Бошқача авлод, майдалашаётган орзу, жавобсиз қолаётган саволлар – одамзод нега урушдан сабоқ чиқармаяпти?


Сақлаш
23:08 / 25.05.2023 971 0

Ташқаридаги урушлар

 

Одам болалари ғорларда яшаганда ўзаро ниманидир талашиб урушган. Ажабки, ғордан чиққандан кейин ҳам у ўша машъум ишини ташламади: ҳали-ҳануз бир-бирига қурол ўқталади, бир-бирини ўлдиради... Сирасини айтганда, ўтган вақт давомида башар аҳлининг юриш-туришию ўзини тутиши, тилию маданияти... яхшигина ўзгарди. У энди ғорда яшаган аждодини менсимайдиган даражада олифтага айланган. Аммо нега минг йиллар ўтса ҳамки, бир-бири билан ёвлашмоқдан тийилмайди у? Нима учун зоҳиран ўта замонавий кўринган одам боласи ботинан ўзи ҳалигача бурнини жийириб эслайдиган “ёввойи” аждодидан кўп-да фарқ қилмайди? Шунча аччиқ тарих нега сабоқ бўлмади?

 

Узоққа бормайлик, ана, инсоният ХХ асрда икки жаҳон урушини кўрди, бу муҳорабалар жароҳатидан ҳали-ҳамон қон силқийди. Деярли ҳар биримизнинг қалбимизда бор шундай тузалмас жароҳат. Масалан, менинг Карим бобом урушда ўлган. Отасиз қолган раҳматли отам эса онаси, яъни менинг худо раҳмат қилгур энам билан бирга ҳаёт йўлларида хўб суринганлар. Ҳаммаси уруш туфайли!.. Уруш бобомни олиб кетди, ортда қолган хотинию боласининг тақдирини остин-устун қилди. Отамнинг кечмиши эса бизнинг, менинг қисматимда ҳам акс садо берди. Қаранг, битта уруш бир неча авлод тақдирига даҳшатли муҳрини босяпти... Яна ўша саркаш савол: нега бундан хулоса чиқарилмайди? Ҳа, урушлар нега бизни, унга бўлган муносабатимизни ўзгартирмаяпти? Қирғинбаротлар оилаларни, қишлоғу шаҳарларни, кўҳна ҳаёт маромини тамомила парчалаб ташлашини биламиз-ку, бошимиздану юрагимиздан ўтказганмиз-ку! Шунда ҳам ўзгармаймизми?!

 

Ўрисларда “проклятые вопросы” деган тушунча бор. Яъни “лаънати саволлар”. Бунинг маъноси шуки, ҳаёт, ўлим ва шу каби бош масалаларда шундай саволлар борки, мудом инсоният қаршисидан чиқиб келаверади, лекин тайинли жавоб топилмайди. Юқоридаги савол ҳам ана шундай лаънатланганга ўхшайди. Ахир, ҳаммаси беш қўлдек аён: урушни минбаъд оқлаб бўлмайди. Лекин у юз бераверади, юз бераверади... Нега? “Ҳар қандай урушнинг ортида катта моддий манфаат ётади” дея осонгина жавоб бериш мумкиндир, эҳтимол. Унда яна бир савол туғилади – моддий манфаат кўзланмаган урушлар ҳам тўлиб ётибди-ку!.. Масалан, ғуруру ор талашиб, пичоқлаб ўлдиришлар сонмингта. Нега лоақал шуларга чек қўйилмайди?.. Майли, “моддий манфаат – урушларни   келтириб чиқарадиган   энг   катта сабаб” дейлик. Яна айтайликки, “Урушни бошлаганларнинг   ўзи урушда қатнашмайди – бас, улар ўлмайди. Урушда, асосан, камбағалнинг боласи ўлади. Шунинг учун ҳам магнатлар ажал оловини ёқишдан ҳайиқмайди ҳам, тийилмайди ҳам”. Хўп, лекин яна ҳаммага – бойу йўқсилга бирдек тааллуқли бир савол ўртага чиқади: нега урушлар нафақат бойларнинг, балки ўртаҳолу қашшоғу бенавонинг ҳаётга, одамларга, табиатга бўлган муносабатини ўзгартирмаяпти?!

 

Айрим экспертлар, сиёсатчилар “Дунё учинчи жаҳон уруши арафасида турибди. Озгина эҳтиётсизлик қилинса, Ер юзидаги ҳаётга нуқта қўйилиши мумкин” дея жар солаётир. Ҳозир Ер юзи ҳавосини ана шундай даҳшатли хабарлар тумандек қоплаган. Кўчага чиқсак ҳам ундан симиряпмиз, уйга кирсак ҳам. Дунё яна нотинч: олов билан ўйнашиш давом этмоқда. Лекин атрофингизга бир қаранг-а, уруш ва у ҳақидаги хабарларга тўла дунё одамлари ўзгардими? Ёмон – яхшига, хасис – сахийга, ёвуз – раҳмдилга айландими? Ҳайрат ила кузатяпман: атрофимда ҳеч ким ўзгаргани йўқ! Ҳамманинг парвойи фалакдек... Ҳатто гўё-пўёларсиз – чиндан, парволар фалак! Ахир, ўзгариш содир бўлиши керак эмасмиди? Бўлганда ҳам, яхши томонга... Нима, охиратдан умидвор одамлар шунчалар камми? Статистик маълумотларга қараганда, дунё аҳолисининг 90 фоизга яқини художўй экан. Амалда-чи?.. Қайтага, дунё жамиятларида “ётиб қолгунча отиб қол” деган кайфият сезиларли даражада кучайгандек.

 

Майли, ўзгаларни қўяйлик, сиз ўзгардингизми, сиз?..

 

Мен ўзимни кузатиб юрибман: заррача ўзгарганим йўқ. Илгари яхши бўлган эсам, ҳамон ўшандай яхши; ёмон бўлган эсам, ҳануз ўшандай ёмонман. Ёки икки жиҳат аралаш-қуралаш. Оллоҳ билгич. Шундан кейин табиий бир савол туғилади: одамзодни нима ислоҳ қилади ўзи? Борми шундай куч дунёда? “Шўро даврида динга йўл берилмаган эди” дея иддао қиламиз. Мана, ҳозир диний ҳаётимиз анча эркин. Лекин рисоладагидек мўмин-мусулмон бўла олдикми?..

 

Наҳотки, одам боласи пешонасига қўшотар милтиқ тиралиб, қўрқувдан тиззалари қалт-қалт титрагандагина ёмонликдан тийилса? Наҳотки, бусиз уни ўзгартириб, тарбиялаб бўлмаса? Агар шундай эса, идеал жамият қуриш йўлида ҳали кўп тер ва қон тўкилиши муқаррар. Ўртада ядро уруши бўлиб, бутун мавжудот қирилиб кетмаса, албатта... Урушни бошлаганлар ҳам кап-катта одамлар, аслида. Кузатсангиз, “сувбоши”да гоҳо бир оёғи ерда, бошқаси гўрда турган қарияларни кўрасиз. Бизлар бўлсак анчайин томошабин бўлиб ўтирамиз. Эътибор беринг, XXI асрда – ҳозирги цивилизация даражасига қадар олис йўлни босиб келган инсоният, маданиятнинг энг юқори чўққисида турган давр одамлари шу ишни қиляпти. Гўё шунча йўл босиб ўтилмагандек. Гўё биз, башар аҳли ҳали-ҳамон ибтидоий жамоа тузумида ёки ундан нари – ғорларда яшаётгандекмиз.

 

Уруш – энг кичигидан энг каттасига қадар – шундай ҳодисотки, ғолиб бўлатуриб ҳам мағлуб саналиш мумкин. Чунки унинг ҳарбий, сиёсий, тарихий томонларидан ташқари, ижтимоий, маънавий-ахлоқий жиҳатлари ҳам бор. Ҳарбий ё сиёсий жиҳатдан енгиб, маънавий-ахлоқий мезонларга кўра енгилиш ҳеч гап эмас. Ҳа, кўпимизнинг кийган кийимларимиз, минган машиналаримиз, яшаётган уйларимиз ўта замонавий, бироқ онг-тафаккур, савия-даража тош асриникидан заррача олдинга кетмагандек туюлади менга. Бошқача айтганда, бутун дунё, шоирлар топиб айтганидек, порохли бочка устида ўтирибди, лекин парво қилгани йўқ. Қизиқ, а? Тўғрироғи, даҳшат! Шундай эмасми?

 

Туғилиш кўпайиб тирикнинг қадри қолмаган эди, энди эса ажал тегирмони муттасил айланиб, ўликнинг иззати қолмаётир. Кўпнинг қадрига етадиган жамиятлар эса ҳали қурилмаганга ўхшайди. Улар – инсониятнинг орзуси. Фақат... орзу орзулигича қолармикан? Мана, яна бир жавобсиз савол... “Лаънати” дегим келмаяпти, чунки унинг рўёбига умидим бор. Мен негадир “XXI асрда ривожланган мамлакатларда катта урушлар бўлмайди. Зеро, улар етарлича тажрибага эга бўлди: жаҳон урушларидан хулоса чиқарди. Бас, тараққий топган ёки шу йўлдаги давлатларнинг вазифаси, мақсади, интилишлари фақат ва фақат идеал давлат, мукаммал жамият қуриш бўлади. У энди шу давлату жамиятга муносиб комил инсон тўғрисида қайғуради” деб ўйлаб юрар эканман. Афсуски, чучварани хом санабман: одам боласи ҳалигача “уруш-уруш ўйини”га қонмабди. Демакки, тафаккури ўсмабди. Чиқарган хулосалари, олган тажрибалари етарли бўлмабди.

 

Энг даҳшатлиси нима, айтайми – биз бола-чақамиз, ўйу хаёлимиз, ўтмишу келажагимиз, санъату адабиётимиз, орзую умидларимиз билан ана шу ўсиб-улғаймаган одамлар, тўғрироғи, “одамча”лар измидамиз...

 

Ичкаридаги урушлар

 

Чуқурроқ ўйлаб қарасак, урушлар аввало ичимизда пайдо бўлар, кейин майдонларга – коридору кабинетларга, чўлу ўрмонларга, қишлоғу шаҳарларга кўчар экан. Мамлакатдан мамлакатга ўтиб, уларнинг кулини кўкка совурар, борлиқ тирикликка хавфу хатар соларкан. Бас, шундай экан, бугуннинг ва эртанинг вазифаси – урушни ичкарисидан ташқарига чиқармайдиган муносиб инсонни тарбияламоқ бўлиши лозим эмасми?! Балки, бу гаплар эртакдек эшитилар, лекин охири хайр билан тугайдиган эртаклар тўқиб, уларни ҳаётга татбиқ қилиб яшамасак бўлмайдиганга ўхшайди. Чунки шу кетиши бўлса, инсониятнинг навбатдаги минг йилликни эсон-омон ўтказиб олиши даргумон.

 

Муносиб инсонни тарбия қилиш – бутун дунё ҳамжамияти зиммасида турган вазифаларнинг, эҳтимол, энг муҳимидир. Зеро, бугунги замонавий қирғин қуроллари билан курраи арзни бир эмас, кўплаб марталаб йўқ қилиб юбориш мумкин. Шундай ёвуз имконни ўз “мен”ини идора эта олмайдиган инсонга топшириб бўладими?! Урушлар, боя айтилганидек, XXI асрда яшаб туриб ҳам, инсониятнинг бир қисми ҳалигача ғор тасаввури ва тафаккурида қолганининг исботидир. Демак, башар аҳли қаршисида улғайиш томон чўзилган машаққатли узун йўл турибдики, уни босиб ўтиш керак бўлади.

 

Тажовузни ҳатто кўнгилда ёқлаш ҳам уни дастаклаш, тажовузкорнинг ёнида туриш билан баробар. Аслида, агрессиялар кўнгилда зулмга мойилликдан келиб чиқади. Бузғунчилик ва урушга мойилликни йўқ қилиш учун эса дунё миқёсида жуда катта маърифий ишлар олиб борилиши лозим ва лобуд. Бундан анча йиллар бурун Япония бош вазирининг олий ўқув юртларида гуманитар фанларни ўқитмаслик ҳақидаги қарорини тўртта ректордан бошқа ҳаммаси қабул қилгани тўғрисида хабар ўқиган эдим. Нима эмиш, ижтимоий-гуманитар фанларнинг ишлаб чиқаришга алоқаси йўқмиш. Олий ўқув даргоҳларида фойда келтирадиган, кўз билан кўриб, қўл билан ушлаш мумкин бўлган моддиятга хизмат қилгич фанларгина ўқитилиши керакмиш. “Хўш, бунинг охири нима билан тугайди?” дея мендан сўралса, “Жуда катта вой билан!” дея жавоб берган бўлардим. Албатта, мендану менга ўхшаш гуманитарлардан сўрагувчи одам йўқ ҳисоби. Эҳтимол, шунинг учун ҳам дунёни катта тезликда жарликка оқиб кетаётган оломон дарёсига ўхшатиш мумкиндир. Сиз оломонга “Олдинда хавф бор, жарлик бор!” дея қанчалик бақирманг, у бепарво – мудҳиш йўлида давом этмоқда. Бас, сиз ҳам оломон билан бирга кетиб бораверасиз. “Нега, нима учун ўз жонингизни қутқармайсиз?” деган ҳақли савол туғилади. Жавоб бундай: оломонлик даражаси қай даражада кучлилигидан қатъи назар, элдан ажралиб қолиш ҳам жарликдир. Қолаверса, бугун, не ажабки, дунё тақдири ана шу оломонга, унинг кайфиятига боғлиқ. Ҳа, яқин-яқингача дунёнинг равиши хос одамларнинг (элита) кайфияти билан қойим эди. Энди бўлса, уни омма, омманинг истаклари бошқаряпти. Сиз улардан алоҳида бўлиб ҳаётингизни қутқариб қола олмайсиз. Унинг ўзига етказган зарари, эртами-кечми – мутлақо, ҳа, мутлақо сизни ҳам топиб келажак. Биз ана шундай замонда яшаяпмиз, замондош!..

 

Дунёда ҳали-ҳамон вайронкор куч бирламчи экани мени ташвишга солади. Инсониятнинг бунёдкор руҳга эга сара фарзандлари эмас, балки бузғунчиликка мойил, тафаккур бобида тубан табақага мансуб кимсаларнинг ҳокимият тепасига келиши – замонавий дунёнинг чинакам фожиасидир. Чунки юз йил олдинги мустабид, истаса ҳам, Ер шарини ўқидан чиқариб юбора олмас эди. Бугун эса ҳозирги қуроллар билан курраи заминни юз карра тескари айлантириб юбориш мумкин. Саккиз миллиардли Ер аҳолисининг тақдири бир ёки бир неча кишининг кайфиятига боғлиқ экани эса бундан-да аянчли. Бунга асло йўл қўйиб бўлмайди!!!

 

Жавобсиз саволлар

 

Аъмо одамнинг кўзлари очилиши билан илк қиладиган иши қўлидаги ҳассани улоқтириш бўлади, дейишади. Реал вазиятга кўра – кеча кўр бўлиб, бугун кўргувчига айланган инсон позициясидан туриб қарасангиз, бу тушунарли, албатта. Лекин мисолни рамзий англаб, воқеликка ҳасса тарафдан боқсангиз, кўзи очилган инсоннинг иши – бориб турган кўрнамакликдир. Оғир кунда тиргак бўлганни унутиш бу. Инсон деган сўзнинг луғавий маъноси “унутувчи” эканини биламиз. Сўзлар маъносининг қисматга дахлдорлик тарафи борлигидан эса кўпчиликнинг хабари йўқ. Нима, корига яраган асонинг қадрига етиши учун инсоният умрбод кўр бўлмоғи керакми? Бошқача айтганда, урушнинг кулфатига иқрор бўлиб, тинчликнинг қадрига етишимиз учун мудом уруш ичида, бугун қўлимиздан, эртага оёғимиздан ажралиб яшамоғимиз шартми? Фақат шундагина одамзод ўз инсонлик мақомида тура оладими? Йўқса, дориломон кунлар келиши билан ҳайвонлик даражасига, ҳатто гоҳида ундан-да тубан поғонага тушиб кетадими?!

 

Яна ўшандай жавобсиз саволлар...

 

Балки жавоб қадимий ривоятларда, муқаддас ўгитлардадир. Зотан, улар инсон моҳиятида нуқсон борлигига ишора қилади-ку! Эсланг, шайтон Оллоҳга исён қилиб, “Уруш чиқарадиган, қон тўкадиган инсонга сажда қиламанми?” дея савол қўяди. “Қиласан!” дейди Оллоҳ. Инсонга эса танлаш имкони берилади. У эзгу амали билан малоиклардан-да юксалиши, айни чоқда, ҳайвонни ҳам уялтиргудек маъсиятларга қўл уриши мумкин. Оллоҳ инсоннинг биринчи йўлни танлашига имкон беради, шунга чақиради. Танлов ўзимиздан... Лекин нега биз аксар ҳолда иккинчи йўлни танлашга мойил бўламиз? Эҳтимол, шу ерда идеал жамият, мукаммал давлат ва комил инсон тарбияси ҳақида сўз бориши керакдир?

 

Бошқача авлод

 

Аммо... лекин... бироқ... отамларнинг авлоди анча-мунча бошқача эди-да, дейман. Оқибатни биларди. Отам 1940 йилда туғилган. Унинг тенгдошлари фронторти қийинчиликларини хўб тортган. Ерда ётган нонни кўрса, қўлига олиб ўпиб, пешонасига суртиб, оёқ босмайдиган жойга олиб қўярди. Кейинги авлодлар бу ишни қилмас бўлди. Тепиб ўтишга-ку тепиб ўтмас, лекин отамнинг авлодига ўхшаб – хор бўлиб ётган нон бўлагини пешонасига суртиб, четга олиб қўймасди-да. Ундан кейингилар эса, нонни олиб-ўпиб, оёқ босмас жойга қўйгич авлод устидан ошкора куладиган бўлди. Ҳозир эса нонни тепиб ўтадиганлар пайдо бўлган десам, ёқамга ёпишишдан олдин атрофга яхшилаб назар солинг. Чунки икки катта уруш узоқда қолди, унинг азоблари, етказган заҳматлари унутилди ҳисоб. Қалбда яна ўша жавобсиз савол туғён солади: неъматнинг қадрига етмоқ учун фақат урушу қирғин бўлиб, одамлар ит азобини кўриши керакми? Катта авлодлар кўрган-кечирганидан хулоса чиқарсак бўлмайдими?..

 

Балки жавоб ҳар бир авлод ҳаётни энг қуйидан, “нол”дан бошлагани билан боғлиқдир. Ўз танасида синаб кўрмагунча, на моддий ва на маънавий неъмат қадрига етмас бу одамзод деганимиз. Мен бировни айбламаяпман – ким бўлибманки, ўзгага қўлимни бигиз қилиб “Сен айбдорсан!” десам. Мен бор-йўғи фикрлаяпман, холос. Ўша жавобсиз саволларга жавоб излаяпман имконим даражасида. Гарчи топмадим... мабодо топган бўлсам, уларнинг биронтаси ҳам “алҳамду”га ярамаётган эса-да...

 

Орзунг борми?

 

Биз бугун нима билан бандмиз? Идеал жамият қуриш ҳақида ўйлаяпмизми? Яқинда қўшнимиз – нафақадаги полковник билан уй олдида гаплашиб қолдим. У ҳам жамият ҳолини таҳлил қилиб юргич экан. Собиқ ҳарбий “Улуғбек, нега биз бунақа бўлиб қолдик? Кичик каттани ҳурмат қилмайди, катта эса кичикни иззат қилмайди. “Ўзбекмиз, ўзимизга хону ўзимизга бекмиз” дея кўкрагимизга урамиз. Лекин, ўйлаб қарасам, кўкракка муштлаш билан иш битмас экан. Назаримда, миллат ўлароқ талай қусурларимиз бордек. Аввало, кўп йўналишлар бўйича ортда қолиб кетганмиз, яъни қолоқмиз. Мақтаниш ўрнига кўпроқ ўнгланиш ҳақида гапириш керакмикан дейман-да...” деб қолди.

 

Суҳбатдошим ҳақ!

 

Менимча ҳам камчиликларимиз мўл-кўл. Чунончи, биз ҳали-ҳамон уч одим отиб тўхтаяпмиз. Тўғрироғи, тўхтатиляпмиз. Ўлим тўхтатяпти бизни. Бу уч одимнинг оти: иморат, тўй ва аза... Биз неча асрлардан бери ўз ҳаётий мақсадимизни шу уч манзил билан боғлаб келмоқдамиз. Иморатини қуриб, бу иморатда тўй ва азасини ўтказиб олган ўзбекнинг умри ҳам, орзую мақсадлари ҳам соб бўлади... Олдимизга юксакроқ мақсадлар қўйиб яшашга эса недир халал беради. Неча замонлардан бери шундай... Аммо бу тарз мангу давом этиши мумкин эмас. Мабодо, давом этса, бир кунмас бир кун тўй ва аза маросимлари ўтказиладиган иморат қўлдан кетиши муқаррар. Уни ўзгалар эгаллаб олади.

 

Алҳол, орзу-мақсадларимиз майдалашди. Шунга яраша идеалларимиз ҳам. Назаримда, кўпчилик тузукроқ орзу қилишни ҳам билмайди ҳозир. Идеаллар ҳақида эса тасаввурга ҳам эга эмас. Одамлар маиший истаклар домида қолган: йўқсиллар қора­қишда иссиқ ва чароғон уй, сарёғ суртилган бир бурда нон истайди. Ўзига тўқроқлар – данғиллама ҳовли-жой, “сити”лардан “ақлли уй”, қиммат машинаю энг сўнгги русумдаги телефон. Сал илғорлари – саёҳат қиламан дейди... Энди эл тамомила ўзга масалалар устида бош қотираётган бўлиши керак эмасми?! Нега ҳануз маиший истаклар миллат кунтартибидаги бош мавзулар бўлиб қолмоқда?! Ҳаётий мўлжалларимиз маиший истаклар даражасида белгиланаверса, тинимсиз ўзгариб-турланиб бораётган дунё тегирмонидан эсон-омон чиқа оламизми? Хавотир шундан!

 

Тунов кун анча йиллар бурун ишланган “Курьер” деган фильмни такрор кўрдим. Кинодаги бир эпизод ҳар гал кўрганимда менинг бағримда танда қўйган кўҳна ярани янгилаб юборади. Қаҳрамон дўстидан сўрайди:

 

“– Орзунг борми?

– Бор.

– Хўш?

– Пальто сотиб олиш.

– Ия, шу ҳам орзу бўлдими?

– Бўлмасам-чи, бултур пальтосиз қолганим учун қиши билан шамоллаб чиқдим.

– Унда, ма, ол, – дея қўлидаги пальтосини ўртоғига ҳадя этиб юборади қаҳрамон ва қўшимча қилади: – Буюк нарсаларни орзу қилиш керак, эшитяпсанми, буюк нарсаларни! Сен эса пальто дейсан...”

 

Сиз билан биз-чи? Қаерга етиб келдик ва нималарни орзу қиляпмиз, қадрдоним замондош? Бизнинг ҳам кўзларимиз ўша пальтода (иссиқ ва чароғон уйда, виллада, қимматбаҳо машинада, мансабда, шуҳратда, хорижда...) эмасми мабодо?! Улар бизни мақсадимизга олиб борадиган воситами ва ёхуд аллақачон мақсаднинг ўзига айланиб улгурдими? Ҳа, биз орзуни истак даражасига тушириб қўйдик. Истак баданнинг эҳтиёжлари билан боғлиқ бўлса, орзу, чинакам орзу руҳнинг, инсон жавҳарининг эҳтиёжлари билан вобастадир. Кечаги кунимиздан хулоса чиқариб яшамаслигимиз орзую мақсадларимизнинг майдалашиб, ҳаддан ташқари маишийлашиб кетгани билан ҳам боғлиқдир, эҳтимол...

 

Фақат истак билан яшаган инсон ҳам, миллат ҳам орзу қилмоқ бахтидан мосуво. Орзу қилолмаган инсону миллат эса жисми бор-у, ўзи йўқ хилқатга айланади. У саркаш саволларга жавоб излаш не, ҳатто бу ҳақда ўйламоққа ҳам қодир эмас. Қўлидан келадиган биргина иш – замон дарёсида оқиш. Зеро, бошқа дарёларда у ғарқ бўлади. Бизни юксак орзуларгина ўзгартириши мумкин. Орзу қилишдан, қилганда ҳам баланд-баланд орзулар қилишдан толмайлик. Зеро, орзуманд инсонгина урушдан, қон тўкишдан ҳазар қилади.

 

Улуғбек ҲАМДАМ

 

Tafakkurжурнали, 2023 йил 1-сон.

“Аъмо йўқотган асо” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//