Бола ёшлигиданоқ ҳур фикр ва мустақил бўлиб тарбияланади — Фарзанд тарбиясига муносабат хорижда ва Ўзбекистонда


Сақлаш
16:16 / 29.05.2023 1054 0

Фарзанд тарбияси ташқаридан кўринганидек ёқимли жараёнлигидан ташқари, тасаввурдагидан кўпроқ масъулият талаб қилиб, узоқ давом этадиган ҳаракат ва муносабатлар йиғиндисидир. Боланинг қорин “ғам”ини ҳал этиш, тинч уйқусини таъминлаш ва уст-бошини бутлашдан ташқари, унга муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, гўзал тарбия ва халққа нафи тегадиган таълимга эга бўлишида мустаҳкам пойдевор қуриш ҳам ота-оналик масъулиятидир.

 

Тарбиянинг бутун дунёдаги мақсади эзгулик ва ёрқин келажак бўлса-да, услуб турли мамлакатларда бир-биридан фарқ қилади. Масалан, авваллари ўзбек хонадонларида оила катталарининг қошини уйиб қараши бола нотўғри иш қилаётгани тушунтириш учун етарли бўлган. Ҳозир эса бу усул “эскирган” ва самарасиз. Айтайлик, дўкондаги бирор нарса болага ёқдими, у турли хархашалар, жуда бўлмаганида, дод-войлар билан бўлса-да айтганини қилдирмоқчи бўлади. Тўғри тушунтиришлар бесамар кетгач катталар болага баланд оҳангда гапиришга мажбур бўлади. Афсуски, бу йўл “Ўзбекча тарбия”нинг ажралмас қисмига ҳам айланиб бўлган.

 

Аслида, болага нисбатан бундай муносабат кўплаб мамлакатларда турли даражадаги жавобгарликларга сабаб бўлади. Уларга қўл кўтариш эса ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиши ҳам мумкин. 

 

Ўзбекистонда

 

Ўзбек — серфарзанд, болажон миллат, дейдилар. Буни жорий йилнинг март ойидаги рақамлар ҳам қайта тасдиқлайди — Статистика қўмитасининг 2023 йилдаги дастлабки маълумотларига кўра, республика бўйича ФҲДЁ органларида 141.090 та тирик туғилиш ҳолатлари қайд этилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4.714 тага (3,5%) кўпроқ

 

Бола хонадоннинг қувончи, эртанги кунга умид бағишловчи оила аъзоси эканини билсак-да, жамиятда уларга нотўғри муносабатлар ва ҳатто, қийноққа тутиш ҳолатлари борган сари кўпаймоқда. Туғилиши ҳар бир оилага ҳам насиб этавермайдиган, ҳали тўғри-нотўғрини ажратиб билмайдиган норасидаларга нисбатан бундай муносабат энг аввало, одамийликка тўғри келмайди. Қолаверса, на қонуний на диний томонлама оқланади. Шу ўринда бир савол туғилади. 

 

Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият қандай?

 

Болалар муаммолар қаршисида ҳали ожиз, ноҳақликларга жавоб қайтаролмайдиган, ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмайдиган жамият аъзоси бўлгани билан, улар алоҳида қонуний меъёрлар билан ҳуқуқий ҳимояга олинган. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам.

 

1989 йил 20 ноябрда БМТ томонидан Бош Ассамблеянинг 44/25-Резолюцияси билан “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция” қабул қилиниб, 1990 йилнинг 2 сентябрь санасида кучга кирган. Ўзбекистон Республикаси, Олий Кенгашининг 1992 йил 9 декабрдаги 757-XII сонли қарори билан мазкур конвенцияга қўшилиб, мамлакатда 1994 йилнинг 29 июнидан биноан кучга кирган

 

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги ушбу конвенция, ҳар бир боланинг индивидуал ҳуқуқларини аниқ кўрсатиб берувчи биринчи ва асосий халқаро ҳужжат ҳисобланади. 

 

Ушбу конвенцияда 18 ёшгача бўлган ҳар бир инсон зоти бола саналиб, улар ўзининг ирқи, дини, тана ранги, жинси, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан қатъий назар, жамиятнинг барча аъзоларига хос бўлган қадр-қимматга, алоҳида ғамхўрлик ва ёрдам ҳуқуқига эга экани бошқа ҳужжатлардаги каби алоҳида тилга олинади. 

 

Унга кўра, боланинг шахси соғлом ва ҳар томонлама камолот топиши учун у оила ғамхўрлигида, бахт, меҳр-муҳаббат ва онгли тушуниш вазиятида ўсиши зарур. Бу бизнинг жамиятда алоҳида таъкидланиши шарт бўлмаган жиҳат, деган фикрни эса болалар билан содир бўлаётган бир нечта (1, 2, 3, 4, 5 ...) шафқатсизликлар рад этади. 

 

Ачинарлиси, болаларга нисбатан тазйиқ, зўравонлик ва тажовузкорона муносабатлар улар кўпроқ вақтини ўтказадиган боғча ва мактабларда ҳам содир бўлади. Бироқ, уларнинг бир қанчаси жамоатчилик фаоллари орасида муҳокама қилиниб, мутасаддилар эътиборини тортишгача етиб борар, яна кўпчилиги жабрланувчи ва зўравоннинг ўртасида қолиб кетиши мумкин. 

 

Яна бир ҳолат: Сенат маълумотларига кўра, 2022 йилда қаровсиз қолган 11 162 нафар бола оилалар ва болалар муассасаларига жойлаштирилган. Болаларни тарбиялашдан, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бош тортган 652 нафар ота-она мазкур ҳуқуқидан маҳрум этилган. 

 

Бу болалар тегишли конвенциянинг 20-моддасига кўра, ўзининг энг яхши манфаатлари йўлида оиласидан маҳрум бўлгани туфайли, давлат томонидан кўрсатиладиган алоҳида ҳимоя ва ёрдам олиш ҳуқуқидан фойдаланиб, мазкур жойларга жойланган. Қонунлар ижросининг таъминланиши бир томондан кишини хурсанд қилса, танганинг бошқа тарафи хавотирга солади. Яъни, боланинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жойланган манзилларда ҳам, афсуски, уларнинг тўлиқ ҳимояси таъминланмаяпти. Аксинча, у ерларда ҳам болалар турли даражадаги зўравонликларга учрамоқда (1, 2, 3). 

 

Жиноятчи жазоланади, масъулиятсизлар ҳам жавобини олар, бироқ бугун психологик травмалар билан ўсаётган авлод, яқин келажакда бир оила боши, фарзанд тарбиячиси, ташкилотларда етакчи ва ҳатто, бошқарувчи лавозимини ҳам эгаллайди. Ана ўшанда унинг болаликдаги кечинмалари ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Зўравонларнинг бугунги қилмиши, бутун келажакни барбод қилади. Шу тариқа жамиятнинг энг ёмон одатлари чархпалакнинг челагидаги сув мисоли авлоддан-авлодга ўтиб бораверади.  

 

Келажак ҳақида сўз кетар экан, шуни ҳам унутмаслик керакки, атрофида кўнгилсизлик, зўравонлик ва ноҳақликларни кўриб, улғаяётган авлодда норозилик кайфият шаклланадиган бўлса, у эртанги куни, таълими-ю иш фаолиятини Ўзбекистон билан боғлаши амри маҳол! Жамиятидаги нуқсонлар болаларнинг бу ерлардан узоққа чорловчи мотивацияга айланиб қолмаслиги керак. Акс холда, яқин йиллар ичида мамлакатнинг турли жабҳаларида оқсашлар яққол кўзга ташлана бошлайди. Бироқ, унда аҳоли миграцияси юқорилаган ёки руҳий носоғлом аъзолардан иборат мамлакат ўз келажагини аллақачон қўлдан бой бериб бўлган бўлади...  

 

Тарбиянинг ҳурфикрликка таъсири

 

Инсондаги таваккалчилик ёки тортинчоқлик, фикрини эркин ифода этиш ё зарур саволларни ҳам беролмаслик, мустақил қарор қабул қилиш ва аксинча, ҳар танловда яқинларининг ёрдамига эҳтиёж сезиш каби характер ва кўникмаларнинг шаклланишида тарбиянинг роли катта. Ҳатто, энг муҳим қарорларда, масалан, касб танлашда индивидуал қизиқиш ва хусусиятлардан келиб чиқиш ёки классик — доктор, ўқитувчилик каби касбларга ўзини уриш, турмуш масаласида ҳам танловдан то ҳаёт тарзигача масъулиятни ота-онага юклаб қўйиш ёки бошланғич ва якуний қарорларни ўзи бера олиш хусусияти ҳам тарбиянинг натижасидир. 

 

Масалан, Скандинавия мамлакатларида болаларга нисбатан муҳаббат уларга тўлиқ эркинлик бериш билан ифодаланади. Боланинг машғулот, фаолият ва ўйинчоқлар борасидаги танлови чекланмайди. Кун тартибига ҳам у қадар қатъий амал қилиш шартмас. Скандинавияликларнинг фикрича, тарбиянинг асосий вазифаси — боладаги ижодий қобилиятларни ривожлантиришдан иборат. Шу билан бирга, катталар болаларнинг хавфсизлигини ҳам эътибордан қолдирмайди. 

 

Мактаб ва боғчаларда болалар ўз фикрини ифода этиш ва уни ҳимоя қилишга ўргатилади. Таълимнинг катта қисми ўйин шаклида ўтказилади. Болага нисбатан педагогик чора сифатида қўлланилувчи исталган зўравонлик қатъиян ман этилади (Швецияда эса бу қонунан чекланган).  Ота-оналар ҳам болага баланд овоз оҳангида гапириши ва қўл кўтариши тақиқланган, ижтимоий хизматлар бу борада қатъий назорат қилиб боради. Болалар эса ота-онаси устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Бу ўз ўрнида жиддий оқибатларга, жумладан, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлишга ҳам олиб келади. 

 

“Oyina.uz” бу борада дунёнинг турли нуқталарида фарзанд тарбиялаётган ўзбек оналарига мурожаат қилди. Қуйида уларнинг барчасига бир хил савол бериш орқали тарбия ва болаларга муносабатнинг турли мамлакатларда фарқланишини таққослаймиз. 

 

Германияда фарзанд тарбиясининг Ўзбекистондагидан фарқи

 

Мадина Зариф. 3 йилдан буён Германияда яшайди, 3 фарзанднинг онаси:

 

 

— Ўзбеклар билан немисларнинг фарзанд тарбиясидаги катта фарқи — болага эркинлик берилишида. Немислар болани тинглайди, саволларига сокинлик билан жавоб беради ва имкони борича мустақилликка ўргатади. Аммо бу эркинлик шундайки, болада ота-онага нисбатан ҳурматсизлик ёки эркалик эмас, қандайдир дўстона ота-она ва фарзанд муносабатлари шаклланади. 

 

Бундан ташқари, болалар билан оталар ҳам кўп вақт ўтказади. Паркларда, кўчаларда болани фақат она билан эмас, ота билан ёки биргаликда юришганини кўриш мумкин. Яъни, немислар бу вазифа фақатгина аёлларнинг масъулиятида, деган қарашлардан анча йироқ. 

 

Турк оилаларида фарзанд алоҳида шахс сифатида кўрилади

 

Феруза Иззат. 11 йилдан буён Туркияда яшайди, 3 фарзанднинг онаси:

 

 

— Туркияга энди келган вақтларимда эътиборимни тортган нарса — турк оиласида фарзандни алоҳида шахс сифатида кўрилиши бўлган. Бу ерда болаларга алоҳида эътибор билан муносабатда бўлишади. Ўзбек оилаларида кўп гапирма, катталар гаплашганида аралашма, жим ўтир, дейдиган вазиятлар кўп учрайди. Туркларда эса бола кичик бўлгани учунгина фикрини ифода этишдан чекланмайди. Улар болани гапирган вақтида қулоқ тутиб, эшитади. Ҳаттоки, фарзандининг фикри билан иш тутадиган оилалар ҳам йўқ эмас. 

 

Мен эса оиламда катталардан кўриб, ўрганганим бўйича фарзанд тарбиялаганман. Ўзбекистонда болаларга тўғри тарбия беряпманми, йўқми, деб кўп ҳам ўйланмасдим. Лекин Туркияга келганда, бу ердаги тарбиянинг фарқини кўриб, бизнинг услубда ютуқлар билан бирга, камчиликлар ҳам борлигини тушуниб етдим. Шундан кейин фарзандларимга кўпроқ эркинлик бера бошладим. Уларнинг фикрлари билан ҳисоблашишни ҳам айнан Туркияда ўргандим. Ҳозирги кунга қадар бу эркнинг фақат яхши томонларини кўриб турибман. Шу билан бирга, ўзбек тарбиясининг энг яхши томонларини ҳам тажрибамда сақлаб қолганман. 

 

Бола тарбияси Америкадаги жиддий муаммоли масалалардан бири

 

Ирода Зокирова. 11 йилдан бери АҚШда яшайди, 2 фарзанднинг онаси:

 

 

— Фарзанд тарбияси Америкадаги жиддий муаммоли масалалардан саналади. Фарзандингиз нотўғри ҳаракат қилса ҳам унга баланд овозда гапиролмайсиз, уриша олмайсиз. Она ва бола ўртасида тортишув бўлаётганини, она танбеҳ оҳангида гапираётганини полиция кўриб қолса, дарров етиб келиб, вазиятни биринчи бўлиб боладан сўрайди. Уйда ҳам фарзандингизга баланд товушда гапирсангиз, қўшнилар полицияга қўнғироқ қилиб, сизникига жўнатади. Унда ҳам биринчи бўлиб бола тингланади. 

 

Маълумот учун, АҚШ бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга аъзо эмас. 

 

Болаларга бериладиган эркинлик ва уларни мустақилликка тайёрлаш ҳақидаги фикрлар эса қўйидагича бўлди.

 

Германияда

 

— Германияга келгач, немис ота-оналарини қушларга ўхшатдим. Фарзандини учишга ҳозирлаётган қушлар ҳар қанча хавотирли бўлса-да полапонини парвозга ундайди. Немислар ҳам болада ижтимоий кўникмалар ҳосил бўлишини четдан туриб кузатишини кўрдим. Шу билан бирга, бирор хавф туғилган он дарров боласи ёнига етиб келишади. 

 

Биз эса максимал даражада болага нимани қандай қилиши, нима гапириб, ўзини қандай тутишигача қарор берамиз. Натижада, болада ижтимоий кўникма ҳосил бўлиши қийин. Муносабат қуришда у бизнинг оғзимизга ва реакциямизга қараб иш тутадиган бўлиб қолади. 

 

Туркияда

 

— Аввалига, бу ердаги болаларнинг ҳаммаси жуда эрка экан, деган тасаввур бўлган. Балки, бу биз кўрган тарбиянинг акси, арзимас танловларни ҳам катталар қилиб бергани учун шаклланиб қолган тасаввурдир. Бироқ, бизнинг анъанавий тарбия методимиз қайсидир маънода тўғри — ота-она чегарани ўз назоратида ушлаши асосли, деб ўйлайман. 

 

Турк болаларининг фикри ёшликдан инобатга олиниши ҳақида эса шундай мисоллар келтириш мумкин: Масалан, кичикроқ ёшдаги бола бирор овқатни ейишни истамаса, унга бошқа танлов берилади. Ташқарига чиқиш учун нима кийиш бўйича ҳам боланинг ўзи қарор қилади. Бироқ, бу ерда чегара ўта муҳим. Ундан ўтиб, эркалик даражасига келиб қолган болалар ҳам йўқ эмас. 

 

Америкада

 

— Америкадаги болалар ёшлигиданоқ ҳур фикр ва мустақил бўлиб тарбияланади. Унга атрофдаги муносабат, қилаётган ҳаракатларидан чекламаслик, ўйлаганини айтиши учун имкон бериш каби омиллар сабаб бўлади. Улар ўзини дўстлар билан қандай бўлса, оила даврасида ҳам шундай тутади. 

 

Одатда, ўзбек фарзандига ўз сўзини айтиши учун доим ҳам имкон беравермайди. Айниқса, мулоқот ўзидан катталар билан олиб борилганида. АҚШда бола ҳар ким билан эркин сўзлашиб, фикр алмашади. Албатта, у эркинлик экан, деб хаёлига келганини айтавермайди. Аксинча, гўдаклигилигиданоқ махсус ўқитувчи-мутахассислар билан шуғуллан бу мамлакат болалари анча теран ва мантиқли фикрлайди. Уларга қулоқ солиш, қарашларини ҳурмат қилиш, биз ўйлаганимиздек талтайиб кетишига эмас, анча мустақил бўлиб етишишига, ўзини тушуниб, истиқболли танлов қилишига туртки бўлади. 

 

Бу ерда туғилган чақалоққа махсус анкета тўлдирилиб, ундаги алоҳида жиҳатларга кўра, мутахассис-устоз уйга келиб, таълим беради. Масалан, менинг фарзандим 3 ёшда. Сентябрдан бошлаб, “3-К” мактабига чиқа бошлайди. Лекин унгача мен қизимга 18 ойлигидан бошлаб махсус ўқитувчилар ёллаганман. У қалам ушлашни, турли пазллар ясашни ўргатади. Жумладан, махсус ўқитувчи, “А-В” ўқитувчи, логопед каби ўқитувчилар келиб, қизим билан ҳафта давомида кун бўйи шуғулланади. Кунлик режага кўра, боланинг ухлаш ва овқатланиши учун ҳам аниқ вақтлар белгиланади. Шу тариқа, бола максимал эркин бўлса ҳам, унда ёшлигидан тартибга автоматик риоя қилиш одати шаклланади. 

 

Гўдаклик давридан бошланадиган таълим бўйича қисқача: 

 

1.    “3-К School” — 3 ёшга тўлган мамлакат фуқаролари ва АҚШда қонуний яшаётган иммигрантлар таълими; 

2.    “Pre-K School” — 4 ёшли, юқоридаги талабларга мос болалар (ҳозирда Мексика орқали келган оила фарзандларини ҳам қабул қилмоқда) учун;   

3.    “Kindergarten School” ўз ичига 1-синфдан 5 синфгача бўлган болалар гуруҳини олади (Яъни, боғча бошланғич таълим ҳисобига киритилади); 

4.    “Middle Junior School” эса ўрта ёшли 6-синфдан 8-синфгача бўлган ўқувчиларни қамраб олади; 

5.    “High School”да ўқувчилар 9-синфдан 12-синфгача таълим олади. 

 

Болаларнинг инжиқликларига қандай йўл тутилади?

 

Германияда

 

— Кузатишимга кўра, немис болалари кўчада шўхлик, тўполон қилмайди. Қилганида ҳам бошқасига зарар бермайдиган шаклда қилади. Немисларда баланд овозда гапириш, бақир-чақир одати йўқ, назаримда. Боласи билан уришган, унинг шўхлиги учун койиганлар, тартибга чақирадиган ота-оналар бўлади, албатта. Лекин бу гаплар сокинлик ва ишонч билан боланинг кўзларига қараб тушунтирилар экан. 

 

Болага қаттиқ гапириш, уришиш ёки унга қўл кўтариш мумкин эмас. Яқинда боғчамиз ёнида у ерга келаётган бола узоқ йиғлади, онаси четда кузатиб тураверди. Бола йиғлашдан чарчагач, биргаликда боғчага киришди. Аёл болани на уришди, на туртди. Унинг йиғиси тугашини ҳеч қандай эътироз ва реакцияларсиз, фақат кутди. 

 

Фарзандим шўхлик қилганида мен ҳам деярли улар каби йўл тутаман — сокинлик билан тушунтириб, у билан келишишга ҳаракат қиламан. Буни қандайдир жавобгарлик бўлгани учун эмас, тўғри йўл деб билганимдан қиламан. 

 

 

Туркияда

 

— Турклар болаларнинг шўхлигига, нисбатан толерант халқ деб, биламан. Масалан, кўча-кўйда хархаша қилаётган боласини урган ёки қаттиқ гапириб, уришган ота-онани деярли кўрмайсиз. Бироқ, акс вазиятларга — асабийроқ бўлса, бола ота-онасига бақираётган ҳолатларга кўзингиз тушади. 

 

Ота-онанинг фарзандига баланд оҳангда гапирмаслиги ва қўл кўтармаслиги қонунан тақиқланганидан эмас, таъкидлаганимдек, бу халқ фарзандларига алоҳида эътибор қаратишидан, деб биламан. Ундан ташқари, боласи йиғлаб, қайсарлик қилаётган ота-оналарга ён-атрофидагилар ҳам ёқимсиз қараб, “Болангга қара!”, “Товушини ўчир!” ёки “Овутсанг-чи!” дейдиган муносабатда бўлмайди. Албатта, жуда чегарадан ўтадиган вазиятлар бўлади. Айтайлик, бола самолётда сизнинг ўриндиғингизни орқадан тепиб ўтириши мумкин. Бунда ҳам боланинг ўзига эмас, ота ёки онасига тўғри тушунтирилади.  

 

 

Турк ота-оналари ҳар қандай вазиятда ўз боласининг ёнини олади. Агар иккита бола уришиб кетса, уларнинг онаси ҳам бир-бири билан тортишиб кетадиган ҳолатлар ҳам бор. Умуман, бола нафақат тенгқурлари билан келишолмай қолганида, балки, бошқа арзимас масалаларига ҳам унинг ўзи эмас, ота-онаси ҳаддан зиёд қайғуришини кўриш мумкин. Тўғри, бунда фарзанд ўзини ҳимояланган, ҳар қандай вазиятда суянадиган тоғи борлигини ҳис қилиб яшайди. Лекин бунда боланинг барчасини катталар ҳал қилишига ўрганиб қолиши, кейинчалик ҳам ўз муаммоларини мустақил еча олмайдиган бўлиб улғайиши эҳтимоли ҳам бор. 

 

Америкада

 

— Америкада барча болалар “911” рақамини ёддан билади. Уларга ҳар бир таълим муассасасида “Агар ота-онанг бақирса ёки бирор киши уришса, дарҳол полицияга қўнғироқ қил!” дея уқтирилади. Шунинг учун ҳам кўча-кўйда бола дод-вой солиб бақирса ҳам, ерга ётиб йиғласа ҳам, унга ҳеч ким қўл кўтармайди, қаттиқ ҳам гапиролмайди. Бир неча дақиқа ўзига келгунича шунчаки кутилади. Мен ҳам ҳеч қачон болаларимга қўл кўтармаганман. Лекин шундай тушунтирганманки, улар бизнинг қаршилигимизга ҳам беэътибор бўлмайди. Уларга “Агар шўхлик қилсанг, полиция олиб кетиб, бошқа оилаларга бериб юборади. Кейин улар билан яшайсан ва бизни қайтиб кўрмайсан”, деб тушунтирганмиз. Ҳозирча, шу гап яхши натижа беряпти. 

 

Америкада фарзандингизга алоҳида эътибор беришингиз ўта муҳим. Бу, албатта, ўзингиз билиб бажарадиган одатлардан бири, аслида. Бироқ, буни боғча ва мактаблардаги назорати, сизни янада сергакликка чақиради. Масалан, боланинг кийинишида либослар кетма-кет такрорланадиган бўлса, унга боғчасидан молиявий муаммолар борми, бола боқишга қийналяпсанми, деган муаммоли эътирозлар бўлади. Яна уларнинг озодалигига, соч-тирноқларига ҳам ҳар куни алоҳида эътибор қаратилади. 

 

Мамлакатдаги қайси омиллар бола тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин?

 

Германия

 

— Фарзандимнинг атрофидаги дўстлар салбий таъсир қилишидан чўчийман. Ҳар қайси давлатда яшасак-да, фарзандларимизнинг дўстлик муҳити муҳим ва ота-она тарафидан доимий кузатувда бўлиши шарт бўлган мавзу, деб биламан. Бошқа томондан ҳозирча етарли тажрибам йўқ, чунки Германияга 3 йил аввал келдик, қизим 15 ёшда эди, ўғлим эса 4 ёшда. Ҳозир қизим 18 ёшда, унда катта ўзгариш бўлгани йўқ. Ўғлим 1 синфга чиқяпти. Ҳозирча тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар билан қаршилашмадим. Умид қиламанки, шундайлигича давом этади. 

 

 

Туркия

 

— Туркия ва Ўзбекистоннинг урф-одатлари фарқ қилади. Юқорида айтганимдек, бу ер ёшлари анча эркин фикрлайди. Фарзандларим  ўз фикрини айтса, уни ҳурматсизлик деб биладиган вақтлари бўлади. Бундан ташқари, улар баъзи уй ишларини бажармаганида, “Болаларинг турклашиб кетибди”, деб ҳам хулоса қилишади. Бироқ, буларга мен муаммо сифатида қарамайман. Ягона муаммо — Туркияда ёшлар ва катталар, эркак-у аёллар ўртасида чекиш одати жуда авж олган. Шундай бўлса-да, болаларим у одатлардан йироқ. 

 

 

Умуман олганда, тарбия бу ота-онанинг маҳорати, деб ўйлайман. Уйдаги тарбия кучли бўлса, ташқи омиллар болага салбий таъсир кўрсатмаслигига ишонаман. 

 

Америка

 

— Америка ҳаётининг ҳавас қилса арзигулик жиҳатлари кўп. Бироқ, ёшларга салбий таъсирлари ҳам йўқ эмас. Масалан, бу ердаги одамларнинг ҳақоратомуз сўзлар ишлатиши, сўкиб гаплашишнинг одатга айланиб қолгани болаларимга ҳам табиийдек туюлиб қолишидан қўрқаман. Бундан ташқари, бир жинслилар ўртасидаги муносабатлар ҳам мени хавотирга солади. Ўйлашимча, бу нафақат АҚШ, балки, бутун дунёни хавфга солаётган, демократия дея номланиб, қамрови кун сайин ортиб бораётган муаммолардан бўлса керак. 

 

 

Тарбия — қайси тилга таржима қилинса ҳам маъно-мақсади ўзгармайдиган тушунча эканига қарамай, амалиётдаги кўринишининг турли мамлакатларда бир-биридан фарқ қилиши ҳақиқий мисоллар орқали тасдиқланди. Унинг тусланиши, қонунларнинг эса тўғри ишлаши бевосита бола туғилган мамлакати билан боғлиқ. Дунёнинг қайсидир нуқтасида яшайдиган бола ноҳақ муносабат устида ота-онаси билан ҳам судлашишгача борса, ўзбек фарзанди нотўғри деб билган нарсасини нафақат ота-она, умуман, катталарга айтиши кўпинча бетгачопарлик ва ҳурматсизлик деб баҳоланади, яна кўп холларда эса тўғри деб билган қарашлар айтилмай ҳам қолиб кетади. Ёки бу ерда берилган эркинлик, боланинг ўзбошимча бўлиб, атрофдагиларни эшитмайдиган даражага олиб келса, қаерлардадир бериладигани унинг ижодкор шахс бўлиб етишишида ўта муҳим аҳамият касб этади. Яъни, тарбиянинг ўзбекча методикаси бошқа давлатда “яшаб кетолмагани” сингари, хорижий баъзи услублар ўзбекча муҳитда ҳам “ярамайди”. Бироқ, икки томоннинг энг яхши ва бола учун манфаатли жиҳатларини сақлаб қолиш ва айни менталитетга мослаштириб қўллаш, ҳар томонлама фойдадан холи бўлмаса керак. 

 

Муқаддас МУСАЕВА.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

12:11 / 13.11.2024 0 45
Маънавий экспертиза керакми?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10043
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//