Болалигимдан тилларга, адабиёт ва тарихга қизиққаним боис охир-оқибат профессионал фаолиятимни ҳам гуманитар соҳа билан боғладим. Ўсмир тафаккуримни ром этган ушбу йўналиш жамиятга қандай фойда келтириши ҳақида, очиғини айтганда, ўша кезлари ўйлаб кўрмаганман. Ўйлашга мажбур қилган ҳодиса эса абитуриентликдаги қизғин баҳслар бўлди: бир ёқда тарих ва тилга муккасидан кетган “гуманитарий”лар; бошқа ёқда математика, биология ва кимёга ошуфта “технар”лар дарслик ва “Ахборотнома”дан бош кўтариб, суҳбат қурганида, бот-бот ўз фанларининг аҳамияти ҳақида тортишиб қолишарди.
“Тарихни ўргангандан нима фойда? – деб ёзғирарди кимёгарлар. – Мана биз бир олам маҳсулот ишлаб чиқарамиз, ҳаётни енгиллаштирамиз. Ҳеч нарса ишлаб чиқармайсизлар, жамиятга фойдаларинг ҳам тегмайди!”
“Буни тушуна олмайсизлар, – дея ҳимояланарди тарихчилар. – Ўтмишсиз келажак йўқ. Қорин билан иш битмайди, ундан муҳимроқ нарсалар ҳам бор”.
Бундай даҳанаки олишувлар кўп ҳолда ҳазил оҳангида кечса-да, ҳазил тагида зил борлигини пайқардим: ҳаётда тарих ва адабиётнинг, тил ва бошқа ижтимоий-гуманитар фанларнинг ҳам аҳамияти, ўрни борлиги бир қарашда шоён кўриниб тургандай бўлса ҳам, аниқроқ, теранроқ жавобларга эҳтиёж сезардим. Дастлаб талабалик йилларим, сўнг илмий фаолиятим асносида устозлар, ҳамкасбларга шу савол билан мурожаат этдим. Бу ўзига хос суриштирувим якунида шунга амин бўлгандимки, ўқитувчи, тадқиқотчи, профессорларнинг ҳам аксари фаолият юритаётган соҳасининг жамиятга манфаати ҳақида ё стереотипик тасаввурларга эга, ёхуд ишини бефойда деб ҳисоблайди.
“Маънавият, миллийлик, ўзлик, ахлоқодоб... сув билан ҳаводек зарур-ку. Мамлакат технологик жиҳатдан ривожланиб кетгани билан, халқ миллий қиёфасини йўқотса, катта фожиа эмасми?” – энг кенг тарқалган жавоб шундай мазмунда эди. Ушбу баландпарвоз фикр замирида маълум ҳақиқатлар йўқ эмас, албатта. Лекин унга рационаллик етишмайди, чамамда.
Бир неча йил муқаддам чет эл академик муҳитида малака ошириш имконияти туғилганида яна шу масалага қайтиб, америкалик гуманитарийларнинг фикрини сўраб-суриштирдим. Ғарб академик фанидаги умумий тенденциялар, қарашлар, ҳукмрон концепциялар ҳақида тасаввурга эга эсам-да, бевосита гувоҳи бўлганим манзара мени ҳайратда қолдирди: камина тадқиқот олиб бораётган Жорж Вашингтон университети олимлари гуманитар мавзуларни прагматик руҳда муҳокама қилар, мазкур соҳанинг жамиятга келтираётган моддий манфаатини ҳам ишонарли тарзда асослаб-исботлаб беришар эди. Producing knowledge – билим ишлаб чиқариш истилоҳи анжуман ва тренингларда қайта-қайта янграрди. Билим ишлаб чиқаришга кетадиган харажат, ресурслар, ундан келадиган даромад аниқ иқтисодий бирликларда ифодаланарди. Гуманитар соҳанинг иқтисодий аҳамияти қуруқ романтика билан эмас, балки илмий фондлар, йирик корпорациялар, давлат ташкилотлари таклиф этаётган шартномалар, лойиҳалар, грантлар асосида изоҳланарди.
Давлат ташкилотлари моддий эваз кутмай ўқитувчи, тарихчи ва жамиятшуносларга маблағ ажратишини постсовет киши ҳам ақлига сиғдира олади. Бироқ нефть-газ компанияси диншуносларни ўқитишга пул ажратишини қандай тушунса бўлади? Энергетика ширкатларига диншунослар нега кераклигини изоҳлаш учун гапни узоқроқдан бошлашга тўғри келади.
Тилшунослик гуманитар фанми?
Абитуриентлик йилларимдаги ўша баҳсларда “тилшунос” ўлароқ, табиийки, “гуманитарий”лар лагерида эдим ва шунга яраша математика ёки биологияга қарши бирор сўз айтишга чиранардим. Қизиғи, у маҳал тилшунослик соф гуманитар соҳа эмаслиги, боз устига, гуманитар ва ижтимоий ихтисосликлар ҳам бир-биридан фарқ қилишини англамас эдим. Кейинчалик тилшунослик тўлақонли гуманитар фан эмаслиги, умуман, фанлар таснифи ниҳоятда олға кетиб, ўзгаришларга учраганини билдим.
Ўзбекистонда ҳанузгача истифода этиб келинаётган илмий блоклар модели эски совет мактабининг меросидир. Ривожланган давлатлар академик муҳитида фанлар бир-биридан гуманитар, табиий ёки аниқ қабилида таснифланиб, девор билан ажратилмайди; уларга ўзаро чамбарчас боғлиқ, бир-бирини тўлдирадиган билиш ва тушуниш методикалари мажмуи сифатида қаралади. Буни тилшунослик намунасида кўриб чиқсак.
Кенг маънодаги тилшунослик умуман тилларни, яъни ҳар қандай белгилар тизимини тадқиқ этади. Тор маънодаги тилшунослик эса фақат одам тилини, лингвистик истилоҳда айтсак, вербал тилни ўрганади. Вербал тил бир неча сатҳда тадқиқ этилади: сўзлар товушлардан иборат, товуш эса инсон организмининг имкониятлари асосида юзага келадиган физик ҳодисадир. Демак, тилшуносликнинг замирида физик-биологик жараёнлар ётади, яъни у табиий фандир.
Тиллар эволюцияси аниқ математик моделларга таянади. Ушбу моделлар асосида муайян тил ўтмишда қандай жаранглагани ва келажакда қандай тусга киришини билса бўлади. Шу йўл билан тил тарихи, тил футурологияси ва тилларнинг ўзаро алоқалари ўрганилади. Демак, тилшунослик аниқ фан ҳамдир.
Тил ижтимоий мулоқот воситаси ўлароқ одамларнинг бир-бирини тушуниши, ахборот алмашувига хизмат қилади. Суҳбат асносида ижтимоий муносабатлар вужудга келади. Яъни тилшунослик ижтимоий фандир.
Илм тармоқларининг моҳияти, тадқиқот объекти ўйлаганимиздан мураккаброқ экани аён бўлмоқда. Бир фан ўзак хусусиятларига кўра гуманитар, аниқ, табиий, техник, ижтимоий-сиёсий, фалсафий гуруҳга нисбат берилиши мумкин. Шу сабаб охирги ўн йилликларда мутараққий дунёда фанлараро тадқиқотлар урфга кирмоқда: тилшунослар дастурчилар билан, биологлар жамиятшунослар билан ҳамкорлик қилмоқда; тарихни математик моделлаштириш, инсон муносабатлари анатомияси, тарихий воқеалар экологияси сингари аломат тадқиқот йўналишлари илгари сурилмоқда. Қолаверса, антропология сингари йирик йўналиш шаклланмоқда. Антропология, бизга мактабда ўргатилганидек, инсоннинг ташқи қиёфаси ҳақидаги фан эмас – бу унинг жуда кичик, биологияга ёндош бўлагидир; у инсон ҳақидаги билимлар тизими ўлароқ жуда кенг майдонни эгаллаб, жамиятшунослик, социолингвистика, психология, маданиятшунослик, этнография, этнология, шарқшунослик ва бошқа кўплаб йўналишларни қамраб олмоқда.
Ижтимоий-гуманитар фанлар келтирадиган наф жиллақурса фанлараро тадқиқотларда бўй кўрсатаётир. Аммо барибир оқ-қора таснифга ўрганган постсоветча миямизнинг бир четида савол туғилаверади: фанлар тизимида гуманитар жабҳа қанчалик наф келтиряпти, балки у шунчаки дастёр, хизматкордир?
Иккиёқлама муаммо
Яқинда фаолият бошлаган Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлиги илмий лойиҳаларга маблағ ажратишини эълон қилиб, муносиб таклифларни қидира бошлаганида мамлакатда гуманитар соҳа тўқнаш келаётган иккиёқлама муаммо кўзга яққол ташланиб қолди.
Бир томондан, ижтимоий-гуманитар ихтисосликлар вакиллари етарли миқдорда инновацион лойиҳалар тақдим эта олмаслиги маълум бўлди. Совет давридан мерос бўлиб қолган, бозор иқтисодиёти ва рақобатдан йироқ академик тизим ҳозирга қадар ислоҳ этилмаётгани бунинг сабабларидан бири бўлса ажаб эмас. Лойиҳавий фаолиятга ўрганмаган, вазифаси маънавиятни ошириш ва миллийликни тарғиб қилиш деб биладиган одамлардан қандай инновация кутиш мумкин?
Иккинчи томондан, Ўзбекистон академик тизимида нисбатан устунлик қиладиган, илғорроқ ҳисобланадиган техник соҳалар, табиий ва аниқ фанлар вакиллари ҳам гуманитар тадқиқотларнинг мазмун-моҳиятини янглиш тушуниши ошкор бўлди. Лойиҳага қўйиладиган бирламчи талаблардан бири маҳсулот тақдим этишдир. Ана шу нуқтада гуманитар тармоқ вакилларида “биз ҳам маҳсулот ишлаб чиқарамизми” қабилида тараддуд, иккиланиш пайдо бўлди.
Ўз вақтида мен ҳам шу саволга жавоб қидирар эканман, россиялик антрополог Валерий Тишковнинг теран мулоҳазаларига дуч келдим. Бу олим СССР парчаланиб, Россия илм-фани тушкунликка учраганида, академик соҳани қайтадан оёққа турғизиш, совет методологияси ва мавзулар қамровини қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келганида ижтимоий антропология ҳақида салмоқли мақолалар ёзган. “Гуманитар соҳа олими яратадиган асосий маҳсулот – китоб, мақола, шарҳ ёки тақриз кўринишидаги илмий матндир” дейди В.Тишков.
Кўламни кенгайтириб, олимлар, санъаткорлар, экспертлар ишлаб чиқарадиган маҳсулот – матн ёки асардир, дейиш мумкин. Тўғри, ижтимоий-гуманитар фанларнинг миссияси бу билан чекланмайди, лекин, назаримда, ушбу таъриф бу борадаги баҳсларга чек қўяди.
Сифатли илмий матн, қўйингки, ҳар қандай жанрда арзирли матн яратиш – осон иш эмас. Умрбоқий роман ёзиш, ақлий етукликдан ташқари, узоқ йиллик меҳнатни талаб қилади. Илм-фанда ўзгаришлар ясайдиган қарашлар илгари сурилган ва асосланган илмий матнни яратишга эса бир изланувчининг умри етмаслиги мумкин. Сифатли таҳлилий мақола ёки ҳисобот тайёрлаш, қизиқарли сценарий ёзиш, ижтимоий тадқиқотлар, журналистик суриштирувлар ўтказиш ҳам кўп вақт ва улкан интеллектуал меҳнат талаб қиладиган юмушлардир. Бугун янги йирик адабий шахслар майдонга чиқмаётгани, тасаввурларни ўзгартириб юборадиган тадқиқотлар дунё юзини кўрмаётгани, сифатли киноасарлар суратга олинмаётгани, журналистлар чин маънода жамият санитарига айлана олмаётгани шу хусус билан изоҳланади. Сирасини айтганда, битта салмоқли роман, ижтимоий-гуманитар йўналишдаги битта йирик тадқиқотнинг қиймати аниқ ёки табиий фанлардаги оламшумул кашфиётнинг қийматидан қолишмайди.
Демак, гуманитар соҳа вакилининг асосий вазифаси билим ишлаб чиқариш ҳамда уларни таҳлил қилиб, илмий ёки экспертлик матни яратишдан иборат экан. Энди бу интеллектуал маҳсулот қандай моддий манфаат келтиришини шарҳласак.
“Think tank” асри
Бу атама инглиз тилидан сўзма-сўз “фикр идиши” деб таржима қилинади; бизда эса русча “мозговой центр”нинг калькаси – “ақлий марказ” истилоҳи ишлатиляпти. АҚШда вужудга келган бу фаолият тури, таъбир жоиз бўлса, илм-фан намояндаларининг ақлий салоҳиятидан моддий манфаат бунёд этишга хизмат қилади.
Дейлик, бир банк кейинги ўн йилликдаги фаолиятини режалаштирмоқчи. Бунинг учун бир гуруҳ олим ёлланади ёки бирор ақлий марказга буюртма берилади. Ақлий марказ ёхуд олимлар гуруҳи масалани ҳар томонлама ўрганиб, маълумот тўплайди: кейинги ўн йилда жаҳон сиёсатида қандай ўзгаришлар рўй беради; иқтисодиётда нималар кутилмоқда; банк ишлаётган мамлакатларда аҳоли (потенциал мижозлар) қандай суръатда кўпаймоқда ёки камаймоқда; уларнинг ахлоқий, диний ва маданий инончлари қандай; моддий аҳволи қай даражада ва ҳоказо. Ниҳоятда кенг кўламдаги масалалар тафтиш этилади, тадқиқотда шунга яраша турли соҳа мутахассислари қатнашади. Ишончли маълумот йиғиш мақсадида сафар, экспедициялар уюштирилади; интервью, ижтимиой сўровлар ўтказилади. Шу тариқа банкка ўн йиллик ижтимоий, сиёсий, демографик, иқтисодий вазият ҳамда бу шароитда қандай ишлаш кераклиги борасида тавсиялардан иборат батафсил ҳисобот тақдим этилади.
Истиқболли режалар Ўзбекистон ташкилотларига ҳам бегона эмас. Аммо аксар ҳолларда чуқур тадқиқот ўтказилмайди. Зеро, бунга кучли эҳтиёж борлиги ҳали англаб етилгани йўқ. Йирик миқёсдаги лойиҳага улкан маблағ сарфлаш пулни ҳавога совуриш деб қаралиши ҳам сир эмас.
Мақола дебочасида нефть-газ компанияси диншунос мутахассисларни ўқитишга пул ажратиши ҳақида сўз очгандик. Гап шундаки, мусулмон мамлакатларида ишлайдиган компания учун ислом дини моҳиятини тушуниш бозор иқтисодиёти асосларини билишдан кам аҳамиятга эга эмас. Нефтга бой мусулмон давлати кўплигини инобатга олиб, бу тармоқда фаолият юритадиган ташкилотлар диний тадқиқотларни молиялаштириши кенг тарқалган ҳодиса десак янглишмаган бўламиз.
АҚШ, Европа, Япония ва бошқа тез ривожланаётган мамлакатларда давлат тузилмалари, бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари академик фан хизматига кўп мурожаат этади. Хусусий университетлар, тадқиқот институтлари, лабораториялар, ақлий марказлар буюртмаларга ихтисослашиб, фаолият йўналишини белгилайди, талабга қараб мутахассис тайёрлайди ёки тўплайди. Мен бир муддат малака ошириш бахтига муяссар бўлганим Жорж Вашингтон университети тизимидаги институт ва марказлар ҳам илмий фондлар ва давлат ташкилотлари билан шартномалар асосида узоқ йиллик лойиҳаларни амалга оширади. Central Asia Program (CAP) дастури ана шундай узоқ йиллик лойиҳалардан бири эди: унинг доирасида малака ошириш курслари, конференциялар ташкил этилар, ёш тадқиқотчилар диссертация ёзар эди. Кўзланган пировард мақсад эса Марказий Осиё давлатлари ҳақида билимлар базасини яратиб, бу базани “монетизация” қилиш, яъни минтақада ишлашни истаган тижорий ташкилотлар, сиёсий тузилмаларга сотиш, қолаверса, Вашингтон элитасида минтақа ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилишдан иборат эди.
Ақлий марказлар – гуманитар фанларнинг ижтимоий миссиясини ёрқин намойиш этадиган феномендир. CAP лойиҳаси раҳбари, франциялик олима Марлен Ляруэлга кўра, биргина Вашингтоннинг ўзида тўрт юздан зиёд ақлий марказ мавжуд. АҚШ пойтахти, жаҳон дипломатиясининг маркази бўлмиш Вашингтон бу жиҳатдан гуманитар соҳа вакилларини оҳанрабо каби ўзига тортаётган маскан ҳисобланади, чунки у ерда илмий карьера қуриш ва катта даромад кўриш имконияти мавжуд.
Қизиғи, у ерда фан ҳам бозор иқтисодиётига бўйсуниб, рақобат шароитида ишламоқда. Марказий Осиё бўйича тадқиқотлар олиб борадиган ақлий марказлардан бирининг раҳбари, ўзбек ўқувчиларига таниш бўлган олим Фредерик Старрнинг айтишича, Вашингтон ҳалқа йўлидан ташқарида фаолият юритадиган марказлар мижозларга арзонроқ нарх таклиф этиб, кўпгина лойиҳаларни олиб қўймоқда экан. Улар “Beltway bandits” – “ҳалқа йўли йўлтўсарлари” деб аталар экан.
Фан ва жамият уйғунлигини таъминлайдиган институтлар фақат ақлий марказлар, университетлар билан чекланмайди. Бу ўринда компаниялар буюртмасига кўра янги бозорларни ўрганишга қаратилган консалтинг хизматини эслаш кифоя. Жамият ривожлангани сайин гуманитар соҳа вакилларининг аҳамияти, моддий манфаатдорлиги ошиб боради.
Жамиятшунос, номидан ҳам маълумки, жамиятни ҳар томонлама тадқиқ этади; психолог шахсий ва ижтимоий ҳаётда қийинчиликка учраган одамларга ёрдам бериш билан бирга омма психологиясини ўрганади; филологларнинг ўрни таржима иши, тил ўргатишда (лингводидактика) намоён бўлади, улар сиёсатчи, раҳбар, санъаткорларга чиройли нутқ сўзлаш, баҳс юритиш, фикрни изчил баён этишни, ходимларга ҳужжат юритишни ўргатади (компьютер лингвистикаси шиддат билан ривожланаётган даврда филологларнинг фаолият йўналиши ҳам кенгаймоқда). Тарихчилар бугунги муаммоларнинг илдизларини аниқлайди, уларни касалга ташхис қўювчи синчи мутахассисларга ўхшатиш мумкин.
Гуманитар соҳа вакили бўлсангиз-у, бу фаолият турларидан қониқмасангиз, ўзга “майдон ичра” туришингиз ҳам мумкин: XXI асрда гуманитар таълим соҳибларининг билим ва кўникмаларига эҳтиёж бошқарувда кучаймоқда.
Қизиқ парадокс
Дунё тўртинчи саноат инқилобига яқинлашиб, бизнес ва давлат тузилмалари янада кўпроқ жараёнларни роботлаштиришга уринмоқда. IT, кибернетика, техник фанлар инсоният тараққиётининг марказида турган бир паллада қизиқ парадокс кузатилмоқда: гуманитар ихтисосликларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Ижтимоий-гуманитар ўқув юртлари ёпилиб, техник факультетлар кенгайиб бораётган, гуманитар олимларнинг академиялардаги улуши қисқариб кетаётган бир вақтда бу ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин?
Кўп фаолият турларининг сунъий онг ҳамда катта маълумот (big data) технологиялари асосида олиб борилиши тиғиз жараёнларни бошқара биладиган, маълумотларни таҳлил қила оладиган, танқидий фикрлаш ва методик хулосалар чиқаришга қодир профессионалларга эҳтиёжни орттирмоқда. Шиддатли технологик ўсишдан ҳис-ҳаяжонга тушган мутахассислар, тараққиёт инсон аралашувини ортиқча қилиб қўяди, дея баралла башорат қилган эди. Ҳозир эса бунинг тескариси бўй кўрсатмоқда – тараққиёт, аксинча, гуманитар соҳа дипломига бўлган талабни ошириб юборди.
Гуманитар таълим даргоҳларида талабаларга танқидий фикрлаш, маълумотларни қиёслаш, таҳлил қилиш, қонуниятларни кашф этиш борасида сабоқ берилади, холис баҳолаш малакаси шакллантирилади. Дейлик, тарихчи фақат саналарни ёдламайди: у ахборотни яхлит тизимга солиб, сабаб ва оқибатлар борасида илмий хулоса беради. Бундан ташқари, гуманитар билимлар соҳиби тарих, санъат, халқаро сиёсатдаги гап-сўзлардан баҳолиқудрат хабардор бўлади, ҳавасаки матнни профессионалидан фарқлай олади, ишончсиз ахборотни осон пайқайди, фактларни дақиқ жиҳатларигача тафтиш этади.
Шундай қилиб, ижтимоий-гуманитар факультетларда ҳосил қилинадиган кўникмалар бизнесни бошқариш, инновациялар жорий этиш, прогнозлаш, дипломатик ва иқтисодий робиталар ўрнатиш, манфаатли шартномалар тузишда қўл келади. Айни сабабга кўра йирик корпорациялар раҳбар лавозимларга гуманитар таълим вакилларини тайинлашни маъқул кўрмоқда. Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси 2019 йилда ўтказган сўровга кўра, ушбу мамлакатдаги йирик ва ўрта компаниялар директорларининг қарийб 50 фоизи гуманитар соҳа вакиллари экан. Европа, АҚШ ва Японияда ҳам шунга яқин кўрсаткич қайд этилган.
Таассуфки, постсовет давлатлари, жумладан, мамлакатимизда ижтимоий-гуманитар фанларнинг янги методика ва мавзуларини ўзлаштиришда қийинчилик кузатилмоқда. Масалан, Ғарб илмий мактаблари ва академик стандартларини қабул қилган давлатларда тарих, филология, сиёсатшунослик, жамиятшунослик сингари фанлар бошқача ўқитилади. Ўзбекистон олий ўқув муассасаларида эса тарихнинг сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий жиҳатларига, сана ва воқеаларга урғу берилгани ҳолда, ҳодисаларни таҳлил қилиб, қонуниятларни юзага чиқариш, вазиятни турли нуқтаи назардан баҳолаш кўникмаси ўргатилмайди.
Шунингдек, хорижий тарих ва антропология ўқув даргоҳлари ижтимоий долзарб мавзулар – гендер тадқиқотлари, миллий озчиликлар маргиналлашуви, миграция, этник ва ирқий можаролар, колониализм ва глобаллашув тарихи, халқлар ва давлатларнинг тарихий алоқалари, муаммоли геосиёсий вазиятдаги минтақалар антропологиясига диққат қаратади. Ўзбекистон тарихчилиги эса ҳали бундай мавзулардан узоқда. Юртимиз гуманитар соҳа вакиллари гўё гирдобга тушиб қолгандек – илмий жамоатчилик, сиёсий элита уларнинг салоҳиятига, жиддий ғоя ва инновацияларни ўртага қўя олишига ишончсизлик билан қарайди; бундай муносабат соҳа мутахассисларининг ўз лаёқатсизлигини бўйнига олиб, долзарб масалалардан узоқ юриши ва ишончсизликни беихтиёр тасдиқлашига олиб келади. Пировардида, гуманитар билимлар фақат маънавиятли авлодни тарбиялашга хизмат қилади қабилидаги даққи қараш ўз кучида қолаверади...
Оламни қандай тушунамиз?
Фикримиз баҳсли туюлиши мумкин, аммо Ўзбекистонда ҳали гуманитар фанларнинг миссиясини англаш, уларни жамият билан уйғунлаштириш ибтидоий босқичда турибди. Гуманитар билимларни долзарблаштириш, соҳа вакилларини ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш жараёнига жалб этиш учун аввало муносабат ўзгариши лозим: жамиятда ўткир академик ва ижтимоий баҳслар уюштирилиб, тарихчи, тилшунос, жамиятшунос ва бошқаларнинг фаолияти тафтиш этилиши, талабларга кўра ижтимоий буюртма шаклланиши лозим. Тўғри қўйилган мақсад тўғри натижаларга олиб бориши маълум.
Галдаги муаммо – фанга пул ажратиш, инвестиция киритиш. Назаримизда, ўзбек сиёсати ва фани гуманитар билимлар ишлаб чиқариш жиддий молиявий кўмак талаб этишини ҳали тўлиқ англаган эмас. Пахтанинг янги навини яратиш ёхуд янги технология ижод этиш нақадар мураккаб жараён экани маълум бўлгани боис бундай лойиҳаларга катта маблағ ажратилади, лекин илмий матн яратиш баъзида ундан-да оғир меҳнат талаб қилиши мумкинлиги доим ҳам эътироф этилмайди. Шу боис мамлакатимизда ҳозирча дарсликлар, луғатлар, монографиялар чоп этишга катта сармоя киритилмаяпти.
Инглиз тилида энг фаол ишлатиладиган 4 мингта сўздан иборат рўйхат, уларни ўргатишга мўлжалланган дарслик ва дастурлар бор. Ўзбек тилида энг фаол ишлатиладиган 4 мингта сўз рўйхати борми? Йўқ. Бундай рўйхатни тузиш шунчалик қийинми? Ҳа, жуда қийин. Инглиз тилининг энг фаол сўзлари луғатларини тузиш учун юз миллионлаб одамнинг нутқи, интернет ва бошқа платформалардаги миллионлаб матн йиллар давомида ўрганилган. Тўпланган матнлар мураккаб дастурий алгоритмлар воситасида қайта ишланиб, ҳар бир сўз муайян вақт давомида қанчалик кўп ёки кам тилга олингани ва ёзилгани аниқланган. Бир неча минг фаол сўздан иборат луғатни тузишга беш-ўн йил вақт, ўн миллионлаб доллар пул кетган. Шу кичкина рўйхат машҳур олим Дэвид Нэйшн фаолиятининг чўққиси ҳисобланади.
Ўзбек тилшуносларига ҳам шундай имкон бериладими? Бунинг учун аввало тафаккур тарзимиз ўзгармоғи, кичик бир рўйхат ортида улкан меҳнат ётганини англамоғимиз лозим бўлади.
Бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий-гуманитар ихтисосликларнинг ўзликни шакллантириш, жамиятни моделлаштириш функциясидан фойдаланилмоқда. Тўғри, ҳар қандай жамият ўтмишидан шахслар ва рамзлар қидиради, уларни ўз рамзий капиталига айлантириб, шу асосда миллий ўзлигини “барпо” этади. Лекин тарих ва ёндош фанларнинг бу ижтимоий вазифаси баҳслар келтириб чиқармоқда: тарихни бугунга мослаб ўзгартириш, қайта талқин этиш тўғрими? Бу ҳол тарихнинг пропаганда руҳидаги қарашлар йиғиндисига айланиб қолиши, реаллик билан боғлиқлиги йўқолишига олиб келмайдими? Кўплаб экспертлар тарихий ҳодисалардан бугунги “мен”имизни асослайдиган далилларни мақсадли қидириш хато, бунинг ўрнига мозийни холис ўрганиб, ҳақиқатлар негизида “мен”имизни ислоҳ қилайлик, деган фикрда.
Аслида бу – ижтимоий-гуманитар фанлар миссиясининг кичик бир бўлагидир. Мазкур фанлар бизга дунёни ва ўзимизни англашга кўмак беради, тушунча-тасаввуримизни кенгайтиради, юксакларга олиб чиқади. Бу эса ҳар бир инсоннинг ҳаётини янги рангларга буркайди; унинг бахтли яшаши, атрофдагилар, бошқа тил, дин, ирқ вакиллари билан тил топишишини таъмин этади; бағрикенглик ва инсонийликни юзага чиқаради. Инсоният адабиётсиз ҳам бомба ярата олади, аммо бу кашфиётни тўғри йўналтириш учун адаб-ахлоқ керак бўлади.
Инсон – шунчаки суяк ва гўшт қоришмаси эмас, у ўйлаш ва ҳис этиш қобилиятига эга мукаррам хилқатдир. Ҳаётимиз фақат рақамлар ва гаджетлардан иборат эмас. Санъатдан завқ олиш, яқинлар дийдоридан бахт туйиш, севиш, саёҳат қилиш ва дунёни англаш ҳам умримиз моҳиятига дахлдор ҳодисалардир. Бундай шавқли машғулотларсиз кечадиган ҳаётни ҳаёт деб бўлармикан?..
Элдор АСАНОВ
“Tafakkur” журнали, 2021 йил 4-сон.
“Гуманитар фанлардан нима наф?” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ