Тиллар қандай таназзулга юз тутади? Ўзбек тили ҳам йўқолиб кетиши мумкинми?


Сақлаш
18:09 / 15.05.2023 1264 0

 

Тил – миллатнинг кўзгуси. Миллат ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар тилда ўз аксини топади. Тил йўқолса, миллат ҳам таназзулга юз тутади. Бунга тарихда мисоллар бисёр. Жадид бобокалонимиз Абдулла Авлонийнинг ушбу гапи фикримизга далил бўлади: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойинайи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдир”.

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотига кўра, дунёда мавжуд тилларнинг ярми XXI аср охирига бориб бутунлай йўқ бўлиб кетиш хавфи остида экан, бу эса бутун инсоният учун тузатиб бўлмайдиган йўқотиш бўлиши мумкин. Шу боис ЮНЕСКО 2001 йилдан йўқолиб бораётган тилларни аниқлаш, уларни сақлаб қолиш чоралари билан шуғулланишни бошлади.

 

2003 йил март ойида ташкилот йўқолиб кетиш хавфи остида турган тиллар бўйича бир гуруҳ экспертлардан соҳадаги ишларнинг бутун дунё бўйлаб ҳолати тўғрисида ҳисобот тузишни сўрайди. Мутахассислар ЮНЕСКОга тилнинг ўлик тилга айланмаслиги учун муҳим тавсиялар бердилар.

 

Аслида бундан 20 йиллар аввал тилларнинг йўқолиб бориши бўйича жуда кўп олимлар бонг урганлар. Улар ноёб ўсимлик ва ҳайвон турларини қайд этадиган биологлардан ўрнак олган ҳолда, бир неча халқаро жамғармалар кўмагида, йўқолиб бораётган тиллар ҳақида маълумотлар тўплайдилар.

 

Дунёда энг кўп сўзлашувчиси бор 5 та тил:

1.  Инглиз тили – 1 миллиард 137 миллон киши;

2.  Хитой тили – 1 миллиард 117 миллион киши;

3.  Ҳинд тили – 615 миллион киши;

4.  Испан тили – 534 миллион киши;

5.  Француз тили – 280 миллион киши.

 

Ер юзида 6000 га яқин тил бор бўлса, мавжуд тилларнинг ярмида 10 000 нафардан кам, чорактасида эса 1000 нафардан кам одам гаплашади. Австралиялик абориген тиллари ва америкалик ҳинду тилларининг кўпида сўзловчилар нисбатан анча кам.  Амазон ҳавзасидаги ҳар бир тилда ўртача 150 киши сўзлашади.

 

Дунё тилларининг ярми фақат саккизта давлатда жойлашган: Папуа-Янги Гвинея (832 тил), Индонезия (731 тил), Нигерия (515 тил), Ҳиндистон (400 тил), Мексика (295 тил), Камерун (286 тил), Австралия (268 тил) ва Бразилия (234 тил). Агар Европада 50 га яқин тил мавжуд бўлса, Янги Гвинеяда бу рақам атиги 6 миллион кишилик аҳоли билан 2000 га яқинлашади.

 

Ҳалигача умуман ўрганилмаган тиллар ҳам борки, улар ҳақида ҳеч қандай маълумот тополмайсиз. Масалан, Амазон ҳавзасида дунё тараққиётидан узилган ва ўз қонун-қоидалари билан яшайдиган қабилалар бор. Бразилиялик этнолог Сидней Поссуело ҳукуматга бу қабилалар ҳаётига аралашмасликни тавсия қилган, чунки уларнинг турмуш тарзига аралашув маҳаллий аҳолининг йўқ бўлиб кетишига олиб келган эди. Шу сабаб Бразилия ҳукумати мазкур ҳудудларга бегоналарнинг киришини тақиқлаш орқали цивилизациядан узилган қабилаларни муҳофаза этишни мақсад қилган. Шунга ўхшаш тақиқлар аллақачон Бразилиянинг шимоли-ғарбий қисми Жавари водийсидаги 17 қабилага (жами 1300 дан ортиқ тил) қўйилган бўлиб, уларнинг тиллари ҳақида маълумот олиш имконсиздир.

 

Дунё тилларининг номланиши хусусида ҳам ноаниқликлар бор. Бундай ҳолат баъзи тилларнинг қандай номланиши, кимга тегишлилиги масаласида муаммолар келтириб чиқаради, чунки маълум тилда сўзлашувчилар одатда уларни “бизнинг тилимиз” ёки “она тилимиз” деб аташади, баъзи тилларга номлар миссионерлар ёки тилшунослар томонидан берилган. Шунинг натижасида у ёки бу номга қанча аниқ тиллар мос келишини аниқлашда қийинчиликлар мавжуд.

 

Баъзи ҳолларда номлар бир вақтнинг ўзида бир нечта тилларни ўз ичига олиши мумкин (бу, масалан, хитой, араб ва кечуа тилларига тегишли).  Бошқа ҳолларда эса бир тилга маҳаллий аҳоли ва чет элликлар томонидан берилган бир нечта номларга дуч келинади. Бу тенденция сиёсий қарорлар ва янги белгиларнинг қабул қилиниши билан кучайиб бормоқда: масалан, Канаданинг қутбли минтақаларида яшовчи халқлар энди эскимос тилида эмас, балки инуктитут тилида гаплашади; Гватемала ҳиндуларининг тили энди жакалте номидан попти номига ўзгарган.

 

Тиллар туғилади, яшайди ва ривожланади, кенгаяди ва тарқалади ёки аксинча, сўнади ва ўлади. Тахмин қилинишича, ҳаммаси бўлиб 30 000 га яқин тиллар ҳозиргача ҳеч қанақа из қолдирмасдан йўқ бўлиб кетган. Рим истилоси ўнлаб тилларнинг йўқолишига сабаб бўлди, уларнинг ўрнини лотин тили эгаллади. Испания истилочилари келишидан олдин Инка империясининг кенгайиши ва кейинчалик испан миссионерлари томонидан Кечуа тилидан фойдаланилиши натижасида Анд тоғларида ўнлаб тиллар йўқ қилинди. Бразилияда 1530 йили Португалия мустамлакаси бошланганидан бери мавжуд тилларнинг тўртдан уч қисми йўқолган. Мексикада йўқ бўлиб кетган тиллар сони маълум эмас, аммо мустамлакачиликнинг биринчи ўн йилликларида маҳаллий аҳолининг 90 фоизи қирилиб кетиши натижасида тиллар ҳам йўқолган.

 

Тилларнинг ўлиши бугун ҳар хил суръатларда содир бўлмоқда, охирги ўн йилликларда бу жараён барча қитъаларда тезлашди. 1970-йилларгача аборигенларга ўз она тилларидан фойдаланишни тақиқлаб келган Австралия ўлик ёки йўқолиб кетиш хавфи остидаги тиллар сони бўйича рекордчи ҳисобланади. ХХ аср бошларида у ерда мавжуд бўлган 400 та тилдан ҳозир атиги 25 таси қолган. Африканинг 1400 та тилидан камида 250 таси йўқолиб кетиш хавфи остида, 500–600 таси эса сўзлашувчилар сони камайиб бориши билан пассив тилга айланмоқда. Тайванда 23 тилнинг ярмидан кўпи хитой тилининг босими остида қолган.

 

Илгари эпидемиялар, урушлар ёки туғилиш даражасининг пасайиши туфайли одамларнинг жисмоний ўлими натижасида тил йўқолган. Ҳозирда тилларнинг пассив тилга айланишида шу тилда гапирувчиларнинг у ёки бу тарзда ихтиёрий равишда бошқа, доминант тилда сўзлашишга ўтиши ҳам катта роль ўйнайди. Баъзи ҳолларда эса сиёсий ҳокимият фуқароларни ўз она тили қолиб, расмий тилда гапиришга мажбур қилади. Бундан ташқари, сўзлашувчилар ўзи ва фарзандларининг жамият интеграциялашувига ҳисса қўшади деб ҳисоблаб, доминант тил фойдасига ўз она тилидан воз кечиши мумкин. Бироқ бу стратегия дунёнинг баъзи қисмларида самарасизлиги аллақачон исботлаган: болалар доминант тилни мукаммал эгаллаган бўлсалар ҳам, бу уларнинг муваффақиятга эришиш имкониятларига таъсир қилмайди. Қолаверса, шу йўл билан улар ўз она тилларида деярли гаплашмай, ота-оналари ва қариндошларидан узиладилар. Бу ҳолат сизга таниш туюлмаяптими?!

 

ЮНЕСКО ташкилоти экспертлари тилнинг йўқолиб боришига таъсир этувчи омилларни 0 дан 5 гача бўлган хавфлилик коэффициентини ишлаб чиқдилар. Бунда тилнинг авлоддан авлодга ўтиб келиши асосий мезон сифатида эътиборга олинди.

 

5 коэффициенти. Бунда бутун авлод вакиллари шу тилда сўзлашади. Тилнинг ривожига ҳеч қандай хавф йўқ, деб ҳисобланади.

 

4 коэффициенти тилга маълум хавф борлигини англатади. Бунда ёшларнинг бир қисми маълум соҳаларда (масалан, таълим, савдо-сотиқ) ўзга тилдан фойдаланади.

 

3 коэффициенти тилга юқори хавф борлигини англатади, бунда жамиятнинг ўрта қатлами она тилида гаплашади.

 

2 коэффициенти тилга жиддий хавф борлигини билдиради, чунки жамиятнинг фақат кекса авлод вакилларигина она тилида сўзлайдилар.

 

1 коэффициенти тилнинг ўлиб бораётганини кўрсатади, чунки бунда саноқли кекса авлод вакилларигина шу тилда гаплашади.

 

0 коэффициенти тилнинг ўлик тилга айланганини англатади, чунки бу тилда гаплашувчи ҳеч ким қолмаган.

 

Бу ҳолат тиллар мисолида кўрсатиб берилган:

1. Йўқолган (ўлик тиллар) тиллар – битта тирик ташувчиси бўлмаган тиллар, масалан, Полабский, жанубий Манси, Убих, Аину, Словинский, Прусс, Готик, Далматиан тиллари.

 

1а. Йўқ бўлиб кетиши эҳтимоли бўлган тиллар – сўзлашувчилар мавжудлиги тўғрисида ишончли маълумотлар бўлмаган тиллар. Масалан, Ғарбий Манси, Кападокия юнонлари тиллари.

 

2. Деярли йўқ бўлиб кетган (йўқолиш арафасидаги) тиллар – ўнлаб сўзлашувчилари (бир неча юзтагача етиши мумкин) бор ва уларнинг барчаси кексалардан иборат. Табиийки, уларнинг ўлими тилнинг ҳам ўлимини англатади. Лив, Вод, Керек, Юкагир, Орок тиллари шундай тиллардан.

 

3. Йўқолиб кетган (йўқолиб кетиш хавфи остида турган) тиллар – нисбатан кўпроқ сўзлашувчиларга эга (икки юздан ўн минггача), аммо ёш авлод деярли бу тилда сўзлашмайди. Масалан, Изҳора, Вепс, Йиддиш, Нивкҳ, Кет, Бретон, Кашубиан тиллари.

 

4. Йўқолиб кетиш хавфи остида – ёш авлоднинг маълум бир қисми (ҳеч бўлмаганда маълум ёшга қадар) шу тилда гаплашади, лекин уларнинг сони камайиб бориши билан характерланади. Ташувчиларнинг умумий сони мингдан миллионгача бўлиши мумкин. Масалан, Селкуп, Ненетс, Карелиан, Коми, Ирланд, Фриз, Баск тиллари.

 

5. Беқарор (потенциал хавф остида) – бу тил барча ёшдаги одамлар томонидан қўлланилади, лекин у ҳеч қандай расмий ёки бошқа мақомга эга эмас, катта обрўси ҳам йўқ. Мисол учун, Долган, Чукчи, Доғистоннинг кичик тиллари, Беларусия, Галисия тиллари.

 

6. Ривожланган (хавфсиз) – инглиз, хитой, ҳинд, испан, француз тиллари.

 

Кўриб турганингиздек, сўзловчиларнинг мутлақ сони муҳим роль ўйнамайди (Мегеб тилида 200 киши сўзлашига қарамай, 5-тоифага киради, 60 мингдан ортиқ сўзлашувчиси бор Горно-Мари тили эса йўқолиб кетган деб ҳисобланади (3-қатор). Бунда муҳим жиҳати – тилнинг келажак авлодга қанчалик яхши ўтиши, ушбу тилда сўзлашувчи болалар сони, шунингдек, сўзлашувчиларнинг ўртача ва минимал ёши.

 

Ўзбек тили олтой тиллари оиласининг туркий тиллар гуруҳига кирувчи энг қадимий тиллардан ҳисобланади. Сўнгги маълумотларга кўра, ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони 50 миллион кишига етди. Бу, албатта, тилимизнинг ривожланиб бораётгани белгиси. Бироқ ахборот технологияларининг барча соҳаларга кириб бориши, рақамли технологиялар, интернет тармоқлари – ахборот алмашинувининг энг мақбул усули бўлиб бораётгани тилларнинг ривожланиши учун жиддий тўсиқларни юзага келтирмоқда.

 

Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан тилларнинг йўқолиб боришига иккита катта сабаб кўрсатилмоқда. Асосий сабаб – ўша тилнинг интернет тилига айланмаганлиги, иккинчиси эса ўзидан юқори мавқедаги тил соясида қолиб кетиши.

 

Тилнинг интернет тилига айланиши дейилганда нима назарда тутилади. Тилшунос олима Г.Тойирова шундай таърифлайди: “Интернет компютер технологияларига таянади. Компютер лингвистикасида “компютернинг тилни таниши” деган тушунча бор. Компютер тилни “таниши” учун у бу тилни “билиши” зарур. Компютернинг матндаги хатоларни тузатиши, матнни қайта ишлаши, таржима қилиши, сўзларга изоҳ бера олиши, тилни ўргатиши, матнни бир алифбодан иккинчи алифбога ўтказиб бериши, тил ифодаларини таснифлаши, тартиблаши, бирор тилда гапириши, ёзиши унинг тилни таниши асосида амалга оширилади. Демак, сунъий интеллект маълум тилни “таниса”, ўша тил асосида ишлайди”. Мазкур масалага ҳукумат томонидан жиддий эътибор қаратиляпти, бу ўринда Википедия электрон энциклопедиясида ўзбекча материалларнинг кўпайганини мисол қилса бўлади.

 

Иккинчи кўрсатилган сабаб эса тил учун жиддий хавф туғдиради. Тилнинг энг ўзгарувчан соҳаси унинг лексикаси ҳисобланади. Жамият тараққий этиб бориши билан тилга янги-янги сўзлар кириб келади, бу табиий ҳол. Лекин хорижий сўзларнинг кириб келишига маълум тўсиқлар қўйилмаса, белгиланган меъёрлар асосида олинмаса, бу ҳолат тилнинг нуфузига жиддий таъсир қилади. Масалан, XV асрда бадиий асарларнинг форс тилида, илмий асарларнинг араб тилида ёзилиши натижасида ўзбек тили нуфузини йўқотиб, оддий сўзлашув тилига айланиб қолган эди. Буюк мутафаккир Алишер Навоий “турк назмида алам (байроқ) тортиб” она тилининг бой имкониятларини ўз асарлари орқали кўрсатиб берди.

 

Ўтган асрнинг бошларида миллий адабий тил яратишга бел боғлаган жадид зиёлилари кўп ишларни амалга оширдилар. Айниқса, Фитрат бошчилигидаги “Чиғатой гурунги” тил посбони сифатида майдонга чиқди. Ҳозир-чи, тилнинг мусаффолигини асраш, уни ривожлантиришдаги бугунги аҳволимиз қандай? Албатта, мақтанарли даражада эмас. Ўзбек тилига шиддат билан хорижий сўзлар кириб келмоқда, бунинг оқибати яхши бўлмаслиги ҳақида тилшунос олимлар бонг урмоқда, лекин натижа йўқ.

 

Қардош мамлакат бўлмиш Туркияда тил сиёсатини Турк тили қуруми ташкилоти юритади. Тил қабул қилаётган барча янги сўзлар таҳлил этилиб, адабий тил меъёрлари бўйича тартибга солинади ва кичик китобча ҳолида нашр қилиниб тарқатилади. Шу тариқа хорижий сўзнинг қўлланилишида бирхилликка эришилади. Бизда эса бир сўз бир неча кўринишларда қўлланилмоқда, ким қандай хоҳласа, шундай ишлатади. Бундай ҳолат тилдаги анархия дейилади.

 

Муаммони бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 январдаги 40-сонли қарори билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атамалар комиссияси ташкил қилинган эди. Комиссия зиммасига илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларидаги тушунча ва атамаларнинг турлича изоҳлаш эҳтимолини истисно этадиган тарзда қонунчилик ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда ва тўғри қўлланишини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида адабий тил қоидалари ва нормаларига, шунингдек, юридик, техник ва бошқа махсус қоидаларга риоя этилишини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида адабий тил қоидалари ва нормаларига, шунингдек, юридик, техник ва бошқа махсус қоидаларга риоя этилишини таъминлаш, бошқа тилларнинг қоидалари туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган номувофиқликларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларига зиён етказмаган ҳолда таҳрир қилиш, ўзбек тилига кириб келаётган янги атамаларни қонунчилик ҳужжатларига жорий этиш ва амалда қўллашнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш, ушбу соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг ривожланиш йўналишларини аниқлаш каби аниқ вазифалар қўйилган эди. Афсуски, комиссия юқоридаги вазифаларни бажара олмади. Департамент мазкур комиссия фаолиятини мувофиқлаштириб, уни фаол ишлайдиган ташкилотга айлантира олса, юқорида тилга олинган муаммолар ўз ечимини топган бўлар эди.

 

Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 октябрдаги 662-сонли қарори билан “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланган. Мазкур қарор бўйича 2023 йил 1 январдан бошлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари лингвистик экспертизадан ўтказилиши белгилаб қўйилган. Афсуски, ҳукуматнинг бу қарори ижроси ҳам ҳали тўлиқ таъминлангани йўқ. Агар мазкур қарор ижроси таъминланса ҳам, четдан кириб келаётган янги атамалар тартибга солинар эди. Шундай экан, “Тилимиз – ғуруримиз”, “Она тилим – ифтихорим” каби баландпарвоз гаплар билан мақтаниб юрмасдан, амалий ишга ўтишимиз шарт. Тилимизнинг интернет тилига айланишида нафақат тилшунослар, балки барча соҳа мутахассисларининг биргаликдаги фаолияти зарур.

 

Шу ўринда Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6084-сонли фармонини алоҳида таъкидлашни хоҳлардим. Мазкур фармон билан ўзбек тилини 2030 йилгача ривожлантириш конcепцияси тасдиқланган. Консепцияда кўзда тутилган ҳар бир топшириқ белгиланган муддатда бажарилса, кўзланган мақсадга эришамиз ва тилимиз Қизил китобга тушиб қолмайди.

 

Иномжон АЗИМОВ,

филология фанлари номзоди, доцент

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 62
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10450
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//