«Аёл режа тузади» китобига бир сўз билан модель ва диетолог Мей Маскнинг ҳаётий муваффақиятлар харитаси дея таъриф бериш мумкин. Жами ўнта бобдан иборат ушбу китобда муаллифнинг ҳаётий тажриба ва хулосаларини қамраб олади. Муаллиф яхши англаганки, ҳозирги замон китобхонлари ўта зукко уларга ҳақиқат ва фактлар қизиқарли. Мей хонимнинг шахсий ҳаётига назар солганлар унинг жамиятда ўз ўрнини топган фарзандларини кўради, бу эса китобнинг машҳурлик сирларидан бири эканини англаш мушкул эмас.
Мей Маск муваффақиятли она, уч нафар фарзандни етук инсон қилиб тарбиялай олиш билан бирга омадли карьерасини ҳам қура олган. Мейнинг ўғли Илон Маск дунё таниган тадбиркор, сулоланинг энг инновацион ва нуфузли вакили, дунёда уни танимаган, у ҳақида эшитмаган инсонни топиш мушкул. Мейнинг қизи Тоска Маск муваффақиятли кино продюсер, яна бир ўғли Кимбал Маск тадбиркор ва реставратор бўлиб, у бир нечта компаниялар асосчиси. Шунингдек, барқарор озиқ-овқат тизимлари ҳимоячиси ҳамда мактабларда соғлом овқатланиш тарғиботи фаолларидан.
Табиийки, она ва педагог сифатида шундай фарзандларни вояга етказган аёлнинг асари менда ҳам қизиқиш уйғотди. Ҳозирги кунда иш ва бола тарбияси билан машғул аёллар жуда кўп. Уларнинг барчаси олдида турган энг катта дилемма бу болалар тарбияси масаласидир. Хуллас, китобни излаб дўконларимиздан топдим, ўша куниёқ ўқишга киришдим. Китоб оддий тильда, қийин терминларсиз, тушунарли услубда ёзилган.
Бола тарбияси
Мен китобдан бола тарбияси бўйича мўъжизавий маслаҳатларни изладим, ҳар бир бобни ҳижжалаб ўқидим, аммо ТОПМАДИМ. Лекин энг муҳим нарсани англадим. Мей Маскнинг она сифатидаги муваффақият сири иш ва оилани мувозанатлаш қобилиятида, шунингдек, фарзандларининг барча қизиқишларини қўллаб-қувватлаганида экан. У фарзандларини маълум чеклов, қоидалар билан эмас ўз ҳаёти, курашувчанлиги ва иродаси орқали тарбиялаганлигини англадим. У фарзандлари кўз ўнгида жонли намуна, кучли инсон образини яратган аёл. Мей Маск болаларни ҳам ҳиссий, ҳам интеллектуал жиҳатдан қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлайди. Муаллифга кўра, она ўқиш ва ўсишни рағбатлантирадиган қўллаб-қувватловчи муҳитни таъминлаш орқали ўз фарзандларининг ҳаётига чуқур таъсир кўрсатиши мумкин. Муаллиф оналарга фарзандлари учун қандай мақсад қўйиш, тинимсиз меҳнат қилиш ва орзуларига эришиш йўлларини кўрсатиб, кучли намуна бўлишни таклиф қилади. Унингча, сиз фарзандингизга сингдириш умидида бўлган қадриятлар ва хулқ-атворни оғзаки айтибгина эмас, ўзингизда кўрсатиб намуна бўлишингиз муҳим.
Китобни ўқиб бошлар экан ўқувчида Мей хоним фарзандлари, айниқса Илон Маскни тарбиясида нималарга эътибор берган деган саволга жавоб излайди. Муаллиф шундай ёзади:
«Илон туғилганда мен 23 ёшда эдим, 1971 йилда оналик учун ўртача, нормал ёш. Дард уч кун давом этди. Мен оғриқсизлантирувчи воситаларсиз табиий туғруқни йўлини танладим. Илон дунёга келгач барча дардим унут бўлди. Мен ҳаётимда унданда азиз неъмат кўрмаган эдим. Боламга тикилиб чарчамасдим. 24 ёшимда эса Кимбал туғилди. Уни эмизишдан тўхтатган заҳотим қизим Тоскага ҳомиладорлигимни билдим.Турмуш қурган йилларим мен учун энг қийин даврлар эди».
Мей хоним фарзандлари ҳаётида эришган энг яхши муваффақиятлари эканлигини таъкидлар экан, турмушдаги танлови хато бўлганини ёзади.
«31 ёшимда мен ёлғиз она эдим. Худди ота онамдек тинимсиз ишлайдиган ота-она. Биргина фарқ мен ҳаммасини ёлғиз уддалашим лозим эди. Ҳалигача фарзандларим ҳаётимнинг энг муҳим қисми. Онам ҳам куни бўйи ишларди ва бунинг учун ҳеч қачон ўзини айбдор ҳис қилмаган. Мен ҳам худди шундай, чунки менда бошқа танлов ҳам йўқ эди. Бошпанамиз бўлиши, қорнимиз тўқлиги ва устимиз бутлиги учун ишладим. Фарзандларим офисимга айлантирган хонамда кўрарди мени. Булар учун айбдорлик ҳис қилиш керак эмас. Ишламай, ҳаётдан норози бўлсангиз бу болалар учун ҳам яхши эмас. Ишингизни режалаштиринг. Оддий мисол, қўшнингиз билан келишинг, болаларини сиз мактабга олиб боришингиз у эса қайтариб олиб келиши мумкин. Болаларим ёш вақти уйга келувчи беморлардан воз кечганман. Моделлик қилаётганимда эса энага ёллар эдим. Гоҳида мода намойишларим чоғида улар олд қаторда, китоблари билан ўтиришарди. Улар ёшлигидан менга ёрдам беришга одатланган. Қизим ишхонамга бориб шифокорлар учун хатларни ёзишга кўмаклашарди. Илон компьютер дастурлари вазифаларини тушунтирар, Кимбал ҳам ундан қолишмас эди. Мен Блумфонтейда яшаганимда қизим мен ишлайдиган модалар уйида ишлаб, ўқувчиларга ўзини туриш ва этикетдан дарс берар эди. Бу пайтда у атиги 8 ёш эди. Нима ҳам қилардим. Менга ёрдам керак эди.
Мен фарзандларимни худди ота-онам мени тарбиялагандек ўстирдим: мустақил, меҳрибон, ҳалол, эътиборли ва одобли бўлинг, астойдил меҳнат, яхшилик қилинг. Уларга гўдакдек қарамаганман, ҳеч қачон турткиламадим. Нима ўрганиш кераклигини уқтирмаганман. Улар менга нима ўқиётганликларини гоҳо айтар ёки айтмас эди. Уй вазифаларини текширмасдим, бу уларнинг масъулияти. Булар, албатта, уларнинг келажагига зарар етказмаган. Ўйлайманки, укаларим ва опа-сингилларим – ҳаммамиз масъулиятни эртароқ ўз зиммамизга олдик, бундан фойда кўрдик, фарзандларимда ҳам шундай бўлди.
Улар улғайган сари ўз келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишда давом этди».
Муаллиф фикрича оналик шахс ҳаётининг ўта муҳим қисми, лекин ягона қисми эмас. Оналар ҳам ўз қизиқишлари билан шуғулланиши ҳамда бир вақтнинг ўзида болаларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслиги мумкин. Оналар шахсий ривожланиши, фарзандларига намуна бўлиши учун билим олиш ва ўсишдан тўхтамаслиги керак. Фарзанд ҳаётига чуқур таъсир кўрсатишнинг энг яхши йўли эса уларни қўллаб-қувватлаш ва қабул қилишдир. Китобинг шу қисмларини ўқир эканман ўзбек жамиятидаги аксарият консерватив оилаларда болалар фикри кўп ҳолларда эшитилмаслиги, эътиборсиз қолиши миллат фарзандлари орасида қанчадан қанча олимлар етишишига тўсқинлик қилиши ҳақида ўйлаб қолдим. Дарҳақиқат, болаларни руҳлантира олиш ўта муҳим масала. Китоб орзулари ижобати, шунингдек, муваффақиятли фарзандларни тарбиялашни истайдиган аёллар учун илҳом манбаидир.
Ижобий фикрлаш кучи
Китобнинг бошидан охиригача мустаҳкам ижобий фикр кучидан иборат пишиқ ишонч занжирини сезиш мумкин. Ўқиш жараёнида Мей хонимнинг изтиробларини ёнидан туриб кузатгандек бўлдим. Энг асосийси муаллиф барча қийинчиликлардан енгилмай фақат олдингга ҳаракат қилади. Унинг фикрича, ижобий ўйлаш муваффақиятга эришиш ва ҳаёт паст баландликларини енгиш учун муҳим аҳамиятга эга.
Китоб давомида Мей Маск тўсиқларни енгиб ўтиш ва мақсадларига эришиш учун ижобий фикрлашдан қандай фойдалангани ҳақида гапириб беради. Мисол учун, у қийин вазиятларда ўзига ишончни мустаҳкамлашда ижобий усуллардан қандай фойдаланганини муҳокама қилади. Ижобий фикрлаш қанчалик қийин бўлмасин, ҳар қандай вазиятнинг яхши томонларига эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидлайди. Муаллиф ҳаёт зарбаларига қарамай юмор ҳиссини сақлаб қолган ва кўплаб ҳаётидаги ҳолатларни ўқувчига енгил сарказм билан етказиб беришидан ҳам англаш мумкин. Асарда ҳар қандай ёшда ҳам инсоннинг қобилиятлари, ақл-заковати фидойилик ва меҳнатсеварлик орқали ривожланиши таъкидланади. Муаллиф ҳатто етмиш ёшида ҳам узлуксиз ўрганиш ва ўсиш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашади, ўқувчиларни ҳам шундай қилишга ундайди. Мей хонимнинг ўқувчи кўз олдида намунали мисол тариқасида гавдаланиши эса унинг маслаҳатларига ишончни янада оширади.
Гўзаллик, соғлик ва тўғри овқатланиш
Касби диетолог бўлган Мей Маск китобда соғлиқ учун бир қанча керакли маслаҳатлар беради. Жумладан, умумий саломатлик ва фаровонлик учун овқатланишнинг аҳамиятини муҳокама қилади.
«Ажримдан кейин фарзандларимга бир ўзим ғамхўрлик қилишим керак эди. Қўшимча даромад сифатида моделликни давом эттиришим, бунинг учун туғруқлардан кейинги ортиқча вазндан халос бўлишим лозим эди. Тўғри овқатланиш ҳақида билганларимга таяниб, фақат очлик ҳис қилган вақтим ва фойдали таомлар: сабзавотлар, сут, ловия шўрва, балиқ кабиларни тановул қила бошладим. Шахсий ҳаётим ҳам омадсиз эди. Мен учратган инсон семизлигим учун вазн йўқотишимни истади. Унга ёқиш учун оздим ҳам. Аммо у хиёнат қилди, буни билгач турмуш қуриш таклифига рад жавобини бердим. Ҳар сафар унга узугини қайтармоқчи бўлганимда суитсид ҳақида гапирарди. Стресс сабаб қисқа вақтда жуда семириб кетдим.
Кунлардан бир кун дугоналаримдан бири мени қутқарди. У менга жуда оддий маслаҳат: кунига ярим соат ҳаётимдаги бахтли онларни эслаш ва бу кейинги қадамим учун замин яратишини айтди. Мен авваллари ҳеч қачон медитация қилиб кўрмаган эдим. Ярим соат ўтиргач ҳам миям бўм-бўш. Бахтли кунларимни ўйлашга ҳаракат қилардим, аммо ҳеч нарса эслолмасдим! Кейинчалик ҳаёлимга мактаб, университет пайтлари келди. Африканс тилида ўқиган даврим эса стрессга қарамай бахтли онларим эди. Шундан кейин Блумфонтейнга (Африка) парҳезшунослик бўйича амалиётга боришга қарор қилдим. Мен ҳамма нарсани ташлаб Дурбандаги севимли уйимдан узоққа, ёш болаларим билан африканс тилида сўзлашувчи аҳолидан иборат кичик шаҳарга йўл олдим…”, дея хотирлайди муаллиф.
У ўз тажрибаси билан ўртоқлашиб, соғлом овқатланиш бўйича амалий маслаҳатлар беради. Хонимнинг 75 ёшида ҳам фаол ҳаёт тарзида экани унинг маслаҳатларига алоҳида тўхталишга ундади. У қайта ишланган овқатлар, шакарли ичимликлар ва ортиқча миқдордаги спиртли ичимликлардан воз кечишни тавсия қилади. Терини парвариш қилишда Мей Маск ҳар куни тозалаш, намлаш ва қуёш кремини қўллашни ўз ичига олган ўзининг терини парваришлаш тартиби билан ўртоқлашади. Муаллиф ўқувчиларни йога, югуриш ёки оғир атлетика бўладими, ўзларига ёқадиган машқларни топишга ундайди. У фаоллик муҳимлигини таъкидлаб кунига камида 30 дақиқа машқ қилишни тавсия қилади. Мей Маск инсон ўз руҳий саломатлигига ғамхўрлик қилиши керак бўлганда яқинлардан ёрдам сўраш муҳимлигини таъкидлайди. Шунингдек, стрессни камайтириш, руҳий фаровонликни яхшилаш учун медитация ва онгни ривожлантириш амалиётларини тавсия қилади.
Мода соҳасида ҳам кўп тажрибага эга Мей Маск ўзининг мода ва услуб бўйича маслаҳатларини ҳам аямайди. Жумладан, кийим танлашда мослаштириш мумкин бўлган юқори сифатли матоларга эътибор бериш, кийимга жило ва ўзига хослик бағишлаш учун аксессуарлардан фойдаланиш кабиларни айтиб ўтади.
Ташқи гўзалликми ёки ички гўзаллик?
Қабр тошимга «У гўзал эди» деб ёзилганидан кўра «у хушчақчақ эди» деб ёзишларини афзал кўрар эдим!
Жанубий Африкада ўсган Мей Маск Америкага келгач гўзаллик ҳақида шундай ёзади: «Нимага Америкада ҳамма гўзаллик ҳақида гапиришини ҳеч қачон тушунмаганман. Жанубий Африкада, агар сиз ақлли, ҳазил туйғусига эга, қизиқарли бўлсангиз кўпроқ қадрланасиз. Мукаммал кўринишга эга бўлмасангиз, ташқи гўзалликка берилиб кетиш ишончсизликни келтириб чиқариши мумкин. Бу сизни бахтсиз қилиши ва бошқа кўплаб қирраларингиз ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин».
Китобда муаллифнинг қуйидаги маслаҳатлари эса эътиборга молик:
Бошқаларга меҳрибон бўлинг, уларни тингланг ва кўтаринки руҳда бўлинг.
Ўзингизнинг бахтсиз ҳаётингиз ҳақида гапираверманг.
Бошқаларга ишонч, ҳурмат, қизиқиш кўрсатинг ва табассумни унутманг, чунки у сизни мафтункор қилади.
Ҳар бир инсон бошқалар билан бўлишишга қодир истеъдодга эга. Агар ҳозир сиз ўзингизни истеъдодсизман дея ҳис қилсангиз ўтмишга, ҳаётингизни ўзингизга кучли ишонч сезган нуқтасига хаёлан қайтинг. Айнан ўша жиҳатларингизни ривожлантиринг, ўқинг, билимларингизни бошқалар билан бўлишинг, қизиқарли инсонга айланинг! Агар сизнинг севимли касб, машғулот ёки алоҳида қизиқишингиз бўлса бу ҳақда суҳбатларда эслатиб ўтинг. Қизиқишларингиздан завқлансангиз, бошқалар учун қизиқарли инсонга айланасиз.
Сиз ҳамма соҳада яхши бўлишингиз шарт эмас, лекин қайсидир бирида яхши бўлишингиз керак. Одамлар мендан таом рецептлари ҳақида сўрашганда, мен уларга ёрдам беролмайман, чунки мен яхши ошпаз эмасман. Мен бундан уялмайман, бу шунчаки менинг истеъдодим ёки қизиқишим эмас. Ҳаммани ҳайратда қолдириш учун янги таом тайёрлаб тажриба қилмайман, беҳуда уринмайман. Ўзингиз чин дилдан ёқтирган соҳани танлаганингизга ишонч ҳосил қилинг.
Бундан ташқари, ҳазилга мойил бўлинг, атрофдаги ҳамманинг гапини ўзингизга олманг. Мени учрашувга чақирган инсонга рад жавобини берсам, унинг сендан ёшроғини топаман деган гапига шунчаки кулиб қўяман. У кимни топиши қизиқмас, менга ёқмаган одамга йўқ дейман ва буни ўйлаб хавотирланмайман. Биз келажакка интилишимиз ва ички бахтни топишимиз лозим. Юмор билан гаплашинг, ўз хатоларингиздан кулинг, қувноқликни йўқотманг. Агар бошингиздан қийин кунлар ўтаётган бўлса, муаммолар ҳақида гапирмаслик мушкул, бироқ руҳингизни туширманг!
Муаллиф ташқи кўринишдаги муваффақият учун кўп маблағ топиш шарт деган қарашни инкор этади. У бу масалага тўхталар экан, шундай ёзади:
«Ҳозир энг сўнгги модада кийинсамда, ҳаётимнинг кўп қисми ҳозиргидек эмасди. Болалигимда онам ўзи ва биз фарзандларини ҳамма кийим-кечагини ўзи тикарди. Ўсмирлик чоғимда тикувчиликни ўргангандим, ўзим учун либос тика оламан, турли кўйлаклар ҳаттоки костюм ҳам. Мода журналларидагилардек кийинишни истасам онам жўнатган бичимларга қараб ўзимга либос тикиб олар эдим. Ишда эса асосан костюм кийиб ўзимга ишонч билан юрардим. Мен ҳар доим ўзимга эътибор берганман. Афсуски, менинг дидим яхши эмасди. Буни ўзим сезмаслигим эса омадим эди. Илмий иш билан машғул бўлиб, инсонлар соғлигини яхшилаш бўйича бош қотирар эдим. Олим дўстларимга қараганда замонавийроқ эдим. Улар кийинишинг ажойиб дейишар, бу эса мени ўзимга бўлган ишончимни оширарди.
Кейинчалик дугонам стилист Жулияни учратганимда у менга яхшироқ кийинишни маслаҳат берди. Аввало, кўп костюм ўрнига битта бўлсада сифатли ва ўзимга ярашадиганини олишни маслаҳат берди. У менга стилист ёрдамини таклиф этганда унга тўлашга пулим йўқ эди. Шунда биз парҳезшунос сифатида консультациямни унинг стилист маслаҳатига алмашишга келишдик. Унинг овқатланиш одатларини ўзгартирдим, буни ўзи ҳам кўп таъкидлайди. У берган маслаҳатларим эса мени ҳам ҳаётимни ўзгартирди.
Агар сиз дид билан кийинишни истасангизу аммо бу масалада мен каби қийналсангиз ўзингизга диди баланд дўстлар топа қолинг.Улардан бирга дўкон айланиш, кундалик либослар, махсус кунлар учун кийимлар танлашда ёрдам беришни илтимос қилинг. Шунингдек, улар сизга сирғалар, маржонлар, сумкалар, пойабзал каби аксессуарларни танлашлари керак. Улар кўринишингиз мукаммал бўлишида ёрдам беради. Стилингизни ўзгартиринг, ўзингизга мосини топа олинг.
Ҳаётимнинг катта қисмида мен бой бўлмаганман. Сиз ҳам мендек ўзингиз учун либослар тикишингиз мумкин. Одамлар ҳар доим яхши кўриниш учун кўп пул керак деб ўйлашади, аммо кўп йиллар давомида молиявий жиҳатдан қийналган одам сифатида айта оламанки, режалаб сармоя қилиш орқали барчасига эришиш мумкин».
Молиявий саводхонлик, таълим
Мей Маск молиявий муваффақиятга эришиш учун таълимга сармоя киритишнинг аҳамиятига алоҳида эътибор берган: Қуйида унинг бу борадаги баъзи маслаҳатлари:
Олий маълумотга интилинг. Мей Маск олий таълим билан боғлиқ ўз тажрибаси ва бу карьерасида қандай ёрдам бергани билан ўртоқлашиш орқали аёлларни олий маълумот олишга ундайди.
Инвестиция ҳақида билим олинг. Муаллиф аёлларни инвестиция қилиш, жумладан, акциялар, облигациялар, инвестиция фондлари ва бошқа инвестиция имкониятлари ҳақида ўрганишга ундайди. У кўпроқ маълумот олиш учун сармоя киритиш ҳақида китоблар, мақолаларни ўқишни ҳамда семинарларда қатнашишни таклиф қилади.
Ўзингизга инвестиция қилинг. Мей Маск аёлларга ўз қизиқишларини ўрганиш, ўзига сармоя киритишни бойлик ва молиявий мустақилликни ошириш йўли деб ҳисоблашни таклиф қилиб, ўз билимларини ошириш муҳимлигини таъкидлайди. Бу орқали аёллар молиявий ҳаётларини назорат қилиши ва молиявий мақсадларига эришиш учун ҳаракат қилишлари мумкин.
Мусибат, мақсад, ўзига ишонч
Муаллиф қийинчиликларни, жумладан, ажрим, касаллик ва молиявий тўсиқларни енгиш бўйича тажрибаси билан ўртоқлашади. У ҳар қандай ҳолатда ўзига ишониш муҳимлигини таъкидлайди. Ўқувчиларни ўзларининг кучли томонларига эътибор беришга, ўз олдига эришиш мумкин бўлган мақсадларни қўйишга ва муваффақиятларини нишонлашга ундайди. Мақсад билан яшаш ва ҳаёт мазмунини топиш муҳимлигини таъкидлар экан, маслаҳатлари орқали аёлларни ўз қадриятлари, эътиқодларини аниқлашга, мақсадларини англаш ва дунёга ижобий таъсир кўрсатишлари мумкинлигига ишонтиради.
Хулоса ўрнида
Кўп ҳолларда ажримдан сўнг ёлғиз оналар муаммолар гирдобида қолади, айниқса бизникидек анъанавий, консерватик жамиятларда. Муаллиф ҳам оғир турмушидан ажралгач кўплаб аёллар каби қийинчиликларга учраган. Аммо мени эътиборимни тортган нарса бошқа, унинг жамиятда ўз ўрнини топа олгани бўлди. Мей хоним катта тўсиқларга учраган, бироқ улар кундалик молиявий, маиший ҳолатлар эди. Китобда жамият томонидан ажримга учраган аёлга нисбатан босим ҳақида фикрлар кузатилмайди.
Бу ўринда эътиборлиси, уч фарзанд билан деярли ҳеч нарсасиз қолган муаллифнинг ушбу натижаларга эришиши ва жамият учун керакли фарзандлар тарбиялашида унга нисбатан соғлом қарашнинг ҳам аҳамияти бор. Баъзан ёлғиз оналарга паст назар, эгри кўзда қараш каби жамиятдаги нотўғри фикрлар ҳам фарзанд тарбияси, ҳам рўзғор ғами билан машғул оналарни синдириб қўйиш мумкин. Аёл ҳаётий муаммоларга қўшимча тарзда руҳий босимни ҳам бошдан кечиради, натижада фарзанд тарбиясига имкони қолмайди. Бундай жамиятда нафақат аёл, балки фарзандлар келажаги ҳам йўқотилади. Мей Маскнинг «Аёл режа тузади» китоби чиндан ҳам руҳлантирувчи, кўплаб аёллар учун ўрнак бўлувчи асар. Китобда яққол сезилиб турган муаллифга хос ички куч беихтиёр ўқувчига ҳам кўчиб, китобхонга умид бағишлайди.
Афсуски, дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган, дунё китобхонлари, айниқса оналар томонидан севиб ўқилаётган мазкур китоб ҳали ўзбек тилига таржима қилинмади. Мен ҳам асарни дастлаб рус тилида, кейинчалик аслияти – инглиз тилида ўқидим. Ноширларимиз китоб билан қизиқса, ўзбек тилига таржима қилдириб чоп этса, китоб кучли аёл, кучли она истагида бўлган жинсдошларимиз жавонидан жой оладиган севимли асарга айланар эди.
Лайло ИСМАИЛОВА.
Oyina.uz
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ