Бугун ҳали дурустроқ тили чиқмаган болаларнинг телефонга боғланиб қолаётгани бизни қанчалик ташвишга солмасин, давр ўзгаришларини қабул қилишга мажбур бўляпмиз. Фарзандларимизни мобил технологиялардан “ажратиб олиш” имконсиз экан, демак, уларни зарарли матоҳдан керакли восита айлантиришнинг йўлларини топиш эҳтиёжи туғилади. Бунинг энг самарали ечимларидан бири эса, шубҳасиз, болажонларимиз учун ҳар томонлама фойдали бўладиган миллий мобил иловаларни яратиш ва оммалаштириш, назаримизда.
Тан олиш керакки, мобил дастурчилик бугунги меҳнат бозорида энг талаб юқори бўлган соҳалардан ҳисобланади, жумладан, юртимизда ҳам бу соҳа вакилларига эҳтиёж катта. Айниқса, масала болалар учун мобил иловалар ишлаб чиқишга бориб тақалганда, дастурчидан янада кўпроқ малака ва қобилият талаб қилинади. Чунки улар мобил иловани яратишда болалар руҳиятидан, қизиқиши ва дунёқарашларидан келиб чиқиб иш кўришлари керак. Шу боис, юртимизда кичик ёшдаги аудитория учун мўлжалланган миллий мобил иловалар танқислиги сабабларини, аввало, шу соҳа мутахассисларининг ўзидан, яъни мобил дастурчилардан билишга қизиқдик. Шу мақсадда 10 йиллик иш тажрибасига эга веб-дастурчи, IT девелопер Хожиакбар Хўжаев ҳамда халқаро даражадаги сениор андроид дастурчи, “ГИТА” дастурчилар академияси устози Шерзодбек Муҳаммадиевга савол билан юзландик.
Болаларга мўлжалланган ўзбек тилидаги фойдали мобил иловаларни кўпайтириш учун нима қилиш зарур?
Хожиакбар Хўжаев: Фойдали мобил илова яратиш учун яхши жамоа ва турли ортиқча ташкилий ишларга чалғимаслик имкони бўлса етарли, аслида. Яна уларни рағбатлантириш ҳам йўлга қўйилиши керак, деб ҳисоблайман. Масалан, худди “Оскар” мукофотининг номинациялари каби “Энг яхши ўйин”, “Энг яхши қаҳрамон”, “Энг яхши персонаж”, “Энг яхши ғоя”, “Энг яхши анимация” йўналишлари бўйича танлов, қўлловлар бўлса, дастурчиларда болалар учун ҳам ижод қилишга қизиқиш кучайган бўларди, менимча.
Шерзодбек Муҳаммадиев: Айни 2-6 ёшли фойдаланувчига мўлжалланган иловалар яратиш учун аввал болалар психологиясини яхши тушунадиган, улар билан кўп вақтини бирга ўтказадиган мутахассислар ва ота-оналардан фикр-мулоҳаза олиш керак бўлади. Негаки дастурчи бола руҳиятини тушуниши, уларга нималар қизиқ ё фойдали, нималарни кўпроқ ўйнашади билиши яхши натижа беради. Чунки қизиқ нарсаларнинг ҳаммаси ҳам фойдали бўлмаслиги мумкин. Шундан сўнг болалар учун қизиқарли ва фойдали бўлган техник топшириқни шакллантириб, кичкинтойларга илованинг кўриниши муҳим бўлгани учун маҳоратли дизайнер билан ишланади. Агар иловада фақат графика эмас, аудио ресурслардан ҳам фойдаланилса, эшитишга ёқимли овоз бера оладиган сухандонлар ҳам керак бўлади.
Болалар учун мобил илова ишлаб чиқишда дастурчилардан асосан нималар талаб этилади?
Х.Хўжаев: Дастурчилар иккига бўлинади: Ўзи мустақил ўрганган ва шу соҳа бўйича бирор олий ўқув юртини тамомлаганлар. Аслида, дастурчидан диплом ёки қандайдир сертификат сўраш шарт эмас, уларнинг портфолиясини, яъни қилган ишларини кўришнинг ўзи етарли бўлади. Демак, дастур яртиш учун диплом шарт эмас! Шунинг учун энг аввал, ўйин ишлаб чиқаётганда унинг кимга мўлжаллангани, яъни аудиториясини билиш зарур. Дейлик, 2 ёшгача бўлган болаларга сенсорни жилдиришга қаратилган, 2 дан 4 ёшгача бўлганларига эса фикрлашни ўргатадиган, масалан, жониворларни тўғри танлаб, уларнинг қайси бири қандай овоз чиқаришига мўлжалланган ўйинлар яратиш мумкин. Тўрт ёшдан саккиз ёшгача бўлган фойдаланувчиларга фикрлаш билан бирга, мантиқий қобилиятларини ривожлантирадиган дастурлар тўғри келади. Муҳими шу – аудиторияни аниқ билган ҳолда иловага урғу бериш.
Хўш, демак, мобил дастурчиларимиз бор, интеллектуал ресурсларимиз етарли экан, унда нега болажонларимиз учун миллий мобил иловалар ҳалигача анқонинг уруғи бўлиб турибди?
Ш.Муҳаммадиев: Пул, аниқроғи пульсизлик сабаб. Ўзбекистондаги мобил иловаларнинг стартап ҳолатлари жуда ҳам кам, яъни хайрия учун чиқарилган мобил иловалар йўқ ҳисоби. Ҳаммаси маълум бизнесни автоматлаштириш ёки шу бизнесга йўналтирилган бўлиб, манфаатдор тадбиркорлар томонидан молиялаштирилади. Мобил иловаларни бепул чиқарадиганлар, одатда, реклама ҳисобига фойда кўришни кўзлашади. Болаларга мўлжалланган мобил иловаларда бўлса реклама учун контентлар чекланади ва табиийки, даромад ҳам тушиб кетади. Тан олиш керак, болаларга бағишланган хориж тилидаги мобил иловаларни ишлаб чиқаётган ўзбекистонлик дастурчилар кам эмас, лекин масала пулга бориб тақалгандан кейин улар ўзбек тилидаги мобил иловаларни яратишга қизиқиш билдирмайди.
Ўзбек тилидаги болалар дастурларини кўпайтириш, оммалаштириш учун халқимизни уларни сотиб олишга ўргатиш керак. Қачонки, юртдошларимизда мобил илова харид қилиш маданияти шаклланса, табиийки, ишлаб чиқариш ҳам кўпаяди. Шунингдек, уларнинг сонини ошириш учун давлат ёки тегишли ташкилотлар томонидан ҳомийлик қилиниши, турли танловлар ташкиллаштириш, умуман, бу йўналишга қўшимча маблағ ажратилиши керак, деб ҳисоблайман.
Гап маблағга бориб тақалар экан, битта мобил илова яратилиши учун қанча маблағ керак бўлади?
Ш. Муҳаммадиев: Болалар учун мобил илова яратишга сарфланадиган маблағнинг энг кам миқдорига тўхталаман, чунки энг қиммати шунча бўлади деб айтолмайман, унга қанча ажратсангиз кетаверади. Бундай илова яратиш учун камида битта мобил дастурчи ва дизайнер керак бўлади. Агар дастур матнли ёки аудиоли бўлса, уни ёзиб берадиган мутахассислар ҳам жалб қилиниши керак, шунга қараб нарх ҳисобланади. Шунингдек, ўйин учун сценарий тузадиган одамга ҳам пул ажратилади. Мисол учун, Ўзбекистонда мобил дастурчиларнинг ўртача ойлигини 1 000 доллар деб ҳисобласак, дизайнерлар ҳам ўртача шунақа иш ҳақи олади ва улар ишни бир ойда битиришса, кичикроқ иловани яратиш 2 000 доллар ва ундан кўпроққа тушиши мумкин.
Сир эмас, бугунги кунда яратилаётган аксарият мобил иловалар, биринчи навбатда, даромад келтиришга қаратилган. Айниқса, турли таваккалчиликка асосланган мобил дастурлар кўпчиликнинг ёстиғини қуритиб улгургани ҳам ҳақиқат. Афсуски, мана шундай мобил иловаларга миллионларни сарфлаётган тадбиркорлар ёки уларнинг қармоғига илинганлар маблағларининг ҳеч бўлмаганда юздан бирини болалар учун инвестиция қилиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмасалар керак. Йўқса, шу вақтгача болаларни ривожлантиришга мўлжалланган ўнлаб мобил иловаларимиз аллақачон фарзандларимизнинг севимли ўйинларига айланиб улгурар эди. Маблағи борлардан бундай ташаббус чиқавермагач, айланиб-нетиб барибир давлат идораларига суянишга, улардан нажот излашга тўғри келади. Бугунги кунда ушбу вазифани баҳоли қудрат бажараётган Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан турли стартап лойиҳалари молиялаштирилмоқда, улар орасида айнан мобил илова яратиш билан боғлиқ лойиҳалар ҳам йўқ эмас. Масалан, Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг расмий сайтида берилган маълумотларга кўра, 2023 йилда молиялаштирилган жами 38 та стартап лойиҳасидан 11 тасини, яъни 30 фоизини ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ташкил этиши кўрсатилган. Шу боис, мобил дастурчиларни қўллаб-қувватлаш ва болаларга мўлжалланган мобил иловалар яратиш бўйича Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан қандай имкониятлар йўлга қўйилгани, умуман, давлат томонидан бу борада қандай шароитлар яратилганини билиш учун Агентликнинг Стартап экотизимини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Абдулазиз Суяровга мурожаат қилдик.
Абдулазиз Суяров: Вазирлар Маҳкамасининг 133-сонли қарорига кўра, бир йилда камида 2 марта стартап лойиҳаларини танлаб олиш ва молиялаштириш танловини эълон қиламиз. Келиб тушган лойиҳаларни 15 кун давомида инсон омили аралашувисиз фақат онлайн тарзда, электрон почта ёки махсус платформа орқали қабул қиламиз. Шундан сўнг лойиҳалар уч босқичли экспертизадан ўтказилиб, стартап экотизимида фаол бўлган лойиҳа ташаббускорлари, иқтисодчилар, олимлар ва мутахассислардан иборат етти кишилик экспертлар кенгаши томонидан кўриб чиқилади. Улар очиқ овоз бериш йўли билан лойиҳани молиялаштиришга тавсия беришади ёки рад этишади. Шунингдек, жараёнда қатнашувчиларга дастурни қайта кўриб чиқиш имконияти ҳам тақдим этилиши мумкин. Тавсия этган лойиҳалар Олий таълим, фан ва инновация вазирлиги ҳузуридаги Илм-фан ва инновациялар кенгашига киритилади. Ушбу кенгаш муҳокамасида ҳам лойиҳани молиялаштириш бўйича овоз берилиб, тасдиқлаб олинади. Бунда лойиҳа муаллифи эмас, балки илмий-техник кенгашнинг раиси иштирок этади ва дастурни ҳимоя қилади. Ҳар бир босқич шаффоф ҳолда ўтказилади, улар бир-биридан мутлақо мустақил, яъни ягона ташкилотга ёки ягона бир таркибий бўлинмага бўйсунмайди. Хусусан, техник экспертиза алоҳида ташкилот, молиявий-иқтисодий экспертиза эса ундан бошқа масъул бўлинма томонидан ўтказилади. Умуман, илмий-техник кенгаш мустақил экспертлар жамоасидан тузилган. Мана шу тартибда стартап лойиҳаларини исталган киши топшириши ва ғолиб бўлиши мумкин.
Инновацион ривожланиш агентлиги бераётган имкониятлар сабаб 2-6 ёшли болалар учун мўлжалланган бирорта мобил илованинг стартап лойиҳаси ишга туширилганмикан?
А.Суяров: Ҳозирги кунга қадар Инновацион ривожланиш агентлиги 175 та лойиҳани қарийб 10 млн АҚШ долларига тенг миқдорда молиялаштирган. Бу 5 йиллик кўрсаткич ҳисобланади. Ушбу давр ичида энг кўп молиялаштирилган лойиҳалар IT соҳасига тўғри келади. Улар ичида болалар таълимига ихтисослашган платформалар бор. Мисол учун, Data science ёки IT соҳасини ўргатишга қаратилган таълим платформалари, шунингдек, нутқида нуқсони бўлган болалар учун турли ўйинчоқлар ишлаб чиқаришга оид стартап лойиҳаларини молиялаштирганмиз. Аммо болалар учун хусусий мобил иловалар шу кунгача молиялаштирилмаган. Чунки бундай иловалар яратиш борасида бирор танловимизга таклиф келиб тушмаган. Биз эса танлов ташкилотчиси сифатида келиб тушган лойиҳалар қамрови билан чекланишга мажбурмиз. Агар бундай дастурлар таклиф қилинган бўлса ҳам экспертиза босқичларидан ўтмаган, яъни лойиҳа тўлақонли шакллантирилмаган бўлиши мумкин. Мобил иловалар кўпинча дастурчилар, бозордаги энг йирик ва энг тажрибали бўлган стартапчилар томонидан таклиф этилади, одатда. Улар болаларга мўлжалланган мобил иловалар йўналишидаги муаммоларни кўра олмаётган бўлиши ҳам мумкин. Биз ҳар қандай инновацион, ҳар қандай долзарб стартап лойиҳасини кўриб чиқиш ва муносиб кўрилса, молиялаштиришга очиқмиз.
Мавзуни ўрганишдан аввал миллий иловаларни яратиш қийин, маблағ кўп кетади, бизда пул камдир, деб ўйлагандим. Аммо, ажабланарлиси, бугун бизда бунинг учун маблағ ҳам, мутахассис ҳам, вақт ҳам етарли экан. Унда муаммо нимада, балки ҳафсалада, балки бирозгина миллий ғурур, болаларимиз ва келажак олдидаги масъулиятда, балки нафсимиздадир. Нима бўлгандаям, яна ўн беш, йигирма йилдан сўнг бизга бутунлай бегона авлод яралишини, миллат тақдирини, болаларимизни бегона қўлларга топширишни истамасканмиз, бугун ўз маҳсулотларимизни яратишнинг айни вақти. Акс ҳолда кеч бўлиши, бугун аялган 20-30 минг миллионлаб доллар зарарга айланиб кетиши, миллийлик, ўзлик бой берилиши ҳеч гапмас, афсуски. Чунки бугун фарзандларимиз қўлидаги овунчоқлар ичини бегоналар эгаллаган...
Суҳбатнинг видеотасвирини ушбу ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.
Азиз МАТЁҚУБОВ тайёрлади
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ