Адабиёт
...Миртемир аканикига кириб борганимда аллақачон оқшом салқини тушиб, атроф нимқоронғи тортиб қолган эди. Ҳовлида Миртемир ака атиргулларга сув сепиб юрар, садарайҳоннинг тароватли бўйи ҳовлини тутиб кетган, гулларнинг баргларига сепилган сув тонгги шудрингдай тиниқ йилтиллар, ҳовлига аллақандай бир гўзаллик бахш этар эди. Миртемир ака мени кўриши билан қўлидаги резина шлангни шундоққина атиргуллар жўягига тўғрилаб қўйдида, пешвоз чиқди.
– Кел, мулла Носир.
– Ассалому алайкум.
Одатдаги салом-аликдан сўнг ўртадаги каттагина пинг-понг ўйнайдиганга ўхшаш столга таклиф қилди.
– Марҳамат. Хўш, бояги гап нима билан тугади? деди Миртемир ака ток шохида илиғлиқ турган сочиққа қўлини артаётиб. Эгнида кўкиш финка, пижаманинг жигарранг йўл-йўл шаравари; пойчалари сув текканидан ҳўл бўлиб, шалвираб турар эди. – Ишга кирадиган бўлдингми?
– Кирадиган бўлдим шекилли, дедим сал дудмалроқ қилиб. Миртемир ака ҳайрон бўлиброқ қаради. Мен гапимга аниқлик киритдим. – Ўн беш кунлардан кейин борадиган бўлдим.
– Нега?
– «Қарағанда» романининг таржимасини битириб, машинкага берган эдим. Шуни биратўла тугатиб, устидан кўриб, нашриётга топшириб олай деб...
– Шунга рози бўлишдими ахир?
– Кутамиз, дейишдику. Рози бўлгани шу бўлса керакда.
– Яхши, деди Миртемир ака ниманидир ўйлагандай бўлиб.
– Боя келгин, бир маслаҳатли иш бор, деганингизга келувдим, дедим ўртадаги сукутни бузиб.
– Ҳа, айтгандай, деб Миртемир ака уйга йўл олди. – Мен ҳозир...
Негадир ҳовлида Миртемир аканинг болалари кўринмас, келинойимиз ошхона томонда кечки овқат билан куйманар, менинг келганимдан бехабар эди. Ҳовлида қандайдир таомнинг иштаҳани қитиқловчи ҳиди райҳон ва атиргулларнинг бўйига омухта бўлиб кетган, ҳозиргина сепилган сувдан атроф қўнғир салқин тортиб, одамга ором бахш этар, бу манзара менга – эндигина университетни тугатиб, адабиёт деб аталмиш сеҳрли гулшанга қадам қўйишни мўлжаллаб юрган муллақуруқ бир бола учун жаннатнинг гўзал бир гўшасига ўхшаб кўринар эди. Хаёл билан бўлиб Миртемир аканинг чиқиб келганини ҳам пайқамай қолибман. У киши столга поп этказиб қандайдир оғир папкани қўйганида ўзимга келдим. Қарасам, бояги таниш папка! Ҳайрон бўлиб Миртемир акага қарадим.
– Мулла Носир, сени чақирганим... деди жиддий тортиб. – Менга бугун мана бу асарни беришди. Мухтор оғаники. «Абай»нинг иккинчи жилди. Шуни таҳрир қилиб берасан, дейишди. – Менга бу асарнинг нима алоқаси бор экан, деб ҳайрон бўлиб ўтирардим. Миртемир ака бир оз сукутдан сўнг сўзида давом этди. – Биринчидан, бу менинг ишим эмас, бунақа катта асарни ҳеч қачон таҳрир қилмаганман. Иккинчидан, Некрасовни қўлга олганман, таржима қилишим керак, деб менга тикилиб қолди. Орага бир оз жимлик чўкди. – Олмасликнинг иложи бўлмади. Сенинг анча қўлинг келиб қолди. Собит оғани таржима қилиб бердинг. Таржиманг маъқул. Оғанинг «Қарағанда»сини ағдардинг. Ишончим комилки, бу ҳам жойида бўлади. Мухтор оғанинг ижоди билан ҳам яхши танишсан. Қолаверса, шу китобнинг биринчи жилдига тақриз ёзгансан. Тақризинг «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози»)дек мўътабар газетада босилиб чиқди. Одамларга маъқул. Гапнинг қисқаси: шу асарнинг таҳририга бир қарашиб юбор...
Нима дейишимни билмай қолдим. Анча вақтгача индамай ўтириб:
– Бу иш менинг қўлимдан келармикан? дедим минғирлаб.
– Келади! деди Миртемир ака ишонч билан. – Мана қозоқча оригинали. Таржима билан оригинални солиштириб, маъно бузилган жойлари бўлса бемалол тузатаверасан. Ҳали ўн беш кундан кейин ишга кираман, дедингми? Иложи бўлса шу ўн беш кун ичида кўриб берсанг. Ўзингнинг қўлёзмангни, ёш нарсасан, ишлаб юриб кўрсанг ҳам бўлаверади.
– Майли, дедим сал чўчиброқ.
Чўчишимнинг боиси бор эди албатта. Университетни эндигина тугатганман, шаҳарда турар жой йўқ, оиламиз шаҳардан олтмиш чақирим нарида Вревский (ҳозир Олмазор деб аталади) деган жойда истиқомат қиларди. Мен энди қўлёзма билан оригинални олиб ўша ёққа кетиб ишлаш ниятида ишончсизроқ гап қотдим.
– Унда беринг қўлёзмани...
– Олиб кетмоқчимисан?! Йўқ, буни бериб бўлмайди. Зумрадхоним сал тихирроқ таржимон. Мендан тез-тез хабар олиб турмоқчи, деди Миртемир ака. – Яхшиси, шу ерга келиб ишлай қол. Мана бу уйга жой қилиб бераман, дарвозадан кираверишдаги ўнг қўлдаги кичкина уйга ишора қилди. – Бемалол ишлайверасан. Зумрадхоним келиб қолгудай бўлса, кўринмасликка ҳаракат қил...
Миртемир ака шундай дедию, қорнини ушлаб қотиб-қотиб кулди. Мен у кишининг гапига кўндим: эртадан бошлаб келиб ишлайдиган бўлдим.
– Тўраш! деб чақирди Миртемир ака. У киши нимагадир келинойимни шундай деб чақирарди. Ваҳоланки, келинойимнинг оти Ёрқиной эди. – Бир чой ичайлик.
Ҳаммамиз дастурхон атрофига жам бўлдик...
* * *
Ўқишни эндигина тугатган, наздимда ҳеч қандай иш мендан қочиб қутулолмайдиган, ҳали ялқовлик нима эканини билмайдиган, ишлаб толмайдиган вақтим эмасми, ўн кун ичида романнинг учдан бир қисмини шариллатиб кўриб ташладим, ўзимча. Қанчалик таҳрир қилдим, сифати қанақа бўлди – бу бир Худонинг ўзига маълум. Ўзи таҳрирга муҳтож одамнинг таҳрири нима бўларди дейсиз? Миртемир ака аҳён-аҳёнда олдимга кириб, таҳрирнинг у ер бу ерини кўриб: «Ҳа, баракалла!» деб кўнглимни кўтариб қўяр, баъзан ғалат кетган жойларини қалам билан чизиб: «Бунинг ўхшамабди, мана бундоқ десак тузук бўлар», деб далда берар эди.
Иш қизғин кетаётган шундай кунларнинг бирида дарвоза эшиги одатдагисидан қаттиқроқ тақиллаб қолди. Эшикни ҳовлида куйманиб юрган келинойим бориб очди. Дарвоза олдида бўлаётган гаплар мен ўтирган хонага бемалол эшитилиб турар эди. Келинойим қандайдир бир аёл киши билан салом-алик қиларди. Негадир у аёлнинг товуши менга танишдай туюлиб, ўрнимдан туриб аста деразанинг олдига келганимда, ҳалиги меҳмон бўсаға ҳатлаб кириб келди. Дарров танидим: Зумрад опа! Оббо!
Секин лип этиб коридорга ўтдимда, катта уй орқали Миртемир ака ишлаб ўтирган хонанинг эшигини тақиллатдим. Иш билан қаттиқ бандлиги учунми ё қулоғи сал оғирроқ бўлганлиги сабабми, ҳадеганда жавоб бўлавермаганидан шартта эшикни очиб, ичкарига кирдим. Миртемир ака ўтирган жойида кўзойнаги тепасидан менга «нима гап?» дегандай қараб турарди.
– Зумрад опа! дедим мен сирли қилиб.
– Ие, деди Миртемир ака саросимада кўзойнагини олиб столга қўяркан. У ўрнидан туриб, эшикка йўналди. – Мен ҳозир... Сен шу ерда ўтиратур.
Миртемир ака чиқиб кетгач, кўнглимга келган биринчи гап шу бўлдики: «Столдаги қўлёзмаларни йиғиштирмабман ҳам. Кўриб қолса нима бўлади?» Бир оз саросимага тушиб турдимда, кейин: «Э, нима бўлса бўлар!» деб Миртемир аканинг ижодхонасини томоша қила бошладим. Бу хонага биринчи бор киришим эди. Итальян нусха катта дераза олдига улкан, бежирим ёзув столи қўйилган. Стол усти ниҳоятда бетартиб: қўлёзмалар сочилиб ётар, бир чеккада ғижимланган варақлар... Столнинг ўнг томонида русча-ўзбекча луғат очилганича турибди. Некрасовнинг уч-тўрт томи бетартиб тахланиб қўйилибди. Ўртада ҳозиргина битилган ёзувлар. Энгашиб қараб, ҳеч нарсага тушунолмадим, араб алифбесида юмшоқ қора қалам билан ёзилибди. Назаримда, бутун сатр йўқдай: ўчирилибди, қайта ёзилибди, баъзи сатрлар стрелка билан юқорига, пастга олинган, ҳошиясига кўндалангига ёзиб ташланган ва ҳоказо... Араб алифбеси менга нотаниш бўлгани учун столнинг ўнг томонига – деворга қапиштириб қўйилган китоб жавонини томоша қила бошладим. Китоблар, китоблар, китоблар!.. Зич қилиб тахлаб ташланган. Жавон ўнг томондаги деворни шундоққина энлаб турарди. Шунда, менда бир ширин орзу пайдо бўлди: «Менинг ҳам шундай жавоним, китобларим бўлармикан?»
Орадан тахминан ярим соатларча вақт ўтгач, Миртемир ака жилмайганча кириб келди. Авзойидан хурсанд эди. – Ҳамма иш жойида, деди у олдимга келиб. – Сенинг дастхатингни танимади. Меникига ўхшатди.
Миртемир аканинг гап-сўзидан шу нарса маълум бўлдики, Зумрад опани мен ишлаб ўтирган хонага таклиф қилибди. У стол устида ёйилиб ётган қўлёзмаларни, таҳрирни кўрибди. Эътироз билдирмабди чоғи. Айниқса, у ўн кунча вақт ичида романнинг учдан бир қисмини «кўриб улгургани» учун Миртемир акадан миннатдор бўлибди, бу ёғига у кишига сабр-тоқат тилаб, жўнаб кетибди. Миртемир ака афтидан бир оз чўчиб турган экан, йўқ, дастхатни таниёлмагани учун, таҳрирга унчалик эътироз билдирмагани учун хурсанд бўлиб кетиб, уни наридан-бери кузатиб қўйибдию, олдимга кирибди.
У менинг стол устига тикилиб турганимни кўриб:
– Некрасов аъло ҳазратлари, деди мамнун бир қиёфада. – «Русияда ким яхши яшайди»ни ағдариб бўлиб қолдим. Бу кетишингда бирга тугатамиз шекилли...
Миртемир ака қувлик билан қотиб-қотиб кулди. У кишининг кайфияти менга ҳам ўтди. Иккаламиз мириқиб кулишдик. Мен Некрасовнинг сариқ супер жилдли бир томини олиб, томоша қила бошладим: 1950 йили чоп этилибди, асарларининг тўлиқ нашри экан. Менинг томоша қилаётганимни кўриб, хаёлига бир гап келди шекилли Миртемир ака жавондан Некрасовнинг ҳамма томларини ола бошлади, кейин уларни стол устига қўйиб, шеърий томларини ўзига қолдирдида, пьесалари, хатлари, публицистикалари, турли ёзишмалари, биографиясини тўлдирадиган баъзи материаллари, тугалланмай қолган романлари ва умуман, прозаси кирган томларини ажратиб менга берди.
– Мана бу олти том сенга, мулла Носир. Мендан эсдалик.
– Ўзингизга керак бўлмайдими? дедим ҳаяжондан шошиб қолиб.
– Керагини олиб қолдим. Менга кераги поэзиясида.
Некрасовнинг олти том асарларини қўлтиқлаб, Миртемир аканинг ижодхонасидан мамнун қиёфада чиқдим. Сўнг ҳовлидаги стол атрофига чой ичгани ўтирдик. Бу маҳалда Миртемир аканинг болалари ҳам бирин-кетин кўчадан қайтиб кира бошлаган пайт эди.
Кеч кирди. Мен бугунги фаолиятимни тугатиб, уйга қайтиб келяпман. Ҳа, дарвоқе «уйга қайтиб келяпман», дедим. Менда уй қайда дейсиз? У пайтларда «Бедананинг уйи йўқ, қайга борса битбилдиқ», деганларидай, тўғри келган жойда тунаб кетаверар эдим. Ўқиб юрган кезларимда Пушкин кўчасидаги Дархон ариқ бекатида бир қариндошимизникида истиқомат қилиб юрдим. Бу гал ҳам «ишдан» сўнг вақтинча ўша қариндошимизникида яшаб туришга тўғри келди. Уй деётганим ўша ер эди. Йўлда кетяпману, бугунги воқеалар сира кўз олдимдан кетмасди. Айниқса, Зумрад опа келиб қолиб, Миртемир аканинг хижолат бўлганию, менинг қўрққаним...
Бу ҳолатларнинг ўзига яраша сабаблари бор эди, албатта. Миртемир аканинг хижолат бўлиши сизга маълум: таржимани ўзи кўриш ўрнига мени ҳашарга чақиргани учун, бунинг устига эллигинчи йилларнинг заҳри ҳали кетганича йўқ эди. Менинг қўрққанимнинг боиси, биринчидан, сир очилиб қолиб, Миртемир ака хижолат бўлса – менинг хижолат бўлганим эди. Иккинчидан, камина 1951 йили ўша романнинг биринчи китоби ўзбек тилида босилиб чиққанидан сўнг газетада «Абай» романининг таржимаси ҳақида тақриз ёзиб, бир оз чимдиб ўтган эдим. Унга Абдулла Қаҳҳор муҳаррирлик қилган эди. Ўш, бунинг устига ғўр «билағон» эмасмизми, таржимонни ҳам, муҳаррирни ҳам қозоқ тилини билмасликда айблаб, талай гаплар айтганман. Шайхзода домла айтганларидай, шу пайтгача бирорта ёзувчи ё таржимон «мени танқид қилганинг учун» деб танқидчига ош дамлаб берган эмас. Танқид кимга ёқади дейсиз? Энди келиб-келиб ўша одам мазкур романнинг иккинчи жилдини таҳрир қилиб ўтирса, таржимонга ёқармиди? Албатта, ёқмайдида!
Ҳай, ҳар ҳолда кўнгилсизлик рўй бермади. Мен ҳам хурсанд, Миртемир ака ҳам, Зумрадхоним ҳам. Менинг хурсандчилигим икки ҳисса эди. Некрасовнинг олти томини совға тариқасида олган эдим. Бу мен орзу қилган китоб жавонимнинг дастлабки китоблари эди. Уйга китобларни қўлтиқлаб хурсанд кириб келдим...
* * *
Атрофга куз нафаси уриб, ҳамма костюмга ўтган, япроқларнинг ранги сарғайиб, қушларнинг чуғури камайган пайт эди. Журналда иш бошлаб юборганимга икки ойлар чамаси бўлган. У пайтларда журнал нашриёт биносининг ўнг қанотида, биринчи қаватда эди. Тушликда журнал ходимлари билан Тахтапулдаги «чоллар чойхонаси»га тамадди қилгани борардик. Энди тушликдан қайтиб, хонамда ишлаб ўтирсам, Миртемир ака кириб келди. Чамаси, нашриётга бир иш билан келгану, буёққа тушган. Ўша маҳалда журналнинг муҳаррири Эркин Жабборов эди. Ҳазил-мутойибага суяги йўқ, бағри кенг одам. Бирпас Миртемир ака билан чақчақлашиб ўтирдик. Миртемир аканинг бугун негадир кайфи чоғ кўринди. Билмадим, ҳақиқатан ҳам кайфи бормиди ўшанда? Ҳар ҳолда менга шундай туюлди.
– Бизга Мулла Носир керак эдида! деди у бир оз гурунглашганимиздан сўнг.
Мен ялт этиб муҳаррирга қарадим.
– Мана мулла Носирингиз, деди Эркин ака шўхлик билан.
– Бирпас кечикса койимайсизда... деди Миртемир ака.
Бу рухсат сўрагани эди.
– Бамайлихотир. Бугунга рухсат. Аммо-лекин кўп ичиб қўймасин...
Енгил кулишдик. Менинг ичмаслигимни ҳамма биларди. Бу гап шунга ишора эди. Бирпасда столимнинг устини йиғиштириб, Миртемир акага эргашдим. Нашриёт эшигининг олдига чиққанимизда у киши мени хиёбондаги дарахтнинг тагига бошлаб бордида, чўнтагидан бир даста пул олди.
– Ма, мана буни олиб қўй, деди ҳалиги пулларни менга чўзиб.
Мен шошиб қолдим. Ҳар пулларки, шапалоқдай-шапалоқдай келади. Нуқул юз сўмлик, эллик сўмлик... Бир даста! Эски пулда, чўғи кўп!
– Ол, олавер, деди Миртемир ака ҳамон мени қистаб. – Қўрқма, бу сенинг ҳаққинг.
Мен умрим бино бўлиб бунча пулни кўрмаганман. Уни қўлимга олишдан чўчирдим.
– Қанақасига меники бўлади? дедим мен орқага тисарилиб. – Қўйинг, Миртемир ака.
– Олаверсангчи ахир, булар сеники дедимку... Анави таҳрирингга. Ҳозир беришди. Ма!
– Майли, ундоқ бўлса бўлишамиз.
– Ол дегандан кейин олаверда. Бу пуллар сеникику, ахир.
– Йўқ, иккаламизники, дедим мен сал бўшашиб, – Ахир мен... буни нашриёт сизга берганку, ахир. Таҳрир ҳам сизнинг номингизда, қанақа қилиб меники бўлсин. Мен сизга қарашиб юбордим, холос.
– Ҳа, хўп, мана бўлмаса, деб Миртемир ака ҳалиги қўлидаги бир даста пулдан учта юз сўмлигини олдида, қолганини менга узатди. – Мана, ўзимга тегишлигини олдим. Яна эллигини Қассобовга ҳам бердим. Бош бўғолтирда, пулни берадию, қўлингга тикилади. Бир нарса бермай кетолмайсан.
Мен пулни худди чўғ ушлагандай авайлаб олиб, ён чўнтагимга солдим. Пул турган жой бамисоли ёндириб борарди. Хижолатдан юзларим ёниб, худди ўғирлик устида қўлга тушгандай Миртемир акага тўғри қараёлмасдим. У бўлса менинг эгни-бошимга қараб бошини чайқарди. Нега эканини ким билсин? Балки костюмимнинг тирсагидаги бир парча ямоққа кўзи тушиб қолгандир. Эҳтимол...
* * *
Мен қаёққа, деб сўрамадим, у киши ҳам айтмади. Катта йўлга чиққанимизда қандайдир бир машинани тўхтатиб, чиқиб олдик. Машина ишчилар шаҳарчасига қараб зувуллаб борарди. Боя машина эгасига нимадир дегандай бўлувди, мен нима деганини англамадим. Қарасам, машина зувуллаганча Миртемир аканинг уйи олдидан ўтиб кетди. Ҳайрон бўлдим. Қаёққа кетяпмиз? Бир маҳал машина ҳозирги Миконд заводининг олдига бориб тўхтади. Миртемир ака кира ҳақини тўлади. Иккаламиз бошлашиб, кўчанинг нариги томонига ўтдик. Кичкинагина бир мато дўкончаси олдига борганимизда Миртемир ака, юр, дегандай ишора қилди. Кирдик. Дўкончи билан яхши таниш шекилли, қуюқ сўрашиб кетишди. Пировардида:
– Олиб қўйдингизми, мулла? — деб сўради.
Дўкончи бошини лиқиллатиб, ичкарига кириб кетдида, қоғозга ўроғлиқ мато олиб чиқиб, пештахта устига қўйди. Шундоққина қоғознинг очиқ жойидан кўриниб турибди: тўқ кўк жун материал, ўзидан чиққан майда йўлли... Афтидан, чет элдан олиб келинган мато бўлса керак. Ялтирарди. Миртемир ака мени дўкончига кўрсатиб, бир нима дегандай бўлди. Сал матога ҳушим кетиб қолган шекилли, ўзимга келдим. Дўкончи менга бошдан-оёқ тикилиб:
– Бу болангизга уч метрдан бемалол чиқади, деди. – Берайми?
– Маъқул, беринг, деди Миртемир ака, – бу мулла болаям бир костюмлик бўлиб қолсин.
Мен ҳайрон бўлиб турардим. Ҳаш-паш дегунча ҳалиги дўкончи яна қоғозга ўраб ҳалиги материалдан олиб чиқди.
– Қанча бўлади? Миртемир ака дўкончининг жавобини кутмасдан бояги олиб қолган уч юз сўмни олиб пештахтага ташлади. Дўкончи керагини олдида, озроқ майда қайтим берди. Мен чўнтагимдаги пулдан олиб беришни ҳам унутиб, бақрайиб турардим. Чатоқ бўлди!
– Раҳмат сизга, деди Миртемир ака дўкончига.
– Келиб турсинлар, деди дўкончи икки қўлини кўксига қўйиб.
Иккаламиз қўлтиқларимизда ўроғлиқ мато билан йўлга тушдик. Менда ун йўқ. Чамаси, бугунги воқеалардан гаранг эдим чоғи.
– Уйга борамиз, деб қолди Миртемир ака кўчанинг бериги бетига ўтганимизда. – Костюмларни ювмасак бўлмайди энди.
Кўча бўйлаб аста келаётганимизда кун ботай-ботай деб қолган, атрофга оқшом салқини тушган эди. Келинойим худди бизнинг келишимизни олдиндан билгандай, ҳовлини чиннидай қилиб супуриб, сув сепиб қўйган, ўртадаги катта столда дастурхон ёзиғлик турар, болалар ҳовлини бошига кўтаришиб, бир-бирларини қувлашиб, қийқиришар эди.
– Мен сенга бир гап айтай, деб гап бошлади Миртемир ака. У анча жиддий тортиб қолди. Афтидан, айтадиган гапи муҳим шекилли. – Энди айтсам ҳам бўлаверади. Кап-катта йигитсан, дунёнинг пасти-баландини тушунадиган бўлиб қолдинг. Мен миқ этмай у кишига тикилиб ўтирардим. Энди мени уришса керак, деб ўйладим. Чунки, «кап-катта йигит бўлиб, дунёнинг пасти-баландини тушунадиган бўлиб қолганимни» юзимга солаётган оҳангда гап бошлаган эди.
– Хабаринг бор, бир маҳал мени союз аъзолигидан ўчиришган эди. Нима учун ўчиришганининг сенга кераги йўқ, деди у чуқур тин олиб. – Энди союзга қайта тиклашлари учун мен уларнинг бир шартини бажаришим керак эди. Яъни «Абай» романини таҳрир қилиб беришим керак эди. Бу ишда сен менга тенги йўқ хизмат қилдинг. Мен сендан жуда миннатдорман. Бугун мен жуда хурсандман. Союз аъзолигига қайта тикландим...
Кап-катта бир шоирга, бегуноҳ бир инсонга машъум шарт қўйилгани таъсир этдими, ҳар қалай дийдам бўшаб, кўзимга ғилт-ғилт ёш келиб, ўзимни идора қилолмай қолдим. У киши ҳам кўнгли бўшаб кетди чоғи, бўйнимдан маҳкам қучиб:
– Баъзан шундай ишлар ҳам бўлиб тураркан, мулла Носир, начора... деди. Унинг товушига ҳам титроқ инган, кўзлари ёшланган эди.
...Алламаҳалда кетиш учун рухсат сўрадим.
– Майли борақол. Ҳалиги гаплар сир, а?
– Ишонаверинг... дедим кўрсаткич бармоғимни лабларимга босиб.
– Айтгандай, мато шу ерда қола қолсин. Бир устам бор. Қўл текканда олиб бориб иккаламиз ҳам тиктириб оламиз.
– Майли...
* * *
Миртемир ака билан хайрлашиб кўчага чиққанимда теварак-атрофга қоронғи тушиб қолган эди. Кўрмаган жойнинг уйдим-чуқури кўп деганларидай, қоқилиб-суриниб борар эдим. Оёқларим одатдагидан енгилроқ ҳаракат қилар, кўнглимда тушуниб бўлмас бир мавҳум ғалаён бор эди: «Наҳотки шундоқ одамга шунақа машъум шарт қўйишса?! Наҳотки...»
Ҳа, ҳурматли ўқувчим. Бу айтиб бўлмайдиган сир эди. Бу сирни мен йигирма беш йилдирки, кўксимда кўтариб келардим. Бу сир кўнглимнинг бир чеккасида гоҳ кир бўлиб табиатимни хира қилар, гоҳ бир нурли хотира бўлиб кўнглимни ёритиб юрар эди. Ҳар қандай сир йигирма беш йил ўтгач, ўз кучини йўқотади, деган гап бор. Ҳаётда шунақа ҳодисалар ҳам бўлиб турар экан. Мен сизларга кўнглимни бўшатдим, холос.
Хуллас, шунақа гаплар...
Носир ФОЗИЛОВ
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ