Марказий осиёлик алломаларнинг Европа Ренессансига таъсири беқиёс – Ғарбнинг икки олимидан ҳаққоний эътироф


Сақлаш
20:19 / 18.05.2023 1603 0

Ҳар бир халқ ўз тарихига ўзи эгалик қилишни истайди. Бу табиий. Энг муҳими – бу тарихни бошқалар ҳам билиши ва тан олишини хоҳлайди. Ҳозир олис-яқинимиздаги халқлар ўзининг камтарин тарихидан “муҳташам тарих” тўқиётган бир замонда биз борини ҳам тадқиқ ва тарғибот орқали дунё аҳлига етказа олаяпмизми? Ёки хориж олимлари тарихимиз ҳақида нималар ёзмоқда? Уларнинг ёзаётганлари холисми, ҳаққонийми? Келинг, гапни кўп чўзмасдан бири Англияда туғилиб ижод этган, иккинчиси ақшлик икки олимнинг тарихимиз тадқиқотига бағишланган айрим асарларидан баъзи лавҳаларни кўздан кечирайлик.

 

Буюк британиялик машҳур тарихчи олим, файласуф, социолог ва сиёсатшунос Арнольд Жозеф Тойнби (1889–1975) нинг ўн икки томлик “Тарихни англаш” (“Тарих тадқиқоти” деб ҳам аталади) асари жаҳоннинг ўнлаб тилларига таржима қилинган. Муаллиф мазкур асарни 1927 йил ёза бошлаган ва 1966 йил якунлаган.

 

Тойнбининг тадқиқот усули ўзига хос. Ўзи эътироф этганидек, унинг асарлари тарих соҳасида бой билим ва салоҳиятга эга ўқувчиларга мўлжалланган ва бу – интеллектуал тарихдир. Олим инсоният тарихини цивилизациялар тарихи сифатида ўрганади ва талқин қилади. Муайян бир давлат ёки халқ тарихини ўша мамлакат ёки миллатнинг қайси цивилизацияга мансублиги нуқтаи назаридан тадқиқ этади.

 

Олим Марказий Осиё, хусусан қадим даврларда Ўзбекистон ҳудудидаги давлатлар ва халқларни Ислом цивилизациясининг бир бўлаги сифатида талқин қилган бўлса-да, темурийлар, бобурийлар империя ва сулолаларини ҳамда Амир Темур, Бобур ва унинг фарзанд ҳамда набираларини алоҳида тилга олиб ўтади. Маълумки, Бобур Мирзо Ҳиндистонда асос солган давлат кўпчилик Ғарб олимлари томонидан “Буюк Мўғуллар империяси” деб аталади. Бошқа тарихчилардан фарқли ўлароқ, Арнольд Тойнби бу империяни илк бор келтирганида “Темурийлар” деган иборани ишлатиб, кейин эса қавснинг ичида (европалик ўқувчига тушунарли бўлиши учун) “Мўғуллар” сўзини қўллайди. Тўғри, у ҳам кўпгина ўринларда бу давлатни Буюк Мўғуллар империяси деб атайди, аммо айнан империя ҳақида гап кетганда “Бобурийлар”, “Темурийлар” дея аниқроқ атамаларни қўллайди. Бундан ташқари, бу фикрлар давомида “Ўзбеклар” атамасини ҳам ишлатади. Бобурийзода буюк Акбар ҳаётидан қизиқ бир воқеани ҳикоя ҳам қилади: “Турли динлар моҳият-мазмунини бирлаштириш иштиёқи Темурийлар авлодидан бўлган Акбар (1554–1605) ни Бобурийлар империяси ҳудудида миллий бирликни сақлаш мақсадида “тўқиб-чатилган” – “илоҳий дин”ни жорий қилиш ҳаракатига олиб келди. Бу истеъдодли инсон, бир вақтнинг ўзида ҳам улуғ сиёсий-амалиётчи арбоб, ҳам ҳодисаларни тажриба билан эмас, балки ақл-идрок билан тасаввур этиш мумкин деб ўйлаган зоҳид бўлган чамамда. Ҳар қалай у ўйлаб топган дин илдиз отмади, муаллиф ўлими билан дарҳол барҳам топди. Ҳиндлар ва мусулмонларни бошини қўшадиган ягона дин яратишдек Акбар жазм қилган ўйламасдан қилинган ишни ундан уч юз йил олдин, яъни XIV аср бошида ширин хомхаёлга берилган Аловуддин Хилжий ҳам қилмоқчи бўлганида унинг маслаҳатчиларидан бири шундай маслаҳат берган: “Дин, шариат қонунлари ва ақидалари ҳеч қачон сиз жаноби олийларининг баҳс-мунозара юритадиган соҳангиз бўлмаслиги керак. Чунки, бу иш подшоларнинг эмас, пайғамбарларнинг иши. Дин ва қонун илоҳий ваҳийга бориб тақалади. У ҳеч қачон инсон режа ва мақсадлари билан белгиланмаган, ўрнатилмаган. Одам Ато замонидан буён ҳокимият ва бошқарув подшолари вазифаси бўлганидек, дин ҳам пайғамбарларнинг олий бурчи ҳисобланади. Дунё ҳодис экан пайғамбарлик бурчи ҳеч қачон подшолар зиммасига тушмаган. Сиз жаноби олийларига бу тўғрида бошқа сўз очмасликни маслаҳат бераман”.

 

Муаллиф, гарчанд Акбарнинг ташаббуси муваффақиятсиз бўлганлигини айтаётган бўлса-да, аммо Акбарнинг истеъдодли инсон эканлигини алоҳида таъкидлаб, унга эҳтиром билан ёндошаётганлиги яққол сезилиб туради. Биргина шу мисолнинг ўзи ҳам олим ёндошувида холислик, ҳаққонийлик устун эканлигини кўрсатади.

Тарихдан маълумки, технологик жиҳатдан ривожланган, илм-фандан илғорлаб кетган, иқтисодий ва ҳарбий қудрати юксалган давлатлар ва халқлар тараққиётдан ортда қолган мамлакатлар ва миллатларни босиб олишган, қарам қилишган. Арнольд Тойнби инсоният тарихида бунинг тескариси бўлган “ноёб бир ҳодиса” бор дейди. Яъни давлатчилик, шаҳарсозлик, илм-фан, маданият, ҳарбий салоҳият юксак даражада тараққий этган Хоразм давлатини турмуш тарзи кўчманчиликка асосланган, марказлашган давлатдан маҳрум, маданият ва илм-фан борасида қолоқ бўлган мўғуллар томонидан забт этилишини “ноёб ҳодиса” деб атар экан, жумладан шундай деб ёзади: “...Империя бунёдкори бўлмиш мўғуллар босиб олинган туркий халқлар (муаллиф бу ўринда Хоразм ўзбек давлатини назарда тутмоқда.)дан давлатчилик тартиботлари, тараққиёт ва маданият борасида ниҳоятда ортда эдиларки, шу боис улар туркий халқларга қисман бўлса-да ҳуқуқ борасидаги тартибларини жорий қила олмадилар. Бу универсал давлат асосчилари ўз ҳуқуқ тизимини забт этилган халқларга сингдира олмаган ягона мисолдир...”

Шунингдек, А.Тойнби ўз асарида Ватанимиз тарихи ва географиясига тегишли, масалан “Ўзбеклар”, “Хоразм”, “Фарғона”, “Бақтрия”, “Кушонлар”, “Орол денгизи”, “Амударё”, “Сирдарё” сингари ибораларни қўллайди. Бундан ташқари муаллиф эллин маданияти, илм-фани дурдоналарини ва, айниқса, Аристотель асарларини Ғарб дунёси араб олимлари асарлари ва таржималари орқали тушуниб етишди ва бу жараён Европада Уйғониш даврини бошлаб берди, деб ёзадики, тарихчи назарда тутаётган “араб олимлари” аслида бизнинг буюк боболаримиз – Форобий, Ибн Сино, Беруний, Хоразмий сингари алломалар эканлигини бугун бутун дунё тан олмоқда. Хусусан, АҚШдаги Жонс Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, дунёга машҳур сиёсий таҳлилчи ва шарқшунос олим Фредерик Старр Европа Уйғониш даврининг тамал тошини қўйган буюк ватандошларимиз хизматини янада аниқроқ ифода этган: “...Абу Райҳон ал-Беруний ёки қисқача – ал-Беруний (973–1048) Орол денгизи яқинида яшаб, география, математика, тригонометрия, қиёсий диншунослик, астрономия, физика, геология, психология, минералогия ва фармакология соҳаларида танилган. Унинг замондоши Абу Али ибн Сино ёки Ибн Сино (тахм. 980–1037) ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида жойлашган буюк илм даргоҳи – улуғвор Бухоро шаҳридан бўлган. У тиббиёт, фалсафа, физика, химия, астрономия, диншунослик, клиник фармакология, физиология, этика ва ҳатто мусиқашуносликда ном таратган. Абу Али ибн Синонинг кейинчалик лотин тилига таржима қилинган “Тиб қонунлари” асари Ғарбда замонавий тиббиётнинг томир отишига туртки бўлган. Биргаликда бу икки нодир ақл соҳиблари антик дунё ва Европадаги Уйғониш даври ўртасидаги энг буюк илм дарғалари қаторида туради. Баҳс-мунозарага мойил бўлган мазкур даҳоларни бугун кўпчилик араб миллатига мансуб деб билади. Буни тушунса бўлади, чунки бу икки олим ҳам араб ва форс тилларида ижод қилган. Бироқ, инглиз тилида ижод қилган япон миллатига мансуб инсон инглиз бўлмагани сингари, араб тилида ёзган марказий осиёлик одам ҳам араб бўлолмайди. Аслида, улар математика, астрономия, тиббиёт, геология, тилшунослик, сиёсатшунослик, шеърият, архитектура, амалий технология каби соҳаларда ҳозирги кунда биз Марказий Осиё деб атаётган ҳудудда яшаб ижод этган этник жиҳатдан форсий ва туркий даҳолардан ташкил топган “юлдузлар туркуми”дандир. 800–1100 йиллар орасида марказий осиёлик бу олим, санъатшунос ва мутафаккирлар плеядаси минтақани дунёнинг интеллектуал марказига айлантирдилар”.

 

Аждодларимиз бўлган марказий осиёлик буюк туркий олимларнинг ўз даври тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида гапирар экан, олим уларнинг таъсир доираси Шарқий Осиё ва Ҳиндистондан Европа ва Яқин Шарққача тарқалганлигини алоҳида таъкидлайди. Минг йил илгари марказий осиёликлар эришган интеллектуал ютуқларни санаб чиқишнинг ўзи мушкуллигини эътироф этиб, математикада марказий осиёликлар биринчи бўлиб иррационал сонларни қабул қилишган, куб тенгламаларнинг турли хил шаклларини аниқлашган, тригонометрияни кашф этишган, ўнлик сонлар тизимини ва ҳинд (Ғарбда “араб” рақамлари сифатида тан олинади) рақамларни янада такомиллаштиришган ҳамда бошқа ўлкаларга тарқатишган, деб ёзади. “Астрономияда улар яқин асрларгача тенги йўқ аниқлик билан Ернинг диаметрини ўлчаганлар ҳамда ҳайратланарли даражадаги аниқ астрономик жадвалларни тайёрлаш учун Уйғониш давридан анча аввалроқ бир неча йирик расадхоналар қурганлар. Кимёда эса реакцияларни қайтаришга, кристаллизациядан кимёвий тозалашнинг бир воситаси сифатида фойдаланишган, гўё Дмитрий Менделеевнинг 1871 йилги даврий жадвалига пойдевор яратиш мақсадида муайян тортиш кучини ўлчаш ва уни гуруҳ элементларида қўллаш каби ютуқларга эришганлар. Улар хрестоматик тарзда қадимий тиббий билимларга ўз ҳиссаларини қўшдилар, фармакология асосларини кенгайтирдилар ҳамда барча билимларни Ғарб ва Ҳиндистонга узатдилар. Технологик ютуқлардан кейинчалик ғарбий йўналишда Яқин Шарққа ва Европага ҳамда шарқий йўналишда Хитойгача тарқалган шамол тегирмонларни ва сувни кўтариш учун гидравлик машинасозликни таъкидлаш мумкин. Лекин бу Бағдодда халифаликда мужассамлашган араб дунёси илм-фан ва таълимининг олтин даври эмасми? Худди шундай. Офтальмологиянинг асосчиси ибн ал-Ҳайзам (тахм. 965–1040) каби ёрқин араб олимлари ўтган. Бироқ лейпциглик олим Хайнрих Шутер биринчилардан бўлиб бир аср аввал кўрсатганидек, ўша “араб” олимларининг кўпи (аксарияти бўлмаса агар) аслида Марказий Осиёдан келиб чиққан форсий ёки туркийлардан бўлган. Буни ал-Беруний каби ҳозирги Ўзбекистон сарҳадларида жойлашган Хоразм ўлкасидан келиб чиққан ва шунинг учун “ал-Хоразмий” шарифини олган математик ва астроном Муҳаммад ибн Муса ал-Хоразмий мисолида кўриш мумкин. Унинг қатор кашфиётларидан бири бўлмиш алгоритмларда унинг – бузилган шаклда бўлса-да – исми акс этган бўлиб, бизнинг “алгебра” атамамиз эса унинг математикадаги кенг эътироф этилган асари сарлавҳасидан олинган. Шунга ўхшаш тарзда, Ғарбда Алфарабиус номи билан танилган ва Аристотель этикасини инновацион таҳлил қилишда Томас Аквинас (русча – Фома Аквинский) дан ташқари барча Ғарб мутафаккирларидан илғорилаб кетган Абу Наср ал-Форобий (тахм. 872–961) ҳам араб эмас, балки туркий олим эди”.

 

Миллий илм-фанда бу тарихий ҳақиқатлар мавжуд бўлиши мумкин. Аммо юқорида зикр этилган мухтасар ва ҳаққоний фактларга Ғарб дунёси олимларининг эътибор қаратиши ҳамда уларнинг холис талқини жаҳон саҳнасида ўзбек халқининг буюк тарихи муносиб жой олиши учун жуда муҳим. Чунки халқнинг қадр-қиммати, тамаддуний даражаси ва унга бошқа халқларнинг муносабати, эҳтироми инсоният тараққиётига нечоғлик ҳисса қўшганлиги билан белгиланиши ҳам бор гап.

 

Мавриди келди, тарихимизни улуғлаш, худа-беҳуда буюк алломаларимиз номини дастаклашни ёқтирмайман. ХХ аср тарихчилари, юнонларнинг айрим вакиллари улуғ маданият яратган буюк боболари номидан керагидан ортиқ мақтаниб, тарихни улуғлашда ўзаро мусобақага киришиб, ўзларини ноқулай аҳволга солиб қўяётганини кўриб: “Юнонлар Византия империяси аллақачон тугаб кетганини ҳали-ҳануз ҳис қилишмаяпти”, деб киноя қилишади. Биз ҳам киноя объектига айланмаслигимиз учун ўтмиш меросни ўқиб уқишимиз ва буюкларимиз тенгсиз ақл-заковати елкамизга уларга муносиб бўлишдек масъулият юклаётганини англасак бас.

 

Жалолиддин САФОЕВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//