Бир қарашда ҳар бир ўзбек учун кундалик ҳаётда тез-тез ишлатиладиган, ҳар бир ўзбек амал қиладиган “тўр” тушунчаси барчамиз учун шунчаки қўлланиб келинадиган урф-одатлардан биридек туюлади. Бироқ бу одатнинг қачондан бери қўлланилиб келиши-ю, яна қайси халқларда шунга ўхшаш анъана борлигини бир ўйлаб кўрсак, унинг илдизи қанчалик теран, қўлланиш кўлами эса қанчалик кенг эканига таниқ – гувоҳ бўламиз. Кўпчилик бу анъанани ислом инончи билан боғлаб тушунади ва бу одат барча мусулмонларда бор деб билади. Бироқ на арабларда ва на форсийларда бу сўз ёки шунга яқин бирор атама учрамаслиги ўз-ўзидан бизни “демак, “тўр” туркийларга хос тушунча, ота-боболаримизнинг минг йиллар бўйи асраб-авайлаб, бизга мерос қолдирган тушунчалардан бири” дейишга ундайди.
Қизиғи шундаки, яқин қўни-қўшниларимиз бўлган қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ ва туркманларда “тўр” кўринишида ишлатиладиган бу сўз узоқдаги турк, озарбойжон каби қардошларимизда деярли унутилганига гувоҳ бўламиз. Қозоқ ёки қирғиз қардошларимизнинг уйида қўноқ бўлганимизда уй эгаларининг қайта-қайта “тўрга ўтинг”, “тўрланг” деб, уйнинг энг тўрига ўтирғизганда “буларда ҳам шундай одат бор экан-да” деб қувонсак, озарбойжон ёки туркиялик қардошларникига борганда бу сўзни эшитмагач, бирдан “демак, улар бу одатни унутишган, нега шундай экан-а!” деган ўйга толамиз.
Бошқа туркий элларга қараганда кўпроқ Ўрта Осиё туркларида бирор қадрият даражасига чиққан “тўр” тушунчасининг негизини суриштира бошласак, бу анъананинг мусулмон бўлмаган туркий элатларда ҳам кенг тарқалганини кўрамиз. Олтой ва Сибир туркларидан бири бўлмиш хакасларда тöр “олд бурчак (хонага кирилганда қаршидаги ўрин)”, “уйдаги ардоқли ўрин” кўринишида учраб, келган қўноққа қарата “тöрден иртiнгер” (тўрга ўтингизлар) деб илтифот кўрсатилади. Яна хакасларда бу билан боғлиқ қуйидагича сўз ва иборалар сақланган: iзiк iскер, тöр кидер – “эшик олдда, тўр орқада”, яъни “уйнинг кириши – эшиги кунчиқарда, уйнинг тўри эса кунботарда”. Бу билан улар ота-боболари уй қуришда эски туркларга хос ўтов ёки уй эшигининг кунчиқар томонга қаратиб қуришгани, уйнинг ардоқли ери – тўр эса хонанинг бурчагида, эшикка қарама-қарши томонда ўрин олишига урғу берганликларига таниқ бўламиз. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, ўзбекларда ҳам шунга ўхшаш иримлар учрайди. Улар уй қурар экан, бўсағани кунчиқар ёки кунтушар томонга қаратиб қуришга интилганликлари, онда-сонда бўлса-да бу анъанага нисбатан “туркона уйлар” иборасини ишлатганликларини биламиз.
Хакас турклари билан ёнма-ён яшайдиган Олтой турклари – алтай-кижи (олтой-киши)ларда бу атамага шу йўсинда очиқлама берилган: тöр – 1) ўтов кираверишининг қарама-қаршиси, учоқнинг олдидаги бош ўрин; 2) ардоқли ўрин; айылчыны тöргö отурғызар – қўноқни ардоқли ўринга ўтирғизиш; 3) олдинги бурчак; уйнинг олдинги қисми (Алтайско-русский словарь. 2018: 699).
Тилимизнинг очиқламали сўзлиги – “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “тўр” сўзи қуйидагича тушунтирилади: “тўр II – Пойгакдаги жойга нисбатан юқоридаги жой, умуман, жойнинг юқори, яъни қуйига қарама-қарши томони”. Шу билан бирга, ушбу сўзликда “Ардоқли меҳмонни тўрга ўтказмоқ” деган ўрнак келтирилиб, “Ғалчани иззат қилсанг, чориғи билан тўрга чиқади”, “Тентак тўрини бермас” каби мақол – отасўзлари келтириб ўтилади (ЎТИЛ. 2008: 344).
Бу сўз билан боғлиқ кўплаб атама, ибора ва отасўзлари илк бор бундан минг йиллар илгари қоғозга туширилган Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит-турк” (Туркий сўзлар девони)да учрайди. Қувонарлиси шуки, буюк тилчимиз келтириб ўтган билги – маълумотлар орадан шунча йиллар ўтганига қарамай, деярли ўзгаришга учрамасдан сақланиб қолган: “Тўр – уйнинг тўри. Тўрга кеч – тўрга ўт” (Кошғарий. 1963, III: 133); “Тўрä – (ингичка ö билан) тўр, уйнинг тўри, юқориси. Тўрä йуқлади – тўрга чиқиб ўтирди. Бу сўз тўр шаклида ҳам қўлланади” (Кошғарий. 1963, III: 240).
Кези келганда айтиб ўтиш керак, бу сўз “ҳар қандай материалдан катак-катак кўзли ёки бежамдор қилиб тўқилган нарса; асбоб, буюм ва шу кабиларнинг шундай нарсадан иборат қисми” деб очиқланиб (ЎТИЛ. 2008: 343), туркий тилларда, айниқса, ўзбек тилида анча кенг қўлланиладиган “тўр”, яъни қаттиқ “ў” унлиси билан ишлатиладиган сўзга ўхшаб кетса-да, ҳам айтилиши, ҳам билдирадиган англамига кўра бутунлай бошқачадир. Маҳмуд Кошғарий “тўр” (тор) ва “тўр” (тöр) сўзларига айри-айри тўхталган бўлиб, улардан биринчисига “тор (тўр) – қаттиқ о (ў) билан; қуш ва балиқ тутиладиган тўр, ов тўри, матрап ёки ёйма каби” деб айрича урғу бериб ўтади (Кошғарий. 1963, III: 133). Қизиғи шундаки, бу иккала сўз кўпчилик ўзбек тилчилари томонидан омоним сўзлар, яъни айтилиши ва ёзилиши бир, маъноси турлича деб қаралса-да, ўзбек шеваларида уларнинг ўзаро фарқли сўзлар экани, биринчиси – балиқ ёки қуш тўри қаттиқ, иккинчиси – уйнинг тўри эса юмшоқ айтилиши кўзга ташланади.
“Тўр” сўзининг эски чоғлардаёқ “тўра” кўринишида ҳам ишлатилганини юқорида “Девону луғатит-турк”дан келтирилган ўрнакда ҳам кўриб ўтдик. Бу сўз туркий тиллар орасида бирмунча бошқачароқ – “тузук, қонун, урф-одат” англамида учраса-да, айрим ўринларда ўзбек шеваларида “тўра – уйнинг тўри” кўринишида ишлатилишига дуч келамиз. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, Маҳмуд Кошғарий “тўра” сўзига очиқлама бергач, ундан кейинги сўз “тўру”га расм, одат маъноларини илова қилган. Мақолда шундай келган: эл қалир тўру қалмас – мамлакат ташланади-ю, одат ташланмайди. Бу мақол олдингиларнинг одатларини сақлашга ундалган одамга нисбатан қўлланади” деб ёзади (Кошғарий. 1963, III: 240). Тўру сўзи эса “Девону луғатит-турк”дан деярли 400 йил олдин тошга ўйиб ёзилган Ўрхун-Энасой битиктошларида “туркийларнинг қонуни” ўлароқ тилга олиниб, унинг қутлуғ (муқаддас) эканига урғу берилади. Ўрнак келтирадиган бўлсак, 732 йилда ўрнатилган Кул Тегин битиктошида эл-улусга қарата қуйидагича ўгитлар берилади:
“Уза Кўк Тангри асра йағиз ер қилинтуқда икин ара киши ўғли қилинмиш, киши ўғлинта уза эчум, апам Бумин қаған, Истами қаған ўлурмиш, ўлурупан турк булун элин, тўрусин тута бермиш – Устта кўк осмон, остда қўнғир ер яратилганда иккиси орасида киши ўғли (инсон)лар яратилган. Киши ўғиллари (болалари) устидан ота-бобом Бумин хоқон, Истами хоқон (улуғ ўрун / тахтга) ўрнашганлар. Улар (улуғ ўрун)га ўрнашибон турк халқининг эли (давлати)ни, урф-одат (тўраси)ини тутиб турганлар” (Абдураҳмонов, Рустамов. 1982: 101).
Туркий тилларда “тўр” сўзи билан боғлиқ яна бир атама – “тўркун” сўзи сақланиб қолган бўлиб, бу сўзнинг ҳам бир қатор туркий элларда бирор қадриятга айланганини кўрамиз. Қипчоқ шевасида сўзлашувчи ўзбекларда “тўркун”, “тўркунлаш” деган анъана учраб, унга кўра, тўйдан бир-икки ой ўтиб келин илк бор ота уйига боргач, у билан бирга келган қуда-андалар учун келин томондагилар – ота-онаси зиёфат уюштиради. Қирғиз, қозоқ, нўғой ва яна бир қатор туркий халқларда “тўркунлав”, “тўркуннав” кўринишларида учрайдиган ушбу одат билан боғлиқ кўплаб ирим-сиримлар сақланиб қолган (Киргизско – русский словарь. 1985: 260; Керейтов. 2009: 353).
Илк бор Маҳмуд Кошғарий бу сўзни “тўркун – қизнинг ота-онасининг уйи” деб очиқлаб ўтган. Кошғарий бу сўз билан боғлиқ “қïз тўркўӊä кэлдi” (“қиз тўркўнга келди”) – қиз отасининг уйига келди” деган билги келтирган бўлиб (Кошғарий. 1963, III: 414), бу атама “тўр” ва “кун” кўринишида иккита сўзнинг бирикувидан келиб чиққан. Чамаси, “тўркун” сўзининг илдизи “тўр” эски туркча “уйдаги ардоқли бурчак, ўрин”; “кун” эса “эл” англамидаги сўзга ёки -кун / -кин кўринишларидаги сўз ясовчи қўшимчалардан бирига бориб тақалади.
Бугунги кунга келиб кўпгина туркий эл-улусларда ўз тилини сақлаш, ота-боболардан бери сақланиб келаётган сўз ва атамаларни асраб-авайлаш ва келгуси урпоқларга етказишга интилишлар кузатилмоқда. Ўрнак учун, қозоқ бовурларимиз томонидан яқин йилларда “кенгашни олиб борувчи киши”, “раис” англамида “тўраға” (тўроға) атамаси ясалган бўлиб, борган сари бу сўз кенг қўлланилмоқда. Қозоқларнинг бу ёндашуви олқишга арзигулик бўлиб, “тўроға” сўзи ҳам айтилиши бўйича анча ёқимли сўзга айланган, англамига кўра ўзини тўлақонли оқлайди.
Дунёнинг кўплаб эл-улусларида минглаб йиллардан бери унутилмай, ардоқланиб келаётган ўнлаб, ҳатто юзлаб қадриятлардан бири уй, бино, ялпи олганда тураржой ва кенгаш ўтказиладиган маконлар билан боғлиқ анъаналар сақланиб қолган. Улар орасида, айниқса, туркийларга хос бўлган “тўр” – “уйдаги ардоқли ер” тушунчаси ўзининг тўла-тўкислиги билан жамият ҳаётида ўзгача бир кўриниш олиб, яшовчанлигини сақлаб қолаётир. Ота-боболаримиз ҳам қўноқ кутар экан, ҳам эл-юрт келажаги кўриб чиқиладиган “кенгаш” ва “қурултой”ларда кишиларнинг ўрнини белгилаш, шу орқали ҳам қўноқсеварлик, ҳам жамоатчилик йиғинининг тартибли ўтишини таъминлашга интилганлар. Шу йўсинда минг йиллардир ўзига хос ахлоқий этикет юзага келиб, “тўр” тизими туркий эллар учун юксак қадриятга айланган. Бирор ёзилмаган қонунга – тўра-тузукка айланган бу тизимга қардош эллар, айниқса, ўзбеклар орасида бугунги кунда ҳам тўлақонли амал қилинаётгани кўзларни қувонтиради.
Ғайбулла БОБОЁР,
профессор
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ