Янги Ўзбекистон халқи буюк мақсад йўлида битта қалбга айланди


Сақлаш
22:44 / 08.05.2023 969 0

 Бутун кучни халқ ичидан олайлик,

Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!

Чўлпон

 

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “Янги” сўзига шундай изоҳ берилади: “Илгари бўлмаган, энди юзага келаётган”. Биргина “янги” сўзи “янгилик, янгича, янгиланган” каби сўзларга ҳам уйғун. Ана шу маънода ҳар бир сўз моҳиятига кўра ўз юки, руҳи, қалби, илдизига эга. Кўриб турганингиздек, “Янги” сўзи моҳиятида илгари кузатилмаган ёндашув, ривожланиш, тараққиёт, миқдор ва сифат ўзгаришлари бор. Ижодий нуқтаи назардан қараганда эса, инсон қалбида илҳом, шижоат, завқ, бунёдкорлик ва яратувчанлик иштиёқини алангалатувчи, уйғотувчи руҳ бор. Жадид маърифатпарварлари бежиз миллатни уйғотувчи маърифий исён тўлқинига “жадид-янги” сўзини асос қилиб олишмаган. Янги сўзи юрагига қулоқ солсангиз у орзулар, ниятлар рўёби, эзгу дуолар ижобатидан сўзлайди.

 

2016 йил Президентимиз қалбида нур сочган буюк орзунинг “Янги Ўзбекистон” деб аталиши бежиз эмас. Зеро, куни кеча умумхалқ муҳокамаси – Референдумда халқимиз иродаси билан қабул қилинган янгиланган Конституция ҳам моҳиятан янги уйғониш, тараққиёт сари бошлайди. Ҳа, “Янги” сўзининг моҳиятидан фаровонлик, бахт, мунавварлик, шодумонлик, қувонч нафаси келади. 36 миллион инсонни улуғ мақсад йўлида миллий бирликка эриштирган, ягона Ўзбекистон халқи сифатида буюк мақсад йўлида битта қалбга айлантира олган янги давр, янги қадамлар муборак бўлсин, азиз ватандошим!

 

Улуғ халқ орзусига монанд улуғ ният

 

Буюк ўзбек шоири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг “Бутун кучни халқ ичидан олайлик, Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!”, деган сўзларини бежиз тилга олмадик. Зеро, шоир таъкидлаганидек, катта қалб, халқпарварлик, фарзандлик меҳри ила қучоқ очиб халқ ичига кириш, унинг қалбига назар ташлаб, орзу-умидлари, ниятларини рўёбга чиқариш, оғриқларига малҳам бўлишни ўз ҳаётининг мазмуни, фарзандлик бурчи деб билган юрт сарвари, унинг ўз халқи бахти саодатини кўзлаб ўйлаган ниятлари ижобатига шу халқнинг ўзи куч беради, руҳ беради. Бу куч ва руҳ моҳиятида “ишонч” деган қутлуғ сўз мужассам бўлади.

 

“Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”. Давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзлари бугунги ислоҳотлар, шунчаки ислоҳот учун эмас, улуғ мақсадларга пиллапоя бўлувчи тарихий ўзгаришлар йўли эканлигини яққол намоён этади. Айнан ана шу мақсадда ислоҳотларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган жамиятимиз аъзоларининг билим ва салоҳияти, куч ва имкониятлари азму шижоатга айланмоқда.

 

Ана шу азму шижоатнинг яна бир ифодаси сифатида Референдумда халқимиз асл ватанпарварлик, фаоллик, катта ишонч билан янги таҳрирдаги Конституциямизни қўллаб-қувватлаб, “Янги Ўзбекистон орзуси”, унинг рўёби учун овоз берди. Бу шунчаки оддий ҳодиса эмас, тарихий воқеадир. “Баҳорнинг қандай келиши, унинг нафасидан маълум”, дейдилар. Шу маънода, амаллларнинг қандай бўлиши, унга куч ва руҳ берувчи ният моҳиятига боғлиқ.

 

30 апрель — Ўзбекистон халқи ҳаётида унутилмас кун бўлди! Миллионлаб юракларнинг хоҳиш-иродаси ўлароқ, янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси кучга кирди! Мамлакатимиз фуқароларининг 15 миллион 34 минг 608 нафари ёки 90,21 фоизи ёқлаб овоз берди. Халқимиз ҳамжиҳатлиги, маънавий бирлиги, юксак ватанпарварлигини бутун дунёга намоён этди. Янгиланган Конституция халқимизни бамисоли байроқдек бирлаштирди.

 

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун бўйича мамлакат сайлов қонунчилиги меъёрларига мувофиқ ўтказилган Референдумда МДҲ ҳамда унинг Парламентлараро Ассамблеяси, ЕҲҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти сингари халқаро ташкилотлар ҳамда АҚШ, Германия, Буюк Британия, Туркия, Қувайт, Ҳиндистон ва бошқа хорижий давлатлардан жами 258 нафар кузатувчи овоз бериш жараёнларини кузатди ва эзгу ниятли халқимизнинг якдил овозини эътироф ва эҳтиром этди.

 

Эртанги кунга бўлган юксак ишонч бутун халқимизни янги Ўзбекистонни барпо этиш ва янги уйғониш даври пойдеворини яратишдек улуғ мақсад йўлида жипслаштириб, янада кучли ва мустаҳкам қилмоқда. Конституциявий қонун умумхалқ овози билан қабул қилинди. У халқимизнинг фаровон жамият, юксак тарққий этган қудратли давлат барпо этишдек эзгу орузлари рўёбга чиқишида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

 

Референдум янги Ўзбекистон орзуси – барчамиз, меҳнаткаш, тинчликсевар халқимизнинг эзгу мақсади, ҳаётининг ажралмас қисмига айланганини бутун дунёга намоён этди. Негаки, янгиланаётган Конституциямиз моҳиятида эл-юртимизнинг азалий умид-ниятлари, юксалиш сари интилишлари ўзига хос акс этмоқда. Миллионлаб кўнгиллардаги орзулар, дуолар, ниятлар унда мужассам.

 

Муқаддас ҳадисларда “Барча амаллар ниятларга қараб бўлғусидир”, дейилади. Аввало, шуни мамнуният билан қайд этиш керакки, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилган кезларда холис ният қилинди. Бу Конституция халқчил бўлсин, ҳар бир фуқаро ўз таклифини билдирсин. Токи, уни халқ иродаси билан умумхалқ Референдумида қабул қилганимиздан кейин, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси фахр билан “Бу менинг Конституциям!” деб айта олсин. Ана шу жараёнда Президентимиз “Конституциявий ислоҳотларимизнинг бош мақсади – инсон қадри, халқ манфаатини амалда таъминлашдир”, деган улуғ ниятни билдирган эди. Бошланаётган янги даврдаги ўзгаришларга фуқароларимиз бефарқ бўлмади, ўзлари ташаббускор бўлиб, 220 мингдан кўп таклиф берди.

 

Пок ниятлар билан бошланган хайрли ишлар “Халқ йўли Ҳақ йўли” деган кўҳна нақлнинг ҳаётимиздаги яна бир мунаввар кўриниши бўлди.

 

Янгиланган Бош қонун буюк давлат, буюк тарих, буюк маданият яратган халқ ўзлигидан сўзлайди

 

Ҳар бир Конституция миллий руҳ, маънавият, халқ менталитети, ўзлиги, миллат тарихи ва маданияти билан узвий боғланганда янада халқчиллик касб этади. Янгиланган Конституциямизда бу жиҳатлар ифодасига алоҳида эътибор қаратилди. Биз бу руҳни Конституциямиз муқаддимасидаёқ яққол сезамиз:

 

“Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига содиқлигимизни тантанали равишда эълон қилиб, демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқатимизни намоён қилиб, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятимизни англаган ҳолда, давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига, шунингдек, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таяниб, мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил аҳд қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга интилиб, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлашни мақсад қилган ҳолда, ушбу Конституцияни қабул қиламиз ва эълон қиламиз”.

 

Энди Конституциямизни варақлаган, у билан танишишни ният қилган ҳар бир хорижий мутахассис, аввало, муқаддимасиданоқ бизнинг кимлигимизни, буюк давлат, буюк тарих, буюк маданият яратган халқ эканимизни, қандай улуғ ният ва мақсадлар ила келажакка қадам қўяётганимизни, бугунги улуғвор ниятларимиз моҳиятида буюк аждодларимизнинг улуғвор ишлари бардавомлигини англайди.

 

Асосий қонунимиз муқаддимасида уч минг йилдан зиёд давлатчилик тажрибаси, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган аждодларимизнинг илмий, маданий меросига таяниб уни қабул қилаётганимиз бежиз таъкидлаганмаган. Чунки ҳар қандай кучли тараққий этган давлат асосида иқтисодий ва маънавий омиллар мустаҳкам пойдевор бўлиб ётади. Негаки, айнан маънавият инсонлар қалбида ўзаро ишонч ва ҳурмат, эътибор, халқ ва давлат келажагини биргаликда қуриш йўлидаги эзгу интилиш, ибратли фазилатларни камол топтиради. Янгиланган Конституциямиздаги қатор моддаларда ҳар бир фуқарога илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланиши, давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилиши, тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий мерос давлат томонидан муҳофаза қилиниши, оила, ота-она ва фарзандлар бурчи, таълим-тарбия, ижтимоий ахлоқ билан боғлиқ қатор модда ва нормалар, аввало, миллий ўзлигимиз асосига қурилганлиги билан ажралиб туради.

 

Халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари!

 

“Янги таҳрирдаги Конституцияни ишлаб чиқишда Ўзбекистон фуқароларининг мисли кўрилмаган фаоллиги, бир томондан, давлат раҳбари олиб бораётган демократик ислоҳотлар сиёсатини кенг қўллаб-қувватлаётганидан, иккинчи томондан, Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадларига эришиш самарадорлигидан чуқур ва самимий манфаатдорлигидан далолат беради”. Оммавий ахборот воситалари орқали жуда кўп хорижий олимлар, кузатувчилар фикрини ўқиб, тўғриси ғурурландим. Улар қаторида Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директори Сун Чжуанжининг фикрлари асл воқелик эътирофидир. Ҳақиқатдан ҳам, халқимизнинг мисли кўрилмаган фаоллиги хорижий меҳмонларнинг нафақат ҳайрати, ҳавасини ҳам келтирди. Бу чиндан ҳам халқ конституцияси бўлди.

 

Ҳуқуқшунос мутахассислар, олимларнинг айтишича, дунёдаги кўп давлатлар конституциялари обрўли, эътиборли олимлар, ҳуқуқ илмининг етук билимдонлари томонидан ишлаб чиқиларкан. Шунга кўра, улар назарий асослар, қонун тили, мазмун нуқтаи назаридан юқори баҳоланар экан-у, аммо уларда халқчиллик ва халқ руҳи етишмас экан. Қайсики давлатда унинг асосий қонунлари халқ хоҳиш-иродаси билан Референдум асосида қабул қилинса, шу давлат фуқаролари “Бизнинг Конституциямиз чинакам халқчил бўлди”, дея фахрланаркан. Негаки, айнан Референдум орқали Қонституцияни қабул қилиш, унга ўзгартишлар киритиш бу энг инсонпарвар, халқчил, юксак демократик ёндашув ҳисобланади. Бу жараёнда фуқароларимиз бефарқ бўлмасдан, ўзлари ташаббускор бўлиб, 220 мингдан кўп таклиф бергани унинг нақадар халқчиллигини кўрсатиб турибди.

 

Яна дунё экспертлари алоҳида эътибор қаратган муҳим жиҳат шундаки, янгиланган Конституциямиз муқаддимаси “Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи...”, деб бошланади. Мутахассислар фикрича, бундай бошланиш бошқа дунё конституцияларида учрамайди. Шунинг ўзи ҳам яна бир карра халқчил Конституция эканлигини намоён этиб турибди.

 

Референдум ўзига хос ватанпарварлик, маънавий бирлик, халқимиз сиёсий маданиятининг ўзига хос кўзгуси бўлди. Ўзбекистон тарихида биринчи марта мамлакатда фаолият кўрсатаётган бешта сиёсий партия, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан жами 43 мингдан зиёд вакил овоз бериш жараёнларини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлди. Референдум участкаларига ўрнатилган видеокамералар онлайн трансляция орқали овоз бериш жараёнларини одамлар кузатиб борди.

 

Овоз бериш куни нафақат Ўзбекистонда яшаётган 130 дан зиёд миллатга мансуб фуқароларимиз, балки хорижий давлатларда яшаётган ватандошларимиз ҳам байрамона кайфиятда, оиласи, фарзандлари билан овоз бериш жараёнларида иштирок этгани халқимиз маънавий бирлигининг намунасидир. Референдумда хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимиз учун 39 та давлатда ташкил этилган 55 та Референдум участкасида овоз бериш имконияти яратилди.

 

Бу куннинг умр бўйи ёддан чиқмайдиган яна бир муҳим жиҳати, унда турли касб-кордаги, турли ёшдаги ватандошларимизнинг фавқулодда фаоллиги бўлди. Ҳатто юз билан юзлашган оталаримиз, момоларимиз, янги оила қурган келин-куёвлар, юксак ишонч ва умид билан қатнашган ёшларимиз фаоллиги ҳаммамизни тўлқинлантирди.

 

Ҳар бир муҳим масалани эл-юрт билан маслаҳатлашиш бизнинг энг катта миллий қадриятимиз ҳисобланади. Соҳибқирон Амир Темур тузукларида энг муҳим масалаларни машварату, маслаҳат билан амалга оширганини таъкидлайди.

 

“Инсон қадри учун!” тамойили янгиланган қомусимизнинг юрагига айланди

 

Муқаддас динимиз, буюк алломаларимиз бой илмий ва маънавий меросида ҳам инсон – ҳаёт гавҳари, тенгсиз мўъжиза сифатида улуғланади.

 

Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратди. Негаки, “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашув Конституциямиз мазмун-моҳиятига чуқур сингиб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айланди. Инсон қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши янги таҳрирдаги Бош қонунимизнинг қатор моддаларида муҳрлаб қўйилди.

 

Инсон қадри, бахт-саодати, фаровонлиги ҳамма даврларда буюк аждодларимиз таълимотларининг бош мазмуни бўлиб келган. Имом Бухорий тарихга муҳрлаб кетган муқаддас ҳадислардан тортиб, Абу Наср Форобий таълимотлари, Абу Али ибн Сино ва Абу Райҳон Беруний қарашлари, Соҳибқирон Амир Темур давлатчилик назарияси, Алишер Навоийнинг гуманистик ғоялари моҳиятида ҳам инсонпарвар давлат тузиш мақсади ётади. Ана шу маънода, Конституциямизга киритилган халқчил мақсадларни ифодалаган нормалар аждодларимиз орзу-ниятларига ҳамоҳанг эканлигини кўрамиз.

 

Жумладан, Абу Али ибн Сино жамият кишиларнинг ўзаро келишуви асосида қабул қилинадиган адолатли қонунлар ёрдамида бошқарилиши лозимлигини таъкидлайди. Жамият аъзоларининг ҳаммаси бу қонунга итоат этишлари лозимлигини уқтиради.

 

Абу Наср Форобий эса, агар инсонлар ҳамжиҳат фаровон ҳаёт барпо этиш учун зарур бўлган ахлоқий тамойиллар, фазилатлар, адолат, ахлоқий хулқ-атвор ва бошқалар ҳақида етарли билимга эга бўлса, эркинлик, тенглик, фазилатли ҳаёт асосида мукаммал жамоага бирлашиши мумкин деб ҳисоблайди.

 

Соҳибқирон Амир Темур ўз давлатининг куч-қудратини ошириш ва мустаҳкамлаш учун, биринчи навбатда, ҳарбий ва энг муҳим иқтисодий ислоҳотлар ўтказгани маълум. Улар замирида донишмандлар ақл-идроки, ғоялари мужассам эди. Айниқса, тараққиёт учун ягона давлат, ўзаро тотувлик, қулай мулкий ва ҳуқуқий шароит яратишга, халқ фаровонлигини таъминлашга алоҳида эътибор бўлган.

 

Амир Темур ҳамиша инсон манфаатларини кучайтиришга интилиб, ирқи, миллати, дини ва келиб чиқишидан қатъи назар, инсонларнинг бир бутун ҳудудда яшаши мумкинлиги тўғрисидаги “ягона макон” ғоясининг илк ташаббускори эди.

 

Алишер Навоий ижоди замирида аввало, инсон ва унинг қадр қиммати туради. Мутафаккир наздидаги комил инсон пок қалби ва ниятлари, эзгу сўзи ва амали билан ҳам халққа фойда келтириши керак. Эл-юрт манфаати учун курашадиган кишиларни ҳақиқий инсон, деб атайди.

 

Янги таҳрирдаги Конституциямиз моҳиятида “Ўзбекистон ижтимоий давлат” деган тушунча ётади. “Ижтимоий давлат” тушунчаси “Инсон қадри” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ. Ушбу ғоянинг туб негизида, аввало, инсон қадрини улуғлаш, аҳолига хизмат қилишдек олижаноб мақсад мужассам. Ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитини яратиб беради.

 

Шунингдек, ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. Шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришни талаб қилади.

 

Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, бандликни таъминлаш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар яратиш, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ҳам ана шундай эзгу мақсад бор.

 

Миллий давлатчилигимиз тарихини ўрганганимизда ҳам “ижтимоий давлат” тушунчаси шунга ўхшаш номларда кўплаб учрашига гувоҳ бўламиз. Масалан, Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асарида фозил шаҳар ҳақида билдирилган фикрлар ҳам айнан “ижтимоий давлат” тамойилининг мазмун-моҳиятига уйғун.

 

Президентимиз ушбу тушунчани изоҳлар экан, “Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир”, дея таъриф берган эди.

 

Назаримизда, буюк боболаримиз орзу қилган ва ўз асарларида келтирган “фозил шаҳар орзуси” “ижтимоий давлат” тушунчаси моҳиятидаги халқпарвар ёндашувда мужассам.

 

Барча соҳалардаги ўзгаришлар моҳиятидаги “Инсон қадри учун”, “Халқ розилиги” тамойиллари айнан аждоларимизнинг буюк қарашлари ва орзуларига уйғун бўлган халқчил сиёсат моҳиятини ўзида акс эттириб турибди. Шу маънода, янги Ўзбекистонни барпо этишга киришилган илк кунлардан бошлаб давлатимиз раҳбарининг халқимизга бўлган чексиз муҳаббати ва фарзандлик эҳтироми билан барча соҳалардаги ислоҳотлар марказида бўлган инсон, унинг қадри, ҳуқуқи, бахтли ҳаёт кечириши учун унга шароит ва имкониятлар яратиб бериш билан боғлиқ улуғ нияти Конституциямиз марказига олиб чиқилиб, инсонпарварлик ғояси янгиланган Бош қонунимиз юрагига айланди.

 

“Менинг Конституциям!”

 

Ўзбекистонда инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат қуриш – конституциявий ислоҳотларнинг муҳим мақсадига айланди. Референдум якунларини таҳлил қилар эканмиз, “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир”, деган хулосага келамиз. Шундай экан, эндиликда ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям!”, деб юксак ғурур билан айта олади.

 

Ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам ижтимоий давлатнинг асосий вазифасидир. Шулар қаторида яшаш учун зарур ресурслар – ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси, транспорт ва бошқа қулайликлар билан таъминланиш, мажбурий меҳнатга тақиқ қўйиш ҳам ижтимоий давлатда муҳим аҳамият касб этади.

 

Бир сўз билан айтганда, ижтимоий давлатда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилмайди.

 

Инсон қадрини амалда энг олий қадрият даражасига кўтаришга қаратилган барча амалий ишларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиб, эртанги кунимиз, келажагимиз қандай бўлишини белгилаб олдик. Қизғин муҳокамалар ва очиқ, шаффоф мулоқотлар даврида халқимизнинг ҳуқуқий, сиёсий маданияти, мулоқат даражаси ўсди. Бу ҳаётимиз дунёқарашимиз қанчалар яхши томонга ўзгарганлигини намоён этди.

 

Шу боис, барчамиз Конституцияга киритиш таклиф этилган янги норма ва қоидаларни онгу тафаккуримиз, қалбимиздан ўтказиб, уларга холис ва ҳаққоний муносабатимизни билдирдик. Кузатишларимизга якун ясаб шуни айта оламизки, янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилишимиз Ўзбекистоннинг янги тарихий тараққиёт босқичига қадам қўяётганини кўрсатувчи муҳим омил бўлди.

 

Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий-маънавий пойдевор яратилди. Юртимизнинг инсон ҳуқуқлари, демократик ислоҳотлар, очиқлик, ошкоралик, шаффофлик борасидаги обрў-эътибори бир неча баробар кўтарилди.

 

Ўзбекистон янгиланган Конституция билан янги тарихий тараққиёт сари қадам қўяётганини дунёга намоён этди. Бу мунаввар йўлнинг бошланиши бўлди. Референдум миллати ва элатидан қатъи назар, ягона ва қудратли Ўзбекистон халқини янада жипслаштиришга, улуғвор мақсадлар сари сафарбар этишга хизмат қилди. Ундаги фаоллигимиз билан биз ўзимиз, оиламиз, фарзандларимиз мана шу муқаддас заминда янада эркин ва фаровон яшаши учун мустаҳкам пойдевор яратдик!

 

Минҳожиддин МИРЗО,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази раҳбари

 

“Янги Ўзбекистон” газетаси,

2023 йил 6 май, 88-сон.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//