Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда онанинг боласига зуғум қилгани, ҳатто ўлдиргани ёки аёлларнинг оилада зўравонликка учраётгани хусусида турли хабарлар тарқалмоқда. Хўш, жамиятда бундай ҳолатлар нега кўпаймоқда? Бунинг сабаби нимада? Oyina.uz мухбири шу ва бошқа масалалар бўйича шифокор, психолог Дилорахон Хўжаеванинг фикрлари билан қизиқди.
Фарзандини ўлдириш даражасигача бораётган оналар
Оилада турли шаклда, ҳатто жинсий зўравонликка учраган хотин-қизлар ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоққа чалинади. Бироқ, кўпинча менталитет, оила шаъни ҳамда андиша рўкач қилиниб бундай ҳолатлар «бости-бости» қилинади.
Энг ачинарлиси, баъзан оилада аёлнинг қайнона, эр, ҳаттоки, қайнота томонидан тинимсиз таҳқирланишига ҳам оддий ҳолдек назаримизда. Сабаби, аёлларимизга турмушда нима бўлишидан қатъий назар чидаш кераклиги уқтирилади. Ёшлигидан шунга кўниктирилган қиз эса турмушга чиққач ўз хоҳиш-истакларини айтишга ийманади, атрофдагиларнинг ёмон муносабатидан стрессга мойиллиги ошади. Бу эса йиллар ўтиб кучли агрессияни келтириб чиқарганига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Эмоционал ҳолатини бошқара олмай фарзандини ўлдиришгача бораётган оналарнинг аксарияти ҳам ана шундай руҳий босимларни бошдан кечирган бўлса ажабмас.
Боланинг она томонидан ўлдирилиши кам ўрганилган ва тақиқланган жиноят филитсид деб аталади. Унинг бир неча турлари бор. Агар она янги туғилган чақалоқни ўлдирса неонатитсид деб аталади. Инфантитсид эса бир ёшга тўлмаган боланинг ўлдирилишига нисбатан қўлланилади.
Биласизми, мутахассисларнинг кузатувларига асосланиб, қотиллик қурбони бўлиш хавфи ҳаётнинг биринчи беш йилида айниқса юқори эканини айта оламан. Ота-оналар кўпинча икки ёшгача бўлган болаларни ўлдиради ва аксарият ҳолатда бу воқеалар қишда эрталаб соат тўртлар атрофида содир бўлади.
Ўрганишларимга кўра, ёш болаларни ўлдириш бўйича алоҳида қонунлар дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатларида, жумладан Бразилия, Канада, Буюк Британия, Германия, Италия, Япония, Янги Зеландия, Филиппин, Жанубий Корея ва Туркияда мавжуд. Қонунларда бир ёшгача бўлган болаларини ўлдирган оналарга нисбатан жазо енгилроқ. Чунки ХХ асрнинг бошидан бошлаб туғруқдан кейин ёки эмизиш даврида онанинг руҳий мувозанати бузилган деб ҳисобланади.
Яна бир қизиқ маълумот: Кубан давлат университетининг криминология бўлими ходимларининг фикрича, очилмаган эпизодлар жиноят ишларига қараганда саккиз баравар кўп. Тасаввур қилишимиз қанчалар қийин бўлса ҳам атрофимизда биз билмаган, очилмаган жиноятлар талайгина.
Аксарият ҳолларда туғруқдан кейин яширин руҳий касалликлар намоён бўлади. Бироқ баъзида шифокорлар қотилликка мойил оналарни ажрата олишмайди ва улар билан алоҳида шуғулланилмайди. Бу шуни англатадики, аёллар кундалик ҳаётда ўзини намоён қилмайдиган сурункали психологик бузилиш билан яшаши мумкин. Ҳомиладорлик, туғиш ёки климакс аёл учун учта асосий стрессдир. Булар уни қотилликка қўл уришига туртки бўлиши мумкин.
Қотилликка қўл урган оналарнинг аксарияти сурункали шизофрения ташхиси қўйилади.
Шунингдек шизофрениядан кейин иккинчи ўринда «туғруқдан кейинги реактив ҳолат» ташхиси қўйилади. Бу вақтинчалик руҳий касалликлар, жумладан ривожланган психотик депрессия ва айниқса хавфли туғруқдан кейинги психоздир. Булар мингдан бир ёки иккита аёл билан содир бўлади.
Жамиятимизни хавотирга солиши керак бўлган оғриқли нуқта
Агар ЖССТ статистикасига назар соладиган бўлсак, ҳар бешинчи аёл ва ҳар ўн учинчи эркак болалигида жинсий зўравонликка дучор бўлган. Энг ачинарлиси, кимлардир бутун умри давомида зўравонлик остида яшайди ва буни сир сақлайди. Кимдир буни ҳатто ўзидан яширишга ҳаракат қилади ёки маълум бир нуқтага қадар болаликдаги эпизодларни травма деб ҳисобламайди. Фикримча, муаммо жуда долзарб ва нима қилиш кераклиги, зўравонликнинг олдини олиш ҳамда кимга мурожаат қилиш ҳақида маълумотлар етарли эмас.
Биз агар болаларга тана ва жинсий чегаралар ҳақида муҳим билимларни берсак, улар хавфли вазиятларни англай бошлайди ва ўзини ҳимоя қилади, керакли вақтда керакли одамларга ахборот беради.
Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик шунчаки «шок»га туширадиган ҳолатдир. Энг ёмон томони, болаларга нисбатан жинсий зўравонлик билан боғлиқ текширувлар, ҳатто психологик кўрикларни ўтказиш ҳам осон эмас. Бунда мутахассислардан махсус малака талаб қилинади.
Афсуски, жамиятимизда аёлларга ҳирс билан қараш, вояга етмаган ёш қизларга ҳам жинсий зўравонлик қилиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Масалан, яқинда бир воқеани эшитиб, ҳайратландим.
Бир йигит севган қизига бир неча бор шилқимлик қилади. Қайта-қайта рад этилганидан сўнг аламзада ошиқ қизни жонига қасд қилиш учун ўқиш жойига бориб, мажбуран олиб қочишга уринади. Яхши ҳамки, бу воқеа жамоат жойида содир бўлган ва атрофдагиларнинг беэътибор бўлмагани туфайли кўнгилсиз воқеанинг олди олинган, акс ҳолда воқеа қандай тугаши мумкинлигини ўйлаб қўрқасиз.
Бундан ташқари, ўсмирлар орасида ҳам қарши жинс вакилларига нисбатан зўравонликнинг турли кўринишлари учраб тургани жамиятимизни хавотирга солиши керак бўлган оғриқли нуқтадир. Яқинда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган боғча мудираси ўғлининг гўдакларга нисбатан қилган ахлоқсизлиги ҳам кўпчиликнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди.
Умумий олганда, оилада зўравонлик қиладиганларни психологик соғлом инсонлар деб бўлмайди. Уларнинг аксариятига меҳр етишмайди ёки қаттиққўл оилада муттасил камситилишлар ичида катта бўлган. Афсуски, ота-оналар фарзандлари билан муносабатда бу жиҳатларга эътибор қаратмайди. Носоғлом муҳитда ўсган болалар улғайгач бошқаларга ҳам зуғум ўтказишга уринади. Улар шу йўл билан ўзларини кўрсатишни истайди.
Яна бир омил. Оилавий зўравонлик одамларнинг асосий эҳтиёжларининг қондирилмаслигидан келиб чиқади. Асосий эҳтиёжлар нима? Бу бизнинг ғамхўрлик, эътибор, эътироф, ҳурмат, ҳамдардликка бўлган эҳтиёжимиздир. Ҳар бир инсонда булар бўлиши керак ва керак бўлишини хоҳлайди. Агар бу эҳтиёжлар қондирилмаса, у ҳолда одамда норозилик кучаяди ёки тажовузкор одамга айланади.
Агрессиянинг ўзи шундай аффект ҳолатидир. Бу каби ҳолатдаги одам билан гаплашиш мумкин эмас. Лекин бизга бақириш, уриш, эшикни қарсиллатиб ёпиб кетиш, жазолаш осонроқ…
Зўрланган ёки тегажоғликка учраган аёл-қизлар психологияси
Биласизми, зўрланган ёки тегажоғликка учраган аёл-қизлар психологиясида эркакларга нисбатан ишончсизлик, «мен бахтли яшолмайман, бахтиёр оила қуролмайман», деган қўрқув пайдо бўлади. Шу сабабли ҳам аёллар оилада ёки ишда зўравонликка учраса ҳам шу ерда қолишни танлайди. Агар аёл ички ишларга мурожаат қилса, уни барча яқинлари қоралайди. Тушунмайман, нега бу ишни нотўғри деб ҳисоблашади? Ҳар қайси ҳаракатда зўравонлик мавжуд бўлса, жамиятдаги хатти-ҳаракатлар нормаси бузилган ҳисобланади, ахир.
Тасаввур қилинг, ана шундай психологик травмаларга эга қиз келажакда она бўлади ва фарзанд тарбиялайди. Руҳиятида кемтик бўлган бундай оналар туғруқдан кейинги депрессия вақтида фарзандига зиён етказмайди деб ким кафолат беради?! Нафақат Ўзбекистонда балки, бутун дунёда фарзандларини аёвсиз калтаклаган, жонига қасд қилган оналар ҳақида эшитамиз. Эркаклардан фарқли ўлароқ, аёллар ҳиссиётга берилувчандир. Ижтимоий тармоқларда йиғлаётган фарзандини ураётган она тасвирланган видео кенг тарқалди. Мутахассислар бу ҳолатни кучли руҳий зўриқиш ва туғруқдан кейинги депрессиянинг оғир кўриниши деб баҳолашади. Аёллар бундай вазиятларда эри ва яқинлари томонидан ортиқча босимларга учрамаса, атрофдагиларнинг эътибори ва қўллаб-қувватлаши етарли бўлса, келажак авлод учун ҳам манфаатли бўлади.
Энг ёмон томони оиладаги зўравонлик болаларга таъсир қилишида. У ота-онасининг бир-бири билан совуқ суҳбати, уришиши, жанжал, дўппосланишларни кўрдими? Эртага у ҳам тенгдошларига шундай муносабатда бўлади.
Зўравонликка учраётган аёлларнинг белгилари
Оиладаги зўравонлик қурбонини аниқлаш қийин. Лекин тахминий белгилар мавжуд. Биринчи белги — бу аёл ҳаракат қиладиган «нажоткор»лик роли.
Бу аёл унга қўл кўтарилганидан кейинги ҳаракатларида намоён бўлади. Яъни эри томонидан зўравонликка учрасада, эри бетоб бўлса уни даволаб, ширин таомлар тайёрлаб беради. Аёллар шу тариқа эрига ёрдам бераётганини, уни тарбиялаётганини ҳис қилади.
Иккинчи белги — кўкаришлар мавжудлиги, учинчиси — кайфиятнинг кескин ўзгариши. Мисол учун, агар аёл хурсандчиликдан тушкунликка тушиб қолса, бу «ролнинг ўзгариши»ни кўрсатади.
Бундан ташқари, кескин вазн йўқотишга эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, агар аёл жамоавий машғулотларга боришни тўхтатса ва дўстлари билан мулоқот қилишдан қочса, бу ҳам унинг оилавий зўравонликка дучор бўлаётганидан дарак бериши мумкин. Молиявий қарамлик ҳам оиладаги зўравонликнинг асосий белгисидир. Барча пуллар турмуш ўртоғининг назорати остида бўлганда, у ҳар бир сарфланган пул учун аёлдан ҳисоб талаб қилиши мумкин. Бундай хатти-ҳаракатлар тажовузкорликнинг очиқ намоён бўлишига олиб келиши мумкин.Яна бир белги — жабрланувчи ҳар қандай ҳолатда жиноятчини оқлайди. Мисол учун, у синфдошларим билан учрашувга боришга рухсат бермади, чунки у рашк қилади, дейиш баҳона, холос. Зўравонликка бундай муносабат болаликдан шаклланади.
Баъзи ҳолларда рашк ҳам зўравонлик мавжуд эканлигини кўрсатади. Бу баҳонани ўзини паст баҳолайдиган эркакларгина қўллайди. Машҳур психологлар қандай муносабатларни умидсиз деб ҳисоблаш мумкинлигини ва нима учун уларни тугатиш кераклигини айтиб ўтишган. Унга кўра, биринчи навбатда, агар ўзаро ёрдам, тушуниш бўлмаса, алоқани узиш керак.
Учинчи тараф аралашувини чеклаш керак
Касбим юзасидан инсонлар билан кўп гаплашаман. Хусусан, БАА, Россия, Англия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан ҳам доимий мижозларим бор. Улар билан онлайн мулоқот олиб бораман. Ўзбекистонда, айниқса чекка вилоятларда психологга талаб ва соҳага қизиқиш юқори.
Фақат ўзбеклар билан эмас, турли миллат вакиллари билан ишлайман: инглиз, немис, рус ва тожиклар... Мутахассис сифатида айтадиган бўлсам, қанчалар баҳсли бўлмасин оилада эркак ва аёл бир-бирини тушуниб яшаши учун уларнинг ҳаётига ҳеч ким аралашмаслиги керак, деб ҳисоблайман. Учинчи тараф ёшларнинг ўзи хоҳлагандек, бир-бирига меҳр бериб яшашига қўйиб берса, оила шакллана бошлайди. Орага совуқчилик тушмайди, уруш-жанжаллар сони кескин камаяди. Албатта, тушунмовчиликлар мутлақо бўлмайди демоқчи эмасман.
Яна бир омил: бизда кўп ҳолларда катталар ёшларнинг ўзи хоҳлаган инсонга уйланиши/турмушга чиқишига йўл қўйишмайди. Ёки қиз бола кимнидир ёқтирса бу ота-онага қизиқ эмас, уни мажбурлаб узатишади. Натижада севгисиз, бахтсиз оилалар қурилади. Тўғри, севишиб турмуш қурганлар ҳам йўқ эмас. Бироқ, айрим ҳолатларда ота-оналар бу ҳолатни тўғри қабул қилмайди. Аралашувлар кўпаяди, натижада идеал оилани ҳам ота-она барбод қилиши мумкин.
Зўравонликка мойиллик ҳақида
Биз кўрган негатив информация, видео, кинолар ҳар биттаси онг остида сақланиб туради. Натижада онгимиз мана шунақа ёмон ҳодисаларни ўзига чақиради.
Бу каби хабарларни кўрганда фарзандларимиз ўзи билмаган ҳолда негативларни ҳаётига тортиб олишни бошлайди. Шунинг учун зўравонликка учраган қизлар билан ишлаш давомида улар қандай фильмлар кўриши ҳам ўрганилади. Яна бир муҳим омил – фарзандларда ота-она ҳаракатларининг такрорланишидир. Муттасил жанжалларни кўриб ўсган болалар улғайгач мана шу ҳаракатни ўз оиласида давом эттириши, бунга нормал ҳол дея қараши мумкин. Унутманг, фарзандларингиз сизнинг аксингиздир!
Шаҳноза ТЎРАМУРОДОВА,
Oyina.uz
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ