Виртуал олам инсонларнинг турмуш тарзи, тафаккурини бевосита бошқараётган айни вақтда ижтимоий тармоқларда янги контентларга муҳтожлик ортиб бормоқда. Бу эса интернетда мавзулар турфалигини келтириб чиқариш билан бирга, савияли ва савиясиз маҳсулотлар – қўшиқлар, видеолар, шоу-кўрсатувларнинг аралашуви ҳамда оммалашувига сабаб бўляпти. Аслида айни эҳтиёж азал-азалдан инсониятда бўлган ва турли санъат асарларини яратиш билан бу ташналик қондириб келинган. Шунинг учун ҳам бу ҳолни шунчаки асрдан асрга “маҳсулот”нинг тури кўпайди, дея изоҳлашимиз мумкин. Айтайлик, 50 йил аввал ва ҳозирги кундаги ягона фарқ эса глобаллашувдаги тезлик. Бугун кимдир видеоконтентни тармоққа жойларкан, орадан сония ҳам ўтмасдан уни дунёнинг бошқа бир бурчагидан туриб кўриш мумкин, йилдан йилга ушбу оралиқ вақт қисқариб, техник сифат ошиб боряпти. Натижада бугун Instagram, Тик Ток ёки You Tube платформасида “тренд”га чиққан бирор видео бутун дунё бўйлаб кўриляпти, блогер, вайнерлар томонидан қайтариляпти.
Тармоқларнинг айни шу жиҳатидан ҳар қандай ғояни оммалаштириш, миллийликни тарғиб қилиш, миллатни, мамлакатни танитиш учун фойдаланиш мумкин. Мисол учун instagramда “littos” номи билан фаолият юритувчи блогер – Асал Сапарбаева экстремал ҳаракатларни бажараркан, деярли ҳар гал миллий либосда кўриниш беради. Бу орқали саҳифасидаги 2 миллион фойдаланувчига миллийлигимизнинг бир бўлагини намойиш қиляпти, дейиш мумкин. Нафақат Марказий Осиё, балки ғарб мамлакатларидан ҳам кузатувчи, мухлислари бўлган “littos”нинг миллийлик уфуриб турувчи видеолари ўртача 500 мингдан 5 миллионгача кўрилади.
Дунё бўйлаб янграётган “Салам алейкум”
2018-йил Тик Ток бутун дунё бўйлаб оммалаша бошлагач, платформа рус, ҳинд, араб ва хитойлик тик-токерларга тўлиб кетди. 2019-йилдан бошлаб ўзбек йигит-қизлари ҳам унга контент тайёрлаб жойлаштиришни бошлади. Аудиториясини йўқотиб қўймаслик учун Instagram 2021 йилда тармоққа янги функция – Reels (видеоконтент) жойлаштириш имкониятини яратди. Бу ижтимоий тармоқ учун янги эпоха эди. Эндиликда ўзбек инста-блогер ва тик-токерлари ҳам билиб-билмай бутун дунё бўйлаб трендга чиқа бошлади. Натижада хориж интернет сфераси ўзбекча қўшиқлар билан ўзбек тилида видеолар олишни бошлаб юборишди. Масалан, Azzamchik тахаллуси билан фаолият юритувчи блогернинг Instagramда 13 миллион, You tube саҳифасида эса 3,5 миллион марта кўрилган “Салам алейкум” қўшиғи барча платформаларда ҳақиқий глобал трендга айланди. Унга олинган видеолар сони 200 мингдан ошиб кетди. Қўшиқ матни эса турли тилларга таржима ҳам қилинмоқда. Трендга қўшилганлар орасида Голливуд актёри ва моделларини ҳам кўриш мумкин. Ижодкорнинг айтишича, 15 дақиқада ёзилган ашулага олинган видеоларнинг ижтимоий тармоқлардаги кўруви умумий ҳисобда 900 миллионга яқинлашган.
Асли фарғоналик Azzamchik тахаллуси остида фаол ижод қилаётган хонанда Азамхоннинг қўшиғи шу қадар кенг тарқалдики, у ҳақида хориж ОАВ ида ҳам ёзилди. Масалан, Туркиянинг сайтларидан бири, "Azzamchik kimdir? Azzamchik nerelidir?” сарлавҳали мақола эълон қилиб, уни ўқувчиларига таништирди.
DJлар ўртасидаги машҳурликка эришаётган “Сетора”
Ўтган мавсумда Biolerroomtv онлайн платформасининг инстаграмдаги расмий саҳифасида афсонавий “Сетора” гуруҳининг “Борсан” ашуласига ишланган remix ҳафтанинг энг яхши композицияси сифатида ғалаба қозонди. Ушбу платформа бутун дунёда ёш DJлар ўртасида қўшиқларга ишланган энг яхши ремикслар танловини ўтказиши билан машҳур. “Сетора”нинг ашуласига ишланган ремикс эса 3 миллиондан ошиқ кўрилган ва статистикага қараганда, кўришларда ўзбекистонлик обуначиларнинг улуши 10%ни ҳам ташкил этмаган.
Репга айланган “Оҳужон”
"Kolo.24" тахаллуси билан ижод қилувчи блогер кўпинча турли халқларнинг қўшиқларидан реп учун мусиқалар яратади. У аввалига Насиба Абдуллаеванинг, кейинчалик Нуриддин Ҳамроқуловнинг “Оҳужон” қўшиғининг мусиқасидан фойдаланиб, реп ёзди. “Ўзбек мусиқаси реп яратиш учун идеал”, дея изоҳ берган блогер яқинда ўзбек санъатининг катта дарғаси Шерали Жўраев ашуласини ремейк қилиб, инглизча куйлади.
“Бу ҳеч нима бермайди, носнинг кайфидек кайф”
Ижтимоий тармоқларда сўнгги вақтда трендга чиқаётган аксар видеоларнинг асосини юртдошларимизнинг қизиқарли интервьюлари, мемларга айланиб бораётган ҳолатлари ташкил қилмоқда. Ва бунда “Араббоев”, “Беки” тахаллуслари билан ижод қиладиган DJлар ҳам ҳисса қўшишмоқда. Гап шундаки, ушбу ижодкорлар баъзи ноодатий, қизиқарли видеоларни оҳангга солиб, қисқа треклар яратишмоқда. Охирги вақтда тармоқларда кенг тарқалган кўпкари ҳақида билдирилган фикр – “Бу ҳеч нима бермайди, носнинг кайфидек кайф” ёки интервью бераётган аёлнинг “Машина вию, вию деди” деб бошланувчи видеолари айнан шу икки блогернинг трекидан кейин янаям оммалашиб кетди. Ва ҳатто бу трендга қўшни мамлакат блогерлари ҳам қўшилганини кўриш мумкин.
Қувонарлиси сўнгги пайтларда блогер ва вайнерлар ғарб ашулалари ва трендларидан секин-асталик билан воз кечиб, миллий санъатимиз, мусиқаларимизни, ўзбекона қадриятларимизни тарғиб қилишга, ўзбекча контент яратишга кўпроқ эътибор қаратишмоқда. Жаҳон интернет сфераси ўзларидан кўчирилган ҳаракатлар эмас, балки бошқа бир мамлакатга тегишли бўлган янгиликни катта қизиқиш билан кутиб олишини англаб етишяпти, назаримда. Айни шу жараёнда улар билан ҳамкорлик қилиш, мавзулар савияси борасида кўмаклашиш яхши натижа бериши мумкин. Чунки бугунги глобаллашув имкониятлар дарахтига ўхшайди – ундан тўғри ва мақсадли йўлда фойдаланиб ҳосил олиш ҳам, таг-туги билан кесиб ташлаш ёки турли кимёвий моддалар билан суғориб заҳарга айлантириш ҳам мумкин. Танлов эса доим ўз қўлимизда бўлади.
Илҳом ИСМАТУЛЛАЕВ
Мафкура
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Мафкура
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ