Минг машаққат билан чоп этган китобингиз сиздан берухсат кўпайтириб сотилса, жаҳл отига минасиз, албатта. Кўз нури, юрак қўрини бериб ёзган асарингизни биров ўз номидан эълон қилса-чи, фиғонингиз фалакка чиқиши аниқ. Алҳол, жамият ғирром китобфурушларнинг пайини қирқиб улгурмай, муаллифлик ҳуқуқи бузилишининг бошқа бир тури – плагиат чуқур илдиз отмоқда.
Плагиат – фикр, ғоя, илмий, бадиий, мусиқий асар, кашфиёту ихтирони ўғирламоқ, халқона айтганда, тайёр ошга баковул бўлмоқ, бировнинг таҳоратига намоз ўқимоқ дегани.
Карл-Теодор цу Гуттенберг бундан ўн йиллар аввал Германиядаги энг бообрў сиёсатчилардан бири эди. Мудофаа вазири лавозимида фаолият юритган арбоб тез фурсатда канцлер Ангела Меркелнинг ўрнини эгаллаши кутилаётган эди. Аммо демократия қўриқчиси бўлмиш журналистлар мудофаа вазири ҳуқуқшунослик бўйича докторлик диссертациясида бошқа олимлар фикрини ўғирлаганини фош этди. Кўп йиллик “тоат-ибодат” бир зумда йўққа чиқди, “истиқболи порлоқ” сиёсатчи ошиғич равишда истеъфо берди. Олмон вазири-ку иқтибослар манбаси ва муаллифларини тўлиқ кўрсатмагани важидан шармисор бўлди. Бизда эса бутунбошли мақола, диссертация, асарлар ўзлаштирилмаяптими?.. Халқаро ҳуқуқ меъёрларида ҳам, миллий қонунларимизда ҳам ман этилганига қарамай, нега илму ижодга “ўғри мушукдай туйнукдан тушадиган”лар сафи тобора кенгайиб боряпти? Гапнинг дангалига кўчсак, муаллифлик ҳуқуқини тўлиқ англашимизга яна қанча қовун пишиғи бор ўзи? Мамлакат равнақида тақдируламал аҳамиятга эга ушбу масалада ойдинларимизнинг фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутинг.
Бобоқул ТОШЕВ,
Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси бошқаруви раиси, юридик фанлар доктори, профессор:
– Сўз аввалида муҳокама этилаётган мавзуга доир тушунчаларга ҳуқуқий изоҳ берсам. Муаллифлик ҳуқуқи фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш ва ундан фойдаланишда юзага келадиган муносабатларни тартибга солади. Қонунчиликка кўра муаллифлик ҳуқуқи ҳар қандай асарга нисбатан, унинг мақсади, қадр-қиммати, ифодаланиш усулидан қатъи назар, татбиқ этилади. Шунингдек, у объектив шаклда бўлган ёзма (қўлёзма, машинкаланган ёзув, нотали ёзув), оғзаки (омма олдида сўзланган, ижро этилган), овозли ёки видеоёзув (механик, магнитли, рақамли, оптик), тасвир (расм, эскиз, манзара, тарҳ, чизма, кино-, теле-, видео- ёки фотокадр), ҳажмли-фазовий (ҳайкал, модель, макет, иншоот) ва бошқа шаклларда эълон қилинган ва эълон қилинмаган асарларга татбиқ этилади. Бу ҳуқуқнинг юзага келиши учун асарни рўйхатдан ўтказиш ёки бошқа расмиятчиликлар талаб этилмайди.
Ҳосила (таржима, ишланма асар, аннотация, реферат, хулоса, шарҳ, инсценировка, аранжировка, фан, адабиёт ва санъат асарларининг бошқа қайта ишланмалари) ва жамлама асарлар (энциклопедия, антология, маълумотлар базалари) ҳам муаллифлик ҳуқуқи воситасида муҳофаза қилинади.
Илмий адабиётларда ва ахборот материали тайёрлашда муаллифнинг розилигисиз, ҳақ тўламай, унинг исм-шарифини, манбани кўрсатган ҳолда, асардан парча олиб ишлатиш мумкин. Аммо реклама ёки даромад олиш каби тижорий мақсадларда бунга рухсат этилмайди.
Илму ижод моддий даромад, обрў-эътибор келтирадиган соҳадир. Шунинг учун ҳам айрим шахслар яширин даромад олиш ёки жамоатчилик эътиборини қозониш учун ўзгаларнинг асарларидан ноқонуний равишда фойдаланишга уринади.
Бугунги кунда плагиат асосан илмий ишлар, дарслик, монография, қўлланма, мақола ва бошқа асарларни яратишда учрамоқда. Гоҳида муаллифлик ҳуқуқига оид қонунчиликдан бехабарлик сабаб хато содир этилади, гоҳида эса мақсадга эришишнинг осон йўли сифатида шу усулга мурожаат қилинади.
Хорижий тилдаги адабиётларни таржима қилиб, ўзимники деб чоп этиш плагиатнинг энг кўп учраётган кўринишидир. Илмий жамоатчиликнинг бефарқлиги ортидан билими саёз тадқиқотчи-олимлар сафи кенгаймоқда. Ваколатли идораларнинг плагиатга қарши дастурлари, илмий экспертизалар эса кутилган натижа бермаётир.
Кўп йиллар олдин Самарқанддаги олий таълим муассасасида дарс берган катта бир олимнинг шогирди устозининг бир неча китобини ўз номидан чоп эттиргани аниқланди. Иш судда кўрилиб, ноқобил шогирднинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилди. Олим билан суҳбатлашганимда, “Мен китобларни кўп йиллар давомида ўтказган амалий тажрибаларим асосида ёзганман, ахир! Шогирдим қилмиши оқибатини ҳис этсин, бошқаларга ҳам ўрнак бўлсин деб масалани суд орқали ҳал этдик”, дея куюниб гапирган эди.
Кинога меҳр қўйган бир танишимиз (у киши аллақачон оламдан ўтган) фильм сценарийсини ёзиб, пойтахтдаги таниқли мутахассисга топширади ва ўзи вилоятга қайтиб кетади. Орадан ярим йилча ўтиб, сценарийсини суриштириб келса, у асосда кинокартина суратга олиниб бўлган, сценарий муаллифи сифатида эса қўлёзмага тақриз бериши лозим бўлган бояги мутахассис кўрсатилган экан...
Маълумки, мусиқий асар шоир, бастакор ва хонанда ҳамкорлигида яратилади. Қонунчиликка кўра, бундай асар яратишдан аввал муаллифлар ўртасида шартнома тузилиши, уч томон ўзаро келишиб олиши керак. Бугунги кунда аксар хонандалар ўзига маъқул келган шеърни олади-да, бастакорга мурожаат қилади. Қўшиқ тайёр бўлгач, хонанда бастакор билан оғзаки келишади ва гўёки ўзини мусиқий асарнинг тўлиқ эгаси деб ҳис қилади. Маълум вақтдан сўнг шеъри рухсатсиз қўшиқ қилинган шоир хонандага ҳақли даъво билан чиқади.
Аввал ижро этилган куй, қўшиқ, мусиқадан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ҳам қонунга хилофдир. Айниқса, хориж мусиқасига ўзбекча сўз қўйиб куйлаш одат тусига кириб бораётир. Бу чет эллик ҳуқуқ эгаларининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Ўз даврида жаҳон миқёсида эътироф этилган куй-қўшиқлар бугун очиқдан-очиқ ўғирланиб ижро этилаётгани ва бунга жамоатчилик бефарқ экани ташвишланарли ҳолдир.
Плагиат – ўғриликнинг кечирилмас тури. Чунки ўзганинг илм ва ижод маҳсулини ўғирлаш унинг қалби, тафаккури, орзуларини ўғирлаш билан баробардир. Жамият ўз ҳуқуқини ҳимоя қила олмаётган муаллифнинг мушкул аҳволига томошабин бўлмоқдан уялиши керак.
Дилмурод ҚУРОНОВ,
филология фанлари доктори, профессор:
– Ўзбек илм-фанида плагиат биз ўйлагандан кўра ҳам кенгроқ тарқалиб улгурди. Бу иллатнинг оммалашуви ўрта ва олий таълимдаги ислоҳотлар билан боғлиқ. Мактабда ва олий таълим муассасасига қабул имтиҳонида иншо усули бекор бўлгач, ёзиш малакаси оммавий тарзда пасайди. Олий таълимга рейтинг тизими татбиқ этилгач, барча фанлардан якуний назорат таянч иборалар асосидаги ёзма иш тарзида ўтказиладиган бўлди. Тасаввур қилинг, илгаригидек сессия имтиҳонлари учун махсус вақт ажратилмайди-да, талаба семестр давомида ўтилган барча фанлардан якуний назорат иши топширади. Ҳаммага талаб бир хил – мутахассислик фанидан тортиб то жисмоний тарбиягача. Шунча фандан якуний назорат жуда қисқа вақт ичида ўтказилиши лозим. Талабада тайёргарликка вақт йўқ ҳисоби. Ўқитувчилар яхши эсласа керак, ўша йиллари кутубхоналардаги кўплаб ўқув адабиётларининг варақлари йиртиб олинган... Кейинроқ янги технологиялар оммалашди: осонгина телефондан кўчириладиган бўлди. Табиийки, қисқа вақт ичида ёзилган ва уч кун ичида баҳоланиши талаб этилган ёзма ишларни текшириш кўнгилдагидек бўлмайди. Деярли ҳамма ишда бир бошдан кўчириш ҳолатига дуч келсангиз-чи!.. Ҳақиқий баҳони қўйсангиз – “ишламаган”га чиқасиз, янги тартибнинг номақбул жиҳатларини айтсангиз – “тараққиёт душмани” аталасиз, хуллас, ноилож кўнилди. Оқибатда эса илмда плагиат одатий ҳолга айланди.
Аслида, бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ: ҳозир кўпчилиги билим олишни тестга тайёрланишгина деб билган, қалам-ручкадан кўра клавиатурада тезроқ ёзадиган, саволларга саноқли сонияларда телефонидан муфассал жавоб топиб берадиган авлод “илм қиляпти”... Шулардан бири – докторлик (DSc) ёзаётган олима таҳририятимизга келиб мақоласи тақдирини сўради. “Мақолангизнинг фалон фоизи кўчирилган экан, бериб бўлмайди” десам, “Китоблардан олдим-да, ҳамма ҳам шундай қилади-ку! Китобдан фойдаланмасам қандай ёзаман?” дея таажжуб изҳор этди. Ҳазилга йўйиб хижолатдан чиқмоқчими десам, йўқ, жиддий ва самимий гапиряпти. Яъни унда плагиат ҳақида тасаввурнинг ўзи йўқ, қилмишини мақбулу манзур деб билади... Негаки, талабалик давридан шундай қилиб келган, унга биров танбеҳ бермаган.
Илмий кенгашларни ҳозир шундай қараш-кайфият эгаллай бошладики, плагиатга қарши курашиши лозим бўлганлар ҳам унга панжа орасидан қараётир. Яқинда ўтган ҳимоялардан бирида “Диссертант фалон-фалон саҳифаларда рус тилидаги мақолани ўзлаштирган” дея аниқ далиллар билан эътироз билдирилса, янги докторлардан бири “Диссертация тил назариясидан, бу йўналишдаги ишларда шундай бўлиши табиий” дея кўчирмакашни оқламоққа уринди. Начораки, илмий ишлар ҳақида ҳуқм чиқариш энди шу йўсин ўйлайдиганларга қолмоқда... Йўқ, мен катта авлодни ёқлаш, охирги сўз шуларники бўлсин деган фикрдан мутлақо йироқман. Негаки, айрим катталар ҳам шароитга бинойидек мослашган: “Ҳарҳолда ўзи ёзган-ку!” деб хом-хатала ишларни ҳам ёқлайверади. Энг ёмони, муҳокамадаги ишнинг муаллифлик ҳуқуқига доир камчиликларини очсангиз, сизга бадхоҳга қарагандек қарашади. “Ҳай-ҳай, бировнинг яширин айбини очиқлаш гуноҳ” дея каминага насиҳат қилинганига нима дейсиз!
Аниқки, илмий кенгашлар рисоладагидек ишласа, иллат бунчалар маддалаб кетмас эди! Кенгаш аъзолари ҳам одам-да – бири хеш, бири табор бўлса, эртами-индин шогирди ҳимоя қиламан деб турса... – шуларнинг риоясига кўз юмилади. Хуллас, айрим кенгашлар янгича талқиндаги “бағрикенглик” сиёсатига ўтиб олган: “ўзи ёзган...”, “аёл боши билан шунча иш қипти-я...”, “ёшларни қўллаб-қувватлаш керак...” сингари даъволарни рўкач қилганча бўш ишларни ҳам ўтказиб келяпти...
Хўп, кенгашлар ўтказса ўтказаётгандир, лекин уларнинг ишини назорат этувчи ОАК нима қиляпти? Тўғри, ОАК диссертацияларни ҳимояга қадар антиплагиат дастурида текширади. Бироқ бу дастур ё текширувни ишончли бажармайди, ё уни “айланиб ўтиш” йўли бор. Cабаби – камина ушбу тизимда текшириб ҳимояга қўйилган диссертацияларда ҳам плагиат ҳолатларини аниқлаганман...
Плагиат – ўғрилик, бас, унга қўл урган одам шунга яраша жазо олиши шарт! ОАК Низомида ҳам аниқ-тиниқ баён қилинган: “Ўзганинг материалидан унинг муаллифи ва манбасини кўрсатмасдан фойдаланилган ҳолларда диссертация, у қайси босқичда кўрилаётган бўлишидан қатъи назар, муҳокамадан олиб ташланади ва талабгор ушбу мавзу бўйича диссертацияни қайта ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилади”. Афсуски, бу талабга тўлиқ риоя этилмаяпти. Йўқса, иш кенгашга топширилиб, кенгаш қошидаги семинар ҳимояга тавсия қилганидан сўнг антиплагиат текшируви ўтказиш ва кўчирмакашлик ҳолатларини кўрсатган ҳолда яна кенгашга қайтариш Низомга зид эмасми?! Иш кенгашга топширилар экан, ҳимоя жараёни бошланган саналади-ку! ОАК эса “бағрикенглиги”дан диссертантга матндаги плагиатни дастур аниқлай олмайдиган тарзда таҳрир қилиш учун шароит яратиб беряпти. “Бағрикенглик” дея бежиз киноя қилмадим: бу идора раисига бир диссертациядаги плагиат ва кўчириб олинган манбани аниқ кўрсатиб ёзган хатим жавобсиз қолди...
Рости, йигирма йиллар нарида аспирантурага берилган ўрин бўш қолмасин деб одам излаганмиз. Ҳозир қабул расмана танлов асосида ўтяпти, кези келганда бир ўринга ўнтадан талабгор бор. Сабаби – моддий манфаатдорлик икки-уч баравар ўсган. Лекин талабгорлар тақдим этган мақолаю тезисларнинг аксарида плагиат учрайди. Илмдаги илк қадамини ғирромлик билан бошлаганлардан эртага нима кутиш мумкин?! Демак, талабгорларнинг мақола ва тезислари жиддий экспертиза қилиниши зарур.
Ҳозир моддиятни ўйлаб илм қиладиганлар ҳам кўпайди. Тўғри-да, амаллаб диссертация ёқлаб олса, мўмай маош тайин, камига фалон фоиз устама, яна ўриндошлигу соатбай... Ғирромликка одатланган одам бошқа “даромад”дан ҳам парҳез қилмаса керак... Ачинарлиси, улар яна йигирма-ўттиз йил давлатнинг илм-фанга ажратган маблағини кемириб ётади. Бу эса инсофу адолатга хилофдир! Олий таълим муассасалари молиявий мустақилликка ўтар экан, бунақа “олим”лар илм даргоҳи оёғига тушов бўлади. Шундай экан, элакни кўтариш, саракни саракка, пучакни пучакка ажратиш даркор: сўнгги беш йил давомида ёқланган, ҳимоя жараёнида ёки ундан сўнг эътирозларга сабаб бўлган диссертацияларни қайта текшириш зарур. Бу иш олий таълим муассасалари илмий кенгашларига юклангани маъқул, чунки жамоалар ким асл олим эканини яхши билади.
Плагиат ҳолати аниқланган ишлар ОАКка маълум қилиниб, қоидабузар илмий даражадан маҳрум этилса, шунинг ўзиёқ кўчирмачиликни кескин пасайтиришига аминман. Энг асосийси, “илмий даражалилар сонини ошириш” вазифаси “илмий даражалилар сони ва сифатини ошириш” тарзида қўйилмоғи керак.
Шуҳрат ЭГАМБЕРДИЕВ,
академик, ЎзФА Астрономия институти директори:
– Плагиат муаммоси ижод ва фикр аҳлини кўп замонлардан бери ташвишга солиб келади. Ҳатто буюк драматург Уильям Шекспир бошқа ижодкорларнинг шеъру пьесаларини ўз номидан эълон қилган, деган гап юради. Тарихда ўтган воқеаларга қозилик қилмоққа даъвом йўқ, келинг, яхшиси, ўзим гувоҳ бўлган ҳодисани сўзлаб берай.
1994 йили Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллиги халқаро миқёсда нишонланган, мамлакатимизда ҳам қутлуғ санага бағишланган анжуманлар ўтказилган эди. Пойтахтимиздаги нуфузли университетда уюштирилган халқаро анжуман учун олти юзга яқин маъруза юборилгани эсимда. Ташкилий қўмита аъзоси сифатида тезисларни синчиклаб ўрганиб чиққанман. Буни қарангки, юзлаб матндан биронта пичоққа илинадигани топилмаган! Барча маърузалар уч асосий манба – шарқшунос Василий Бартольд, академик Тошмуҳаммад Қори Ниёзий ва Астрономия институти директори Владимир Шчегловнинг рисола ва мақолаларидан кўчирилган эди... Бу ҳолат, мана, салкам ўттиз йилдан бери давом этмоқда. Аммо Мирзо Улуғбек мероси тадқиқига бағишланган оригинал мақолаларни санасангиз, бармоқларингиз ортиб қолади.
Рақобат авжига чиққан бугунги даврда ихтирочилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Ҳозир бирон маҳсулот таннархини атиги бир неча фоизга камайтириш, уни такомиллаштириш наинки юқори малакали ихтирочилар меҳнати, балки миллионлаб доллар маблағ талаб қилади. Масалан, ҳар йили “iPhone” брендига мансуб маҳсулотларнинг янги авлоди тақдим этилади. Меҳнат маҳсули ва даромадни бошқа ширкатлар илиб кетмаслиги учун интеллектуал мулк, муаллифлик ҳуқуқи, патент каби тушунча ва ҳимоя механизмлари жорий қилинган. Мутараққий дунёда бировнинг ихтиросини ноқонуний равишда истифода этишга, яъни плагиатга асло йўл қўйилмайди. Бу нафақат саноат, балки иқтисодиётнинг барча соҳаларига тегишли талабдир.
Плагиатга қўл урган тадқиқотчи жамиятга мислсиз зиён келтиради. Илмий даража олимга илмий муассасада раҳбар лавозимларда ишлаш, кенгаш аъзоси бўлиш имконини бериши маълум. Нопок йўл билан илмий даражага эга бўлган кимса эса моддий манфаат эвазига ўзи каби қўлбола олимларни кўпайтириши аниқ.
Муштарийларда “Бундай ҳолатларнинг олдини олувчи назорат органи ‒ Олий аттестация комиссияси бор-ку! Нега чора кўрмайди?” деган савол туғилиши табиий.
Аввало, ОАК диссертациялар мавжуд тартиб-қоидага мос равишда ҳимоя қилинганини назорат этади. Бу идора антиплагиат дастури орқали фикр, ғоя, матн кўчирилмаганини ҳам текширади. Дастурнинг инглиз, рус ва ниҳоят ўзбек тилидаги матнларни текширадиган талқинлари яратилган. Лекин матнни таржима орқали ўзлаштириш ҳолатларини аниқлаш учун янада мукаммал дастур керак бўлади.
Сўнгги йилларда хорижда “фэйк”, яъни алдамчи нашрлар кўпайиб кетди. Бу борада айниқса Ҳиндистон олдинги ўринда. Интернетда фирибгарларнинг SCOPUS маълумотлар базасига киритилган, юқори импакт-факторга эга журналларга илмий мақола қабул қилиниши ҳақидаги эълонига бот-бот дуч келамиз. Бундай журналлар 100-200 доллар эвазига мазмунан саёз, илмий мезонларга мувофиқ келмайдиган, ҳатто дангал ўғирланган мақолани чиқариб беради. Суриштириб кўрсангиз, “нуфузли нашр” деганлари на SCOPUS рўйхатига киритилган, на юқори рейтингга эга! Хайриятки, хорижда шаънига гард юқтирмайдиган, сохтакорликка муросасиз журналлар ҳам бор.
Бир неча йил аввал қўшни мамлакатдаги университетнинг юбилей тантанасида иштирок этдик. Одатда, бундай тантаналарга донгдор меҳмонлар таклиф қилинади, уларнинг келди-кетди харажатлари тўлиқ қопланади, иштирокчилар қуюқ зиёфат, совға-салом билан сийланади. Меҳмонлар ҳам мезбон муассаса шаънига илиқ сўзлар айтиб, интервьюлар беради. Тарки одат – амримаҳол, қўшни мамлакатдаги юбилей ҳам шундай ўтди. Тантанадан кейин ташкилотчилар илмий тўплам учун иштирокчилардан маъруза матнини сўради. Анжуман жиддий мунозарасиз кечгани сабаб биз ҳам аксар иштирокчилар қаторида аввал чоп этилган мақолаларимиздан “йиғинди” маъруза тайёрлаган эдик. Уни яна бир карра таҳрир қилиб бердик. Ташкилотчилар тўпламни Нидерландиядаги “Kluwer Academic Publishers” деган нуфузли нашриётга тақдим этибди. Бир оз вақт ўтгач, нашриётдан “Тўпламга киритилган мақолаларнинг 85 фоизи аввал босилгани сабабли уни чоп эта олмаслигимизни маълум қиламиз. Тўпламни бизнинг нашриётда чиқармоқчи бўлсангиз, оригинал мақолалар йиғиб юборишингизни сўраймиз” деган мазмунда жавоб келибди. Мана, буни жиддий ёндашув деса бўлади! Аслида, тўплам плагиат маҳсули бўлмаган. Муаллифларнинг айби эски мақолалари асосида янги материал тайёрлагани, холос. Буюртма ҳисобидан кун кўрадиган нашриёт номни тоза сақламоқ учун нақд фойдадан ҳам воз кечган...
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бугунги кунда иқтисодиёт ривожида илмий ишланмалар ва инновацияларнинг роли ошиб бораётганини теран англаган ҳолда фан равнақи йўлида тизимли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Олимларнинг маоши кўпайтирилгани, улар уй-жой билан таъминланаётгани, замонавий лабораториялар барпо этилаётгани, ёш тадқиқотчилар жаҳоннинг етакчи илмий марказларига юборилаётгани, илм аҳлининг жамиятдаги нуфузи мустаҳкамланаётгани шу сирадаги чора-тадбирлардир. Хўш, илмий ишларнинг самарадорлиги шунга муносиб тарзда ошяптими? Афсуски, ундай эмас.
Етакчи олимлар, зиёлилар – миллатпарвар ватандошлар ўзбекона андишани бир четга суриб, савиясиз илмий ишлар, ўғрилик маҳсули бўлган диссертацияларга нисбатан аёвсиз муносабатни шакллантирмоғимиз лозим. Шундай муҳит яратайликки, илмга суқилиб кирмоқчи бўлган кимсалар “дарвоза”даноқ ортга қайтсин, минбаъд нопокликка журъат этмасин!..
Шаҳноза СОАТОВА,
публицист, жамоат фаоли:
– Негадир интеллектуал ўғриликни енгил санаймиз, бефарқ-лоқайдмиз, кези келганда уни ҳатто оқлаймиз ҳам. Бу, айниқса, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ва қўшиқчи Санжай можаросида билинди-қолди. Умуман, муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ судлашувлар жамиятнинг бу муаммога муносабати янглиш эканини кўрсатмоқда.
Бирон шоирнинг шеърини сўроқсиз ўзгартириб, асл мантиғи ва фалсафасини бузиб куйлаган хонанда – қаҳрамон (“яхши куйлади, шеърни ва шоирни машҳур қилиб берди”), ҳаққини даъво қилган муаллиф эса – аксилқаҳрамон (“ношукр экан, ўзини биров танимаса, пул учун судлашяпти-ёв”) аталади. Биз бу борада терс бир муҳитда яшаётгандекмиз.
АҚШда талаба курсдоши кўчирмакашлик қилганини ўқитувчига айтиб берса, номаъқул ишни фош этди дея олқиш олади. Бизда эса кўчирмакашлик оддий ҳол, қўлга тушиб қолса, нари борса огоҳлантирилар, лекин жиддий жазоланмайди. Бордию кимдир буни ошкор қилгудек бўлса, сотқин аталади.
Шўро қатағонидан мерос тарихий анъана бирон бир маълумотни ошкор этишни қораламоққа ундайди. Муаллифнинг ўз ҳақини талаб қилиши билан хабаркашлик иллати еру осмонча фарқланишини эса тушунгимиз келмайди. Аҳвол шу даражадаки, интеллектуал мулкини ҳимоя қилиш учун даъво бошлаган муаллифлар “Одамлар билмасин, мени сазойи қилишади” деб қонуний хатти-ҳаракатини ҳам яширишга уринади. Биз тескари “қадрият”лар ҳукми остида яшаяпмиз!
Бунинг асосий сабаби – ақлий меҳнатнинг қадрини билмаслик. Албатта, халқнинг иқтисодий ҳолати ҳам аҳамиятга эга. Дейлик, асл пойабзал фалон минг сўм, унинг нусхаси эса ўн баравар арзон бўлса, халқ камхаржини олади. Бировнинг ҳаққи, муаллифлик ҳуқуқи деб ҳар қанча бонг урманг, чўнтак кўтармас экан, барча уринишлар фойдасиз. Бу ҳол ёпиқ доирани ёдга солади: аҳоли қўли юпқалиги важидан муаллиф ҳаққига риоя қилмайди, бошқа томондан, жамият муаллиф ҳаққига риоя қилмагунича камбағалликдан қутулолмайди. Боз устига, мамлакатда муаллифлик ҳуқуқига риоя этилмаётгани, ишлаб чиқарувчи ҳам, истеъмолчи ҳам бунга бефарқлигини кўрган инвестор асло сармоя киритмайди.
Шу тахлит хорижнинг арзон, сифатсиз молларини истифода этиб умр ўтказамиз. Ўзимизнинг олтинбошлар четга ҳижрат қилиб, у ерда моддий неъмат яратади. Биз эса уларнинг молини ўн, юз баравар қиммат нархда сотиб оламиз. Шу тарзда “учинчи дунё” тамғасидан қутулолмай юраверамиз.
Ҳар гал хориж сафарига чиққанимда аэропортларда ҳамюртларимнинг зил-замбил жомадон судраб юрганига гувоҳ бўламан. Ватандошларимиз четдан китоб, антиквариат ёки бирон маданий атиқа келтирса қани – асосан кийим-кечак, егулик ташийди. XXI асрда-я! Нега? Бизда брендлар камлиги сабаб ким хорижга чиқса, кўзи очдек дўконларга чопади, жомадонини ажнабий маҳсулот билан тўлдиради. Фикр, ғоя ўғирланган мамлакатдан бренд эгалари ҳам оёғини тортади-да!
Бу ҳол нафақат саноат ва бизнес, балки илм, ноширлик, санъатга ҳам хос. Ношир яхши муаллиф топиб, унга қаламҳақи бериб асар ёздиради, хориждан нашр ҳуқуқини сотиб олади. Қанча харажат ва ҳаракат қилиб китобни нашр этади, бозорга чиқаради, маҳсулотини овоза қилиш учун ҳам маблағ аямайди. Бироқ китоб энди тилга тушганида қароқчилар уни арзон-гаровга пуллаб чўнтак қаппайтиради. Сўнгги йиллари бу борада Телеграм каналлар учар бўлиб кетди. “Маърифат тарқатяпмиз” деган даъво билан китобларнинг электрон нусхаси каналларга жойланади. Асл мақсад – минг-минг обуначи йиғиш ва рекламадан пул ишлаш! Шўрлик ношир чапак чалиб қолаверади.
Ўғриликларнинг ортидан қувиб, ҳуқуқбузарларни жазолаб самарага эришмоқ мушкул. Телеграм гуруҳи маъмурини топиб жавобгарликка тортганингиз билан, эртага у аноним тарзда бошқа бир канал очиб, қинғир ишини давом эттираверади. Уларни фақат кўпчилик бўлиб, маънан етук халқ тўхтата олади. Ўғирланган маҳсулотларни бойкот қилиб, ўша каналларга обуна бўлмай, плагиатни оммавий тарзда қоралаб! Бироқ бунинг имкони бормикан?..
Ижтимоий тармоқларда муаллифлик ҳуқуқи борасида кўп баҳслашаман. Гоҳо ўқимишли инсонлар ҳам интеллектуал ўғриликни ёқлашидан ҳайрон бўламан. Тўрт қатор оҳорли матн ёзиш машаққатини бошдан кечирган одам ақлий меҳнат маҳсулининг ўғирланиши нақадар аламли эканини теран ҳис этади.
Муаммо сабаблари талайгина.
Биринчидан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситасида маълумотларни унинг муаллифи, ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ўзлаштириш осон ҳамда арзон ишга айланиб қолди.
Иккинчидан, давлат органлари ва ташкилотлари интеллектуал мулк соҳаси бўйича ўзига юкланган вазифаларни тўлиқ бажармаётир. Қолаверса, бу борада идоралараро ҳамкорлик йўлга қўйилмаган. Яъни давлатнинг ўзи бу иллатга қарши бир муштга дўниб кураша олмаяпти.
Учинчидан, интеллектуал мулк объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш натижасида етказилган зарарни аниқлаш ва қоплаш бўйича тегишли механизм жорий этилмаган.
Тўртинчидан, аҳоли бу бўйича етарли билим, кўникма ва ҳуқуқий маданиятга эга эмас.
Ахлоқ пойдор бўлмаган жамиятда қонун устуворлиги ҳам, тараққиёт ҳам йўқ. Биз эса тобора ахлоқдан йироқлашиб боряпмиз: бировнинг ҳаққидан қўрқмаймиз, ўғриликка енгил қараймиз, фақат ўзимизни тўнасаларгина адолат талаб қиламиз. Аччиқ бўлса-да тан олиш керакки, жамият деб атаётганимиз бу бирлашма ҳали расмана жамиятга айланмаган. Ёпиқ ҳалқани бузиш, жараённи тўғри ўзанга буриш керак, ахир!
Интеллектуал мулк Европада ялпи ички маҳсулотнинг – 45, Хитойда – 12, Россияда эса 7 фоизини ташкил этади. АҚШ, Германия, Япония сингари мутараққий давлатларда ЯИМ ўсишининг 80 – 95 фоизи техника ва технологиялар ҳиссасига тўғри келади. Демак, қаерда ақлий меҳнат қадрланса, ўша ерда инсон шаъни баланд, қорни тўқ, адолат устувор бўлади. Илм-фан ва инновацияни ривожлантириш, бу соҳадаги ютуқларни юқори қийматли маҳсулотга айлантириш учун ҳам интеллектуал мулкнинг ишончли муҳофазаси таъминланиши лозим.
Бировнинг тилла соатини ўмариш билан ўзганинг асарини ўзиники қилиш ўртасида фарқ мавжуд эмас. Ана шу нуқтаи назарни бутун жамиятга сингдириш, плагиатнинг улкан зиёнини тушунтириш, мухтасар айтганда, ижтимоий онгни ўстириш керак. Энг асосийси, давлат ҳам бу ишга жиддий киришмоғи лозим. Гарчи “популистик” бўлмаса-да, “очко” келтирмаса-да, жазони қаттиқроқ ва муқаррар қилиш, интеллектуал мулк ҳимоячилари ҳамжамиятларини рағбатлантириш каби чораларни кўриш вақти келди. Унутмайликки, бу иллат косамизни оқартирмайди, унинг касрига кучлилар қаршисида заиф ва тобе бўлиб қолаверамиз.
Иқболжон ҚОРАБОЕВ,
халқаро ҳуқуқ доктори (Тулуза университети, Франция):
– Plagiaire истилоҳи француз тилида бир неча асрдан бери мавжуд. Бу сўз илк марта XVI асрга оид ёзма манбаларда учрайди. У бошқаларнинг қулини ўғирлаган ёки ҳур инсонларни қул қилиб сотган шахсларга нисбатан ишлатилган. Эндиликда мазкур атама академик ахлоқ ўзак тамойилларининг поймол этилишини англатади.
Ғарб мамлакатлари бу иллатга қарши тизимли, муросасиз курашади. Франциядаги атоқли олимлардан Этьен Клайн билан боғлиқ ҳодиса ҳам жамият ва илмий жамоатчилик плагиатдан қанчалик ҳазар қилишини кўрсатди.
Физика ва фан фалсафаси бўйича етук мутахассис бўлган Этьен Клайн илм-фанни оммалаштириш йўлидаги хизматлари туфайли ҳам мамлакатда обрў-эътибор қозонган эди. Унинг фан йўналишлари ва машҳур олимларга бағишланган китобу мақолалари қўлма-қўл ўқилган. 2016 йили Франция президенти Франcуа Олланд олимни жамиятда илм-маърифатга бўлган рағбатни оширишга масъул Фан ва технологиялар бўйича тадқиқотлар институти (IHEST) директори этиб тайинлаган эди. Кўп ўтмай, “L’Express” нашри Э.Клайннинг Альберт Эйнштейн ҳаётига бағишланган китобида француз ва хориж олимлари асарларидан кўчирилган матнлар борлигини аниқлаб мақола эълон қилди. Олим бу даъвони рад этгач, “L’Express” журнали муаллиф бошқа асарларида ҳам плагиатга қўл урганини фош этувчи навбатдаги суриштирувни чоп этди. Ғишт қолипдан кўчган эди, ҳукумат мазкур ҳолатни ўрганишни тўрт нафар олимдан иборат мустақил комиссияга топширди. Комиссия ўз ҳисоботида Э.Клайннинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бермаган бўлса-да, у институт директорлигидан кетиши тавсия этилди. Пировардида физик олим лавозимидан озод қилинди.
Дарҳақиқат, плагиат жамият равнақига путур етказади, илм-фанга бўлган ишонч ва ҳурматни поймол этади, иқтисодиёт ва инновациялар учун ажратилган маблағлар ҳавога совурилишига олиб келади. Шу мавзуни кўп йиллардан бери тадқиқ этиб келаётган швейцариялик профессор Мишель Бергада плагиатнинг жамият, фан ва таълим тизимига зарарларини санар экан, бу иллат академик билим муҳофизлари – илмий журналларни ҳам ёмонотлиқ қилишига эътибор қаратди.
Алдам-қалдамга муккасидан кетган тадқиқотчи жаноблари, гарчи ўзи номуносиб бўлса-да, илмий даража ва академик унвонларга эга чиқади. Интеллектуал ўғрилик авж олган тизимда сохтакорлар мукофотланиб, ҳалол тадқиқотчилар панада қолади.
Интернет ва ахборот технологиялари шиддат билан ривожланаётган бугунги даврда плагиат, таъбир жоиз бўлса, пандемияга айланиб бормоқда. Аввало, бу иллатга қарши кураш кўп вақт ва катта харажат талаб этишини қайд этиш жоиз. Қолаверса, фикр ва ғоя ўғрилигининг олдини олиш учун маъмурий, жиноий чоралар кўриш билан бирга жамиятда огоҳликни ошириш ҳам талаб этилади. Бу борада Европа тажрибасидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Европа кенгаши Таълим соҳасида этика, очиқлик ва тўғрилик платформасига (ETINED) асос солган. Францияда эса 2017 йили Илмий ҳалоллик идораси ташкил қилинган. Унинг асосий вазифаси умуммиллий даражада илмий ҳалоллик меъёрларини муҳофаза этиш ва тарғиб қилишдан иборат. Кўҳна қитъа профессор-тадқиқотчилари ташаббуси билан таъсис этилган Европа академик ҳалоллик тармоғи (ENAI) ҳам илм-фанда учрайдиган номақбул иллатларга қарши курашда намуна бўла олади. Франция парламентининг юқори палатаси (сенат) 2021 йилда нашр қилган “Илмда ҳалоллик маданиятини тарғиб этиш ва ҳимоя қилиш” деб номланган 143 саҳифали ҳисобот ҳам академик ҳалоллик масаласи давлат учун қанчалар муҳимлигини тасдиқлайди.
“Илм-фан ва санъатда плагиат ҳодисаси интеллектуал сохтакорлик ўлароқ намоён бўлади. Агар талабалар орасида учрайдиган фикр ўғрилигини хомлик ва ғўрликка йўйиш мумкин бўлса, олимлар ва санъаткорларнинг бундай қилмишини биродаркушлик жинояти деб баҳолаш мумкин”, дейди Ренн университети профессори Александр Серрес.
Олимнинг таъкидлашича, илмий сохтакорлик ҳеч қачон беихтиёр содир этилмайди, ғирром усулни маъқул кўрган муаллиф онгли равишда бу қилмишга қўл уради. Илмдаги сохтакорликнинг бадали эса бошқа соҳалардаги қинғирликлардан кўра бир неча баравар оғирроқдир.
Мураккаб феномен бўлган плагиатга қарши кураш хамирдан қил суғургандек осон кечмаслиги табиий. Тажрибасизлик ёки эҳтиётсизлик сабаб сохтакорликка қўл урган толиби илмни тўғри йўлга солмоқ мумкиндир, аммо бу қилмишни онгли равишда содир этганларни қандай тарбияламоқ керак? Бизнингча, бу борада ҳуқуқий, ахлоқий ва ижтимоий чораларни уйғун ҳолда қўлламоқ лозим.
Беҳзод ФАЗЛИДДИН,
шоир, филология фанлари бўйича фалсафа доктори:
– Ҳозирги кунда ижодкорлар муаллифлик ҳуқуқи масаласида ўзи курашиши зарур бўлиб қоляпти. Мен ҳам адабий-илмий ижодда плагиат ҳолатига кўп бора дуч келганман. Бир неча йил аввал кўчирмачи қаламкаш ва қўшиқчилар билан судлашишгача борганман, пировардида улар жавобгарликка тортилган. Ўтган йили ҳам шундай можаролар бўлди.
Яна бир шеърим ўғирланиб, қўшиқ қилинган экан. Аниқроғи, шеърим асосида янги бир “шедевр” ёзилиб, куйга солинган. Қўшиқчини топиб, плагиатга қўл ургани, бунинг учун қонуний жавобгарлик борлиги, қолаверса, асар муаллифнинг рухсати билангина ижро этилиши кераклигини батафсил тушунтирдим. Аммо тайинли жавоб ололмадик. Бу орада кечган асаббузарликларни айтмай қўяқолай...
Ҳолат юзасидан дастлаб Интеллектуал мулк агентлигига (ҳозир департамент) мурожаат қилинди. Бир вақтлар бор-йўқлиги ҳам билинмайдиган агентлик Адлия вазирлиги таркибига ўтгандан сўнг бир қадар жонланганини эшитиб шундай йўл тутгандик. Аммо ташкилот ходимларининг, аяброқ айтганда, масъулиятсизлиги оқибатида неча ойлаб шу ғалва билан андармон бўлдик. Ажабо, ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўзи ҳуқуқини талаб қилганларни хушламай турса-я!..
Кузатишимизча, Адлия вазирлиги, унинг вилоят бошқармалари ва бошқа идораларда муаллифлик ҳуқуқи бўйича малакали мутахассислар етишмайди. Ҳатто судьялар орасида масалани тузук-қуруқ тушунмайдиганлари учрайди. Айтаман деса, анча гап бор... Дарвоқе, Ёзувчилар уюшмаси, “Ўзбекконцерт” ва бошқа ижодий ташкилотлар ҳам бу масалага жиддийроқ қараши лозим эмасми?!
Сирасини айтганда, жамоатчилик назорати сустлиги, масъул ташкилотлар ўз ишини рисоладагидек уддаламаётгани, судларда муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ тажриба шаклланмагани боис айни ижод қиладиган, изланиб-ўрганадиган паллада бундай ғалвалар муаллифларнинг вақту асабига эгов бўлаётир.
Муаллифлик ҳуқуқига доир ишларнинг ОАВда ёритилиши ҳам кўнгилдагидек эмас. Кейинги вақтларда плагиат мавзусида бирон жўяли, таҳлилий материал эълон қилинганини эслай олмайман. Сайт ва электрон нашрлар “фалончи судга берилди” дея шов-шув кўтариш билан овора. Ҳаваскорларча ёзилган хабарларни ўқиган замондошда ҳуқуқбузар эмас, қонуний ҳақини талаб қилган шахс айбдор деган таассурот уйғонади. Ҳа-я, нима учундир бизда ҳали ҳам судга мурожаат қилганлар хушланмайди. Ахир, бу – масалани ҳал этишнинг энг маданий йўлларидан-ку! Ижтимоий тармоқдаги муҳокамаларда эса аксар одамлар мавзуни тушуниб-тушунмай оғзига келганини ёзаётир. Афсуски, бугуннинг ижодкори ана шундай чаласавод, фикрлаш неъматидан бенасиб, китоб ўқиш тугул, ўз исмини ҳам тўғри ёза олмайдиган тўда билан ҳисоблашмоққа мажбур. Бу бобда аксар зиёлиман деганининг ҳам аҳволи беҳроқ эмас...
Шеър ўғрилиги бўйича судлашувимизда ҳам шу ҳол кузатилди. Суд камтарона жарима белгилади, маънавий зарар суммасини эса айтмоққа ҳам уяласиз... Фиғонимиз ошиб юрган кезларда плагиатга доир ушбу суд иши натижаси ҳаммаёқда овоза бўлди. Адлиянинг вилоят бошқармаси интернетда “фалончи шоир шеърини рухсатсиз қўшиқ қилгани учун фалончи хонандани судга берди ва қўшиқчи жаримага тортилди” деган мазмунда узуқ-юлуқ хабар эълон қилди. Аксар сайтлар воқеа тафсилотини ўрганмай, вазиятни суриштирмай ўша чалкаш маълумотларни кўчириб тарқатди. Бу ўринда бошқарма ходимлари ҳам, ОАВ вакиллари ҳам ахборот етказишда касб этикасига риоя қилмаганини алоҳида қайд этиш керак. Оқибатда кўпчилик янглиш хулоса ясади: гўё шеърим рухсатсиз қўшиқ қилинганини эшитиб дарров судга чопганман. Одам ҳам шу қадар анойи бўладими! Асосий масала шеър рухсатсиз қўшиқ қилинганида эмас, ижодий ўғрилик юз берганида-ку!
Плагиат сабаб жаримага тортилганларни кўпчилик жабрдийда ўлароқ кўраётгани ажабланарли. Баъзи ижод кишиларининг бу борадаги илмоқли гапларини эшитиб яна ўйланиб қоласиз: аслида, шу қавмнинг ўзи муаллифлик ҳуқуқи бузилишига қарши курашда олдинги сафда бўлмоғи керак эмасми?!
Плагиат ҳодисаси олий ўқув юртлари, илмий тадқиқот муассасаларида ҳам урчимоқда. Мана, яна бир мисол. Вилоятлардаги университетлардан бирида ҳимоя қилинган магистрлик ишида PhD диссертациям материаллари, хусусан, матбуот ва интернетда эълон қилган мақолаларимдан саҳифа-саҳифа кўчириб олинибди. Магистрант-ку бировнинг меҳнат маҳсулини ўзлаштиришдан уялмабди, унга йўл кўрсатадиганлар, илмий раҳбар нега жим қараб турди экан?
Ушбу ҳолат юзасидан университет раҳбариятига мурожаат қилдик. Келинг, тафсилотларни дастурхон этиб ўтирмайин, аммо, очиғи, ОТМ раҳбариятининг масъулиятни соқит қилишга урингани, педагог-ходимлар эса кўчирмакашлик ҳолатига “Шунга ҳам ота гўри қозихонами!” қабилида муносабатда бўлганидан музтар-мутаассир бўлдим. Тасаввур қилингки, шу каби кўчирмакашлар кейинроқ докторлик диссертациясини ёқласа, илмий даражага эга бўлиб, соҳада жавлон урса! Ким билсин, яна қанча юмалоқ-ёстиқ қилинган “илмий иш”лар бор экан?! Илмга, ижодга ёлғон билан кириб келаётган ёшларнинг келажаги ҳақида ёруғ сўз айтиш қийин. Олий таълим масъуллари, илмий тадқиқот институтлари мутасаддилари бу масалага алоҳида эътибор қаратмоғи даркор.
Интеллектуал мулк ўғрилиги инсонийликка ҳам, қонунчиликка ҳам зид, шаръан эса ҳаромдир. Наҳот шу оддий ҳақиқатни англаб етмаймиз?!
Ривожланган давлатларда муаллифлик ҳуқуқини бузганлар катта жаримага тортилади, ҳатто қамалади. Энг асосийси, “ижодий қароқчи”лар жамият нафратига учрайди. Биздаги “ўғригина ижодкор”лар эса ҳозирча енгил таъзир билан қутулиб қолаётир.
Ҳар бир инсон, айниқса, ижодкорлар муаллифлик ҳуқуқи бузилишига муросасиз бўлмоғи лозим. Интеллектуал мулкни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳадеб ура-ура қилавермай, ўз ишига виждонан ёндашиши даркор. Оммавий ахборот воситаларида ҳам бу мавзу мунтазам ёритилиши керак. Шояд, жамият бунинг қанчалар хавфли жиноят эканини англаса!..
Раҳмон ҚЎЧҚОР,
адабиётшунос олим:
– Аввало, бир масалани аниқлаштириб олишимиз керакка ўхшайди: олим, шоир-ёзувчи бўлмоқ, санъаткор рутбасига эришмоқ – белни оғритмай пул топиш, ёқани кир қилмай тирикчилик ўтказиш, жамиятнинг ҳурматга лойиқ аъзосига айланиш деб талқин қилиниши тўғрими? Жамиятимизда ана шу қараш аксиома тусини олгани камолотдан даракми ёхуд фалокатдан?
Хоҳ Машриқ, хоҳ Мағриб тарихида илму ижод йўли равон ва осон кечган бирон йирик олим, санъат ва адабиёт намояндаси топилармикан? Арастуга осон бўлганми ёхуд Афлотунга? Балки бепоён даштнинг изғиринли шамолида Билга хоқон тошбитигини дарж этган муаллиф роҳат топгандир?! Ибн Сино ёки Форобийнинг, Беруний ёхуд Мирзо Улуғбекнинг қай бир илмий кашфиёти эътирозсиз қабул қилинган? Бруно, Насимий ва Машрабни нега дастурхон тўрига эмас, олов ва дор остига келтирдилар? Поль Гоген нечун моховга чалиндию Абдулла Тўқай ва Усмон Носир нега тонгда қон тупурди? Эркин Воҳид ёки Рауф Парфининг, Гулчеҳра Нуриллаева ё Шавкат Раҳмоннинг беғам-беташвиш юрганини биров кўрганми?..
Шу янглиғ саволларга жавоб топмагунимизча, ҳар биримиз бу борада виждоний қарорга келмагунимизча аҳволнинг ўнгланишига умид қилиб бўлмайди. Зеро, илм йўлини тутмоқ, адабий ва эстетик ижод жабҳасига умрни фидо этмоқ – мунтазам бедорлик, ўзни тинимсиз меҳнатга ундаш, бошқалар ором оғушида бўлганида руҳ ва жоннинг бесаранжом қийноқларига тик қарай олиш деганидир. Ана шундагина недир илмий янгилик, бадиий кашфиёт дунёга келади.
Ҳаминқадар билим, чала-чулпа савод билан илмда бирон янгилик кашф этиб бўлмаганидек, одам боласида расида ёшида ниш бериб, кейин қовжираб қоладиган ижодга қизиқиш ҳисси билан ўлмас бадиий асарлар яратиб бўлмайди.
Афсуски, Юсуфбек ҳожи ўғли Отабекка “Онангга келин қайғуси тушибдур” деганидек, яқиндан бери биз ҳам олий маълумотлилар, олимлар, санъаткору ижодкорлар сонини кўпайтириш орзусига берилганмиз. Хўш, илм бобида унинг рўёбига қандай киришамиз? Ҳар галгидек энг осон тарзда, кампаниябозлик усулида – қисқа муддатда кафедраларда фан докторлари (DSc) ва фалсафа докторлари (PhD) сонини ошириш, ҳар бир ўқитувчининг хорижий журналларда мақолаларини чиқариш, қандай бўлмасин, номики халқаро аталган илмий анжуманларнинг сертификатларини кўпайтириш ва ҳоказо...
Илм, ижод деганлари эса, боя айтилганидек, ўлгудек қайсар, оби-тобига етмагунга қадар мева бермайдиган дарахт!
Магистр, фалсафа доктори, фан доктори бўлмоқни ҳавас қилган мардум кўпинча танлаган мавзуси доирасида ёзилган илмий ишларнинг бир қисмидан (кошки, уларнинг ҳам барчаси билан танишса, йўқ, бунга вақт йўқ!) гоҳ сал “афт-ангори”ни ўзгартириб, баъзан эса тўғридан-тўғри кўчириш – ўзлаштиришга киришади. ОАКнинг ҳатто соф миллий (масалан, ўзбек адабиётшунослиги) йўналишдаги илмий ишлар учун ҳам хорижий журналда материал чоп этиш талабига кўра, масалан, ЖАРда рўйхатга олиниб, ярим йил-бир йилда ёпилиб кетадиган ойномада мақола чиқариш учун 500–800 долларнинг баҳридан ўтилади. Ўртада турган корчалонлар шу тариқа мамлакатдан ҳар йили қанча валютани олиб чиқиб кетаётганини биров ҳисоблаб ўтирмайди. Нега ҳисобласин, ахир пул кетса кетсин, обрў кетмасин! Ахир, бунинг эвазига университетларимизнинг жаҳондаги нуфузи ортмоқда, ҳар йили фалон мингта мақола хорижда чоп этиляпти, кафедраларнинг илмий салоҳияти юксалиб, профессор-ўқитувчиларнинг устама ҳақи ошмоқда!..
Ана ўшандай “илмий ўсиш шарофати билан” камина “Тафаккур” журнали ўртага қўйган муаммо хусусидаги фикрларимни бир кунда беш-ўн марта чироқ ўчаётган, газўчоқдаги олов икки яшар болажоннинг олд тишлари янглиғ одамга иршайиб турган совуқ хонада гуппи чопонга ўраниб ёзиб ўтирибман. Ҳолбуки, тагини суриштирсангиз, фақат мана шу – нефть-газ, энергетика илми соҳасида кейинги йилларда ҳимоя қилинган диссетацияларнинг саноғига етиб бўлмас!..
Камина ҳаётим давомида анча-мунча илмий ишлар, мақола ва диссертацияларни гоҳида холис ўқиб кўриш, баъзида ҳақ эвазига таҳрир қилиш учун қўлга олганман. Улардан тахминан йигирма фоизини недир янгилиги туфайли эътироф этса арзийди. Қолган саксон фоизи ҳақида эса ўша гап – шўрвасининг шўрваси!
Сунъий равишда олимлар сонини кўпайтиришнинг “аввалгиларга ўхшамас” усулларига ҳам гувоҳ бўлаётирмиз. Яқинда ёш тадқиқотчилардан бирининг ниҳоятда ўқишли илмий иши қўлимга тушиб қолди. Не тил билан айтайки, уни ўқир эканман, қулоғим остида нуқул “Тафаккур” журналининг фаол муаллифларидан бири – таниқли олимнинг овози жаранглайверди...
Шундай вазиятда яна ўша машҳур Николай Чернишевский қўйган савол кўндаланг бўлади: нима қилмоқ керак?
Менимча, бошқа жабҳаларда бўлгани сингари илму фан, бадиий ижодда ҳам маъмурий аралашув усулидан воз кечиб, соҳа эгалари – профессионал мутахассислар фикри, ташаббуси ва таклифларига қулоқ тутмоқ зарур.
Олий ўқув юртларида ўқитишнинг модуль тизими бугунгидек чала-чулпа эмас, тўлиқ жорий қилиниши, фан асосларини пухта ўзлаштирмаган талабага диплом бериш амалиётига чек қўйиш лозим.
Магистратурага фақат илмий салоҳияти етарли, бакалавриатда недир илмий натижани намойиш қила олган битирувчигина қабул қилиниши керак.
Ва ниҳоят, қани эди, олимлик, санъаткорлик рутбасига диплому сертификат, унвону даражага кўра эмас, балки фан ва санъатда янги йўл очгани, кашфиёт, назарий-амалий натижа қайд этганига кўра эришилмоғи бош талабга айланса...
Собиржон ЁҚУБОВ
тайёрлади.
“Tafakkur” журнали, 2023 йил 1-сон.
“Тайёр ошга баковул” давра суҳбати
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ