“Авесто”дан “Бобурнома”гача – аждодларимиз фейк маълумотларга қарши қандай курашган?


Сақлаш
15:48 / 11.05.2023 938 0

Бугунги кунда неологизм сифатида қаралаётган ахборий саводхонлик, медиасаводхонлик, фактчекинг каби тушунчаларнинг аслида миллий тарихий кўринишлари мавжуд. Oyina.uz колумнисти мазкур мақолада қадимий манбалар, асарлар медиатаълим контекстида таҳлил этди.

 

Қадимий манбалардан бири – “Авесто”да ёлғон кабир гуноҳ сифатида қораланади, чин эътиқодга хиёнат деб баҳоланади. Унда “Ҳақиқат энг эзгу неъмат...”, “Ҳақиқат – энг аъло неъмат...” саналган. Яштнинг якуний дуо айтимлари шу жумлалар билан тугаган, ўн қурдан такрорланган. “Кулфат келсин у зотга... Хор этса ҳақиқатни”, “Алдовларга учмайди, Ёлғонларга юрмайди”, “Иймонсиз ёлғон сўзлар”, “Сўз устидан чиқмаслар Ундан мадад ололмас. Ёлғончи бахтдан маҳрум, Савоблардан бебаҳра”, “Ёлғон яйловда сарсон” каби жумлалар ҳақиқатнинг баҳоси ва аҳамиятини кўрсатади, алдов, ёлғон билан кескин муросасизликни баён этади.

 

Ёлғон барибир

Иймонлиларнинг

Уруғ аймоғин

Қилолмай қирғин

Келган ерига

Кетгайдир бир кун,

Йўқолгай бадбин.

 

Ёки

 

Сўзлаганда сўз ғолиб,

Ёлғон билан чин баҳси,

Бўлганда чин сўз ғолиб

(Бўлсин, дея ёлборди).

 

каби сатрларда эзгулик ва ёвузлик, рост ва ёлғон, зиё ва зулмат ўртасидаги азалий кураш акс этган.

 

“Авесто”да туҳмат, ахборотни текшириш муҳимлиги масаласи тилга олинган. Нақл қилинишича, Франгхрасён туҳматларни текширмай, куёви Сиёвуш (Сйаваршан)ни ўлдиришга буюрган. Бу макр учун қасд олиш илинжида тавалло қилади. Эзгу ўй, эзгу сўз ва савоб ишлар тамойили негатив ахборотларни чеклашга, адоват тилини қўлламасликка чақириши билан аҳамиятли.

 

Буюк олим ва мутафаккир Абу Райҳон Беруний (973–1048) “Ҳиндистон” асарида кўз билан кўрилган воқелик ва бошқа биров орқали етказилган хабарнинг, яъни реаллик ва репрезентациянинг фарқини кўрсатиб беради. “Хабар кўз билан кўргандек бўлмайди, деган кишининг сўзи жуда тўғридир. Чунки кўриш кўринган нарсанинг ўзи бор пайтида ва ўз жойида турганида қаровчи кўзнинг уни учратишидан иборатдир. Хабарга ёлғон-яшиқлар қўшилмаганида, у кўришга нисбатан ортиқроқ ўринда турган бўлар эди. Чунки кўриш ва қараш пайти нарса бор вақтнинг бир бўлаги билан чекланади. Хабар эса нарсанинг [қаровчига] кўринган вақтдан илгари ўтган ва кейин келадиган ҳолларидан дарак беради; ана шунинг учун ҳам хабар бор нарсалардан ҳам, йўқ нарсалардан ҳам дарак бераверади. Ёзиш хабар турларининг бири бўлиб, уни бошқа турлардан кўра шарафлироқ санаш мумкин; қаламнинг абадий излари бўлмаганида халқларнинг хабарларини қайдан билар эдик? Сўнгра одатда бўлиши мумкин бўлган нарса ҳақида берилган хабар бир хилда [фарқсиз] рост ва ёлғон бўлаверади; хабар хабар берувчилар сабабли ростлик ва ёлғонлик тусини олади. Чунки одамларнинг мақсадлари хилма-хил, халқлар ўртасида тортишиш ва талашиш кўп”.  Манфаатлар тўқнашуви, ахборот тарқатишнинг инсон омили билан боғлиқлиги талқин турли-туманлиги, ёлғон ахборот пайдо бўлишига сабаб бўлади. Буюк мутафаккир ёлғондан огоҳлантиради.

 

Ҳозирги замонавий фан тилида айтганда бу медиатаълимдаги репрезентация реалликнинг ўрнини боса олмаслиги, у реалликка мос бўлиши мумкинлиги ёки уни инкор қилиш принципининг айнан ўзидир.

 

Беруний кишининг ёлғон хабар тарқатиши сабабларига кўра турларини ҳам келтириб ўтади:

        ўз жинсини улуғлаб,

        ўзини кўрсатиш мақсадида бошқа зид бир жинсни айблаб,

        ўзи севадиган бир табақага миннатдорчилик билдирмоқчи бўлиб,

        ўзининг паст табиатлилиги сабабли бирон яхшиликка эришиш учун,

        ўзининг юраксиз ва қўрқоқлиги сабабли ёмонликдан қутулиб қолиш учун.

 

Беруний ёлғон хабар тарқатган илк манбани айбдор деб ҳисоблайди: “Баъзи киши [ёлғон хабар тарқатувчига] тақлид қилиб, билмасдан ёлғон хабар тарқатади. Гарчи улар кўп бўлса ҳам ёки бир гуруҳ кетидан бир гуруҳ [шу тахлит] кетаверса ҳам бу хабарчилар биринчи марта атайлаб ёлғон хабар тарқатган киши билан энг кейин бу ёлғон хабарни эшитувчи оралиғида воситачи бўладилар; орадан тақлидчилар тушириб юборилса, биз санаб ўтган ёлғончиларнинг ўша аввалги биттаси қолади, холос.

 

Алломанинг асарлари ёлғончиликдан четланиш, тўғри сўзни сўзлаш, далиллаш, исботлаш, ифодада тақлид қилмаслик, манбаларни солиштириш, шарҳлашда ҳаққонийлик ва холисликка амал қилиш каби жиҳатларига кўра медиатаълим, медиасаводлик контекстида аҳамиятли. “Ҳиндистон”, “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарларида миллатлар, динлараро эътиқоддаги, урф-одатлардаги фарқларни нифоқ қўзғамай, ниҳоятда бағрикенглик билан нозик ифодалайди. “Ҳиндистон” асарида юнон манбаларига мурожаат этишда, ҳиндларнинг “Вера”, “Пурона” каби диний китобларига берган шарҳларида бу ўз исботини топган. Буни алломанинг ўзи ҳам тилга олган: “Бу баҳслашиш ва тортишиш китоби эмас, шунинг учун бу китобда душманлар исботини келтирмайман ва ҳақиқатдан четга чиққанларга қаршилик кўрсатмайман. Бу фақатгина баён қилиш китобидир, холос”.  Шу боис эшитган нарсаларига эшитганлиги нисбатини беради, ўз фикрларини “фикримча”, дея изоҳлайди. Толерантлик, бошқалар эътиқоди ва қарашларига бағрикенглик билан қарайди.

 

Илмий ёндашув, соғлом фикр, асослаш, сабаб ва оқибатларга кўра таҳлил Абу Райҳон Беруний асарларида устунлик қилади. Масалан, дориларнинг оғирлигини баён этишда назм қилинмай, якка-якка ишлатилган сўзлар нусха кўчириш натижасида бузилиб кетиши, ҳасад билан куничилик қилувчи кишининг атайлаб мужмал қилиб беркитиб ёзиши сабабли ҳам бузилишини келтиради. Ўзи гувоҳ бўлмаган, аниқ далили топилмаган ҳолатларда бу нарсани аниқ баён этади: “Шаманийларнинг Меру тоғи ҳақида на бирорта китобини ва на бу тоғ ҳақида уларнинг фикрларини айтиб берадиган бирорта кишини учратмаганим учун мен уларнинг сўзларини ҳикоя қилганимда Эроншаҳрий воситаси билан ҳикоя қилдим. Лекин бу, гумонимча, аниқ эмас ёки аниқламай гапирадиган кишидан кўчирилган ҳикоядир”. Шунингдек, сўзларнинг алғов-далғовлигига омма, эл оғзидан айтилган муболағалар сабаб қилиб кўрсатилади.

 

“Ҳиндистон” асарининг ўн еттинчи бобида Беруний сеҳргарлик, кўзбўямачиликни қаттиқ танқид қилган. Сеҳр таърифида унинг ёлғонлиги аниқ-равшан кўриниб туради, шундай бўлгач, сеҳр албатта илмлар қаторига кирмайди, деб қатъий хулоса қилади. Шу фикрининг исботи учун у бир неча ҳикоялар келтиради. Умуман олганда, “Ҳиндистон” асари чуқур илм, соғлом фикр, миллатлараро, динлараро, маданиятлараро толерантликнинг юксак намунаси.

 

“Китоб ал-жамоҳир фи маърифат ал-жавоҳир” (Минералогия) асарининг “Зумрад ҳақидаги ҳикоялар” бобида Беруний зумрад тўғрисидаги турли воқеа ва афсоналарни келтирган. Бу ерда Беруний бўлган ва бўлмаган сафсаталарнинг хаёлий уйдирмалар экани тўғрисида сўзлайди. Хусусан, зулмат юрти (гўё зумрад, забаржадлар қоронғилик мамлакатида бўлади) хусусидаги афсона. Беруний бутун Ер юзида тўла қоронғилик бўладиган бирорта ҳам ер йўқлиги, фақат тўрт томони ва усти берк жойгина бундан мустаснолиги, бироқ йилнинг олти ойида қоронғи бўлиб турадиган жойлар борлиги ҳақида гапирилиши, қолган олти ойи узлуксиз ёруғ бўлишини таъкидлайди. “Ҳаётим номига қасам ичаманки, зулматдан олинадиган зумрад (зулмоний) ҳақида гап кетганда чироқсиз ишлаб бўлмайдиган конларни кўзда тутмоқ мумкин, холос”.

 

Зумрадга қараса, заҳарли илонларнинг кўзи оқиб тушиши каби гапларни Беруний уйдирма сифатида рад қилади. Ҳатто бу “Китоб ал-хаввос” каби манбаларда, Абу Наср ал-Утбий асарларида ҳам акс этган. У жуда кўп тажрибалар орқали шундай хулосага келганини билдиради. Беруний зумрадли мунчоқни илонга ўраб, зумрад доналарини илонли сават тагига сепади, зумрадни ипга боғлаб, илоннинг кўз олдида силкитади, бу ишни тўққиз ой иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай бажаради. Ҳеч қандай натижа бўлмайди.

 

“Ёмғир чақирувчи тош” – “Ҳажар жолиб лил матар” бобида ҳам фактчекингга оид мисоллар кўплаб учрайди. Беруний шундай хусусиятга эга деб овоза бўлган тошлар тўғрисида сўзлайди, у афсоналарнинг уйдирма эканини тажриба ва назариядан олинган хулосалар билан исботлайди.

 

Ар-Розий “Хусусиятлар ҳақидаги китоб”да турклар мамлакатида қарлуқлар, бажанақлар ва қипчоқлар оралиғида бир довон бор, дейди. У ердан қўшин ёки пода ўтганда, уловнинг туёғи кигиз билан боғланар экан, акс ҳолда уловнинг туёғи йўлдаги тошларга тегиб қора чанг кўтарилар ва ёмғир ёға бошлар экан. Яна дейдиларки, одам қўлига бу тошни олиб сувга тушса ёки бу тошни оғзига солиб, қўли билан ҳар хил ҳаракатлар қилса, ёмғир ёға бошлар эмиш. “Китоб ан-нуҳоб”да ҳам ёмғир ёғдирувчи тош ҳақида гапирилган.

 

Беруний унинг ҳузурига бир турк келгани ва уни хурсандчилик билан суриштирмай қабул қилади деб шундай тошни келтирганини ҳикоя қилади. “Ёғингарчилик мавсуми бўлмаган пайтда у билан ёмғирни чақир. Ёки ёғингарчилик мавсумида мен сўраган пайтда ёмғир ёғдир. Шунда мен сенинг қўлингдан бу тошни оламан ва сен истаган нарсани, ҳатто ортиғи билан бераман”, дейди Беруний. У одам тошни сувга солиб сувни кўкка соча бошлади, бу ҳаракатларни у турли қийқириқ ва дуолар билан олиб борган эди. Ўша одам сочган сув ерга қайтиб тушади, аммо ҳеч қандай ёмғир ёғмайди. Шунга қарамай, одамлар бу тошнинг кучига ишонади, ҳозир бўлган кишилар бу фақат турклар ерида юз бериши мумкин, дейди. Бу ерда оммага, типик аудиторияга хос хусусиятлар кўзга ташланади. Замонавий аудиторияда ҳам шундай. Гюстав Лебон “Халқ ва омма психологияси”да ёзганидек, “Оммага энг оддий ва одми ҳиссиётлар таниш, ўзини ишонтирган исталган фикр, ғоя ва маслакни мутлақ ҳақиқат ёки мутлақ хато деб қабул қилиши мумкин. Омма ҳеч қачон ҳақиқатни билишга ҳаракат қилмайди, ким уни ишонтирса, унга эргашади, ким уни тафаккур қилишга ундаса, унинг қурбонига айланади”.

 

Шундай қилиб, Беруний ҳар қандай уйдирмаларни рад қилади, ҳар бир ҳолатни илмий асосда изоҳлайди. Дўл қайтарувчи тошлар ҳақида ҳикоя қилар экан, Ҳиндистонда браҳманлар сўзини текшириб кўрувчи, табиат ҳодисасини тушунтириб берувчи ҳеч ким йўқлигини тилга олган. Ҳақиқатгўй олим ҳам амалий фаолиятида, ҳам илмий тадқиқотларида ҳақиқатдан ҳеч қачон чекинган эмас. У ҳамиша ростгўйлик билан иш тутгани, чин фикрларни изҳор этгани ахборот саводхонлиги, маданияти юзасидан аҳамиятлидир.

 

Абу Али ибн Сино (980–1037) “Ҳакимнинг уч қуроли бор: сўз, гиёҳ, тиғ”, деганида сўзнинг, ахборотнинг қудратини юксак баҳолайди. Шунингдек, “Саломон ва Ибсол” асарида ёлғон ростга қориштирилиши, сенга маълум бўлмаган ва узоқ бўлган нарсаларнинг хабари шу йўл билан келтирилиши, инсон ростни ёлғондан ажратиш билан, сохтадан чинни фарқ қилиш билан синалишини айтади. Ҳатто ростнинг даражаларини келтиради. Келтирилишича, “Мажҳул сидқ – номаълум рост эса унчалик диққатни ўзига тортадиган ҳодиса ҳам эмас. Мабодо тўғри сўз сал ўзгартирилса-ю, одатдагидай айтилмайдиган бўлса ва бунинг устига унга унча-мунча нарсалар қўшилган бўлса, у ҳолда бу нарса инсон руҳига хуш келади”. Ибн Сино, шунингдек, ёлғончилик бошқа салбий иллатлар қатори касаллик келтиришини айтади:

 

Хасислигу, ҳасад ҳам ёлғончилик,

Заифлик, дарду йўқликка бўлиш ром,

 

Юсуф Хос Ҳожиб (1020 (21)-?)нинг милодий 1069 йилда – бундан қарийб минг йил олдин ёзилган “Қутадғу билиг” асарида  келтирилишича, “Сўз туя бурнига ўхшаш – унга жилов солса бўлади. Ёхуд у туянинг бўйни кабидир – етовга юраверади”. Бу сўз (ахборот)ни турли мазмунда ифодалаш мумкинлигини кўрсатади. Ёки:

 

Биров чақар бўлса, эшитгин сўзин,

Чину ёлғонини суриштир ўзинг.

Жуда яхши деган киши сараси:

“Эшитгину англа, не сўз сираси”.

Яна яхши келган мана ушбу сўз,

Бу ишга тутингин, аё етук кўз:

“Бор сўзни тинглагин, керагини ол,

Нокерак сўзларни чегиргин дарҳол.

Сўзин эшит, сўра ёлғон-чинини,

Чинин ол, йўқотгин бор ёлғонини.

Ёлғончи кишидан бузилар жаҳон,

Чин айтар кишини яқин тут ҳар он”.

 

Туркий халқлар маданиятининг ноёб дурдонасида барча айтилган сўзларга ишонмаслик, чақимчилик, ёлғон, алдов, ҳийла, фитна, ушоқ (майда сўз, туҳмат, бўҳтон, чақув)га учмаслик; кўни (тўғри, тик, адл, ҳаққоний), ҳақиқат, чинлик, ростликка интилишга чақирилади. “Сўз – ўйинчоқмас”,  “Барча сўзни эшит, аммо ишона қолмагин ”, “Ёлғончи кишида бўлмагай вафо”  каби сатрларда ростлик хислат сифатида улуғланади. Масалан, “Эл орасида доим обрўни сақлаш учун тўрт нарса керак: бири тили тўғри, сўзи чин, бутун бўлсин...”. Ёлғончилик қораланади: “Кишига энг ёвуз бу ёлғон бўлар, Ёвуздан ёвузи сўз қийган бўлар”.

 

Юсуф Хос Ҳожиб “Рост сўз дағал бўлади, у кўнгилга оғир ботади. Аммо бундай ҳақиқат кўнгилга жойланса, кишига наф беради. Сен дағал сўзга, яъни тўғри фикрга асло ғазаб қилма”, дейди. Шунингдек, “Қутадғу билиг”да Ойтўлдининг ростлик, тўғрилик қандай бўлади, деган саволига Кунтуғди берган жавоб ҳам аҳамиятли:

 

Ташидек ичию, ичидек таши,

Бу янглиғ бўлади чин, ростгўй киши.

 

 

Унсурул Маолий Кайковуснинг “Қобуснома” (1082/83) асари ҳаргиз ёлғон сўз демаслик, хатда уйдирма қилмаслик, сухангўй бўлиш, лекин дуруғгўй (ёлғончи) бўлмаслик, ёлғонга ўхшаш ростни айтмаслик, беҳуда сўзламаслик, сўзни уни хушлаганга сўзлаш, ноўрин сўзлашдан парҳез қилиш, манфаатли сўзни эшитиш, гумон айтмасликка чақириши билан аҳамиятли. “...Тилингни яхши ҳунар била ўргатғил ва мулойим сўздин бошқа нарсани одат қилмағил... Ҳакимлар дебдурлар: “Сўз бир нашъадур, ундан хумор пайдо бўлур”,  жумласида бугунги кунда долзарблашиб бораётган адоват тилидан сақланиш, мулоқот, ахборотга қарамлик каби масалалар акс эттирган. Асарда “таҳқиқ”  атамаси келадики, бу бирор нарсанинг ҳақиқатини излашни билдиради. Бу фактчекинг, асл манбани топиш каби кўникмаларнинг тарихий кўриниши бўла олади.

 

Носириддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” (1309-10) асарида келган ибратли ҳикоятлар, ривоятлар, авлиё ва анбиёлар тўғрисидаги қиссаларда тўғри сўзнинг аҳамияти хусусидаги дидактик материаллар мавжуд.

 

Жалолиддин Румийнинг (1207—1273) “Ичиндаги ичиндадир” асарида келтирилишича, “Сўз ҳақиқатнинг сояси ва парчасидир”. Яъни ўзи эмас. Бу  ахборот воқеликни тўлиқ эмас, қисман етказиш ёки талқин ўзгаришини англатади. Бу, ўз навбатида, ахборотни қабул қилувчидан эҳтиёткорлик, огоҳлик талаб этади. “Бир ҳақиқат юз дона шубҳадан аълодир”, дейилганда эса ҳақиқатнинг баҳоси, қиймати келтирилади. Ахборотнинг чексизлиги ҳам ўз ифодасини топган: “...сўзнинг ниҳояси йўқ... Ниҳоясизлик, сўнгсизлик қоғозга қандай сиғади?” Буни қоғозда ахборот улашишга қаратилган И.Гуттенберг даври тугаб, рақамли олам бошланишига ишора сифатида ҳам талқин қилиш мумкин. Бу фалсафий қарашнинг илмийлиги, ахборотнинг чексизлигини тафаккурга сиғдира олишдадир.

 

Амир Темурнинг ахборот сиёсати

 

Араб тарихчиси Шиҳобуддин ибн Арабшоҳ (1388-1450)нинг ёзишича, Амир Темур (1336-1405) пири Абу Бакр Тойибодийнинг «расти-русти», яъни «ҳақгўй бўлсанг, нажот топасан» ҳикматини тамғасига муҳр сифатида ўрнаштирган эди. Ибн Арабшоҳ Амир Темур шахсига баҳо берар экан, истеҳзо ва сохталикни ёқтирмаслиги, масаланинг моҳиятини дарҳол пайқаши, фаросати билан ҳақгўй — ёлғончини дарров фарқлаб олишини таъкидлайди. Бу унинг давлатда ахборот сиёсатини юритишида ҳам акс этар эди.

 

Ижтимоий адолат ва ҳақиқат қадрияти Амир Темурнинг давлат бошқарувида муҳим ўрин тутади. Тўғри сўз, ҳаққоний хабарнинг фойдаси кўплиги, ёлғон давлатни емиришини инобатга олган Амир Темур ўз тузукларида хабар берувчилар кимлиги, даъволарининг рост-ёлғонлигини маҳактошига уриб текширишни буюради. Маҳактош олтинга суртиб асл ёки сохталигини аниқлаб берадиган қора тусли тош бўлиб, бу ўринда кўчма маънода ишлатилган. Бу фактчекингнинг қадимий кўриниши. “Чунки кўп ҳолларда ҳасадчилар ва ғийбатчилар ё кўролмай ёки тамагирлик билан ёлғон тўқиб, чиндай қилиб ясаб чиқарадилар ва палид мақсадларига етишадилар. Давлат ичида талай олчоқ, ёмон одамлар бордурки, давлат душманларини яхшилаб, унинг жонфидоларини турли макр-ҳийлалар билан хароб қиладилар”.

 

Амир Ҳусайн Амир Темурнинг вазирларидан бирини алдаб, давлатнинг таянчи, икки қўли бўлган амир Ики Темур ва амир Жокуни унга қарши қўймоқчи бўлиб, гап чиқарганида ҳам Амир Темур ахборий хуруж ва дезинформацияни яхши англаган. “Мен унинг хиёнатини фаросатим-ла сезиб қолдим, шунинг учун улар хусусида айтилган ҳамма гапларни эшитмаганга олдим”. Амир Темур одамлар олдида улуғ ва эътиборли амирлардан бўлган амир Аббосга ҳасад ва душманлик қилиб, унинг ҳақида бўлмағур гаплар етказганида, ёлғон сўзларга ишониб, ғазаб устида гапларини текшириб кўрмасдан амир Аббосни ўлимга буюрганидан қаттиқ пушаймон бўлади.

 

Амир Темур ўз мамлакатида ахборий тизим яратади. Фақат бу шакл оммавий ахборот алмашинуви эмас, Амир Темурнинг ўзига ахборот етказиб беришга қаратилган эди. Шундай бўлса-да, ростлик-тўғрилик, ёлғонга нисбатан муросасизлик принципларига кўра аҳамиятлидир. Амир Темур ҳар бир сарҳад, вилоят, шаҳар ва лашкарда хабар ёзувчи (хабарнавис)лар тайин қилади, улар ҳокимлар, раият, сипоҳ ўзининг ва ёт-бегона лашкарнинг хатти-ҳаракати ҳақида Амир Темурни хабардор қилиши зарур бўлган. “Темур тузуклари”да шундай дейилади: “Атрофдан кирган-чиққан мол-мулк, четдан кирган ва четга чиққан ёт кишилар, ҳар мамлакатдан келган карвонлар ва ҳукмдорлик ҳақидаги хабарлар, қўшни подшоҳлар, уларнинг гаплари, ишлари ва узоқ ўлкалардан бўлиб, менинг даргоҳимга юзланган уламо, фузало ҳақидаги батафсил хабарларни ростлик-тўғрилик билан менга ёзиб турсинлар. Агар бунга хилоф иш тутгудай бўлсалар, бўлиб ўтган воқеаларни ёзмасалар, ёзувчининг хабар ёзган бармоқлари кесилсин. Агар хабар ёзувчи сипоҳ ишларини яшириб, хабарига бошқа либос кийгизиб (яъни ёлғонни) ёзган бўлса, унда ҳам қўлини кессинлар. Агар ёлғон хабарни туҳмат ёки бирон ғараз билан ёзган бўлса, уни қатл этсинлар. Ва яна амр этдимки, ушбу хабарларни кунма-кун, ҳафтама-ҳафта, ойма-ой менинг арзимга етказиб турсинлар”.

 

Бу мамлакат ичидаги ахборот сиёсати, халқаро миқёсда ахборот олишга қаратилган ҳаракатлар қамрови анча кенг бўлганидан далолат беради. “Амр қилдимки, мингта тезюрар туя минган, мингта от минган елиб-югурувчи кишини чопқунчи, минг нафар тезюрар пиёдани (чопар) етиб тайинласинларки, турли мамлакатлар, сарҳадларнинг хабарларини, қўшни ҳукмдорларнинг мақсадлари ва ниятларини билиб, ҳузуримга келиб, хабар қилсинлар, токи бирон воқеа, кори ҳол юз бермасидан бурун чора ва иложини қилайлик”. Бу қамров ва йўналишига кўра бугунги кундаги ахборот агентликлари фаолияти ўхшайди, фарқи омма учун эмас, давлат ва ҳукмдор учун ишлайди, ахборотни асосан оғзаки шаклда ифодалайди. XIV асрда ахборот алмашиш асосан чопарлар орқали амалга оширилган.

 

Амир Темур халқ ҳолидан хабардорликка, бошқа мамлакатлардаги воқеликлардан бохабарликка катта эътибор беради. Бу бугунги замонда ҳам долзарб аҳамиятга эга. Немис олимлари ушбу қонуниятга таяниб муҳим кашфиёт яратишди. «Муҳим маълумотга эга бўлиш — ҳокимиятга эга бўлиш; кераклисини кераксизидан ажратиш — янада кўпроқ ҳокимиятга эга бўлиш; керакли маълумотни ўз режиссурасига асосланиб тарқатиш ёки ушлаб туриш — икки карра ҳокимиятга эга бўлиш демакдир. Одамларга ахборот орқали психологик таъсир кўрсатишнинг имкониятлари ана шундай», дейилади Германиянинг асосий политология дарсликларидан бирида. 

 

Урушлар ахборот-психологик курашлар билан бирга кечади. Амир Темурнинг Туркия султони Боязид Йилдирим (1389–1402) билан кечган жангининг келиб чиқишида ахборий кураш турли ёзишмалар тарзида намоён бўлади. Аввалбошданоқ бу етти йиллик юришнинг (1389–1402) сабаби ҳам фитна, ивғо бўлган.

 

Сўз кучини англаган, барча воқеликдан воқиф ва огоҳ бўлишга эътибор қаратган, ҳар масалада кўпдан кенгаш сўраган, яхши ё ёмон сўзни эшитганда ҳақиқат аён бўлмагунча шошмасдан мулоҳаза билан иш тутган Амир Темур тўғрисўз кишиларни қадрлайди, тўғри қаламли кишилардан ахборнавислар, воқеанавислар белгилайди, хабарчиларга ҳам ўз ҳолига қараб суюрғол, вазифа ва маош белгилаган.

 

Мирзо Улуғбек (1394—1449)нинг “Тўрт улус тарихи” асари ҳам  ҳақиқатни манбаларни бир-бирига муқояса қилиб синчиклаб ўрганиш ва улар келтирган маълумотларни диққат билан текшириш, ёлғонни далил орқали аниқлаш, суриштирув, кузатув орқали аниқлаш, шубҳа, иккиланишдан воз кечиш каби масалалар акс этгани нуқтаи назаридан аҳамиятлидир.

 

Алишер Навоий (1441-1501)нинг шоҳ асари “Хамса”нинг биринчи достони “Ҳайрат ул-аброрнинг” ўнинчи мақолати ростлик таърифида келади. Тўғрилик ҳақиқатдан ва эгрилик ёлғондан иборатлиги, кимнинг қараши тўғри бўлса, у ҳақлиги, Сулаймоннинг узугида “Рости русти” ёзуви бўлгани,  тўғриликни касб қилиш зарурлиги кабилар акс этган. Масалан,

 

Бoштин-aёқ кимсaки, туздур сўзи,

Ёки бўёлғoну ёвуздур сўзи

 

яъни бир кишининг сўзлaри бoшидaн oxиригaчa тўғри бўлиши мумкин. Aксинчa, бўялгaн, ёвуз бўлиши ҳaм.

 

Улки шиoр aйлaди ёлғoн дeмaк,

Бўлмaс aни эру мусулмoн дeмaк.

 

Кимки ёлғoн гaпиришни oдaт қилгaн бўлсa, уни эру мусулмoн дeб бўлмaйди. Ёлғончилар умматим дейилмаслиги каби таъсирчан мисоллардан фойдаланилади.

 

Ёлғoнчи ўз гaпини ўткaзиш учун қaнчa уринмaсин, гaпини бир-икки мaртa ўткaзa oлиши, бу xусусият элгa қaнчa мaхфий бўлмaсин, ёлғoн бaрибир ўзини oxиридa мaълум қилиши, кимки ўзини ёлғoнчи сифaтидa тaнитгaн бўлсa, рoст гaпирсa ҳaм xaлқ унинг ҳaммa гaпини ёлғoн ҳисoблaши, кимки ёлғoнчи дeб нoм чиқaргaн бўлсa, ўзиникилaр ҳaм, бeгoнaлaр ҳaм уни шу oт билaн чaқирaр экaн, тўғрилик нoми унгa ҳeч қaйтиб кeлмaслиги каби мавзулар тилга олинади. Хулоса берилади:

 

Нeчa зaрурaт aрo қoлғoн чoғи,

Чин дeмaс эрсaнг, дeмa ёлғoн дoғи.

 

“Шер ва дуррож” ҳикояси қирғoвулнинг чин гaпириш ўрнигa ёлғoн гaпириб, бир фaлoкaт тузoғигa илингaни, чин сўзни шeр ёлғoн дeб ўйлaб, oвoзини эшитиб, етиб кeлмaгaни вa уни бaлo тузoғидaн xaлoс этмaгaни хусусида.

 

Сўзда, Навоий, не десанг, чин дегил,

Рост наво, нағмаға таҳсин дегил.

 

Бу каби мисоллар ўзбек аудиториясидаги таҳсил олувчиларга ростлик, ҳақиқатни қадрият сифатида сингдиришда ёрдам беради, миллий менталитетимизга кўра панд-насиҳат ўз самарасини беради.

 

“Бобурнома”да фактчекингга оид мисоллар

 

Заҳириддин Муҳаммад Бобур шоҳ, шоир, фақиҳ, этнограф, ҳайвонот ва наботот олами билимдони каби кўп қиррали фаолият ва ижод соҳиби бўлган. Шу билан бир қаторда унинг рост тили, тўғри сўзи, фикрини аниқ, равон, жумлаларни қисқа ва тугал ифодалаши, мазмунни зич ҳолда бериши, ўзига замондош ижодкорлардан фарқли равишда бўёқдорлик, жимжимадорликдан қочиши журналистика фанида ҳаққонийлик принципига кўра тадқиқ этилиши лозим бўлган алоҳида жиҳатдир. “Бобурномада” шундай ёзади: “Бу битилганлардан мақсад шикоят эмас, рост воқеаларни ёзаётирман. Бу ёзилганлардан мақсад ўзимнинг таърифим эмас, ҳақиқий воқеа баёнини таҳрир этганман. Чунки бу пайтларда шунга қарор қилинганки, ҳар сўзнинг рости битилгай ва ҳар ишнинг ҳақиқий воқеий баёни таҳрир этилгай. Зотан ота-оғадан ҳар қандай яхшилик ва ёмонлик кўрган бўлсам ёздим. Қариндош ва бегонада ҳар қандай айб ва фазилатлар содир бўлган бўлса, таҳрир айладим. Ўқувчи маъзур тутсин ва эшитувчи эътироз қилмасин”.

 

Ёлғон, фитначилик, оғмачиликка нисбатан муросасиз қарашларини баён этган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ахборотларни текширишга ҳам алоҳида эътибор қаратган. У қўллаган усуллар мазмунан бугунги фактчекингга жуда ўхшаш. “Дедиларким, Ғазнининг кентларида бир мазор бордурким, салавот айтғоч, қабр мутаҳаррик бўлур. Бориб мулоҳаза қилилди, қабрнинг тебрангани маҳсус бўлди. Сўнгра маълум бўлдиким, мужовирларнинг тазвири экандур. Қабрнинг устиға бир жулъя ясабтурлар, ҳар замон жулъяға тегадурлар, жулъя тебрангач, қабр тебрангандек маҳсус бўладур. Нечукким, кемага кирмаган эл кемага киргач соҳил мутаҳаррик маҳсус бўлур. Буюрдумким, мужовирлар жулъядин йироқ турдилар, бир неча салавот айттилар, қабрда ҳаракате маҳсус бўлмади. Буюрдумким, жулъяни бузуб, қабрнинг устида гунбаз қилдилар. Мужовирларни бу ҳаракаттин таҳдид била манъ қилилди”. Мазмуни шуки, Бобур ҳаракатга келадиган қабр борлиги ҳақида эшитганида уни ўзи бориб текширади. Қабрнинг тебрангани сезилади. Маълум бўлишича, хизматчилар қабрнинг устига арқон тортиб, устига деворсимон қилиб мато ташлаб қўйган, ҳар замон арқон қимирлатилса, мато тебрангани учун остидаги қабр қимирлагандек туюлган. Шундай қилиб оддий одамларни ҳийлалари билан алдаётган хизматчиларнинг ёлғонига чек қўйилади.

 

Яна бир мисол. “Китобларда битибтурларким, Ғазнида бир чашма бордурким, агар нажосат ва қозуротларни бу чашмаға солсалар, ўшул замон тўлғоқ ва тўфон, ёғин ва чопқин бўлармиш. Яна бир тарихда кўрулубтурким, ройи ҳинд Сабуктигинни Ғазнида муҳораса қилғонда, Сабуктигин буюрурким, бу чашмага нажосат била қозурот солурлар. Тўлғоқ ва тўфон, ёғин ва чопқун бўлур. Бу ҳийла била ғанимни дафъ қилур. Мен Ғазнида ҳар неча тажассус қилдим, бу чашмадин ҳеч ким нишон бермади”. Бу мисолда ҳам шубҳали бўлган ахборотнинг рост ёки ёлғонлигини тасдиқлашга уринилади. Ва турли ифлосликлар солинса, тўполон ва тўфон, ёғин ва жала ҳосил қиладиган чашма мавжудлиги ҳаётда ўз тасдиғини топмайди. 

 

Санобар ЖУМАНОВА.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//