъзи кишиларга кўра, Ибн Синонинг отаси ва акаси исмоилий мазҳабида эди. Султон Маҳмуднинг онтидан хабардор бўлган Абу Али мени ҳам ўлдиради деб ўйлаб, Гурганжни тарк этгани ҳақиқатга яқин. Бироқ Абу Саҳл Масиҳийнинг қочиб кетиш сабаби номаълум, агар у насронийлиги туфайли шундай йўл тутди дейилса, “Дор ул-ҳикма”даги яна бир ҳаким – Абул Хайр ибн Ҳаммор ҳам ғайридин бўлиб, султон унга зуғум қилмагани маълум. Ҳаммор умри охирида Беруний туфайли исломга киради, бунинг учун султон Маҳмуд Беруний қошида таъзим қилгани нақл қилинади.
Гарчи Ибн Сино ўзининг бу тоифага мансуб эмаслигини билдириб рубоий (Замин аҳли аро танҳо мусулмон мен эдим, эй воҳ, / Агар кофир эсам мен ҳам, бу дунёда мусулмон йўқ) битган эса-да, хавф ва машаққатларга тўла чўллардан Журжонга яёв жўнашини Ғазнавийнинг онти билан изоҳласа бўлади. Йўлда Масиҳий ҳалок бўлади, Ибн Сино эса манзилга етиб боради.
Берунийнинг исмоилия мазҳабига муносабати “Оқ кийимлилар ва қарматийлар ҳақида” рисоласида батафсил баён этилган бўлса керак, афсуски, у бизгача етиб келмаган. Бироқ “Пайғамбарлик даъво қилган кишилар ва уларнинг алданган умматлари – уларга оламлар Эгасининг лаънати бўлсин – тарихлари устида сўз” асаридаги қарматийлар боби унинг эътиқодини аниқ намоён қилади.
Сайф уд-давлат, ямин уд-давлат, фахр ул-миллат каби унвонларга ноил кўрилган Маҳмуд Ғазнавий 1030 йилда вафот этгач, тахтга унинг ўғли – Берунийнинг шогирди Масъуд Ғазнавий ўтиради. У ўз устозига кўп марҳаматлар кўрсатади.
* * *
...Унинг ихтиёрида бор-йўғи паргор, чизғич, устурлоб ва армила бор эди, холос. Аксар оламшумул кашфиётларини у тафаккур, мушоҳада ва тажрибалар орқали амалга оширди.
Беруний солиштирма оғирликларни ўлчади, Ернинг тортиш кучини кашф этди, курраи арз Қуёш атрофида айланишини тахмин қилди. Ибн Сино ва Масиҳий таъсирида “Сайдана” асарини ёзди. Математика, ҳандаса, физика, тарих фанида ўзигача бўлган кўплаб олимларнинг тадқиқотларини таққослаб, хатоларини тузатди. Сув билан қуруқлик муттасил ўрин алмашиб туриши, чўлларда денгиз чиғаноқлари учрашининг сабабларини изоҳлади. Мингдан зиёд юлдузнинг ҳаракат йўлини белгилади, ўзга оламлар мавжудлиги ҳақда ёзди. Жоннинг нима эканига тўхталиб, уни “қувваи табиия”, бугуннинг таъбири билан айтганда, ҳаёт кечирмоқ учун зарур билимларни ўзида жамлаган дастурий қувват деб атади. Ўсимликларни тирик мавжудот деб билди. “Қимматбаҳо тошларни аниқлаш китоби”даги баъзи бўлимларни бугун бемалол “Гигиена ва эстетика” деган ном билан ўқитса бўлади.
Беруний кашф қилган “сув ўғирлаш асбоби” диққатга сазовор, ҳозир у “сифон” деб аталади. Моддаларнинг солиштирма оғирлигини ўлчовчи асбоб, қимматбаҳо тошларнинг вазнини аниқлаш учун нозик тарози, туташ идишлар қоидасига асосланган ускуна, юқори аниқликдаги устурлоб, армила... – буларнинг барчасини ўзи ясади.
Берунийнинг мана бу битиги жуда қизиқ: “Раъода, яъни “қалтировчи” деб танилган бир балиқ... тўрда тирик турган вақтида уни овлаган кишининг қўли увишади, ҳатто шундай дейдиларки, биров қамишни олиб, унинг бир учини ўша балиқ устига қўйиб, бошқа учини ўзи ушлаб турса, қўли увишиб, қамиш унинг қўлидан тушиб кетади” (“Осорул-боқия”, 405-бет). Гап Баҳрул Аҳмар, яъни Қизил денгизда учрайдиган электр скат ҳақида бормоқда. Замондошларимиз бу ўринда сўз электр ҳодисаси ҳақида бораётганини дарҳол тушунади. Бироқ Берунийнинг бунга диққат қаратиши олимнинг кучли қизиқишидан дарак беради: агар ўша балиқ яшайдиган диёрларга бориш насиб қилганида, электр ҳосил бўлиши қонуниятларини ўша даврдаёқ кашф этган бўлармиди, деб ўйлаб қоласиз.
Илм йўлидан бир лаҳза ҳам чалғимаган алломадан инсониятга улкан мерос қолди: астрономия (70 та), математика (20 та), адабиёт (18 та), тарих ва этнография (15 та), фалсафа ва картография (4 тадан), метеорология (3 та), физика ва фармакология (1 тадан) каби фанлар бўйича илмий мероси ҳозир ҳам дунё миқёсида тадқиқ этилмоқда. “Денгизлар назарияси” асари жуғрофия ривожига туртки бўлди: у Птолемей фикрини рад этиб, Африка жануб томондан океан билан ўралганини айтди; Марказий Осиё халқларининг жуғрофий жойлашуви, Болтиқбўйи ва Шимолий муз океанига яқин мамлакатлар ва халқлар ҳақида қимматли маълумотлар тўплади; илк бор Ер шарининг тузилмавий харитасини яратди, йигирма йиллик умрини Ҳиндистон мавзусига бағишлади. Илк асарини йигирма икки ёшида ёзган десак, олим у ҳолда умри давомида ҳар йили учтадан асар ёзган бўлиб чиқади.
Ҳаётининг сўнгги йиллари, бирйўла бир нечта асар бўйича изланаётган кезлар она юрти Хоразмдан Ғазнига вазир ал-Ҳасан келади ва қизи Райҳонага атаб китоб ёзиб беришини сўрайди. Бу ўша – Абу Райҳон Хоразмда бош мироблик вазифасини адо этишга жон-жаҳди билан киришган маҳалда вазир бўлган ва унга бу борада кўмак берган аъён эди. Юртига муҳаббати ва ал-Ҳасанга иззати туфайли Беруний сўралган китобни ёзишга киришади ва тез орада тугаллайди. Дунё олимлари тафаккуридан анча илгарилаб кетган даҳо олим ўсмирлар учун китоб ёзади! Бу ўринда Берунийнинг нақадар олижаноб, орзуманд киши бўлганини кўрамиз.
Олтмиш бир ёшга кирганида, кечаси шундай туш кўради: қандайдир бир маконда янги ой чиқишини кузатаётган эмиш. Унинг чиқиш жойини излармиш-у, ботиш нуқтаси ҳақида ҳам ўйлар, уни кўролмаслигидан афсусланар ҳам эмиш. Шунда ғойибдан бир овоз “Уни тинч қўй. Сен унинг бир юз етмиш марта ўғлидирсан” дебди. Уйғонгач, дарҳол бу муддатни, яъни бир юз етмиш ойни қуёш йилига ўгиради, ҳосила ўн тўрт йилу икки ой чиқади...
Мангулик сафарига оз фурсат қолган эди. Сафар эса кўп куттирмади...
Эътиқодда собит
Шубҳасиз, Беруний эътиқоди мустаҳкам муслим эди. Унинг иқлимлар, шаҳарлар ва қишлоқлар ўртасидаги масофаларни ўлчаш, қуёш, ой ва юлдузлар ҳаракатига доир ҳисоблари Ер юзининг исталган нуқтасидан туриб Каъбани топишга қаратилган эди. Рубъи маскуннинг деярли барча ҳудудларидан Ҳижозга бориш йўлларини аниқлади, бироқ ўзига Каъба зиёрати насиб этмади.
Аллома “Тангри таоло меҳрибондир, шу сабабли, ҳар бир яратиқ ўз яралиш шаклидан розидир. Дунё эса, одам боласининг хизматкоридир. Қайси хожани кўрдингки, хизматкорига хизмат қилсин?” деган ақидада собит эди. Уни умр бўйи “Ҳакимлар тадқиқ қилаётган фан ва билимларнинг мусулмонларга асло кераги йўқ” деган маҳдуд фикр ранжитиб келди.
“Ўз замонамда одамларга қараб кўрдимки, улар нодонлик сиймосида бўлиб, фазилат соҳибларини душман деб биладилар. Ҳар кимки билим зийнати билан ясанган бўлса, унга озор берадилар, у бечорага ситамлар қиладилар.
Юлдузлар илмини ўрганувчи олимларнинг юлдузлар айланиши ва улар таъсири тўғрисида айтган гапларига ҳамда жаҳон гардишининг ишларини юлдузлардан деб билишларига шоҳидман! Одамлар... илм-фанга қизиқмайдилар, илмга хизмат қилаётганларни ҳам жинлари суймайди. Ҳатто шундай кимсалар борки, илм-фанни мутлақо ёмон кўради, ўз нодонлигига илмни душман деб билади. Ўшалар фаннинг ҳар турига ва билим эшикларини қоқувчиларга динсизлик тошини отадилар. Улар ёмон хулқ эгалари бўлиб, яна ўзларини инсофли-диёнатли санайдилар... улар одамнинг бошқа жониворлардан фарқини билмайди; бу фарқ илм ва билим сабабидан, бундан бошқа нарса туфайли бўлиши мумкин эмас, ахир! Чунки илм бекорчиликдан ўрганадиган шунчаки юмуш эмас, зеро, қайси нарса ундан ҳам фойдалироқ, ундан ҳам яхшироқ бўлиши мумкин?! Дин ва дунёда яхшилик томон тўғри йўл топиш ва ёмонликдан узоқ бўлиш учун илмдан бошқа чора йўқ. Агар илмсизлар бир нарсага қўл урсалар, хато бўлиши ёки бирор нарсадан ўзларича ёмон деб, ундан узоқлашсалар, яхшилик бўлиб чиқиши тайин.
...Ўз фойдасига югурадиган кимсаларнинг у дунёда қийналишига гумоним йўқ. Бу ранжни ўзига олганига сабаб – оддий ибодат, яъни маърифатдан, ҳақ билан ботилни ажратишдан қочганлигидир. Ибодат – яхшилик мояси, жаҳон фаровонлигидир, зеро ҳақиқий одамларгина сидқидилдан шундай ибодат қиладилар.
...Маърифатли кимсалар дунё тўғрисида кўпроқ ўйлайдилар, бу дунё азалдан бор эдими ёки кейинчалик пайдо бўлдими, дея фикр қиладилар. Бу борада ихтилоф қилмаса ҳам, табиатнинг ҳар хиллиги, ундаги оддий нарсаларнинг-да ажойиб экани тўғрисида ўйлайди, шу йўл билан жаҳоннинг тадбирини қилиб турган Зотни, унинг сифатларини танийди. Гумроҳ бандаларга Ул Зотни танитиш йўлида пайғамбарлар ўтган.
Ҳақиқий пайғамбарлар буюкдирлар, лекин ёлғондан пайғамбарман деб даъво қиладиган кишилар одамларни гумроҳликка чорлайди. Сен бундай кишилардан фақатгина сохта пайғамбарман деганларини ёлғончи деб ўйлайсанми? Ўзини билимли қилиб кўрсатадиган, кишиларни чалғитиб, ёлғон манзилларга етаклайдиган қанча киши бор дунёда!” (“Геодезия”, 87-бет).
Олий мартабали аъёнлардан бири унга “Шаҳарлар ва иқлимлар орасини ўлчаш хазина маблағини беҳуда совуришдан бошқа нарса эмас” дея маломат қилади. Олим бундай жавоб беради: “Сафар қилишдан қолган ва шаҳардан бегона, кўча-кўйларни билмайдиган, бозорларга чиқмайдиган кимса билан шаҳардаги обрўли кимса орасида тафовут жуда каттадирки, у ўз йўлини, керак жойини топиб юради. Борадиган йўлини биладиган мусофир билан, уни билмайдиган кимса орасидаги тафовут ҳам шунга ўхшайди. Йўл топишнинг фойдасини билмайдиган кимсаларга қарата ҳатто нома ташувчи кабутарларнинг озгина билими сабабли ҳам жуда кўп фойдалар етишини айтгим келади. Ҳар бир инсоннинг, балки ҳар бир жониворнинг аҳамияти уларнинг яхши ишлари билан бўлади. Ҳатто йўлини йўқотган карвонни ўша йўлдан бориб-келиб юрган бир туянинг донолиги қутқаради. Демак, баъзида туянинг билимидан инсон нажот топади” (ўша асар, 89-бет).
* * *
Беруний шахсияти яна бир ҳикмат – биргина киши инсоният илмий тафаккурини қанчалар ўзгартира олишининг ёрқин исботидир. Авлодлар уни илоҳий қобилият ато этилган сиймо деб билади. Унинг ўзи эса инсон дунё чалкашликларига чалғимай, қунт билан изланса, ақл бовар қилмас камолотга эриша олиши ҳақида ёзади.
Умри бўйи битта тўн, бир коса сув ва битта нонга қаноат қилган, Шамсулмаолийнинг вазирлик, султон Масъуднинг бир фил кўтара оладиган бойлик таклифини рад этган, инсониятга мамлакатлар хирожига тенг асарлар туҳфа этган Абу Райҳон Беруний, ҳаёти мобайнидаги иш ва амалларини сарҳисоб қилар экан, “Мен бу дунёда мукофотсиз, у дунёда ажрсиз қолмасам керак”, деб ёзади (ўша асар, 91-бет). Тақдир унга ҳадя этган яна бир ажойибот шу бўлиб чиқди: олам аҳлига қилган беминнат хизматлари, юксак хулқи, нурли шахсияти ва олий фазилатлари туфайли номи шон-шараф солномаларига олтин ҳарфлар билан битилди, даврлар алмашгани сайин янада ёрқинроқ порлайверди. Абадият диёрида эса унга ўзи орзулаган ажру савоблар ҳамроҳ эканига умид қиламиз.
Исажон СУЛТОН
“Тafakkur” журнали, 2023 йил 1-сон.
“Берунийнинг ақл машъали” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ