Нархи кун сайин кўтарилаётган тайёрлов курслари, олий ўқув юртлари имтиҳонига кучсизлик қилаётган мактаб таълими ва вариатив синф – абитуриентлар репетиторга қарамликдан қачон қутулади?


Сақлаш
21:35 / 30.05.2023 940 0

Мустақиллик даврида тилимизда янги атама пайдо бўлди: “репетитор”. Расмий ва мажбурий таълимдан ташқари, асосан ўқувчиларни университетларга тайёрлайдиган ўқитувчилар шундай атала бошланди.

Репетиторликдан гап очилганда кўпчилик бир хил савол беради: у нимага керак? Нега мактаб таълими билан ўқувчилар ОТМларга кира олмаяпти? Бола қўшимча дарсларга бориб ўқишга тайёрланар экан, мактаб таълими нега керак, давлат нима сабабдан умумтаълимга пул ажратяпти?

Биргина 2021 йили халқ таълимига 22,1 трлн сўм ажратилган, бу рақам 2022 йили 25,8 трлн сўмни ташкил этган. Давлат бюджети тақсимотида таълим энг катта улушни эгаллаб келган... Хуллас, саволлар жуда кўп. Қуйида уларнинг айримларига жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Давлат тест маркази маълумотларига кўра, талаба бўлишни истаётганлар сони миллион нафардан кам бўлмайди. Масалан, ўтган 2022 йили 1 214 232 нафар абитуриент олий ўқув юртларига ҳужжат топширган. Натижада репетиторга талаб ошмоқда, худди шунга кўра нархлар ҳам.

Статистика агентлиги 2022 йил охиридаги вазият бўйича нархлар ўсишини тақдим этган. Унга кўра, 2022 йилнинг ноябр ойида репетиторлик нархлари октябр ойига нисбатан, яъни бир ойда ўртача 1,1 % га ошган. Репетиторлик нархларининг республикада ўртача 1,1 фоизга ошишига Бухоро (0,3 фоиз) ва Қашқадарё (0,3 фоиз) вилоятларидаги нархларнинг ўзгариши юқори даражада таъсир қилган.

Репетиторлик нархлари 2022 йил бошидан буён ўртача 6,6 фоизга ошгани кузатилган.

Қонунчилик нуқтаи назаридан олиб қарасак, репетиторлик билан шуғулланувчилар ўзини ўзи банд қилувчи шахс сифатида ҳукумат яратган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Қонунчиликка юзланамиз: Ўзбекистон Президентининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, репетиторлик фаолияти билан шуғулланувчиларга имтиёз берилган. Ҳозирги кунда ўзини ўзи банд қиладиган шахслар ўз фаолиятини давлат солиқ қўмитасидан рўйхатдан ўтказиш орқали иш стажига эга бўладилар.

Бунинг учун ўзини ўзи банд қиладиган шахс сифатида солиқ идоралари ёки Давлат солиқ қўмитаси мобил иловасидан рўйхатдан ўтиб, йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи, яъни 122 500 сўмни тўлаш орқали бир йиллик иш стажига эга бўлиш мумкин. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.

Репетиторлик тарихи ҳақида сўз юритадиган бўлсак, жараён 2000 йилларнинг аввалидан кучая бошлади. Бунга бир қатор омиллар сабаб бўлди: тест синовларининг тобора қийинлашиб бориши, мактаб таълими сифатининг тушиб кетиши ва абитуриентлар сонининг ошиши.

2000 йиллар бошида ўқитувчилар маоши кескин камайиши сабаб таълимда камчиликлар вужудга келди ва мактаб таълими ўқувчининг ОТМга кириши учун етарли билим бера олмай қолди. Натижада қўшимча дарслар орқали бўшлиқ қоплана бошланди.

Китоб туманидаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернат устози, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Бахтиёр Абдиевга кўра, репетиторликнинг кучайиб кетишига олий таълимга киришдаги коррупция ҳам сабаб бўлган.

 

– 1 август куни “бункер”лар ишларди, ҳаммамизга маълум. Ҳатто 108 та саволга юз фоиз жавоб бериб, тўлов-контрактга ўқишга кирган шогирдларимиз бор. Мактабни битирган абитуриент армиядан имтиёз олган аскарлар, “бункер”ларга қарши кураш олиб боришга мажбур эди. Бунинг учун кучли тайёргарлик керак бўлган ва мактаб таълими етарли эмасди. 2016 йиллардан сўнг вазият ўнгланди, – дейди Бахтиёр Абдиев.

 

Тўрт фарзанднинг отаси бўлган Одил Қаршиев 61 ёшда. У 1985 йилгача, яъни 34 ёшга қадар ўқишга киришга ҳаракат қилиб, муваффақиятсизликка учраган. Собиқ иттифоқ даврида на тест тизими бор эди, на репетиторлар... Афсуски, Қаршиевнинг уч ўғлига ҳам олий маълумот олиш насиб этмади, фақат кенжа фарзандигина ўқишга кира олди. Отанинг “аччиқ тажрибаси”га кўра, қўшимча дарсларга бориш эвазигагина ўта қийин саволларга жавоб бера олиш мумкин.

 

– 2006–2016 йиллар ўқишга кириш тест синовлари абитуриентлар учун ҳақиқий “жанггоҳ”га айланди. 1 август куни ҳамма “фронт”га отланса, 15 август куни кўчалар, қўпол қилиб айтганда, юз минглаб имтиҳондан йиқилган “мағлуб аскарлар”га тўлиб кетарди, – дейди у. – Афсус, уч ўғлим университетга кира олмади. Улар анча тиришқоқ ва зеҳнли эди. Лекин мактаб билими етарли бўлмади, репитеторлик машғулотларига эса қатнамаган эди. Тўртинчи ўғлимни академик лицейда ўқитдим, Ҳар учта фандан жиддий тайёрланишга мажбурладим. Масалан, тарихдан 5–11-синфлар дарслигини сув қилиб ичиб юбориши керак. Бизда эса 10-синфни тугатган ўқувчи 9-синфдаги маълумотни унутиб юборади. Репетитор такрорлатади, керак бўлса ёдлатади. Натижада тўртинчи ўғлим биринчи йилнинг ўзидаёқ давлат гранти асосида талабага айланди. Айтмоқчи бўлганим, амалдаги таълимда ҳатто кучли ўқувчи ҳам ўз устида қўшимча ишламаса, ўқишга кира олмай оддий ишчига айланиши мумкин.

 

Абитуриент эса ушбу вазиятда ўқитувчиларни айбламоқда. Биз билан суҳбатлашган  Шаҳзод М. баъзи сабабларга кўра ўз шахсини очиқлашни истамади:

 

– Айб кўпроқ ўқитувчиларда дея оламан. Чунки мактаб болани етти ёшида қабул қилиб олади ва у билан йиллар давомида шуғуллунади. Натижа эса кўп ҳолларда қониқарли бўлмайди. Ўқувчи репетиторга бораётган экан, бу унинг ўқитувчиси ўз вазифасини чала бажараётгани исботидир.

Ўзим тарих фанидан қўшимча дарсга бораман. Мактаб устозимиз мавзуни наридан-бери тушунтиради, айтарли савол-жавоб ҳам қилмайди. Интернет материаллари, кўргазмали қуроллар билан ишламайди. Куни ўтса бўлди. Ўқитувчиларнинг кўпчилиги маош учун ишлаяпти, деб ўйлайман. Репетиторда эса мақсад бор. У пул олади, мана шу омил болалар билан жиддий ишлашга ундайди. Репетиторда муддао – ўқишга киритиш. Натижа эса ниятга ва ҳаракатга боғлиқ. Масалан, мактабда 10-синфда фақат Биринчи жаҳон уруши мавзусини ўргансак, репититорда унинг сабаблари, хроникалари билан танишамиз. Бир пайтнинг ўзида 6–10-синфлар мавзусини қайтарамиз, тестлар ечамиз, – д
ейди Шаҳзод М.

 

Китоб туманидаги 50-умумтаълим мактабининг олий тоифали математика ўқитувчиси Парвоз Элмирзаевга кўра, мактаб дарси ва репетиторлик бир-биридан тубдан фарқ қилади:

 

– Анъанавий дарсда мажбурийлик принципи ишлайди. Яъни ўқувчи истайдими-йўқми, математикани ўрганиши керак. Лекин ўттиз боладан бир нечасигина фанга ҳақиқатда қизиқиши мумкин. Дарсда математикани мутлақо хуш кўрмайдиган ўқувчилар билан ҳам ишлаймиз ва бу бизнинг ўқитувчилик бурчимиз. Репетиторлик эса ихтиёрийлик тамойили асосига қурилади. Тўғри, уларнинг орасида ота-онаси, бобосининг тазйиқи билан ўқишга тайёрланувчилар топилади. Лекин кўпчиликда истак бўлади.

Давлат дарси 45 дақиқага мўлжалланган. Шу вақт ичида уй вазифалари, янги дарс, савол-жавоб, ўқувчилар билан ишлаш каби вазифаларни бажаришга мажбурмиз. Математика шундай фанки, айрим тенгламалар, масалалар ечими борасида соатлаб тортишиш ва ўрганиш мумкин. Репетиторликда, масалан, ўзим ҳатто 4 соатгача дарс ўтган вақтларим бўлади,
– дейди Парвоз Элмирзаев. – Албатта, қўшимча дарсларсиз ўқишга кирганлар бор ва уларнинг сони кейинги вақтда кўпайди ҳам. Тушунтириб бераман: бизнинг мактабда, мана тўрт йил бўлди, вазирлик ташаббуси билан вариатив синфлар очилди.

Вариатив синф 8-синфда тузилади. Дастлаб асосий (ихтисослашган, масалан, математика) фанлар оз-оздан кўпайтирилади, 10-синфга келиб ихтисослашув кучайиб, дарс жадвали деярли 3–4 фандан иборат бўлади. Бундай синфлар ўз-ўзидан олий таълимга киришга йўналтирилади. Ана шу синфлардан талабага айланган ва бугунги кунда университетларда ўқиётган шогирдларим бор. Айтмоқчи бўлганим, ушбу тажриба қайсидир даражада репетиторликка қарамликни камайтирди.

 

Парвоз Элмирзаевга кўра, қўшимча дарсларга эҳтиёжнинг яна бир сабаби – дарслар кириш имтиҳони саволлари мавзусини тўлиқ қамраб ололмайди. Масалан, математика дарсликларини сув қилиб ичиб юборсангиз ҳам, тест синовида қайсидир мавзудан қоқилишингиз аниқ. Шу сабабдан қўшимча дарсларда бошқа манбалар, қўлланмалардан мисоллар ечилади, шуғулланилади.

 

– 10–11-синфларга бориб танлов фанлари масаласи ўртага ташланмоқда. Яъни ҳамма синф ўзи қизиққан фан билан кўпроқ шуғуллана бошлайди. Бу яхши ташаббус. Иккинчидан, 6–7- ва 10-синф дарсликлари янги чиқарилди. Эътибор берсангиз, улар фақат назария билан чекланмаган. У ерда лойиҳа ишлари, ўқувчини қизиқтирадиган расмлар, билимларни ҳаётга қўллашга ўргатувчи топшириқлар берилган. Эски дарсликлар фақат мисол ва масалалардан иборат эди. Ўқувчи синус ва косинусни назарий жиҳатдан билса-да, эртага, масалан, том ёпиш ёки қурилишда билимларини ишлата олмаса, бунақа таълимнинг кимга кераги бор?

 

Хулоса қиладиган бўлсак, репетиторлик Ўзбекистонда ҳали узоқ яшаши кутиляпти. Чунки мамлакатда ёшлар улуши юқори ва ОТМларда квоталар эҳтиёжни тўлиқ қамраб ололмайди.

Президент Шавкат Мирзиёев 22 май куни мактабгача таълим ва мактаб таълими тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Ушбу тақдимотда айтилишича, юқори синфларда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага камайтирилиб, дастурларнинг фанлараро ва синфлараро интеграцияси таъминланади. Бунда 11 та мажбурий ва 2 та танлов фани татбиқ этилади. Натижада ўқувчи ОТМга кириш учун ўзи истаган фан билан кўпроқ шуғуллана бошлайди. Мазкур ислоҳот ҳам репетиторликка қарамликни маълум даражада камайтириши кутилмоқда.

 

Улуғбек ОРИПОВ.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10356
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//