“Мен ҳарбий одам эмас, жадидман” – тараққийпарвар Абдуллабек Мусабеков


Сақлаш
22:24 / 26.05.2023 779 0

 

Абдуллабек Мусабеков Чотқолнинг Сумсар қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси Мусабек қирғиз чорвадор бойларидан бўлиб, мингбоши лавозимида фаолият кўрсатган. Абдуллабек 15 ёшгача қишлоқда яшаб, маҳаллий мактабда савод чиқаради. Шундан сўнг Қўқон шаҳрига келиб, Мулло Қосим қозидан илм олади. 19 ёшида Қўқондаги Ҳожи Қобул Эшон мадрасасига киради ва 5 йил давомида мадраса таҳсилини олади. Абдуллабек Мусабеков 1912-1913 йиллар Наманган шаҳридаги жадид мактабида дарс бериб, юзлаб иқтидорли ўқувчиларни етиштиради.

 

Қўқонда Обиджон Маҳмудовнинг “Садои Фарғона” газетаси саҳифаларида олий таълим муаммолари, айниқса, мадраса таълимини ислоҳ этиш билан боғлиқ мунозараларга кенг ўрин ажратилган. Газетанинг илк сонида эълон қилинган мақолада ҳам мадрасаларда таълим услубининг эскиргани, уларда ўқитиш, ижтимоий турмуш ва миллий манфаатлардан узоқ эканлиги, талабаларнинг дунёвий билимларни олишда орқада қолаётганлиги ёзилган эди (Ислоҳни нимадан бошларға // “Садои Фарғона”. 1914 йил 4 апрель. № 1.). “Садои Фарғона”нинг 3-сонида мулла Абдуллабек Мусобек ҳожи ўғлининг “Ислоҳ ул-ислоҳ” мақоласи ҳам шу мавзуга бағишланган. Унда Ш.Мухторовни танқид этиб, мавжуд мадрасаларни танқид қилиш деб, уларни ёппасига ерга уравериш керак эмас, негаки, ҳозирча ушбу мадрасаларимиздан бошқа олий таҳсил оладиган муассасаларимиз йўқ, дейди. Бунинг устига, аллома даражасига кўтарилган буюк аждодларимизнинг аксари мадрасалардан чиққан. Фақат қадимда мударрислар тўй, зиёфат, таъзия ва ҳакозо деб дарсни ташлаб кетмаганлар. Муаллиф мақоласида талабаларнинг кўп вақтини бекор ўтказишига эътибор қаратади. Агар виждон билан ёндашилса, ҳозирги мадраса таълими дастуридаги барча фанларни ўзлаштириш мумкин (Ислоҳ ул-ислоҳ // “Садои Фарғона”. 1914 йил 10 апрель.), дейди.

 

Газетанинг 7-сонида Ш.Мухторовнинг “Мо фи ислоҳ ул-ислоҳ” мақоласи юқоридаги А.Мусобековнинг фикрларига жавоб шаклида ёзилган бўлиб, муаллиф “улуми қадима”ни инкор этмаслигини, фақат талабаларга дунёвий илмлар бўйича асл манбаларни эмас, ҳошияларни ўқитишга, энг мўътабар ва керакли китоблар ўрнига “Ривояти мутаноқаза”, “Жомеъ ар-румуз” кабиларни ўқитишга қаршиман, дейди. Дарҳақиқат, кенг муҳокама этилган бу мунозаралар жамоатчиликда ижтимоий фикрнинг уйғонишига, зиёлиларимиз, хусусан уламоларимизнинг ўз фаолиятларига бир оз бўлса-да, танқидий ёндашишларига сабаб бўлган эди. Абдуллабек Мусабеков 1916 йил “Талабалар жамияти” номли ташкилот тузилишида ҳам фаоллик кўрсатиб, жамият кўплаб ёшларни хориж ва Марказий Россия шаҳарларида жойлашган олий ўқув юртларига ўқишга юборишга интилади. Айни пайтда ўқитувчилик фаолиятини ҳам давом эттирди ҳамда Қўқонда чоп этилган А.Зоҳирийнинг “Юрт” журналида қатор мақолалари билан иштирок этди.

 

Абдуллабек Мусабеков тараққийпарвар уламо сифатида “Шўрои Ислом” жамиятига кирди. “Турк адам Марказият” партиясининг таъсис қурултойида қатнашди. Туркистон Мухторияти ҳукуматига расман аъзо бўлмаса-да, унинг тадбирларида фаол иштирок этди. Аҳолини Мухторият ҳукуматини қўллаб-қувватлашга чақирди.

 

1918 йил бошида Москвадан Тошкентда Ориф Клеблеев келиб, Туркистон Республикаси Миллатлар ишлари қўмитаси комиссари бўлди. Абдуллабек Мусабеков Маориф съездида иштирок этиб, нима учун қурултойда мавжуд 200 делегатнинг бор йўғи 4-5 нафаригина маҳаллий миллатлар вакиллари, деб эътироз билдиради. Натижада у қурултойдан сўнг Қўқонга партия ташкилотчиси этиб юборилади. Лекин, Абдуллабек Мусабеков компартияга киришдан бош тортади ва партияга аъзоларни кўпайтириш ишига аралашмайди. Асосан халқ маорифини ривожлантириш, мактаблар сонини ошириш, муаллимлар курсларини кўпайтириш йўлида меҳнат қилади.

 

 

Абдуллабек Мусабеков 1919 йил Қўқонда Н.Тўрақулов масъул муҳаррир бўлган “Халқ газетаси”да таҳрир ҳайъати аъзоси бўлди. 1919-1920 йиллар Қосим Сорокин масъул муҳаррир бўлган “Меҳнат байроғи” газетасида мухбирлик қилади. Унинг ўлкадаги иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг долзарб муаммоларига бағишланган кўплаб мақола ва хабарлари тегишли давр тарихини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Абдуллабек Мусабеков 1921 йил сўнгида Қўқон шаҳрига халқ судига судяликка сайланади. Айни дамда яқин дўсти таниқли эшонлар авлоди, Туркияда ўқиб келган Абдуқодир Қаюмий билан Наманган мадрасаларида мударрислик қилди. Абдуқодир Қаюмий ундан аввал кўп йиллар Маккада яшаб, илм ҳосил қилгани учун “арабий олим” деб ном олган эди. Большевиклар ҳокимияти мустаҳкамланиб бориши жараёнида Абдуқодир бир муддат совет мактабларида ўқитувчилик қилди. Бироқ, кейинчалик уйларини сотиб, Самарқанд, Термиз орқали ҳижратга чиқиб кетишга мажбур бўлади.

 

Абдуллабек 1922-1923 йиллар Наманганнинг Косон туманида халқ судида ишлайди ва “Фарғона” газетаси мухбири сифатида ҳам турли муҳим масалаларда ўз мақолалари билан иштирок этади (“Фарғона” № 68. 1923 йил 15 апрель // Абдуллабек (Наманган). Ислоҳи мадорис ҳам вақф; “Фарғона” № 74. 1923 йил 13 май // Наманган маҳкамаи шаърияси муовини Абдуллабек. Хитобнома.). 1925 йил миллий чегараланиш вақтида Заркент халқ судида ишлаб юрган Абдуллабек Мусабеков Қирғизистонга меҳмонга боргани учун айбланиб ишдан олинади. У шундан сўнг 8 ой мобайнида ишсиз қолади. Бироқ, ўзининг эл орасидаги обрўси, илм-маърифати туфайли яна Ўзбекистон туманига халқ судялигига сайланади. 1927 йил апрелгача шу лавозимда ишлагач, яна ишдан олинади.

 

Абдуллабек Мусабеков 1929 йил апрелгача фақат деҳқончилик билан шуғулланади. 1929 йил апрель ойида Қўқонда округ ер ўлчовчиликда амалиётчи бўлиб иш бошлаган Абдуллабек Мусабеков босмачилар билан алоқадор деган айблов билан қамоққа олинади...

 

Абдуллабек Мусабеков 1929 йил 19 декабрь куни сўроқда ўзининг қуролли қаршилик ҳаракатида иштирок этганлигини рад этиб, Мен ҳарбий одам эмас, жадидман. Бутун умр жадид бўлиб, фақат ёшларга илм-маърифатни ёйганман. Қолаверса, дунёнинг олтидан бирига эгалик қилиб турган мамлакатга қарши бир гуруҳ таёқ кўтарган инсонларнинг тенг бўлишига ишонадиган даражада жинни ҳам эмасман. Тўғри, укам Бейки бир вақтлар Ёқуббек қўрбошида йигит бўлиб кирган эди. Бунга қизил аскарлар томонидан унинг оиласига жабр етказилганлиги сабаб бўлган эди. Кейин мен шахсан аралашиб, уларнинг қуролларини ташлашига кўндирганман. Менинг босмачилик ҳаракатидаги фаол иштироким, бу мен учун айни бўҳтондир”, дейди.

 

1929 йил 20 декабрь куни сўроқда эса ўзининг уламо бўлгани ҳолда шўро ҳукуматига қарши аксилинқилобий кураш олиб бормаганини таъкидлайди ва Мен косонлик Даврон исмли қашшоқ кишининг қизига уйланиб, қайинларимни шўро мактабларида ўқитдим. Жумладан, хотинимнинг укаси Жўра Давроновни аввал САГУнинг ишчи факультетида ўқитдим. Ҳозирда Шарқшунослик факультетида ўқийди. Унинг укаси Абдураҳим Давронов ва синглиси Раҳима Давроновалар Самарқандда техникумда ўқийди. Отамирза эса Москвада ишчи факультетда ўқийди. Ҳаммалари комсомол аъзолари, бирортасига қаршилик қилган эмасман”, дейди. Ўзининг қамоққа олиниши ҳақида сўзлаб, “...1928 йил ёзида Косон туманига ЎзССР МИК аъзоси Абдураззоқ Ҳакимбоев ва Тўхтамурод исмли кишилар келган эди. Кўп ўтмай уларни шўро ҳукуматининг “Ҳужум” кампаниясига қарши чиққан деб қамоққа олишганини эшитдим. Мени ҳам аслида ўша иш билан боғлаб, камига босмачилик ҳаракатини қўллаб-қувватлаган деган сохта айбловлар билан қамоққа олишганди. “Миллий иттиҳод” ташкилоти масаласи мана энди кўтарилди ва мен бу ташкилот ҳақида мутлақо маълумотга эга эмасман”, дейди. Бироқ, терговчилар учун ҳақиқат эмас, Абдуллабек Мусабековга “Миллий иттиҳод”нинг Наманган шўъбаси аъзоси деган айбловни тан олдириш муҳимроқ эди. Шу туфайли фақат унинг иттиҳодчи эканлигини исботловчи далилларга урғу берадилар.

 

Абдуллабек Мусабеков ўзининг ҳеч қачон “Миллий иттиҳод” аъзоси бўлмаганлигини исботлашга интилар экан сўроқ давомида қуйидагиларни ҳикоя қилади: “1929 йил январь ойида Наманганга Тошкентдан Тўлаган охунд исмли киши келди. У кишини менинг олдимга Абду Самиғ саҳҳоф олиб келди. Тўлаган охунднинг сизга бир гапи бор экан деб, уни мен билан ҳужрада қолдириб кетди. Тўлаган охунд гапни совет ҳукуматининг 3 ойлик умри қолганлигидан бошлади. Мен бу қандай гап, дедим. У бўлса қандайдир яширин ташкилот борлиги ва унинг асосий аъзолари ва армияси собиқ оқлар, рус чиновникларидан иборат эканлиги, шунингдек, ташкилотни Англия каби қудратли чет эл мамлакатларининг қўллаётганлигини гапирди.

 

Хўш, мен нима қилай, дедим. Тўлаган охунд улар аввалига ҳокимиятни оқларга берар экан. Ҳукуматдаги масъул ишларда ҳам бизнинг ташкилот аъзолари етарли. Биз зудлик билан маҳаллий кучларни яширин уюштириб, ҳокимиятни зудлик билан қўлга олишимиз мумкин, дейди. Мен сен аҳмоқ одаммисан, шу гапларни менга айтаяпсанми? деб сўкиб чиқариб юбордим. Шундан сўнг унинг қораси ўчди. Орадан тўрт ойлар ўтганида Абду Самиғ саҳҳофга “Ҳа, махфий ташкилотларинг йўқ бўлиб қолдими” дедим. У бир тутуриқли гап айта олмади”, дейди. Абдуллабек Мусабеков шу тариқа ўзининг “Миллий иттиҳод” ташкилотига ҳеч қандай алоқаси йўқ эканлигини таъкидлайди. Бироқ, терговчилар ўзларининг иддаоларини асослаш мақсадида махсус чақувлар уюштиради. Уларда А.Мусабеков гўёки 1929 йил 21 декабрь санаси билан Тўлаган охундга хат чиқариб, унда мен Қуръони карим билан қасам ичганман, шунинг учун сизни сотмадим, акс ҳолда янаям кўпчилик жабр чекиб кетади, деган. Шундан кейин Тўлаган охунд ҳам “Бўпти, мен ҳам бўлмаса бошқа кирдикорларимизни айтмайман” деб жавоб хати йўллаган эмиш. Аслида бу фитналарнинг ҳаммаси шўро терговчиларининг ихтиролари эди. Узоқ давом этган терговлардан 1931 йил 25 апрель куни Абдулла Мусобеков олий жазога ҳукм қилинди ва ҳукм Москва шаҳрида ижро этилди.

 

Абдуллабекнинг 1917 йил 18 август “Юрт” журналининг 2-сонида босилган “Машоҳири Туркистон таржимаи ҳоллари. Марғиноний (соҳиби ҳидоя) мақоласидан:

 

Тарбия олимларининг баёнларига ва ҳам тажрибасининг далолатига қараганда улуғ ва машҳур одамларнинг таржимаи ҳоллари билан ошно бўлган зотларнинг ахлоқлари тузалур, диллари покланур. Ҳар нарсага ибрат кўзи билан қараб, ҳар ҳаракатда жиддий бўлурлар. Бунинг туб сабаби шул таржимаи ҳоллари зикр қилинмиш одамларнинг одат ва сийратларидан олинғон дарснинг хосиятидур. Улуғларнинг таржимаи ҳолларини бир маротаба ўқуб чиққан киши беихтиёр ўз хулқини таҳсин этар, тузатур. Кейинги замонларда тарбия олимлари хаёлий ва фаразий бўлса-да, бир таржимаи ҳол равишида китоблар тартиб этиб ўқиғувчи шогирдларнинг ахлоқини тузатмоқ, дилларинда олийжаноблиқ ҳосил этдирмак фикринда бўлмишлар. Шул мулоҳазаларни дилға олуб биз ҳам Туркистонда зуҳр этган, шуҳрат топқон улуғ одамларнинг таржимаи ҳолларини билғонимиз қадар ёзиб турмоқни лозим кўрдик. Билмаганларимизни билганлар ёзсалар, барчаси қўшилуб биздан сўнгги шогирдларга ёдгор, ҳам осон бўлур умидида бўлдиқ ва биллаҳил тавфиқ.

 

Мамлакатимизда фиқҳ бобинда энг машҳур китоб Ҳидоядурки бу муборак китоб ҳар ҳужрада топилур десак, шояд муболоға бўлмас. Марғиноний ҳазратларини биз шул китоб орқалиғина тониймиз. Йўқса, Туркистонда тарих китобларидан узоқ қолғон. Бир ерда бундай одамнинг таржимаи ҳолимас, исмини билмак-да маҳол даражасида эди. Халқимиз орасинда баъзи муноқиблар исми шарифлари йўқолмай юрмоғи учун бу асарнинг хосиятидур. Кишидан нечук бўлса-да, бир асар қолса, соҳибининг номи халқ оғзидан йўқолмасига вақти келганида дуо ва фотиҳа қилмоққа ва ҳам ибрат олмоқға зўр сабаб бўлмоғида шубҳа йўқ. Марғиноний ҳазратларининг “Ҳидоя”дан бошқа таснифоти кўп бўлиб, бизга исми маълум бўлганлари бунлардур: “Бидоят ул мубтадаъ”, “Кифоят ул мунтаҳи”, “Китоб ул мунтаҳи”, “Нашр ал мазҳаб”, “Тажнис”, “Маносик ал Ҳаж”, “Ал мазид”, “Мухторот ул навозил”, “Китоб ул фароиз”.

 

Туркистон ва Фарғонамиздан етишган бу улуғ алломамизнинг “Ҳидоя”дан бошқа китобин ҳануз кўра олганимиз йўқ. Фақат Ҳиндустони Асомийнинг китобларида баъзи бирларининг исми кўриниб қоладур. Бизнинг учун бу ҳол таассуф... Соҳиби Ҳидоя ҳазратнинг исми ва оиласи Али бин Абубакр, бин Абдулжалил бўлиб лақаби Бурҳонуддиндир. Фарғонанинг Марғинон шаҳридан бўлғони учун ал Марғиноний ал Фарғоний демак билан маъруфдур.

 

Машҳур Чингизнинг хуружида Бухорода тадрис билан машғул эканлар. Бухороликлар тарафиндан ушбу жаҳонгир Чингиз билан бир дарaжа ақд сулҳ бўлса ҳам бухороликлар яна хилофи аҳд ҳаракат этганлари учун Чингиз Бухоро шаҳрини тамом куйдириб, аҳолисини қатли ом этганида Соҳиби Ҳидоя ҳам бухороликлар бирла талф бўлмишки, бу воқеанинг жараёни 616 сана ҳижрийда эди (р.а.). Ушбу ривоятга назаран соҳиби Ҳидоя турбасининг Самарқандда бўлмоғи ғалатдир.

 

Самарқандда истиқомат қилганимизда одамларнинг сўзига эргашиб мақбарани дафъаларча Ҳидоя соҳиби деб зиёрат этуб эдик. Бу эътиқодимиз хатоға ўхшойдур. Бухорода ўлган бир майитни Самарқандга 750 чақиримга қадар масофаға юклаб юрмоқ эҳтимоли йўқ...

 

Баҳром ИРЗОЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10349
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//