Амир Темур битиктоши


Сақлаш
11:09 / 28.09.2021 1442 0

Амир Темурнинг Эрон ва Кавказортидаги мавқеининг ортиб бориши Олтин Ўрда хони Тўхтамишхонда (1378–1395) душманлик кайфиятини уйғотди. У Амир Темурга қарши Миср билан иттифоқ тузишни режалаштирган эди. Тўхтамишхон Соҳибқироннинг Эрондалигидан фойдаланиб, ҳатто Мовароуннаҳрга ҳам босқинлар уюштиради. Амир Темур Тўхтамишхоннинг ғанимлик ҳаракатларига чек қўйиш мақсадида 1391 йил унга қарши юришга жазм этади ва умумий сафарбарлик эълон қилади. Россияда муғуллар истилоси давом этаётган вақтда Амир Темур ўзининг 200 минглик аскарлари билан 1391 йил январь ойида Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишхонга қарши юриш эълон қилди. Ушбу ҳарбий ҳаракатларининг бир қисми ҳақида маълумот берувчи манбалардан бири бу Амир Темур битиктошидир. Бугунги кунда бу битиктош Эрмитаж музейининг (Санкт-Петербург) Ўрта Осиё бўлмида сақланиб келинмоқда.

 

 

Ушбу битиктошнинг топилиш ва ўрганилиш тарихи хусусида икки оғиз сўз. Дастлаб, мазкур битиктош ҳақидаги маълумот 1706 йилда француз хариташуноси Гиём Делил (1675–1726)нинг “Тартариа харитаси”да учрайди. Хаританинг тоғлар тасвирланган қисмида “Oulouc Tac” сўзи ёзилган ва пирамида шаклидаги белги қўйилган. Бундай маълумот бошқа бирор бир харитада мавжуд эмас. Гиём Делил 1702 йилда расман Франциянинг Қироллик Фанлар Академияси географи этиб тайинланди (М.В. Бедельбаева. Сведения о надписи Тимура 1391 г. в картографических и исторических исследованиях первой половины XVIII в. Oriental Studies. 2019. Is. 3.С. 367–377). Натижада у қироллик кутубхонасидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган. Кутубхонада кўплаб Шарқ қўлёзмалари, шу жумладан форс муаллифларининг асарлари ҳам бор эди. Гиём Делил Франция қироли Людовик ХIV (1638–1715)нинг араб ва турк тиллари таржимони лорд Франсуа Петит де ла Крой (1622–1695) ёрдами билан, шунингдек, кутубхонада мавжуд барча турк ва форс тиллардаги асарлар каталоги, қирол кутубхонасининг китобларидан фойдаланган ҳолда ўз харитасини тузган (Сведения о надписи Тимура 1391 г. в картографических и исторических исследованиях первой половины XVIII в.С. 369).

Мазкур битиктош 1935 йилда академик К.Сатпаев (1899–1964) томонидан Улйтау тоғларида (ҳозирги Қозоғистон Республикаси Қораганда вилояти Улйтау тумани) Олтин-шоки тепалигининг Жанубий-ғарбий ёнбағридан топилган (Сведения о надписи Тимура 1391 г. в картографических и исторических исследованиях первой половины XVIII в.С. 368). Битиктош 1936 йилда Эрмитажга кўчирилган. Биринчи бўлиб Темур битиктошидаги ёзувлар профессор Н.Поппе (1897–1991) томонидан ўрганилиб чиқилган. У Битиктошдаги матнларнинг 11 қатордан иборат эканлигини, дастлабки 3 қатор араб алифбосида, қолган 8 қатор эса уйғур алифбосининг белгиларидан иборат эканлигини аниқлаган. Ёзувнинг биринчи қатори “басмала” (Қуръон матни) сифатида ишончли тарзда талқин қилинган. Иккинчи ва учинчи сатрларини ўқиб бўлмайди деган хулосага келган. Қолган 8 қатори уйғур алифбосида битилган бўлиб, уйғур тилида эмас, балки “туркий адабий тил”да ёзилган деб таъкидлайди. Олим Амир Темурнинг Олтин Ўрда хони Тўхтамишхонга қарши юриши давомида содир бўлган аниқ воқеаларни ўрганиш мақсадида ХV аср тарихчиларидан Низомиддин Шомий, Шарофиддин Али Яздий ва Абдурраззоқ Самарқандий асарларида сақланиб қолган ушбу юришнинг тавсифларига мурожаат қилди. Натижада, 1940 йилда профессор Н.Поппе томонидан ёзилган ёзувнинг таржимаси чоп этилди, мақолада битиктошнинг умумий кўриниши ва 6 қатор ёзувнинг тўлиқ матни тасвирланган (Н.Н.Поппе. Карасакпайская надпись Тимура. Труды отдела Востока Государственного Эрмитажа. JL, 1940. Т. 2. С. 185187).

Амир Тимур битиктошини тадқиқ қилган тарихчилардан яна бири А.И.Пономарёв (1886–1942) эди. Олим Н.Поппенинг мақоласи ва Эрмитажда сақланаётган битиктошга асосиланган ҳолда ёзувнинг умумий кўриниши ҳақида батафсил маълумот беради: “битиктошнинг бир томонига ҳеч қандай ишлов берилмаган, унинг матн ўлчами 80х40 см, унда икки хил ёзув тури, яъни юқоридаги учта сатр араб алифбосида ва унинг пастки қисмида уйғур алифбосидаги саккизта сатр кўзга ташланади. Уйғур ёзувининг сатрлар жойлашуви араб тилидаги сатрларга параллель, яъни горизонталь кўринишда эмас, балки вертикал кўринишда жойлашган. Ёзувларнинг ўлчами 1 см дан ошмайди, ўйилган ёзувларнинг чуқурлиги 1,5-2 мм. Битиктошдаги кичик ёриқлар ҳарфлар билан бирлашиб кетиши натижасида ёзувларни ўқишда бирмунча қийинчиликлар юзага келади. Уйғур ёзувининг биринчи сатрининг узунлиги 40 см, биринчи ва саккизинчи қаторлар орасидаги масофа 18 см ни ташкил қилади”. Шунингдек, А.Пономарёв, уч қаторли араб ёзувининг кўриниши ва мазмуни ҳақида ҳеч нарса айтмаган ва Н.Поппе томонидан ёзилган уйғур ёзувининг ўқилишини сўзма-сўз келтиради. Кейинчалик у уйғур ёзувининг биринчи, учинчи ва тўртинчи қаторларидаги матн ва унинг мазмунига оид асосли ўзгаришлар киритди. Масалан, Н.Поппе уйғур ёзувидаги учинчи сатрда келтирилган Амир Темур қўшинларининг умумий сонини 200 минг черик деб ўқиган бўлса (Пономарев. С. 224., Надпись Тимура 1391 г. // Историография и источниковедение истории стран Азии и Африки, Вып), А.Пономарёв уни 300 минг черик деб ўқийди ва бу фикр тўғри эканлигини таъкидлайди (Қ.Содиқов. Темурбекнинг уйғур ёзувли мангутоши. Амир Темур таваллудининг 660 йиллик юбилейига бағишланган “Амир Темур даврида фан ва таълим ренессанси” мавзуидаги анжуман маърузаларининг тезислари. Тошкент. 1996. 61-62 б). Аммо бу кўрсаткич Ғиёсиддин Али, Низомиддин Шомий, Шарофиддин Али Яздий асарларида Н.Поппе кўрсатган маълумотга мувофиқдир. Ушбу манбалардаги маълумотларга кўра бу жангда Амир Темур қўшинларининг умумий сони 200 минг кишини ташкил қилгани ҳолда Тўхтамишхон қўшини Амир Темурникидан анча кўп бўлганлиги таъкидланган.

1943 йилда Туркияда Заки Валидий Тўғон “Темурбекнинг Уйғур ёзуви” мақоласида қозоқ муҳандиси Сатпаев ушбу ёдгорликнинг кашф этилиш тарихи ҳақида сўзлаб берди. Кейинчалик у Тимур ёзувининг уйғур матнини туркчага таржима қилиб, уни қисқа тарихий изоҳ билан нашр қилдирди. 1977 йилда Ҳасан Эрен Н.Поппе мақоласининг тўлиқ таржимасини турк тилида нашр эттирди. Шунингдек, Қ.Содиқов ҳам ўзининг “Темурбекнинг уйғур ёзувли мангутоши” номли мақоласида Амир Темур битиктоши ва ундаги ёзувларнинг ўқилиши хусусида ўз мулоҳазаларини билдириб ўтган (Битиктошнинг араб ёзувида ёзилган қисмини А.П.Григорьев, Н.Н.Телицин, О.Б.Фроловалар ушбу шаклда ўқиган. А.П.Григорьев, Н.Н.Телицин, О.Б.Фролова. Надпись Тимура 1391 г. // Историография и источниковедение истории стран Азии и Африки, Вып. XXI. СПб. СПбГУ. 2004).

Битиктошнинг мазмуни хусусида: Султоннинг номидан ёзилган ёзма 11 қатордан иборат 3 сатри араб тилида басмала ва яратганнинг каломи қолган саккиз қатори туркий хати билан эски ўзбек тилда битилган. Қуйида икки тилли Темур битиктоши матнининг транскрипсияси:

1. би-сми-ллахи-р-рахмани-р-рахйм

2. малику-л-мулки-л-куддусу-л-хакку-л-му'мину-л-мухаймину-л-джаббару

3. л-кадиру-л-хакйму-л-мумйту-л-хаййу

4. tarix yeti yüz toqsan üčtä, qoy

5.  yïl yaznïŋ ara ayï Turannïŋ sultоni

6. temürbeg üč yüz miŋ čerig bilӓ islom üčün Toxtamïš xanï (bulyar?)

7.  xanïğa yorïdï. Bu yergӓ yetip belgü bolsun tep

8. bu tobanï qopardï

9. tӓŋri nisfat bergäy inšalla

10. tӓŋri el kišıgӓ rahmat qïlğay, bizni duo bilӓ

11. yod qïlğav.

Битиктош мазмуни: “Тарих етти юз тўқсон учда, қўй йил, кўкламнинг ора ой(ида) Туроннинг султони Темурбег икки юз (уч юз?) минг қўшин билан ислом учун Тўхтамиш хон(нинг) хонлигига юрди. Бу ерга етиб, белги бўлсин деб ушбу битиктошни ёздирди. Тангри (бизга) нисфат (яъни тўғрилик, инсоф) бергай иншооло. Тангри фуқарога раҳм қилғай, (эл) бизни дуо била ёд қилғай.

 

 

Юқоридаги матндан маълум бўладики, Амир Темур ўз салтанатини Турон деб атаган. Демак, Амир Темур салтанати аслида шундай ном билан аталган. Ҳукмдор ўзини Туроннинг султони, отини эса Темурбек деган: Туроннинг султони Темурбег. Бу ўринда бег сўзи “амир”га тўғри келади. Султоннинг оти туркий тилдаги шу даврга оид ҳужжатларда Темур-бег, Бег, Соҳиб қирон Темурбег, Соҳиб қирон Бег, улус эгаси Темур-бег каби номлар билан тилга олинган. Бу атама, табиийки, Туроннинг ўзи эмас, Мовароуннаҳр ва Хуросондан тортиб Темурбекка қарашли бутун салтанат тушунилган. Юқорида келтирилган улус эгаси сифати “мамлакат эгаси, ҳукмдори”; соҳиб қирон сифати эса “қирон эгаси, яъни бахт-саодат эгаси; бахтиёр подшоҳ” маъноларини англатади.

Бу битиктош ҳақида темурийлар даврига оид бир қанча манбаларда маълумотлар келтирилган. Дастлабки маълумотлар Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида учрайди. Манбада бу битиктошнинг ёзилиш тарихи хусусида шундай келтирилган: “Жумоди ул-аввал ойининг биринчи куни (1391 йил 6 апрель) (дарёда) сув кўпайди. Бир неча кун тўхтаб туриб, кечув жойи изладилар, сувдан ўтиб ойнинг йигирма бирида (26 апрель) Лашкар кичик Доғга етди. У жойдан кўчиб, ўртада икки кеча ўтказиб, жума куни Улуғ Доғ (Улуғ тоғ – Улу Тоу (Қозоғистонда)) мавзеига етдилар. Амир Соҳибқирон тоғ устига чиқиб, ҳар ён назар солди. Атроф поёнсиз саҳро ва чўли биёбон эди. У куни шу жойда тўхтаб, ҳамма лашкарга тош келтиришни буюрди. У жойда баланд бир нишона минора кўтардилар. Тоштарошларга буюрди, улар у кунлар тарихини тошга нақш қилдилар, токи у нишона турар экан, замона саҳифасида бу юриш зикри боқий қолғай. (Назм):

Эшитдимки, Ғзал табиатли жамшид

Чашма бошида бир тошга ёзган:

Бу чашма бошига биздек кўплар келганлар

Кўзларин очиб-юмгунча ўтиб кетганлар

(Шомий. Зафарнома. Тошкент, 2019, 155-бет)

Низомиддин Шомий ўзининг “Зафарнома” асарида битиктошнинг ёзилиш санаси ҳақида батафсил маълумот берган. У битиктошнинг ёзилиш йилини келтириш билан кифояланмай, балки ой ва кунини ҳам аниқ келтирган (Жумоди ул-аввал ойининг 23-санаси, яъни 28 апрель 1391).

Темурийлар салтанатининг яна бир тарихчиси Шарафиддин Али Яздий ҳам ўзининг “Зафарнома” асарида бу битиктошнинг ёзилиши хусусида ушбу маълумотларни келтирган: “Чоршанба кунида ойнинг йигирми бирида бир тоғқа еттиларким, ани Кичик Тоғ дер эдилар. Анда тушуб бир кун қўнуб, тонгласи кўчуб Улуғ Тоғқа еттилар. Ва соҳибқирон Улуғ Тоғ устига чиқиб, саҳроға кўз солиб, барча оламни кўм-кўк кўрди. Анда туруб ҳукм қилдиким, “Черик мунда тош келтурсунлар, то мунда бир нишона қилайликким, биздан ёдгор қолғай!” Черик тош келтуруб, устакорлар ул тошлар билан анда бир минора қўпордилар” (Яздий. Зафарнома. – Toshkent, 1997, 131-б.).

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, битикнинг хати араб тилида эмас, балки қадимги уйғур ёзуви ва туркий тилда битилган. Бу ҳам бўлса, Амир Темур ўзининг тарихий ёзмалари, йилномалари, расмий ёрлиқларидан бир қисмини уйғур хатида битганидан далолат беради. Темурийлар тарихини битган муаррихлар ўз асарларини ёзишда уйғур ёзувида битилган ана шундай йилнома, тарихий ҳужжатлардан фойдаланганларини қайд этиб ўтганлар.

Демак, Амир Темур битиктоши ўз ичига кенг қамровли маълумотларни жамлаган. Аввало, битиктош сиртига битилган ёзув тўғридан тўғри Амир Темурнинг тилидан ёзиб олинган. Бу манбанинг аҳамиятини янада оширади.

Унда ўзига хос “Зуллисонайн” (икки тилли) тарих ёзиш услуби ҳам кўзга ташланади. Хусусан, битиктошнинг бошида кириш қисми сифатида араб алифбосида басмала ва яратганнинг каломи, сўнг туркий тилда тарихий воқелик баён қилинган. Битиктошдаги сана асл туркий қолипда: аввал йил (ҳижрий ва мучал тартибида), сўнг ой, кун кетма-кетлигида ёзилган.

Шу билан бирга мазкур битиктошни ҳарбий сафар чоғида ўзига хос тарзда тош ёхуд қоятош сиртига тарих битиш анъанасининг намунаси сифатида белгилаб олишимиз мумкин. Бу каби анъанани кейинчалик Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдуллахон II каби ҳукмдорлар давом эттирганлар.

Камола ҚАЮМОВА,

ЎзР ФА тарих институти таянч докторанти



.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси