1
Машҳур шеърлар, нафақат ўзининг маъно-мазмуни, балки ёзилиш шакл-шамойили билан ҳам онгимизда муҳрланиб қолади. Санъатшуносликда визуал хотира деган тушунча борки, у онгимизда муҳрланиб қолган шаклнинг (бизда, шеърий шакл) проекцияси, акси, тасвирини англатади. Ушбу буюк шеърни одатланиб қолган шакл, айтайлик, Шоирнинг машҳур шеърлари “Соғиниш” ёки “Вақт” каби ёйиб, текис ёзилган тарзда тасаввур қила олмаймиз. Чунки шеър 6 ва 5 ҳижоли қисқа мисралар, ўрни-ўрни билан Маяковский усулидаги зинапоя сатрлардан иборатки, улар онгимизда худди шу тарзда ўрнашиб қолган. Ваҳоланки, агар шеърнинг ҳижо-туроқ тизимига эътибор қилинса, у юқорида саналган шеърлар вазнида, яъни 6+5 =11 ҳижоли шеър экани маълум бўлади. Тажриба учун илк мисраларни ёйиб ёзамиз:
Сен етим эмассан, тинчлан, жигарим,
Қуёшдай меҳрибон Ватанинг – онанг,
Заминдай вазмину Меҳнаткаш, мушфиқ
Истаган нарсангни тайёрлагувчи
Халқ бор – отанг бор. Чўчима, жигарим...
Ва кўрамизки, биз билган ва севган шеърнинг куч-тароватидан нимадир йўқолган, асл шаклдаги шиддат вазминлашиб, ўчгандай гўё. Ёки биз ушбу мисраларни беихтиёр кўзимиз ўрганган тарзда, 6 ва 5 қисқа ҳижоларда ўқий бошлаймиз.
Шеърнинг номи “Сен етим эмассан” – ҳам хитоб, ҳам нидо бўлиб, шу гапнинг ўзиёқ магик қудратга эга. Маълумки, урушнинг дастлабки йилида немислар вақтинча босиб олган юртлардан минг-минглаб аҳоли, хусусан, ота-онасиз қолган болалар мамлакатнинг урушдан олис гўшаларига эвакуация қилинди, яъни кўчирилди. Улар, жумладан, Марказий Осиёдаги беш жумҳуриятдан бошпана топдилар.
Шу ерда ҳақли икки савол туғилади.
1. Нега айнан ўзбек шоири шундай шеър ёзди?
2. Нега бу шеърни айнан Ғафур Ғулом ёзди?
Саволлар бир-бирига боғлиқ, бири умумий, иккинчиси хусусий. Биринчи ҳолда миллатнинг қалб-сажияси, ўзбекнинг мушфиқ қалби ҳақида гапиришга тўғри келади. Меҳмондўстлик, ҳамдардлик, мусофирга раҳм-шафқат – халқимизнинг қон-қонига сингган фазилатлардир. Иккинчи саволга келсак, Ғафур Ғулом шу халқнинг фарзанди. Унинг ич-ичидан чиққан дилбанди эди. Бунинг устига, муаллифнинг ўзи ҳам, шеърда айтилганидек, етим ўсганди. Ва Аллоҳ измида бўлган тақдир уни йигирманчи йиллардаёқ яна етимларга рўбарў қилди. Шоирнинг “Кечмиш ва кечирмишларимдан” деб номланган таржимаи ҳолида ёзилишича, “1923 йилларда Маориф комиссарлиги болалар боқимсизлиги билан кураш жамияти билан бирликда болалар уйи – интернатлар очишини менга топширди. Ўрдада “Урфон” ўрта мактабини ташкил қилишда иштирок этдим. Унинг ёнида 150 болалик интернат – боқимсиз болалар уйи ҳам очилди”[1]. Ушбу даргоҳда ишлаш пайтида Шоир ўзининг илк шеъри “Феликс болалари”ни ёзди. У шундай бошланади:
Биз одам боласимиз,
Одамнинг донасимиз,
Биз ўсиб улғаямиз,
Олим бўлиш ғоямиз[2].
Бу етимнинг арз-доди, бир пайтнинг ўзида, фахр сўзлари эди. Келажакдаги “Мен одам эдим-ку, инсон фарзанди” сатри шундан ўсиб чиққан бўлса, ажабмас. Булар ташқи ҳаётий воқеалар, шеър яратилишида уларнинг таъсири шаксиз. Лекин энг муҳим омил Ғафур Ғулом буюк қалб соҳиби эканида. Биз ҳали буюк қалб нима эканини билмаймиз. У сирли бир хилқатдир. Ҳиндлар Ҳиндистонни мустақилликка олиб чиққан Моҳандас Кармчанд Гандига бежиз “Маҳатма” олий унвонини беришмаган. Маҳатма – буюк қалб деганидир.
Биз “Сен етим эмассан” шеърини мутлақ ўзига хос қуйма шаклига диққат қаратар эканмиз, асар замиридаги мазмун-моҳиятни, улуғвор гуманизмни ёддан чиқармаймиз. Буюк мусаввир ва санъат назариётчиси Василий Кандинский ёзганидек, “Мукаммал мазмунсиз мукаммал шакл бўлмайди: руҳ материяни белгилайди, аксинча эмас”[3]. Демак, Ғафур Ғуломнинг қалб-руҳонияти буюк шеърнинг шакл-шамойилини вужудга келтирган, унинг таъсир кучи ва магик қувватини тайин этган. Зеро, “Ҳақиқий шоирнинг қалб тузилиши то тиниш белгиларидан тортиб ҳамма нарсада акс этади”[4] деб ёзган эди буюк рус шоири Александр Блок.
2
Шеър сарлавҳасидан кейин қавс ичида берилган маълумот тарзидаги гап, бағишлов содда кўрингани билан шу ҳолга келгунга қадар бир-икки босқични ўтган. Дастлаб машинка нусхада “Улуғ Ватан урушининг ота-онасиз қолган етимларига!”, “Совет Ўзбекистони” газетасида босилган нусхада “Улуғ Ватан урушида ота-онасиз қолган гўдакларга”, сўнг қатъий тўхтамга келинган вариант: “Улуғ Ватан урушининг ота-онасиз қолган гўдакларига”.
Хўш, бунда нима ўзгаради? Биринчи ҳолдаги “етимларига” ўринсиз такрор бўлиб, “ота-онасиз қолган”нинг ўзиёқ етимни билдирадики, такрорга ҳожат йўқ. Иккинчи ҳолдаги “урушида” оддий хабар бўлиб, бирор устама маънога эга эмас. Сўнгги, узил-кесил вариантда қўйилган “урушнинг” сўзидаги қаратқич келишиги ота-онасиз қолган гўдакларни Улуғ Ватан урушига қатъий боғламоқда: урушнинг ота-онасиз қолган гўдаклари. Шу шакл, шу ўзгаришнинг ўзиёқ бадиий ахборот ташийди: уруш ва гўдаклар. Булар орасида қандай боғлиқлик бўлиши мумкин? Гўдаклар жангчи эмаски, урушда иштирок этса. Лекин боғланиш шундаки, урушдан энг кўп азият чекадиганлар – бегуноҳ гўдаклардир. Қанчаси ўлиб кетади, тирик қолганлари ЕТИМ деган мудҳиш номга эга бўладилар. Қанчалик аянч эгалик!
Шеърнинг Мустақиллик давридаги нашрида “Улуғ Ватан уруши” ўрнига “1941–1945 йиллар уруши”[5] сўзлари қўйилган. Бу, биринчидан, тарихий фактни замонага мослаштириш каби ноўрин амал, чунки факт – маълумки, дунёдаги энг қайсар нарсадир, иккинчидан 1941 йили (айрим манбааларда 1942 йили) ёзилган шеър муаллифи шу йилда туриб, урушнинг 1945 йилда тугашини қайдан билади? Бу – нонсенс, бемаънилик эмасми? Устига устак, ушбу нашрдаги шеър остига “1942 йил” санаси қўйилган. Шунинг учун ҳам муаллиф сўнгги тўхтамга келган “Улуғ Ватан урушининг ота-онасиз қолган гўдакларига” шакли тарихий ва бадиий факт ва у ҳар қандай факт каби дахлсиздир.
Хуллас, кўрамизки, шеър сарлавҳаси остига қўйилган маълумот тарзидаги бағишлов асарнинг узвий бўлаги, шу боис муқаррар бадиий юкка эга. Шундан сўнг қуйма мисралар ва тантанали оҳанг оғушида муаззам шеър бошланади.
3
Бадиий асар тузилишини изчил ва тарихий қонуниятлари асосида ўрганиш, жўнроқ айтганда, поэтика бўлса, унинг таркибий қисмларидан бири бадиий асар архитектоникаси ҳисобланади. Архитектоника, изоҳли луғатда ёзилишича, “Санъатда, хусусан, архитектурада бир бутуннинг айрим қисмлари ўртасидаги уйғунлик, мутаносиблик, мослик”дир. Одатда, айрим қисмлар бирикиб бутунни, яъни бадиий асарни вужудга келтиради. Бу вужуд энди бутунлик деганидир. Агар бадиий бутунлик, яквужудлик бўлмаса, бадиий асар, асл шеър дунёга келмайди.
Аллома Мақсуд Шайхзода “Алишер Навоий лирикасининг баъзи бир поэтик усуллари ҳақида” номли тадқиқот мақоласида “Навоий ғазалининг асосий ва биринчи хислати унинг мантиқий тарзда тузилиши, бир моментнинг иккинчи моментдан туғилиб келишидир”, дейди ҳамда давом этиб, “Шу маънода олганимизда бир қанча ғазалнависларнинг шеърларида сюжет кўринмайди”, деб ёзиб, бу гапга шундай изоҳ беради: “Бу ерда сюжетни кенг маънода тушуниш керак. Яъни маълум бир фабула ва ҳикоя маъносида эмас, балки фикр ва туйғуларнинг бир-бирига мантиқий равишда боғланиб келишлиги (таъкид бизники – С.М.) маъносида англаш лозим”[6].
Ҳазрат Навоий ғазалиёти ҳақидаги ушбу фикрлар тўлиғича “Сен етим эмассан” шеърига ҳам тааллуқли. Бизнингча, ижодкор қалби ва шуурини батамом қамраган туйғу(лар) ўзига монанд фикр ва тасвирларни етаклаб келади ҳамда алал-оқибат ушбу туйғу(лар) асар структурасини яратиб боради, асардаги “воқеа” ривожини таъминлайди; сўз ва поэтик тасвирларни йўқдан бор қилади, гўё. Уларни яхлит бадиий тизимга уюштиради.
“Сен етим эмассан” шеъри айни ТУЙҒУ, меҳр-шафқат ва олий ватанпарварлик туйғусининг бадиий инкишофи ва изчил тараққийсидир. Ушбу туйғу бир пайтнинг ўзида поэтик концепция, ғояга айланади. Чиндан ҳам, “Шеъриятда ҳар қандай фикр ҳис-туйғу билан, мия катакчалари юрак қоринчалари билан ёнма-ён яшайди”[7]. Туйғу ғояга жон ва инсоний ҳарорат бағишласа, ғоя туйғуни муайян мақсад томон йўналтиради.
4
Шеър композицияси ва структураси (бу икки атама ўзаро яқин, фақат бири хусусий, иккинчиси умумий) мутлақо ўзига хос. У олти структур қисмдан иборат, уларни шеърда етти карра такрорланувчи поэтик формула –
Сен етим эмассан,
Тинчлан, жигарим.
Сен етим эмассан,
Ухла, жигарим.
Сен етим эмассан,
Менинг жигарим
асар бадиий вужудини ажратиб, чегаралаб, бир пайтнинг ўзида, бирлаштириб, кавшарлаб туради. Айтилганидек, поэтик формула дастлаб “Тинчлан, жигарим”, ўрта қисмларда “Ухла, жигарим” (беш карра), охирда “Менинг жигарим” шаклини олади. Бундаги ўзгариш аниқ бадиий мантиққа эга. Ота-онасиз қолган гўдакларни аввало тинчлантирмоқ, шундан кейингина ором уйқусига чорламоқ мумкин эди. Асар сўнгида тўкиб солинган шунча меҳр-шафқат сўзларидан кейин улар – “етим эмас” гўдаклар Шоирнинг, Ўзбекистоннинг ўз фарзандига айланади. Улар энди “Менинг жигарим”дир.
“Жигар(им)” изоҳли луғатимизда кўрсатилганидек, “энг яқин киши, туғишгандай яқин биродар; фарзанд”ни англатадики, бу сўзни бошқа тилга адекват ўгириш деярли мумкин эмас. Шеърнинг рус тилидаги таржимасида “родной” сўзи берилган бўлиб, “жигарим”га нисбатан анча ожиздир.
“Сен етим эмассан, Тинчлан (Ухла, Менинг) жигарим”ни анъанавий маънода нақорат деб бўлмайди. Биринчидан, у бир хил эмас, жузъий ўзгариш билан такрорланади. Иккинчидан, у нақорат каби муайян масофада эмас, шеърдаги туйғу ва фикр ривожига монанд ҳар хил интервалда такрорланади. Бу нарса “Сен етим эмассан” шеърининг ўзига хос янги шакл-шамойилидан ҳам дарак беради. Энди шеърдаги сюжет бекатлари – структур қисмлар ҳақида фикр юритсак.
5
Шундай қилиб, поэтик формула шеърни олти структур қисмга ажратади. “Сен етим эмассан, Тинчлан, жигарим”, деб бошланган шеър “Сен етим эмассан, Менинг жигарим” дея тугалланади. Яна қизиғи шундаки, шеърнинг барча ўрта қисмида поэтик формула икки жабҳада ишлайди, яъни ҳам пастга, ҳам тепага бирдай хизмат қилади.
Биринчи структур қисм бегона жойга келиб қолган ота-онасиз гўдакларни тинчлантиришни мақсад қилади, бутун ифода кучи шу вазифага йўналтирилади: “Чўчима жигарим, Ўз уйингдасан”, деганча Шоир қисқа зинапоя мисраларни тизади. Ундан аввал “ота-онасиз қолган гўдакларга” ота-онанинг ўрнини босувчи нарса зарур эди, шу боис – “Қуёшдай меҳрибон Ватанинг – онанг” ва “Заминдай вазмину Меҳнаткаш, мушфиқ... Халқ бор – отанг бор” мисралари майдонга чиқади.
Икки зинапоя мисралар тазод усулида битилган. Биринчи зинапоядаги ҳар бир сўз кейинги зинапоядаги сўз билан зиддиятга киришади: ғурбат – ҳарорат, офат – муҳаббат, ғам – шафқат. Ушбу сўзлар ҳар бири бир мисрани ташкил қилиб, таъкид билан айтилиши зиддиятга қўшимча куч бағишлайди. Бу ҳодисани академик Салоҳиддин Мамажонов “кесиб ташлаш” принципи деб атаб, ёзади: “Ғафур Ғулом “Сен етим эмассан”да 6+5=11 бўғинли мисрани бўлиб, биринчисини олти бўғинли, иккинчисини беш бўғинли мисрага айлантиради. Бу – икки вазнли шеър эмас, балки маънони кучайтириш учун, сўзларни янада таъкидлаброқ кўрсатиш ва унинг устига қўшимча вазифа юклаш учун грамматик жиҳатдан яхлит бўлган мисрани онгли равишда “бўлиб” ёзишдир. Бунда, албатта, ритм характери, интонация ўзгаради, паузанинг роли кучаяди ва ҳоказо”[8].
Биринчи структур қисм – текис ёзилган мисра – “Ва меҳнат нонини кўрамиз баҳам” билан якунланади. Шундан кейин янграган поэтик формула, юқорида айтилганидек, биринчи қисмга шуъла ташлаб, иккинчи структур қисмни бошлаб беради. Биринчи қисм зинапоялардаги қисқа сатрлар билан ҳисоблаганда 17 мисрадан иборат.
Иккинчи структур қисмда тазод усули давом этади. Болалар бошидан кечирган даҳшатли воқеалар тасвири ҳамда улар энди ортда қолгани ҳақидаги таскин мисралар:
Бу ерда музлаган
Аждар ҳалқумли
Ваҳшат тўпларининг
Қаҳқаҳаси йўқ
ва шундан сўнг яна зинапоя усули қўлланади. Юқоридаги қисқа мисралар зинапояли узун мисралар билан алмашади. Шеърнинг визуал қиёфасида ўзгариш – ритмда кескин силкиниш содир бўлади:
Бу ерда –
одамзод шаклида юрган
лаънати девларнинг
Манфур, юқумли,
мараз намойиши
тополмас ҳуқуқ.
Бу шеърдаги нафрат туйғусининг биринчи портлаши, иккинчи портлаш бешинчи структур қисмда, Гитлер ҳақидаги кескир мисраларда янграйдики, ўз ўрнида уни ҳам кўриб ўтамиз. Шундан сўнг яна сокин, таскин мисралар тизилади:
Улуғ жанг кунидир,
Жангки, беомон.
Лашкар деган ахир
Бехатар бўлмас
Отанг ўлган бўлса...
Шу ерда шеърда икки бора такрорланувчи машҳур мисралар янграйди:
Қайғурма, қўзим,
Кўзим усти
Миннатинг бошимга дурра.
Бу шоирга хос соф ғафурона мисралар бўлиб, уни мантиқ ва маъно жиҳатдан шарҳлаш қийин, балки, самарасиз. Лекин унда меҳр-шафқат олий даражада ифода этилаётгани кўнгил кўзи билан сезилади – “Кўзим усти миннатинг бошимга дурра”. Бошга дурра каби танғилган меҳр-шафқат. У қисм охиридаги “Кипригингга илинмас Йиғидан зарра” мисралари билан қофиявий муносабатга киришади: дурра – зарра. Бунда яна биринчи мисра якунидаги “қўзим” кейинги мисрадаги “кўзим” билан қофиядошлиги ҳам тотли бир оҳанг ясайди.
Йирик шоир ва олим Мақсуд Шайхзода шеър ҳақида “Ҳозир миллионлаб китобхонларга ёд ва кўп жойлари халқда зарбулмасалга айланиб кетган “Сен етим эмассан” асари халқлар дўстлиги учун, оғир уруш йиллари совет гуманизмининг мустаҳкамлиги учун қўйилган шеърий ҳайкалдир”, дея ёзар экан, ушбу мисраларга ҳам эътибор қаратади: “Бу сатрлардаги “кўзим усти”, “миннатинг бошимга дурра” каби таъбирлар ўзбек миллий характерини яққол ифодалайди”[9].
Бу қисм ҳам зинапоя сатрлар ҳисоби билан 26 мисрадан иборат.
Учинчи структур қисм ретро, ортга, ўтмишга қайтиш тарзда битилган. У асар сюжетида вақтинча тўхташ бўлиб, Шоирнинг болалик етим ўтмишига бир саёҳат кабидир. 18 мисрадан ташкил топган мазкур қисм шеър таркибидаги мустақил асарга ўхшайди ва шу ҳолида шеърдаги асосий “воқеа”, урушнинг ота-онасиз қолган гўдаклари қалбига таскин малҳамини қўяди. Асарнинг русча таржимасида (таржимон – С.Сомова) “Разве ты сирота?”[10] деган мисра мавжуд. Айнан шундай сатр аслиятда бўлмаса-да, у моҳиятни аниқ ифодалайди. Бунда “Етимлик нимадир – бизлардан сўра” мисралари ушбу маънога мантиқий тиргак бўлади.
Назария тили билан айтганда, бу қисм тўлиғича лирик чекинишдан иборат. Шоир айни ўрни келганда шеърдаги асосий тасвир ва баённи тўхтатади ва ўзининг аччиқ ҳаётий тажрибасини қуйма мисраларда тўкиб солади:
Ўнинчи йилларнинг
Саргардонлиги;
Иситма аралаш
Қўрқинч туш каби
Хаёл кўзгусидан
Ўчмайди сира.
Мен етим ўтганман,
Оҳ у етимлик...
Қизиғи шундаки, бу парчадаги “Мен етим ўтганман” мисраси илк вариантда “Мен етим ўсганман”[11] бўлган экан. Бир ҳарф (“с” ўрнига “т”) ўзгариши билан маъно қандай кучайганига гувоҳ бўламиз шу ўринда. “Ўсганман” оддий ахборот, “ўтганман”да эса – ақл билан илғаб бўлмас маънолар тарами. Лирик чекиниш давом этади:
Вой бечора жоним,
Десам арзийди.
Бошимни силашга
Бир меҳрибон қўл,
Бир оғиз ширин сўз
Нондек арзанда.
“Нондек арзанда” ўхшатиши Ғафур Ғулом кашфиёти бўлиб, кейинчалик бошқа асарларга, ўхшатиш ҳақидаги махсус луғатга “Нондай азиз, арзанда”[12] тарзида кирган. “Нондай азиз” аввалдан маълум ва машҳур ибора, “нондай арзанда” эса оҳори тўкилмаган янги бадиий тасвир воситаси, яъни ўхшатишдир. Масалан, Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” романидаги “Бу бош, бу елка неча йиллар мобайнида силовчи бир меҳрибон қўлга муҳтож эди. Ширин сўз нондек арзанда бўлган кезлари ҳақорат эшитди” гапи “Сен етим эмассан” шеъридаги машҳур мисраларга аллюзия экани кундай равшан. Бу нарса шеърнинг ўзбек миллий онгига нақадар чуқур ўрнашганидан далолатдир.
Қисм сўнгида бутун шеърнинг эмоционал чўққиси бўлмиш мисралар янграйди:
Мен одам эдим-ку,
Инсон фарзанди...
Бу сўзлардан барча етимларнинг аччиқ фарёди, алами кўзёш каби сизиб туради. Ғафур Ғуломнинг халафи, атоқли шоир Абдулла Орипов машҳур “Маломат тошлари” шеърида ушбу сўзларни келтириб, “Бу – етим Ғафурнинг маломат банди”[13] деб ёзадики, биз бунда аламли мисраларнинг янги маъно товланишларига гувоҳ бўламиз. Буюк шеърдаги ғояларни давом эттириб, янги поғонага кўтариб, шогирд Абдулла Орипов яна шу ерда дейди: “Етим гўдакларнинг кўздаги ёши, Бу – жумла жаҳонга маломат тоши”. Сўнг ушбу тушунча шеърда янада кенгайиб самовий ва илоҳий миқёс касб этади: “Бахтсиз кимсаларнинг кўздаги ёши, Асли, Яратганга маломат тоши”. Ота-онасиз қолган гўдакдан бахтсизроқ кимса борми? Шу боис бундай маломат, ёзғириш тошларини фақат меҳр-шафқат билан юмшатмоқ мумкинки, биз тадқиқ қилаётган шеър шундай меҳрнинг сеҳрли чўққисидир.
Тўртинчи структур қисмга келибгина шеърдаги “воқеа” содир бўлиш жойи ва поэтик ровийнинг пайт-ҳолати аниқлашади. Шунда бот-бот такрорланаётган “ухла” сўзининг сабаби ҳам маълум бўлади. Яъни бу шоир, лирик субъектнинг етим болалар уйида, уларнинг ором олиш дамларидаги ҳолатидир:
Оталик ҳиссининг
Бебаҳо, лазиз
Тўлқинлари ичра
Ғарқ бўлиб кетиб,
Азиз бошинг устида
Телмурмакдаман.
Шундан сўнг шеърни ягона оҳанг ва маъно меҳварида тутиб турувчи такрор – “Сен етим эмассан, Ухла, жигарим” ҳам тўртинчи қисмни якунлайди, ҳам навбатдаги, бешинчи қисмга дебоча бўлади. Умуман олганда, поэтик формула ҳар бир структур қисмни чамбарак каби ҳалқага олиб, ўраб туради. Ушбу ҳалқа туфайли муаззам шеърнинг ритмик ва маъно аураси шаклланади, реал бадиий куч ва воқеликка айланади. Асар бадиий яхлитлик касб этади.
Бу энг қисқа структур қисм бўлиб, бори-йўғи 11 мисрадан иборат. Лекин унинг аҳамияти – шеър сюжетининг кечар макони ва вақтини аниқлашда кўринади. Агар ўша пайтлар жорий бўлган биринчи гудок тонг саҳар 6 да янграса, шеърда қавс ичида айтилган “Биринчи гудокка икки соат бор” кўрсатадики, лирик субъект турган вақт аниқ – тунги соат 4. Демак, шеър тун билан тонг оралиғида ёзилган.
Бешинчи структур қисм ҳажман энг катта, 44 мисрадан иборат бўлиб, бутун шеърнинг чорагидан ортиқроғини ташкил қилади. Бу қисм ўз навбатида иккига бўлинади: гўдак хаёлидаги “мурғак тасаввур”нинг шакл-шамойили, фожиалари очилиши (дастлабки 20 мисра) бўлса, кейинги 24 мисрада “ота-онасининг тайини ҳам йўқ... Гитлер оқпадар”нинг сатирик тавсифи ҳамда унинг муҳаққақ ҳалокати башорат қилинади. Эсдан чиқарманг, шеър урушнинг дастлабки йили, 1941 йилнинг декабрида ёзилмоқда, ҳали 1945 йилнинг майигача анча муддат бор. Лекин ҳозирданоқ шоир “қонли интиқом” ҳақида бонг урмоқда.
Устоз адабиётшунос Ҳомил Ёқубов шеър ҳақида шундай ёзади: “Шоир “Сен етим эмассан” шеърида “музлаган аждар ҳалқумли ваҳшат тўпларининг қаҳқаҳасини” эшитган ёш боланинг “мурғак тасаввури” ҳақида гапирар экан, “мурғак” эпитети орқали ота-онасиз қолган етим боланинг вояга етмаган хотирасини характерлаш билан бирга фашист газандаларининг ҳимоясиз тинч аҳолига нисбатан кўрсатган ёввойиликлари даҳшатини бўрттиради. Бу ўринда ишлатилган ҳар бир сўз эмоционал таъсир кўрсатиш кучига эга, айни чоғда ҳодисанинг моҳиятини очишга хизмат қилади”[14] (таъкид бизники – С.М.). Шу ерда устоз адабиётшунос шеърнинг бош белгиси – унда эмоционал таъсир ва ҳодисанинг моҳиятини очиш яхлит ҳолда юз кўрсатишини қайд этмоқда.
Қисмнинг биринчи бўлаги иккинчи структур қисмдаги яна бир поэтик формула – “Қайғурма, қўзим, Кўзим усти, Миннатинг бошимга дурра” такрори билан якунланади. Ва бундаги чексиз меҳр асосий айбдор “Сут кўр қилгур, ҳароми Гитлер оқпадар”га нисбатан нафратни алангалатади. Дастхат нусхада бу икки мисра “Итдан туққан ҳароми, Гитлер баччағар”[15] тарзида бўлган. Сўнгги нусхада сўкиш оҳанги юмшатилиб, “Сут кўр қилгур” қарғиши ифодани маданий томонга буради.
Кейинги тасвир-ифодаларда Гитлер номи қайта тилга олинмайди, у оддий бир матоҳ, “мундир” даражасига туширилади. Бундаги уч қисқа мисрада немис диктаторининг қуйма сатирик портрети яратилади:
Бир қўнғиз мўйловли,
Бароқ соч малъун,
Жигарранг бир мундир
Истаги учун.
Худди шу ерда сатр оралатиб уч карра “Наҳотки” билан бошланадиган мисралар эмоционал портлашни ҳосил қилади:
Наҳотки еримиз
Чаппа айланиб,
Наҳотки дарёлар
Оқар тескари,
Наҳотки одамлар
Кезар дарбадар?..
Сўроқ ва таажжуб-шубҳа маъносини англатувчи “Наҳотки”лар ортида ва зимнида бу нарсалар ҳеч қачон бўлмайди, деган қатъий ишонч ётади. Мазкур парчада уч таянч тушунча – Ер, дарёлар ва одамлар – мавжуд. Ер ҳеч қачон чаппа айланмайди, дарёлар тескари оқмайди. Демак, тагматнда хулоса қилади Шоир, одамлар ҳам дарбадар кезмайди. Борлиқдаги илоҳий интизомга қарши ким дахл қилса, уни бузмоқчи бўлса, қасос, “қонли интиқом” муқаррардир. Шу боис ҳам “Ахир, жуда яқин қонли интиқом” мисраларидан кейин шеърда учинчи марта портлаш эффекти содир бўлади. Бунга зинапояга бўлинган мисралар ҳам имкон яратади:
Алҳазар,
алҳазар,
Кўпирар
томирларда қон
Ва портлар ҳадемай
Бу ўтли вулқон.
“Фарҳанги забони тожики” луғатида “Алҳазар” нидо каломи бўлиб, хатардан ҳушёр бўл, огоҳ бўл маъноларини англатиши кўрсатилган. Бизнинг Изоҳли луғатда сўзнинг диний маъноси – “Худо сақласин” ҳам қайд этилган. Ушбу нидонинг зинапоя тарзда такрорланиши унга қўшимча куч бағишлайди.
Шундан сўнг поэтик формула қисмни якунлайди ва бир пайтнинг ўзида, олтинчи структур қисмни бошлаб беради. Қисм ҳажман каттагина бўлиб (35 мисра), фақат олдинги қисмдан қисқароқдир. Бунда асар сюжети тўртинчи қисм “воқеа”ларига қайтади, яъни “Азиз бошинг устида Телмурмакдаман”нинг бевосита давоми сифатида воқе бўлади:
Сен кулаётибсан,
Балки бу кулги
Сўнгги ойлар ичра
Биринчи чечак...
Ва бунда акс этар
Порлоқ келажак.
Яна Шоирнинг таржимаи ҳолига мурожаат қиламиз: “Бир куни болалар боғчасидаги етим болалардан 15 тасини бизнинг интернатга ўтказдилар. Мен бу гўдаклар билан бирга тунаб қолдим. Кечаси ухламай, кузатувчилик қилиб чиқдим. Шу кеча ўз етимлигим, бошимдан кечирганларим ва шу етим болалар аҳволи... тўғрисида шеър ёздим”[16]. Шеър яралиш жараёнида салкам йигирма йиллик хотиралар тикланади ва меҳр-шафқат инжа лирика билан уйғунлашган юқоридаги мисралар қоғозга тушади. Шундан сўнг тонг ҳақидаги зинапоя мисралар янграйди:
Тонг яқин,
тонг яқин,
оппоқ тонг яқин.
Мазкур уч мисра икки жабҳада ишлайди. Эсингизда бўлса, муаллиф шеърини “оталик ҳиссининг бебаҳо лазиз тўлқинлари ичра” тонг арафасида ёзмоқда эдики, бу энди ростакам тонгдир. Бошқа тарафдан “тонг” рамзий маъно касб этиб, келажакдаги муқаррар ғалабани башорат қилмоқда. Бу тонг субҳи козиб, ёлғончи тонг эмас, ҳақиқий тонг, яъни субҳи содиқ эди. Ҳам ҳаётда, ҳам рамзиётда. Шеър давом этади:
Бир нафас ором ол,
Ухла, жигарим.
Оқ ойдин
тонг олди,
Ухламоқдасен.
Лабларинг шивирлар,
Изламоқдалар...
Балки бир эркалаш,
Бир она бўса.
Шу ерда олтинчи структур қисмнинг биринчи бўлаги якунланиб, охирги хулоса бўлакка ўтилади. Бунда ғайриоддий бир ибора “Бир она бўса”га эътибор қаратгимиз келади. “Бўса” олдига “она” сўзини (“бир” билан бирга) сифатловчи-аниқловчи қилиб қўйиш она тилимизда янги бир ибора, кашфиёт тушунчани қонунийлаштиришдир, ҳойнаҳой. Онанинг бўсаси – она бўсадир.
Шеърнинг хулосавий бўлаги:
Улуғ оиланинг
гўдак фарзанди,
билиб қўй энди
зинапоя мисралари билан бошланади.
Сиртдан оддий кўринган бу уч мисранинг сири, бадиий сеҳри нимада? Икки мисра бошида турган “улуғ” ва “гўдак” сўзлари зиддий маъновий алоқага киришмоқда, улуғ – катта, гўдак – кичик. Лекин улар бир тану бир жондир. “Фарзанди” кейинги мисрадаги “энди” билан қофиядошлик муносабатига киришмоқда. Бунинг устига, ушбу мурожаатдаги юқорида тўкиб солинган меҳрга зид туюладиган кескин оҳанг – “билиб қўй энди” иборага ўзига хос жозиба бахш этади.
Шоирнинг мустабид Сталин тириклигида нашр этилган “Танланган асарлар”ида шеърда ушбу сатрлардан кейин доҳийни мадҳ этувчи етти мисрадан иборат парча келади. Мен бу ҳақда бошқа бир мақоламда ёзганим боис ҳозир махсус тўхталмайман. Лекин шу ўринда бир гапни айтмоқ жоиз. Ушбу мисралар нафақат сиёсий жиҳатдан, балки бадиий жиҳатдан ҳам ноўринки, кейинги нашрларда олиб ташланиши улуғ шеърнинг поэтик тўкислигини таъмин этган, дейиш мумкин. Зукко ва қув Шоир мазкур ноўрин мисраларни вақтинча қўшган бўлиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас. Шу ердаги
Домовой книга
Бош саҳифаси
Сталин номи-ла бошланур бизда,
Оила бошлиғи
ота Сталин
Бахтли манглайингга
Бўса қўндирмиш[17].
сатрлари, айниқса, охирги мисранинг беўхшовлигига эътибор беринг – “Бўса қўндирмиш”. Бу қўпол ибора қайда-ю, “бир она бўса” қаерда? Ушбу мисралар “Сен тезда улғайиб, Олам кезасан, Манглайда порлаган Толеинг – қуёш”даги “Толеинг” ўрнида “Бу бўса” (Сталин қўндирган бўса) ўрин олган эдики, бўса ҳам қуёш бўладими, деган ҳақли савол туғиларди. На бахтки, шеър бундай қусурлардан холи бўлади, балки ўзини ўзи тозалайди. Худди оқар сув каби. Бундан кейин келадиган олти мисра муаззам шеърнинг чинакам апофеозидир. Апофеоз – бирор воқеа ёи ҳодисанинг зўр тантана ва ҳашамат билан тугалланишини англатадики, ушбу мисралар айнан шундайдир:
Бутун ер юзини
Қилур мунаввар.
Ҳақорат емрилур,
Зулм янчилур,
Жаҳонда бўлурмиз
Озод, музаффар.
Шеър поэтик формуланинг ўзгача товланиши билан якунланади:
Сен етим эмассан,
Менинг жигарим!
6
Поэтика атамаси турлича таърифланади. Шулардан бири – бадиий асар қурилиши ва структураси қонуниятлари, уларнинг ялпи маъно мажмуи яралишидаги иштироки ва хизматини илмий-эмоционал тадқиқ этишдир. Гап шеърият ҳақида кетганда мисра, ундаги туроқлар, байт, банд, турли структур қисмлар орқали бадиий асарни ўрганиш ҳам поэтика вазифасига киради.
Ҳар бир бадиий асар, хусусан, асл шеърнинг ўз сир-синоати, ўз сирли эшиги бўлади. Уни очиш учун ёлғиз ўзига мос келадиган калитни топиш лозимдир. “Сен етим эмассан” шеъри учун шундай калит, назаримизда, унга нақорат бўлиб, бошлаб, якунлаб, барча туйғу ва фикрларни ўз меҳр қуршовида тутиб турган поэтик формула “Сен етим эмассан, Тинчлан (ухла, менинг) жигарим”дир. Ҳар бир янграши билан у асардаги сюжет бекатларини белгилайди, шу билан структура, шакл яратувчилик вазифасини бажаради. Янаям аниқроқ айтганда “Сен етим эмассан” сўзи ва номининг ўзиёқ асарнинг бутун борлиғини қисқа, лўнда ва ўктам тавсифлаб туради.
Яна Александр Блок ёзади: “Сўзга ҳурмати бор мусаҳҳиҳ ва ноширлар билиб қўйсинларки, сўз математикаси (бошқа барча санъатлар математикаси каби) мавжуд, айниқса, шеъриятда”[18] (таъкидлар Блокники – С.М.). Худди шундай сўз математикаси ортиқ даражада “Сен етим эмассан” шеъри учун ҳам хос. Изоҳли луғатда ёзилишича, математика “объектив борлиқдаги миқдорий нисбатлар ва фазовий шаклларни ўрганадиган, аниқ мантиқий мушоҳадаларга асосланган фан”дир.
Поэтик сўз чексиз товланишлар, турли-туман кўчимларга бойлиги билан бир қаторда аниқ шакл-шамойилга, миқдорий ҳисоб-китобларга эга. Биз юқорида структур қисмлардаги мисралар сонини бежиз қайд этмадик, зеро, миқдор ва сифат, уларнинг бадиий маънога таъсири, миқдорнинг сифат ўзгаришга олиб келиши исбот талаб қилмайдиган фанний ҳақиқатдир.
“Сен етим эмассан” шеъри ҳақида академик Салоҳиддин Мамажонов шундай ёзади: “Улуғ Ватан уруши даври совет поэзиясининг шоҳ асарларидан бири бўлиб қолган бу шеър олижаноб ва қаҳрамон совет кишиси ҳақида, янги инсон ҳақида тўқилган бир мадҳиядир, бир қўшиқдир. Бу шеър гўдакларнинг пешонасини ота бўлиб, она бўлиб силади, уларнинг юзидан томган айрилиқ ва алам томчиларини севинч қатраларига айлантирди, фронтда қон кечиб жанг қилаётган оталар, акалар қалбига таскин, далда берди, уларга орқа – пушт бўлди. Душманлар бошига эса бир оғир гурзи бўлиб тушди. Бу шеър қонли интиқом йиллари баҳодир бир жангчи каби она Ватан озодлиги учун қаҳрамонона курашди ва ғалабага ўз ҳиссасини қўша олди. Йиллар ўтар, улуғ жанг йиллари ҳеч кимнинг эсидан чиқмаганидек, бу шеър (барча ўринларда таъкид бизники – С.М.) ҳам сира-сира ёддан кўтарилмайди”[19].
Бу масалани биргина, тарихий томони. Бошқа, аччиқ ҳақиқат жиҳати ҳам бор. Минг афсуски, ҳаёт ва ўлим бор экан, етимлик абадий муаммо. Инсоният борки, етимлик мавжуд. Ушбу ғамғусор ҳолат шеърга мангулик бахш этади. Фарғоналик Ҳотам Қўшоқов “Ғафур ота” дея Шоирга шундай нома йўллайди:
Ҳали эсимдадир, ота шеърларинг,
Ёд этиб йиғини қойил қилганим...
Ҳали эсимдадир, отам кўз юмиб,
Юрагим эзилиб ёшлар оққани...
Эсимда, ўша чоғ Ғафурим келиб,
“Сен етим эмассан”, деб юпатгани[20].
Бу урушдан кейинги тинч замонлардаги гап. Ўз уйида, ўз юртида отасидан айрилган (ўлим ҳақ!) ўзбек йигити “Улуғ Ватан урушининг ота-онасиз қолган гўдакларига” қарата битилган меҳрга тўлиқ оташин сўзни ўқиб таскин топмоқда, юпанмоқда. Бу мазкур улуғ шеър кеча ҳам, бугун ҳам ишламоқда, келажакда ҳам ишлайди, ўз инсоний вазифасини адо этаверади, деган сўздир.
Муқаддас динимизда мазлумларга ҳамиша раҳм-шафқат қилинади. Етимлар – тақдир ҳукми билан ота-онасидан айрилган мазлумлардир. Қуръони каримда етимлар ҳақида қатор оятлар борки, шулардан бирида дейилади: “Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида олов еган бўлурлар ва, албатта, дўзахда куйгайлар” (“Нисо” сураси, 10-оят). Бу илоҳий каломнинг зимнидан келиб чиқадики, етимларга раҳм-шафқат, меҳр-мурувват кўрсатганлар энг улуғ ажр – жаннатга сазовор бўлгайлар. Боз устига, “Сен етим эмассан”дай шоҳона меҳрни оламга ёйган ҳам, ўқиб завқ олган, шеърдаги меҳрга ошно бўлиб, ўз ҳаётида амал қилганлар ҳам шундай ажрга муносибдирлар, иншооллоҳ!
Сувон МЕЛИ
Апрель, 2023 йил.
Oyina.uz учун махсус
[1] Ғафур Ғулом. Мукаммал асарлар тўплами. Ўн икки томлик. 1-том. Т.: Фан, 1983. 16-бет.
[2] Шу ерда. 21-бет.
[3] Кандинский В. О духовном в искусстве. М.: ООО “Издательство “Э”. с. 137.
[4] Блок А. Собр. Соч. В восьми т. Т. 5. М.-Л.: ГИХЛ, 1962. С. 515.
[5] Қаранг: Ғафур Ғулом. Танланган асарлар. Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2003. 42-бет.
[6] Шайхзода М. Асарлар. Олти томлик. 4-том. Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1972. 198-бет.
[7] Жан-Поль. Подготовительная школа эстетики. М.: Искусство, 1981. С. 278.
[8] Мамажонов С. Услуб жилолари (Ғ.Ғулом ҳақида). Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1972. 143-144-бетлар.
[9] Мақсуд Шайхзода. Шоир тили – халқнинг дили. – Ғафур Ғулом. Асарлар. Беш томлик. 1-том. Т.: “Тошкент” бадиий адабиёт нашриёти, 1964. 18-19-бетлар.
[10] Гулям Г., Айбек, Алимджан Х. Стихотворения и поэмы. Ленинград: Советский писатель, 1980. С. 84.
[11] Қаранг: Ғафур Ғулом. Мукаммал асарлар тўплами. Ўн икки томлик. 2-том. Т.: Фан, 1984. 332-бет.
[12] Маҳмудов Н., Худойберганова Д. Ўзбек тили ўхшатишларининг изоҳли луғати. М.: Маънавият, 2013. 146-бет.
[13] Абдулла Орипов. Танланган асарлар. Икки жилдлик. 1-жилд. Т.: Шарқ, 2021. 231-бет.
[14] Ёқубов Ҳ. Ғафур Ғулом. Ҳаёти ва ижоди. Т.: ЎзССР Давлат бадиий адабиёт нашриёти, 1959. 126-бет.
[15] Қаранг: Ғафур Ғулом. Мукаммал асарлар тўплами. Ўн икки томлик. 2-том. 333-бет.
[16] Ғафур Ғулом. Мукаммал асарлар тўплами. 1-том. 16-бет.
[17] Ғафур Ғулом. Танланган асарлар. Т.: Ўзбекистон ССР Давлат нашриёти, 1953. 99-бет.
[18] Блок А. Собр.соч. в восьми т. Т. 1. М.-Д.: ГИХЛ, 1960. с. 567.
[19] Мамажонов С. Услуб жилолари. (Ғ.Ғулом ҳақида). 66-67-бетлар.
[20] Ғафур Ғулом. Академик нашрга кирмаган асар ва мактублари. Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2018. 278-279-бетлар.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ