Адабиёт
Ҳаво, сув ва овқат… Булар ҳаёт учун зарур бўлган элементлар. Тез орада инсон яшаши учун зарур бўлган бу элементлар ёнига телефонларимизни ҳам қўшсак, ажаб эмас. Негаки, смартфонлар аллақачон ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб улгурди. Бирор нарса ҳақида билмоқчимисиз? Google'дан қидиринг. Бирор нарсани ҳисоблаш керакми, марҳамат, калькулятор. Бирор жойга бориш керак бўлса ва у манзилни билмасак ҳам қўрқишга ҳожат йўқ. Ахир смартфонимизда бутун дунёни беш қўлидай биладиган харита борку! Телеграмда дўстлар билан суҳбатлашиш, ижтимоий тармоқларда «сузиш», мусиқа тинглаш, фильмлар томоша қилиш, болалар учун овунтириш воситаси, ҳаттоки ухлаганда ҳам ёстиғимиз тагида туради… Телефонда қиладиган иш бўлмаса ҳам шунчаки унинг ёниқ экранига термилиб ўтирамиз. Шундай қилиб, ўртача фойдаланувчи ўз смартфонини кунига 150 марта очади. Бу эса асрнинг янги касалликларидан биридир, демакки, ҳаммамиз касалмиз.
Номофобия – аср вабоси
Бугун кўпчилик номофобия касалига йўлиққан. Номофобия сўзи – (Nomophobia – no mobile phone phobia) инглизчадан олинган бўлиб, ўз телефонидан узоқлашишдан қўрқиш маъносини беради. Фобия яъни қўрқув касалликларининг оммабоп тури. Даволаш мумкин бўлган хасталиклардан ҳам хавотирлироқ бу янги касаллик аср вабоси деб тан олинган. Психологлар номофобияни гиёҳвандлик ёки спиртли ичимликларга қарамлик билан тенг деб тан олишмоқда. Шунинг учун дунёнинг кўплаб давлатларида бу касалликни аниқлаш ва даволаш устида аллақачон ишлар олиб борилмоқда.
Бугун дунё бўйича 7,2 миллиарддан ортиқ одам ўз мобил телефонига эга. Бу дунё аҳолисининг 91 фоизини ташкил қилади. Гаджетлар шу даражада оммалашдики, кичик ёшдаги болалар ҳам ота-онасининг телефонидан чексиз равишда фойдаланмоқда.
Саудия Арабистони ва Иорданияда ўтказилган тадқиқот натижасига кўра, бу икки давлат аҳолисининг 51 фоизидан ортиқроғига телефонга қарамлик ташхиси қўйилди. 5191 киши иштирок этган сўровноманинг 26 фоизи иштирокчилари телефонсиз қолиш қўрқуви билан яшаётганини ва бундан даволаниш истагини айтган.
Буюк Британияда эса аҳолининг 53 фоизи номофобиядан азият чекади. Бразилияда бу тадқиқот ўтказилганда иштирокчиларнинг 68 фоизида смартфонларга қарамлик аниқланган. Натижалар аёлларга нисбатан эркакларда мобил телефонларга боғланиб қолиш ва номофобия хавфи юқорироқ эканлигини исботлаган.
Бразилияда яқинда олиб борилган тадқиқотга кўра, оддий одам ўйин, ижтимоий тармоқ ва бошқа иловаларга кунига ўртача 4 соат вақт сарфлайди. Бу ҳафтасига 28 соат дегани. Фойдаланувчи кунига 2617 марта телефонидан фойдаланади. Сўровномага кўра, 18-29 ёшли смартфонлар эгаларининг 22 фоизи ўз телефонини, соатига бир неча марта кўздан кечиради.
Дунё мамлакатларини хавотирга солаётган бу ҳолат ҳақида Ўзбекистонда ҳали бирор тадқиқот ўтказилмади. Статистик маълумотларга қараганда, 2022 йилнинг январь ҳолатида республикамиздаги ҳар 100 та уй хўжалигига 308 та мобил телефон тўғри келиши аниқланган. Демак бизда ҳам аҳвол у қадар яхши эмас…
Қарамлик – қурбонлик
Бир вақтлар газета ёки китобни кўп ўқиш ҳам кўзга зарарли ҳисобланган. Лекин бугунги кун муаммолари олдида у ҳадиклар «писта пўчоқ» бўлиб қолди. Инсон газета ўқиганида уни одатда 40 см масофада ушлайди. Компьютерда ишлаганидан эса 60-70 см масофа сақлайди. Телефонда эса бу рақам 20-30 сантиметрга тушади ва хавфли тус олади. Сўнгги 20 йил статистикаси шуни кўрсатмоқдаки, Европанинг аксарият давлатлари орасида болалар шабкўрлиги бир ярим баробар ортган. Одамзод гаджетлар уммонига борган сари кўпроқ шўнғимоқда ва бунинг учун кўзларини қурбон қилишда давом этмоқда.
Тиббиётда эталон ҳисобланувчи немис клиникаларининг сўнгги тадқиқотларига эътибор беринг. Мамлакатдаги 50 млн нафардан ортиқ аҳоли смартфон ва гаджетларга тикилишни одат қилиб бўлган. Айниқса 14-29 ёш оралиғидаги ёшлар ҳар куни (!) камида 274 минут вақтини мониторга тикилиб ўтказмоқда.. Арзимас туюлиши мумкин, аммо бу бир ҳафта, ой ёки йилга кўпайтирилса, қанча муддатга айланишини билиш қийин эмас. Буларнинг ҳаммаси кўзга бевосита зўриқиш беради. Сўнгги уч йил ичида Германияда кўзойнак тақувчилар сони 1 млн кишига ошган.
Қарамлик қурбони нафақат кўзларимиз, балки миямиз ҳамдир. Хитойлик олимлар томонидан олиб борилган тадқиқотда смартфонларга қарам одамлар миянинг когнитив функциялар, ижодкорлик, ақлий мослашувчанлик ва маълумотни идрок этишда равонлик учун масъул бўлган фаол қисмлари камроқ эканини аниқлади. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, смартфонга қарам бўлган иштирокчилар равонлик, мослашувчанлик ва фикрнинг ўзига хослиги бўйича пастроқ балл олган.
Ечим қандай?
Тан олиш керак, телефонга қарамлик ҳозирги кунда кўпчиликнинг муаммоси. Лекин баъзилар буни арзимасдек қабул қиладилар ёки умуман муаммо сифатида қарамайди. Ушбу масала кенг қамровли эканлигини инобатга олган ҳолда номофобиядан қандай қутилиш мумкинлиги ҳақидаги саволларга жавоб топишга ҳаракат қилиб, психолог Дилфуза Сатторова билан боғландик.
– Унутманг, муаммо борлигини англашингизнинг ўзи муаммони бартараф қилишга қўйилган биринчи қадамдир! Ушбу касалликдан қутилиш учун эса йотоғингизда телефондан фойдаланманг. Биз юмшоққина ўрнимизда ёнбошлаб телефондан фойдаланишни яхши кўрамиз. Афсуски, бу ҳолат соғлиғимизга жиддий зарар етказади. Тадқиқотчиларнинг айтишича, ухлашдан олдин телефондан фойдаланиш нерв системасини фаоллаштиради ва сиз ухласангиз ҳам мия уйғоқ ҳолда қолади. Ётоқ ўрнингизда телефондан фойдаланмаслик учун ўзингизга қатъий талаб қўйинг. Телефонсиз ҳам ухлаш мумкин. Ҳар сафар телефонни қўлга олмоқчи бўлганингизда ўзингизга қуйидагича савол беринг. «Ҳозир телефонда нима қилмоқчиман?», «Бу иш жуда ҳам муҳимми?», «Шу ишни эртага қилсам нима бўлади?» каби.
Уйғоткич соатлардан фойдаланинг. Сиз ухлайдиган хонада телефон бўлишининг ўзи зарарли, ёнингизда туни билан туришини гапирмаса ҳам бўлади.Улар инсонда турли саратон касалликларини пайдо бўлишига сабаб бўлиши олимлар томонидан бир неча йиллар олдин исботланган.
Оила аъзолари ва дўстлар билан мулоқотда телефондан фойдаланманг, эслатмалардан воз кечинг, телефонингизда қаторлашиб турган дастур(apps)ларни сараланг, барча фаолиятингизни смартфонга боғлаб олманг. Тан олиш керакки, қўлимиздаги телефонлар бир вақтнинг ўзида китоб, журнал, газета, МП3 плейер, камера, телевизор, компьютер каби кўплаб вазифаларни бажаради. Телефонга қарамликни келтириб чиқарувчи асосий омил ҳам шу. Аммо бу телефон ҳамма вазифани бажаришига йўл қўйиш керак дегани эмас, – дейди психолог Дилфуза Сатторова.
Дарҳақиқат, инсон ўзидаги мавжуд ёмон одатлардан қутилишнинг энг осон йўли – бу уларнинг ўрнига янги фойдали одатларни йўлга қўйишдир. Шундай экан автобусда ёки метрода кетаяпсиз ёхуд навбатда турибсиз, телефонингизни олишга шошилманг. Бу қисқа вақт давомида сиз, бир ёки икки бет китоб ўқишингиз, чет тилида 4-5 янги сўз ёдлашингиз, янги ўрганган мавзуни такрорлашингиз, ёдлаган қоидаларингизни эслаб кўришингиз мумкин. Бу рўйхат чексиз давом этиши мумкин. Муҳими вақтингизни бир дақиқасини ҳам бесамар ўтказманг. Ўйлаб кўринг, ҳар куни шу тарзда озгина бўш вақтдан ҳам унумли фойдалансангиз, бир ойда қанча натижага эришасиз? Бир йилдачи?
Шаҳруза САТТОРОВА.
Oyina.uz
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ