Ўзбек адабиётининг генерали Абдулла Қаҳҳорга дастхат
Ёзувчи Носир Фозилов нафақат сўзга талабчанлиги, балки топқирликлари билан адабиёт аҳли орасида танилган эди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов “Китоб ёзиш бошқачаю устозларга, ҳамкасб дўстлару мухлисларга мақбул келадиган дастхат ёзиб бериш бошқа экан. Бу борада ҳам Носир ака ўзига хос ҳозиржавоб адиб”, дея эслайди.
Бир куни Абдулла Қаҳҳор Носир акадан:
– Ғабиддин Мусреповнинг “Қозоқ солдати” романини таржима қилибсиз деб эшитдим, китоб бўлиб чиқдими? – деб сўради.
– Ҳа, эртага ташлаб ўтарман. Эртасига Носир ака китобга дастхат ёзиб талабчан адибга обориб берди. Устоз китобни очиб, ички муқовага ёзилган дастхатга кўз ташлади. “Ўзбек адабиётининг генерали Абдулла Қаҳҳорга! “Қозоқ солдати”ни ағдариб ташлаган ўзбек адабиёти солдати Носир Фозиловдан” деб ёзилган эди.
Устоз мийиғида мамнун жилмайиб қўйгандек бўлди.
***
Қорақалпоқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмоновнинг “Чангалзор йўлбарси” деган китобини Носир ака қотириб таржима қилгани ҳамманинг эсида. Бундан Ўрозбой ниҳоятда эриб кетиб, Носир акани ўзининг таржима китобига дастхат ёзиб беринг, деб ҳол-жонига қўймабди. Шунда Носир ака бор таваккал деб, Ў.Абдураҳмонов фамилия остига “Қорақалпоқнинг Ўроз ёзувчисига ўзбекнинг хўроз таржимонидан” дея имзо қўйиб берибди.
Олмахон Ҳайитованинг тарақа-туруқ ашуласини эшитгандек бўлдим
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тохир Малик хотираларида Носир Фозилов бир “хом” қиссасининг нашр қилинишидан асраб қолгани, лекин кейинги асарларини мақтаганини ёзган.
“Фалак”ни ёзиб тугатгач, уни ҳам Носир акам билан тоғамга бердим. Носир акам узоқ куттирмадилар. Ишлари кўп бўлса ҳам тез кунларда ўқиб, ҳузурларига чақиртирдилар. Хавотир билан борган эдим, қўлимни сиқиб, “Ҳа, шоир, бу бошқа гап”, деб кўнглимни кўтаргач:
– Мен икки руҳдаги асарни ўқигандай бўлдим. Тарихга доир саҳифаларни ўқишда “Муножот”ни тинглагандай ҳузурландим. Фантастикага доир саҳифаларда Олмахон Ҳайитованинг тарақа-туруқ ашуласи янграб кетгандай туюлди, – дедилар.
– Олмахон Ҳайитованинг ашуласига одамлар мириқиб ўйнашадику? – деб ҳазиллашдим.
***
Бир куни шоир акаларимиздан бири Шекспир асарларини инглиз тилидан таржима қилиб, тавсия этибдилар. Таҳририят рад этибди. Масала таҳрир ҳайъатида муҳокама қилинибди. Охири, шоир акамиз аччиқланиб: “Сизларни Шекспир бобомнинг арвоҳи уради”, дебдилар. Шунда Носир акам хотиржам равишда жавоб қилибдилар:
– Қўрқитманг, Шекспир бобонгизнинг арвоҳини менинг бобомнинг руҳи уриб, пачақ қилиб ташлайди.
– Сизнинг бобонгиз ким? – деб ажабланибдилар шоир акамиз.
– Яссавийда… – дебдилар Носир акам.
Ўзлари Туркистон шаҳридан бўлганлари учун жавоб жуда ўрнига тушиб, барчада кулги уйғотган экан.
Носир оғанинг “чангюткич”и
Фозил Жабборовнинг Носир Фозилов билан қилган суҳбатида ёзувчи нималарга эътибор бериши кераклиги ҳақида гапириб ўтади.
Миртемир аканинг 100 йиллигини нишонлаш учун Тошкентдан Туркистонга бордик. Машинадан тушаётиб, шимимга чангми, лойми теккизибман. Хотин киши барибир хотин кишида – рафиқам рўмолчасини олиб, ўша жойни дарров артишга тушди. Бизни кузатиб турган икки қозоқ қардошимиз “Носир оғам Тошкентдан ўзи билан “пилесос”ини ҳам опкепти”, деса бўладими! Қаранг, қандай чиройли ўхшатиш. Яна бир йили Шаҳрихонга бордик. Пичоқ олай деб бозорга тушдим. Икки чолнинг гурунгига қулоқ тутдим: “Бизнинг ерлар жуда яхшида, шудгорга оёғингни тиқиб турсанг, қулоғингдан барг чиқиб кетади”.
Мана, ёзувчи сўзни қаердан олиши керак! Бунақа ноёб топилмаларни, бетакрор ўхшатишларни ёзув столи олдида минг йил ўтириб ўйласангиз ҳам тополмайсиз. Бу сингари сўзлар буғдой бошоғига ўхшаб битта-битталаб терилади, ён дафтарга қайд қилинади ва керак маҳали сайқал берилиб, ишлатилади.
Луғатда йўқ дегани тилда йўқ дегани эмас
Асар ёзиш жараёнида эски ўзбек тилидаги “жиги”, “мурт”, “урт”, “юлун” сингари сўзлардан фойдаланишга тўғри келади. Шундай пайтлар баъзан аёлим билан тортишамиз. У “Бу сўз адабий тильда, изоҳли луғатларимизда йўқ”, дейди. Энди, қанақа қилиб исбот қиласиз. Лекин гарчи одамларнинг ёдидан кўтарилган эски ўзбек тилидаги ўшандай сўзлар ҳозирги адабий тилимизда, янги луғатларимизда бўлмасада, уларни қўрқмасдан, дадиллик билан адабиётга, адабий асарларга киритавериш керак. Бу сўзлар луғатларимизда, адабий тилимизда йўқ деб муомаладан чиқариб ташлайверсак, тилимиз камбағал бўлиб қолади. Бу сўзлар секин-секин луғатларга ҳам киради. Тил мана шулар орқали бойийдида. Ваҳоланки, бизнинг тил бойлигимиз ортиқ бўлса бордир, ҳеч қайси халқникидан кам эмас. Масалан, тилимизда “опа”, “хола”, “эгачи”, “амма” каби сўзларимизни олайлик. Тожик биродарларимиз буларни ёппасига “Хоҳар” деб қўя қолади. Руслар эса “жиян”, “амакивачча”, “бўла”ни “племянник” дейди-қўяди.
Тилнинг нозик жиҳатлари
Чимкентга бордим. Ўша ерлик ўзбек ёш шоирлари келиб, менга: “Ҳафталик тўгарагимиз бор. Шунга “Сайқал” деб ном қўйгандик. Қозоқ дўстларимиз бунга монелик қилиб, тўгарак номини бу сўз билан атамасликни илтимос қиляпти”, дейишди. Мен шоирларга: “Қардошларимиз тўғри айтибди”, деб жавоб бердим. Негаки “сайқал” сўзини ўзбеклар “жило” маъносида ишлатишса, қозоқ дўстларимиз бу сўзни ўзига оро бергувчи танноз аёлларга нисбатан қўллайди.
Яна бир мисол. “Мажлисда фалончи одам фистончи одамга “ноз” айтди”, деймиз биз ўзбеклар. Бу сўз қозоқ дўстларимизда “гина” маъносида келади. Қозоқлар даврасида: “Мажлисда фалончи одам фистончи одамга “ноз” айтди”, деёлмаймиз. Негаки, сўзнинг маъноси ўзгариб кетади. Фош деган сўзимизни олайлик, бизда бу сўз бирор ишни, бирор нарсани ошкор қилди деб ишлатилади. Лекин қозоқ адабиётшунослари “маҳорат билан очиб берди, таърифлади” деган жумлани “фош” қилди тарзида қўллайди.
Муборак ФОЗИЛОВА тайёрлади
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ