Коммунистик мафкурадан воз кечмаган “Хитой орзуси” нима?


Сақлаш
23:16 / 29.05.2023 814 0

Хитой – қадимий тамаддун ўчоқларидан бири, тўрт минг йилдан зиёд тарихга эга ўлка. Асрлар давомида ўзига хос маданий-ахлоқий қадриятларига эга бўлган мамлакат бугунги глобаллашув даврида миллий манфаатларга мос мафкурани шакллантириш борасида изланмоқда.

 

Маълумки, собиқ Иттифоқ таназзулга юз тутгач, ихтиёрий-мажбурий тарзда биродарга айлантирилган социалистик давлатлар қурамаси ҳам кўз юмиб-очгунча парчаланиб кетди. Ҳурликка эришган иттифоқдош республикалар коммунистик мафкурадан воз кечиб, демократик жамият қуришга бел боғлади. Собиқ социалистик лагерь вакилларининг бу йўлдаги уринишлари силлиқ ва равон кечаётгани йўқ албатта. Гоҳ ютуқ, гоҳ ютқизиқлар билан давом этмоқда бу жараён.

 

Ер юзидаги саноқли давлатлар сафида Хитой ҳам коммунистик мафкурага содиқ қолмоқни афзал билди. Чин сиёсатчилари шўро салтанатининг қулашига биринчи галда унинг ҳаётдан бутунлай узилиб догмага айланган мафкураси сабаб бўлганидан хабардор эди. Шунга кўра коммунистик тартиб ҳаёт талабларига қайта мослаштирилиб, бозор ислоҳотларига кенг йўл берилди, давлат мафкураси замонга мослашувчан бўлишига эътибор қаратилди. Аксар қисми қашшоқликда яшаётган аҳоли турмушини ўнглаш, фаровонлигини ошириш иқтисодий ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди.

 

Хитой азалдан ўз давлатчилигининг дунёда устун мавқега эга эканига урғу бериб келган. Ўлкада асрлар давомида ҳукм сурган дунёқарашга кўра, Ер юзидаги барча мамлакат ва халқлар император – осмоности тождорига бўйсунмоғи лозим эди. “Ўзгаларга ўхшамаслик” тамойилига асосланган сиёсий тафаккур Хитойнинг халқаро майдонда ёлғизланиши, тараққиётдан ортда қолишига олиб келди. ХIХ асрда мамлакатга европаликлар кириб келгач, ҳукмрон дунёқарашнинг таги пуч экани аён бўлди. Тарих саҳифаларига “Aфюн урушлари” сифатида муҳрланган жангларда Буюк Британия қўшини уюштирган қақшатқич ҳамлалар ўлка аллақачон қолоқликка юз тутганини яққол исботлади. Мозийнинг мустамлакачилик билан боғлиқ қора саҳифалари хитойлик аҳли тафаккур учун аччиқ сабоқ бўлди. Ўшандан буён жамият улкан хатони такрорламаслик мақсадида тараққиёт йўлини доимий таҳлил-тафтиш этиб боради.

 

Ҳозир ҳам Хитой сиёсий тизимида мафкура тақдируламал вазифани бажаради. Тараққиёт модели, миллий манфаатлар, давлат аҳамиятига эга лойиҳалар мазмун-моҳияти мафкура мезонига кўра белгиланади. Бугунги кунда Хитой ички ва ташқи сиёсати сабаб халқаро майдонда бот-бот танқид қилиниши сир эмас. Мамлакат раҳбарияти ана шундай омонсиз рақобат муҳитида аҳолини ягона мақсад йўлида жипслаштиришда ҳам ғояга таянади.

 

Яқин вақтларгача Хитойда Ғарбга хос ҳаёт тарзига қизиқиш юқори бўлиб, шахс эркинлиги айрича қадрланар эди. Бироқ 2013 йилда ҳокимият тепасига Си Цзиньпин келгач, мафкуравий майдонда ҳам туб ўзгаришлар юз берди. Давлат етакчиси “янги даврда хитойча хусусиятларга эга социализм” қуриш ғоясини эълон қилди, мухолифларга нисбатан муросасизлик кучайди. Коммунистик партияда кенг қамровли аксилкоррупция тадбирлари ўтказилиб, юз минглаб аъзоларга қарши жиноий иш очилди. “Тозалаш” тадбири фуқароларда “давлат раҳбарияти очиқ ва адолатли сиёсат юритмоқда”, деган фикрни шакллантирмоқ учун ҳам керак эди.

 

Чин юрти иқтисодий тараққиёт борасида улкан ютуқларга эришган бўлса-да, демократия ва шахс эркинлиги бобида эътироф қозона олмади. Шу сабаб ҳам жамиятда Хитой маданияти ва анъанавий турмуш тарзи Ғарб қадриятларидан устун деган дунёқарашни шакллантириш зарурати туғилди. Аҳолини “бегона қадриятлар”дан ҳимоя қилиш ва миллий мафкура теграсида бирлаштириш устувор вазифага айланди.

 

Мамлакатда марксизмга асосланган коммунистик мафкура ҳануз етакчи ўрин эгаллайди. XX аср ўрталарида, Хитой Халқ Республикаси ташкил этилган дастлабки даврларда Карл Маркс таълимоти халқни чет эл босқинчиларига қарши курашга сафарбар этиш, урушдан кейин вайронгарчиликларни бартараф қилишда ўзига хос маёқ вазифасини ўтаган эди. Ўтган вақт мобайнида ҳукмрон мафкура эврилишга учради. ХХР асосчиси Мао Цзэдун даврида марксизм қонун-қоидалари жамият ҳаётини тўлиқ назорат қилган, аҳоли турмуши буткул сиёсийлаштирилган бўлса, кейинчалик “ислоҳотлар меъмори” Дэн Сяопин социалистик бозор иқтисодиёти барпо этиш дастурини амалга татбиқ этди.

 

Хитойда кўппартиявийликка асосланган рақобат муҳити йўқ, монопол мавқедаги коммунистик партия 100 миллионга яқин аъзога эга. Шундай бўлса-да, давлат бошқарув тизими барқарор фаолият юритмоқда. Бу феноменал ҳолатни Хитой халқининг асрлар давомида шаклланган ҳукмдорга содиқлик ва одил бошқарув хусусидаги сиёсий тафаккури билан изоҳлаш мумкин.

 

Марксизм таълимоти ўтган асрда Хитойда кескин синфий курашларга сабаб бўлган эса, у ҳозирги вақтда жамиятни бирлаштирувчи бош ғоя ўлароқ қабул қилинади. Шунга кўра ижтимоий адолат ва тенгликни таъминлаш, жамият турли қатламлари манфаатларини инобатга олиш, бойликларни адолатли тақсимлаш, муҳтож табақани ижтимоий ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилади. Бозор тамойиллари устувор бўлган, миллионлаб хусусий компаниялар фаолият юритаётган бир вақтда миллий иқтисодиётда етакчи ҳисобланган юзлаб гигант корхоналар давлат тасарруфида қолаётир. Ҳукумат бу ҳолатни “тараққиёт муайян гуруҳлар эмас, балки умумхалқ манфаатларига хизмат қилмоғи лозим” экани билан асослайди.

 

Азалдан Осиё халқлари маданиятида жамоа манфаатларини шахс манфаатларидан устун қўйиш урф бўлиб келган. Инчунин, хитойликлар ҳаётида ҳам зиддият ва низоларга берилмаслик, ҳокимият ва ҳукмдорга садоқат, сиёсий анъаналарга ҳурмат руҳи муҳим ўринга эга эди. “Осмоности ўлкаси”да адолатли бошқарув ҳақидаги қарашлар, Ғарб сиёсий маданиятидан фарқли равишда, асосан ҳукмдорнинг одоб-ахлоқи ва одиллиги билан боғлиқ мазмунни ўз ичига олади.

 

Ҳар қандай мафкура давр ўтиши билан янги талаб-тамойилларга мослашмоғи лозим. Хитойда ҳам ҳукмрон мафкурани бугунги давр билан уйғунлаштириш долзарб масалага айланган.

 

XXI аср бошида мамлакат мафкура майдонида марксистик қарашлар билан бир қаторда конфуцийчилик, даосизм каби анъанавий таълимотлар ҳам оммалаша бошлади. Айниқса, аҳоли орасида бир неча минг йиллик тарихга эга конфуцийчиликнинг таъсири ортди. Конфуций таълимоти ҳокимият легитимлигини мустаҳкамлаш, глобаллашув жараёнида миллий ўзликни сақлаш воситаси ўлароқ қўлланди. Лекин конфуцийчиликнинг Ғарб маданиятига қарши қўйилиши либерализм билан бир қаторда марксизм учун ҳам кучли зарба бўлди. Ушбу таълимот тарафдорларининг фикрича, Европада шаклланган марксизм-ленинизм ғоялари мамлакатни тўлиқ ғарблашувга етаклайди, бинобарин, замонавий муаммоларга Ғарб сиёсий демократиясидан фарқланувчи, “инсоний бошқарув”га асосланган конфуцийлик мақбул ечим бўла олади. Коммунистик партия ишбошилари ҳам марксизмни ислоҳ этиш, таъбир жоиз бўлса, хитойлаштиришда Конфуций ғояларидан самарали фойдаланмоқда.

 

Хитойнинг миллий тараққиёт бобида ўт ва сув каби бир-бирига терс тушунча ва ғоялар ўртасида уйғунликни топишга қаратилган саъй-ҳаракатларини теран тадқиқ этмоқ лозим. Боя қайд этганимиздек, Хитой раҳбарияти социалистик давлатлар орасида биринчилардан бўлиб бозор ислоҳотларига киришди, иқтисодиётда социалистик ва капиталистик ишлаб чиқариш турларидан қай бири афзал экани ҳақидаги назарий баҳсларни бир четга суриб, кўпроқ амалий ишлар билан шуғулланди. Сирасини айтганда, иқтисодий сиёсат Ғарбга хос тараққиёт модели асосида юритилди. Йиллар ўтиб ислоҳотлар ўз мевасини берди, ишлаб чиқариш бобида мисли кўрилмаган ютуқларга эришган Хитой дунёнинг иккинчи рақамли иқтисодиётига айланди, юз миллионлаб инсонлар қашшоқлик домидан халос бўлди. Қизиғи, ана шундай шароитда ҳам давлат иқтисодиётда етакчилик ролини бермай келмоқда.

 

Пекин ҳукумати сиёсий тузум ва ғоявий қарашларига нисбатан танқидларга фаол жавоб беришга интилади. Масалан, АҚШ Давлат департаментининг дунё мамлакатлари бўйича йиллик ҳисоботларида Хитой инсон ҳуқуқлари поймол этиладиган автократик давлат сифатида баҳоланади. Хитой ҳам Америкада инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳақида жавоб ҳисоботлар эълон қилиб боради. Пекин расмийлари фикрича, Қўшма Штатлар инсон ҳуқуқлари масаласидан бошқа мамлакатларнинг обрўсини тўкиш учун сиёсий қурол сифатида фойдаланади.

 

Хитойда аҳолини расмий мафкурага зид, хорижий ахборот манбалари тарқатадиган ёт ғоя ва зарарли ахборотдан муҳофаза қилиш мақсадида интернет маконида “Олтин девор” деб номланган дастур ишлаб чиқилган. Шу тариқа давлат сиёсати ва партия қадриятларига гард юқтирадиган ахборотлар йўли тўсилади. Интернет фойдаланувчилари чекловлар сабабли аксарият ҳолларда хорижий ахборот манбаларидан фойдалана олмайди. Чет эл сайтларидан фойдаланиш учун тегишли рухсатномага эга бўлиш талаб этилади.

 

Ижтимоий барқарорликка путур етказадиган ҳар қандай маълумот жамият учун зарарли деб топилиши мумкин. Ҳозир Хитойда 50 мингдан зиёд ходим интернетдаги маълумотлар мазмунини кузатиб боради.

 

Aлбатта, замонавий ахборот жамиятида кўп миллионли аҳолига бир хил нуқтаи назарни сингдириш деярли имконсиз иш. Бироқ ҳукмрон партия биринчи навбатда одамларнинг асосий масалаларда у билан якдил бўлишини истайди.

 

Хитойнинг халқаро миқёсда қудрати ошиб боргани сари унинг дунё мафкура майдонидаги ўрни борасида турли тахминлар пайдо бўлди. Бинобарин, Пекин расмийлари мамлакат ташқи сиёсатида мафкура масаласига эҳтиёткорлик билан ёндашади. Дунёда коммунизмга нисбатан ишончсизлик, салбий муносабат илдиз отган вазиятда Хитой ташқи сиёсатда муқобил ғояларни кўриб чиқишга мажбур. Сиртдан қараганда, ташқи сиёсат мафкура омилидан йироқ, ҳукумат иқтисодий манфаатларга хизмат қилувчи кучли прагматизмга таянади, деган янглиш хулосага келиш мумкин. Аслида эса Чин ўлкаси ишбошилари аллақачон ташқи дунёга мўлжалланган мафкурани шакллантириш тараддудига тушган.

 

Либерализм ва демократик давлат таълимоти “совуқ уруш” якунига етгандан то бугунги кунгача дунё мафкура майдонида асосий ўринни эгаллаб келаётган эди. Аммо кейинги йилларда Яқин Шарқдаги ислом фундаментализми, Европа популизми, Хитой анъанавий қадриятлари либерализмга жиддий рақобат туғдирмоқда. АҚШдан кейинги қудратли давлат ҳисобланган Хитой мафкуравий қадриятлари ҳатто либерализм ўрнини эгаллаши ҳақидаги фараз ҳам янграмоқда. Мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсиши, халқаро сиёсатдаги фаоллиги, замонавий технологиялар соҳасида улкан муваффақиятларга эришаётгани каби кўплаб омиллар шу каби баҳсли фикрларга доялик қилаётган бўлса ажаб эмас. Қайд этиш жоизки, либерализм халқаро майдонда мушкул даврни бошдан кечираётган бўлса-да, ҳали ҳам энг катта таъсирга эга глобал мафкура бўлиб қолмоқда. Ҳозирда унинг кучли рақобатчиси мавжуд эмас.

 

Хитойнинг либерализм ўрнига муқобил мафкурани таклиф қилишига элита ичида мафкура борасида ягона тўхтам мавжуд эмаслиги ҳам тўсқинлик қилади. Мамлакат раҳбарияти ташқи сиёсатнинг мафкуравий асосларини белгилашда “умумий тақдир ҳамжамияти”, “уйғунликда ривожланиш” каби ғоялар, иқтисодий прагматизм ёки анъанавий қадриятлардан бирини танлашда иккиланмоқда. Фикримизча, иқтисодий прагматизм Хитойнинг халқаро таъсири кенгайишида муҳим аҳамиятга эга. Сабаби, иқтисодий ўсишнинг реал кўрсаткичлари аксар ҳолларда мамлакат имижини яхшилайди.

 

Яна бир жиҳат шуки, ички ҳаётда ҳукмрон мавқега эга марксизм ташқи сиёсатда таъсир кучига эга эмас. Марксистик мафкурада демократиянинг инкор қилиниши, синфий кураш, инқилобнинг тарғиб қилиниши бугун демократик жамият қуришга интилаётган дунё мамлакатлари томонидан қабул қилинмаслиги аниқ. Буни тўғри тушунган ҳукумат марксизмдан ташқи сиёсат қуроли ўлароқ фойдаланмайди.

 

Сўнгги йилларда “Хитой орзуси”, “хитойча хусусиятларга эга янги давр социализми” каби истилоҳлар тез-тез тилга олинмоқда. Хусусан, “Хитой орзуси” замирида дунё халқларининг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини таъминлаш, иқтисодий барқарорликка эришиш ва юқори турмуш шароитига эга бўлиш каби мақсадлар мужассам.

 

Халқаро майдонда қудрати тобора ошиб бораётган Хитой глобал таъсирга эга бошқа давлатлар сингари ғоявий қадриятларини ҳам дунёга ёйишни истайди. Бу борада турли усуллардан фойдаланилмоқда. “Тил стратегияси” ана шулардан биридир. 2014 йилдан Си Цзиньпин ғояларини халқаро миқёсда оммалаштиришга киришилди. Унинг “Давлат бошқаруви тўғрисида” номли китоби кўплаб хорижий тилларга таржима қилиниб, кўп миллион ададда нашр этилди. Шунингдек, Конфуций институтлари сингари маданий таъсир марказлари кучидан ҳам унумли фойдаланилмоқда. Ғоявий таъсир кўламини кенгайтиришда “Бир камар, бир йўл” ташаббуси ҳамда ривожланаётган мамлакатларга кредит бериш механизми ҳам муҳим ўрин тутади. Хусусан, “Бир камар, бир йўл” лойиҳасининг ютуқларини тасвирлашда “ягона тақдир ҳамжамияти” ғояси кўп тилга олинмоқда. Унга кўра, дунё давлатлари биргаликда тинч ривожланиши ва бир ёқадан бош чиқариб уйғун дунёни қуриши керак.

 

Хитойдаги мафкуравий манзара мураккаб ва ўзига хос эканини яна бир карра таъкидлаш ўринлидир. Жамиятда мустаҳкам қарор топган тарихий мафкура ва қарашлар миллий манфаат ҳамда миллий қадриятлар асосида замонавий тушунчалар билан бойитиб борилади. Бу эса ижтимоий бўҳронлар, кескин сакрашлардан муҳофаза этади.

 

Сўнгги ярим аср мобайнида Хитой мураккаб иқтисодий ва сиёсий йўлни босиб ўтди. Иқтисодиёти заиф, камбағал давлат дунёнинг энг қудратли мамлакатларидан бирига айланишида мафкуравий ўзгаришлар қай даражада аҳамият касб этди? – бу жиддий тадқиқотларга ундайдиган масаладир.

 

Таъкидлаш лозимки, Хитой мафкурасининг негизини ташкил қилувчи марксизм мамлакат равнақида муҳим ўрин тутган бўлса-да, ХХ асрнинг 50–60-йилларида миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган “катта сакраш”, “маданий инқилоб” каби сиёсий тажрибалар ҳам айни шу ғоя таъсирида амалга оширилган эди.

 

Мафкуранинг бутун жамият ҳаёти, кундалик турмушнинг ҳар бир жабҳасини назорат қилишга интилиши салбий оқибатларга олиб келиши сир эмас. Буни 1978 йилга қадар Хитойда кузатилган ҳолат ҳам тасдиқлайди. Оқибатда мамлакат қолоқлик ва турғунликка юз тутди. Дэн Сяопин раҳбарлигида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида жамият эркинлашди, иқтисодий сиёсат мафкурадан холи этилди, маҳдуд давлат дунёга юз бурди. Aммо Хитойда мафкура орқали жамият ҳаётини тўлиқ назорат қилиш, уни сиёсийлаштиришга интилиш яна кучаймоқда. Ўн йил аввал давлат тепасига келган Си Цзиньпин Хитой сиёсатида охирги вақтларда шаклланган анъанага чек қўйиб, Коммунистик партиянинг 2022 йил октябрдаги съездида учинчи марта раҳбарликка сайланди. Бу ҳодиса мамлакатда сўз эркинлигининг, фуқаролар ҳуқуқларининг чекланишига оид хавотирларни юзага келтирди. Таҳлилчилар фикрича, COVID-19 пандемияси билан боғлиқ чекловларга қарши намойишлар, ушбу хасталикдан вафот этаётганлар сони ошиб бораётган мураккаб бир вазиятда фуқаролар ҳаётини бутунлай назорат қилишга уриниш акс натижа бериши мумкин.

 

Aксар давлатларда муваффақиятсизликка учраган социализм таълимоти Хитойда истисно тариқасида ижобий натижа бергани бу халқнинг умумий мақсад йўлида жипслашуви, меҳнаткашлиги, қолаверса, ҳукмрон мафкуранинг тараққиёт талабларига кўра ислоҳ этилгани сингари омиллар билан изоҳланади. Социализмга асосланган Хитой тараққиёт тажрибаси, ривожланишни важ қилган ҳолда, сўз ва матбуот эркинлиги, шахс ҳурлиги каби қадриятларни чеклаш мумкин экан, деган янглиш хулосага олиб келмаслиги керак.

 

Авазбек ШЕРМАТОВ

 

Маънавий ҳаёт журнали, 2023 йил 1-сон.

“Хитой: мафкуравий ғовлар оша” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17391
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//