Соҳибқирон Амир Темур исмининг турлича аталишига доир


Сақлаш
16:31 / 28.09.2021 1611 0

Бугун истиқлолимизга ўттиз йил бўлди, Мустақил мамлакатимиз чиндан ҳам шон-шукуҳ билан жаҳонга чиқиб бормоқда. Янги Ўзбекистонда тарихни янгича кашф этиш давом этиб, янгича қарашлар пайдо бўляпти. Шундай бир пайтда жаҳонда биз ҳақимизда, аниқроғи, бизнинг тарихимизга, улуғ боболаримизга, хусусан, Соҳибқирон Амир Темурга қандай қарашларига бир назар ташлаб ўтишни лозим топдим. Жаҳон матбуотида Амир Темур ҳақида позитив қарашлар кўпайиб, бошқа мамлакатларда анжуманлар ўтказилиб, уларда Ўзбекистон олимлари иштирок этаётгани Амир Темур ҳақидаги ҳақиқатни дунёга ёйишда минбар вазифасини ўтаяпти десам, муболаға бўлмайди. Бу қувонарли ҳодиса! Чунончи, Россиянинг “Аргументы и факты” номли дунёга машҳур газетаси тарихда биринчи марта бобомизнинг исмини тўлиқ ёзиб, Амир Темур: узнат и отсенит” номли катта мақола эълон қилди. Унда Амир Темур давлат арбоби, реформатор (ислоҳотчи) сифатида талқин этилди. Соҳибқиронни реформатор, унинг номини “Темур” эмас (ҳатто ўзимизда ҳам шундай дегувчилар бор!) балки ҳурмат билан тўлиқ “Амир Темур” деб ёздилар, у ҳақда ёзганда, албатта, “билиб, кейин баҳо бериш керак”лигини таъкидладилар.

Лекин босқинчи мафкуранинг узоқ йиллар давомида Амир Темурга, демакки тарихимизга муносабати қанчалар салбий бўлгани доим эсимизда туриши лозим.

 Яширишнинг ҳожати йўқ, жаҳонда чиқадиган турли китобларда, дарслик ва энциклопедияларда, оммавий ахборот воситаларида атайлаб нотўғри, асосан, соя ташлагувчи маълумотлар кўплаб чоп этилди, тарғибу ташвиқ қилинди, бу ҳол давом этяпти.

Гапни чўзиб ўлтирмай, мисолларга мурожаат қиламиз. Тасаввур тўлароқ бўлиши учун аввалроқ нашр этилган машҳур китобларни варақлаймиз. Мана, қўлимизда 1901 йилда босиб чиқарилган Ф.А.Брокгауз ва И.А.Ефронларнинг машҳур “Энциклопедик луғат”и ўттиз учинчи томи. “Темур (Тамерлан)”, деб ёзилади унда. – Жаҳоннинг буюк жаҳонгирларидан бири. 1336 йил 11 мартда(?) Бухоро хонлигида ёки унинг чеккароғида Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз)да туғилган. Турклашган барулас деган монгол қабиласидан... (“Турклашган барлос қабиласи” деган ибора ана шундай пайдо бўлди. Аммо бу фикр қаердан олинганлиги айтилмайди. Бу ёғи суриштирилса, барлос уруғи ўзбекларда ҳам бор-ку). Темур Чингизхондан катта билим соҳиби эканлиги билан ажралиб туради. ...Темур ўз она (турк) тилидан ташқари форс тилини ҳам биларди. ...Ўзи фаол иштирок этиб қурдирган бино-иморатлари кўп. Уларда (Темурнинг) нозик диди, санъатни теран англаши кўриниб туради...”

 Ўттиз томлик “Британника энциклопедияси” (1902) 23-томида шундай таъриф берилади: “Темур. Темур Бей ёки Темур Ланг, “Оқсоқ Темур” – бузилиб Тамерлан бўлган – машҳур Шарқ жаҳонгири... Унинг отаси Тарағай барлос қабиласининг бошлиғи бўлган…” (399-бет). Шу китобнинг учинчи томида Бобур ҳақида ўқиймиз: “Бабер. Заҳири-ад-дин Муҳаммад… Номи йўлбарс ёки Бабер, Ҳиндистоннинг машҳур жаҳонгири ва Мўғул(?) сулоласи асосчиси... Чингизхон ва Темурнинг авлоди…”

“Oksford Referens dikshioneri” (1986) китобининг саккиз юз ўттиз саккизинчи бети: “Тамерлан (вафоти 1405), Темур ленк ёки ланг (Оқсоқ Темур), XIV аср охири XV аср бошларида Осиёнинг катта қисмини забт этган монгол подшоси. Ҳиндистонда мўғул сулоласига асос солган...” (Ана холос! – М.А.) “Бабур (1483-1530) Тамерланнинг авлоди бўлган биринчи Мўғул императори(!). У 1523 йилда Ҳиндистонга бостириб кириб Оксусдан Патнага қадар жойларни забт этди...”

Нью-Йоркда нашр этилган “Ўқувчининг безакли энциклопедияси” (1989): “Тамерлан… Тамбурлейн ёки Таймур ҳам дейишади(?). Монгол жаҳонгири. У ўзининг кўчманчи ўрдасини Марказий Осиёдаги пойтахти Самарқанддан то Эрон, Туркия, Россия ва Ҳиндистонгача бўлган катта майдонларга бошлаб борди...” Бобур ҳақида: “Ба-бер ёки Ба-бар ёки Ба-бур, асил исми Заҳириддин Муҳаммад. Ҳиндистоннинг монгол жаҳонгири. Чингизхон билан Тамерланнинг авлоди... Ҳиндистонда 1857 йилгача ҳукм сурган мўғул сулоласига асос солди...”

“Колумбия энциклопедияси” (1993) бундай ёзади: “Тамерлан ёки Темур – Монгол жаҳонгири... Самарқандга яқин Кешда туғилган. …Унинг ижобий ютуқлари одамлар учун санъат, адабиёт, илм-фан ва бунёдкорлик ишларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқдир...” “Бабур (турк. йўлбарс) Ҳиндистондаги мўғул империяси асосчиси… У Тамерлан ва Чингизхон авлоди...”

Энди ўттиз томлик “Янги Британника энциклопедияси”га назар ташлайлик. Шуни айтиш лозимки, ушбу нашр илк марта 1768 йилда амалга оширилган. Биз 1994 йилда чиқарилган ўн бешинчи нашри ҳақида сўз юритамиз. “Темур… Темур Ленк, ёки Темурленк (туркча: “Темур оқсоқ”). Инглизча: Тамерлан ёки Тамбурлейн… Ислом динига мансуб турк жаҳонгири... Асосан, ваҳшиёна урушлари туфайли эсланади...” “Бабур (арабча: йўлбарс) Ҳиндистонда мўғул сулоласи асосчиси ва императори, монгол жаҳонгири Чингизхоннинг, шунингдек, Темурнинг авлоди...”

“Rendom Xaus vebsters” (Нью-Йорк, 2000 йил): “Там-ер-лан (Temur Lenk) – Жанубий ва Ғарбий Осиёдаги тартар жаҳонгири... Самарқандда ҳокимлик қилган. Яна уни “Тамбурлейн, Таймур, Темур” деб ҳам атайдилар...” Бобурни бу ерда ҳам мўғул сулоласи асосчиси деб таърифлайдилар.

1829 йилдан биринчи марта нашр қилина бошлаган ўттиз томлик “Американа энциклопедияси”нинг 2001 йилдаги нашрини варақлаймиз. “Темур… Чингизхон империясини тикламоқчи бўлган Марказий Осиёлик жаҳонгир... Турклашган монгол барлос қабиласига мансуб...” “Бабур… Ҳиндистонда мўғул сулоласи асосчиси. “Йўлбарс” маъносини бергувчи монголча сўздан Бабар ёки Бабер ҳам дейишади. Чиғатой турк бўлган Бабур Темур (Тамерлан) ва Чингизхон авлодидир...” (Фурсатдан фойдаланиб, Бобур Мирзо ҳақидаги маълумотларни ҳам кўриб қўйиш фойдадан ҳоли эмас, деб ҳисобладик – М.А.)

Фикримизча, жаҳон афкор оммаси тез-тез фойдаланиб турадиган юқоридаги китоблардан келтирилган мисоллар етарли деб ўйлаймиз. Чамаси, мазкур нашрларни тайёрлаганлар қўл остида мавжуд бўлган манбаларни бошқаларига солиштириб ўлтирмай фойдаланиб қўя қолганлар. Йўқ эса, Амир Темур айни бир пайтда ҳам монгол, ҳам турк, ҳам тартар (яъни Олтин Ўрда, оқибатда – монгол) жаҳонгири бўлармиди? Исми ҳам Тамерлан, Тамбурлейн, Тимурленк, Таймур, Темур, Темур оқсоқ ва ҳоказо шаклларда берилармиди? Ҳатто, бундан йигирма йилгина олдин АҚШда Нью-Йоркда чиққан юқорида келтирилган нашрда, унинг номи “Тамерлан” деб олинади, кейин “Темур деб ҳам атайдилар” деб таъкидланади. Унинг номини “Темур” ҳам деб аташар эмиш! Ёқангни ушлайсан киши. Ҳолбуки, жаҳонда кенг тарқалган Клавихонинг машҳур китобида Кастилия (Испания) элчиси олти юз йил аввал айни шунга эътибор бериб, авлодларни бундай огоҳлантирган эди: “...Тамурбекнинг ҳақиқий исми Тамурбек, зинҳор биз атаб юргандай “Таморлан” эмасдир. Тамурбек – темир бек (сенъор) деганидир. Таморлан (деган ном) бек шаънига тўғри келмайди, агар уни камситмоқчи бўлсалар шундай атайдилар, чунки Таморлан – оқсоқ деганидир...” (Руи Гонсалес де Клавихо. “Самарқандга Темур саройига саёҳат кундалиги”. И.С.Мирокова таржимаси, М., 1990. 69-бет)

“Американа энциклопедияси”даги мақола Жон Эндрю Бойл (Манчестер университети) қаламига мансубдир. Муаллиф қандай манбалардан фойдаланганлиги ҳам ҳаммамиз учун қизиқ бўлиши табиий. Мақола учун маълумотлар Жин Ду Бекнинг “Буюк император Тамерланнинг тарихи” (1597), Рене Груссенинг “Саҳро салтанати” (1970 йил нашри), Беатриса Манзнинг “Тамерланнинг давлати ва парвози” (1989), Давид Николленинг “Монгол саркардалари: Чингизхон, Қубилайхон, Хулагу, Тамерлан” (1990), Георгий Вернадскийнинг “Монголлар Россияда” (1953) китобларидан олинган... Кўриниб турибдики, муаллиф асл манбалардан йироқ, учинчи-тўртинчи манбаларга мурожаат қилган. Тасаввур учун биргина мисол келтирдик, холос.

Хуллас, бундай қаралса, Амир Темур ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурларнинг ортидан гўё изловчиси йўқ, улар ҳақида ким нима билса шуни ёзавергандай таассурот қолади. Нима учун, Сезар, Искандар, Чингизхон ёки бошқалар ҳақида жаҳонда ҳамма энциклопедияларда бир хил маълумотлар берилиб, номлари ҳурмат билан бир хил ёзилади-ю, Амир Темур ҳақида худди Клавихо айтгандай, камситмоқчи бўлгандай хилма-хил номлар, таърифлар келтирилади?.. Тарихий баҳолар ҳам хилма-хил берилади?..

Бундай муносабатга ортиқ йўл қўйиб бўлмаслигини англаб етишимиз керак. Назаримизда, Ўзбекистон Фанлар академияси, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ва Темурийлар тарихи давлат музейи шу масалага бағишлаб махсус халқаро конференция ўтказишлари ва Амир Темурга унинг ватанидаги янгича қарашлар замиридан келиб чиқиб, ягона нуқтаи назарни барқарорлаштириш, бир хиллаштириш (идентификациялаш), Соҳибқирон исмини “Амир Темур” шаклида тўлиқ олиш ва жами ахборот воситаларида бир хил берилишига, илмий муомалага киритилишига эришишлари лозим. Конференцияга ўз тарихчиларимиз билан биргаликда хорижий олимларни ва мамлакатимизда мавжуд элчихоналар ходимларини таклиф этиш мақсадга мувофиқдир.

Муҳаммад АЛИ,

                                                 Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, профессор

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//