Ўз замонасида ўқиш тақиқланган 10 та машҳур асар


Сақлаш
20:56 / 24.05.2023 750 0

Ҳозирда жаҳоннинг дурдоналари саналган, классикага айланган бадиий асарлар бир пайтлар тақиқда бўлганини биласизми? Улар ичида дунёга машҳур ёзувчилар Марк Твен, Жеймс Жойс, Селинжер каби ёзувчиларнинг асарлари ҳам борки, уларни ўқиб кўриб, нега ўқиш ман этилганини тушуниб етасан. Қуйида қачонлардир тақиқда бўлган ва ҳозирда севиб ўқиладиган 10 та бадиий асарни эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

1. “Улисс” – Жеймс Жойс

 

Гомернинг “Илиада”сидан илҳомланиб ёзилган мазкур асарда Леопард Блумнинг Дублинда ўтказган бир куни ҳақида ҳикоя қилинади. Китоб нашр этилиши биланоқ баҳс-мунозара ва цензурага дучор бўлади. Асар Буюк Британияда 1930 йилларгача тақиқда бўлган.

 

2. “Геклберри Финнинг саргузаштлари” – Марк Твен

 

Машҳур америкалик ёзувчи Марк Твеннинг ушбу китобида ёш қаҳрамон – Геклберри Фин ҳамда Миссисипи дарёси атрофида яшовчи аҳоли ҳаёти ҳақида сўз юритилади. Китоб қўпол тильда ёзилгани, ирқий стереотиплардан фойдалангани учун мунозараларга сабаб бўлган ва маълум муддат Америкада ўқилиши тақиқланган.

 

3. “Кандид” – Вольтер

 

“Кандид” – оптимизм назариясига ишонган Кандид исмли қаҳрамоннинг ҳаётидан сўзловчи сатирик асар. Умри давомида кўплаб қийинчиликларга дуч келган Кандид бир кун бу турмуш тарзидан воз кечиш фикрига келади. Китоб Вольтерга катта шуҳрат олиб келиши билан бирга катта жанжалларга ҳам сабаб бўлган. Асар яширин чоп этила бошлагач, дарҳол диний куфр ва сиёсий фитнада айбланган ва ўқиш тақиқлаб қўйилган.

 

4. “Мўъжизавий, янги дунё” – Олдос Ҳаксли

 

Асарда тасвирланган дунё утопия, одамлар ғам-ташвишсиз, тиббиёт ва технология юксак даражада ривожланган. Урушлар ва қашшоқликка барҳам берилган, устига-устак ҳамма бахтиёр. Ажабланарлиси шундаки, бу бахтга инсонлар яшашида зарур бўлган оила, маданият, санъат, адабиёт, дин ва фалсафа каби муҳим бўлган нарсаларни йўқ қилиш орқали эришилган. Китоб Ирландияда тил, оила ва диний қарашларга зид дея тақиқланган.

 

5. «1984» – Жорж Оруелл

 

«1984» асарида Винстон Смитнинг тоталитар, утопик мамлакатдаги хароб ҳаёт ҳақида ҳикоя қилинади. Мазкур асар турли сабабларга кўра қайта-қайта танқид қилинган. Китоб нашр этилиши билан Америкада “коммунизмни тарғиб қилиш” ва очиқ саҳналар иддаоси билан танқидга учрайди. Қизиғи шундаки, ўша пайтлар СССРда ҳам «1984» асари коммунизмга ҳужум ҳисобланиб ўқиш ман этилган.

 

6. “Жавдарзордаги халоскор” – Селинжер

 

Асарда Голден Колфилднинг таҳсил олаётган “Пенсей Преп” коллежидан ҳайдалганидан кейинги ҳаёти, Нью-Йоркда бошига тушган ҳодисалар ҳақида сўз боради. “Жавдарзордаги халоскор” асари қўпол ифода ва сўзлардан фойдаланиш, шунингдек, жинсий ҳаёт ва ўсмирлик муаммоларини тасвирлаганликда айбланиб маълум муддат тақиқда бўлган.

 

7. “Сичқонлар ва инсонлар” – Жон Стейнбек

 

“Сичқонлар ва инсонлар” романи Нобел мукофоти совриндори, таниқли ёзувчи Жон Стейнбек томонидан 1937 йилда ёзилган. Асарда Буюк депрессия давридаги қаҳрамонлар ҳаёти ҳақида қўпол ифода этилгани учун тақиққа учраган. У бир қатор Америка жамоат ва мактаб кутубхоналари ҳамда мактаб дарсликларида “эвтаназияни тарғиб қилиш”, “ирқий камситишларга кўз юмиш” ҳамда турли қўпол сўзларни ўз ичига олган деган иддаолар билан ўқитилмаган.

 

8. “Том тоғанинг кулбаси” – Бичер Стоу

 

“Том тоғанинг кулбаси” – америкалик ёзувчи Гарриет Бичер Стоунинг қулликка қаршиликдан сўзловчи машҳур романи ҳисобланади. 1852 йилда нашр этилган мазкур китоб Америкада қуллик ва афро-америкаликларга бўлган муносабат ўзгаришида катта аҳамият касб этган. Асар кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлсада, танқид қилганлар ҳам оз бўлмаган. Китоб Америка жанубида “бекорчилик ташвиқоти” сифатида тақиқланган ва қулдорлик тарафдори бўлган бир қатор ёзувчилар бунга жавобан «Анти-Том адабиёти” туркумига кирувчи асарлар ёзишган.

 

9. “Пашшалар ҳукмдори” – Вилям Голдинг

 

“Пашшалар ҳукмдори” асари Нобел мукофоти соҳиби Вилям Голдинг томонидан ёзилган аллегорик роман саналади. Унда бахтсиз ҳодиса натижасида номаълум оролга тушиб қолган ва шу ерда яшашга мажбур бўлган бир гуруҳ болалар сиймосида инсон яратган цивилизациянинг барбод бўлгани, одамлар абадий ваҳшийга айлангани ҳақида сўз юритилади. Асар инсоннинг ҳайвондан бошқа нарса эмаслигини таъкидлагани, зўравонлик саҳналари, қўпол ифодаси, ирқчилик ва аёллар борасидаги бешафқат воқеалари, шунингдек, Тангрига нисбатан қарғишлари туфайли ўқиш мумкин бўлмаганлар рўйхатига киритилади.

 

10. “Шайтон оятлари” – Салмон Рушдий

 

Илк маротаба 1988 йилда нашр этилган ушбу асар қисман Муҳаммад пайғамбарнинг ҳаётидан таъсирланиб ёзилган. Бу китобда ёзувчи диннинг баъзи жиҳатларини масхара қилиш учун бир қанча Қуръон оятларидан фойдаланади. Китоб Буюк Британияда ижобий қабул қилинганига қарамай, Оятуллоҳ Ҳумайний фатво беради ва асар “қора рўйхат”га киритилади.

 

Тўпловчи ва таржимон:

Раҳмат БОБОЖОН

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//