
Янги Ўзбекистон нафаси, сўнгги йилларда мамлакатимизда кечаётган туб янгиланишлар, изчил ва фаол ташқи сиёсат, нафақат Марказий Осиё, балки дунёдаги кўплаб давлатлар билан яқин қўшничилик ва дўстона ҳамкорлик муҳити тобора мустаҳкамланиб бораётгани юртимизнинг халқаро нуфузини янада оширмоқда. Энг муҳими, Ўзбекистон ўзининг мустақиллиги ва суверенитети, хавфсизлиги ва барқарор ижтимоий-иқтисодий, маданий тараққиёти ҳамда барча фуқароларининг фаровонлиги ишончли тарзда таъминланишига қаратилган сиёсат юритмоқда. Бу сиёсатнинг туб моҳиятини тинчлик ва ҳамкорликда яшаш маданияти ташкил этади.
“Тинчлик ва яхшилик йўлида ҳамкорлик қилингиз”
Аждодларимиздан мерос кўҳна ва боқий ҳикматларда “Уруш ва ёмонлик йўлида эмас, тинчлик ва яхшилик йўлида ҳамкорлик қилингиз”, дейилади. Дунё сиёсати ва иқтисодиёти энг муҳим роллардан бирини ўйнаётган Хитой билан Ўзбекистон ўртасида яқин қўшничилик, дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланмоқда. Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини “Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисида«ги шартнома, “Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида«ги қўшма декларация, “Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақида»ги қўшма декларация ва бошқалар ташкил қилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойнинг Циан шаҳрида Марказий Осиё–Хитой биринчи саммитидаги иштироки Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга оид ҳамда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилишга пухта замин бўлиб хизмат қилди.
Саммитда Президентимиз кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликда мисли кўрилмаган даражага эришилганини алоҳида таъкидлади. Негаки, ўтган вақт давомида ўзаро товар айирбошлаш икки карра ошиб, 9 миллиард долларни ташкил этди. Ўзбекистонда ўзлаштирилган Хитой инвестициялари ҳажми илк бор 11 миллиард долларга яқинлашди. Аҳоли турмуш даражасини ошириш ва камбағалликка қарши самарали курашишга устувор аҳамият бераётган мамлакатимизда Хитойнинг илғор тажрибасидан фаол фойдаланган ҳолда фақатгина сўнгги бир йилда бир миллиондан ортиқ фуқаромизни эҳтиёжмандлар тоифасидан чиқаришга эришилди.
Бу борадаги ҳамкорлик йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Бугун юртимизда Хитой сармояси иштирокида 1,7 мингдан ортиқ корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Энергетика, нефть-газ, кимё, тоғ-кон, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда қатор йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Саммит доирасидаги тадбирларда Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, жами 3,3 миллиард долларлик 15 та лойиҳани – автомобиль ва электромобиллар, қурилиш материаллари, металлдан кенг турдаги маҳсулотлар, тиббий буюмлар ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширди ва янги корхоналар қурилишига старт берди. Давлатимиз раҳбарининг бу анжумандаги нутқи, унда кўтарилган долзарб масалалар жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортди. Айниқса, давлатларимиз ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантиришда маданий алоқаларни янада кенгайтиришга катта эътибор қаратгани муҳим аҳамиятга эга бўлди.
2022 йилда Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг видеоанжуман шаклидаги учрашувида 2023 йилни “Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили” деб эълон қилишни таклиф этган эди. Саммит доирасидаги маданий тадбирлар билан “Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили”га старт берилгани бу таклифнинг ўзаро ҳамкорлик ва дўстликни мустаҳкамлашдаги ўрни ва роли қанчалар аҳамиятли эканининг ёрқин тасдиғи бўлди.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг аэропортда буюк давлат, тарих ва маданият яратган элнинг эътиборли йўлбошчиси сифатида юксак ҳурмат кўрсатилган ҳолда кутиб олиниши янги Ўзбекистоннинг жаҳон ва минтақадаги обрў-эътибори, нуфузи тобора ортиб бораётганининг яна бир эътирофи бўлди.
Асрлар синовидан ўтган ҳамкорлик
“Олам аҳли билингизким иш эмас душманлиғ, Ёр ўлунг бир-бирингизгаким эрур ёрлиғ иш”. Бутун дунёда нафақат буюк мутафаккир, балки дунёдаги барча миллатларга бирдай яхшилик соғиниб, уларни елкадош яшаш саодатига даъват қилиб келган, ана шу маънода энг гуманист шоир сифатида эътироф этиладиган Алишер Навоийнинг юқоридаги байтлари ҳам нафақат туркий қавмлар, балки бутун дунёга аҳлига қаратилгандир.
Хитой ва Марказий Осиё халқлари ўртасида иқтисодий-маданий ҳамкорлик минг-минг йилларга бориб тақалади. Аввало, қайд этишимиз керакки, ҳар бир давлат тараққиётида нафақат сиёсий, иқтисодий, балки маданий алоқалар муҳим аҳамият касб этади. Азалдан Марказий Осиё ва Хитойни Буюк ипак йўли бирлаштириб келган. Турон ва Чин ўртасидаги дўстлик алоқалари барча замону даврларда ҳам қизғин кечган. Қадимги манбаларда Марказий Осиёдан Хитойга арғумоқ отлар, совут ва беда уруғи, узум, 200 дан ортиқ турдаги доривор гиёҳлар, шиша ва тоғ биллуридан ясалган буюмлар, мис ва кумушдан ясалган тақинчоқлар олиб борилган экан. Ўз навбатида, Хитойдан шойи газламалар, чинни буюмлар олиб келинган.
Санъатшуносларнинг таъкидлашича, Хитой мусиқа ва рақс маданиятига ғижжак, чанг, най сингари мусиқа асбобларининг кириб боришига Марказий Осиё мусиқа санъати катта таъсир кўрсатган. Бухоро, Самарқанд ва Чоч раққосалари ва мусиқачилари VII-VIII асрларда Хитойда жуда машҳур бўлиб, ҳатто ўша давр Хитой мусиқасида аждодларимиз мусиқа санъати йўналишлари устуворлик даражасига кўтарилган. Тарихчи олимлар тадқиқотларига кўра, Амир Темур салтанати ва Мин сулоласи ўртасида бир неча марта элчилар алмашинуви бўлган. Дипломатик ва савдо алоқалари ривожлантирилган. Мазкур элчилар орқали Хитой императорига от, туя ва бошқа ноёб совға-саломлар юборилган бўлса, Хитой императори Соҳибқиронга кумуш пул, ипак матолар юборган. Бу алоқалар Амир Темур вафотидан кейин ҳам давом этган.
Низомиддин Шомийнинг Соҳибқирон амри билан битилган “Зафарнома” китобида айтилишича, саройда Амир Темур иштирок этган олий даражадаги тадбирлар, зиёфатлар, тўй ва бошқа тантанали маросимларда турли давлатларнинг мусиқачилари ҳам санъатларини намойиш этган. “Оламнинг турли тарафидан йиғилган тиллари ва кийимлари бир-бирларидан фарқли ҳар қайси мамлакат созандалари, ҳар бир иқлимнинг санъат ахлларию ҳунар соҳиблари гуруҳ-гуруҳ бўлишиб, ҳар диёрнинг ўзида расм ва одат қилинган зеб-зийнат буюмлари, тақинчоқлари, кийим-кечак ва матолари билан ясаниб, ўзларига оро бердилар. Хушнағма созандалар ва хушовоз хонандалар форс тариқасида, ажам тартибида, араб қоидасида, турк йўсинида, мўғул аёлғусида, хитой русумида, олтой услубида соз чалмоқ, ашула айтмоқ ва оҳанг боғламоқ ила машғул эдилар”.
Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Жамолиддин Бухорий, Муҳаммад Бухорий, хоразмлик Аҳмад Фанакатий ва бошқалар математика ва астрономия соҳасидаги билим ва амалий ишлари билан Хитойда машҳур бўлган. Шунингдек, XIII–XIV асрларда табобат илмида пешқадам бўлган бир қанча аждодларимиз Хитойда фаолият кўрсатиб, улар ёрдамида Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” хитой тилига таржима қилинади ҳамда хитой табобати дурдонаси ҳисобланган “Хуэйхуэй яофан” (“Мусулмон дориворлари”) ҳамда “Бенсао ганму” (“Гиёҳ дориворлар қонуни”) асарлари яратилишига таъсир кўрсатади. Бу ҳамкорликнинг энг муҳими жиҳатларидан яна бири шундаки, Марказий Осиё Хитойнинг Жануби-ғарбий Осиё ва Европа мамлакатлари билан савдо алоқаларида муҳим ўрин тутади. Айнан марказий осиёлик савдогарлар Хитой маҳсулотларини Ғарбга етказиб беришда асосий роль ўйнайди.
XVI–XVII асрларда Хитой пойтахти Пекинда бухоролик савдогарларнинг махсус савдо расталари бўлгани, Сибир ва Россиянинг ички шаҳарларига Хитойда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни етказиб беришда бухоролик савдогарларнинг асосий ўрин тутгани Марказий Осиё ва Хитой алоқалари узлуксиз ва самарали давом этганидан далолат беради. Асрлар синовидан ўтган ҳамкорлик алоқалари тўғрисида бу каби жуда кўплаб далиллар келтириш мумкин.
Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили
Тарихий далилларнинг ўзи Марказий Осиё давлатларининг асрлар давомида Хитой билан алоқалари қанчалар мустаҳкам ривожланиб келганини кўрсатмоқда. Бу алоқалар, ўз навбатида, барча томонларнинг ривожида муҳим аҳамият касб этган. Халқаро муносабатларда зиддиятлар ва ноаниқликлар кучайиб бораётган бугунги шароитда Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой бир-бирини қўллаб-қувватламоқда. Хитойнинг Циан шаҳрида Марказий Осиё – Хитой биринчи саммитида давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббуслар муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Аввало, айтиб ўтилганидек, 2023 йил “Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили” деб эълон қилинди. Саммитнинг қадимий Циан шаҳрида бўлиб ўтиши ҳам бежиз эмас. Тарихда йирик илмий, маданий ва иқтисодий марказ бўлган Циан шаҳри кўп асрлар давомида бутун Евроосиё қитъасида цивилизацион ривожланиш, ўзаро боғлиқлик ва тараққиётга муносиб ҳисса қўшган Буюк ипак йўлига тамал тоши қўйилган қутлуғ маскан ҳисобланади. Тарихчиларнинг айтишича, Циан шаҳридан бошланган Буюк ипак йўли Самарқанд шаҳрида юксак мақомга кўтарилган. Ана шу маънода Самарқанднинг “Буюк ипак йўлининг юраги”, деб аталиши бежиз эмас.
Давлатимиз раҳбари айтганидек, бугун Марказий Осиё бутунлай янги – жипслашган ва кучли, мулоқот ва кенг кўламдаги шериклик учун очиқ минтақага айланмоқда. Ўтган йили минтақа мамлакатлари ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатларнинг ўттиз йиллиги нишонланди. Ҳамкорлик ишонч, ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ривожланмоқда. Шу маънода, саммитда давлатимиз раҳбарининг Марказий Осиё ва Хитой мамлакатлари етакчи “ақл марказлари”нинг биргаликдаги фаолиятини йўлга қўйиш, таҳлил институтлари, олим ва мутахассислар, стратегик ёндашувлар, комплекс тавсия ва қарорлар, минтақавий ва глобал миқёсда туб бурилиш ясайдиган лойиҳаларни ишлаб чиқиш, Самарқандда миллий стратегияларни уйғунлаштириш масалалари бўйича биринчи халқаро экспертлар конференциясини ўтказиш ва мунозара майдонини яратиш борасидаги таклифлари қизғин кутиб олинди.
Таъкидланганидек, мамлакатларимиз ва халқларимиз миллий маданиятларни ўзаро бойитиб бориш учун катта цивилизацион салоҳият ва улкан имкониятларга эгадир. Давлатимиз раҳбари саммитда эзгу анъанага айланиб қолган гуманитар алмашувлар, турли кўргазмалар, концерт ва гастроллар, қўшма спорт тадбирларни ёшларимизни кенг жалб этган ҳолда доимий ўтказиб боришга алоҳида эътибор қаратди. Шу маънода, мамлакатларимиз ёш истеъдодлари форуми, Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасида академик ва талабалар алмашинуви дастурлари, ёшлар форумлари ва спорт мусобақаларини ўтказиш йўлга қўйилади. Хитой ва Марказий Осиёнинг тарихий алоқаларида маданиятлараро мулоқот алоҳида ўрин тутади. Биргина Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони қаҳрамони Фарҳод Чин шаҳзодаси сифатида талқин қилиниши замирида қадимдан илм-фан-маданият ва санъат маркази бўлиб келган Хитой халқига нисбатан юксак ҳурматни кўришимиз мумкин.
Кейинги 5-6 йил давомидаги маданий алоқаларимиз ривожига қарар эканмиз, Шанхайда ўтган “Шанхай баҳори – 2016” форуми, Циан шаҳрида ўтказилган “Буюк ипак йўли” халқаро кўргазмаси, Синсзян санъат институтидаги Марказий Осиё беш мамлакати санъатини ўрганиш форуми каби кўплаб анжуманларда мамлакатимиз вакилларининг фаол иштирок этганини кўрамиз. Бунга қўшимча равишда Хитой миллий опера ва рақс драма театри ижодий жамоасининг “Миллий баҳор куни” муносабати билан Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида концерт дастурини намойиш этиши, 2019 йил 25 декабрда Пекин шаҳрида “Ўзбекистон маданияти куни” муваффақиятли ўтказилиши каби ўнлаб тадбирларни мисол келтириш мумкин. Бугунги кунда Ўзбекистондан минглаб талаба-ёшлар Хитой олий таълим муассасаларида таҳсил олишмоқда. Пекин, Шанхай, Ланчжоу, Урумчи университетларида ўзбек тили ва адабиёти факультативлари ишлаб турибди. Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Самарқанд давлат чет тиллар институтида ва бошқа қатор олий ўқув юртларида хитой тили ва адабиёти, Хитой тарихи ва иқтисодиёти ҳамда бошқа йўналишларда мутахассислар тайёрланмоқда.
Саммит жаҳон ҳамжамияти нуфузли оммавий ахборот воситалари томонидан кузатиб борилди. Уларда ҳамкорликнинг янги уфқлари, Ўзбекистон Президентининг ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Су Юханг, “Oman-China Investments” компанияси ижрочи директори (Ўмон) бундай ёзди:
– Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги тарихий муштараклик кўҳна Буюк ипак йўлига асос солинганидан буён давом этиб келмоқда. Эришилган келишувларни ҳаётга изчил татбиқ қилиш, турли даражадаги фаол ишбилармонлик алоқалари ҳозирда мутлақо янги босқичга кўтарилган, Ўзбекистон—Хитой муносабатлари жадал ривожланишида ижобий натижалар бермоқда. Шу боис, ҳамкорликнинг янги формати — Марказий Осиё–Хитой биринчи учрашуви минтақадаги ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга қўшимча туртки бериши шубҳасиз.
Ензо Падован, Сен-Жермен сиёсий фанлар олий мактаби тадқиқотчиси (Франция) бундай ёзади:
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Хитой муносабатлари ўз ривожининг янги босқичига қадам қўйди. Хусусан, мамлакатлар ўртасида товар айирбошлаш даражаси анча юқори, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалардаги алоқалар тобора мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги учун катта имкониятлар мавжуд. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё – Хитой формати Ўзбекистон ва ХХРнинг ўзаро манфаатли стратегик шериклик алоқаларининг давоми бўлиб, Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан ўзаро муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ислом ҳамкорлик ташкилоти Халқаро бизнес маркази бош ижрочи директори (Малайзия) Муҳаммад Толиб бин Mуҳаммад Ража Моҳан таъкидлаганидек, “Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг бугунги ҳолати юқори даражадаги ишонч ва бир-бирини ўзаро тушуниш билан ажралиб туради”. Саммитда Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги келишувлар, 2023-йилда “Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили” доирасида бўлиб ўтадиган тадбирлар, шубҳасиз, Марказий Осиё ва Хитой халқлари ўртасидаги тинчлик маданияти асосидаги дўстона ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Минҳожиддин МИРЗО,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази раҳбари
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ