Император кема совға қилган бухоролик элчи


Сақлаш
20:37 / 15.05.2023 818 0

Тарихимизда ўз даврида машҳур бўлган шахслар кўп, лекин аксариятининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида бизгача етарли маълумот етиб келмаган. Бундай шахслар орасида Ўрта Осиё ҳукмдорлари томонидан бошқа давлатларга жўнатилган машҳур элчилар алоҳида ўрин тутади. Чунки ўрта аср шароитида халқаро йўлларда сувсизлик, очлик, жазирама иссиқ ёки қаҳратон совуққа дош бериб, қароқчилар ҳужумидан қўрқмай узоқ сафарлар машаққатини зиммага олишнинг ўзи қаҳрамонлик саналган. Бир неча ойдан бир неча йилларгача чўзилган сафарлар элчидан кучли ирода, ўзга тилларни билиш, чуқур билим ва дипломатик қобилият талаб этган. XVIII асрда яшаган бухоролик элчи, йирик савдогар мулла Эрназар Мақсуд ўғли ана шундай шахс бўлган. Мулла Эрназар фаолияти ҳақида ҳикоя қилишдан олдин бу даврда халқаро савдо ва ҳаж йўлларидаги вазият ҳақида қисқача тўхталсак.

 

Ўрта Осиёдан йўлга чиққан савдогар ва ҳаж зиёратчилари турли давлатлар ҳудудидан ўтган. Маълумки, ҳажга уч йўналиш бўйича борилган: (шимолий йўналишРоссия, марказийЭрон ва жанубийҲиндистон орқали). Бегона давлатлар ҳудудидан ўтишга, сиёсий вазиятга қараб, баъзан рухсат берилган, баъзан эса йўқ. Халқаро карвон йўлларидаги қатновнинг қандай бўлиши кўпинча элчилар фаолиятига боғлиқ бўлган.

 

XVIII асрда шимолий йўллардаги турли тўсиқлар Ўрта Осиё ҳукмдорлари, ҳатто айрим йирик савдогарларини Русия императорлари билан музокаралар олиб боришга мажбур этган. Ана шу вазият савдогарлар орасидан тадбиркор, зийрак, узоқни кўзлайдиган шахсларнинг етишиб чиқишига замин яратган. Жумладан, мулла Эрназар Мақсуд ўғли XVIII асрда икки минтақани боғлайдиган манзиллардаги тўсиқларни бартараф этиш йўлларини яхши билган.

 

Бизда мулла Эрназарнинг 1762 йили Санкт-Петербургга Қозоқ хони Нуралихон номидан элчи бўлиб борганига оид тарихий маълумот мавжуд. У Русия императори ҳузурига бутун Бухоро мусулмонлари номидан шахсан ўзи мактуб ёзиб олиб киради; билим, тажриба, тадбиркорлик каби шахсий хусусиятлар ва журъат унга куч берган эди. У императордан бухоролик мусулмонларнинг Русияга қарашли Оренбург, Астрахань шаҳарлари ва Манғишлоқ (сув йўли билан) орқали ҳаж қилиш учун Маккага боришларига рухсат сўрайди (АВПРИ. Ф-109/2, опись-1, д-2, л. 6). Тарихий ҳужжатлар мазмунидан 1751 ва 1762 йиллар оралиғида Ўрта Осиё элчиларининг шу мазмундаги илтимослари рад этилгани, мулла Эрназарнинг мурожаати ўн йил ичида илк бор натижа берганини билиш мумкин. Кейин ҳам то умрининг охиригача, яъни 1780 йилгача унинг ҳам савдогар, ҳам расмий элчи сифатида олиб борган музокаралари муваффақиятли кечган.

 

Мулла Эрназар савдо иши билан, шунингдек, расмий элчи сифатида Русия императорлари ҳузурида кўп марта бўлган. У Елизавета Петровна (1741‒1761), Пётр III, Екатерина II (1762‒1796) каби ҳукмдорлар қабулида бўлган. Русия империяси Ташқи сиёсат архиви фондида сақланаётган 1762 йилнинг 6 июнига доир бир ҳужжатда ёзилишича, у 1745 йилдан бошлаб, йирик савдогар сифатида узоқ йиллар давомида рус заминига ўз карвони билан қатнаб турган. Деярли 40 йил давомида императорлар, айниқса, Екатерина II билан савдо иши юзасидан фаол ҳамкорлик қилган. Ўртадаги ишонч шу қадар кучли бўлганки, ҳатто у ҳукмдорларнинг шахсий топшириғига биноан, “ҳаёти ва маблағини аямасдан” Бухоро, Ҳинд, Хуросон ва бошқа ўлкаларда бўлган ва уларнинг буюртмаларини келтириб турган (АВПРИ. Ф-109/1, опись-1, дело-2, л. 4-5). Ҳатто императорлар буюрган қимматбаҳо тошларни ўз шахсий маблағи ҳисобидан келтирган. Бир сафар император унга Ўрта Осиёдаги рус миллатига мансуб қулларни ватанига қайтариш иши бўйича алоҳида вазифа юклаган. Мулла Эрназар шу топшириққа мувофиқ 21 нафар қул қилинган рус кишисини Бухоро, Хива шаҳарларидан сотиб олиб, Россияга етказган.

 

Ватандошимиз ўзининг мавжуд вазиятга тўғри баҳо бериш ва муаммоларни ҳал қилишда асосли қарор қабул қила олиш қобилияти, шунингдек, Ўрта Осиё ва Русия шаҳарларини ўзаро боғлаган карвон йўлларидаги йўлтўсар тўдалар хавфини бартараф этишга доир яхши таклифлари билан императорни қойил қолдирган эди. Чунки шу асосда айрим йўлтўсар тўдаларга қарши кураш борасида самарали натижаларга эришилган.

 

Шу хил жасур, тадбиркор савдогарлар воситасида Русиянинг Ўрта Осиё ва Ҳиндистон билан ташқи савдо алоқалари ривожланиши мумкинлигини англаган Екатерина II  1776 йилда Эрназар Мақсуд ўғлининг Каспий орқали Манғишлоқ‒Астрахань оралиғида қатнаб, 5 йил муддатга 10 минг рубль миқдоридаги моллар билан божсиз савдо қилишига рухсат беради. Маълумки, Манғишлоқ‒Астрахань оралиғида, асосан, Русия кемалари қатнаб турган. Бу даврда Ўрта Осиё савдогарлари Каспий денгизининг Манғишлоқдаги Қараған ва Қабоқли бандаргоҳларида кемалар келишини кутиб узоқ вақт қолиб кетар эди. Тарихий манбалар савдогарларнинг рус ҳукуматига Каспийда кемалар қатновини кўпайтиришни сўраб тез-тез мурожаат қилиб турганини тасдиқлайди. Рус императори эса мулла Эрназарга Каспий денгизи орқали ўз молларини ташиш учун битта кема совға қилади (қаранг: АВПРИ. Ф-109, опись-2, Р.I. дело-3, л-129). Бизда Эрназар Мақсуд ўғлининг бу кемадан фойдаланган-фойдаланмаганига оид маълумот ҳозирча мавжуд эмас. Эҳтимол, у Русия‒Бухоро ўртасида мавжуд вазиятларга қараб ҳам карвонларда, ҳам ўз кемасида юк ташигандир. Лекин орадан уч йил ўтгач, яъни 1779/80 йили Россияга иккинчи бор элчи сифатида келганда 24.953 рубль (сўм) 27 копейка (тийин) миқдоридаги молларини ўз кемасида эмас, балки Оренбург орқали ўтган қуруқлик йўли билан карвонда олиб келгани маълум. Тарихий маълумотларга кўра, ўша даврда Астрахань‒Манғишлоқ ўртасида қатнайдиган кемалар манзилга бир марта бориб қайтгач, таъмирталаб бўлиб қолган ёки уни қайтадан қуришга тўғри келган. Кемаси ишдан чиққач, мулла Эрназар ҳам, эҳтимол, таъмирлашга маблағ тополмагандир. Муҳими шуки, у ўз ақли, тадбиркорлиги ва хизматлари учун императорнинг совғасига муяссар бўлган эди.

 

Мулла Эрназар Бухородан иккинчи марта расмий элчи сифатида Русияга келиб, пойтахтда турган вақтида (1780 йил, июнь) ҳаж қилиш учун Усмонийлар давлати ҳудудига ўтиш ҳамда ҳажга йўл олган бухороликларнинг Русия ҳудуди орқали тўсиқларсиз ўтиб кетишлари учун императордан рухсат сўрайди. Чунки у Бухородан бирйўла икки давлатга ‒ аввал Русияга, кейин у орқали Усмонийлар салтанатига элчи сифатида жўнатилган бўлиб, Маккага йўл олган бухороликларнинг рус ҳудуди орқали эркин ўтиши учун рухсат сўраши лозим эди. Элчининг бу илтимосига ижобий жавоб қайтарилади, шунингдек, унинг Херсон орқали Қора денгиз билан Истанбулга ўтиб кетиши учун ҳам барча шароитлар яратиб берилади; рус ҳукумати томонидан битта таржимон, бир нафар сержант, уч нафар оддий аскар кузатувида ҳамда 69 та от, озиқ-овқат, харажатлар учун пул билан таъминланади. У яна совғага битта карета, ўғли ва ўзига қундуз терисидан тайёрланган икки дона қимматбаҳо пўстин олиб (қаранг: АВПРИ. Ф-109, опись-2, д-24, л-22, 60), Усмонийлар султонлиги ҳудудига ўтиб кетади. Хуллас, бу сафарги элчилик миссияси Бухоро билан Усмонийлар давлати ўртасидаги савдо алоқасини ривожлантириш ва Русия‒Усмонийлар чегараси орқали ҳаж зиёратчиларининг тўсиқларсиз ўтишини таъминлашдан иборат эди. 1780 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Эрназар элчи Усмонийлар давлати вазири билан сиёсий, тижорий масалаларда музокара олиб боради. Афсуски, ҳаж амалларини бажаришга улгурмай, 1781 йилнинг сентябрида Маккага бориш йўлида касалланиб вафот этади.

 

Хуллас, мулла Эрназар Мақсуд ўғли 40 йил давомида савдогарлик фаолияти билан бирга Бухоро, Қозоқ хонлари, Русия ва Усмонийлар империяси ҳукмдорлари саройида жиддий масалаларда муваффақиятли музокаралар олиб борган, бу борада катта натижаларга эришган моҳир дипломат бўлган.

  

Гулдона ТАНИЕВА,

тарих фанлари номзоди,

ЎзФА Тарих институти

катта илмий ходими

 

Tafakkur” журнали, 2022 йил 3-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 51
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10439
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//